Мардикорга ишнинг маҳсулидан ҳақ тўлаш


Ҳанафий ва шофиъий фақиҳларининг фатволарига кўра, мардикор томонидан бажариладиган ишнинг маҳсулидан шу мардикорга ишҳақи тўланишини шарт қилиш шаръан нодуруст ҳисобланади. Буни ислом фиқҳий манбаларида "Тегирмончининг паймонаси" масаласи, ("Масъалат қафиз ат-таҳҳон") деб номланган. Масалан, бир кимса тегирмончига бир қоп буғдой олиб бориб, шуни ун қилиб беришини, буғдойни ун қилгани учун унинг ҳаққини мана шу ундан

бир паймона (аниқроғи, маълум бир миқдор) ҳақ беришни келишиб ишлатса, бу шаръан жоиз бўлмайди. Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) каби таниқли тобеъин ҳам бу хилдаги мардикорчиликни жоиз бўлмайди, деган қарашда бўлган.
Мардикорни ишлатиб, унга ўзи ишлаган ишнинг маҳсулидан бир қисмини ишҳақи сифатида бериш мумкин эмаслигининг сабаби оқибат тушунмовчилик, алдов, ғаразли мақсаднинг юзага келиши мумкинлигидир. Масалан, тегирмончининг ўзи торган ундан унга ишҳақи бериш келишилса, у ундан кўпроқ олиш мақсадида унга кепак қўшиб ёки навини ўзгартириб, уни кўпайтиришга ҳаракат қилиши эҳтимоли мавжуд.  
Ҳанафийликнинг энг эътиборли фиқҳий манбаси бўлмиш "Мухтасар ал-Виқоя"да қуйидагича қайд қилинган: ولا اجارة الرحى ببعض دقيقه و نحوه – "Тегирмоннинг ижараси уннинг баъзи қисми ёки шунга ўхшашидан берилмайди" (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 107). 
Абу Бакр ал-Косоний (р.ҳ.) "Бадойеъ ус-санойеъ" асарида ижаранинг саҳиҳ бўлиши шартлари борасида қуйидагича ёзади:
و منها ان لا ينتفع الأجير بعمله فان كان ينتفع به لم يجز لانه حينئذ يكون عاملا لنفسه فلا يستحق الاجر ... فينتفع الاجير بعمله فلا يستحق الاجر و على هذا يخرج ما اذا استأجر رجلا ليطحن له قفيزا من حنطة بربع من دقيقها او ليعصر له قفيزا من سمسم بجزء معلوم من دهنه انه لا يجوز لان الاجير ينتفع بعمله من الطحن و العصر فيكون عاملا لنفسه
"Ушбу шартлардан бири, мардикор ўз иши маҳсулидан фойдалана олмасин. Агар фойда оладиган бўлса, ижара жоиз бўлмайди. Чунки, бу ҳолатда ўзи учун ишлаган бўлиб қолади. Бунда ҳаққа мустаҳиқ бўлмайди. Демак, мардикор ўзи ишлаган ишдан манфаат оладиган бўлса, ҳаққа мустаҳиқ бўла олмайди. Шунга кўра, қуйидаги масала саҳиҳ ижарадан чиқарилади: бир кимсани ун тортиб беришга ёлласа, унга буғдой унининг тўртдан биридан бир паймона беришга келишилса ёки кунжутни ёғ қилиб сиқишга ёлласа-ю, унга ёғнинг маълум бир қисмини беришга келишилса, булар жоиз бўлмайди. Чунки, мардикор тортиш ва сиқишда ўз ишидан фойда олган бўлиб чиқади, бу эса ўзига-ўзи ишлаган бўлиб қолади" (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 192).
