Жума намозининг аввалги тўрт ракъат суннати


Савол: Одатда бизда жума намозидан олдин тўрт ракъат суннат ўқилади. Лекин «Мишкот» китобида фарздан олдинги тўрт ракъат суннат айтилмаган. Араб ўлкаларида бу суннат ўқилмас экан, бизда ўқилишига бирор ҳужжат борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу саволда ҳозирги кунда диёримиздаги мўмин-мусулмонларнинг кўпчилиги одатланиб қолган амал ўз аксини топган. Унда «Мишкот» китобида фарздан олдинги тўрт ракъат суннат айтилмаган» деган гап бор. Битта китобга Ислом динининг барча таълимотлари жойланиши мумкин эмас. Ҳаттоки бир мавзуга аталган, мисол учун «Жума намозига аталган бир китобда шу намозга тегишли барча каттаю кичик нарсалар тўпланган, ундан бошқа ҳеч нарса қолмади», деган даъвони ҳеч ким қила олмайди. «Мишкот» ҳадис борасидаги китоблардан бўлиб, муаллиф кўпгина нарсаларни ўзи тўплаган ҳадисларда акс эттиришга ҳаракат қилган. Лекин муаллифнинг ўзи ҳам, бу китобни шарҳ қилган катта уламолар ҳам ҳеч қачон «Мишкот» китоби Ислом динидаги ёки намоз бобидаги ёки жума ҳақидаги барча маълумотларни ўзида тўплаган, бундан бошқа ҳеч нарса йўқ, ана шу китобда келгани ҳисоб, бошқаси ҳисобмас», деган даъвони қилмаган. Биздаги хато шуки, битта китобни ўқиймиз-да, ана шу китоб ҳақида «Бор ҳақиқат шу, бундан бошқа ҳеч гап йўқ» деган тушунчани ўзимизга сингдириб оламиз. Бу мутлақо нотўғри гап, мутлақо нуқсонли бир тушунча ҳисобланади. Тажрибада ҳам бўлди: бир гуруҳ ёшларимиз шунга ўхшаш баъзи бир диний аҳкомларда кўпчиликка ихтилоф қилиб, масжид имомларига таъна етказган, ҳар хил гап-сўзлар бўлиб ўтган экан ва айнан мана шу масалани – жумадан олдин ўқиладиган тўрт ракъат суннат намозини инкор қилиш ҳолати ҳам бор экан. Суҳбат давомида: «Нима учун мана шу тўрт ракъатли суннат намози йўқ, деган фикрга келдиларингиз?» деб сўрасам, уларнинг раҳбари: «Аркони Исломда йўқ экан», деб жавоб берди. «Аркони Ислом нима?» десам, «Китоб», деди. Мен: «Тўхтанг энди, мен бу китобни кўрмаганман, билмайман. Лекин гапингиздан маълум бўлдики, бу китоб чет элдан келган, ҳажми кичкинагина, ўзбек тилига таржима қилинган китоб бўлса керак?» десам, «Ҳа, тўғри, Саудиядан келган», деди. Мен айтдим: «Ўша кичкина китобда бир нарса айтилмай кетган экан, лекин мана бу имом домланинг китоб жавонидаги бир қанча китобларни кўринг. Ўша битта кичкина китобда йўқ нарса бу китобларда бўлса, эътироф қиласизларми ё инкор қиласизларми? Битта нарсани, кичкинагина нарсани ўқиб олиб, ўшанда учрамаган нарсани йўқ деб юборишдан уялмадиларингми? «Мана бу ерда йўқ экан, халқимиз асрлар оша бундай амал қилиб келяпти экан, орасидаги фарқ нима?» деб домлаларингиздан сўрасаларингиз, тўғри бўлмасмиди?» деган гапларни айтдим.

Демак, бирор китобда, жумладан, «Мишкот» китобида айтилмаган нарса аслида ҳам йўқ» деган тушунчага бормаслигимиз керак. 

Саволингизнинг давомида: «Араб ўлкаларида бу суннат ўқилмас экан», дебсиз. Бу ҳам, яъни «Арабларда бор нарса бор, йўқ нарса йўқ» деган тушунча ҳам бир дард. «Араблар араб бўлгани учун ҳамма нарсада ўшалардан ўрнак олинади, шуларнинг билгани-билган, дегани-деган» каби тушунча ҳам нотўғри. Ҳақиқатан ҳам араблар мўмин-мусулмонларга етакчи халқ бўлиб келган. Лекин бу «Араблар нимани қилса – тўғри, нимани қилмаса – нотўғри», дегани эмас. Арабларнинг ичида ҳам яхшиси бор, ёмони бор, мусулмони бор, насороси бор, динсизи бор ва ҳоказо. Шундай экан, араб ўлкаларига ёки араб шахсларга қараб исломий ҳукмларни чиқариш, маълум бир масалага баҳо бериш ва бошқа ҳолатларни эътиборга олиш тўғри бўлмайди. 

