Ғассолнинг сифати ва маййитни ювиш


Маййит эркак бўлса, эркак киши, аёл бўлса, аёл киши ювиши керак. Бунга барча уламолар иттифоқ қилганлар. Эркакни аёл киши ёки аксинча, аёлни эркак киши ювиши мумкин эмас. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Киши ўзининг хотинини ҳам ювиши мумкин эмас», дейдилар. Чунки хотини вафот этиши билан ўртадаги никоҳ узилади ва хотин эрига номаҳрамдек бўлиб қолади. Аммо хотин ўз эрини ювиши мумкин. Ҳатто ражъий талоқ(никоҳсиз ярашиш мумкин бўлган талоқ) иддасида ўтирган бўлса ҳам. Чунки у ҳолатда ҳали эр-хотинлик алоқаси узилмаган бўлади.

Бу борада Косоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аёл эрини ювиши мумкин, зеро, ювинтиришнинг жоизлиги никоҳ билан ифодасини топади. Никоҳ борми, демак, ювиш ҳам мумкин. Эр вафот этиши билан никоҳ аёлнинг иддаси чиққунича сақланади. Аммо аёл вафот этгач, никоҳ ниҳоясига етади, яъни эр хотинига бегона каби бўлиб қолади. Агар боин тарзда талоқ тушган бўлса ёки уч талоқ қўйилган-у, сўнг эр вафот этса, аёл ҳам эрини ювишга ҳақли эмас».[1]

Ёш ўғил ва ёки қиз болани эркак ҳам, аёл ҳам ювишлари мумкин эканига уламолар иттифоқ қилишган.
Ғассол ювиш ишларини яхши биладиган, таҳоратли (таҳоратсиз бўлса ҳам жоиз), ишончли, тақводор бўлмоғи афзал.
عن عبد الله بن عمر قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم ليغسل موتاكم المأمونون .رواه ابن ماجه
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййитларингизни ишончлилар ювсин», деб марҳамат қилдилар».[2]
Ибн Можа ривояти.
Шу билан бирга, албатта, оқил бўлиб, фарзи кифоя амали мукаллафлардан соқит бўлиши учун ювишни ният қилиши лозимдир.
Жумҳур уламолар айтадилар:
“Ғассол маййитни ювгани учун ҳақ олса жоиз, бу улуш маййитнинг қолдирган молидан олиб берилади. Лекин ҳанафий уламолари: “Ғассол текинга ювиб бермоғи афзал. Агар ювиш учун ўша ерда ундан бошқаси бўлса, ҳақ талаб қилиши мумкин. Бошқа биров бўлмаса, ювиш унга фарзи айнга айлангани учун, ҳақ талаб қилиши мумкин эмас”.[3]
________________________________________
[1] Косоний Алоуддин, «Бадаиъус-Санайиъ фи тартибиш-Шароиъ». Қоҳира, Дорул Ҳадис. ¬–Ж. 2, –Б. 318
[2] Ибн Можа. «Сунани ибн Можа». Дорул-Фикр. Байрут. –Ж. 1, –Б. 469.
[3] Зуҳайлий Ваҳба, «Ал Фиқҳул Исламий ва Адиллатуҳ». Дамашқ, Дорул-Фикр 2007. –Ж. 2, –Б. 1540 1550.

Маййитни ювиш тартиби

Ювиш тартиби
Ювишдан олдин маййитни нажосатлардан холи қилиш учун бир оз ўтиришга мойил қилиб, қорни силанади.
 
Аввало маййитни истинжо қилдирилади. Бу Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг фикри бўлиб, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бунга қўшилмаган. Кайфияти: ғассол қўлига бир латта ўраб, у билан аврат аъзоларини сув қуйган ҳолда ювиб чиқади, зеро, латтасиз, қўл билан ушлаш кўз билан кўришдек харом[1].
 
