Фатво китоблари ва фатвога масъуллар


Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.
Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади.

Биринчи фатво берувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У кишидан кейин олим саҳобалар, то-беъинлар, табаъа тобеъинлар ва мужтаҳид уламолар фатво берувчи бўлдилар. Бу иш ҳозиргача давом этиб келмоқда.
Мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво бериб туришнинг таъминланиши фарзи кифоядир. Яъни, фатво бериб туришга етарли уламолар бўлиши лозим ва лобуддир.
Бошқа дийний илмлар каби фатвога оид маълумотлар ҳам аввал оғзаки тарзда нақл қилиниб юрилган. Кейин баъзи илм толиблари ўзлари  учун дафтарларига ёзиб юр-ганлар. Аста-секин бу иш ривожланиб борган. Ислом олами-да илмларни ёзиш тарқалиб бориб, турли китоблар ёзилиши йўлга қўйилганидан кейин, фатвога оид алоҳида китобларга ҳожат тушган.
«Фатволар ва воқеъалар» деб аталган фиқҳий китоб-ларда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги муж-таҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан са-вол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. Кей-ин келган мужтаҳидлардан мурод Ҳанафий мазҳабида Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганлар-нинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб, хабарлари табақот китобларида келган.
Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳё, Абу Наср Қосим ибн Сал-ломга ўхшашлар киради.
Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин.
Уларнинг фатволарини дастлаб жамлаган асар Абу Лайс Самарқандийнинг «Навозил» китобидир. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун, Нотифий «Мажмаъул навозил ва Воқеъот»ни, Со-друш Шаҳийд «Воқеъот»ни жамлаган.
Кейинги уламолар аралаш китоблар таснийф қилди-лар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса, Розиюддийн Сарахсий ўзининг «Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб, ҳар бир соҳани айри-айри келтирдилар. У, аввал усулга оид масалаларни келтириб, кейин наводирларни келтирган.
Албатта, фатволар ва воқеъотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки, усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фат-во ва воқеъотлар эса, уларнинг қавллари асосида издош-лари ечган масалалардир.
1. Фатавои Татархония.
Бу китобнинг муаллифи Фарийдуддийн Олим ибн Алаа Андиритий Деҳлавий Ҳиндий Ҳанафийдир. У киши ҳижрий 786-йилда вафот этган. Муаллиф ўз китобини ўша замонда катта амирлардан бўлган оғайниси Татархонга бағишлаган ва «Татархония» деб номлаган. Бу китобни муаллиф ҳана-фий фиқҳи бўйича ўттиздан ортиқ китобдан жамлаган.
«Фатавои Татархония»нинг аввалида Фарийдуддийн Олим ибн Алаа Андиритий Деҳлавий Ҳиндий ҳанафий илм ҳақида боб келтирган ва ундан кейин «Ҳидоя»нинг тартиби бўйича фатволарни тақдим қилган. Бу китобнинг иккинчи номи «Зодул Мусофир» бўлган. Муаллиф ўзининг бу кито-бини ҳижрий 777-йилда ёзган.   
2. «Ал-фатаво ал-кубро».
Муаллиф Содрул Кабийр Ҳисомуддийн Умар ибн Аб-дулазиз Ҳанафий (ҳижрий 536-санада вафот қилган).
