Қурбонликка оид масалалар


Масала: Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди (41).

Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади (129).
Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади(130).
Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади (36).
Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир(131).
Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади(37).
Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (46).
Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди (47).
Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир()57.
Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас(58).
Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди (62).
Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади (62).
Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади (63).
Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун уларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда(78).
Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади(82).
Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди(91).
Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади(96).
Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади(133).
Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади(133).
Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди(133).
Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди(98).
Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади(99).
Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир(99).
Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади(100).
Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир(102).
Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди(105).
Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади(107).
Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.
Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки (612) 595 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.

ҚУРБОНЛИКНИНГ НИЯТИ

Масала: Бой одам қурбонлик қилишликка жонивор сотиб олиб, бошқаларни унга шерик қилиши мумкин. Агар сотиб олувчи фақир бўлиб, сотиб олаётган вақтда бошқалар шерик бўлса, шерик қиламан деб ният қилса, бошқаларни шерик қилса бўлади. Агар сотиб олиш вақтида бошқаларни шерик қилишни ният қилмаган бўлса, шерик қилиши жоиз эмас(96).
Масала: Қурбонлик қилувчи қурбонликни дилида ният қилиши кифоя қилади. Тилида қурбонлик қилишни ният қилдим деб айтиши шарт эмас(125).

СЎЙИШ ВАҚТИДА БИСМИЛЛАҲНИ АЙТИШ

Масала: Бисмиллаҳ Аллоҳу акбар деб сўйишни ўрнига Аллоҳу акбарни ўзини айтиб сўйса, жонивор ҳалол бўлади. Лекин суннатга хилоф иш тутганлиги учун макруҳ бўлади (31 бет).
Масала: Сўяётган пайтда бисмиллаҳни ўзини айтиб, Аллоҳу акбарни айтмаса, гўшт ҳалол бўлади. Лекин иккисини қўшиб айтиш суннатга мувофиқдир. Эсдан чиқариб бисмиллаҳни айтмаса, жонлиқ ҳалол бўлаверади. Лекин қасддан айтмаса, ҳалол бўлмайди (42).
Масала: Бисмиллаҳ билан сўйиш ўртасига бошқа ишни қўшмаслик зарур. Аксарият кишилар қурбонликларини ўзлари сўймоқчи бўладилар. Лекин моҳир бўлмаганликлари учун қоссоб, уларни қўлидан ушлаб пичоқни тортишга ёрдам беради. Шунда пичоқни ушлаган икки кишига ҳам бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни алоҳида-алоҳида айтишлари вожиб бўлади. Пичоқ тортувчилардан бирортаси бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни айтмаса, жонивор ҳалол бўлмайди. Лекин, жониворни оёқ-қўлини ушлаб турувчиларга сўювчи билан бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни айтиш шарт эмас(72).
Масала: Мушрик қурбонликда шерик бўлса, жонворнинг гўшти ҳалол бўлмайди ва қурбонлиги ҳам адо бўлмайди(83).
Масала: Қассоб мусулмон ёки аҳли китоб бўлишлари ва улар жониворни қурбонлик қилаётган пайтда Аллоҳ таолони зикр қилиб, бошқа бирортасини номини Аллоҳ номига қўшмаслиги керак. Мусулмон киши ҳам Аллоҳ таолонинг номи билан биргаликда пир ёки шу кабиларни номини тилга олмаслиги керак (84).
Масала: Ҳозирги вақтда ёритгичлар етарли даражада ёритганлиги учун ўзини қурбонлиги билан бошқа бировнинг қурбонлигини адаштириб қўйишлик шубҳаси йўқ. Шунинг учун кечасида сўйишлик кароҳиятсиз жоиздир. Кечасида сўйишликни макруҳ деган уламолар ўз ҳайвонини бошқа бировнинг ҳайвонига аралаштириб қўйиши эҳтимоли бўлганлиги туфайли макруҳ деганлар(85).
Масала: Қурбонлик кунларида қассоблар шошилганларидан тезроқ калласини узуб терисини шилишга ҳаракат қиладилар. Жониворни барча аъзосидан жони буткул узулмасдан, совумасдан терисини шилиш макруҳдир(90).
Масала: Шиа мазҳабидаги кишининг сўйган жонивори ҳалол бўлмай қолади. Чунки улар ўн иккита имом, Қуръоннинг таҳрифи, имомларнинг пайғамбарлардек маъсумлиги, тақия, мутъа, уч саҳобадан ташқари барча саҳобаларни муртад ва кофир деб эътиқод қиладилар. Шу эътиқодлари туфайли уларнинг жонлиқлари ҳалол бўлмайди(97).

