Пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ масалалар ечими


Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Расулуллоҳга саловот ва саломлар бўлсин!
Аммо баъд:Бугунги кунда пулнинг қадри тушишига боғлиқ масалалар, саволлар жуда ҳам кўпайди. Айниқса, бу борада қарз олди-бердиси, насия савдо ва турли сабаблар ила кейин берилишига келишилган молиявий мажбуриятларда ечилиши лозим бўлган муаммолар бор. Мисол учун, бир одам иккинчисидан маълум муддатга маълум миқдорда қарз олди.

Қарзни қайтариш вақти келганда, пулнинг қадри тушиб, олган вақтидаги қийматининг ўндан бирига тенг бўлиб қолди. Қарздор олган пулнинг ўзини қайтарадими ёки унинг қийматиними? Бу каби саволлар жуда кўп. Жавоблар эса кам. Бори ҳам илмий равишда эмас, ҳужжати ва далили йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда бу масалани қўлдан келганича баён қилишга журъат этдик. Аввало муқаддима ўрнида шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг китобларида келган баъзи маълумотларнинг таржимасини келтиришга қарор қилдик.

ДУНЁДА НАҚД ПУЛЛАР НИЗОМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Маълумки, башарият ҳаётининг бошланғич босқичида одамлар нарсаларни айрибошлаш йўлини тутганлар. Лекин бу машаққатли услуб бўлиб, ундан умумий йўл сифатида фойдаланиш қийин эди, чунки ҳамма замон ва маконга тўғри келмас эди.
Кейинчалик бошқа бир низом йўлга қўйилди. Бу низом «нақд савдо моллари низоми» деб аталди. Унда одамлар ўзаро айрибошлайдиган савдо молларидан кўпроқ ишлатиладиганини нақд сифатида қабул қилишади. Ўзаро молиявий ишларида шуни ўртага қўйишади. Бунинг учун истеъмоли кўп бўлган савдо молларидан баъзиларини танлаб олишади. Савдода пул ўрнига одамлар кўпроқ эҳтиёж сезадиган маҳсулотлар, мисол учун, ғизо бўладиган дон, туз, тери ва шу каби нарсаларнинг ишлатилиши йўлга қўйилган.
Лекин айрибошлаш жараёнида мазкур савдо молларини ишлатишда ҳам кўпгина мушкулотлар келиб чиқди. Мисол учун, уларни кўтариб юриш қийин. Инсоният тараққий этиб, эҳтиёжлар зиёда бўлиб, айрибошлаш кўпайганидан кейин, одамлар кўтариб юриш осон бўладиган бирон нарсани танлаб олишга эҳтиёж сездилар. Шу билан бирга, ўша нарса ишончли бўлиши керак эди.
Учинчи босқичда одамлар айрибошлашда қиймат сифатида тилла ва кумушни истеъмол қила бошладилар. Чунки тилла ва кумуш аслида қийматга эга нарсалар бўлиб, улардан зебу зийнат ва идиш-товоқлар ясалар эди. Шу билан бирга, уни кўтариб юриш ва сақлаб қўйиш осон эди. Ушбу икки маъдан кейинчалик қиймат ўлчовига айланди ва одамлар ҳамма юртларда шунга суянадиган бўлишди. Ушбу пул низоми «маъданий пуллар низоми» деб аталади. Вақт ўтиши билан бу низомга кўп ўзгартиришлар киритилди. Биз ўша жараённинг хулосасини қуйидагича тақдим қилишимиз мумкин.
1. Аввалига одамлар тилла ва кумушни нақд савдо моли сифатида ҳажми турлича бўлган бўлаклар суратида ишлата бошладилар. Уларнинг ҳажми, вазни ва софлиги турлича эди. У хом (ёмби) бўлса ҳам, қуйилган бўлса ҳам, зебу зийнат, тақинчоқлар, идиш-товоқ суратида бўлса ҳам барибир, ишқилиб тилла ёки кумуш бўлса кифоя эди. Ўша пайтда бу икки маъдан воситасида муомала олиб бориш вазн асосида бўлган.
