Қаробат аҳли мазҳаби


Қаробат аҳли мазҳаби:
Учинчи мазҳаб қаробат аҳли мазҳаби бўлиб, улар завил арҳомларнинг меросида асабалар меросига қиёсан қариндошлик даражасига сўнгра қаробат қувватига эътибор қилишади.

Меросхўрлардан қайси бири маййитга яқинроқ бўлса, ўша насибага ҳақлироқ бўлади... Ушбу мазҳаб қаробат даражаси ва қувватига суянганлиги учун қаробат аҳли деб номланган. Улар асабалар тақсимотида жиҳатларга бўлинганидек завил арҳомларни ҳам синфларга ажратишади. Аввало қариндошлик даражасини устун қўйишиб, сўнгра қаробат қувватини эътиборга олишади ва худди асабалар ҳолатидагидек бир эркакка икки аёл насибасича қоидасини амалга оширишади. Бу мазҳаб Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг мазҳаблари бўлиб, ҳанафийлар ушбу йўлни олишган.
Завил арҳомларнинг синфлари:
Ушбу мазҳаб соҳиблари завил арҳомларни тўртта синфга бўлишади ва ҳар бир синф учун фарълар ва ҳолатлар қилишади. Ушбу синфлардан ҳар бирининг мероси кайфиятини баён қилишади. Биз ҳам баъзи тафсилотлар ва татбиқий мисоллар билан шуларни зикр қиламиз.
Тўрт синф қуйидагилардир:
1- Маййитга нисбат бериладиган кишилар;
2- Маййит уларга нисбат бериладиган кишилар;
3- Маййитнинг ота-онасига нисбат бериладиган кишилар;
4- Маййитнинг икки бобо ёки икки момосига нисбат бериладиган кишилар.
Биринчи синф:
Маййитга нисбат бериладиган кишилар иккига бўлинади:
1- Қизларнинг фарзандлари, ўғил ёки қизлар бўлсин қанча пастласалар ҳам;
2- Ўғилнинг қизлари фарзандлари, ўғил ёки қизлар бўлсин қанча пастласалар ҳам.
Иккинчи синф:
Маййит уларга нисбат бериладиган кишилар ҳам иккига бўлинади:
1- Саҳиҳ бўлмаган бобо, қанча юқориласа ҳам. Онанинг отаси, онанинг отасининг отаси ва ҳакозо...
2- Саҳиҳ бўлмаган момо, қанча юқориласа ҳам. Онанинг отасининг онаси, онанинг отасининг онасининг онаси ва ҳакозо...
Учинчи синф:
Маййитнинг ота-онасига нисбат бериладиган кишилар учга бўлинади:
1- Туғишган ёки ота бир ва ёки она бир опа-сингилларнинг фарзандлари, эркак ёки аёл бўлсалар ҳам барибир;
2- Туғишган ёки ота бир ва ёки она бир ака-укаларнинг қизлари ва уларнинг болаларининг қизлари қанча пастласалар ҳам;
3- Она бир ака-укаларнинг фарзандлари, уларнинг даражалари қанча пастласа ҳам. Она бир аканинг ўғли ёки она бир аканинг ўғлининг ўғли ва ёки она бир аканинг ўғлининг қизи кабилар;
Тўртинчи синф:
Маййитнинг ота ва она тарафдан бўлган икки бобосига ёки икки момосига нисбат бериладиган кишилар олтига бўлинади:
1- Мутлақ маййитнинг аммалари (туғишган амма, ота бир амма, она бир амма) маййитнинг хола ва тоғалари ва онанинг амакилари (онасининг амакиси);
2- Аммалар, холалар, тоғаларнинг фарзандлари ва онанинг амакиларининг фарзандлари қанча пастласа ҳам;
3- Маййитнинг ота-онасининг аммалари. Улар туғишган, ота бир ва она бир бўлишлариниг фарқи йўқ. Шунингдек маййитнинг отасининг тоға-холалари ва маййитнинг онасининг амма, амаки, хола, тоғалари. Улар туғишган ёки ота бир бўлиши мумкин;
4- Ушбу учинчи тоифадагиларнинг фарзандлари қанча пастласалар ҳам. Маййитнинг отасининг аммасининг ўғли, маййитнинг отасининг аммасининг қизи кабилар;
5- Маййитнинг бобосининг она бир амакилар, маййитнинг момосининг амакилари, тоға-холалари, бобо ёки момосининг аммалари;
6- Ўтган тоифанинг фарзандлари қанча пастласалар ҳам.
Қисқача қилиб айтганда ушбу олти тоифа маййитнинг икки бобо ёки икки момосига тегишли бўлган шахслардир. Улар мутлақ аммалар, она бир амакилар, хола-тоғалар ва уларнинг барчасининг фарзандлари.
