Адабул қози ва қозилик китоблари


«Қазо» сўзи луғатда «кесиш», «ажратиш» ва «ҳукм қилиш» маъноларини англатади. Ҳанафий уламолар истилоҳида эса: «Ўзига хос йўл билан хусуматларни ажратиш ва низоларни кесиш қазодир».
«Қозилик» дейилганда маҳкама, яъни, бугунги исти-лоҳимизга ажнабий тилдан кириб қолган «суд» калимаси тушинилади.
Халқлар ва миллатлар ҳаётида қозилик ишлари катта аҳамиятга эга.

Зотан, айнан қозилик орқали одамлар орасида адолат, инсоф ва тенглик ўрнатилади. Одамлар орасидаги хусуматлар ва низоларга чек қўйилади. Золимнинг зулми ва тажовузкорнинг тажовузи рад қилина-ди.
Бу иш ўта муҳим бўлганидан фақиҳларимиз барча фиқҳ китобларида бу мавзуга оид алоҳида боблар келтирганлар. Улар мазкур бобларда қозилик ҳукмлари, унинг одоблари, даъвогарлик асллари, гувоҳлик қоидалари каби мавзуларга оид маълумотларни киритдилар.
Аммо, бу мавзунинг шомиллиги ва кенглиги қозилик ва унинг қоидалари ва одоблари бўйича алоҳида илм ва фанга асос солишни тақозо қилар эди. Бу ҳақийқатни қадимги фақиҳлар ўз вақтида тушуниб етдилар. Уларнинг биринчи сафида имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи бор эди. У киши Ислом тарихидаги биринчи қозиларнинг бош қозиси бўлган эди. Имом Абу Юсуфнинг бу ишда шахсий тажриба-лари бор эди. Шунинг учун ҳам, у киши қозилик тузумлари, қоидалари, қозининг одоблари ҳақида биринчи мустақил ки-тоб муаллифи бўлдилар.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи «Адабул қозий» номли китобларини имло тарийқасида таълийф қилдилар. Шогирдлари уни қоғозга туширдилар. Кейинчалик кўплаб уламолар бу китобга шарҳлар ёздилар.
Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам «Адабул қози» номли китоб таълийф қилди-лар.
Кейинчалик бу мавзудаги китоблар кўпайиб кетди.  
Биз ҳозир барча қозилар ва қозилик ҳақида китоб ёз-ганлар учун асосий дастур бўлиб келаётган бир тарихий ҳужжат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу ҳужжат «Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо Ашъарийга мактуби» деган ном билан машҳур. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халийфалик даврларида улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлганлар. Ана ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Аш-ъарий розияллоҳу анҳуга ушбу машҳур мактубни ёзганлар. Мазкур мактуб кейинчалик қозилик ишларининг дастурига айланиб қолган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Европа халқлари ҳам уйғониш давридан сўнг, қозилик нима, маҳкама нима, кишиларнинг ҳаққ-ҳуқуқлари нима, каби масалаларни Андалус мусулмонларидан ўрганганларидан кейин, ҳазрати Умарнинг мактуб-ларини ўз тилларига таржима қилиб ўргандилар. Кейин-чалик ўқув юртларида дарс қилиб ўтдилар ҳам.