Муаллиф китобнинг муқаддимасида фақиҳ Абу Лайс-нинг «Навозил»и, Абул Аббос Нотифийнинг «Воқеъот»и, имом Муҳаммад ибн Фазлнинг ва аҳли Самарқанднинг фатволарини жамлашга ҳамда ўзига тушган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилажагини таъкидлаган. Муал-лиф раҳматуллоҳи алайҳи мазкур китоблардан олинган фатволарни маълум ҳарфлар билан белгилаб борган. Бу китобни тартибга солган, мухтасар қилган уламолар ҳам кўп бўлган.
3. Ал-фатаво ал-Баззозия.
Муаллиф имом Ҳофизуддийн Муҳаммад ибн Муҳам-мад ибн Шиҳоб Баззоз Кардарий Ҳанафий (ҳижрий 828-санада вафот этган). Бу китобнинг иккинчи номи «Ал-жомеъ ал-важиз».
Имом Баззоз раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу кито-бида турли китобларда келган муҳим фатволарни жамла-ган. Далили кучли бўлган фатволарни кўрсатиб ўтган. Уламолар бу китобга суянса бўлишини таъкидлаганлар. Ҳижрий 812-йилда ёзиб битирилган.
Абу Саъуд Муфтийга, нима учун муҳим масалаларни жамлаб битта китоб таълийф қилмайсиз, дейилганда, «Мен «Баззозия»нинг соҳибидан уяламан.  Унинг китоби мавжуд. У шарафли бир мажмуъа бўлиб, унда барча муҳим масалалар бор», деган.
4. «Уюнул масоилил муҳимма».
Муаллиф имом Муҳиддийн Яҳё ибн Шараф Нававий (ҳижрий 676-йилда вафот этган). Шунинг учун бу китоб-ни «Фатовий Нававийя» деб ҳам аталади.
Имом Муҳиддийн Яҳё ибн Шараф Нававий ўзининг бу китобини тушган саволлар тартибида олиб кетаверган. Уни алоҳида бобларга ажратмаган. Кўпчилик тушунади-ган бўлиши учун ҳаракат қилган. Кейин келган уламолар бу китобни тартибга солганлар. Бу китоб Шофеъий мазҳабидаги фатво китобларининг намунасидир.
5. «Ал-фатовий ал-кубро».
Муаллиф Абул Аббос Тақиюддийн Аҳмад ибн Абдул Ҳалим ибн Таймия Ҳанбалий. Бу китоб катта ҳажмда бўлиб, унинг баъзи нашрлари бир неча мужаллад бўлган. Унда муаллиф ўзига берилган саволларга иложи борича бошқа фақиҳларнинг гапидан олмай, оят ва ҳадисдан далил келтириб жавоб беришга ҳаракат қилган. Натижа-да, ҳатто ўзининг эргашган мазҳаби–ҳанбалий мазҳабига хилоф гапларни ҳам айтган. Бу китоб ҳақида кишилар ихтилофдалар. Ибн Таймиянинг тарафдорлари мақтовда муболаға қилишса, унинг мухолифлари танқидда муболаға қилишади.
6. «Фатавий ал-Али».
Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Алийшнинг ки-тоби бўлиб, Моликий мазҳаб бўйича фатволар китоби-нинг намунасидир.
Бизнинг диёримизда ҳам фатво китоблари кўп битил-ган. Уламоларимиз фиқҳий китобларнинг бу турига ҳам алоҳида эътибор билан қарашган. Мазкур китоблардан баъзиларини ёдга олишимиз мумкин.
1. Фатавои Қозихон.
Бу китобнинг муаллифи имом Фахруддийн Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний  Ҳанафий (ҳижрий 592-санадада вафот этган). Муаллиф бу китобнинг таълий-фини ҳижрий 578-сана, Муҳаррам ойининг ўнинчиси, чоршанба куни бошлаган.  
Ҳожи Халийфа «Кашфуз-зунун»да «Фатавои Қози-хон» китобини: «Бу машҳур ва маълум китобдир. Унга амал қилингандир. Уни уламо ва фуқаҳолар кўп ўқий-дилар. Ҳукм ва фатво ила боғлиқ кишиларнинг кўз ўнгидаги китобдир. Бу китобда кўп содир бўладиган ҳодисалар, ҳожат тушиб турадиган масалалар ва уммат-нинг иши тушиб турадиган воқеъалар зикр қилинган», деб таърифланган.