2. Кейинчалик одамлар баъзи юртларда тилладан, бошқа юртларда эса кумушдан пул, яъни танга зарб қила бошладилар. Бунда уларнинг ҳажми, вазни, софлиги бир хил бўлишига эътибор берилар эди. Кейин ўша қуйилган пулларнинг муомалага лойиқлиги расмий муҳр билан тасдиқлаб қўйиладиган бўлди. Тилла ёки кумуш танганинг қиймати унинг вазни билан ўлчанар эди, яъни ўша кумуш ёки тилла танганинг қиймати ўшанча вазндаги ёмбининг қийматига тўғри келар эди. Бундай низом «ёмби низоми», «кумуш низоми» деб аталар эди.
Айтишларича, бу услубни илк бор хитойликлар Масийҳ алайҳиссаломнинг туғилишларидан етти аср олдин қўллай бошлашган. Ушбу низом билан муомала юритувчилар ўз муомалаларида эркин эдилар. Мисол учун, тиллани ёмби сифатида ишлатадими, ёки эритиб ишлатадими, ёки танга қилиб қуйиб оладими – ўзининг иши. Уни импорт қиладими, экспорт қиладими, бу ҳам ўзининг иши. Масалан, одамлар тилла ёки кумуш кўтариб келиши мумкин. Ёки тайёрланган соф тиллани кўтариб келса, уни зарб қилиб бериш мумкин. Шунингдек, баъзилар қуйилган тиллани олиб келиб, «Менга буни эритиб бер, танга керак эмас», деса, олиб, эритиб ҳам бериш мумкин.
3. Баъзи давлатларда икки маъданни ҳам ишлатишга қарор қилинган, тилла ёки кумушдан бирини қоида қилиб олишмаган. Бу бир вақтнинг ўзида икки маъданни ҳам пул асосига олиш ҳисобланади. Уларнинг қиймати «проба»сига, яъни маъданнинг қуйма таркибидаги миқдорига қараб белгиланади. Мисол учун, тиллани кумушга алмаштиришда унинг софлигига қараб муомала қилинади. Тилла катта пул бирлиги сифатида, кумуш кичик пул бирлиги сифатида ишлатилади. Бу низом «икки маъдан низоми» деб аталади.
Лекин бу низом ҳам баъзи мушкулотларини пайдо қилди. Чунки тилла ва кумуш бўлакларининг қиймати бир юртда бошқача, иккинчи юртда яна бошқача бўлар эди. Ана шу эътибордан одамлар ўша пулларнинг ўзини тижоратга қўйишга қизиқиб қолишади. Мисол учун, Америкада бир бўлак тилла пул 15 кумуш тангага тенг бўлса, худди шу вақтнинг ўзида худди ўша тилла Европада 15,5 кумуш тангага тенг бўлади. Орадаги ушбу фарқ туфайли америкалик савдогарлар ҳар бир тилла тангадан ярим кумуш танга ютиш учун ўзларининг юртида тилла пулларни тўплаб, Европага юборишар эди. Кумушни эса Америкага олиб бориб, тиллага сотиб, яна фойда чиқариб олишар, натижада орада мушкулот келиб чиқар эди. Мана шундай тижорат натижасида Американинг тилласи Европага оқиб кетадиган, яъни кумуш парчалар тилла пулларни ўз юртидан чиқарадиган бўлди. Шундан сўнг америкаликлар 1834 йилда бир бўлак тилла пул 16 кумушга тенг, деб белгиладилар. Натижада аввалги ҳолатнинг тескариси юзага келди.