«Бизда ўқилишига бирор ҳужжат борми?» деган саволга келсак, бизда ўқилиши ҳанафий мазҳаби асосидадир. Ҳанафий мазҳаби бутун Ислом олами тан олган тўрт фиқҳий мазҳаблардан биридир ва бу мазҳаб ўзи келтирган ҳар бир ҳукмга Қуръондан ёки Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларидан ҳужжат келтирган. Ҳанафий мазҳабида юрган мўмин-мусулмонлар ичида турли миллатлар ва қавмларга мансуб мусулмонлар бор. Жумладан, жуда кўплаб араблар ҳам бор, форслар ҳам бор, турклар ҳам бор, ҳиндистонлик ва яна кўпгина юрт, миллат, қавмларнинг вакиллари бор. 

Энди асосий гапга келсак. Ҳанафий мазҳаби бўйича «Жума намозидан олдин тўрт ракъат суннат ўқилади» деган ҳукмнинг албатта ҳужжати бор. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан муҳаддис уламоларимиз бир қанча ривоятларни келтиришган. Буларнинг барчасида Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намозидан олдин тўрт ракъат суннат намози ўқиганлари тўғрисида баёнотлар келган. Шунингдек, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан ва яна бошқа бир қанча кишилардан ҳам бу борада ривоятлар келган. Ана шу ривоятларга кўра «Ҳанафий мазҳабида худди пешиндан олдин тўрт ракъат суннат намози ўқилганидек, жума намозидан олдин ҳам тўрт ракъат суннат намози ўқилади» деган ҳукм жорий бўлган ва бунга ҳанафий мазҳабидаги кишилар аввал бошдан амал қилиб келяптилар. Буни ҳозирги кундаги мўмин-мусулмонлар ҳам яхши билишлари, бошқа аҳкомлар қаторида бу нарса ҳам далилли, ҳужжатли бир ҳукм эканини яхши англаб олишлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Савол: Ассалому алайкум, устоз!!! Жума намозида икки ракъат фарздан олдинги тўрт ракъат суннатнинг ҳужжати ҳақида сўрамоқчи эдим. Изланиб кўриб, имом Табаронийдан ҳазрати Али ривоят қилган ҳадисни топдим. Лекин имом Бухорий бу ҳадисни қаттиқ жароҳатлаган эканлар. Иккита жиддий жароҳат мавжуд. «Мусталаҳул ҳадис» илмидаги қоидага биноан, бу ўринда «заиф» ҳадис олинмаслигини эшитган эдим. Лекин бу ҳадис «заиф» эмас, «жуда заиф». Шунинг учун бидъат эҳтимоли бўлиши мумкин, деб ўйлаб, жума куни икки ракъат фарзни, сўнг тўрт ракъат суннатни ўқимоқдаман, холос.

Мирзо Кенжабекнинг «Сунани Термизий»ни қилган таржимасида бу борада Абдуллоҳ ибн Масъуддан ҳадис борлиги зикр қилинган, лекин афсуски, ҳадис келтирилмаган. Устоз, умуман, ҳар қандай шаръий масалаларни шу услубда, яъни аниқ ва қатъий далилларни сўраб-суриштириб, сўнг амал қилишим тўғрими? Чунки Аллоҳ таоло Исро сураси, 36-оятининг маъно таржимасида: «Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар», деган. Масалага ойдинлик киритсангиз, фарз намозидан олдинги тўрт ракъат суннат ҳақида саҳиҳ ҳужжат борми? 