Сўнг маййитнинг ўнг тарафидан, таҳорат қиладиган ўринларидан бошлаб, тоқ ададда – уч, беш, етти марта ювилади.
عَنْ أُمِّ عَطِيَّةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ لَمَّا غَسَّلْنَا بِنْتَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَنَا وَنَحْنُ نَغْسِلُهَا ابْدَءُوا بِمَيَامِنِهَا وَمَوَاضِعِ الْوُضُوءِ
Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнабнинг жасадини юваётганимизда, бизга: “Аввал ўнг аъзоларидан ва таҳоратда ювиладиган жойларидан бошлаб ювинглар!” деганлар».
Бухорий ривоят қилган.
Маййитнинг баданини ювишда қийинчилик бўлмаслиги учун, аввало оғзини чайқамасдан ва бурнини қоқмасдан, таҳорат қилдирилади. Оғиз-бурнини чайқаш ўрнига ғассол қўлига латта ўраб, уни ҳўллаб, маййитнинг тишларини, лунжларини, лаби ва бурнининг атрофларини ювиб чиқади. “Раддул Муҳтор” соҳиби Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ бу борада: “Намоз фарз бўлганларни таҳорат қилдирилади”, деб айтиб ўтганлар[2]. Таҳорат қилдирилгач, аввало маййитнинг боши, юзи ювилади. Соч-соқолни ювишда имкон бўлса, хитмий (рус. штокроза розовая[3]), бўлмаса, совунга ўхшаш нарсалар ишлатилади. Соч-соқоли йўқлар бундан мустасно.
Сўнгра маййитни чап ёни билан ётқизилади ва босиб ётган жойларигача сув борадиган қилиб ўнг елкасидан бошлаб, оёғигача сув қуйиб, совунлаб, ишқаланади. Сўнг сув қуйиб, чайилади.
Кейин эса ўнг тарафига ёнбошлатиб, худди шундай қилинади. Мана шундай тартибда ўгириб ювиш уч марта такрорланади. Бундан кўпайтирилса ёки камайтирилса, вожиб бир марта экани эътиборидан жоиз бўлаверади. Ювиш асносида маййитнинг авратидан чиққан нарса сабабли ювиш қайтарилмайди, чунки ундаги нопоклик таҳоратни кетказувчи нарсалар сабабли эмас, балки ўлим сабабидандир. Шунинг учун ювиш комил бўлаверади.
Ювиб бўлингач, кафан ҳўл бўлмаслиги учун маййитнинг бутун бадани тоза латта билан артиб, қуритилади.
Агар маййит эркак киши бўлса, кафанга ўрашдан аввал унга уч ёки беш, яъни тоқ ададда хушбўйлик сепилади. Бу иш унинг тириклик ҳолатига биноан, яъни тириклигида ўзига ҳам, либосига ҳам хушбўйлик сепиб юриши эътиборидан шундай қилинади.
عن جابر قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " إذا أجمرتم الميت فأجمروه ثلاثا "
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар маййитларингизга хушбўй нарса сепсангиз, тоқ қилиб, уч марта сепинглар”, дедилар».
Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари.
Маййитни кафанлашдан олдин унинг боши ва соқолига хушбўйликлар, атирлар суртилади. Ханут (маййит бузилмаслиги учун ишлатиладиган модда, атир навларидан бири) ва кофурни (рус.камфара) («Кофур» машҳур хушбўй нарса. Уни сувга қўшиб, маййитни ювганда жасад қотади. Хушбўйлигида эса фаришталарнинг икроми бор экан. (XX – 7-жуздан) пахтага теккизиб, унинг оғзи, бурни, кўзи ва қулоғи атрофига, сажда қиладиган жойлари: пешонаси, бурни, икки кафти, тиззалари, оёқ учларига суртилади.
Бу амалларнинг барчаси мустаҳаб саналади. Улар бўлмаган тақдирда бошқа хушбўй моддаларни ишлатишнинг ҳеч қандай зарари йўқ.[4] Заъфарон (рус. шафран) ва варс(сариқ дарахт, инг. memecylon tinctorium[5])ни эркакларга ишлатиш макруҳ.
Маййитнинг сочи таралмайди, безак берилмайди ва қисқартирилмайди. Тирноқларига ҳам тегилмайди., агар билмасдан олиб қўйилган бўлса, кафаннинг орасига қўйиб юборилади. Хатна қилинмаган бўлса, шу ҳолатда қолдирилади. Қўллари гавда қорнининг ёки кўкрагининг устига эмас, балки ёнбошига узун қилиб қўйилади.
Маййитни ювадиган жой сув тўпланиб қолмайдиган, яъни сув оқиб кетадиган бўлиши лозим.