Ушбу муҳим ҳужжатни имом Дора Қутний ўзларининг «Сунан» китобларининг тўртинчи жузъида «Умар ибн Ҳат-тобнинг Абу Мусо Ашъарийга мактуби» сарлавҳаси остида аниқ санадлари билан келтирганлар:
«Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Муҳаммад ан-Нуъмонийдан, у Абдуллоҳ ибн Абдуссамад ибн Абу Хаддошдан, у Ҳусайн ибн Юнусдан, у Убайдуллоҳ ибн Абу Ҳумайддан, у Абул Малиҳ ал-Ҳузалийдан ривоят қиладики: «Умар ибн Ҳаттоб Абу Мусо ал-Ашъарийга шундоқ ёзганди: «Аммо баъду:
«Албатта, қозилик ишлари муҳкам фарздир ва бардавом суннатдир. Қачон сенга ҳужжат келтирилса, уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳаққ равшан бўлган чоғда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳаққ учун (орага тушиб) гапириш манфаат бермайди. Икки томон орасида юзингни, мажлисингни ва адо-латингни бир хил қил. Токи,  шараф сенинг жаврингга тамаъ қилмасин ва заиф сенинг адолатингдан ноумид бўлмасин. Даъвогарлик қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга қасам ичиш лозим бўлади. Мусулмонлар орасида сулҳ жоиздир. Магар, ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган сулҳ жоиз эмас. Кеча чиқарган ҳукминг уни ўзингча қайта кўриб, тўғриликка ҳидоят қилиниб, сўнгра ҳаққа қайтишингдан манъ қилмасин. Чунки, ҳаққ қадимийдир. Ҳаққа қайтишлик ботилда бардавом бўлишдан яхшидир. Ки-тоб ва суннатдан сенга етмаган, қалбингни ҳижил қилган нарсани яхшилаб фаҳмлашга урин. Бир-бирига мисл ва ўхшаш бўлган нарсаларни яхшилаб таниб ол. Сўнгра ўшанга биноан бошқа ишларни қиёс қил. Ишларнинг Аллоҳга энг маҳбубига ва сенинг кўз қарашингга ҳақийқатга энг яқинига қасд қил. Ким ҳужжат келтиришни даъво қилса, унга етарлича вақт бер. Агар у ҳужжат келтирса, ҳаққини олур. Магар унинг зиддига ҳукм чиқарасан. Албатта, ўшандоқ бўлиши ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир. Му-сулмонлар бир-бирлари учун одилдирлар. Магар, ҳадд урил-ган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб бўлган ёҳуд бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўзига олган ва сизга ҳужжатларни қайтарган. Зинҳор одамлар орасида беҳаловат, зажрли ва озорланувчи бўлма. Яна, Аллоҳ ажр берадиган ва захийраси яхши бўладиган ҳаққ жойларда хусуматчилардан ўзингни беркитма. Чунки, ким ўзи билан Аллоҳ орасида ўз зарарига бўлса ҳам ниятини яхши қилса, Аллоҳ у билан одамлар орасини яхши қилиш кафолатини олади. Ким Аллоҳ билиб турган нарсани беркитиб, одамлар учун зийнатланса, Аллоҳ уни хунук  қилиб қўяди. Бас, шундоқ экан, Аллоҳ азза ва жалла ризқи азалида ва раҳмат хазийнасида ўзгартириб қўйган савоб ҳақида нима дея олар эдийнг. Вассалому алайка».
Қозилик одоби ҳақида Исломда мукаммал қоидалар ишлаб чиқилган. Алоҳида китоблар ҳам ёзилган ва булар барча ҳадис, фиқҳ ва адабий китобларимизда қозилик одобига бағишланган ушбу бобга ўхшаш боблардан ташқари гаплардир.
Қозилик одоби ҳақида битилган алоҳида китоблар ичи-да Имом Мовардийнинг «Одобул қози» китоби машҳурдир. Бу китобни ўқиган одам Исломда қадимдан қозилик ишлари қанчалик мукаммал тарзда, энг нозик томонларини ҳам ҳисобга олиб йўлга  қўйилганининг шоҳиди бўлади. Ҳаттоки, қози қозихонада кишилар орасида ҳукм чиқариш учун ўтирганда қандоқ кийим кийиши лозимлигигача кўрсатиб қўйилган.
Адабул қози услуби бўйича китоб ёзган баъзи ҳана-фий уламолар:
1. Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим (ҳижрий 182-йилда вафот этган). У киши бу соҳада биринчи бўлиб ки-тоб ёзган олимдир.
2. Муҳаммад ибн Саммоъа Ҳанафий (ҳижрий 233-йилда вафот этган).
3. Абу Бакр Аҳмад ибн Амр Хассоф Ҳанафий (ҳижрий 261-йилда вафот этган).
Бу китоб бир юз йигирма бобдан иборат. У, бу бобда-ги кўп нарсани ўзида жамлаган китобдир. Илм соҳиблари уни доимо қадрлашган. Мазкур китобнинг шарҳлари ҳам кўп.
Бошқа фиқҳий мазҳаб уламолари, жумладан, Шо-феъий мазҳаби фақиҳлари ҳам «Одобул қози» номли ки-тоблар ёзган. Уларнинг ичидан улуғ ватандошимиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шошийни алоҳида эсга олмоқчимиз.