4. Бошқа савдо молларига қараганда тилла ёки кумуш пулни кўтариб юриш осон бўлса ҳам, бунинг бошқа ўзига хос қулайликлари бор бўлса ҳам, ўзига яраша муаммолар ҳам йўқ эмас эди. Мисол учун, уларни ўғирлаш осон эди. Бойлар учун ўзлари тўплаган катта миқдордаги тилла ва кумуш пулларни сақлаш қийин эди. Шунинг учун улар ўғирлатиб қўйишдан қўрқиб, катта миқдордаги тилла, кумуш пулларини баъзи пул билан шуғулланувчилар ёки пул қуювчиларнинг олдига омонат қўйиб қўядиган бўлдилар. Пул қуювчи ёки сарроф маълум кумуш ёки тилла пуллар ўзининг ҳузурига қўйилганидан кейин пул эгалари қўлига «Фалончи менга бунча пулни қўйди» деб ишонч қоғози ёзиб берадиган бўлди. Бу низомга одамларнинг ишончи тобора ошиб борди, шундан кейин омонатга қўйилган тилла, кумуш пулларга ҳужжат сифатида бериладиган фактура қоғозларни савдо пайтида пулнинг ўрнига беришга одатланишди. Бас, харидор нақд кумуш ёки тилланинг ўзини бериш ўрнига ўша тилла ё кумуш омонатга қўйилган жойдан берилган қоғозни берадиган бўлди. Бу қоғознинг енгиллиги, қулайлиги савдогарларга ҳам маъқул келиб, улар орқали савдо қиладиган бўлиб қолишди. Кейин ўша қоғоз пул қўйилган жойга олиб борилса, унинг асосида тилла ёки кумуш бериб юбориладиган бўлди.
Мана шу қоғоз пулларнинг жорий бўлишининг бошланиши эди. Лекин ўша дастлабки пайтларда мазкур қоғоз пулларнинг расмийлик мақоми йўқ эди. Уларни қабул қилиб олиш ёки қайтариб бериш ишлари одамларнинг бир-бирларига бўлган ишончларига асосланган эди.
5. Милодий XVII асрга келиб, мазкур фактураларни бозорда ишлатиш кенг оммалагиб кетгач, мазкур қоғоз пуллар расмий тус олди ва банкнот деб атала бошлади. Айтишларича, биринчи бўлиб қоғоз пул чиқарган банк Швециянинг Стокгольм банки экан. Мазкур қоғоз пуллар ўша вақтларда уларни чиқарган банк томонидан тилла билан тўлиқ қопланадиган бўлди. Ўша банкнинг ҳузурида қанча тилла бўлса, шунча қийматдаги қоғоз пул чиқарилар эди. Шу билан бирга, банк ўзидаги бор пуллардан бошқа қоғоз пул чиқаришни ҳеч қачон ўзига эп кўрмасди. Мазкур қоғоз пулларни кўтариб юрган ҳар бир одам қачон хоҳласа, банкка бориб, қоғозни бериб, ўрнига тилла олиши мумкин эди. Ушбу низом «қуйма тилла стандарти» деб аталарди.
6. Банкнотлар кенг миқёсда оммалашиб кетганидан кейин давлатлар қоғоз пулларни қонуний қиймат деб эътироф қилдилар. 1833 йилдан бошлаб давлатлар қарз эгасига қарзни адо қилиш сифатида мазкур қоғозлар берилса, уларни қабул қилиши лозим деб эътироф қилдилар. Айни пайтда маъдан пулларни ҳам қабул қилиш лозим бўлар эди. Кейинроқ тижорий банкларнинг мазкур пулларни чиқариши ман қилинди. Қоғоз пулни чиқариш фақат ҳукуматларнинг марказий банклари томонидан чиқариладиган бўлди.
7. Вақт ўтиб, ҳукуматлар тинчлик ва уруш шароитида ўз режаларини молиялаштиришда мушкулотларга дуч келдилар. Чунки уларнинг пул заҳиралари кам эди. Шундай қилиб, қоғоз пулларни кўпроқ чоп қилиб чиқаришга мажбур бўлдилар. Чиқарилган пулларнинг миқдори давлат хазинасидаги тилланинг қийматидан кўпайиб кетди. Давлатга пул керак бўлса, эҳтиёжига қараб пул чиқараверди. Натижада секин-секин муомаладаги пулнинг миқдори банкдаги тилланинг қийматидан кўпайиб бораверди. Чунки қоғоз пулларни чоп қиладиган банклар банкнотларни кўп чиқариб юборса ҳам, ҳамма бирданига қоғоз пулларни кўтариб келиб, тилла қилиб бер, демаслигини яхши билар эди.