Мавзуга тегишли савол жавоблар

САВОЛ: Аёлларнинг орасида бир эркак бўлиб, у вафот этса-ю, ювиш учун эркаклар бўлмаса ёки эркакларнинг орасида бир аёл киши бўлиб, у вафот этса-ю, ювиш учун аёллар бўлмаса, уни ким ғусл қилдиради?
ЖАВОБ: Аёллар орасида вафот этган эркак кишининг аёли бўлса, уни аёли ғусл қилдиради. Агар аёли бўлмасдан, орада маҳрами бўлса, қўлига латта ўрамасдан, агар маҳрами ҳам бўлмаса, бошқа аёллар қўлларига латта ўраб олиб, таяммум қилдирадилар.
Аёл киши вафот этиб, уни ғусл қилдирадиган аёллар топилмаса, агар ўша ерда унинг эри бўлса ҳам, маҳрами бўлса ҳам, ғусл қилдира олмайди. Маҳрами бўлса, қўлига латта ўрамай, эри ёки бегона бўлса, латта ўраб таяммум қилдиради.
وَيُغَسِّلُ الرِّجَالَ الرِّجَالُ وَالنِّسَاءُ النِّسَاءَ وَلَا يُغَسِّلُ أَحَدُهُمَا الْآخَرَ وَيَجُوزُ لِلْمَرْأَةِ أَنْ تُغَسِّلَ زَوْجَهَا إذَا لَمْ يَحْدُثْ بَعْدَ مَوْتِهِ مَا يُوجِبُ الْبَيْنُونَةَ إذَا كَانَ لِلْمَرْأَةِ مَحْرَمٌ يُيَمِّمُهَا بِالْيَدِ وَأَمَّا الْأَجْنَبِيُّ فَبِخِرْقَةٍ عَلَى يَدِهِ وَيَغُضُّ بَصَرَهُ عَنْ ذِرَاعَيْهَا وَكَذَا الرَّجُلُ فِي امْرَأَتِهِ إلَّا فِي غَضِّ الْبَصَرِ
Эркак маййитларни эркаклар, аёл маййитларни аёллар ғусл қилдиради. Эркагу аёлдан бири бошқасини ғусл қилдирмайди. Эр-хотин ўртасига боинлик (яъни боин талоқ ёки бирга яшашни ҳаром қиладиган бирор иш) тушмаган бўлса, хотин ўз эрини ғусл қилдириши жоиз. Аёлнинг маҳрамлари бўлса, маҳрамлари қўли билан таяммум қилдиради. Эри бўлса, у қўлига латта ўраб таяммум қилдиради, марҳуманинг билакларига кўзи тушишининг зарари йўқ. Маҳрамлари бўлмаса, бегоналар қўлига латта ўраб, марҳуманинг билакларига назар қилмасдан таяммум қилдиради.
(«Фатавои Ҳиндия», 1-жилд, 185-186-бетлар. Дорул Кутубил Илмийя. Байрут)
САВОЛ: Ғассол ғусл қилдирганидан сўнг ўзи ҳам ғусл қилиши вожибми?
ЖАВОБ: Тўртала имомларнинг наздида ғассолнинг маййитни ғусл қилдирганидан сўнг ғусл қилиши мустаҳабдир.
قَالَ الْخَطَّابِيُّ : لَا أَعْلَم أَحَدًا مِنْ الْفُقَهَاء يُوجِب الِاغْتِسَال عَلَى مَنْ غَسَّلَ الْمَيِّت وَلَا الْوُضُوء مِنْ حَمْله
«Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳ: «Маййитни ғусл қилдирган ғассолга ғусл қилиб олиш вожиб бўлади ёки тобутни кўтариб бўлганга таҳорат қилиши вожиб бўлади», деган бирор фуқаҳони билмайман», дедилар».
(«Авнул Маъбуд шарҳи Сунани Абу Довуд». 8-жилд, 337-бет. Азим Ободий. Дорул-Фикр.)
САВОЛ: Маййитни ювишда фиқҳий китобларда келтирилгандек, сидр, заъфарон, варсларни ишлатиш ўрнига бадан учун мўлжалланган турли хил шампунь, совунларни ишлатиш мумкинми?
ЖАВОБ: Сидр, заъфарон, варсларни ишлатишдан мақсад маййитни яхшилаб ювиш, поклашдир. Шунинг учун уларнинг ўрнига, хусусан, булар топилмаган шароитда сиз айтиб ўтган ювиниш воситаларини ишлатиш мумкин.
САВОЛ: Тирноқларига бўёқ қўйган қизларнинг жасадлари қандай ғусл қилдирилади?
ЖАВОБ: «Қўл ва оёқ тирноқларидаги бўёқларнинг барчаси кўчириб ташланади ва шундан кейингина ғусл қилдирса бўлади. Агар бирорта тирноғида озгинагина бўёқ қолиб кетган ҳолда ғусл қилдирилиб, жаноза ўқилган бўлса, ғусли ҳам, жанозаси ҳам жоиз эмас. Ғассолларнинг зиммасидан ғусл, намозхонларнинг зиммаларидн эса жаноза соқит бўлмайди» («Аҳсанул-Фатава»).
عَنْ عَلِىٍّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ قَالَ مَنْ تَرَكَ مَوْضِعَ شَعْرَةٍ مِنْ جَنَابَةٍ لَمْ يُصِبْهَا الْمَاءُ فُعِلَ بِهَا كَذَا وَكَذَا مِنَ النَّارِ.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимки жанобатда бир тук ўрнини тарк қилса, унга сув тегмаса, унга дўзахда шундай, шундай қилинади», дедилар» (Доримий ривояти).
________________________________________
[1] Забийдий Абу Бакр, «Ал-жавҳаротул-Наййироҳ шарҳу Мухтасарил-Қудурий».
[2] Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 86
[3] Қаранг: http://ru.wikipedia.org/wiki/Штокроза_розовая
[4] Косоний Алоуддин, «Бадаиъус-Санайиъ фи тартибиш-Шароиъ». Қоҳира, Дорул Ҳадис. –Ж. 2, –Б. 328
[5] Қаранг. www.ru.wikipedia.org

