Мазҳаблар ҳақида


Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) муборак ҳаётларининг оҳирига келиб, Қуръони Карим оятлари тушуши оҳирига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксарияти ҳукмларга тегишли эди. Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида тадбиқ қилиш вазифаси турар эди. Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаърий масалаларини сўрай бошлашди.

Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит ва Оиша онамизни (р.а.) мисол қилиб келтирадилар.
Шунингдек пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўз вакилларини, ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш юбора бошладилар.
Жумладн, Яманга Муоз ибн Жабални (р.а.) юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида пайғамбар (с.а.в.) у кишини тўхтатиб, " У ерда сенга бар масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан? " деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) " Аллоҳнинг китоби ила ", деб жавоб бердилар. Расули Акрам (с.а.в.): " Аллоҳнинг китобидан топа олмасангчи? " деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) " Аллоҳнинг пайғамбари суннати ила ", деб жавоб бердилар. Пайғамбар (с.а.в.): " Аллоҳнинг пайғамбари суннатидан ҳам топа олмасангчи? " деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал (р.а.) қараб турмосдан, " фикрим ила ижтиҳод қиламан ", дедилар. Пайғамбар (с.а.в.) бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: "Аллоҳ расулининг вакилини, Аллоҳни ва расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин ", дедилар.
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда.
Биринчи ҳижри асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган ҳалқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади. Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди. Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: " Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манови иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг ", деди. Имом Молик рози бўлдилар ва "Муватто" китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида "Муватто" китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: "Жуда яхши қилибсан, агар ҳохласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман", деди. Имом Молик: "Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарвалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди", дедилар.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуоси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, Имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.
Биринчиси: Қуръони Карим, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатлари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга муржаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён ҳам қилади.
Учинчиси: Ижмоъ-бир давирнинг иждиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишлариди. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўпдаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умарнинг (р.а.) таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Қуръонни жамлаошг амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлари, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.
Тўртинчи: Қиёс. Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.
Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар.
Фақиҳларимиз суянадиган яна баъзи манбалар ҳам бор. Улар тўртта мазкур асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган холда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари биланфиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган. Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар фиқҳий мазҳаб соҳиблари, деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва улранинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:
1. Ҳанафий мазҳаби - Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
2. Шофеъий мазҳаби - Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.
3. Моликий мазҳаби - Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида торқалган.
4. Ҳанбалий мазҳаби - Арабистон ярим оролида тарқалган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳабларнинг келажаги ижтимоий-тарихий таҳлил
Мен дин олими эмасман, бинобарин, Исломдаги мазҳаблар ҳақида аввало, ижтимоий-тарихий таҳлил нуқтаи назаридан гапираман. Агар қаердадир хатога йўл қўйсам, уламолар хатоимни тўғрилаб қўйишади, деган умиддаман. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қаробат аҳли мазҳаби
Қаробат аҳли мазҳаби:Учинчи мазҳаб қаробат аҳли мазҳаби бўлиб, улар завил арҳомларнинг меросида асабалар меросига қиёсан қариндошлик даражасига сўнгра қаробат қувватига эътибор қилишади. Меросхўрлардан давоми...
9 йил аввал 5066 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳаббошилар тавсифи шеър
 Мазҳаббошилар тавсифиАсли динда булар эди комил, Фаръида нез тўрт эди омил.Бирлари Собит ўғлидур Нўъмон,Илму фазлу камоли бепоён.Шуҳрат ила Имоми Аъзамдур,Қанча аъзам дейилса ҳам давоми...
9 йил аввал 5741 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафий мазҳабидаги китоблар мартабалари
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади. Мазкур даражадаги китобларни давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафийлик фиқҳининг қисмлари ва ёрдамчи соҳалари
“Фиқҳ” сўзи луғатда “фаҳм қилмоқ”, “фаҳмлаш”, “англамоқ” ва “тушунмоқ” каби маъноларда бўлиб, у оддий “фаҳмлаш” эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, мукаммал ва муфассал давоми...
9 йил аввал 5823 Ҳамидуллоҳ Беруний