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИНАДИГАН ЖОНИВОРЛАР

Масала: Агар фақир ва мискин кишилар кўп бўлса, кўп гўшт қиладиган жониворни қурбонлик қилиш афзалдир. Агар заруратманд кишилар оз бўлса, қиммат ва гўшти ширинини сўйиши афзалдир (30 бет).
Масала: Битта семиз жониворни сўйиш икки озғин ҳайвонни сўйишдан афзалдир. Агар мол ёки туяни еттидан бир қисмининг гўшти битта қўйнинг гўштини қийматидан ёки гўштидан озроқ бўлса, еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилиш афзалдир. Агар иккиси ҳам баробар бўлса, бир бутун қўйни қурбонлик қилиш афзалдир(30 бет).
Масала: Урғочи жониворни қурбонлик қилиш жоиз, эркагини қурбонлик қилиш эса афзалдир. Бировни омонатга қўйган маблағига жонлиқ олиб қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Аввал ижозат олиб, кейин сотиб олса, жоиз бўлади (32 бет).
Масала: Қурбонликка деб сотиб олинган қўйни юнгини олиш жоиз эмас. Агар юнгини олиб қўйса, юнгини қийматича садақа қилиши вожиб бўлади. Қари сигир ва солиқ қўйларни қурбонлик қилиш жоиз (39).
Масала: Гангир қўйни гангирбошлиги ўт-ўланни ейишдан ман қилмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади (39).
Масала: Мол тўлиқ икки ёшга тўлмаган бўлса ёки икки ёшга тўлишига икки кун қолган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди (45).
Масала: Насияга олинган жониворни қурбонлик қилиш жоиз бўлади (54).
Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворни олдин сотиб олиб боқиб туриши афзал. Токи, унга муҳаббат қилиб қолади ва яхши кўрган нарсасини қурбонлик қилишда савоб кўпроқ бўлади (58).
Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворларни ёши мол ва қўтосларда тўлиқ икки ёш, туя беш ёш, қўй ва эчки бир ёшдир. Агар булардан бир кун ҳам кам бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Лекин, бир ёшга кирмаган қўйнинг жуссаси бир ёш қўй жуссасичалик бўлса, яъни олти ойлик қўзи бир ёшлик қўй жуссасичалик гавдаси бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Лекин, олти ойга тўлмаган қўзини жуссаси бир ёшлик қўй каби бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди (61).
Масала: Бир ёшга кирган қўйнинг жуссаси кичик бўлса-ю, лекин бир ёшга тўлганлиги аниқ бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Агар хонаки хайвон ваҳши ҳайвондан ҳомиладор бўлиб, бола туғса, туғилган бола қурбонлик ёшига киргандан кейин қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Чунки, жониворларда эътибор онага бўлади, отага эмас. Агар ваҳший ҳайвон хонаки ҳайвондан ҳомиладор бўлса, ундан туғилган болани қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Бир қавлда эса, қўй кийикдан ҳомиладор бўлса, туғилган болага қаралади. Агар бола қўй бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Агар бола кийик бўлса, уни қурбонлик қииш жоиз бўлмайди(63).
Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворларни териси куйиб қолса ва у гўшгача етиб борган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Агар жароҳат гўштга таъсир қилмаган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади(65).
Масала: Ҳомиладор ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз. Лекин, туғишга яқин қолган жониворларни сўйиш макруҳдир. Агар ҳомиладор жониворни қурбонлик қилгандан кейин боласи тирик чиқса, уни сўйгандан кейин ейишлик ҳалол бўлади. Агар сўйишидан олдин ўлиб қолса, гўшти ҳаром бўлади. Агар ҳомиладор ҳайвонни қурбонлик қилгандан кейин бола тирик чиқса ва сўйилмай яшаб кетса, уни садақа қилиш вожиб бўлади. Агар уни боқиб катта бўлганда қурбонлик қилса, зиммасига вожиб бўлган қурбонлик адо бўлмайди ва гўштини ҳаммасини садақа қилиб юборади(67).
Масала: Қўтир тушган ҳайвон семиз бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қўтир гўштга таъсир қилиб, ҳайвон озиб кетган бўлса, у ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди(68).
Масала: Бичилган қўй, хўкизларни қурбонлик қилиш ҳеч қандай кароҳиятсиз жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бичилган жониворни қурбонлик қилганлар. Чунки, бичилган қўйнинг гўшти ширин бўлади ва у тез эт олади(69).
Хунаса жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас(70).
Масала: Тамға босилган жониворни қурбонлик қилиш жоиз(73).
Масала: Қўй бир ёшга, мол икки ёшга ва туя беш ёшга тўлган бўлса-ю, лекин баъзи бир чиқиши керак бўлган тишлари чиқмаган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Чунки, муддат тўлиқ бўлиши шарт, тишларни тўлиқ чиққан бўлиши эса шарт эмас(73).
Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворларни сути соғилмайди. Агар соғиб қўйилса, сутини ёки унинг қийматини садақа қилиб юбориш лозим(77).
Масала: Қўй билан қўшиб олинган арқонни садақа қилиб юбориш мустаҳабдир (87).
Масала: Ит, чўчка каби гўшти ҳалол бўлмаган жониворларни эмиб катта бўлган, ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз(92).
Масала: Туғма шохсиз жониворни қурбонлиги дуруст бўлади. Шунингдек, шохи синган бўлсада. Лекин, шох таг-туби билан синган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди(92).
Масала: Нисоб эгаси бўлган киши қурбонлик қилиш мақсадида ҳайвон сотиб олса, сўнг қурбонликка ярамайдиган айб билан айбланиб қолса, зиммасига айбсиз бошқа қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Агар фақир киши қурбонлик ниятида жонивор сотиб олса-ю, лекин қурбонликка ярамайдиган бўлиб, айбдор бўлиб қолса, бошқа сотиб олиши жоиз эмас(104).
Масала: Бой, фақир иккиси ҳам қурбонлик қилишни назр қилиб, ҳайвон сотиб олсалар, кегин у ҳайвон қурбонликка ярамайдиган айб билан айбланса, иккисини зиммасига бошқасини сотиб олиши жоиз бўлади. Қурбонликка яроқли жонивор сотиб олиб, сўйиш вақтида қурбонликка ярамайдиган бўлиб қолса, масалан йиқитаётиб оёғи синиб қолса, кўзи кўр бўлиб қолса, бошқа олиши жоиз эмас(105).
Масала: Ҳайвонларни ёшини тўлиши қамарий ҳисоб эътиборидан бўлади. Масалан рамазондан рамазонгача. Қамарий йил шамсий йилдан ўн бир ёки ўн икки кунга фарқ қилади(106).
Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворлар уч қисмга бўлинади:
1. Туя (эркак, урғочиси);
2. Мол, қўтос (эркак, урғочиси);
3. Қўй, эчки (эркак, урғочиси).
Булардан ташқари жониворларни, жумладан от, ғули, кийик, товуқ, хўроз кабилар қурбонлик қилиш бидъатдир(126).