«Фатавои Қозихон»нинг муаллифи уни «Расмул муф-тий» деб номланган мухтасар муқаддима ила бошлайди ва унда фатво беришга оид қоидаларни баён қилади. Кейин фиқҳ китобларининг одатдаги тартибига биноан «Китобут-тоҳарат» дан бошлаб кетади.
Китобда фиқҳий масалалар ҳанафий мазҳаби уламолари ижтиҳодлари асосида олиб борилади. Оят ва ҳадислардан далил келтирилмайди. 
«Фатавои Қозихон» китобининг иккинчи номи «Хо-ния»дир. Бу китоб уламо ва толиби илмлар орасида машҳур бўлган. Шунингдек, қозилик ва муфтийлик билан машғул бўлганларнинг кўз ўнгида бўлгандир. «Фатавои Қозихон»да ўша вақтларда воқеъликда кўп учрайдиган ва тез-тез ҳожат тушиб турадиган масалаларнинг зикри келган. «Фатавои Қозихон»да берилган маълумотлар фуруъул фиқҳ китобла-ридаги тартиб асосида бўлган.
2. «Навозил»
Муаллифи Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (ҳижрий 383-санада вафот этган). Имом Абу Лайс Самарқандий бу китобини имло қилишдан ҳижрий 376-йилнинг Жумадул Аввал ойи, Жумъа куни фо-риғ бўлган.
3. Захийратул фатавий.
Имом Бурҳониддийн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий (ҳижрий 616-санада вафот эт-ган).
4. Хулосатул Фатава.
Имом Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашийд Бухорийнинг асари. (ҳижрий 542-санада вафот этган). Муаллиф ўз асари-нинг аввалида фатво бўйича «Хизонатул Воқеъот» ва «Ки-тобун-нисоб» номли асарлар ёзганини ва баъзи биродарла-ри буларнинг қисқача хулосасини алоҳида китоб қилишни сўраганларида «Хулоса»ни ёзганини айтади.
5. Фатавои Зоҳийрийя.
Бу китоб Зоҳийруддийн Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Бухорий Ҳанафийнинг қаламига мансубдир. У киши ҳижрий 619-санада вафот этган. Бухорода қози ва муҳтасиб бўлган.
Зоҳийруддийн Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Бухорий-нинг ўзининг ёзишича «Фатавои Зоҳийрийя»да одамларга фойда берувчи кўплаб маълумотлар жамлангандир.
6. Жомеъул фатавий.
Бу китобнинг муаллифи имом Носируддийн Абул Қосим Муҳаммад ибн Юсуф Самарқандий Ҳанафийдир. У киши ҳижрий 556-йилда вафот этган.
7. Фатавойи Аттобийя.
Бу китобнинг муаллифи Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад Аттобий Бухорий Ҳанафийдир. Аттобийя Бухоронинг маҳал-лаларидан бирининг номидир. У киши ҳижрий 586-йилда вафот этган.
Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад Аттобий Бухорий Ҳана-фий зоҳид олимлардан бўлган. У киши биз айтган фатво ки-тобидан бошқа «Шарҳу Зиёдотуз-зиёдот», «Шарҳу Жомеъус Сағийр», «Шарҳу Жомеъул Кабийр», «Тафсирул Қуръон» ва бошқа китобларни ҳам ёзган.
8. Фатавойи Сайрафийя.
Бу китобнинг муаллифи имом Маждуддийн Асъад ибн Юсуф ибн Али Бухорий Сайрафийдир. У киши «Оҳу» лақаби билан машҳур бўлганлар. Муаллиф-нинг баъзи шогирдлари айтишича, у киши қози ҳукм чиқариш пайтида жавобларига суянадиган имом-ларнинг жавобларини ёзган. Мазкур жавобларнинг баъзилари имомларнинг китобларида ёзилган бўлиб, бошқалари уларнинг жавобларига таққосланган. Маждуддийн Асъад ибн Юсуф ибн Али Бухорий Сай-рафий бу китобида аввал ўтган ва кейин келганлар-нинг китобларидан ажойиб масалаларни танлаб ол-ган. Аммо, жавобларни тартибга ҳам солмаган, са-раламаган ҳам. Кейин баъзи шогирдлари уларни са-ралаб, тартибга солган.