"Дурр ул-мухтор" ва унинг ҳошия-шарҳи "Радд ул-муҳтор"да қуйидагилар ёзилган:
و لو دفع غزلا لآخر لينسجه بنصفه اى بنصف الغزل او استأجر بغلا ليحمل طعامه ببعضه او ثورا ليطحن برّه ببعض دقيقه فسدت فى الكل لانه استأجره بجزء من عمله
"Агар бошқа бировга ипнинг ярмини беришга келишиб ип йигиришни топширса, ёки эшаги билан таом ташиб беришга, шу ташилган таомдан баъзисини олиш шарти билан ёлласа ёки ҳўкизда буғдойини ун қилиб беришга, шу тортилган уннинг баъзисини олиш шарти билан қилса, буларнинг ҳаммаси фосид – бузуқ ижара бўлади. Чунки, буларнинг ҳаммасида ўзи ишлаган ишнинг бир қисмини ижарага олган бўлади" (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъла Дурру ал-мухтор. 9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 78-79).
Шофиъий мазҳаб олимларидан Имом ан-Нававий (р.ҳ.) ўзининг "Равзат ут-толибин" асарида қуйидагиларни ёзади:
لا يجوز ان يجعل الأجرة شيئا يحصل بعمل الاجير كما لو استأجر السلاخ ليسلخ الشاة بجلدها او الطحان ليطحن الحنطة بثلث دقيقها او قاطف الثمار بجزء منها بعد القطاف او لينسج الثوب بنصفه فكل هذا فاسد
"Мардикорнинг амали билан ҳосил бўладиган нарса билан ҳақ тўланиши жоиз бўлмайди. Чунончи, қассобни қўйни теридан чиқаришга шу тери эвазига ёлланса; тегирмончини буғдойни ун қилишга шу уннинг учдан бири эвазига ёлланса; мева терувчини шу терилган меванинг бир қисми эвазига ёлланса; кийим тўқувчини шу тўқилган кийимнинг ярми эвазига ижарага олинса – буларнинг ҳаммаси фосиддир!" (Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий. Равзат ат-толибин. 4-жилд. – Риёз: Дору олам ал-кутуб, 2003. – Б. 251).
Фақиҳларнинг юқоридаги фатволарига сабаб Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан айтилган кўрсатмадир. Имом ад-Дорақутний (р.ҳ.) ва Имом ал-Байҳақий (р.ҳ.) ўзларининг суннат тўпламларида қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:
عن ابى سعيد الخدرى رضى الله عنه قال نهى عن عسيب الفحل زاد عبيد الله و عن قفيز الطحان
"Ҳайвон қочирганга ҳақ олишдан қайтарилди. Ровийлардан Убайдуллоҳ: "Яна тегирмончи тортган унидан паймона олишдан қайтарилди", деган гапни зиёда қилди" (Дорақутний, 3/195; Байҳақий, 5/339).
Шунингдек, ушбу ҳадисни Абу Яъло (р.ҳ.) ўз муснадида ҳамда ат-Таҳовий (р.ҳ.) "Мушкил ал-асор" асарида ҳам ривоят қилганлар (Абу Яъло, 2/1024; Таҳовий, 2/607).
Мазкур ҳадиси шарифнинг исноди борасида Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) "Талхис ал-ҳабир"да қуйидагиларни ёзиб қолдирган: "Иснодда Ҳишом Абу Кулайб бор. У Ибн Абу Нуаймдан, у эса Абу Саид (р.а.)дан қилган ривояти танилган эмас. Уни Ибн ал-Қаттон ва аз-Заҳабий айтганлар. Ва "Унинг ҳадиси инкор қилинган", деб зиёда ҳам қилган. Муғлатоий эса уни ишончли ровий деган. Демак, ишонч билдирган кимсаларга қаралади. Сўнг унинг номини мен Ибн Ҳиббоннинг ишончли ровийлар ҳақидаги китобида топдим" (Талхис ал-ҳабир. 3/60; 1286-ҳадис).