Ювишни вожиб қилувчи шартлар

Қуйидаги шартлар мавжуд бўлса, маййитни ювиш вожиб:
1. Маййитнинг мусулмон бўлмоғи.
2. Маййитнинг бир оз муддат бўлса-да, яшагани маълум бўлмоғи.
Агар гўдак онадан тирик туғилса, унинг тириклигига аломат – овоз чиқариши, акса уриши, йиғлаши ёки қўл-оёғи қимирлаши бир марта бўлса ҳам билинишидир. Бундай ҳол унинг ювилиб, жаноза ўқилишига, бировдан мерос олиши ва биров ундан мерос олишига уни ҳақли қилади. Айрим ривоятларда: «Гўдак ўлик туғилса, аммо ҳамма аъзолари бутун бўлса, ҳаётдан ҳеч бир аломат бўлмаса ҳам, ювилади ва унга исм қўйилади лекин жаноза ўқилмайди», дейилган. Лекин ўзи ўлик бўлиб, яна чала туғилса, ювилмайди, унга фақат сув қуйиб, бир латтага ўраб, исм қўйиб дафн қилинади. Чунки Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن جابر عن النبي صلى الله عليه وسلم قال الطفل لا يصلى عليه ولا يرث ولا يورث حتى يستهل
Яъни “Токи овоз чиқармагунича, гўдакка намоз ўқилмайди, мерос ҳам олмайди,(ундан) мерос олинмайди ҳам”, деганлар.
3. Маййитнинг бутун жасади, ёки ярми, ёки кўпроғи боши билан бирга бўлиши лозим. Суяқларга гарчи ҳаммаси бўлса ҳам бадан бўлмаса жаноза ўқилмайди.
Маййит шаҳид бўлса, ёки йўл тўсар ва золим томонидан ноҳақ ўлдирилган, ёҳуд ўғри кечаси уйида ўлдириб кетган бўлса, ўлаётган маҳалда у болиғ, оқил бўлса, жунуб, ёки нифос, ёки ҳайздан холи бўлса, у ҳолда улар ювилмайди, уларга жаноза намози ўқилади, холос[1].
عَنْ جَابِرٍ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ يَجْمَعُ بَيْنَ الرَّجُلَيْنِ مِنْ قَتْلَى أُحُدٍ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ ثُمَّ يَقُولُ: أَيُّهُمْ أَكْثَرُ أَخْذًا لِلْقُرْآنِ فَإِذَا أُشِيرَ لَهُ إِلَى أَحَدِهِمَا قَدَّمَهُ فِي اللَّحْدِ وَقَالَ أَنَا شَهِيدٌ عَلَى هَؤُلاَءِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَأَمَرَ بِدَفْنِهِمْ فِي دِمَائِهِمْ وَلَمْ يُغَسَّلُوا وَلَمْ يُصَلَّ عَلَيْهِمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ مُسْلِماً.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл бўлганлардан икки кишини бир кийимга жамлар эдилар. Сўнгра:
“Икковларидан қайси бири Қуръонни кўп билади?” дер эдилар. Қачонки улардан бирига ишора қилинса, ўшани олдин лаҳадга қўяр эдилар. У зот:
“Буларга қиёмат куни мен гувоҳман”, дедилар.
Уларни қонлари билан дафн қилишга амр қилдилар. Ювилмадилар ҳам, уларга намоз ҳам ўқилмади”.
