Ифк ҳодисаси


  إِنَّ الَّذِينَ جَاؤُوا بِالْإِفْكِ عُصْبَةٌ مِّنكُمْ لَا تَحْسَبُوهُ شَرًّا لَّكُم بَلْ هُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ لِكُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُم مَّا اكْتَسَبَ مِنَ الْإِثْمِ وَالَّذِي تَوَلَّى كِبْرَهُ مِنْهُمْ لَهُ عَذَابٌ عَظِيمٌ ۝

11. Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингиз учун ёмонлик деб ҳисобламанг.

Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан унинг каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир.

لَوْلَا إِذْ سَمِعْتُمُوهُ ظَنَّ الْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بِأَنفُسِهِمْ خَيْرًا وَقَالُوا هَذَا إِفْكٌ مُّبِينٌ۝

12. У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» – десалар бўлмасмиди?!

لَوْلَا جَاؤُوا عَلَيْهِ بِأَرْبَعَةِ شُهَدَاء فَإِذْ لَمْ يَأْتُوا بِالشُّهَدَاء فَأُوْلَئِكَ عِندَ اللَّهِ هُمُ الْكَاذِبُونَ۝

13. У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар – ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар.

 وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ لَمَسَّكُمْ فِي مَا أَفَضْتُمْ فِيهِ عَذَابٌ عَظِيمٌ۝

14. Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни албатта буюк азоб тутар эди.

إِذْ تَلَقَّوْنَهُ بِأَلْسِنَتِكُمْ وَتَقُولُونَ بِأَفْوَاهِكُم مَّا لَيْسَ لَكُم بِهِ عِلْمٌ وَتَحْسَبُونَهُ هَيِّنًا وَهُوَ عِندَ اللَّهِ عَظِيمٌ۝

15. Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у(ифк)ни енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир.

وَلَوْلَا إِذْ سَمِعْتُمُوهُ قُلْتُم مَّا يَكُونُ لَنَا أَن نَّتَكَلَّمَ بِهَذَا سُبْحَانَكَ هَذَا بُهْتَانٌ عَظِيمٌ۝

16. Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас. (Роббим!) Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» – десангиз бўлмасмиди?!

 يَعِظُكُمُ اللَّهُ أَن تَعُودُوا لِمِثْلِهِ أَبَدًا إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ۝

17. Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур.

وَيُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآيَاتِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ۝

18. Аллоҳ сизга оятларни баён қилур. Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир.

إِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَن تَشِيعَ الْفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ۝

19. Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз.

وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ وَأَنَّ اللَّه رَؤُوفٌ رَحِيمٌ۝

20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва албатта, Аллоҳ ўта шафқатли, ўта раҳмли бўлмаганида...

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ وَمَن يَتَّبِعْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ فَإِنَّهُ يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ مَا زَكَا مِنكُم مِّنْ أَحَدٍ أَبَدًا وَلَكِنَّ اللَّهَ يُزَكِّي مَن يَشَاء وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ۝

21. Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фаҳш ва мункарга буюрадир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир.
Оиша онамиз гапларида давом этиб, яна қуйидагиларни айтадилар:
«Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида, Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турар эдилар): «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

وَلَا يَأْتَلِ أُوْلُوا الْفَضْلِ مِنكُمْ وَالسَّعَةِ أَن يُؤْتُوا أُوْلِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَن يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝

22. Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар яқин қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини севмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман, – дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: – Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман, – дедилар».
Оиша розияллоҳу анҳо яна буларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ишим ҳақида Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган эканлар.
– Эй Зайнаб, нима билгансан, нима кўргансан? – деб сўрабдилар.
– Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақида фақат яхшиликни биламан, – дебди Зайнаб.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида фақат Зайнабгина мен билан шуҳрат талашар эди. Аммо тақводорлиги туфайли Аллоҳ таоло уни сақлади. Аммо синглиси Ҳамна ифк эгалари билан бирга ҳалок бўлди».
Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилоти мана шулардан иборат. Бу ҳодисадан дунё ларзага тушган. Ифк – гапни бошқа томонга буриш, иғво, бўҳтон, туҳмат уйдириш ана шундай ёмон нарса. Мунофиқларнинг тўқиган ифки туфайли нималар бўлмайди дейсиз! Ифк ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўшанинг қалбини вайрон қилади, хаёлини паришон қилади. Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг онаси, Сарвари Оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Оиша онамиз ифкка учраб, гап-сўз бўлдилар, ўзларининг покликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юрак-бағирлари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар, агар Расули Акрам келиб, гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар.
Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек саҳобийни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. Жигаргўшалари Оиша онамиз йиғлаб келганларида, нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, у киши ҳаммага ҳар соҳада маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган одам эдилар. Оиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, «Нима дейишимни ҳам билмайман», – дедилар.
Ҳа, ифк – иғво, бўҳтон, туҳмат ана шундай ёмон нарса, ҳар қандай одамни нима дейишни билмайдиган ҳолга солиб қўяди.
Абу Бакр Сиддиқнинг жуфти ҳалоллари, Оиша онамизнинг волидаи меҳрибонлари Умму Румоннинг ҳолатларига эътибор беринг-а! Дард, аламда ёнаётган жигаргўшаларини овутиш учун нима дейишни билмай, «Кундоши кўп хотин шундай бўлади», – дедилар. Ҳолбуки, Оиша онамизнинг кундошлари у зотнинг покликларига Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, гувоҳлик бериб турибдалар. Қизини ҳимоя қилишга шунчалик уринаётган одам қизлари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб қайтаринг», – десалар, «Нима дейишимни ҳам билмайман», – дейишдан нарига ўтмадилар!
Ифк – иғво, туҳмат, бўҳтонга учраган иккинчи тарафни – Сафвон ибн Муъаттални олайлик. Бу киши умрини Аллоҳнинг йўлида жиҳод билан ўтказган, Расули акрамнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бири бўлганлар. Ана шундай тоза, пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса! Умрида аёл кишининг елкасига қўл теккизмаган одам шундай катта бўҳтонга дучор бўлса! Шунинг учун ҳам бу зот туҳматга чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири – Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган.
Али ибн Абу Толибни, Усома ибн Зайдни, Умму Мистоҳни, Оиша онамизнинг ёнларига кириб, қўшилиб йиғлаган ансорий аёлни, Барийрани, Зайнаб бинту Жаҳш онамизни ва бошқаларни қаранг. Қанчалик ташвиш, қанчалик куюниш! Ҳа, Оиша онамизга қарши уйдирилган ифк бутун бир умматни тенгсиз ташвишга солган эди.