Жавоб: Бу гап авваллари масала сифатида кўтарилмас эди. Ҳамма намозхонлар ҳанафий мазҳаби китобларида келган таълимотлардан ўрганиб, жума намозининг икки ракъат фарзидан олдинги тўрт ракъат суннатни ўқишар эди. Аммо бундан йигирма йиллар аввал ўлкамизга «бемазҳаблик» деган бало кириб келди. Кирганда ҳам, одамларнинг нозик жойидан тутган ҳолда кириб келди. «Биз Қуръон ва Суннатга амал қилишимиз керак», деган чақириқ билан кириб келди. Бемазҳаблар баъзи кишиларни Қуръон ва Суннатга амал қилиш даъвоси билан ўзларига ром қилиб олганларидан кейин, Қуръон ва Суннатга амал қилмаслик мисли йўқ катта гуноҳ эканини сингдирдилар. Аммо уларга Қуръон ва Суннатга амал қилишни ўргатиш ўрнига, Қуръон ва Суннатга қарши иш сифатида фиқҳий мазҳабларни ёмонлай бошладилар. «Биз, – дейишар эди улар, – Қуръон ва Суннатга амал қилишимиз керак, Абу Ҳанифанинг гапига эмас!» 

Бемазҳабларнинг вакиллари ҳанафий мазҳабини қоралаш учун нохолислик қилиб, бу мазҳаб олмаган, аммо бошқа мазҳабдаги бор гапни «Суннатда бундай бўлса ҳам, ҳанафийлар бу ҳукмни олмай, «шариатнинг ҳукми» деб ўзларининг гапини одамларга суқиштиришган», дейишар эди. Мисол учун, намозда Фотиҳа сураси қироатидан кейин «омин»ни овоз чиқариб айтиш. Уни бошқа мазҳаблар олган. Аммо бемазҳаблар бу масалада фақат ҳанафий мазҳабини танқид қилишарди. Бошқа масалаларда ҳам шу гапни такрорлаш мумкин. Яъни фиқҳий масалада бир неча далил келиб, улардан баъзисини бир мазҳаб, бошқасини иккинчи мазҳаб олган бўлса, бемазҳаблар ўзлари билмаган нарсани «Суннатга хилоф», деб эълон қилишар, «Бу нотўғри, Суннатда бундай дейилган», дейишар эди. Аммо ўша, улар Суннатда бор деган гапга бошқа фиқҳий мазҳаб минг йилдан кўпроқ вақт олдин амал қилишни бошлагани ҳақида лом-лим демасдилар. 

Кези келганда айтиб ўтиш керакки, бемазҳабларнинг ўзлари намоз ўқишни мазҳаб уламоларидан ёки уларнинг китобларидан ўрганишган бўлади. Агар уларга «Мазҳабдагидан бошқача, алоҳида, Қуръон ва Суннатга асосланган намозни бизга кўрсат», дейилса, бирор нарса дея олмайдилар. Бошқа масалалар ҳам худди намозга ўхшайди. Бемазҳабларнинг гапи қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмаслиги очиқ-ойдин кўриниб туради.

Шундай қилиб, бемазҳаблар ва уларнинг гумашталари бир қанча гапларни масала қилиб кўтариб, ўз фитналарини юзага чиқардилар. Одамлар ўртасида: «Ҳанафий мазҳабида Қуръон ва Суннатга амал қилиш ўрнига Абу Ҳанифа ва унинг тўдасининг аъзолари одамларнинг ўзларининг гапига юришини йўлга қўйишган», дедилар. Ҳижрий иккинчи асрда ўтган ва Ислом умматининг ярмидан кўпи илмидан баҳраманд бўлиб келаётган, Қуръон ва Суннатга амал қилишда кўпчиликка имом бўлган буюк олимни ва у кишининг сафдошлари ҳамда шогирдларини Қуръон ва Суннатга хилоф қилишда, залолатда ва одамларни залолатга кетказишда айбладилар. Ҳатто бемазҳабларнинг чет элдаги сафдошларидан бири Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини Абу Жийфа – «ўлимтикнинг отаси» деб номлашгача борди.

Биздаги бемазҳаблар асосан ўзларининг четдаги «устоз»ларининг кўрсатмаси ва гаплари асосида иш юритадилар. Аввал улар берилган кўрсатма асосида «Ҳанафийлар ўзларининг ҳужжат-далилсиз гапларини шариат дейишади», деган гапни тинмай такрорладилар. Уламоларимиз ҳужжат-далилларни келтирганларидан кейин, энди «Ҳадис заиф», дейишга ўтдилар. Аввал айтиб юрган гаплари учун «Биз билмаган эканмиз, ҳар бир шаръий ҳукмга ҳанафийларнинг Қуръон ва Суннат, Ижмоъ ва Қиёсдан далиллари бор экан», дейишга бетлари чидамади. Худди билмагандек, «Фалончи ҳадис заиф экан», дейишга ва сизнинг саволингизга ўхшаш саволларни беришга ўтишди. Майли, бу ҳам бир услуб.