Бироқ, мазкур ҳадис иснодининг мадори Ҳишом Абу Кулайб (р.ҳ.) билан чекланган эмаслигини таъкидлаш керак. Ато ибн ас-Соиб (р.ҳ.) томонидан ҳам ушбу ҳадис ривоят қилинган. Унинг мутобеъсини Имом ат-Таҳовий (р.ҳ.) ўзининг "Мушкил ал-асор" асарида Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) тариқидан ривоят қилган:
عن النبى صلى الله عليه و سلم انه نهى عن عسب التيس و كسب الحجّام و قفيز الطحان
"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиндики, ул зоти шариф ҳайвон қочирганга ҳақ олишдан, қон олдириш касби билан шуғулланишдан ва тегирмонга ўзи тортган унидан паймона олишдан қайтардилар" (Таҳовий, 2/606).
Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий (р.ҳ.) бунинг санадини "жаййид", деб тавсифлаган (Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 15-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 2002. – Б. 7457).
Ушбу мутобеъни Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) "Иттиҳоф ал-хийарат ал-маҳара" асарида Холид ибн Абдуллоҳ (р.ҳ.) тариқида зикр қилган ("Иттиҳоф ал-хийарат ал-маҳара", 3/2850). Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) "ал-Матолиб ал-олия" асарида эса ушбу тариқни "мурсал-ҳасан", деган ("ал-Матолиб ал-олия", 1/1407).
Мардикорга ўзи томонидан бажариладиган ишнинг маҳсулидан ишҳақи тўланишининг макруҳ эканлигини бошқа ҳадиси шариф ҳам қувватлайди. Ушбу масалага биноан қассобга сўйдирилган жонлиқ гўштидан сўйганлик ҳаққи берилмайди. Имом Байҳақий (р.ҳ.) ривоят қилган ҳадисда айтилишича, қаҳратон қиш кунларидан бирида Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.), Амр ибн ал-Осс (р.а.), Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ (р.а.) ва Авф ибн Молик (р.а.) каби буюк саҳобалар ҳамроҳ бўлган сафарда бир қишлоқдан ўтаётганларида, қишлоқ аҳолиси уларга туя сўйдириб қолишни хоҳлашади. Авф ибн Молик (р.а.) уларга: "Туяни сўйиб, гўштларини майдалаб бераман, хизмат ҳаққи эвазига бизга ҳам гўштдан берасизлар!", дейди-да, уларнинг туясини сўйиб беради. Унинг туяни сўйиб, гўштини чиройли қилиб майдалаб берганидан сўнг, унга ишҳақи сифатида ўша сўйилган гўштдан беришади. Ушбу гўшт пишириб олиб келтирилганда, Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) унинг қаердан келганини суриштиради. Авф ибн Молик (р.а.) воқеани гапириб беради. Шунда Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) ҳам, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ (р.а.) ҳам гўшт ейишдан бош тортадилар. Гўштни туя эгаларига олиб бориб берадилар. Кейинчалик Макка фатҳи кунларида шу воқеани Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтиб берилади, Расулуллоҳ (с.а.в.) ана ўша қассобга келишилган шарт бекор бўлгани боис энди ҳеч нарса берилишини айтмайдилар (Байҳақий, "ас-Сунан ал-кубро", 6/11987; "Далоил ан-нубувват", 5/1747).
Юқоридаги ривоятларга биноан фиқҳий манбаларда қурбонлик сўйдирилганда, қурбонлик қилинган жонлиқнинг териси ёки калла-почаси ёхуд гўштини қассобнинг ишҳақи сифатида берилмайди, деб фатво берилган (Маълумот учун қаранг: Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 2-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 366).         