Ташвиш чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Оишаи Сиддиқага эмас, Сафвон розияллоҳу анҳуга ҳам эмас, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Сарвари Оламга, Роҳматан лил Оламийнга, Сай¬йидул Мурсалийнга, Хотамун набиййинга қарши қаратилган эди. Ислом душманлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилиб, Ислом динини қораламоқчи, унга футур етказмоқчи бўлдилар. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда қийин бир ҳолга тушдилар. Гап ҳамма ёққа ёйилиб кетган. Уни рад қилиш учун жуда ҳам кучли далил керак. Лекин қани ўша далил? Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мис¬тоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилиб боришмоқда. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Али ибн Абу Толибдан, ҳали Барийра исмли асли чўри бўлган аёлдан, ҳали хотинлари Зайнаб бинту Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжидда минбардан туриб, одамлардан ўз аҳлларига учраган мусийбатда ёрдам сўрамоқдалар. Қайноталари, қайнаналари ҳузурларида энг суюкли хотинлари Оиша онамизга «Ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради», – деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди.
Аммо бу нарсалар ҳаммаси инсоний ўлчовлар ичидаги ҳолатлардир. Бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат ҳодиса шу қадар кутилмаган ва шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб қўйди.
Ниҳоят, барча ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Юқорида зикр этилган ўн оятда Оиша онамизни оқлади. Ҳамма, ҳатто Оиша онамизнинг ўзлари ҳам «Менга оқлов тушди», – дедилар.
Лекин оятларда Оиша онамизнинг исмлари ҳам, сифатлари ҳам ёки бирорта белги ҳам зикр қилинмаган. Чунки уларда шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида умумий қоидалар баён этилмоқда. Чунки аввал айтилганидек, гап Оиша онамизнинг шахслари устида эмас, Ислом билан Ислом душманлари орасидаги кураш ҳақида кетмоқда эди.
Келинг, ушбу оятларни батафсилроқ ўрганиб чиқайлик, бу нарса яна ҳам ойдинлашади.
«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингиз учун ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан унинг каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир».
Аввал ҳам таъкидлаб айтилганидек, гапни бошқа ёққа буриб, уни ҳақиқатдан четга суриш, ёлғон, иғво, бўҳтон ва туҳмат уйдиришга «ифк» дейилади. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўминлар жамоасига хитоб этиб, ўша ўзларига чексиз озор етказаётган ифкни уйдирганлар уларнинг ўзларидан чиққан бир усба – тўда одамлар эканини маълум қилмоқда (араб тилида адади ўнтадан қирқтагача бўлган одамлар тўдаси «усба» дейилади).
«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир».
Демак, мўминлар ифкдан азоб чекиб, қийналиб юрибдилар-у, аммо уни келтириб чиқарганлар ўзларининг одамлари. Мана шу аччиқ ҳақиқатга эътибор бериш керак.
Нима учун ифк мўминларнинг ўзларининг ичидан чиқди? Бу аччиқ савол ўшандан буён асрлар давомида қайта-қайта такрорланмоқда. Мўминлар буни алоҳида эътибор билан ўйлаб, муолажа қилишлари керак.
«Уни ўзингиз учун ёмонлик деб ҳисобламанг».
Сиртдан қараганда, ифк мўминлар учун, уларнинг Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг аҳли-оиласи учун, дину диёнат учун мунофиқлар томонидан уйдирилган бир ёмонликдир. Шунинг учун ҳам ҳаммалари хафа бўлдилар, изтироб чекдилар, ташвишга тушдилар. Аммо Аллоҳ таоло:
«Аксинча, у сиз учун яхшиликдир», – демоқда.
Мунофиқлар ушбу ифкни тўқиганлари билан барибир мақсадларига етолмадилар. Улар мусулмонларга, уларнинг динларига, Пайғамбарлари шахсига, ахлоқ-одобларига зарар етказиш орқали уларнинг қувватини кетказмоқчи эдилар. Аксинча, ифк ҳодисаси туфайли мусулмонлар яхшиликларга эришиб, мунофиқлар шарманда бўлдилар.
Мазкур оғир дамларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида, у зотнинг аҳли байтлари ва асҳобларида сабр-матонат, қалбнинг поклиги, адолат, ўзаро ҳамкорлик, тартиб-интизомнинг олий намуналари намоён бўлди. Уларнинг юксак ахлоқий сифатлари яна бир бор синовдан ўтди. Ҳақиқий мўминлардан фақат уч кишигина бу иғвога қўшилиб қолдилар: Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Бу уч кишига бўлган муносабатларда ҳам мусулмонларнинг фазилатлари намоён бўлди. Қариндоши Мистоҳга нафақа бериб турган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ифкдан кейин ундан нафақани узишни ирода қилган эдилар, бу ишга Аллоҳнинг Ўзи аралашди, нафақани узмаслик, балки юракни кенг қилиб, айбдорни афв этиш лозимлигини баён