9. Фатавойи Сирожийя.
Бу китобнинг муаллифи Али ибн Усмон ибн Муҳамад Сирожуддийн Ўшийдир. Бу киши «Бадъул амолий» қасий-дасининг муаллифидир. Муаллиф ўзининг «Фатавойи Сиро-жийя» китобини ҳижрий 569-йилда тугатган. Мазкур китоб-нинг нусхаларидан бирида «Беш юз олтмиш тўққизинчи йил, Муҳаррам ойи, душанба куни, Ўшда, Али ибн Усмон ибн Муҳаммаднинг қўлида тугатилди», деган ёзув бўлган. Ки-тобни тадқиқ қилган олимлар унда бошқа китобларда кам учрайдиган нодир маълумотлар борлигини таъкидлаганлар.
10. Фатавойи Насафийя.
Бу китобнинг муаллифи Нажмуддийн Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафийдир. У киши «Самарқанд алломаси» лақаби ила машҳур бўлган. Ҳижрий 537-йилда вафот қил-ган. Бу китоб Нажмуддийн Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг ўзидан сўралган саволларга берган жавобла-ридан иборатдир.
11. Фатавий суғро ва Фатавий кубро.
Бу икки китобнинг номини таржима қиладиган бўлсак «Кичик фатволар» ва «Катта фатволар» бўлади. Яъни, фат-волар тўпламидан иборат иккита китоб. Ушбу икки китоб-нинг муаллифи имом Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Мо-за Абу Муҳаммад Ҳисомуддийн Содруш Шаҳийддир. Ҳижрий 483-санада таваллуд топган.
У киши фиқҳ илмини отаси Бурҳониддийн Ка-бийр Абдулазиздан ўрганган. Кўп ҳаракат қилиб ўз замонасининг пешқадам олимига айланган. Бир муддат муҳтарам бўлган ҳолида истиқомат қилган.
Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Абу Муҳаммад Ҳисомуддийн Содруш Шаҳийд ҳажрий 536-санада, Сафар ойида шаҳийд бўлган. У кишини Қатвон воқеъасидан кейин Самарқандда бир лаънати кофир қатл қилган. Жасади Бухо-рога нақл қилинган.
Бу зот «Ҳидоя»нинг соҳиби Бурҳонуддийн Марғилоний-нинг устози бўлади. Имом Бурҳонуддийн Марғилоний устози Содруш Шаҳийд ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Ундан назар илми ва фиқҳни олдим. Мени жуда ҳам ҳурмат қилар эди. Ўзининг хом шогирдларига қўшар эди. Унинг «Кичик фатво-лар» ва «Катта фатволар», «Шарҳу Адабил Қозий», «Шарҳу Жомеъус Сағийр» ва «Шарҳун Нафақаот»лари бор».
12. Ал-Мултоқат фий Фатавий Ҳанафийя.
Бу китобнинг муаллифи имом Носириддийн Абул Қосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳусайний Самарқандийдир. У киши ҳижрий 556йилда вафот қилган. Бу китобни жамлаш ҳиж-рий 549йилнинг Шаъбон ойи охирларида тамом бўлган. Кейин китобни Жалолуддийн Маҳмуд ибн Маждуддийн Ҳу-сайн ибн Аҳмад Асрушний тартибга солган. Унга зиёда ҳам қилмаган, уни қисқартирмаган ҳам. У бу ишни Асрушнада, ҳижрий 603-йили Шаъбоннинг аввалида битирган. Ҳижрий 616-йили Сафар ойида ҳаммасини Самрқандда имло қилган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Фатво ва унинг мазмун-моҳияти. Бу сўз араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида ҳукм чиқаришга нисбатан ишлатилади. Яъни фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда.

Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.

Фатво – якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи муфтий ёки халқаро марказлар томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Чунончи, Қуръони каримнинг ўзига хос мўъжизакорлиги, ундаги балоғат ва фасоҳатнинг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларнинг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган. Шундай экан, исломнинг ҳар икки манбаси: Қуръон ва Суннага асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга.

Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.

Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади.

Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.

Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарган. Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “ал-Мажмуъ” номли китобида Абдураҳмон ибн Аби Лайлодан қуйидагиларни ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг 120 ансорий саҳобадан савол сўралганда “анавидан сўра”, – деб бошқаларига ишора қилинар ва охири яна аввалгисига саволнинг қайтиб келганини кўрдим”.

Ибн Абдул Барр “Жомиъул-илм” китобида Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади: “Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Савол сўралганда кўпинча: “билмайман”, – дер эди-да, менга қараб: “Анавилар нимани исташини билдингми, улар бизнинг елкамизни жаҳаннамга кўприк қилмоқчи”, – дер эди”.

Суфён ва Саҳнун айтадики: “Одамларнинг фатвога журъатлироғи энг нодони ва илмсизи бўлади. Олим киши фатво беришнинг ҳайбатидан қўрқиб туради. Агар ҳукм Қуръон ва Сунна ҳамда ижмоъда равшан келган бўлса, уни айтишга журъат қилади, аммо ўша ҳукм ҳақида турли фикрлар айтилган ёки яширин маъноси бўлса, олдин масалани чуқур ўрганади, равшан бўлмаган масала ҳукмини айтишдан сақланади”.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.

Яҳё ибн Муъиндан сўрашди: “Мингта ҳадис билган одам фатво бериши мумкинми?”. У зот: “Йўқ”, – деди. “Икки минг ҳадис билган одамчи?”, – деб яна сўрашди. У зот: “Йўқ”, – деди. “Беш минг ҳадис ёдлаганчи?”, – дейишганида: “Бу ҳам фатво беришга камлик қилади”, – деган эканлар.

Абу Алий аз¬Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен учратган чуқур билим ва тафаккурга эга бўлган шахслардан савол сўралганда ҳалқумларига жонлари тиқилгудек ҳолатга тушишар эди. Бизнинг давримиздаги фатво берувчилар эса фатво беришга ошиқади. Ваҳоланки, уларни қиёмат куни нима кутиб турганини билмайдилар. Агар билганларида эди, бундай йўл тутмасдилар”. У зот яна: “Мен чуқур билимга эга бўлган етмишта шахс фатво беришга лойиқлигим тўғрисида гувоҳлик бермагунларича фатво бермаганман”, – деган эканлар.

Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.

Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.

Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!

Шу ва шунга ўхшаш фатво масъулияти ва ундан келиб чиқадиган хатарларни олдини олиш мақсадида Миср муфтийси, шайх Али Жума таклифига кўра, мусулмонларга фатво бериш бўйича ягона марказ ташкил этиш масаласи кўтарилган. Бу таклиф кўпгина давлатларда, жумладан, Жиддадаги Ислом фиқҳи академияси (Саудия Арабистони), Ҳиндистон ислом фиқҳи ассамблеяси, Индонезия ислом маркази ва Қувайт халқаро васатия марказлари томонидан ижобий қабул қилинган. “Ягона фатво режаси”га кўра ислом уламолари тортишувга сабаб бўлаётган масалаларга барҳам беришда кенг миқёсда тадқиқот ишларини олиб борадилар. Айни пайтда турли кўринишдаги фатволарнинг мавжудлиги ва унинг тушунишда ҳар хил ёндашувнинг мавжудлиги мусулмонлар ўртасида зўравонлик ва бир-бирига қарама-қаршилик туғдираётгани аччиқ ҳақиқатдир.

Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.


«Ислом маърифати: аслият ва талқин»