Моликийлар ва ҳанбалийлар фикрича, мардикорга бериладиган ҳақ шу мардикорнинг ўз амали билан қилинадиган бўлса, ижара фосид бўлмайди, фақат ўша ишҳақи аниқ бўлиши шарт. Агар ҳақ аниқ маълум бўлмаса, ушбу икки мазҳаб вакиллари ҳам ҳанафий ва шофиъийларга ўхшаб ижарани дуруст эмас, деганлар. Шунинг учун улар буғдойни ун қилдирганда уннинг бир соъ (тахминан, 4 кило) ёки шу хилдаги маълум қисмини тегирмончига ҳақ сифатида берса бўлади, бироқ, қассобга терини ҳақ сифатида бериб бўлмайди, чунки, терининг сифати номаълумдир, дейдилар. Аслида, ҳанбалийлар фиқҳий манбаларидан маълум бўладики, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) бир ривоятида мардикор томонидан бажариладиган нарсадан шу мардикорга ишҳақи тўланишини жоиз дейилган бўлса, ал-Буҳутий (р.ҳ.) томонидан қилинган ривоятида ножоиз дейилган (Ибн Қудома. "Ал-Муғний маъа аш-Шарҳ ал-кабир". – Байрут: 5/119; 6/72; ал-Буҳутий. "Шарҳ Мунтаҳий ал-иродот". – Байрут: Дор ал-фикр. 2/354).
Ҳанафийликнинг зоҳири ривоят ва зоҳири мазҳабига кўра гарчи мардикор томонидан бажариладиган нарсадан шу мардикорга ишҳақи тўланишини шарт қилиш шаръан нодуруст ижара деб ҳисобланса ҳам, бироқ, бу, асосан, "Тегирмончининг паймонаси" масаласи ("Масъалат қафиз ат-таҳҳон")да қатъий қўлланилади. Бунга ҳадиси шариф борлиги учундир. Насир ибн Яҳё (р.ҳ.) ва Муҳаммад ибн Салама (р.ҳ.) сингари Балх ҳанафийлари томонидан бундан бошқа масалаларда, жумладан, тўқувчига тўқиган нарсасидан иш ҳақи берилса ва шу хилдаги ишларда қилувчига ўзи қилган нарсадан ҳақ бериладиган бўлса жоиз, дейилган. Бунинг шарти агар урф-одат ва таомул ҳамда ҳожат бўлганда жоизликдир. Чунки, урф-одат ва таомул бўлганда қиёс тарк қилиниши мумкинлиги ҳанафийлик усулига мувофиқ келади. Зотан, урф-одат ва таомул насс – далилни хослаш ҳисобланади, уни мутлақо тарк қилиш эмас. "Тегирмончининг паймонаси" масаласида ҳадис бўлгани боис, уни жоиз эмас, деймиз. Таомул сабабли насс (далил)ни хослаш мумкин бўлгани боис, масалан, тўқиш масаласида эса таомулга амал қилиб уни жоиз, деб биламиз, дейилади. Бу худди ҳунармандлар билан қилинадиган шартнома – "истисноъ" таомулини жоиз саналганга ўхшайди. Ҳунармандлар ҳали ишламаган ишлари учун олдиндан ҳақ олиб ўрганганлар. Чунки, аслида қўлида йўқ нарсани сотиш ҳадисларга биноан жоиз эмас, бироқ, ҳунармандлар ҳали ишламаган нарсасини ишлаб бериш мақсадида олдиндан ҳақ олишлари урф-одатга кўра жоиз бўлади. Ибн Обидин (р.ҳ.) ўзининг "Шарҳ уқуди расм ал-муфтий" рисоласида бу ҳақида батафсил тўхталиб ўтган (Муҳаммад Амин ибн Обидин. Шарҳ уқуди расм ал-муфтий. – Ҳайдаробод, 1976. – Б. 42).
Бироқ, Имом ал-Ҳаскафий (р.ҳ.) "Дурр ул-мухтор"да Балх машойихларининг ушбу урф-одат билан қиёсни хослаш мумкинлигини рад қилади. Чунки, қиёсни хослашга кучи етадиган урф-одат бир шаҳарнинг эмас, балки ҳунармандларнинг таомулига ўхшаган барча ўлкаларнинг урф-одати бўлмоғи керак (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъла Дурру ал-мухтор. 9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 79-80).
