Шаръий жиҳатдан игнабитик (татировка) қўйиш мумкинми? Қўлида ёки баданида нинабелгиси бор одамнинг (имомнинг) орқасида намоз ўқиса бўладими? Намозга кароҳияти йўқми? Бу хилдаги саволларга қуйидагича жавоб бериш мумкин.
Аввало, баданга нинабелги қўйиш шариатимиз китобларида «вашм» атамаси билан аталишини билиб, у ҳақидаги ҳадиси шарифларни кўриб чиқсак.
Чунки, бошқа мазҳабларга ўхшаб бизнинг мазҳабимизда ҳам иттифоқан баданга нинабелги қўйиш аёлларга ҳам, эркакларга ҳам, макруҳи таҳримий (ҳаром) бўлади.
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг иттифоқлари билан ривоят қилинган ҳадиси шарифни Ибн Умар (р.а.)дан нақл қилинган бўлиб, унда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар:
لعن الله الواصلة والمستوصلة والواشمة والمستوشمة
«Аллоҳ таоло соч уловчи, улашга интилувчини ва баданига игнабитик қўювчи ва қўйишга интилувчини лаънатласин!».
Яна Имом Бухорий ҳазратлари Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) игнабитик қўйишдан қайтарганлар.
Яна Имом Абу Довуд ва Насоий каби муҳаддислар Абу Райҳона (р.а.)дан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўнта нарсадан қайтарганлар. Қайтарилган ўша ўнта нарса ичида «вашм» яъни, нинабитик ҳам бор.
Имом Бухорий ва Имом Муслим кабилар иттифоқ қилиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифни тўлиқ келтирмоқчимиз:
وعن عبد الله بن مسعود قال لعن الله الواشمة والمستوشمات والمتنمصات والمتفلجات للحسن المغيرات خلق الله فجاءته امرأة فقالت انه بلغنى انك لعنت كيت وكيت فقال ما لى لا العن من لعن رسول الله صلى الله عليه ولم ومن هو فى كتاب الله فقالت لقد قرأت ما بين اللوحين فما وجدت فيه ما تقول قال لئن كنت قرأتيه لقد وجدتيه امّا قرأت ما اتيكم الرسول فخذوه وما نهيكم عنه فانتهوا قالت بلى قال فانه قد نهى عنه
«Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) дедилар: «Аллоҳ таоло баданларига игнабитик қўювчи аёллар ва қўйишга қизиқувчиларни ҳамда киприк ва қошларини юлувчи аёлларни, чиройли бўлиш учун тишларини ингичка қилувчи аёлларни лаънатласин. Улар Аллоҳ яратган баданларини ўзгартурувчилардир». Бу гапни эшитиб, бир хотин Ибн Масъуд (р.а.)нинг олдига келди ва «Эшитишимча, сиз шундай-шундай деб аёлларни лаънатлабсиз» деди. Ибн Масъуд (р.а.): «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳамда Аллоҳнинг китобида лаънат айтилган кимсаларни лаънатладим!» дедилар. Ўша хотин: «Икки лавҳа орасидаги китобни (яъни, Қуръони каримни) қироат қилдим, лекин унда сиз айтган нарсани топмадим. Бунга нима дейсиз?» деди. Ибн Масъуд (р.а.) дедилар: «Агар Қуръонни ўқиб чиққанингда, унда топар эдинг. «Пайғамбар (а.с.) келтирган нарсани олинглар, қайтарган нарсадан эса қайтинглар!» маъносидаги оятини ўқимадингми?». «Ҳа, ўқидим» деди ўша хотин. «Демак, шундай экан, Аллоҳ ҳам ундан қайтаргандир» дедилар Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу».
Игнабитиклар ҳақида ҳам мазҳабимизнинг фиқҳий асарларида фатволар бор. Игнабитик қўлга ёки баданнинг бошқа жойига игна санчиб, сиёҳ ёки сурма ва шунга ўхшаш нарсалар билан бўялган бўлади, кейин у кўкимтир ёки қора рангли бўлиб қолади. У игна етказган жароҳатдан оққан қон билан аралашиб қотганлиги учун нажас ҳисобланади. Фиқҳий асарларимизда келтирилишича, уни ювилгандан сўнг у пок бўлиб қолади. Чунки,кетказиш машаққатли нарсаларни имкониятга қараб ювиш билан пок ҳисобланади. Зеро, нинабелгини кетказиш фақат терини шилиш билан ёки баданга оғир жароҳат етказиш билан бўлади. Бундай қилиш эса шаръан дуруст эмас. Шунинг учун мўътабар фиқҳий асарларда «Агар иссиқ сув ва совун билан кетказиш мумкин бўлмаса, кетказишга уринмаслик авлодир» дейилган. «Қунйа» китобида айтилишича, қўлида нинабелгиси бор одам терисини шилиши лозим келмайди. «Хизонат ул-фатово»да айтилишига қараганда, игнабитиги бор одамнинг имоматчилиги макруҳ эмас:
ثمّ قال فى يده تصاوير ويؤمّ الناس لا تكره امامته
«Сўнгра муаллиф деган: Қўлида тасвирлари бор кимса одамларга имомлик қилса, имоматчилиги макруҳ эмас».
Бу ҳақда «Фатовойи Хайриййа»да ҳам шунга ўхшаш фатво келтирилган:
وفى الفتاوى الخيرية من كتاب الصلوة سئل فى رجل على يده وشم هل تصحّ صلوته وامامته معه ام لا فاجاب نعم تصحّ صلوته وامامته بلا شبهة
«Фатовойи Хайриййа»да намоз китобида келтирилган: Қўлида нинабитиги бор одам ҳақида сўралган. Унинг намози ва имоматчилиги нинабелги билан дурустми ёки йўқми? Бас, жавобида дейилади: «Ҳа, намози ва имоматчилиги бешубҳа дурустдир». (Охирги икки иқтибос «Радд ул-муҳтор»дан олинди. Қаранг: Ибн Обидин. «Радд ул-муҳтор», 1-жузъ, Истанбул, “Омира” матбааси, 1307 ҳ. 305-бет.).
Чунки, гарчи нинабитик қўйиш қўйилаётган вақтда макруҳи таҳримий, яъни гуноҳ бўлса ҳам, ундан тавба қилинса, иложи борича кетказишга уринса, тавба қилганлиги учун унда гуноҳ қолмайди. Терини шилиб ёки баданга жароҳат етказиб нинабитикни кетказиш лозим эмаслигини юқорида айтиб ўтдик. Демак, нинабитиги бор одам намозга имом бўлса, намозига таъсири йўқ, орқадаги одамларнинг намозига асло путур етмайди.
Валлоҳу аълам бис-савоб!
Ҳамидуллоҳ Беруний