Аҳли танзил ва аҳли қаробат мазҳаблари ўртасидаги фарқ:
Ушбу икки мазҳаб ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:
•Аҳли танзил мазҳаби завил арҳомларни синфларга бўлишмайди, бир гуруҳни иккинчи гуруҳдан устун қўйишмайди. Аҳли қаробат мазҳаби эса завил арҳом гуруҳларининг баъзисини баъзисидан асаба биннафсга қиёс ўлароқ муқаддам қўяди.
•Аҳли танзил мазҳабининг наздида завил арҳомларни маййитга боғлаб турувчи фарз эгаси ёки асаба бўлган шахсларни муқаддам қўйиш эътиборга моликдир. Аҳли қаробат мазҳабининг наздида эса қариндошлик даражаси сўнгра қариндошлик қуввати эътиборга олинади ва худди асабалар орасидаги ҳолатдагидек, бир эркакка икки аёл насибасича қоидасига амал қилинади.
Ушбу гуруҳларнинг мерос олишлик кайфияти:
Баён қилганимиздек, ушбу синфлар асабанинг жиҳатларига қиёсланган ҳолда тартиб қилингандир. Аввало меросга ҳақдорлар маййитнинг фаръи яъни фарзандларидир. Агар улар топилмаса, маййитнинг асли яъни ота-оналари бўлади. Агар улар ҳам бўлмаса, ака-укалар фарълари. Кейин амма-амакилар ва тоға-холалар фарзандлари, сўнгра уларнинг авлодлари ва уларнинг ҳукмида бўлган туғишган ёки ота бир амакининг қизлари меросга ҳақли бўлишади. Аҳли қаробат мазҳабининг маъноси ушбу зикр қилинган синфлардан қайси бири бўлса ўзидан кейинги синфларни ҳажб қилади. Биринчи синф иккинчи синфни, иккинчи синф учинчи синфни ҳажб қилади. Асаба биннафс жиҳатларида ҳам худди шундай эди. Ҳанафий фуқаҳолар шунга кўра қуйидагиларни далил қилиб келтиришади:
“Завил арҳомлар меросда асаба бинафслар тартибига кўра тартибланади. Маййитнинг фарълари фарз эгалари ва асабалардан бошқа барчадан муқаддам қўйилади. Қизларнинг авлодларига ўхшаш, қанча пастласалар ҳам. Сўнгра қанча юқориласа ҳам саҳиҳ бўлмаган бобо-момолар меросга ҳақли бўладилар. Кейин маййит ота-онасининг фарълари, опа-сингилларнинг авлодлари ва ака-укаларнинг қизларига ўхшаш, қанча пастласалар ҳам. Сўнгра олти тоифадан иборат бўлган, юқорида зикри ўтган маййитнинг бобо ва момоларининг фарълари. Мерос яна ушбулар тартибича бўлади”.
Завил арҳомларнинг мерос олишлик шартлари:
1- Фарз соҳиби бўлмаслиги шарт. Агар фарз эгаси бўлса, у ўз фарзини олиб сўнгра радд билан қолган молни олади. Радднинг мартабаси завил арҳомлардан олдин туради.
2- Асаба ҳамбўлмаслиги шарт. Чунки ёлғиз асаба қолса, тариканинг барчасини олади. Агар фарз эгалари билан қолса улардан ортган молнингбарчасини олади.
Лекин эр-хотиндан бири топилса, у ўз фарзини олади. Қолган мол эса завил арҳомларга тегишли бўлади. Чунки эр-хотиннинг бирига радд қилиш мартабаси завил арҳомлар мартабасидан кейинда туради. Шунинг учун қолган мол завил арҳомларга берилади.[1]
Муҳим огоҳлантиришлар:
Агар юқорида ўтган завил арҳомлардан қай бир синфидан бўлсин, бир киши қолган бўлса, у эркак ёки аёл бўлсин тариканинг ҳаммасини олади. Ёки у билан бирга эр-хотиндан бири қолган бўлса, ортиб қолган молни олади. Агар завил арҳомлар бир неча бўлишса қуйидаги тартибда меросга ҳақли бўлишади:
1. Қариндошлик даражасига кўра. Кимнинг даражаси маййитга яқин бўлса, ўша меросга ҳақли бўлади. Қизнинг қизи, қизнинг қизининг қизидан, қизнинг қизининг ўғлидан меросга ҳақлироқдир. Чунки унинг даражаси бошқалардан кўра маййитга яқинроқ ҳисобланади.
2. Агар шу ўринда даражалар бир хил бўлса, меросга ҳақлироғи, маййитга фарз эгаси ёки асаба меросхўр орқали боғланган шахс ҳисобланади. Мисол учун, бир киши ўлиб, ортидан ўғлининг қизининг қизи ва қизининг ўғлининг ўғли қолган бўлса, ушбу суратда иккала меросхўрнинг ҳам даражалари бир хилдир. Лекин ўғилнинг қизининг қизи маййитга меросхўр орқали боғланмоқда. Қизнинг ўғлининг ўғли эса меросхўрсиз маййитга боғланади. Чунки унинг отаси, яъни қизнинг ўғли завил арҳомлардандир. Ўғилнинг қизи эса фарз эгаси бўлиб, унинг қизи шу ўринда тариканинг ҳаммасига эга чиқади.