этди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол бу амрга бош эгиб, Мистоҳни афв қилдилар, нафақа беришни давом эттирдилар. Авваллари биров орқали юборадиган бўлсалар, энди ўзлари олиб бориб берадиган бўлдилар. Оиша онамиз бўлсалар, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни ўта ҳурмат қиладиган бўлдилар. У кишига доимо яхшилик қилар, тавозуъ ила муомалада бўлар, ҳузурларига кирсалар, ёстиқ қўйиб берар эдилар. Баъзи кишилар «Ахир бу одам сизга қарши ифкка қўшилган эди-ку», – деганларида, «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилган эди», – деб жавоб берганлар. Ривоятларда келишича, Оиша онамиз бир куни: «Мен Ҳассоннинг шеъридан яхшироқ шеър эшитмадим, қачон унинг шеъридан мисол келтирсам, унга жаннатдан жой берилишини сўрайман», – деганлар.
Бу даражадаги юксак исломий ахлоқларнинг намоён бўлишига ҳам ифк ҳодисаси сабаб бўлди.
Уламоларимиз мусулмонлар оммасининг қалблари нақадар пок эканига намуна сифатида ифк воқеаси рўй берганда Абу Айюб Ансорий ва у кишининг хотинлари розияллоҳу анҳумо орасида бўлиб ўтган қуйидаги суҳбатни келтирадилар.
«Абу Айюб Ансорий Умму Айюбдан:
– Оиша ҳақида нима дейилаётганини кўряпсанми? – деб сўрабдилар. Шунда Умму Айюб розияллоҳу анҳо:
– Агар сен Сафвоннинг ўрнида бўлганингда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари ҳақида ёмон гумон қилган бўлармидинг? – дебди. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу:
– Йўқ! – деб жавоб қайтарибдилар. Шунда Умму Айюб розияллоҳу анҳо:
– Оишанинг ўрнида бўлганимда, мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хиёнат қилмас эдим. Бас, Оиша мендан яхши, Сафвон сендан яхши, – деди».
Шу билан бирга, ушбу ҳодиса туфайли мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётларида келажакда рўй беражак кўплаб ноқулайликларни бартараф этадиган қонун-қоидалар жорий қилинди.
Ушбу ҳодисанинг бошқа бир ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбни билмасликлари, Аллоҳ таоло нимага буюрса, шуни адо этишлари яна бир бор тасдиқланди.
«Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир».
Яъни ифкда қатнашган ҳар бир кишининг касб қилган амали, бўҳтонига яраша гуноҳи бордир. Демак, улар жазосиз қолмайдилар.
«Улардан унинг каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир».
Яъни бу гуноҳ ишнинг каттасини ўзига олиб, ифкка бош бўлган одамга – Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга буюк азоб бордир.
У қиёмат куни албатта бу азобга дучор бўлади.
«У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» – десалар бўлмасмиди?!»
Ушбу оятда ифк ҳодисаси воқеъ бўлганда, мусулмонлар оммасининг ўзларини салбий тутганлари танқид қилинмоқда. Гап тарқаб, бўҳтон авж олиб бораверди, мусулмонлар бунинг уйдирма эканини билиб туриб, инкор этмадилар, иғвогарларнинг оғзига урмадилар, уларни тинчитиб қўймадилар. Улар бўҳтонни кучайтиравердилар, булар жимгина юравердилар. Аслида эса ифкни эшитган вақтда мўминлар ва мўминалар яхши гумон қилишлари керак эди. Яъни улар туҳматга қолганларнинг ўрнига ўзларини қўйиб кўришлари, «Йўқ, бу иш бўлиши мумкин эмас, мен уларнинг ўрнида бўлсам, бундай қилмас эдим», дейишлари керак эди. Улар диндошлари ҳақида яхши гумон қилиб, туҳматга ишонмасликлари, «Бу ёлғон гап, мусулмон одам бундай қилмайди», дейишлари керак эди. Мўминлар оммаси ифкни эшитган вақтда:
«Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» – десалар бўлмасмиди?!»
Ифкчиларнинг юзига шу гапни айтишлари керак эди!
Шу йўл билан динларини, Пайғамбарларини, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларини ҳимоя қилишлари лозим эди.
«У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар – ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар».
Бу ояти каримада ифк ҳодисаси рўй берганда, мусулмонлар оммаси томонидан йўл қўйилган катта бир нуқсон кўрсатилмоқда. Абдуллоҳ ибн Убай бошчилигидаги мунофиқлар томонидан Оиша онамизга ифк уюштирилганда, улардан гувоҳ келтиришларини талаб қилмадилар, ушбу жумлада мўминлар томонидан йўл қўйилган ана шу хато эслатилмоқда.