Савол : Товуқ , ғулиларни қурбонлик қилиш жоизми?
Жавоб: қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан тайин қилиб берилган. Улар  туя, қорамол, қўй, эчки. Ундан бошқаларни қурбонлик қилиш макруҳи таҳримийдир. Зиммасига қурбонлик вожиб бўлганлар ғули ё товуқ  қурбонлик қилсалар қурбонлиги адо бўлмайди. Аллома Аскафий  роҳматуллоҳи алайҳ : Қурбонликнинг рукни( фарзи) қурбонлиги жоиз бўлган ҳайвонларни қурбонлик қилишдир. Товуқ , хўрозларни қурбонлик қилиш таҳримий макруҳдир. Чунки бу ўзини мажусийларга ўхшатишдир. ( Баззозия) . Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган :” Жумага эрта келгучининг мисоли бадана қурбонлик қилган кишининг мисолидир. Сўнг келгани қорамол, сўнг келгани қўй эчки , сўнг келган товуқ, сўнг келгани тухум “ дейилган ҳадисдан мурод савобнинг миқдорини баён қилиш бўлиб ,  товуқ ва тухумларни ҳам қурбонлиги жоиз бўлади дегани эмас. (Ҳидоя ҳошияси) .


ҚУРБОНЛИККА ЯРОҚЛИ БЎЛМАГАН ЖОНИВОРЛАР

Масала: Бир кўзи кўр ёки кўришлик даражасини учдан иккиси кетган жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас (26 бет). 

لَا بِالْعَمْيَاءِ وَالْعَوْرَاءِ وَالْعَجْفَاءِ الْمَهْزُولَةِ الَّتِي لَا مُخَّ فِي عِظَامِهَا وَالْعَرْجَاءِ الَّتِي لَا تَمْشِي إلَى الْمَنْسَكِ أَيْ الْمَذْبَحِ ، وَالْمَرِيضَةِ الْبَيِّنِ مَرَضُهَا وَمَقْطُوعِ أَكْثَرِ الْأُذُنِ أَوْ الذَّنَبِ أَوْ الْعَيْنِ أَيْ الَّتِي ذَهَبَ أَكْثَرُ نُورُ عَيْنِهَا فَأُطْلِقَ الْقَطْعُ عَلَى الذَّهَابِ وَالصَّحِيحُ أَنَّهُ الثُّلُثُ ، وَمَا دُونَهُ قَلِيلٌ ، وَمَا زَادَ عَلَيْهِ كَثِيرٌ وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى

Масала: Қиймати тайин қилинмай, мулкида бўлмаган жониворни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Ҳозирги кунда жуда кўпчилик сўйиб, гўшини тортамиз неча кило чиқса, шунга қараб пул бераман, деб қурбонлик қиладилар. Бундай қурбонлик жоиз эмас. Чунки, у ҳали ўзини милкига кирмаган бўлади. Агар қурбонлик қилишдан аввал ўша жонивор вафот этиб қолса, нархи неча пуллиги ва зарар кимга эканлиги номаълум бўлиб қолади. Чунки, харидор мен ҳали сотиб олганим йўқ деса, сотувчи сиз учун шуни тайин қилиб қўйган эдик дейди.
Масала: Жониворни хушидан кетказиб кейин сўйиш жоиз эмас (46).
Масала: Қўй ва эчкиларни битта елинидан сут чиқиб, битта елинидан сут чиқмаса, шунингдек молларни тўртта елинини иккитасидан сут чиқмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз эмас (54).
Масала: Мол ва туянинг бир елинидан сут келмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қурбонликка ҳайвон сотиб олиб, кейин уни ўғирланган ҳайвон эканлиги маълум бўлса, агар уни ўғирлаган кишидан сотиб олган бўлса, қилган қурбонлиги жоиз бўлмайди ва зиммасига бошқа ҳайвонни қурбонлик қилиш лозим бўлади. Молни ҳақиқий эгаси томонидан ҳам қурбонлик ўтмайди. Сўйиб бўлганидан кейин ҳайвоннинг эгаси ижозат берса, гўштини ейиши мумкин. Ижозат бермаса, гўштини ейиш ҳалол бўлмайди(71).
Масала: Тиши тўкилиб кетган жониворларни қурбонлик қилиш жоиз эмас. Шунингдек, аксарият тиши тўкилиб ози қолган ҳайвонни ҳам. Агар озроқ тишлари тушиб кўпроғи қолган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қариганлиги туфайли тишлари тўкилиб кетган бўлса-ю, бемалол ем ҳашак еяверадиган бўлса, ундай жониворларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади(73).
Масала: Думла ҳайвон туғма думсиз бўлиб туғилса ёки думини учдан бири ёки кўпроғи кесилган бўлса, ундай ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз эмас(74).
Масала: Тили кесилган ҳайвон ўт-ўланни ейишда қийналмаса, уни қурбонлик қилиш жоиз. Агар қийналадаиган бўлса, жоиз эмас (Фатвоҳи ҳиндия.( 89).
Масала: Қурбонликка жонивор сотиб олиб, сўнг уни сотиб ўрнига бошқа олса, фойдасини садақа қилиб юборади(113).