«Қозилик китоблари» деганимизда одамлар орасида ҳукм чиқаришнинг фиқҳий ечимларини ўз ичига олган китобларни тушунамиз. Бу йўналишдаги китоблар ҳам фиқҳий мазҳаблар асосида бўлган. Улардан баъзилари билан қисқача танишиб чиқамиз.
1. «Муъийнул ҳукком фий маа ятараддаду байнал хасмайни минал аҳком».
Бу китоб Ҳанафий мазҳабига оид бўлиб, унинг муал-лифи Алоуддийн Абулҳасан Али ибн Халил Тораблусий-дир.
«Муъийнул ҳукком фий маа ятараддаду байнал хас-майни минал аҳком»ни мусанниф Ҳанафий мазҳабидаги турли китоблардан қон тўкишнинг олдини олиш, ҳаром қилинган жинсий алоқалардан сақланиш, мубоҳларини таниш, молиявий ва бошқа муомалаларни билдириш мақсадида жамлаган. Бу китоб уч қисмдан иборат:
1. Ҳукм чиқаришга оид илмнинг муқаддималари.
2. Ҳукм чиқариш учун лозим бўладиган далил ва ҳужжатлар ҳамда уларнинг ўрнига ишлатиладиган нар-салар ҳақида.
3. Шаръий сиёсат ҳукмлари ҳақида.
Алоуддийн Абулҳасан Али ибн Халил Тораблусий ўзининг китобида масалаларни савол-жавоб та-рийқасида келтирган. У ҳар бир масалани алоҳида зикр қилиб туриб, кейин унга жавоб беради. Мазкур масала бўйича ўз мазҳаби имомларининг гапларини келтириб, ўша гаплар ичида қай бири кучли эканини баён қилади. Гоҳида бошқа мазҳабларнинг фикрла-рини ҳам келтиради.
2. «Дурарул ҳукком шарҳу мажаллатил аҳком».
Бу китоб ҳам Ҳанафий мазҳабига оид бўлиб, унинг мусаннифи Али Ҳайдар раҳматуллоҳи алайҳидир.
Усмонийлар давлати Ҳанафий мазҳаби асосида фуқа-ролик қонуни яратиш мақсадида ўша вақтнинг пешқадам уламоларидан бир илмий гуруҳ ташкил қилди. Бундан маҳкамалар орасидаги ихтилофларга барҳам бериш ҳам кўзда тутилган эди. Мазкур уламолар гуруҳига адлия вазири Аҳмад Жавдат поша раислик қилди. Кейин «Мажаллатул аҳком адлийя»ни ижод қилинди. Ушбу мажалла усмонийлар давлатининг энг улуғ иши ҳисобланади.
Ўша вақтдаги фақиҳ, қози ва олимларнинг фахри бўлган ҳуқуқ куллиясининг «Мажалла» бўйича мударри-си Али Ҳайдар афанди уни ажойиб услубда шарҳ қилди.
Али Ҳайдар афанди ўз шарҳининг аввалида Ҳа-нафий мазҳабидаги умумий қоидаларни келтирган. Китобнинг тартиби одатдаги фиқҳий тартибга мос эмас. У аввал савдо китобини, кейин ижарани кел-тириб, сўнг шу тарийқа давом эттирган. У модда-ларни тартиб рақами бўйича келтиради. Ўз мазҳа-бидаги кучли фикрни баён қилади. Бошқа мазҳаб-ларнинг фикрини ва далилларни келтирмайди.
3. «Эъламул муваққиъийн ар-Роббил ала-мийн».
Бу китобнинг мусаннифи ҳанбалий мазҳабидаги Абу Аб-дуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Айюб ибн Қайюм ал-Жавзийядир.
«Эъламул муваққиъийн ар-Роббил аламийн» фиқҳ, усу-лул фиқҳ, шариат мақсадлари, шариат ҳукмлари тарихи ва шаръий сиёсатга оид маълумотларни ўзида жамлаган ки-тобдир. Муаллиф Набий алайҳиссаломга эргашишга тарғиб қилгандан кейин, шариат аҳкомлари манбаълари ҳақидаги маълумотларни келтиради. Сўнг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳига қозилик ҳақида ёзган мактубини шарҳ қилади.