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Демак, шаҳидларни дафн қилиш оддий маййитларни дафн қилишдан фарқлидир. Шаҳидлар ювилмайди. Кийимлари, қонлари билан кўмилади. Чунки бу ҳолат Аллоҳ йўлида, Ислом йўлида жон фидо қилганлар учун шону шараф белгисидир. Улар қиёмат куни тирилганларида ҳам, қизил қонларидан мушк-анбар ҳиди келиб туради. Улар ўзларининг оқиб турган қонлари ва ундан чиқиб турган ажойиб хушбўй ҳид ила бошқалардан ажралиб, шаҳид эканликлари билинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда шаҳид бўлган саҳобаларни қонлари ва кийимлари билан, ювмасдан кўмганлари учун кейинги даврларда шаҳид бўлганларни ҳам шу тариқа кўмиш шаръий ҳукмга айланиб қолган.
Икки кишини бир қабрга кўмиш мумкинлиги ҳам ушбу ривоятдан билиб олинади.
Мазкур ҳадисда шаҳидларга жаноза ўқилмагани айтилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Шаҳидга намоз ўқилади, чунки бошқа ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд шаҳидларига намоз ўқиганлари ҳам ривоят қилинган», дейдилар[2].
Бундан ташқари, яна уламолар: «Маййитга жаноза ўқиш унинг ҳурмати учундир. Шаҳид эса бу ҳурматга бошқалардан кўра ҳақлироқдир», дейишади.
Киши сувда чўкиб ўлган бўлса ҳам, уни ювиш ниятида ўша сувга уч марта пишиб олинади.
Инсон вафот этганидан сўнг унга энг яқин ва меҳрибон бўлган киши мулойимлик билан аввало икки кўзини юмдириб қўяди. Бир латта билан иягининг остидан бошлаб бошининг тепа томонига қараб тортиб, оҳиста боғлайди. Бу ишларни қилаётган киши мана бу сўзларни айтади:
بِسْمِ اللَّهِ وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللَّهِ اللَّهُمَّ يَسِّرْ عَلَيْهِ أَمْرَهُ ، وَسَهِّلْ عَلَيْهِ مَا بَعْدَهُ ، وَأَسْعِدْهُ بِلِقَائِك ، وَاجْعَلْ مَا خَرَجَ إلَيْهِ خَيْرًا مِمَّا خَرَجَ عَنْهُ
Яъни “Ушбу ишларни Аллоҳнинг номи билан ва Расулуллоҳнинг уммати бўлиб бошлайман. Эй Аллоҳ, унинг ишини осон, бундан кейингиларини енгил қилгин. Сенга йўлиқишини бахтли этгин”.
Маййитга яқинроқ жойда бахурнинг (исириққа ўхшатиб тутатиб қўйиладиган ўсимлик, рус.ладан[3]) бўлиши мустаҳаб саналади. Ювишга осон бўлиши учун унинг аъзоларини оҳиста силаб, тўғрилаб, бир текис қилиб қўяди. Очиқ қолган баданларини беркитади. Қорнига шишиб кетмаслиги учун бирон бир оғирроқ нарса бостириб қўйиш жоиз. Маййит бор хонадан хайз, нифос кўраётган аёлларнинг ҳамда жунубнинг чиқиб кетиши мақсадга мувофиқдир.
Киши аниқ вафот этгани маълум бўлганидан сўнг, қўшнилари ва қариндош-уруғларига бунинг хабари берилиб, жанозага таклиф этиш шаръан жоиздир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳумнинг жанозаларини эълон қилган эканлар. Дафн ишларига тайёргарлик тезлаштирилади.