Шундай қилиб, бозорда нақд қоғоз пуллар кўпайди. Уларнинг кўп қисмини тилла билан қопланмаган пуллар ташкил этадиган бўлиб қолди. Шундай бўлса ҳам, тожирлар билиб туриб, қоғозларни қабул қилаверишди. Чунки уларда ишонч бор эди. Қоғоз пулларни чиқарган тараф бориб, «Мана қоғоз пул, уни менга тилла қилиб бер», деса, бериш имкони бор эди. Шу нақд қоғоз пуллар тўла тилла билан қопланмаганлиги учун ишонч пуллари деган номни олди.
Иккинчи томондан, давлатлар маъданлар билан муомала қиладиган пайтда ўша маъданни камайтиришга ўтишди. Аввало, қуйма таркибидаги соф тилла ёки кумуш миқдорини камайтириб, уни бошқа моддалар қўшиб, аралаштириб чиқарила бошланди. Бориб-бориб, қанчаси тилла, қанчаси тилладан бошқа металл бўлиши кераклигини ҳам белгилайдиган бўлишди. Кейинчалик ҳалиги танга пуллар расмий пулга айланиб қолди.
8. Ишонч пуллари деб аталган пуллар, яъни аслида асосида тилла бўлмаса ҳам чиқарилаверган пулларнинг зиёда бўлиши шу даражага бориб етдики, баъзи вақтларда чиқарилган пулнинг миқдори давлат захирасида мавжуд тилла қийматидан бир неча марта кўпайиб кетадиган бўлди. Ҳатто ҳукуматлар агар мавжуд тиллани пул билан қоплаш керак бўлса, етмай қолишидан қўрқадиган даражага борди. Баъзи банклар гоҳида ўзларидан талаб қилинган тиллаларни топиб бера олмай қолди. Ана шундай ҳолатда давлатлар пулини тиллага айлантирмоқчи бўлган кишиларга жуда қаттиқ шартларни қўйишга ўтди.
1914 йилда бўлиб ўтган урушдан кейин Англия пулни тиллага айлантиришни бекор қилди. Сўнгра, 1925 йилда яна пулни тиллага айлантиришга рухсат берди. Лекин шарт шуки, ким пулини банк орқали тиллага айлантиришни истаса, талаб қиладиган миқдори 1700 стерлингдан кўп бўлиши керак эмас. Ушбу шартга кўра, халқ оммасининг кўпчилик қисми ўзининг қоғоз пулларини тиллага алмаштиришга қодир бўлмай қолди. Лекин кўпчилик кишилар қоғоз пуллар кўплигидан қонунга асосан уларга тижоратларида фойда бериб тургани учун бунга аҳамият беришмади.
9. 1931 йилда Британия ҳукумати қоғоз пулларни тиллага алмаштиришни мутлақо бекор қилди. 1700 стерлингни ҳам алмаштирмай қўйди ва халққа шу қоғоз пуллар тилла ўрнида юраверади, дея эълон қилди. Одамлар барча ишларини қоғоз пуллар ёрдамида юритадиган бўлишди. Лекин ҳукуматлар ўзаро муносабатларда эҳтиром юзасидан тилла билан муомала қилишни давом эттираверишди. Улар ўз юртлари ҳудудида қоғоз пулни тиллага алмаштиришни ман қилган бўлсалар ҳам, давлатлараро ташқи муомалаларда қоғоз пулни тиллага алмаштириб беришни ўзларига лозим деб билишарди. Мисол учун, Америка ҳукумати Англияга қоғоз пулларни бериб, унинг ўрнига тилла сўраса, Англия бундай таклифни рад этмасдан, қабул қилишда давом этаверди. Бу низом «тилла билан муомала қилиш қоидаси» деб номланди.
