Унаштириш


Агар совчи қўйилган аёл ёки унинг валийси томонидан мазкур совчиликка розилик жавоби берилса, унаштирилган бўлади.
Унаштириш икки томондан оила қуриш учун берилган ваъдадир. Бу нарса ҳам уйланиш, эр‑хотин бўлиш эмас. Шунинг учун ҳам унаштирилган икки киши бир-бирига ажнабий – бегона ҳолида турадилар.

Улар «унаштириб қўйилдик», деб хилватда ёлғиз қолишлари, бир-бирлари билан эр‑хотиндек муомалада бўлишлари мутлақо мумкин эмас, фақат никоҳ ақдидан кейингина эр‑хотин бўладилар.
Унаштирилгандан кейин тўй қилиб, оила қуриш энг марғуб ишдир. Унаштирилгандан сўнг ажрашиш яхши эмас. Лекин узрли сабабларга кўра ажрашишса, жоиз.
Унаштирилиш фақат ваъдадан иборат бўлганлиги учун, ундан кейин ажрашиш оқибатида ҳеч қандай мажбуриятлар собит бўлмайди.
Агар бу орада ҳадя олди-бердиси бўлган бўлса, айниган томон зарарига бўлади. Мисол учун, эркак айниган бўлса, берганини қайтариб олишга ҳаққи бўлмайди. Агар аёл киши айниган бўлса, ҳадяни эркак тарафга қайтариб бергани яхши.
Ушбу ишларнинг барчаси ўзаро ҳурмат ва Исломий одоб асосида олиб борилиши лозим. Насиб бўлмай, оила қуришга иттифоқ қилинмай, совчилик ёки унаштиришдан кейин ажралиш рўй берадиган бўлса ҳам, бир-бирларининг обрўларини тўкмай, яхшилик билан ажралишлари зарур.

ҲАР КИМ ЎЗ ИСТАГИ БИЛАН НИКОҲЛАНАДИ

Совчилик ота‑оналар ёки ишбошилар томонидан амалга оширилиши ва уларга жавоб бериш ҳам шу тариқа бўлиши мусулмон халқларнинг оммавий одатларидан бўлиб қолган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳаттоки, мусулмон бўлмаган қавмлар ёки динимиз ҳақида тузукроқ маълумотга эга бўлмаган, «мусулмонман», деб юрган баъзи кимсалар: «Мусулмончиликда умр йўлдошини танлашда ёшларнинг ўзларининг хоҳиши эътиборга олинмаса ҳам, бўлаверади», деган тушунчада бўлишлари ҳам мумкин. Аммо шариатда ундай эмас. Исломда ҳар бир шахс ўз эрки, ҳуррияти ва истак-хоҳиши билан оила қуриши кераклиги алоҳида таъкидланади.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадиси шарифлари келган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تُنْكَحُ الْأَيِّمُ حَتَّى تُسْتَأْمَرَ وَلَا تُنْكَحُ الْبِكْرُ حَتَّى تُسْتَأْذَنَ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَكَيْفَ إِذْنُهَا؟ قَالَ: أَنْ تَسْكُتَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: الثَّيِّبُ أَحَقُّ بِنَفْسِهَا مِنْ وَلِيِّهَا، وَالْبِكْرُ تُسْتَأْمَرُ وَإِذْنُهَا سُكُوتُهَا 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Маслаҳат сўралмагунча, жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча, бокира никоҳланмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг изни қандай бўлади?» дейишди.
«Сукут сақламоғи», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Жувон ўз нафсига валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса изн сўралади. Унинг изни – сукутидир», дейилган.
Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт экани, совчи келганида, эркаклар, яъни оталар, акалар ва бошқалар ўзларича жавоб бериб юбормасдан, улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Замон бузилиб, ишлар тескарисига айланмай туриб, нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида ҳам бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам.
Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолатнинг ўзи шуни тақозо қилади. Бир одамни ўзининг изнисиз, хабарисиз, розилигисиз эрга бериб юбориш тўғри эмас.
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукути розилик аломати бўлади.
Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганликлари туфайли уялиб, отаси ёки бошқа яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида гаплашишга уялиб, индамайдилар. Шунинг учун қиз боланинг уялиб, индамагани унинг бу никоҳга розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик деб бўлмайди. Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан, жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қилинглар», – деганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تُسْتَأْمَرُ الْيَتِيمَةُ فِي نَفْسِهَا، فَإِنْ سَكَتَتْ فَهُوَ إِذْنُهَا، وَإِنْ أَبَتْ فَلَا جَوَازَ عَلَيْهَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изнидир. Агар бош тортса, уни мажбурлаш йўқ», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Етим қизлар деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқлиги туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда, бундай қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай эрга бериб юбориш ҳеч гап бўлмай қолган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканини мана шу ривоятдан кўриб турибмиз. Бундай қилиш катта зулм ҳисобланади.
Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар Аллоҳ таоло томонидан қизларга берилган бу ҳақни поймол қилиб келганлар. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлсалар, уриб-сўкиб эрга берганлар. Бу эса, доимо Ислом душманлари томонидан динимизга таъна тошлари отилишига сабаб бўлиб келган. «Мусулмонман» деб юрганларнинг ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманлари тегирмонига сув қуйишини шундан билиб олсак ҳам бўлади. 

