Ақоид илмининг тарихи


Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турли-туман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини ўзича баён қилар, ким гапга устароқ бўлса, ўша ютиб чиқар эди. Асосан ақийдалар хурофий гаплар ва тасаввурлардан иборат эди. Шунингдек, ўша вақтда машҳур бўлган яҳудийлик, насронийлик, мажусийлик каби катта динларнинг ақийдалари ҳам ақл бовар қилмайдиган афсоналар билан тўлиб-тошган эди.

Арабистон ярим оролида эса асосан ширк ақийдаси ҳукм сурарди. Одамлар ўзлари қўллари билан ясаб олган ҳайкал, буту санамларни худо деб эътиқод қилар эдилар. Уларда фаришталар, жинлар ва яна бошқа нарсаларга ҳам ўзига хос бидъат-хурофотдан иборат ақийдалар мавжуд эди.
Ислом келиб, мазкур ақийдаларнинг барчасини ислоҳ эта бошлади. Мусулмонлар ўз ақийдаларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлаётган оят ва ҳадислардан ола бошладилар. Дастлаб уларда бу икки манбадан бош-қа нарса ҳақида ўйлаш ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса фақат шу икки манбадан келиб чиқарди.
Қуръони Каримнинг ўзида насоро, яҳудий ва мушрикларнинг бузуқ ақийдаларини танқид қилиш ва уларнинг хатоларини баён этиш борасида бир қанча ояти карималар нозил бўлди.
Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақийдавий тортишувлар ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг аскарлари ичидан ажраб чиққан, ақийда масаласида баъзи бир шубҳали саволлар чиқарган хаворижлар тоифаси билан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўхшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди.
Кечагина Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган нарсаларга ҳеч бўйин товламай эътиқод қилиб юрган кишилар энди янги шароитдаги одамлар билан ақийда масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари бир қадарий билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб, ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга ўз услубларида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар. Ҳазрати Али Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хаворижлар билан баҳс қилиш учун юбордилар. Катта саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Язид ибн Умайра билан иймон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.
Демак, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақийдавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Чунки ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврига келиб, турли ақийда ва фалсафа эгалари янги мусулмонлар ўлароқ Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб бир нарсани тушунтириш қийинлашиб қолган эди. Уларнинг ўз тушунчаси ва тафаккур йўналиши бор эди. Уларга ўзига хос муомала қилинмаса бўлмас эди.
Шунинг учун ҳам имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор қилган нарсани тарк қилинглар. Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!» деган эдилар.
Тобеъинлар даврига келиб ҳолат яна жиддийлашди. Энди баъзи кишилар ақийда масаласида мутахассис бўлиб ажраб чиқа бошладилар. Имом Ҳасан Басрий бу соҳада дарслар ўтар эдилар. Айни Ҳасан Басрийнинг дарс ҳалқасида иштирок этган кишилардан бири Восил ибн Ато у киши билан гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми ҳақида тортишиб, беодоблик қилди ва кейинчалик мўътазилийлар мазҳабига асос солди.
Кейинчалик мўътазилийлар ўз фикрларини баён этувчи китоблар ёздилар. Аббосийлар давлати уларни ҳимоясига олгандан сўнг фикрларини одамларга куч билан ўтказа бошладилар. Уларнинг Қуръони Карим махлуқ ёки махлуқ эмаслиги ҳақидаги даъволари катта жанжалга сабаб бўлгани ҳаммага маълум.
Шу билан бир қаторда бошқа фирқа ва тоифалар ҳам кенг тарқалиб кетди. Оқибатда Ислом оламида турли фикр, фалсафа, эътиқод ва қарашлар тарқалиб, ҳаммаси соф Исломий ақийдага футур етказиш йўлига ўтиб олдилар.
Бундай ҳолатнинг вужудга келишига бир қанча сабаблар бор эди. Улардан энг кўзга кўринганлари қуйидагилар:
Фатҳлар туфайли Ислом ерларининг беҳад кенгайиб кетгани.
Исломга турли динлар вакилларининг киргани.
Исломга яқин ва узоқ юртларнинг аҳолиси киргани.
Динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилиб олганларнинг кўпайганлиги.
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга «Аҳли сунна ва жамоа» номи берилди.
Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Натижада ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.
Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридий Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.