10. Ушбу қоидага амал қилиш АҚШ ўз долларининг нархида инқирозга учрагунча давом этди, яъни 1971 йилда тилла кўп чиқиб кетгани туфайли АҚШ ҳукумати долларни тиллага айлантиришни тўхтатиб қўйди. Бу иш 1973 йил 15 август куни содир бўлди ва шу билан қоғоз пулларни тиллага айлантиришнинг охирги шакли ҳам йўқ қилинди. 1974 йилга келиб, халқаро валюта фонди бир фикрни ўртага ташлади. Бу таклифга биноан хос пул олиш ҳаққи тиллани эҳтиёжидан ушлаб туриш қоидасига ўринбосар бўлди. Натижада ушбу фондга аъзо бўлган давлатлар бошқа давлатлардан олган қарзларини тўлаш ниятида бошқа давлат валюталарини муайян миқдорда олиб туриш ҳаққига эга бўлди. Шу маънода 888676 грамм тилла эталон (ўлчов) қилиб белгиланди. Яъни «Қарзимни тўлашим учун шунча миқдордаги тилланинг қийматига тенг пулни бериб туринг», дейиладиган бўлди. Мана шу миқдордаги пулни олиш ҳаққининг берилиши ўша эҳтиёж учун ушлаб туриладиган тилланинг ўрнига ўтадиган бўлди. Шундай қилиб, тилла пул бўлиш қоидасидан ташқарига чиқиб қолди. Нақд қоғоз пуллар тилла тангаларнинг ўрнини эгаллади. Бугунги кунда нақд қоғоз пуллар тилланинг ёки кумушнинг тимсоли эмас, балки фаразий харид қувватининг тимсолидир. Ушбу низомнинг пойдевори ҳали мустаҳкамланмади, яъни бу низом абадий бир низомга айлангани йўқ. Шунинг учун ҳам барча юртларда «Тиллани яна молиявий низомнинг асоси қилайлик» деган чақириқлар ҳам қулоққа чалиниб қоляпти. Ҳаттоки, қуйма тилла стандартига қайтишимиз керак, дейдиганлар ҳам бор. Чунки ҳеч бир давлат тилланинг эҳтиёжидан қутулиб кетдик дея олмаяпти. Агар юқоридаги чақириққа амал қилиш йўлга қўйилса, давлатлар ўзларининг тилла жамғармаларини кўпайтиришга ҳаракат қилиб қолади. Бу эса жуда катта молиявий қудрат бўлиши турган гап. Турли ўзгаришлар бўлиб, молиявий маънода беқарорлик бўлиб турса, бу нарсанинг фойдаси бўлади. Лекин шу тилла жамғарманинг миқдори қанча кўп бўлса ҳам, фақат ҳожат тушганда ишлатиладиган нарса холос. Унинг қоғоз пулларга расмий равишда алоқаси қолмаган.
Ушбу айтиб ўтилган фикрлар дунёдаги нақд пул низомининг ривожланиб бориши ҳақидаги хулосадир. Албатта, нақд қоғоз пуллар бир хил ҳолатни бошдан кечирмаган, балки бир неча босқичлардан ўтган. Шак-шубҳа йўқки, қоғоз пуллар бир пайтлар дайн – бировнинг зиммасидаги молиявий мажбуриятнинг ҳужжати сифатида ишлатилган. Шунинг учун ҳам кўп уламолар қоғоз пулларн謬 дайннинг фактураси деб қабул қилишган. Уларни мол деб тушунишмаган.