НИКОҲГА МАЖБУРЛАШ ЙЎҚ 

Совчилик ишлари, юқорида зикр қилинганидек, доимо енгил кўчавермайди. Баъзи ҳолатларда бир оиланинг ўзининг ичида ҳам фикр ва рағбатлар тўқнашиб қолиши рўй беради. Гоҳида ота‑онага ёққан келин куёв бўлмиш фарзандга ёқмай қолиши ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Бугунги кунимиз воқеълигида бу муаммони тез-тез учратиб турибмиз.
Ўзимизга интернет тармоғи орқали келган саволлардан бирини эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз: «Бир киши қизини дўстининг ўғлига беришни аҳд қилган. Қиз мўмина бўлиб, бир солиҳ йигит билан турмуш қурмоқчи экан. Ота қизнинг кўнглига қарамай: «Дўстимнинг ўғлига тегмасанг, сени оққ қиламан», – деди. Шундай вақтда отага қулоқ солиши керакми? Отанинг оққ қилиши тўғрими ёки нотўғрими?»
Бунга ўхшаш савол ва ҳодисалар оз эмас.
Бошқа муаммолар қатори, бу муаммони ҳам динимиз таълимотлари асосида ҳал қилишимиз керак бўлади. Бунинг учун эса, динимизнинг бу борадаги таълимотларини қунт билан ўрганишимиз ва уларга ихлос билан амал қилишимиз лозим бўлади. 

عَنْ خَنْسَاءَ بِنْتِ خِدَامٍ الْأَنْصَارِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ أَبَاهَا زَوَّجَهَا وَهِيَ ثَيِّبٌ فَكَرِهَتْ ذَلِكَ، فَأَتَتْ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَرَدَّ نِكَاحَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ 

Хонса бинту Хидом ал-Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Отаси у кишини сўрамай, жувон ҳолида эрга берди. Бу унга ёқмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Бас, у зот унинг никоҳини бекор қилдилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Демак, жувон аёлни ўзидан сўрамай ёки мажбур қилиб бировнинг никоҳига бериб бўлмайди. Ислом дини бундай вақтда ўша аёлга қозига арз қилиш ҳуқуқини беради. Арз қилинган чоғида эса, қози ундай никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Изн сўрамай никоҳланган чоғда иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади. У: «Розиман», деса, никоҳ никоҳ бўлади, бўлмаса, бузилади. 

وَجَاءَتْ جَارِيَةٌ بِكْرٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَذَكَرَتْ أَنَّ أَبَاهَا زَوَّجَهَا وَهِيَ كَارِهَةٌ فَخَيَّرَهَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ 

«Бир бокира қиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни ёқтирмаса ҳам эрга берганини зикр қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни унинг ўзига бердилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Бундай ҳолатда ўша қиз никоҳда қолишни ирода қилса, никоҳ ақди кучга киради, бўлмаса, йўқ.
Бу иш Исломда аёл-қизларнинг эрки, ҳақ-ҳуқуқлари қанчалик риоя қилинишини кўрсатади. Зотан, шу ҳукмдан бошқаси тўғри ҳам эмас. Чунки никоҳ – умр савдоси, кўнгил масаласи. Кўнглига ёқмаган одам билан бир ёстиққа бош қўйиб, умр бўйи яшаш осон бўлибдими? Одатда, эркаклар аввал ўзлари рози, талабгор бўлиб совчи қўйганлари учун уларнинг розилиги ҳақида ривоятлар келмаган. Розилик ҳақида, асосан, аёл-қизлар ҳақидаги ривоятлар келган. Бу ҳаёт тақозосидир. 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ فَتَاةً دَخَلَتْ عَلَيْهَا فَقَالَتْ إِنَّ أَبِي زَوَّجَنِي ابْنَ أَخِيهِ لِيَرْفَعَ بِي خَسِيسَتَهُ وَأَنَا كَارِهَةٌ، قَالَتِ اجْلِسِي حَتَّى يَأْتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَخْبَرَتْهُ، فَأَرْسَلَ إِلَى أَبِيهَا فَدَعَاهُ فَجَعَلَ الْأَمْرَ إِلَيْهَا، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ قَدْ أَجَزْتُ مَا صَنَعَ أَبِي وَلَكِنْ أَرَدْتُ أَنْ أُعْلِمَ النِّسَاءَ أَنَّ لَيْسَ لِلْآبَاءِ مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир қиз у кишининг олдига келиб:
«Отам мени ўз укасининг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастлигини кўтармоқчи. Мен буни хуш кўрмайман», – деди.
У киши: «То Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур», – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердилар. У зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар. Шунда у:
«Ё Расулаллоҳ, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини билдириб қўйишни ирода қилган эдим», – деди».
Насаий ривоят қилган.
Демак, ўзларига турмуш ўртоғи танлашда қизларимизнинг ҳақлари бор экан. Уларнинг розилигини сўрашда эса ишбошилар – қизнинг отаси, ака‑укаси ёки амаки-тоғаси бўладими, ким бўлса ҳам, албатта, мажбур қилмасдан, ниҳоятда одоб-ахлоқ билан муомала қилишлари керак бўлади. Бу иш ҳадисда келган нарса бўлиб, шариатимизнинг қонунидир! Бизда эса, афсуски, шариатнинг ҳукми бир четда қолиб, одамлар ўзича чиқариб олган урф-одатлар, бидъат-хурофотлар ҳукм сурадиган бўлиб қолган.
Бу борада барча ота‑оналар ва ишбошилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари зарур. Келинг, бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қизларига бу борада қандай муомала қилганларини ўрганайлик.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَرَادَ أَنْ يُزَوِّجَ شَيْئًا مِنْ بَنَاتِهِ جَلَسَ إِلَى خِدْرِهَا، فَقَالَ: إِنَّ فُلَانًا يَذْكُرُ فُلَانَةً، يُسَمِّيهَا وَيُسَمِّي الرَّجُلَ الَّذِي ذَكَرَهَا فَإِنْ هِيَ سَكَتَتْ زَوَّجَهَا، وَإِنْ هِيَ كَرِهَتْ نَقَرَتِ السِّتْرَ، فَإِذَا نَقَرَتْهُ لَمْ يُزَوِّجْهَا. رَوَاهُ أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَلٍ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қизларидан бирортасини узатмоқи бўлсалар, унинг пардаси олдига ўтириб, «Фалончи Фалонани зикр қилмоқда», деб, унинг ҳам, уни зикр қилган эркакнинг ҳам исмини айтар эдилар. Агар у сукут сақласа, никоҳлар эдилар. Агар у қиз ёқтирмаса, пардани чертар эди. Қачон қиз пардани чертса, уни никоҳламас эдилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Оламларнинг сарвари, Роббул оламийннинг Расули бўлган зотнинг ўз қизлари билан никоҳ, оила қуриш борасида қилган муомалаларига назар солинг. Қандай юксак одоб! Қандай олий маданият! Қизларнинг одобини, ахлоқини кўринг!

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، عِنْدَنَا يَتِيمَةٌ قَدْ خَطَبَهَا رَجُلَانِ مُوسِرٌ وَمُعْسِرٌ، هِيَ تَهْوَى الْمُعْسِرَ وَنَحْنُ نَهْوَى الْمُوسِرَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَمْ يُرَ لِلْمُتَحَابِّينَ مِثْلُ النِّكَاحِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
«Ё Расулаллоҳ! Бизнинг бир етим қизимизга икки киши – бир бой ва бир камбағал совчилик қилди. У камбағални истаяпти, биз бойни истаяпмиз», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Севишганлар учун никоҳга ўхшагани кўрилмаган», – дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етим қизнинг кўнглига қанчалик эътибор берганларига қаранг! Ким бўлишидан қатъи назар, инсоннинг кўнгли бор. Унинг риоясини қилиш керак.
Аммо, ушбу ўта муҳим масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Бунда болаларнинг ота‑оналарига қарши чиқишлари ноқулай ҳолатга сабаб бўлади. 

НИКОҲДА ИШБОШИЛАРНИНГ РОЗИЛИГИ 

Ҳозирги пайтда ёш йигит-қизлар ўзлари топишиб олган шахс билан оила қуришни мода қилиб олишга ҳаракат қилишлари кўпайиб бораётганлиги маълум. Бу маънода оилаларда келишмовчиликлар чиқаётганлиги ҳам сир эмас. Ўғил-қизларини оққ қилганлар ёки қилмоқчи бўлаётганлар ҳам оз эмас.
Ота‑она болани туғиб, боққан, ювиб-тараган, тарбия қилиб, ўстирган, тунларни бедор ўтказган, турли машаққатларни чеккан. Бу ишларнинг ҳаммаси катта бўлганда ундан яхшилик кўриш ниятида қилинган. Аммо бола катта бўлиб, вояга етиши билан бировни ёқтириб қолиб, у билан оила қурмоқчи бўлмоқда ва ўзининг ушбу иши билан ота‑онасининг иродасига қарши чиқмоқда, улар билан жанжал қилмоқда, уларнинг «оққ қиламан», деган гапига ҳам эътибор бермоқчи эмас.
Ўз-ўзидан, «Бундай вазиятда шариатнинг ҳукми қандай бўлади?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб ахтариб динимиз таълимотлари баён этилган асосий манбаъларга қараймиз.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَيُّمَا امْرَأَةٍ نَكَحَتْ بِغَيْرِ إِذْنِ مَوَالِيهَا فَنِكَاحُهَا بَاطِلٌ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، فَإِنْ دَخَلَ بِهَا فَالْمَهْرُ لَهَا بِمَا أَصَابَ مِنْهَا، فَإِنْ تَشَاجَرُوا فَالسُّلْطَانُ وَلِيُّ مَنْ لَا وَلِيَّ لَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси аёл ўз валийларининг изнисиз никоҳланса, бас, никоҳи ботилдир», деб уч марта айтдилар. Ва:
«Агар (эр) у билан қовушса, у(аёл)дан ҳузурланганлиги учун унга маҳр (беради). Агар тортишиб қолсалар, валийси йўқнинг валийси султондир», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Уламолар жумҳури ушбу ҳадисни дастак қилиб: «Валийсиз ва унинг розилигисиз никоҳ жоиз эмас»,– дейдилар. Бунга қўшимча равишда яна бир неча оят ва ҳадисларни ҳам далил қилиб келтирадилар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса: «Никоҳнинг тўғри бўлишига валийнинг иштироки шарт эмас», – дейдилар. Улар ҳам учта оят ва бир нечта ҳадисларни далил қилиб келтирадилар. Ушбу ҳадисни эса, комил никоҳ ҳақида, дейдилар. Яъни валий иштирок этмаса, комил никоҳ бўлмайди, деганидир, дейишади.
Ҳанафий уламолар ўз ижтиҳодларини қувватлаш учун нақлий далилдан ташқари, ақлий далил ҳам келтирадилар. «Шариат – дейишади улар – балоғатга етган қиз болага ўз молу мулкида ўз ихтиёри билан тасарруф қилиш ҳаққини берган, нафс унинг учун молдан кўра яқинроқ ва азизроқ. Қандай қилиб аёл киши ўз нафсида ўз ҳолича тасарруф қила олмайди?!»
Лекин бу тортишув кўпроқ уламолар орасидаги назарий тортишувлар доирасидан нарига ўтмайди. Амалда эса, валий ҳамма жойда бор. Ҳанафийлар ҳам валий кимлигини, уни ихтиёр қилиш қандай бўлишини ва ҳоказо масалаларни батафсил баён қиладилар.
Валий, кўпинча, ота бўлишини, ота йўқлигида унинг ўрнини босувчи киши бўлишини эътиборга олсак, бу масала яна ҳам ойдинлашади.
Оила қураётган ёш йигит-қизлар ота‑онасини, яқин қариндошларини норози қилиб, никоҳдан ўтишларини ҳеч ким маъқулламайди. Чунки ота‑она, яқин қариндошлар ўз боласига, яқинига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайдилар. Улар никоҳ, оила, эр‑хотинлик масаласида катта билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлганликлари учун, ўз фарзандлари ва яқин кишиларига маслаҳат бериш, яхши йўл кўрсатишга ҳаракат қиладилар.
Ёш йигит-қизлар эса, бошқа турли ишлар каби, никоҳ масаласида ҳам билим ва тажрибалари кам бўлади. Шунинг учун ҳам ота‑оналари, яқин қариндошларининг насиҳатларига амал қилишлари лозим бўлади. Ҳамма уламоларимизнинг насиҳатлари – шу.
Валийсиз никоҳ бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинганда, мабодо шу хилда никоҳ бўлиб, эр аёл билан қовушмай туриб никоҳлари бузилса, ҳеч гап йўқ. Аммо қовушиб қолган бўлсалар, никоҳи бузилган тақдирда ҳам, эр қовушганлиги сабабли аёлга маҳр беради.
Никоҳ валийсиз бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинган чоғда насабий валийлар топилмаса, султон – ҳоким валий бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَلَفْظُهُمَا: لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ وَشَاهِدَيْ عَدْلٍ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Валийсиз никоҳ йўқдир», – дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Аҳмад ва Байҳақийнинг лафзида:
«Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», – дейилган. 

МУАММОНИНГ ЕЧИМИ 

Оила қуриш чоғида умр йўлдошини танлаш борасида ота‑оналар ва болалар, валий – ишбошилар ва муваллолар – уларнинг қўл остидагилар орасида содир бўладиган келишмовчиликларни ҳал этишнинг энг осон ва тўғри йўли, бошқа барча муаммолардаги каби, шариатни ҳакам қилишдир. Шариатимиз эса, бу масалада икки тарафнинг келишиб иш тутишини амр қилган.
Шариат ота‑она ва уларнинг ўрнини босувчи ишбошиларга раҳбарлик ҳаққини бериш билан бирга, қўл остиларидаги ёш йигит-қизларнинг истаги, хоҳишини ҳисобга олишни, хусусан, қизларга нисбатан ўта меҳрибон бўлишни топширган. Улар ўзларининг ҳавойи нафсларига берилиб эмас, шариат таълимотлари асосида иш тутишлари лозим.
Шариат ёш йигит-қизларга умр йўлдошини танлаш ҳуқуқини бериш билан бирга, бу нозик ишда– уларга меҳрибон бўлганлари, ҳаётий тажрибалари мавжуд бўлганлиги учун ота‑она ва уларнинг ўрнини босувчи ишбошилар билан маслаҳатлашиб иш тутишни топширган. Бас, ёшлар ҳам ўз ҳавойи нафсларига берилмасдан, шариат таълимотлари асосида иш тутишлари лозим.
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, мусулмон халқлар бу масалада қадимдан оқилона йўл тутиб келганлар. Бу нозик масалада бошқаларга ўрнак бўлганлар. Ота‑оналар болаларини гўзал тарзда тарбиялаб вояга етказганлар. Болалар ота‑оналарига итоатда, уларга яхшилик қилишда, уларнинг розиликларини топишда ҳеч нарсани аямаганлар. Болалар вояга етиб, уларнинг никоҳланиб, оила қуришлари вақти келганда, икки тараф маслаҳат билан шариатимиз таълимотлари асосида иш тутганлар.
Афсуски, диний таълимотлардан узоқлашиш ва бошқалардан таъсирланиш оқибатида кейинги пайтларда бу масалада бир оз келишмовчиликлар пайдо бўлиб, кўпчиликни ташвишга солмоқда. Бу борада турли муаммолар пайдо бўлиб, ота‑оналарни ҳам, болаларни ҳам ўйлантириб, изтиробга солиб қўймоқда.
Бошқа муаммолар қатори, бу муаммони ҳам тўғри ҳал қилиш осон. Бунинг учун динимиз таълимотларини қунт билан ўрганиб, уларга ихлос билан амал қилишимиз керак бўлади. Аввал имкони бўлмаган бўлса, ҳозир бор.
Болаларни ёшликдан шу каби ишларга тайёрлаб бориш зарур. Улар ота‑оналари ва катталар билан бўладиган муносабатларини эҳтиром ва эъзоз асосида, одоб-ахлоқ билан олиб боришга одатланишлари керак. Айниқса, оила қуриш ва умр йўлдошини танлаш каби нозик ҳамда умр савдоси бўлган ишларда ўзларининг билим ва тажрибалари камлигини ёшлар асло унутмасликлари лозим.
Ота‑оналар ҳам болалари катта бўлиб қолганлигини, уларнинг ҳам кўнгил хоҳишлари, ўзларига яраша орзу-истаклари борлигини ҳисобга олишлари керак.
Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, икки тараф ҳам инсоф билан, шариат таълимотларини ораларида ҳакам қилган ҳолда иш тутсалар, жуда ҳам яхши бўлади.
Мазкур шаръий таълимотларга амал қилган ҳолда совчилик, кўришиш, унаштириш, келишиш каби ишлар амалга оширилиб бўлгандан кейин никоҳланиш фурсати етади.




Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Аёлнинг оиладаги бурчлари
Оилада аёлларнинг ўз эрлари олдида бир неча бурчлари борлиги шариатда Қуръони Карим ва Суннат асосида баён қилинган. Аёлларнинг бу бурчларини эркаклар эмас, балки Аллоҳ таолонинг шариати давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Аёл ва эркак аврати чегараси
وَيَنْظُرُ الرَّجُلُ مِنَ الرَّجُلِ وَالْمَرْأَةُ مِنَ الْمَرْأَةِ وَالرَّجُلِ، давоми...