3. Агар даражада ва маййитга боғланишда баробар бўлиб қолишса, энди устунлик қариндошлик қувватига қараб бўлади. Мисол учун, бир киши ўлиб, ортидан туғишган акасининг қизи ва ота бир акасининг қизи қолган бўлса, молнинг барчаси туғишган аканинг қизига тегади. Ота бир аканинг қизига эса ҳеч нарса берилмайди. Чунки унинг қариндошлик қуввати заифдир. Шунингдек бир киши ўлиб, ортидан туғишган аканинг ўғлининг қизи ва ота бир аканинг ўғлининг қизи ҳамда она бир аканинг ўғлининг қизи қолган бўлса, тариканинг барчаси туғишган аканинг ўғлининг қизига берилади. Чунки унинг қариндошлик қуввати ота бир ёки она бирларникидан қувватлироқдир... Агар бир киши ўлиб, ортидан ота бир аканинг ўғлининг қизи ва бошқа ота бир аканинг ўғлининг қизи қолган бўлса, уларнинг қариндошлик қуввати тенг бўлганлиги сабабли ўрталарида мерос муносафа (тенглик) асосида бўлинади.
4. Агар қариндошлик қувватида ҳам баробар бўлиб қолишса, барчалари меросда тенг шерик бўладилар. Мисол учун, бир киши ўлиб, ортидан учта туғишган амакисининг учта ўғлининг учта қизи қолган бўлса, улар ўртасида мерос тенг тақсим қилинади. Чунки уларнинг қариндошлик қуввати ва даражалари тенгдир.
Мулоҳаза:
Завил арҳомлар меросида асабалар ҳолатидагидек эркакка аёл насибасининг икки баробари мулоҳазаси қилинади. Ҳатто завил арҳомлар она бир ака-ука, опа-сингилларнинг фарзандлари бўлсалар ҳам.
Баҳснинг ниҳояси.
Ушбу услуб аҳли қаробат мазҳабига тегишли бўлиб, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг йўллари ва ҳанафий имомлар мазҳаби ҳам шудир. Ушбу мазҳаб баъзи араб ва ислом шаҳарларида татбиқ қилинади... Юқорида ўтган тўрт гуруҳнинг ҳар бирига мерос бериш кайфияти бир қанча фуруъларга бўлиниб кетган. Шу билан бирга Абу Ҳанифанинг икки шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар орасида ҳам мерос бериш суратида баъзи ихтилофлар мавжуд. Биз мазҳаб ичидаги ушбу фуруъ ва тафсилотларни зикр қилиб ўтирмай, балки улардан асосийсини келтириб қўя қолдик. Чунки Ҳижоз шаҳарларида асосан амалда бўлган мазҳаб аҳли танзил мазҳабидир. Бу имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва шофеъий ва моликийфуқаҳоларнинг мутааххирлари тутган йўлдир. Уни татбиқ қилиш енгил ва осондир. Барча саҳоба ва тобеъинлардан, мужтаҳид имомларимиз ҳамда илмига амал қилувчи уламоларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Улар илм ва дин йўлида катта хизматлар қилишди. Аллоҳ ислом ва мусулмонларни кўп яхшиликлар ила мукофатласин.
Аллоҳнинг ўзи муваффақ қилувчи ва тўғри йўлга ҳидоят этувчидир.

________________________________________
[1] Mеросхўрлар мартабасининг зикри ўтган эди.


9 йил аввал 5069 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳабларнинг келажаги ижтимоий-тарихий таҳлил
Мен дин олими эмасман, бинобарин, Исломдаги мазҳаблар ҳақида аввало, ижтимоий-тарихий таҳлил нуқтаи назаридан гапираман. Агар қаердадир хатога йўл қўйсам, уламолар хатоимни тўғрилаб қўйишади, деган умиддаман. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳаббошилар тавсифи шеър
 Мазҳаббошилар тавсифиАсли динда булар эди комил, Фаръида нез тўрт эди омил.Бирлари Собит ўғлидур Нўъмон,Илму фазлу камоли бепоён.Шуҳрат ила Имоми Аъзамдур,Қанча аъзам дейилса ҳам давоми...
9 йил аввал 5743 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафий мазҳабидаги китоблар мартабалари
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади. Мазкур даражадаги китобларни давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафийлик фиқҳининг қисмлари ва ёрдамчи соҳалари
“Фиқҳ” сўзи луғатда “фаҳм қилмоқ”, “фаҳмлаш”, “англамоқ” ва “тушунмоқ” каби маъноларда бўлиб, у оддий “фаҳмлаш” эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, мукаммал ва муфассал давоми...
9 йил аввал 5827 Ҳамидуллоҳ Беруний