От гўшти ҳақида


САВОЛ: Мен ҳозирда яшаб-ўқиб турган давлатда турк биродарларимиз билан муносабатларим бор. Улар от гўштини ҳаром деб эътиқод қилишади. Ваҳоланки, мен ўқиган «Ибодати Исломия» китобида: «Отни ейиш мумкин, лекин қурбонликка сўйиб бўлмайди», дейилган. Тўғри ҳукм қайсиниси?

 ЖАВОБ: От гўшти ва сути ҳақида кишиларимиз ичида савол кўп бўлиши эътиборидан бу масалани алоҳида зикр қилиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Аввал бу борада келган айрим ҳадисларни ўрганайлик. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни хонаки эшакларнинг гўштидан наҳий қилдилар ва йилқининг гўштига изн бердилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Хонаки эшакларнинг гўшти ҳаром экани.

2. Йилқининг гўшти ҳалол экани.

 

Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида от сўйдик ва уни едик».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Ушбу ва яна шунга ўхшаш баъзи ривоятларга асосланиб, жумҳур уламолар отнинг ҳалоллиги ҳақида иттифоқ қилишган.

Аммо, имом Абу Ҳанийфа ва имом Молик раҳматуллоҳи алайҳимолар от гўштини «макруҳ» деганлар. Улар ўзларининг бу фатволарига «Наҳл» сурасидаги:

 

«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур», оятини далил қиладилар. (7-оят).

Уларнинг фикрларича, ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳайвонлар ейиш учун эмас, миниш ва зийнат учундир. 

Шунингдек, мазкур имомларимиз баъзи бир ҳадиси шарифларда ҳам отнинг гўштини тановул қилишга изн берилмаганлигини эслатиб ўтадилар.

 

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам от, хачир ва хонаки эшакларнинг гўштини емоқдан қайтардилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Миқдом ибн Адий розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънода ривоят келган.

Жумҳур уламолар, жумладан, имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг бош шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар ҳам: «От гўшти ҳеч кароҳатсиз ҳалолдир», деганлар.

От гўштининг ҳалоллиги ҳақида қаттиқ турган уламоларимиз, мазкур гўштни емаслик ҳақида келган ҳадислар вақтинчалик, жиҳод учун от минишга ҳожат кучайганда айтилган гаплар бўлиб, кейинчалик насх қилинган, дейдилар.

Энг қизиғи, амалга келганда ҳанафийлар жумҳурнинг, жумладан, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг фатволарига амал қилганлар. 

Шофеъийлар эса, имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг фатволарига амал қилганлар. Бу, шариатимиздаги ҳурфикрлилик ва кенгчиликнинг бир намунасидир. Шу билан бирга отни қурбонлик учун сўйиб бўлмайди. Чунки, қурбонлик учун фақат мол, қўтос, туя, қўй ва эчки хоҳ эркаги, хоҳ урғочисини сўйиш мумкин, холос. Валлоҳу аълам.

 

 

 


11 ой аввал 3259 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сўйилган ҳайвонни қайноқ сувга солиш
Одатда ҳаммамиз товуқни сўйганимиздан кейин унинг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солишга ўрганганмиз. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан кейин патлари юлиниши учун давоми...
3 йил аввал 3119 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пломба
САВОЛ: Ҳазрат, «Захоирул ашрафия» номли китобда «тиш таҳоратда ички аъзога, ғуслда эса ташқи аъзога ўтади», деб ёзилган экан. Шу китобда, тишга пломба қўйиш мумкин эмас, деб қаттиқ таъкидланган экан. Илтимос, давоми...
11 ой аввал 1933 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳайз пайтида жинсий яқинлик
САВОЛ: Уйланганман, турмуш ўртоғим сафарга чиқиб, бир неча кундан кейин келди. Қайтиб келган куни тунда яқинликни таклиф қилган эдим, ҳайз кўрганлигини айтиб рад қилди. Мен ҳам бунга рози бўлиб ухлаб қолдим. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараши
САВОЛ: Халқда эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараб бўлмай, бошқаларни ҳам унга кўзи тушмаслиги керак, шу ҳолда ҳовлига чиқса юзини ёпиб чиқиши даркор, деган гаплар бор. Аслида қандай? ЖАВОБ: жунуб кишига давоми...
11 ой аввал 3576 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сажда оятини эшитиб кетиш
Савол: Автобусда кетаётганда Қуръон ўқиб кетаман. Кўп ҳолларда эса телефон наушниги орқали эшитиб кетаман. Шунда сажда оятлари чиқади. Уни ўқиганда сажда қилишим лозимми? Бир неча марта ўқисам ёки эшитсамчи? Агар давоми...
3 йил аввал 1746 Ҳамидуллоҳ Беруний