Маййит ювиш учун бир тарафи баланд, бир тарафи паст қилинган ювғич тахта устига қўйилади. Боши юқори томонга, оёғи пастки томонга, худди ўлим тўшагидаги кишининг ётишидек, қиблага йўналтириб қўйилади. Баъзи ҳанафий уламолар: «Қабрга ётқизилгандек ётқизилади», деганлар. Тўғри гап эса ювишга осон бўлган тарзда ётқизилишидир.
Ғассол ювишни бошлашдан олдин маййитни эҳтиётлаб, аврат аъзоларини ошкор этмай, кийимларини ечиб олади. Бу саҳобаи киромларнинг ижмоъсидир.
Маййитни ювғич тахтага олиб, устига белидан тиззасигача беркитадиган бир матони ташлаб қўяди.
Қўлига латта ёки қўлқоп кийиб ювишни бошлайди.
Ғассол ёлғиз ўзи ювишга қийналса, бошқани ёрдамга таклиф қилиши дуруст. Маййит ювилганда, авратига қараш мумкин эмас.
عن علي رضي الله عنه قال : قال النبي صلى الله عليه و سلم : لا تبرز فخذيك و لا تنظر إلى فخذ حي و لا ميت
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сонингни кўрсатма ҳамда тирик ёки ўликнинг сонига қарама”, деганлар».
Ҳоким ривояти.
Шунингдек, ғассол маййитнинг баданидаги айб ва нуқсонларни бошқаларга айтмайдиган, омонатли бўлиши керак.
عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ غَسَّلَ مَيِّتًا فَأَدَّى فِيهِ الْأَمَانَةَ وَلَمْ يُفْشِ عَلَيْهِ مَا يَكُونُ مِنْهُ عِنْدَ ذَلِكَ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир маййитни ювса, у ҳақидаги омонатни адо қила олса ва ўша пайтда ундаги ёмон ҳолатлар ҳақида фош қилмаса, онасидан туғилган кундагидек гуноҳларидан фориғ бўлади”, дедилар».
Аҳмад ривояти.
Агар ғассол маййитда яхшилик аломатини, масалан, юзининг нурафшонлигини, табассумни ва шу кабиларни кўрса, уни изҳор этиб, бошқаларга ҳам айтиши маҳбубдир.
Маййитни жунуб киши ғусл қилганидек, бир марта ювиш вожиб, уч марта ювиш эса суннатдир.
Ювинтириладиган сув сидр (яхшироқ поклаш учун сувга солиб қайнатиладиган ўсимлик тури[4]) ёки ишқор (ҳозирги кундаги турли хил шампунь ёки бадан учун мўлжалланган гигиена воситалари) билан қайнатилган бўлиши ёки қайнатилган сувнинг ўзи, иссиқроқ бўлиши лозим.
________________________________________
[1] Косоний Алоуддин, «Бадаиъус-Санайиъ фи тартибиш-Шароиъ». Қоҳира, Дорул Ҳадис. –Ж. 2, –Б. 364 372.
[2] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ҳадис ва Ҳаёт». –Ж. 7, –Б. 226
[3] Қаранг: http://ru.wikipedia.org/wiki/Ладан
[4] Қаранг: http://www.pro-landshaft.ru/plants/detail/1071/


7 йил аввал 17891 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
9 йил аввал 12473 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
9 йил аввал 10299 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
7 йил аввал 9073 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
7 йил аввал 9188 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
7 йил аввал 10347 fiqh.uz