Имом Абул ҳасан ал-Ашъарий

Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши Бағдодда яшаб, ўша ерда 324 ҳижрий санада вафот этганлар.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи дастлаб мўътазилийларнинг бошлиғи Абу Али Жибоийдан дарс олган ва кези келиб ўзи ҳам мўътазилийларга бош бўлган. Кейин тавба қилиб, мўътазилийларга қарши бўлган. Уларнинг айбларини фош қилган ва Аҳли сунна ва жамоанинг имоми бўлишга эришган.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича бир неча китоблар ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.
1. «Мақолотул исломиййин».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг бу китобларида Аҳли сунна ва жамоанинг ақийдасини баён қилиб берган.
2. «Ал-Ибона».
Бу китобда Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳаби имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қавллари асосида баён этилган ҳамда мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилинган.
3. «Рисолатун ила аҳлис сағр».
Мазкур рисолада имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия қилади ва ўзининг имом Аҳмад мазҳабида эканини баён этади.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг мазкур уч китобида оят ва ҳадисларни таъвил қилиш йўлига ўтмайди. Салаф уламолари, хусусан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг йўлларини тутади.
4. «Ал-Ламаъ».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида аввалги уч китобидагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам эътимод қилади. Шундай қилиб, у киши бу китобда салаф уламолар йўлидан эмас, кейинги, таъвил йўлини тутганлар изидан боради.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги хулосаларни қиладилар:
«Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган ақийдаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган.
Ташбиҳга оид оятларнинг зоҳирини – сиртқи маъносини олган. Аммо ташбиҳга ўтмаган. У Аллоҳ таолонинг бандаларнинг юзига ўхшамаган юзи ва У Зотнинг махлуқотларнинг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган.
Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган.
Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби ўртача ва мўътадил мазҳабдир. У киши ақийдаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода қилган. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган Аллоҳ таолонинг, Унинг расулларининг ва охират кунининг васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради. Шунингдек, у киши фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган. Чунки Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса ўшаларни қаноатлантириш ва зиддиларига далил келтириш лозимдир».

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида 333 ҳижрий санада вафот этган. У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, имом Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳрда аҳли суннанинг шайхи бўлган. Бу ерда аҳли сунна ғолиб бўлгани учун у киши имом ал-Ашъарийга ўхшаб ҳар хил йўлларда ва турланишларда бўлмаган. Балки аввал бошдан мўътадил йўлдан бориш имконини топган. У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга суяниб иш кўрган.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар даъват қилган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. У кишидан фиқҳ, усули фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олишган.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш шарийъа» китобларини таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айланди.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан ал-Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи бир қанча китоблар ёзган. «Китобур радди ала ал-Каъбий ал-Мўътазилий», «Китоб авҳомул Мўътазила», «Китобур радди ала ал-Мўътазила», «Китобур радди ала ал-Қаромита», «Китобур радди ала-ар-Рофиза», «Китобут тавҳид» ва «Таъвилоту аҳлис сунна» китоблари шулар жумласидандир.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг икки катта имомларининг ақийдаларини солиштириб кўрган шайх Муҳаммад Абдуҳу икки томон ўттизга яқин масалада хилоф қилганларини, аммо аксари уламолар бу хилофлар фақат лафзда экани, жавҳар эса тамоман бир-бирига ўхшаш эканини таъкидлашларини қайд қилган.
Баъзи муҳаққиқ уламолар ал-Мотуридий билан ал-Ашъарийнинг ораларида асосан учта масалада хилоф борлигини айтадилар.
Биринчиси, Ал-Ашъарий ҳолни нафий қилади ва шунинг учун унинг фикрича, сифати зоидалар йўқ ҳисобланади. Ал-Мотуридий эса уларни собит, дейди.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи, таквийн сифати бор, у ҳар бир махлуққа шомил сифатдир, дейди. Ал-Ашъарий бу номдаги сифат йўқлигини айтади.
Шунингдек, улар савобу иқоб ҳамда ирода ҳурлиги ҳақида ихтилоф қилишган.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.
Кейинчалик имом Ғаззолий, Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий ва бошқа уламолар ақоид илмида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.
Ҳозирги давримизда ақоид илмини янгидан ўрганиб чиқиш ва қадимги уламоларнинг китобларидан фойдаланиб, ҳозирги замон талабларини ҳисобга олиб ақийда китоблари таълиф қилиш йўлга қўйилди. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди.
Шайх Абдулҳамид Соиҳнинг «Ақийдатул муслими ва маа ятаъаллақу биҳи» – «Мусулмоннинг ақийдаси ва унга тегишли нарсалар», устоз Абдурроҳман Ҳабаннакал Майдонийнинг «Ал-Ақийда ал-Исломия ва усусуҳа» – «Исломий ақийдалар ва уларнинг асослари», доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Кубро яқийниётил кавния» – «Борлиқнинг энг улкан ишончи», шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг «Ақийдатул муслим» – «Мусулмоннинг ақийдаси», шайх Саййид Собиқнинг «Ал-Ақоид ал-Исломия» – «Исломий ақийдалар» асарлари каби китоблар ёзилди.
Мазкур замонавий китобларда ҳозирги замон мусулмонларига ўз ақийдаларини осон ва тушунарли йўл билан баён қилиб беришга ҳаракат қилинган. Биз ҳам худди шу фикр билан иш бошладик, Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкоримиз бўлсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


8 ой аввал 946 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар