1-дарс. I-боб мақсадлар ва қоидалар


1-ФАСЛ

Мақсадлар

 Шариат нуқтаи назарида мақсадлар дейилганда фойдани жалб қилиш ва зарарни даф этиш кўзда тутилади. Араб тилида мақсадлар деган калимани маслаҳатлар деб ҳам ишлатиш мумкин. У эса, аввал айтиб ўтилганидек, инсонга фойдани жалб қилиш ва зарарни даф этишдан иборатдир.

Бизнинг тилимиздаги маслаҳат сўзи ҳам шўро – гапни бир ерга қўйиш маъносида ишлатилиши ҳам фойдани жалб қилиб, зарарни даф этиш учун чора излашдан олинган бўлса ажаб эмас.

 Шариатни жорий қилишдан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир қанча мақсадларни кўзлаган. Бу мақсадлар, яъни манфаатлар ва яхшиликлар биз бандалар учун қаратилган.

 Шариат уламолари шариатнинг жорий қилинишидан кўзланган асосий мақсад яхшиликларни жалб қилиш ва ёмонликларни бартараф этишдир, дейишади.

 (Шариат бутун борлиғи билан мукаммал тизим сифатида Аллоҳ таоло томонидан бандаларга тақдим этилгандир. Мана шу шариат деб аталган тизимнинг ҳар бир кўрсатмасида бандалар учун дунё-ю охиратда бирор манфаатни жалб қилиш бор. Унинг ҳар бир қайтариғида бандалар учун дунё-ю охиратда етиши мумкин бўлган зарарни даф эиш мавжуд. Қайси бир ҳукмни олиб ўргансангиз ёки инсонларга бир манфаатни жалб қилади ва ёки улардан бирор зарарни қайтаради. Мана шу умумий қоида бўлиб, шариатга айни шу кўз билан қараш керак.

Демак, кимда-ким шариатга амал қилса унда ҳеч бир зарарга йўлиқмайди, балки ҳамма яхшилик, ҳикмат ва баракаларга эга бўлади).

 Гоҳо маслаҳат – манфаат, хайрият ва яхшилик маъноларини ҳам ифода қилади.

 (Демак, фиқҳ истилоҳида бундан сўнг қаерда манфаат, хайрият, ҳасанот, яхшилик каби сўзлар келса, биз шариатнинг яхши мақсадлари деб тушунишимиз лозим бўлади. Яъни, лафзлар турли бўлсада, маъноси бир-бирига яқин бўлиб, бу сўзларнинг ҳаммаси банда учун фойдалик бўлган нарсаларга далолат қилади).

 Шунингдек, гоҳо зарарли нарсаларни араб тилида мафсада (бузуқлик), мазорра (зарарланиш), шарр (ёмонлик) ва саййиа (гуноҳ) каби лафзлар билан ифодаланади.

 (Демак, бундан сўнг қаерда мафсада, мазорра, шарр ва саййиа лафзлари келса, биз умумий ёмонликлар деб тушунишимиз лозим).

 Агар шариатнинг мақсадларини Қуръон ва суннатдан бирма-бир ўрганиб чиқсақ, Аллоҳ таоло банда учун нима яхшилик бўлса унинг катта-ю кичик ҳаммасига буюргани, бунинг муқобилида шариат банда учун дунё-ю охиратда нима ёмонлик бўлса унинг катта-ю кичигидан қайтарган маълум бўлади..

 «Залзала» сурасида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир.

 Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир» (7-8 оятлар).

 (Демак, заррача яхшилик бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унга бандасини буюрган ва унинг ҳисобини қиёмат куни қилади ҳамда ажрини беради. Шунингдек, заррача ёмонликдан ҳам қайтарган, унинг ҳам ҳисобини қилади ва жазосини беради).

 Қуръони Каримда яхшиликларнинг ҳаммасига қизиқтириш ва ёмонликларнинг барчасидан огоҳлантиришнинг деярли ҳаммасини ўзида жамлаган оят «Наҳл» сурасининг 90-ояти бўлиб, унда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амрэтади ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтаради. У сизларга ваъз қилур.Шоядки, эсласангиз».

 Мафосид калимасининг ўрнига фиқҳ истилоҳида масолиҳ лафзини ҳам ишлатиш мумкинбўлади. Бу ўринда масолиҳнинг салбий маъноси тушунилади. Шунинг учун, «мақсадларёки «маслаҳатлар» дейилса, яхшиликларни жалб қилиш билан бирга ёмонликларни дафқилишлик ҳам тушунилади.

 (Демак, «масолиҳ» деганда ўрнига қараб ҳам ижобий, ҳам салбий маънони тушунишимизмумкин бўлар экан).

 Мақсадлар ҳавойи нафсни эътиборга олмайди.

 (Бошқача қилиб айтганда, шариат мақсадларини жорий қилишда инсоннинг ҳовойи-нафситалабларининг эътибори йўқдир).

 Шариатнинг ўзи унга амал қилувчиларни ҳавою-нафс истакларига эргашишдан қайтаради. Токи бандалар бир жиҳатдан Аллоҳ таолога мажбурий суратда бандалик қилсалар, иккинчи жиҳатдан ихтиёрий ҳолда ҳам қуллик қилсинлар.

 (Демак инсоннинг ҳаёти икки қисмдан иборат.

1.Мажбурий қисм.

2.Ихтиёрий қисм.

Инсон ҳаётининг биринчи қисмида мажбурият доирасидан чиқиб кета олмайди. Яшаши учун ҳаводан нафас олиши керак, кўзи кўриш вазифасини бажарса, қулоғи эшитиш мажбуриятидадир. Унинг бутун аъзолари мажбурият интизомига бўйсунади. Бу жиҳатдан у Аллоҳга ихтиёрий эмас, балки мажбурий суратда қулдир.

Аммо инсон ҳаётининг иккинчи қисмида ихтиёр соҳибидир. Инсон бу қисмда ўзининг истак ва ҳоҳишларини тасарруф қилиш қобилиятига эгадир. Хоҳласа, иймон келтиради, хоҳламаса, келтирмайди. Хоҳласа, намоз ўқийди, хоҳламаса, ўқимайди. Хоҳласа, шариатга эргашади, хоҳламаса эргашмайди ва ҳакозо.

Шариат эса инсоннинг мана шу ихтиёрий ҳаётида ҳам Аллоҳга бандалик қилиши учун хизмат қилади. Яъни, шариатнинг барча мақсадлари, буйруқ ва қайтариқлари инсоннинг ихтиёрий ҳаётига йўналтирилган).

 Шариат таклиф қилган бирор ҳукм хоҳиш ва истакларга хилоф келса, гарчи одатда ўша нарса машаққат кўринса ҳам буни шариат нуқтаи назаридан машаққат дейилмайди.

 (Мисол учун шариатда рўза тутиш жорий қилинган. Одатда бу ҳавои-нафс учун машаққат бўлиб кўринади. Лекин аслида инсон учун машаққат бўлиб кўринган ушбу ҳукм остида ниҳоятда улкан манфаатлар ётибди. Рўза тутган бандалар учун дунёда бадан соғлиғи, руҳий баркамоллик ва энг муҳими охиратда Аллоҳнинг рўзадорлар учун ваъда қилган улуғ ажр мукофотлари бор. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин).

 Агар шариат ҳукмларида ҳавою-нафсга эргашилса, инсон мақсадларига эришиш, шаҳватларини қондириш ва нафсининг насибасини орттириш йўлида турли найрангларни ўйлаб топиши мумкин.

Маслаҳатлар ва шариат аҳкомларининг даражалари.

Ҳаммамизга маълумки шариатдаги ҳукмлар беш поғонадир.

1. Вожиб.

2. Мандуб.

3. Мубоҳ.

4. Макруҳ.

5. Ҳаром.

 (Бу тақсимот жумҳурнинг тақсимоти ҳисобланади. Бизнинг ҳанафийларга кўра ҳукмлар олтитадир

1. Фарз.

2. Вожиб.

3. Мандуб.

4. Мубоҳ.

5. Макруҳ.

6. Ҳаром.

 Бошқа мазҳаб имомларимиз вожиб билан фарзни қўшиб вожиб дейишади. Булардан фарз, вожиб, мандуб ва мубоҳ маслаҳатлар, яъни, манфаатлар жумласига кирса, макруҳ ва ҳаром эса мафосидлар яъни зарарлар жумласидан ҳисобланади).

 Фарз ва вожибнииинг манфаати мандубникидан, мандубники эса мубоҳникидан ортиқроқ бўлади. Шунингдек, ҳаромнинг зарари макруҳнинг зараридан каттароқ ҳисобланади.