ҚУРБОНЛИК ГЎШТИ

Масала: Кўпчилик шерик бўлиб қурбонлик қилинганда, хусусан ака-укалар биргаликда қурбонлик қилганларида гўштини чамалаб тақсим қилишлик жоиз эмас. Балки, судхўрлик бўлади. Шунинг учун аниқ килолаб тортиб, кейин ҳадия қилмоқчи бўлса, ҳадия қилаверади (32).
Масала: Бир неча киши гўштни тақсим қилишларидан олдин барча шерикларининг ихтиёри билан кимларгадир гўштни садақа қилишни ихтиёр қилишлари жоиз. Қолганини эса, ўз ҳиссаларига кўра тақсим қилиб олаверадилар. Лекин, шериклардан бирортаси назр қилган бўлса, гўштини нисоб эгаси бўлган кишиларга ҳадия қилишлиги жоиз эмас(50).
Масала: Ҳалол ҳайвонларнинг етти аъзосини ейиш жоиз бўлмайди. Улар:
1. Оқувчи қон;
2. Эркак ва урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
3. Эркак ҳайвоннинг тухими;
4. Сийдик ҳолта;
5. Орқа жинсий аъзоси;
6. Ғудда (безлар);
7. Ўт пуфак.
Масала: “Канзуд дақоиқ” ва “Мароқил фалоҳ” китобларида ҳаром мағиз, яъни умуртқа суяк ичидаги оқ сут каби суюқликни истеъмол қилиш жоиз эмас, дейилган(66).
Масала: Кўпчилик кишилар қурбонлик қилганларидан кейин ортган гўштини сотиб юборадилар. Бундай қилиш жоиз эмас. Қурбонлик гўштини сотиб юборган бўлсалар, фақир мискинларга уни пулини садақа қилишлари вожиб бўлади(71).
Масала: Қассобнинг хизмат ҳақини сўйилган қурбонлик гўштидан бериш жоиз эмас(80).
Масала:  Баъзи бир кишилар гўшти арзон тушар экан деб, қурбонлик қилувчиларга шерик бўлиб оладилар. Агар шерикларидан бирортасини нияти гўштни арзонга тушиши бўлса, барча шерикларнинг қурбонлиги дуруст бўлмайди(82).
Масала: Қассобнинг хизмат ҳаққини гўшт, тери ёки калла-поча билан адо қилиш жоиз эмас. Агар шундай қилган бўлса, уларни қийматича садақа қилиш вожиб бўлади. Лекин, қассобнинг ҳаққини алоҳида адо қилиб, қўшимчасига уларни унга бериб юборса зарари йўқ. Леикн, эвазига хизмат ҳақини камайтирмаслиги лозим(132).
Масала: Қассоблик каспи дуруст бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида ҳам қассоблар бўлган. Саҳобаларнинг баъзилари қассоблик касби билан шуғилланганлар(132).

ҚУРБОНЛИКНИНГ ТЕРИСИ

Савол: қурбонлик қилувчилар етти ёки ундан кам бўлиб , улардан бири қурбонликнинг қазосини ният қилса шерикларининг қурбонлиги дуруст бўладими?
Жавоб: Шерикларнинг қурбонлиги дуруст бўлиб қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб қолади. Қурбонликнинг қазоси адо бўлмайди. Эвазига ўртача бир қўйни қийматини садақа қилиш зарур бўлади.
Савол : Туя ёки мол сўяётган киши бир ҳиссасини ақиқадан деб ният қилса дуруст бўладими?
Жавоб: етти ҳиссадан бир ҳиссасини ақиқадан деб ният қилишда ҳеч бир зарар йўқ.