«Эъламул муваққиъийн ар-Роббил аламийн» муал-лифи рибо, ҳийла, қиёс, таъвийл, муфтийлик шартлари ва фатво одоблари каби бир қанча масалаларни фиқҳ ва усулул фиқҳ юзасидан таҳлил қилади. Китобнинг охири-да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатво-лари фиқҳий боблар тартибида келтирилиб, кенг, чуқур ва батафсил баён қилинади.
4. «Табсиратул ҳуккам фий усулил ақзийяти ва маноҳижил Аҳком».
Бу китобнинг муаллифи Моликий мазҳабидаги ула-молардан Бурҳониддийн Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун ал-Яъмурийдир. 
«Табсиратул ҳуккам фий усулил ақзийяти ва ма-ноҳижил аҳком»да қозилик ва ишни қозига ошириш одоблари ва ушбу мавзуга тегишли бошқа масалалар ҳақида сўз юритилади.
Бурҳониддийн Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун ал-Яъмурий ўзининг бу китобини уч қисмга бўлган:
1. Қозилик низоми, унинг фазли ва арконлари ҳамда қозиларни тайинлаш ва унинг шартлари.
2. Ҳукм чиқаришда керак бўладиган далилу ҳуж-жатлар ва уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалар. Бу қисм етмиш бобдан иборат.
3. Шаръий сиёсат аҳкомлари. Улар қандай қилиб ша-риатга кирган, ҳолатлари қандай бўлади, туҳматга оид нарсалар, кафиллик, уқубатлар ва бошқалар.
Бурҳониддийн Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун ал-Яъмурийнинг «Табсиратул ҳуккам фий усулил ақзийяти ва маноҳижил аҳком» номли китоби ўзининг тартиби, мавзуи, тили ва бошқа жиҳатлари ила ислом фиқҳида ёзилган энг яхши китоблардан бири ҳисобланади.
Қози Мужоҳидул Ислом Қосимий «Синвонул қазо ва унвонул фатво» китоби нашрига ёзган муқаддимасида қозилик ва адабул қози мавзусида ёзилган бир қанча ки-тоблар ҳақида рўйхат келтиради. Мазкур рўйхатда Ҳанафий мазҳаби уламоларининг йигирма иккита китоби, Шофеъий мазҳаби уламоларининг йигирма тўрт китоби, Моликий мазҳаби уламоларининг ўн иккита китоби ва Ҳанбалий мазҳаби ҳамда бошқа мазҳаб уламоларининг бир қанча китоби зикр қилинган. 
Қози Мужоҳидул Ислом Қосимий Ҳанафий мазҳаби уламоларидан имом Абу Бакр Аҳмад ибн Амр Хассофнинг «Адабул Қози» китобига ёзилган шарҳлардан ўнтасининг рўйхатини ҳам келтиради. Шунинг ўзи бу мавзу бўйича китоблар қанчалар кўплигига далилдир.
Энди Мовароуннаҳр диёрида яшаб ўтган уламолар-нинг ушбу мавзу бўйича китоб ёзганларидан баъзилари-ни зикр қилиб ўтишга изожат бергайсиз.
1. Имом Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарах-сий.
2. Шайхул Ислом Али ибн Ҳусайн Сўғдий.
3. Имом Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Абу Муҳаммад Ҳисомиддийн Содруш Шаҳийд.
4. Имом Абу Бакр Муҳаммад Хоҳарзода.
5. Фахруддийн Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Қозихон.
6. Имом Муҳаммад ибн Аҳмад Қосимий Хўжандий.
7. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Бишр Марвазий.
8. Умар ибн Шамсул Аимма Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Заринжарий Имодуддийн Абу Бакр Бухорий.
9. Абул Фатҳ Абдурроҳийм ибн Абу Бакр ибн Абдул-жалил Марғиноний. Бу зотнинг китоби «Фусулул аҳкам ли усулул аҳкам» деб номланган.
10. Имом Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоний Бухорий. 
11. Имом Умар ибн Абдулазиз ибн Моза Ҳисом Шаҳийд. 
12. Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шо-ший (Шофеъий мазҳабида).




Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
9 йил аввал 6036 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
9 йил аввал 5915 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
9 йил аввал 6255 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
9 йил аввал 5094 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
9 йил аввал 5669 fiqh.uz