 Иззуддийн ибн Абдуссалом «Ал-қоваидул Кубро» китобида айтади:

 «Аллоҳ таоло бандаларини ҳар бир яхшиликка вожиб ёки мандуб орқали буюрган ва ҳар қандай ёмонликдан ҳаром ёки макруҳ ҳукми ила қайтарган. Уларга тўғрилик ва манфаатларини билдирди уни қилишлари учун, эгрилик ва зарарларни танитди ундан сақланишларини учун».

 (Иззу(ддийн) ибн Абдуссалом машҳур ислом олимларидан бири бўлиб, шу билан бирга буюк ташкилотчи ҳам эдилар. Ўз вақтида енгилмас деб таърифланган мўғул-татар босқинчиларининг Айнул-Жолутдаги аламли мағлубиятларига Аллоҳ таоло шу зотни сабабчи қилган).

 У киши яна айтадилар:

«Маслаҳатлар, яъни манфаатлар уч турдир.

1. Мубоҳлар манфаати.

2. Мандублар манфаати.

3. Вожиблар манфаати.

Мафосидлар, яъни зарарлар икки турдир.

1. Макруҳлар зарари.

2. Ҳаромлар зарари.

Мафосидларнинг гуноҳи унинг катта-кичиклигига қараб ва манфаат ҳамда яхшиликларни йўқотиши эътибори билан турлича бўлади.

Шунингдек, маслаҳатларнинг ажри ҳам уларнинг мартабасига қараб, кам ёки кўп бўлади. Савоб манфаатларнинг миқдорига қараб берилганидек, иқоб яъни жазо ҳам зарарларнинг миқдорига қараб берилади.

Жавобирлар, яъни яхшиликка бериладиган мукофатлар манфаатларни жалб қилиш учун шариатда жорий бўлган.

Зажрлар эса, яъни ёмонликлар учун бериладиган жазолар зарарларни даф этиш мақсадида шариатга киритилган.

 (Мисол учун, закот берувчиларга охиратда улкан савоблардан ташқари дунёнинг ўзида ҳам молу-давлатига талофат етмаслик ваъдаси Аллоҳ таоло томонидан берилган. Токи банда закот бериш эвазига келадиган манфаатни билсин ва уни қўлдан чиқариб юбормасин. Демак закот бериш эвазига ваъда қилинган яхшиликка жавобир дейилар экан.

 Агар бир киши ўғрилик қилса, унинг қўлини кесиш таҳдидини Аллоҳ таоло жорий қилган. Токи инсон бу каби уқубатга лойиқ бўлиб қолмаслик учун ўғриликни тарк қилсин. Демак, ўғрилик орқали келадиган зарарларни даф қилиш учун жорий қилинган жазо фиқҳ истилоҳида зажр дейилар экан).

 Агар бирор фойдали ҳукмни вожиб ёки мустаҳаблиги тўғрисида мулоҳаза бўлиб қолса, эҳтиёт юзасидан уни вожиб дейиш маъқулроқдир. Шунингдек, бирор зарарли ҳукмнинг макруҳ ёки ҳаромлиги тўғрисида иккиланиш содир бўлса, эҳтиёт юзасидан уни ҳаром дейиш мақсадга мувофиқдир.

 Иззуддийн ибн Абдуссалом шариатнинг мақсадлари тўғрисида сўз юритиб шундай дейди:

 «Фасодни (зарарни) келтирадиган ва фойдани йўқотадиган ҳар бир тасарруф шариатда ман қилинган. Бунга молни зое қилиш ва беҳудага мижозни бузиш гоҳида жонни ҳалок қилишга сабаб бўлгани учун шариат инсонларни тўқ қоринга таом ейишдан қайтаради».

 Бу шариат ман қилган ишда кўпинча иккита зарар бор; Молни зое қилиш ва мижозни бузиш. Баъзан тўқ қоринга овқат ейиш кишининг ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

 У киши яна қуйидагиларни айтади:

 «Кишининг таом емоғи ва сув ичмоғи тўйиш ва қониш чегарасидан ўтиб кетмаслиги керак. Шу билан бирга емоқ ва ичмоқни заифлашиб ибодатлар ва керакли ишларни бажара олмай ўтириб қоладиган даражада қисқартириш ҳам дуруст эмас».

 Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида айтади:

 «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар» (31-оят).

 


9 йил аввал 5307 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
9 йил аввал 6036 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
9 йил аввал 5916 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
9 йил аввал 6257 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
9 йил аввал 5094 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
9 йил аввал 5669 fiqh.uz