Ўшанда мунчоқларини излаш билан овора бўлиб, аскардан қолиб кетган Оиша онамизни туясига миндириб, етказиб келган Сафвон ибн Муъаттал розияллоҳу анҳу туяни етаклаб, одамлар олдидан ўтди. Уларнинг орасида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Убай:
– Бу аёл ким?! – деб сўради. Одамлар:
– Оиша, – дейишди. У:
– Аллоҳга қасамки, буни у тек қўймаган, у ҳам буни тек қўймаган. Мана, Пайғамбарингизнинг аёли тунни биров билан ўтказибди. Энди эса у эркак унинг туясини етаклаб келмоқда, – деди. Шундан ифк бошланди. Гап кўпайди. Лекин ҳеч ким на Абдуллоҳ ибн Убайдан ва на унга қўшилганлардан: «Қилаётган бу туҳматингга гувоҳинг борми? Бу гапни қаердан олиб гапиряпсан?» – деб сўрамади.
Аслида эса бировни зинода айблаётган одам бу ишнинг бўлаётганини кўрган тўртта гувоҳ келтириши керак эди.
«Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар – ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар».
Ёлғончиларнинг оғзига уриб, динларини, Пайғамбарларини ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларини ҳимоя қилмаганлари мусулмонлардан содир этилган хато эди. Чунки бундай пайтда, яъни жуфти ҳалоллари туҳматга учраб турганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари у кишини ҳимоя қилсалар, гап яна ҳам кўпайиши мумкин эди. Бўлиб ўтган ҳодиса жуда аччиқ эди. Мўминларнинг бепарволиги билан, баъзиларининг эса бўҳтонга бевосита қўшилишлари билан оғир вазият вужудга келди. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло шуни мўминларга эслатиб:
«Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни албатта буюк азоб тутар эди», – демоқда.
Ифкка қўшилиб, мусулмонлар катта бир азобга лойиқ иш қилган эдилар. Бу азобни Аллоҳ таоло уларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бериши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло уларни ҳам бу дунёда, ҳам охиратда азобламасликка ваъда бериб, катта фазлу марҳамат кўрсатди.
Кейинги оятда ўша ҳолатнинг қандай юзага келгани васф қилинади:
«Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у(ифк)ни енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир».
Ушбу қуръоний васф олдида барча сўз усталари тиз чўкиб, таъзим қилсалар арзийди. Бўлиб ўтган ҳодисани қисқа иборалар билан, энг керакли сўзларни ишлатиб қилинган бу баёнда олам-олам маъно бор.
«Ўшанда...» яъни мунофиқлар томонидан ифк тарқатилганда.
«...сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар...» эдингиз.
Яъни «Ифк масаласида фақат тилингизни ишлатардингиз. Ақлингизни ишлатиб, тадаббур қилмас эдингиз. Ифкни тилларингиз билан илиб олардингиз. Яъни жуда тезлик билан қабул қилар эдингиз».
«...оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз...»
Гап ўзи аслида оғизда гапирилишига қарамай, яна «оғзингиз ила» дейиш ҳам гапнинг моҳиятига аҳамият бермай, оғзига келганини гапираверишга ишорадир. Одамлар, айниқса, ифк ҳодисасига ўхшаш ҳолатларда ўйламай-нетмай, тилларига эрк бериб, оғизларига келганини гапираверишни одат қилиб оладилар. Эътибор бермай гапираверадилар-у, аммо гаплари оламни ларзага солаётганидан бехабар бўладилар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида:
«...ва у(ифк)ни енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир», – демоқда.
Яъни «Сиз тилингиз ила илиб олиб, илмингиз, ишончли далилингиз бўлмай туриб, оғзингиз ила гапирган гапингиз – ифк Аллоҳнинг ўлчовида жуда оғир гуноҳ эди. Шунинг учун ҳам ифкни эшитган чоғингизда ўзингизни бошқача тутмоғингиз лозим эди.
«Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас. (Роббим!) Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» – десангиз бўлмасмиди?!»
Бундай пайтда ҳар бир мўминдан тутиш талаб қилинадиган йўл шу. Мўмин-мусулмонларга қарши тўқилган миш-миш, ифку бўҳтонни эшитиб, унга қўшилиш ёки индамай қараб туриш мутлақо тўғри келмайди. Ҳар бир мўмин дарҳол:
«Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас», – дейиши лозим. «Биз мўмин-мусулмонмиз, иғво, бўҳтон ва туҳмат гапларни гапиришни динимиз ҳаром қилган», – дейиши керак.