Сиз айтган ҳадис қуйидагича: 

عَنْ عَلِيٍّ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يُصَلِّي قَبْلَ الْجُمُعَةِ أَرْبَعًا، وَبَعْدَهَا أَرْبَعًا، يَجْعَلُ التَّسْلِيمَ فِي آخِرِهِنَّ رَكْعَةً. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ  

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумадан олдин тўрт ракъат, кейин тўрт ракъат ўқир эдилар. Саломни уларнинг охиридаги ракъатда қилар эдилар». 

Табароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадиснинг ровийларидан фақат Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саҳмийни имом Бухорий заиф, деган. Бошқа барча ровийлари ишончли. Аммо Ибн Адий ушбу Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саҳмий ҳақида: «Менинг наздимда бўлаверади», деган. Ибн Ҳиббон эса уни ишончли ровийлар ичида зикр қилган. Бундай одамларнинг ривояти заиф эмас, ҳасан бўлади.

Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: «Бу яхши иснод билан ҳам келган. Ҳофиз Ироқий: «Ул зот алайҳиссалом ундан (жумадан) олдин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар», деган». 

Энди сиз айтгандан бошқа ривоятларга ўтайлик. Ривоят қилинишича, «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу жумадан олдин тўрт ракъат, жумадан кейин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар» (Термизий ривоят қилган).

Бу маънода саҳобаи киромлардан келган бир неча ривоятларни Ибн Можа, Абдурраззоқ, Ибн Абу Шайба ва бошқалар ривоят қилишган. Язийд ибн Ҳорундан, Ҳаммод ибн Саламадан, Ҳофиядан ривоят қилинади: «София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳони кўрдим. Имом жумага чиқишидан олдин тўрт ракъат ўқидилар. Кейин имом билан икки ракъат жума ўқидилар» (Ибн Саъд, Зайлаъий ва Ибн Ҳажар ривоят қилишган).

Уламолар шу ва шуларга ўхшаш бошқа ривоятларни жамлаб, сиз шубҳа қилаётган масала, яъни жумадан олдин тўрт ракъат намоз ўқишни «суннат» деганлар. Сиз саволингизда мусталаҳул ҳадис илми ҳақида ҳам сўз юритибсиз. Ўша илмга асосан бу ўринда заиф ҳадиснинг қабул бўлмаслигини айтибсиз. Сизнинг бу илмдаги савиянгизни билмадим-у, аммо ушбу саволда айтган гапларингиз биров ўргатиб қўйган гапларга ўхшаб турибди. Чунки мусталаҳул ҳадис илми ҳақида озгина маълумоти бор ҳар бир одамга маълум ҳақиқатни айтмаяпсиз. Ўша ҳақиқат мусталаҳул ҳадис илми уламоларининг иттифоқи ила қуйидагидан иборат: 

«Заиф ҳадис икки иш ила ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилади:

а) Заиф ҳадисни қувватлайдиган бошқа ривоятлар келиши керак. Шу билан бирга, мазкур ҳадиснинг йўлидан бошқа йўллар унинг кучида ёки ундан кучлироқ бўлиши шарт; 

б) Ҳадиснинг заиф бўлиши сабаби ровийнинг ёдлаши яхши эмаслигида, санадида кесилиш борлигида ёки одамларида жаҳолат борлигида бўлиши керак. Яъни одамларини аниқлаб бўлмайдиган ҳолат бўлади. 

Мана шу сабабдан ҳадис заиф бўлса ва заиф ҳадисни ўзига ўхшаш ёки ундан кучлироқ санадли бошқа бир ҳадис қўллаб келса, заиф ҳадис ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилади. 

«Ҳасан лиғойриҳи» деб номланишининг сабаби: Ҳадисга ҳасанлик сифати биринчи санадининг ўзидан келмагани, балки бошқа ҳадиснинг қўшилиши оқибатида чиққани учун, бошқанинг сабабидан ҳасан бўлгани учун «ҳасан лиғойриҳи» дейилади. 

Заиф ҳадиснинг ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилишини қуйидаги математик тенглама орқали ифода қилиш мумкин. Заиф + заиф = ҳасан лиғойриҳи. Ҳасан лиғойриҳининг ҳукми: Ҳасан лиғойриҳи ҳадис ҳужжатга ишлатса бўладиган даражадаги мақбул хабар ҳисобланади».