Ибн Обидин (р.ҳ.) бу фикрларни ўзининг рисолалар тўпламидаги урф-одат ҳақидаги тадқиқотида ҳам давом қилдирган (Ибн Обидин. Нашр ал-ъарф фий бинои баъз ал-аҳком ъала-л-урф // Мажмуату расоилу Ибн Обидин. 2-жилд. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий, (йили кўрсатилмаган). – Б. 114).    
Демак, агар оммавий равишда урф-одатга кўра мардикорга ўзи ишлаган ишининг бир қисмини ишҳақи сифатида бериш жорий бўлган бўлса, бир неча ҳанафийларнинг фатволарини инобатга олиб, фақат тегирмончининг ишидан бошқа ишларда дуруст дейиш мумкин. Бироқ, оммавий урф-одатда бу нарса кузатилмайдиган бўлса, жумҳур уламо ва фақиҳларнинг фатволарига кўра, мардикорга ва муддатли ишловчига қуйидаги усулда ишҳақи бериш, юқорида келтирилган саҳиҳ ҳадиси шарифга биноан шаръан дуруст бўлмайди:
1)    Тегирмончига буғдойни ун қилгани ёки кунжутни ёғ қилиб бергани эвазига ўша ун ёки ёғдан ишҳақи берилмайди. Чунки, у унни ёки ёғни кўпайтиришга, навини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.
2)    Ип йигирувчи ва тўқувчига ўзи йигирган ип ёки тўқиганидан ишҳақи берилмайди. Чунки, у ипнинг ёки тўқилган нарсанинг навини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.
3)    Қассобга сўйган қўй ёки буқасидан гўшт ёки тери, калла-почасини ишҳақи сифатида берилмайди. Чунки, у гўштга норози бўлиши, ёки кўпроқ олишга ҳаракат қилиши мумкин.
4)    Кийим тикувчиларга ўша тиккан кийимларидан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у ўзи олмоқчи бўлган кийимнинг навини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.
5)    Даладаги ёки боғдаги ҳосилни йиғиштириб бериши эвазига ҳосил йиғувчига ана ўша ҳосилдан бир қисмини ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у дала ёки боғдаги ўзи йиғиштираётган ёки тераётган ҳосилни кўпайтиришга ёки навини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.
6)    Картошкани ёки қулупнайни териб бериши эвазига терувчига терилган ана ўша картошка ёки қулупнайдан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у тераётган ҳосилни кўпайтиришга ёки навини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.
7)    Завод ва фабрикада ишловчиларга ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлардан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.
8)    Новвот, конфет ёки шоколад ишлаб чиқарувчи ходимларга ўзлари ишлаб чиқараётган новвот, конфет ёки шоколаддан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, улар ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.
9)    Шампунь ёки косметик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ходимларга ўзлари чиқараётган шампунь ёки косметик маҳсулотлардан ишҳақи берилмайди. Чунки, улар ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.
10)    Ғишт қуювчи усталарга ўзлари қуйган ғиштлардан ишҳақи берилмайди. Чунки, улар ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.
11)    Балиқчига балиқ тутиб бергани учун ишҳақи сифатида ўша тутган балиғидан бир қисмини берилмайди. Чунки, у кўпроқ ишҳақи олиш учун балиқдан ҳаддан ташқари кўпроқ тутиши ёки ўзига қайсидир балиқ туридан кўпроқ олиб қолишга уруниши мумкин.
12)    Сотувчи ишга ёлланса, сотувчининг ишҳақига ўзи сотаётган маҳсулотлардан берилмайди. Чунки, у ишҳақи олиш мақсадида сотиш керак бўлган маҳсулотни сотмай ушлаб туришга ҳаракат қилиш ёки бошқа қандайдир усуллар қўллашга ҳаракат қилиши мумкин.