Қурбонликнинг териси
Савол: қурбонликнинг терисини сотиш жоизми?
Жавоб: Қурбонликнинг териси унинг гўшти каби пулга сотилмайди. Агар сотса қийматини фақирларга садақа қилиши вожиб бўлади. Лекин пулдан бошқа уйда истеъмол қилинадиган нарса эвазига (идиш товоқ каби ейилмайдиган доимий истеъмол қилинадиган) алмаштирилса жоиз.
Савол: Бир киши қурбонликдан бир икки ҳафта олдин қурбонликка ҳайвон сотиб олса, ёки уйида боқаётган ҳайвонни қурбонликка ният қилса унинг сутидан юнгидан фойдаланиши жоизми?
Жавоб: Фатавойи Ҳиндия китобида: ” Бир киши қурбонликка қўй сотиб олса(ёки мол) унинг сутидан ёки юнгидан фойдаланиши макруҳи таҳримийдир. Чунки у қурбонликни қурбат учун тайин қилди. Қурбонлик кунидан олдин сўйиб олса гўштидан фойдаланиш жоиз бўлмаганидек қурбонликдан олдин сути ва юнгидан фойдаланиш жоиз эмас. Баъзи машоихлар фойдаланиш жоиз эмаслигига назр қилинган қурбонлик ва камбағалнинг қурбонликка атаб сотиб олган жонлиғида жоиз эмас.» деганлар»,  дейилган . Агар сути соғилган юнги олинган бўлса уларни фақирларга садақа қилиб юборилади.
Савол: Бир киши отаси тарафидан қурбонлик қилиб ўзига кераклигини олиб қолиб қолганини сотиб юборса бўладими?
Жавоб: қурбонликни терисини ва гўштини бойга ҳам камбағалга ҳам ҳадя қилиши ёки садақа қилиши жоиз . Агар қурбонликнинг териси ё гўшти пул эвазига сотиб юборган бўлса уни закот олишга ҳақлиларга тарқатади, ўзи ишлатиши жоиз эмас. Роддул мухтор китобида агар қурбонлик гўшти ё терисини мустаҳлак (буғдой , асал каби ейиладиган нарсаларга )ёки пул эвазига сотилса уни садақа қилиш вожиб дейилган. 
Савол: Қурбонликнинг териси сотилгач унинг қиймати қандай садақа ҳисобланади.?
Унинг қийматини масжид мадрасаларнинг таъмирига ишлатиш жоизми? Териларни масжидга келтириб берилса мутавалли ёки имом уни сотиб пулини масжидга ишлатиши жоизми?
Жавоб: Қурбонлик териси сотилгач шариат юзасидан  фақир мискинларга садақа қилиниши вожибга айланади. Ҳидоя китобида “Тери ёки гўштни тилло ,кумуш ёки турмайдиган мол(ун, ёғ каби) нарса эвазига сотилса уни садақа қилиш вожиб бўлади. Чунки қурбат эвазга кўчди. “ дейилган. Ушбу иборадан қурбонлик териси сотилгач унинг қиймати закот каби садақа қилиши вожиб бўлади. Шундай экан уни закотга ҳақдор бўлган ўринларга сарф қилинади. Закотни фақир мискинга мулк қилиб бериш шарт бўлгани каби терининг қийматини ҳам фақир мискинга мулк қилиб бериш шарт. Масжид таъмирига ишлатиладиган ўринда мулк қилиб бериш топилмайди. Мабодо терининг нархини  ҳақдор бўлган фақир кишига мулк қилиб берилсаю ва у ўз ихтиёри билан масжидга ҳадя қилса жоиз.
Савол: Агар терини имом ёки мутаваллига бериб улар уни масжидга ишлатса бўладими?
Жавоб: Агар терини масжидга ишлатиш учун имом ёки мутаваллига берилса улар сотиб пулини масжидга ишлатсалар ҳам жоиз бўлмайди. Чунки бу ерда фарз бўлган мулк қилиб бериш деган нарса топилмаяпти. Мулк қилиб беришнинг маъноси бирор шахсга ҳоҳлаганидек тасарруф қила оладиган  шахсий мулк қилиб бериш. Юқоридаги суратда эса бу нарса топилмаяпти. Балки терини пулини масжидга ишлатиш учун имом ёки мутаваллини вакил қилинаяпти. Вакилликнинг шарти эса вакил қилгучи ўзи тасарруф қилишга эга бўлган шахс бўлиши керак, вакил қилгучининг ўзи масжидга сарфлашга ҳаққи йўқ бўлганидан кейин унинг вакилини ҳам бунга ҳаққи йўқ. Хулоса шуки тери масжидга етиб келмасдан аввал сотилса ҳам , масчжидга етиб келиб сотилса ҳам уни масжидга ишлатиш жоиз бўлмайди.
 
Савол:- Баъзилар фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деган ниятда, арафа куни ёки қурбонлик куни, ийд намозидан олдин жонлиқларни сўядилар. Шу қурбонлик ҳисобланадими?
Жавоб:- Шаҳарда яшайдиганлар учун, қурбонлик кунларининг биринчи кунида, ийд намозини ўқишларидан олдин қурбонликларини сўйишлари жоиз эмас.

[لَا يَجُوزُ لِأَهْلِ الْأَمْصَارِ الذَّبْحُ حَتَّى يُصَلِّي الْإِمَامُ صَلَاةَ الْعِيدِ] لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ «إنَّ أَوَّلَ نُسُكِنَا فِي يَوْمِنَا هَذَا، الصَّلَاةُ، ثُمَّ الذَّبْحُ»، وَقَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «مَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلَاةِ، فَلْيُعِدْ ذَبِيحَتَهُ، وَمَنْ ذَبَحَ بَعْدَ الصَّلَاةِ، فَقَدْ تَمَّ نُسُكُهُ، وَأَصَابَ سُنَّةَ الْمُسْلِمِينَ». وَإِنْ أَخَّرَ الْإِمَامُ الصَّلَاةَ، فَلَيْسَ لَهُ أَنْ يَذْبَحَ، حَتَّى يَنْتَصِفَ النَّهَارُ، وَكَذَا إذَا تَرَكَ الصَّلَاةَ مُتَعَمِّدًا

«Шаҳар аҳли учун ийд намозидан олдин қурбонлик жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугунги биринчи ибодатимиз, намоз кейин қурбонликдир», деганлар. Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намоздан олдин сўйса, қурбонлигини қайта қилсин. Ким намоздан кейин сўйган бўлса, ибодати тугал бўлипти, мусулмонар суннатини топибди», деганлар. Агар имом намозни кечиктирса ҳам то кун яримламагунча қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. 

Савол:- Қурбонлик нима?
Жавоб:-

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، أَنَّهُمْ قَالُوا لِرَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- : مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ :« سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ»، قَالُوا : مَا لَنَا فِيهَا مِنَ الأَجْرِ؟ قَالَ :« بِكُلِّ قَطْرَةٍ حَسَنَةٌ ».


Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бу қурбонлик нима?», дейишди. У зот: «Атангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», дедилар. Улар: «Бизга бунда ажр бўладими?», дейишди. «Ҳар бир қатраси учун ажр бор», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ قُلْنَا : يَا رَسُولَ اللَّهِ، مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ :« سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ»، قَالَ قُلْنَا: فَمَا لَنَا فِيهَا؟ قَالَ :« بِكُلِّ شَعَرَةٍ حَسَنَةٌ»، قَالَ قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ، فَالصُّوفُ، قَالَ :« بِكُلِّ شَعَرَةٍ مِنَ الصُّوفِ حَسَنَةٌ».


Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули. Бу қурбонлик нима?», дедик. У зот: «Атангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», дедилар. Биз: «Бизга бунда нима бўлади?», дедик. «Ҳар бир туки учун ажр бор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, юнг-чи?», дедик. «Юнгидаги хар бир туки учун ажр бор», дедилар.

Савол: Бой бир одам ўзи учун қурбонлик қилиш нияти билан сотиб олган қорамолга бошқани шерик қилиши жоизми?
Жавоб: Сотиб олаётган вақтда “шериклар чиқса қўшиб оламан” деган ниятда сотиб олса, бўлади.

Савол: агар 14 киши иккита қорамолга шерик бўлиб қурбонлик қилишса, лекин “мана бу қорамол бу етти кишидан, мана буниси бу етти кишидан” деб тайин қилишмаса қуобонлик жоиз бўладими?
Жавоб: Қиёсан жоиз эмас, лекин истеҳсон йўлига кўра жоиздир.
Агар етти киши етти қўй сотиб олиб, қайси қўй кимдан эканлиги тайин қилинмай сўйса, қиёсан бирортаси тарафидан қурбонлик жоиз бўлмайди. Чунки етти одамнинг етти қўйнинг ҳар бирида бир хиссадан ҳаққи бор. Истеҳсон йўлига кўра улар тарафдан қурбонлик ўрнига ўтади. Шунингдек икки киши иккита қўй сотиб олиб қайси бири кимданлигини тайин қилмай қурбонлик қилсалар ҳам.

Савол: Қурбонликда шериклардан нималар талаб қилинади?
Жавоб: 1.Ҳар бирининг хиссаси еттидан бирдан кам бўлмаслиги шарт.
2.Шерикларнинг ҳаммаси мусулмон бўлишлиги, ҳаммаси Аллоҳга муқарраб бўлишни ният қилиш. Шунга биноан шериклардан бири мусулмон бўлмаса ёки Аллоҳга муқарраб бўлишни ният қилмай гўштни ният қилса ёки бирортасининг хиссаси еттидан биридан кам бўлса, ҳеч бирлари томонидан қурбонлик бўлмайди. Лекин қурбонликни барчаси бир хил бўлиши шарт эмас. Кимдир вожиб қурбонликни, кимдир ақиқани, кимдир марҳум(вафот этган одам номидан) тарафидан қурбонликни ният қилса жоиз.

Савол: Валима (уйланиш зиёфати) нияти билан бир қорамол ёки бир туяга шерикчилик қилиш жоизми?
Жавоб: бўлади.

Савол: Қазо қурбонлиги ниятида бир қорамол ёки бир туяга шерикчилик жоизми?
Жавоб: Шерикларнинг қурбонликлари ҳам жоиз, ўтган йили қурбонлик қилолмаган кишининг бу йилдаги шерик бўлиб қилган қурбонлиги нафл бўлиб қолади. Ўтган йилги қурбонликдан ўтмайди, балки зиммасига бир қўйнинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади. Барчалари ҳам гўштини садақа қилишлари вожиб бўлади. (Роддул-мухтор)

«لَوْ كَانَ أَحَدُهُمْ مُرِيدًا لِلْأُضْحِيَّةِ عَنْ عَامِهِ وَأَصْحَابُهُ عَنْ الْمَاضِي، تَجُوزُ الْأُضْحِيَّةَ عَنْهُ، وَنِيَّةُ أَصْحَابِهِ بَاطِلَةٌ، وَصَارُوا مُتَطَوِّعِينَ، وَعَلَيْهِمْ التَّصَدُّقُ بِلَحْمِهَا، وَعَلَى الْوَاحِدِ أَيْضًا، لِأَنَّ نَصِيبَهُ شَائِعٌ كَمَا فِي الْخَانِيَّةِ».



Савол: Қайси ҳайвонни қурбонлик қилиш афзалроқ?
Жавоб: Қурбонликда қорамолдан бир хисса олгандан кўра, бутун бир қўй ёки эчкини сўйишлик афзалроқдир.

Савол: Қорамол қурбонлик қилаётган киши “буни еттидан бири ақиқадан қолгани қурбонликдан” деса бўладими?
Жавоб: Бўлади.

Савол: Бир киши жонлиқ сотиб олиб қурбонлик қилмаса ёки қурбонлик қилгунича вақти чиқиб кетса нима қилади?
Жавоб: Жонлиқни сотиб олган суратида уни тирик ҳолда садақа қилиб юборади. Зиммасига қурбонлик вожиб бўла туриб, қурбонлик қилмаган бўлса бир қўй ёки эчкининг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади.

Савол: Ўлган одам тарафидан қурбонлик қилса қандай амалга оширади?
Жавоб: Ўлган одам тарафидан ва ўлган одам учун қурбонлик қилишнинг бир неча сурати бор.
1-Маййит, “Менинг тарафимдан, менинг молимдан қурбонлик қилинглар” деб васият қилган бўлса ва унинг васиятига мувофиқ унинг молидан қилинган бўлса, жоиз. Лекин ўша жонлиқнинг гўштини барчаси закот олишга ҳақдорларга садақа қилиш вожиб бўлади. марҳумнинг яқинлари ўша гўштдан ейиши жоиз эмас.
2-Марҳум ортидан қурбонлик қилишни васият қилган бўлса ёки васият қилмаган бўлса ва фарзандлари ўз молларидан нафл қурбонлик қилишган бўлса дуруст бўлади. Унинг гўштини бой камбағал ва ўзлари ҳам ейишлари мумкин.
3-Бир киши ўзининг молидан ва ўз тарафидан нафл қурбонлик қилиб, унинг савобини бир ёки бир неча маййитга бағишлаши жоиз. Гўштидан эса бой ҳам камбағал ҳам еса бўлади.
 
