كَفَنْ - تَّكْفِينُ , яъни «такфин» – «кафан» сўзлари كَفَّنَ – «каффана» феълидан олинган бўлиб, ўраш, ёпиш маъноларини англатади. Кафанлаш ишлари ҳам фарзи кифоядир. Лекин маййитнинг дафнига лозим бўлган ҳамма сарф-ҳаражатлар унинг ўз молидан бўлади.
Агар ўзининг моли бўлмаса, унинг нафақасини қилиши керак бўлган одамнинг молидан бўлади. У ҳам бўлмаса, байтул молдан бўлади. У ҳам бўлмаганда эса ўзига тўқ мусулмонларнинг маошидан бўлади.
Кафанликнинг сифати
Кафанлик оқ, тирик инсон кийиб юрса ҳам арзийдиган матодан бўлиши афзал. Эркакларга ипак матодан кафанлик қилиш жоиз эмас, аёлларга эса макруҳ. Чунки кафанни ипакдан қилиш исроф ва пулни зое қилиш бўлади. Аёлларга ипак кийиш тириклик чоғларидагина мубоҳдир.
عن ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَال : الْبَسُوا مِنْ ثِيَابِكُمُ الْبَيَاضَ فَإِنَّهَا مِنْ خَيْرِ ثِيَابِكُمْ وَكَفِّنُوا فِيهَا مَوْتَاكُمْ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кийимларингиздан оқини кийинг. Чунки у энг яхши кийимингиздир. Ўликларингизни ҳам ўшанда кафанланг», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Абу Довуднинг ривоятида:
عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه قَالَ: سَمِعْتُ اَلنَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "لَا تُغَالُوا فِي اَلْكَفَنِ فَإِنَّهُ يُسْلُبُ سَرِيعًا"
“Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кафанда ортиқчаликка йўл қўйманглар. Чунки у тезда суғуриб олинади», деганларини эшитганман”..
Маййитнинг кафанини яхши қилиш мустаҳаб саналади.
عن جابر بن عبد الله وأبو قتادة -رضي الله عنهما : أنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال : إذا كَفَّنَ أحدكم أخاه فَليُحَسِّنْ كَفَنَه
Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абу Қатода розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирортангиз ўз биродарини кафанласа, унинг кафанини яхшиласин”, деб айтдилар».
Муслим ривояти.
Йўқчиликдан кийим етишмаслиги ҳолатида оқ бўлмаса ҳам, биргина мато бўлса ҳам, маййитни кафанлаш ўликларнинг тириклар устидаги ҳақларидир.
عَنْ جَابِرٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ كَفَّنَ حَمْزَةَ بْنَ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فِي نَمِرَةٍ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза ибн Абдулмуттолибни йўл-йўл битта кийимга кафанладилар”.
Термизий ривоят қилган.