Демак, жуманинг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат ўқиш, сиз айтгандек, жуда заиф ривоят асосида йўлга қўйилмагани, балки энг камида ҳасан лиғойриҳи ҳадис кучидаги далил билан собит бўлгани ва уламолар ижмоъ қилган амал экани маълум бўлади. Аммо тўрт ракъат суннатни ўқимаслик ҳақида эса мазкур бемазҳабларнинг фитнасидан бошқа ҳеч бир гап йўқдир. Шунинг учун ҳам бу масала сиз мисол келтирган «Ўзинг билмаган нарсага эргашма. Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар» оятининг ҳукми остига кирмайди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, тўрт мўътараф фиқҳий мазҳабларнинг уламолари ҳеч қачон билмаган нарсаларига эргашмаганлар. Улар Аллоҳ таолонинг розилиги, Ислом умматининг хизмати учун илмий ижтиҳод қилганлар. Ижтиҳодлари тўғри бўлса, икки, нотўғри бўлса, бир савоб олганлар. Сиз билан биз эса уларни яхшилик ила эслаб, ҳақларига қўлдан келганича дуолар қилиш мажбуриятидамиз.

Кези келганда яна бир нарсани айтиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлар деб ўйлайман. Бемазҳабларнинг мўмин-мусулмонлар орасида ихтилоф чиқаришдан бошқа ишлари ҳам борми? Ҳамма вақт ва ҳамма жойда уларнинг ихтилоф чиқаришига гувоҳ бўлмоқдамиз. Энг қизиғи шундаки, улар асосан мусулмонлар қилиб турган ва савоб умидида бўлган нарсалардан қайтариш учун ихтилоф чиқарадилар. «У нарса йўқ. Бу нарса бидъат. Уни қилган бидъатчи. Буни қилган залолатда» ва ҳоказо.

Ушбу сиз кўтарган масала фикримизнинг ёрқин далилидир. Жума муборак кун экани ҳаммага маълум. У кунда кўпроқ ибодат қилишга тарғибот, хусусан, жума намозидан олдин нафл намоз ўқиш ҳақида ҳадислар бор. Бизда ҳамма айнан ўша сиз шубҳа қилаётган тўрт ракъат суннатни ўқишлари ҳам маълум. Одамларни ушбу ибодатдан қолдириб, улар нима савоб касб қиладилар?! 

Улар кўтараётган ихтилофларнинг ҳар бири ҳақида юқоридагига ўхшаш гапларни истаганча гапиришимиз мумкин.

Бемазҳаблар қарийб йигирма йилдан буён динини ўрганишда машаққат чекиб турган мўмин-мусулмонлар орасида тинмай ихтилоф чиқариб келмоқдалар. Хўш, бу билан улар ўзлари, динлари, диндошлари учун қандай фойда топдилар?

Ўз-ўзидан, бемазҳаблар ватанимизда ихтилофдан бошқа нима қилдилар, деган савол пайдо бўлади. Улар бирорта масжид қурдиларми? Аксинча, баъзи имомларимизнинг гувоҳлик беришларича, улар масжид қуришда иштирок этаётган кишиларни бу ишдан қайтаришар экан.

Бирор мадрасани ишга солдиларми? Бирор дона мақбул китоб ёзиб, маърифат таратишга ҳисса қўшдиларми? 

Бирор мураттаб қори тайёрлаб, хатмга ўтказдиларми ёки мусобақага юбордиларми?

Ушбу қабилдаги саволларни кўплаб беришимиз мумкин. 

Ихтилоф чиқаришдан бошқа иш йўқми? Ёки одамларга динимиз таълимотларини етказиш охирига етди-ю, ихтилоф чиқаришдан бошқа иш қолмадими?

Бу ихтилофлардан кимга фойда ва кимга зарар етмоқда?!

Ўзлари бирор нарса қилмасалар ҳам, ҳеч бўлмаса қўлидан келган ишни қилаётганларга тўсиқ бўлмай турсалар, нима бўлади?!

Ҳаммамиз ихтилофсиз ҳолда Аллоҳ таолонинг динини ўрганиб, унга қўлдан келганича амал қилиб, аҳил-иноқ бўлиб яшасак, нима бўлади?!

Аллоҳим! Мўмин-мусулмон бандаларингни ихтилофлардан сақлагин! Уларга аҳил-иноқликни ато этгин! Ҳеч биримизни Ўзингнинг ҳидоятингдан айирмагин! Омин! 

 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига далил-ҳужжатлар давоми...
11 ой аввал 7653 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан бошқасининг ўртасидаги давоми...
11 ой аввал 1218 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
11 ой аввал 1925 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
11 ой аввал 255 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
11 ой аввал 809 fiqh.uz