Аллома Саййид Аҳмадбек Ҳусайний ўзининг «Баҳжатул муштоқ фий баёни ҳукми закотил авроқ» китобида қуйидагиларни ёзади:
«Шунинг учун агар «банкнот» сўзининг моҳиятини баҳс қиладиган бўлсак, уни французча истилоҳда, француз тилидаги энг кенг ва машҳур Larousse (Ларус) қомусида банк варақаларига қуйидагича таъриф берилган: «Банк варағи пул бирлиги бўлиб, уни кўтариб юрган одам бировга узатса, қиймати тиллада берилиши керак ва одамлар маъдан пул орқали қандай муомала қилсалар, ўша варақ билан ҳам шундай муомала юритадилар. Фақат фарқ шундаки, одамлар ишонишлари учун варақнинг кафолати бўлиши керак.
«Уни кўтариб юрган одам бировга узатса, қиймати тиллада берилиши керак» деган гапдан маълум бўладики, шубҳасиз, бу пуллар дайннинг фактураси ҳисобланади.
«Маъдан пул орқали қандай муомала қилсалар, ўша варақ билан ҳам шундай муомала юритадилар» деган гапдан «одамлар бу варақни тилла-кумушнинг ўрнига оладилар» деган маъно чиқмайди. Мулоҳаза шуки, қоғоз пулларнинг қиймати уни кўтариб келган шахсга тўланади дегани, холос. Чунки қоғоз пулларнинг қийматини тўлаш кафолатга олинган. Демак, қоғоз пулларнинг барчаси дайннинг фактураси ҳисобланади».
Шунингдек, Ҳиндистоннинг кўпчилик уламолари ўтган асрда ушбу қоғоз пуллар дайннинг васиқалари экани ҳақида фатво чиқарганлар. Уни бериш билан закот адо бўлмайди. Фақир уни сарф қилсагина закот адо этилган бўлади. Мазкур қоғоз пуллар билан тилла ёки кумуш сотиб олиш ҳам жоиз эмас.
Лекин баъзи уламолар мазкур қоғоз пулларни мол деб ҳисоблашган ва унинг урфий қиймати бор деб билишган. Бу тўғрида аллома Аҳмад Соатий раҳматуллоҳи алайҳи батафсил сўз юритган. Бу киши имом Аҳмаднинг машҳур «Муснад» китобини тартибга солиб, шарҳ қилган. Мазкур китобнинг «Китобуз закот» бўлимида шундай дейилади:
«Менинг ҳақ деб билишимча, Аллоҳнинг дини деб эътироф қилишимча, закотда қоғоз пулнинг ҳукми худди кумуш ва тилланинг ҳукмидадир. Чунки қоғоз пулда худди икки нақд – тилла ва кумушда муомала қилингандек муомала қилинади. Яъни киши қоғоз пулга сотиб олинган молни сарф қилиши ва ўзининг фойдасига ишлатиб, хоҳлаган вақтида ҳожатини битириши мумкин. Кимнинг қоғоз пуллардан нисобга етган моли бўлса ва бу мол унинг ҳузурида тўлиқ бир йил турса, закот бериши вожиб бўлади».
Худди шу фикрни ҳиндистонлик бошқа уламолар ҳам қўллаб-қувватлашган. «Атрул ҳидоя» ва «Хулосатут тафосир»нинг муаллифи соҳиби, Абдулҳай Лакнавийнинг шогирди, кўпгина маъруф муаллафотларда, исломий илмларда қалам тебратган олим шайх Фатҳ Муҳаммад Лакнавий шулар жумласидандир. Бу кишининг ўғиллари муфтий Саъийд Аҳмад Лакнавий «Атрул ҳидоя» китобининг охирида устозининг фикрларни шарҳлаб, шундай дейди:
«Имом Абдулҳай Лакнавий ҳам юқоридаги фикрга мувофиқ фикр билдирган. У киши айтган фикрларнинг хулосаси шуки, қоғоз пулларнинг икки жиҳати бор:
1. Мазкур қоғоз пуллар билан олди-сотдида, тижоратда ва бошқа молиявий ақдларда худди тилла, кумуш ёки қимматга эга бўлган нарсалар каби муомала қилинади. Балки давлатлар ҳамма одамларни мазкур қоғоз пулларни қабул қилишга, қарзларни тўлашга, хуқуқларни адо этишга мажбурлаган. Бугунги куннинг қонунига биноан, қарздор мазкур қоғоз пулларни қарзини узиш учун берса, қарз эгаси олмайман, дейиши мумкин эмас. Шу жиҳатдан қараганда, мазкур қоғоз пуллар урфий қимматга эгадир.