«(Роббим!) Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» – десангиз бўлмасмиди?! «Бизни ҳам бу ифкка ўхшаш гуноҳлардан пок қилгин», – десангиз бўлмасмиди?! Ана ўшанда жуда яхши иш қилган бўлар эдингиз. Сиз бўлсангиз, бундай қилмадингиз. Мўминлик бунақа бўлмайди!
«Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур».
Бўлар иш бўлиб ўтди. Аммо энди бунга ўхшаш ишни ҳеч такрорламанг. Аллоҳнинг сизга ваъз-насиҳат қилиб айтадиган гапи шу.
Бу муҳим гапнинг «Агар мўмин бўлсангиз...» деган шартдан кейин айтилиши ҳам муайян ҳикматга эга.
Шундай қилиб,
«Аллоҳ сизга оятларни баён қилур».
Мана, сизга «Ифк ҳодисаси» ҳақидаги сиру асрорларни ҳам баён қилиб берди. Чунки
«...Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир».
Аллоҳ ўта билувчи, ўта ҳикматли Зотдир.
У Зот ҳар бир нарсани билиб туради, ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади.
Кейинги оятларда ифк ҳодисасига тааллуқли баъзи бир ҳукмлар ва улардан олинадиган ибратлар ҳамда натижалар ҳақида сўз кетади:
«Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз».
Кишилар орасида фоҳиша, уят, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб олса бўлади. Ифк ҳодисасида миш-миш гап кўпайди, яъни зино ҳақида миш-миш тарқатилди. Бу иш оятда фаҳшни ёйиш билан баробар қўйилмоқда. Ҳукм умумий ҳолда айтилмоқда. Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробар экан, фаҳш гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, сабабчи бўлиш – ҳамма-ҳаммаси аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ экани турган гап. Ислом фаҳш ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор, у гуноҳкор жазога тортилар экан, демак, зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади. Зино, жинсий алоқа тўғрисида турли гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам бузуқ гапларни гапириш ман қилинади. Агар ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, керакли жойга бориб, гапириб, гувоҳ келтириб, зинокорларни жазолашни йўлга қўйишда хизматларини адо этсин, шунда мусулмонлар жамиятини поклашга ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўзламасин, бемаза ишларни қилмасин. Йўқса, аламли азобга дучор бўлади.
«Аллоҳ биладир, сиз билмассиз».
Шунинг учун гапни чўзмай, Аллоҳнинг айтганини дарҳол бажо келтиринг.
«Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва албатта, Аллоҳ ўта шафқатли, ўта раҳмли бўлмаганида...» қилган қилмишларингиз учун азоб-уқубатга дучор бўлишингиз турган гап эди.
Ифк ҳодисасида бўлгани каби, миш-мишларга берилиб, тўғри келган гапни тиллар билан илиб олиб, оғизлар билан гапиравериш шайтоннинг изидан эргашиш экани, унга эргашишнинг оқибати ёмон бўлиши ва яна Аллоҳнинг фазли билангина мўминларга яхшилик етиши келгуси оятда баён қилинади:
«Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фаҳш ва мункарга буюрадир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир».
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига улар энг яхши кўрган хитоб билан мурожаат қилмоқда:
«Эй иймон келтирганлар!»
Мўминларга ўзларининг иймон сифатлари билан хитоб қилиниши жуда ҳам ёқимлидир. Кўпинча Аллоҳ таоло мўминларни бирон қийин ишга чорламоқчи бўлса, шундай хитоб қилади. Аммо бу оятда тамоман бошқача ҳолат. Уларнинг мўминликларини зикр эта туриб:
«Шайтоннинг изидан эргашманг», – демоқда.
Яъни ифк ҳодисасида ўз тасарруфингиз ила шайтоннинг изидан эргашдингиз. Мўмин бўлиб туриб, шайтоннинг измига юриш қандай бўлди?! Шу гапнинг ўзи ҳар бир мўмин учун жуда ҳам оғир гап. Чунки мўмин одамнинг шайтоннинг изидан юриши жуда катта мусибат. Мўмин одамнинг Роҳманнинг йўлидан юрмаслиги жуда катта мусибат. Чунки
«Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фаҳш ва мункарга буюрадир».
Шайтоннинг табиати шу. Шайтоннинг ичган қасами шу. Ифк ҳодисаси ҳам шунинг ёрқин мисолидир. Бу ҳодисада ҳам шайтон ўзига эргашганларни фаҳшга, мункар ишга буюрди. Оқибатда ким унга эргашган бўлса, гуноҳкор бўлди.
«Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди».
Покиза одамларни зинода айблаб, туҳматнинг гуноҳига ботиб, шу гуноҳ билан булғаниб, охиратга жазога мустаҳиқ бўлиб борар эди.
«Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар».
Аллоҳ таоло поклашга лойиқ одамни поклайди. Чунки
«Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир».
Аллоҳ ўта эшитувчи, ўта билувчи Зотдир.
Ҳамма нарсани эшитиб, ҳамма нарсани билиб туради. Ана шунинг учун ҳам кимни поклашни Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло Ўзи билиб, ҳақиқий мўминларни ифк ҳодисаси гуноҳларидан поклади. Поклашга сазовор кишиларни поклади. Мусулмонлар жамоасини ҳидоятга солди, ифк ҳодисасидан ўзларини ўнглаб олишга имкон берди. Билмасдан ифкка қўшилиб қолган ҳақиқий мўминлар – Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳумни эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қазф (зинода айблаш)нинг ҳаддини қоим қилиш билан оқладилар. Уларнинг ҳар бирига саксон дарра урилди. Бу эса, ўз навбатида, уларни поклаш эди. Улар учун бу бахт-саодат эди. Бу ҳол Аллоҳ таоло уларни поклашга лойиқ яхши одамлар деб топганидан эди. Чунки поклашга сазовор эмасларга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарра уришни буюрмадилар. Жумладан, фитнанинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва унинг энг яқин шериги Зайд ибн Рифоъаларга ҳам дарра урдирмадилар. Бу мунофиқлар мўминлар учун жорий қилинган гуноҳдан покловчи жазога сазовор одамлар эмас эди. Улар охиратга гуноҳларини бутун ҳолда кўтариб боришлари керак эди.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Ўз фазли-карами ила кечириб, уларни поклаганлиги ҳақидаги хабардан кейин, келгуси оятда мўминлар ҳам бир-бирларини кечиришлари лозимлиги уқтирилади.
«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини севмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир.
Аввал айтиб ўтилганидек, юқоридаги оятларда Оиша онамизнинг покликлари собит бўлганидан кейин, Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу қариндошларидан бирига – фақир, Бадр уруши иштирокчиси, муҳожир Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳуга, Оиша онамизга туҳмат қилгани учун, нафақа бермасликка қасам ичган эдилар. Аллоҳ бу оятни нозил қилиб, у кишининг қилаётган ушбу иши тўғри эмаслигини баён этди.
Нима бўлганда ҳам, мўмин одамга нафақа беришдек яхши амални қилмасликка қасам ичиш мусулмон кишига муносиб иш эмас.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобалар ҳам ифк ҳодисасига қўшилганларга нафақа бермасликка қасам ичган эканлар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин, барчалари ўша кишиларга нафақа беришни қайтадан бошлаган эканлар.
Аллоҳ таоло мўминларни бир-бирларини афв этиб, кечириб юборишга чақириш билан бирга:
«Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини севмайсизларми?!» – деб, биродарини кечирган мўмин мағфират қилинишини эълон этмоқда. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Абу Бакр оят нозил бўлиши билан дарҳол: «Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», – дедилар ва Мистоҳ розияллоҳу анҳуга нафақа беришни давом эттирдилар.
Шу билан бирга, мўминлар ҳам бир-бирларининг гуноҳларини кечириб юбордилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда бош бўлдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларига бўҳтон қилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга қандай яхши муомалада бўлганларини юқорида эслатиб ўтдик. Ислом жамияти доимо ана шундай шаклда покланиб бормоғи лозим.
Вақтида ўзини ўнглаб, тавба қилган кишиларни Аллоҳ таоло мағфират этиб, жабрланган мўминларга ҳам уларни кечиришни буюради. Аммо тавба қилмасдан, нобакорлигида давом этиб, покиза кишиларни нопок ишларда айблаб юрганларга мағфират йўқ, бу дунёда азоб-уқубатдан қутулиб кетсалар ҳам, у дунёда албатта жазоларини оладилар.

(“Тафсири Ҳилол” китобидан "Нур" сураси 11-22-оятлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.)


1 йил аввал 1197 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қуръонни етти ҳарфда нозил бўлиши
Турли йўллар билан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Карим етти ҳарфда нозил бўлганини очиқ-ойдин айтганларини кўрамиз. давоми...
11 ой аввал 1436 fiqh.uz