13)    Цемент ишлаб чиқарувчиларга ишҳақи сифатида цемент берилмайди. Чунки, улар ўзлари ишҳақига олмоқчи бўлган цемент навини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.
14)    Шлакобетон ҳамда шлакоблок ва шунга ўхшашларни ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқарилаётган шлакобетон ва шлакоблоклардан ишҳақи берилмайди. Чунки, ходимлар ишҳақига олмоқчи бўлаётган шлакобетон ва шлакоблоклар навини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.
15)    Шелуха ва шулха ишлаб чиқарувчиларга шу чиқараётган шелухаларидан ишҳақи берилмайди. Чунки, улар шелуханинг навини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин. 
Мусулмонлар ҳар бир ишни шариатга мувофиқ, Аллоҳ ва унинг расули буюргани ва кўрсатганига биноан бажаришга одатланганлар. Улар мардикорни ишлатиб, эвазига шу ишидан бир қисмини ишҳақи сифатида беришнинг шаръий ҳукмини ҳам яхши билиб, тушуниб олиб, шунга асосан амал қилсалар, дунё ва охиратлари обод бўлишига шак-шубҳа йўқ. Халқимиз шариатнинг бу кўрсатмасига ҳам асрлар давомида имконқадар амал қилиб келмоқдалар. Жумладан, ҳар йили қурбонлик қилаётганлар қассобга ўша қурбонликка сўйиб берган жонлиқ гўштидан ишҳақи қилиб берилмаслигига қатъий билиб, амал қилиб келаётганларига асосий сабаб ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан айтилган, саҳиҳ ва амал қилиш керак бўлган ҳадиси шарифлари, яъни, тегирмончига ўзи тегирмонида тортиб берган буғдой унидан унга ишҳақи қилиб берилмаслиги кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларидир. Шунингдек, буюк саҳобаларнинг туя сўйганлик эвазига берилган гўштни емаганликлари ҳам бунга яққол далилдир. Демак, мусулмонлар булардан бошқа амалиётларда ҳам агар мардикор ишлатсалар, ана ўша мардикорга ўзи ишлаган иши маҳсулидан бир қисмини ишҳақи қилиб бермаганлари маъқул ва матлуб, лозим ва лобуддир.

Ҳамидуллоҳ Беруний


9 йил аввал 5357 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Молни қўлга олмасдан сотиш
Бир киши дўконга кирди ва сотувчидан бир нарса сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчининг ҳузурида эса у нарса йўқ эди. Сотувчи шу пайт бошқа бировнинг дўконида борлигини билиб туриб, ўша нарсани харидорга лафзан сотиб, давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тақсит савдоси ҳақида
Оламлар роббиси Аллоҳ таолога ҳамд, расули Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли, асҳобларига ҳамда қиёмат кунигача уларга гўзал тарзда эргашган кишиларга солавоту саломлар давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Насияга сотиб нақдга қайта сотиб олиш
Бир киши бировга ҳар ойда маълум миқдордан бериб туриш шарти ила бир йил муддатга 10.000га машина сотса, сўнг бир йил тўлмасидан ва пулини тўлиқ тўламасидан аввал 8.000 нақдга ўзи қайтариб сотиб олса бўладими?Бундай давоми...
9 йил аввал 7282 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ масалалар ечими
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Расулуллоҳга саловот ва саломлар бўлсин!Аммо баъд:Бугунги кунда пулнинг қадри тушишига боғлиқ масалалар, саволлар жуда ҳам кўпайди. Айниқса, бу давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сотилган молни гаров сифатида ушлаб туриши
Ҳозирги кунда одамлар орасида турли муомалалар ривожланиб кетган. Шундай муомалалардан бири насия савдода сотувчи сотилган молни харидор нархини тўлиқ ёки қисман тўлагунича ушлаб туришидир. Бу жоизми? Насия давоми...
7 йил аввал 6407 fiqh.uz