2. Албатта, қоғоз пуллар ҳукумат тарафидан чиқарилган васиқадир. Агар қоғоз пул ҳалокатга учрайдиган бўлса, ўрнига бошқасини беришни ҳукумат ўзига лозим қилиб олган. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, қоғоз пуллар урфий тилла ва кумуш пулларнинг тескариси бўлиб кўринади. Чунки ўша урфий пуллар – тилла ва кумуш ҳалокатга учраса, ҳукумат тўлаб бермайди. Қоғоз пуллар дайннинг санадига ёки молиявий васиқаларга ўхшаган нарсадир.
Иккинчи жиҳатга чуқурроқ назар соладиган бўлсак, бу жиҳат қоғоз пулларнинг қийматини ботил қилмайди. Чунки ҳукумат аслида мана шу қоғоз пулларни урфий қийматга эга нарса сифатида чиқармоқчи бўлган эди. Шунинг учун ҳам дайнларни адо этиш борасида одамларни уларни қабул қилишга мажбурлаган. Лекин аввалги тилла ва кумуш пуллар ҳамда рамзий пуллар молдан иборат эди, уларнинг эътиборга олинадиган қиймати бор эди. Тилла ва кумуш пуллар ҳамда рамзий пулларнинг мол деб ҳисобланиши учун буни ҳукумат эълон қилишига ҳожат йўқ. Уларни рамзий қийматга айлантиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Чунки рамзий пуллар ўзи гоҳида тилла, кумушдан, баъзи вақтларда бошқа маъданлардан, мисол учун, мисдан ёки темирдан ясалади. Қоғоз пуллардан бошқа пул бирликларининг ҳаммаси пул бўлишидан ташқари ўзи ҳам мол ҳисобланади. Агар ҳукумат буларнинг пуллигини ботил қилиб, қийматини йўқотса ҳам, маъдан сифатида қиймати тураверади.
Аммо қоғоз пуллар аслида мол эмас. Унинг мол бўлиб, қийматга эга бўлиши ҳукуматнинг қарори билан бўлган. Агар ҳукумат унинг қийматини бекор қиладиган бўлса, моллик қуввати ҳам бекор бўлиб қолади. Қоғоз пулларга нисбатан одамларнинг ишончи қолмайди. Маъданлардан тайёрланган қимматбаҳо пулларга эса ишонч ҳеч қачон йўқолмайди. Шунинг учун ҳукуматлар қоғоз пуллар ҳалокатга учраса, уларнинг қийматини тўлаб беришни ўзига лозим қилиб олган. У қимматбаҳо бўлгани учун эмас, балки ҳукумат уларни пул деб эътибор қилгани учун, қолаверса, одамларнинг пулга нисбатан ишончи йўқолмаслиги учун шундай қарор қабул қилган. Шунинг учун ҳам қоғоз пулнинг қиймати сақланади, одамлар у билан муомала қилаверади ва кишилар ўртасида эътибори йўқолмайди.
Ўша қоғоз пулларнинг васиқа бўлиши унинг қийматини ботил қилмайди. Чунки қоғоз пуллар ўз қийматининг ҳукумат томонидан адо этилишини билдириб туради. Бироқ бу кафолат одамлар ўртасидаги муомалага таъсир этмайди. Агар ҳукумат ана шу пулларни урфий қийматга айлантиришни истамаганида, одамларни уни қабул қиласан, деб мажбур қилмас эди. Мана шу жиҳатдан қоғоз пуллар ишончга сазовор бўлган, балки бошқа қимматбаҳо нарсаларга бўлган ишончдан кўра қоғоз пулларга бўлган ишонч юқори бўлиб кетган. Чунки бошқа қимматбаҳо нарсалар ҳалокатга учраса, ҳукумат уларнинг ўрнига ҳеч нарса бермайди. Лекин қоғоз пуллар ҳатто йиртилиб қолса ҳам, ҳукумат уни алмаштириб беради.