Савол: Маййит тарафидан қурбонлик қилиш афзалми ёки унинг қийматини садақа қилиш афзалми?
Жавоб: Қурбонлик кунларида қийматни садақа қилгандан кўра, қурбонлик қилиб савобини бағишлаш афзалдир. Қурбонлик сотиб олиб уни қонини тўкишликдан ҳосил бўлган савоб қийматини садақа қилиш билан ҳосил бўлмайди.

Савол: Ортиқча уйи бор одамнинг зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Ўзи яшаб турган уйдан ташқари уйининг қиймати нисобга етса, зиммасига қурбонлик, фитр садақаси вожиб бўлади. Гарчи у уйни ижарага берган бўлса ҳам бермаган бўлса ҳам.

Савол: Аёл киши нисобга эга эмас, лекин эри унга келгусида нисобга етарли маҳрни беришини ваъда қилган. Ҳозирда у аёлнинг қўлида маҳр йўқ. Аёл маҳрга ҳақдор сабабидан бой ҳисобланадими, зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Аёл киши эрнинг зиммасидаги маҳр билан бой саналмайди ва қурбонлик қилиши вожиб бўлмайди. (Муҳийт Бурҳоний)

«فَأَمَّا الْمُؤَجِّلُ الَّذِي يُسَمَّى كَابِتَنْ، فَالْمَرْأَةُ لَا تُعْتَبَرُ مُوسِرَةً بِذَلِكَ بِالْإِجْمَاعِ»



Савол: Нисоб эгаси бўлмаган киши уйида боқилаётган қўйини қурбонлик қиламан деб ният қилди. Қурбонлик кунлари келишидан аввал эҳтиёж юзасидан қўйни сотишга тўғри келиб қолса, қўйни сота оладими?
Жавоб: Қўй эгаси бой бўлса ҳам, фақир бўлса ҳам уни қурбонлик қиламан деб ният қилган бўлса, қурбонлик қилиши шарт эмас. Агар алмаштирмоқчи ёки сотиб ўрнига яхшиламоқчи бўлса ёки пулини ишлатмоқчи бўлса бу ҳам жоиз. (Роддул-мухтор).

«فَلَوْ كَانَتْ فِي مِلْكِهِ، فَنَوَى أَنْ يُضَحِّيَ بِهَا، أَوْ اشْتَرَاهَا وَلَمْ يَنْوِ الْأُضْحِيَّةَ وَقْتَ الشِّرَاءِ، ثُمَّ نَوَى بَعْدَ ذَلِكَ، لَا يَجِبُ».


Шунингдек жонворни сотиб олаётган вақтда ҳам қурбонликни ният қилмаса, сотиб олганидан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, зиммасига қурбонлик қилиш лозим бўлмайди. Лекин нисоб эгаси бўлмаган киши зиммасига қурбонлик вожиб бўлмасидан туриб, қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш зиммасига вожиб бўлади. (Роддул-мухтор).

«لِأَنَّ شِرَاءَهُ لَهَا، يَجْرِي مَجْرَى الْإِيجَابِ، وَهُوَ النَّذْرُ بِالتَّضْحِيَةِ عُرْفًا، كَمَا فِي الْبَدَائِعِ».


“Роддул мухтор”нинг “наҳр кунларида сотиб олса” иборасидан, у кунлардан аввал қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, зиммасига қурбонлик вожиб эмас, алмаштирса ҳам, сотса ҳам, сотиб пулини ўз ихтиёжларига ишлатса ҳам бўлади – деган нарса келиб чиқади.

«بِقَوْلِهِ «شَرَاهَا لَهَا أَيَّامَ النَّحْرِ»، وَظَاهِرُهُ أَنَّهُ لَوْ شَرَاهَا لَهَا قَبْلَهَا، لَا تَجِبُ»


 “Фатавои дорул улм”нинг “Азизул фатава” номли китобида: “Агар фақир киши қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ниятида жонлиқ сотиб олса, қурбонлик қилиши лозим бўлади. лекин қурбонлик кунларидан аввал сотиб олган бўлса, фақир ҳам бой ҳам уни алмаштириш жоиз”.

Савол: Ўз уйини қимматроқ нархга ижарага бериб, ўзи бошқа уйда ижарада ўтирган кишининг зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Ундай кишининг зимасига қурбонлик вожиб бўлади. Чунки ижарага берган уйи унинг ҳожати аслийсидан ташқари ҳисобланади. Агар ҳоли, ҳеч ким турмайдиган ёки ҳеч қандай ижарасиз биров яшаб турган бўлса, қурбонлик қилиш батариқа авло бўлади.
 
Савол: Қурбонлик кунларида камбағал киши нисобга етадиган молга эга бўлса зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун охирги кунида нисобга етарли маблағга эга бўлиб қолса, бир йил айланмаган бўлсада, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Шунингдек мусофир охирги кунда сафардан келса, кофир одам ўша вақтда мусулмон бўлса ҳам зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. (Бадоъиус-саноиъ)

«وَلَا يُشْتَرَطُ وُجُودُ الْإِسْلَامِ فِي جَمِيعِ الْوَقْتِ، مِنْ أَوَّلِهِ إلَى آخِرِهِ، حَتَّى لَوْ كَانَ كَافِرًا فِي أَوَّلِ الْوَقْتِ، ثُمَّ أَسْلَمَ فِي آخِرِهِ، تَجِبُ عَلَيْهِ».



