Қазо намозларни адо этиш шартми?


Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги кунимиздаги энг долзарб масалалардан бири саналади. Мўмин-мусулмонлар ўртасида, минг афсуски, бу маънода тушунмовчиликлар ҳам бор.

Бир тоифа кишилар орасида «одам умр бўйи намоз ўқимай юрган бўлса-ю, кейин тавба қилиб, тарийқат шайхларидан бирига қўл бериб, мурид бўлса, аввалги ўтган намозларини ўқимай қўйса, жоиз, улар елкасидан соқит бўлади, ўша шайхга қўл берган, тавба қилган кунидан бошлаб ўқийверади», деган мутлақо нотўғри, шариатга тўғри келмайдиган фикр тарқаб қолган. Бу гапни ҳеч ким айтмаган, ҳеч қачон айтмаган, ҳеч қаерда айтмаган. Афсуски, фақат бизда ҳозирда шу гап бўлиб турибди. Биз бу ҳолатни муолажа қилишимиз, тузатишимиз керак.
Ибодатни ўз вақтида бажаришни «адо» дейилади. Вақти ўтиб кетгандан кейин бажаришни «қазо» дейилади. Намоз фарз, Аллоҳнинг ҳаққи, бу ҳақни бекор қилишга ҳеч кимнинг имтиёзи йўқ. Аллоҳ таоло буюрган ибодатни ўз вақтида адо этиш лозим ва лобуд. Адо этолмай қолган инсон эса, уни қазо қилиши шарт.
Намознинг қазоси «Қазо – адо кабидир» қоидасига кўра бажарилади. Намознинг қазосини ўқиётган киши уни ўз вақтида адо қилганда қандай ўқийдиган бўлса, худди шундай ўқийди. Шунга кўра, сафарда ўқимай қолдирган намозини – мусофир бўлсин, муқим бўлсин – қаср қилиб ўқийди. Худди шунингдек, ҳазарда – муқимликда қолдирган намозини сафарда қазо қилса ҳам, тўлиқ адо этади.
Намознинг фақат фарзлари ва Витр вожиб намози қазо қилинади. Суннат намозлар қазо қилинмайди.
Қазо ўқимоқчи бўлган инсон ҳар бир кундалик фарз намозидан олдин ўша намознинг қазосидан ҳам ўқиб борса, ҳар куни бир кунлик қазо бажарган бўлади. Ёки куннинг ё кечанинг маълум бир вақтини ажратиб олиб, бир йўла тартиб билан: Бомдод, Пешин, Аср, Шом, сўнгра Хуфтон ва Витрни қазо қилса ҳам бўлади. Бунда агар иккитадан қазо намоз ўқиса, икки кунлик қазо намози соқит бўлади. Мана шу зайлда, ойлар, йиллар давомида бир неча йиллик қолдирилган намозларни қазо қилиш мумкин.
Мана бу савол бераётган ўқувчимизга ўхшаб ўн йил, ундан ортиқ ёки кам муддатдаги кўплаб намозларни тарк қилган кишилар ушбу тартибга амал қилишлари керак.
Ҳозирда баъзи бир инсонлар «шунча йилдаги намозни қандай қилиб ўқиб, тугатиб бўлади», деган даъво билан, аввалги нотўғри йўлдаги тоифадагиларга ўхшаб, «ўқимаса ҳам бўладими?», деган саволни ўртага ташлашади ва буни оқлаш учун турли баҳоналарни ахтаришади. Ана шундай баҳоналардан бири, «Биз аввал жоҳилиятда эдик, мусулмон эмас эдик, энди мусулмон бўлдик», деган баҳона. Қандай тиллари боради бу гапни айтишга, инсон умуман тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Ундан кўра: «Мусулмон эдик, гуноҳкор мусулмон бўлган эдик, тарки фарз қилган мусулмон, бенамоз мусулмон бўлган эдик. Энди ўша қазо намозларни ўқиб қўяйлик», дейишса, мана шу гўзал эмасми?! Агар мусулмон бўлмаган бўлишса, аввалда жоҳил, кофир, мушрик бўлган бўлишса, орадаги фарзандлари нима бўлади?! Аёли ёки эри билан ўтказган шунча умри нима бўлади?! Озми-кўпми дини-диёнати, қилган эътиқоди, баъзи бир амаллари нима бўлади?!
Мана бу тарафларини ҳам ўйлаш керак. Дангасалик қилиб қазо намозидан қочиб, қандайдир шайх ё пирни сабабчи қилиш ёки ўзини кофир, мушрик қилиб олишдан кўра, тавба қилиб, қазо намозларини ўқиб боравериш керак. Қабул қиладиган, унинг ҳисоб-китобини оладиган – Аллоҳ таолонинг Ўзи.
Иккинчи бир томондан, ҳисоблаш машинасини олиб, тарк қилинган намозларни йилликка кўпайтириб, қанчадир катта бир сонни чиқариб олгач, «ҳўҳ-ҳў, буни қандай адо этаман энди?» деб, бошқа барча турмуш ишларини, ташвишларини ташлаб қўйиб, уйдан чиқмасдан намоз ўқиб ўтириш ҳаракатидагилар ҳам бор. Бу ҳам тўғри эмас.
Шаръий китобларимизда қазо намоз тўғрисида келган кўрсатмаларда ўртача йўлни тутиш тавсия этилади. Унга кўра, кўп фарз намозни тарк этган одам ўз оиласининг ташвиши, турмуш ҳаракатларию харажатлари ва бошқа ҳаётий ишларини ўз ўрнида бажариб бораверади, ташлаб қўймайди. Аммо, бўш фурсат топганда, қолдирган намозларни қазо қилиш пайида бўлади. Кучи етганича, имкони борича бажариб боради, қолгани Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола.
Роббул оламийн Ўзи фурсат бериб, қазо намозини охиригача ўқиб етказса, ниҳоятда яхши! Мабодо, умр қисқалик қилибми, бошқа бир сабабданми, имкони бўлмаса, Аллоҳ таоло Ўзи кечирувчи Зот.
Сиз билан биз мўмин-мусулмонлар қазо намозлари ҳақидаги тушунчамизни тўғрилашимиз, имкони борича уларни ўқиб боришга ҳаракат қилишимиз керак. Валлоҳу аълам.


1 йил аввал 2152 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига далил-ҳужжатлар давоми...
1 йил аввал 7982 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан бошқасининг ўртасидаги давоми...
1 йил аввал 1340 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
1 йил аввал 317 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
1 йил аввал 936 fiqh.uz