“Фатво” сўзи “бирон-бир масаланинг шаръий ҳукмини тушунтириш, унинг ечимини топиш” маъноси англатади. Фатво ҳалол ва ҳаром, савоб ва гуноҳ каби масалалар билан боғлиқ бўлганлиги сабаб унинг масъулияти ва жавобгарлиги катта. Тўғри фатво бериш орқали одамларни яхши ишларга йўллаш, ёмонликдан қайтариш савобли иш. Бироқ илмсиз тарзда нотўғри фатво бериш ҳам шунчалик хатарлидир. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фатвога журъатлиларингиз дўзахга журъатли бўлганларингиздир”, деб бизларни огоҳлантирганлар. (Ушбу ривоятни Доримий Убайдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилган).
Фатво берувчи киши, таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, ўт билан сув орасида туради. Агар савол билан мурожаат қилинган одам тўғри фатво берса, яхши, аммо нотўғри фатво берса, бунинг зиёни кўп.
Фатво бериш масаласида ҳар бир масъул киши етти ўлчаб бир кесиши керак бўлади. Шайх, муфтий ёки бирон масжиднинг имоми бўлган кишилар бунга жиддий эътибор қаратмоқлари лозим. (Биз бу билан ўзимиздан илмли ва тақволироқ бўлганларга ақл ўргатмоқчи эмасмиз. Фақат уларга фатво масъулиятини эслатиб, нотўғри фатво бериш оқибатларидан огоҳлантирмоқчимиз, холос). Агар улар билмасалар, кибр қилмай, очиқчасига “билмайман”, деб айтсалар ўзларига яхши. Зеро банданинг илми чекланган. Илмлар эса кўп. Шариат илмларининг ўзи бир неча қисмга бўлинади. Банда ўша илмларнинг ҳаммасини ўрганишга қодир эмас. Бунга унинг кучи ҳам, вақти ҳам етмайди.
Савол берилганда жавоб берувчи одам масаланинг ечимини аниқ билмаса, уни аввал китоблардан кўриб ёки ўзидан илмли кишилардан сўраб кейин жавоб бериши керак. Биз оддий бандамиз. Оламлар сарвари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон савол берилганда ҳали бу масала у зотга Аллоҳ томонидан баён қилинмаган бўлса, ваҳий тушишини кутар эдилар. У зот ҳеч қачон хаёлларига келган нарсани одамларга айтмаганлар. Муборак тилларидан чиққан ҳар бир сўз Аллоҳ таоло даргоҳидан нозил қилинган Расулуллоҳга.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпчилик фатво беришга, одамлардан тушган саволларга жавоб қайтаришга ҳурмат-эътибор келтирадиган нарса сифатида қарамоқда. Ваҳоланки, фатво масъулияти жуда оғир. Зеро, бирон киши одамларга тўғри фатво берса, унинг фатвосига эргашган кишилар қилган амаллар ажри фатво берган одамга ҳам берилади. Ўз навбатида нотўғри, илмсиз ҳолда берилган фатвонинг гуноҳи амал қилганларга эмас, фақат фатво берувчининг ўзига ёзилади. Устига-устак нотўғри фатво асосида қилинган хато ишнинг зарари кўпчиликка тегади.
Фатвони ким беради? Фатво беришга кимнинг ҳақ-ҳуқуқи бор? Банда ҳажга бориб, ҳожи ака бўлса, фатво бериши мумкинми? Агар биргина ҳаж қилиш билан шаръий илмларни эгаллаш мумкин бўлса, илм олишдан кўра осон нарса бўлмасди дунёда. Давраларда тўрга ўтирган одам ким бўлишидан қатъи назар одамларга маъруза қилиш керакми? Аслини олганда, тўрга ўтириш мансаб эмас, фатво бериш кишига обрўъ келтирмайди. Ёки бир-икки китобни ўқиб қўйиб ё бўлмаса уч-тўрт ҳадисни чала ёдлаб олган одам фатво бериши мумкинми!?
Фатво бериш катта масъулият. Фатвога ҳақли бўлиш учун Қуръони карим аҳкомлари, ҳадиси шариф ва уламолар томонидан чиқарилган ҳукмларни яхши билиш, Исломнинг моҳиятини англаб етиш, ақл-идрокли, фаҳм-фаросатли, қолаверса, ўзи яшаб турган жойнинг шарт-шароити, ҳолати ва расм-русумларини яхши билиш талаб этилади.
Ўтмишда ўтган, биз катта уламо деб ҳисоблаган зотлардан фатво сўралганда унинг жавобини билмасалар, “билмайман”, дейишдан уялмаганлар, кибр қилишмаган. Бу билан одамлар “у олим эмас экан”, “ҳеч нарсани билмас экан”, деб маломат ҳам қилишмаган. Энди ўзимизнинг ҳолимизга бир назар ташласак, фатво борасида қанча камчилик ва нуқсонларимиз борлиги аён бўлади.
Хулоса қиладиган бўлсак, фатво бериш шундай масъулиятлики, одамларга бирон масаланинг жавобини айтиш, савол берганларга жавоб қайтиришда жуда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Зеро, ким фатво беришга шошилса, фатво бериш орқали обрўъ-эътибор қозониш ёки одамлардан мақтов ва олқиш эшитиш илинжида бўлса, ҳадисда айтилганидек, бундай кимсалар ўзини дўзах ўтига отган бўлади. Бу масалада эҳтиёткор бўлиш ҳар бир масъул кишининг бурчидир.


Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби
Одилхон қори Исмоилов


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
9 йил аввал 5555 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ихтилофчи бемазҳаблар
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши давоми...