Савол: Бой кишининг сотиб олган қурбонлик ҳайвони ўғирланса ёки йўқолса, ўрнига бошқасини сўйгандан кейин топилса, уни ҳам сўйиши керакми?
Жавоб: Вожиб эмас.

Савол: Бир одамнинг сотиб олган қурбонлиги ўғирланса ёки йўқолса, ўрнига бошқасини сўйгандан кейин топилса, уни ҳам сўйиши керакми?
Жавоб: Сўйишлик вожиб эмас. Агар у ҳайвон қурбонлик кунларида йўқолиб ўша кунларида топилса, уни садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Шунингдек бой одам қурбонликка жонлиқ сотиб олиб, қурбонлик сўйишга улгурмай қурбонлик кунлари чиқиб кетса, унга ўша жонлиқни тириклайин садақа қилишлик вожиб бўлади. Агар қурбонлик куни ўтиб кетганидан кейин сўйиб қўйган бўлса, ўзи ҳам еёлмайди, нисобга қодир бўлганларга ҳам едира олмайди.

Савол: Бой бўла туриб бир неча йилдан бери қурбонлик қилмаган киши нима қилади?
Жавоб: Аввало қурбонлик қилмаганига тавба қилади ва неча йил қурбонлик қилмаган бўлса ҳар йилига биттадан қўйнинг қийматини садақа қилади.


Савол: Аёлларга ҳам қурбонлик қилиш вожибми?
Жавоб: Аёллар тақинчоқлари бир йилда ҳеч ишлатилмайдиган сервис идиш-товоқлари, телевизорлари, 85 грамм тилло ёки 596 грамм кумушнинг қийматига етса зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бунга уч сидра кийимдан ортиқ бўлган кийимлари ҳам, ўзи сотиб олган бўлса телевизор ва шунга ўхшаш қимматбаҳо нарсалар ҳам киради.

Савол: Болаларининг тўйига йиғиб қўйган сеп-сидирғалари ҳам нисобдан ҳисобланадими?
Жавоб: Ҳозирги кунда келинга бериладиган сеп-сидирғиларни ҳожати аслиядан деб ҳукм қилиш мушкул ишдир. Сепларни ичида кундалик истеъмол қилинадиган жиҳозлар ҳожати аслияга киради. Аммо, кўз-кўз қилиш, одамлар: “Фалончи шунча нарса қилибди” дейишлари учун қилинган сеп-сидирғилар ҳожати аслийдан ортиқча ҳисобланади. Агар буларни қиймати нисобга етса, закот олиш ҳаром бўлади ва уларнинг зиммаларига қурбонлик ва садақаи фитр вожиб бўлади.

«هَلْ تَصِيرُ غَنِيَّةً بِالْجِهَازِ الَّذِي تُزَفُّ بِهِ إلَى بَيْتِ زَوْجِهَا؟، وَاَلَّذِي يَظْهَرُ مِمَّا مَرَّ، أَنَّ مَا كَانَ مِنْ أَثَاثِ الْمَنْزِلِ، وَثِيَابِ الْبَدَنِ، وَأَوَانِي الِاسْتِعْمَالِ، مِمَّا لَا بُدَّ لِأَمْثَالِهَا مِنْهُ، فَهُوَ مِنْ الْحَاجَةِ الْأَصْلِيَّةِ، وَمَا زَادَ عَلَى ذَلِكَ، مِنْ الْحُلِيِّ، وَالْأَوَانِي، وَالْأَمْتِعَةِ الَّتِي يُقْصَدُ بِهَا الزِّينَةُ، إذَا بَلَغَ نِصَابًا، تَصِيرُ بِهِ غَنِيَّةً».



“Аёл эриникига келин қилиб тушириб олинган жиҳозлар билан бойга олинадими? Ўтган нарсалардан зоҳир бўлган нарса шуки, зарур бўлган уй жиҳозлари, кийимлар, ишлатиладиган идиш-товоқлар ҳожати аслийга киради. Унга қўшимча бўлган тақинчоқлар, зийнат мақсадида териб қўйиладиган идишлар, буюмлар нисобга етса, аёл у билан бойга айланади” (Роддул муҳтор).


1 ой аввал 140 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Назр қилишнинг турлари
Аслида Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган ҳар қандай ибодатни ҳам назр қилиш мумкин, бироқ бу ерда фақат жонлиқ сўйишни назр қилиш ҳақидаги ҳукмларни баён қилмоқчимиз.Назр қилиш, хусусан, кутилаётган бир давоми...
8 ой аввал 880 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг фазилатлари
بسم الله الرحمن الرحيم 1-БОБ Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг фазилати.  وَالْفَجْرِ (1) وَلَيَالٍ давоми...
8 ой аввал 1542 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг тарихи ва ҳақиқати
3-БОБ Қурбонликнинг ҳақиқати. Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: "Саҳобалар сўрашди:  “Ё Росулоллоҳ (сав), қурбонликнинг ҳақиқати давоми...
8 ой аввал 1336 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликка оид савол-жавоблар
Савол: Баъзилар фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деган ниятда, арафа куни ёки қурбонлик куни, ийд намозидан олдин жонлиқларни сўядилар. Шу қурбонлик ҳисобланадими?Жавоб: Шаҳарда давоми...
8 ой аввал 1519 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонлик кимларга вожиб?
Савол: Қурбонлик кимларнинг зиммасига вожиб?Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт. 1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи давоми...
8 ой аввал 1680 fiqh.uz