БУ МАСАЛАДА БИЗНИНГ ФИКРИМИЗ

Агар биз ушбу икки фикр ўртасида ҳукм чиқарадиган бўлсак, мен ўйлайманки, иккала фикр ҳам ўз замонасига нисбатан тўғри ҳисобланади. Юқорида пулларнинг тарихига назар солиб, қоғоз пуллар бизнинг замонимизга қадар қанча ўзгаришларни бошидан кечирганлигини айтиб ўтдик. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, қоғоз пуллар ўзининг илк босқичида қарзларнинг санади бўлган.
Британия энциклопедиясида қуйидагилар ёзилган:
«Албатта, банкнот дунёда банк чекларидан олдин пайдо бўлган нарсадир. Уни қарз берувчи ҳузуридаги санад деб эътибор қилиш, яъни банкда ҳаққи бор одамнинг қўлидаги ҳужжати дейиш мумкин. Албатта, ушбу қоғознинг ҳаққи бир одамдан иккинчи одамга кўчиб ўтади. Агар банкнотнинг эгаси уни бошқага берса, мазкур варақни кўтариб юрувчи одам банкдан ҳақдор бўлиб туради. Шунинг учун молиявий ҳақларни ушбу варақлар билан адо этиш худди бу ҳақларни тилла ва кумуш билан адо этишга ўхшайди. Албатта, катта маблағни қуйилган тилла ёки кумуш билан адо этиш жуда қийин. Уни санаш керак, нақд бериш керак ва уни кўтариб бориш керак. Қоғоз пулларни ишлатиш эса машаққатни енгиллаштиради.
Лекин ушбу пулларнинг ривожланиб боришига назар соладиган бўлсак, ҳозирда ҳам, келажак замонларда ҳам бир ҳолатда қолмаслигини кўрамиз. Мазкур қоғоз пуллар ўзининг дастлабки босқичида бировнинг шахсий мактубидан (фактурадан), яъни заргар ёки сарроф ёзиб берган ишонч қоғозидан иборат бўлган. Унинг бошқа ҳеч қандай расмийлик сифати ҳам, уни чиқарадиган маълум бир муассаса ҳам бўлмаган. Бирор киши одамларни уни қабул қилишга мажбур ҳам қилмаган.
Лекин қоғоз пуллар кенг тарқалиб кетганидан кейин ҳукумат уни қонуний пулга айлантириб қўйган. Шахсий банкларга қоғоз пуллар чиқаришни ман қилган. Шундай қилиб, унинг молиявий васиқа сифатидаги ҳақиқати бошқа тарафга ўзгариб қолган. Улар қуйидаги жиҳатлардан иборат.
1. Қоғоз пуллар қонуний валютага айланди. Одамлар урфий қимматбаҳо нарсаларни қабул қилишга мажбур бўлганларидек, қоғоз пулларни ҳам қабул қилишга мажбур қилиндилар. Шу билан бирга бошқа молиявий ҳужжат ва қоғозларни қабул қилишга ҳеч ким мажбур қилинмайди. Дайнни адо этиш вақтида ҳеч ким «шуни оласан» деб айта олмайди. Мисол учун, банклардаги чекларни олиб кўрайлик. Улар ҳозир таомилда бор, лекин ҳеч ким бирор кишига «Шу чекни оласан, бўлмаса ҳаққингни бермайман», дея олмайди.
2. Қоғоз пуллар қонуний валютага айланди ва чегараланмади. Бошқа маъданий рамзий пуллар эса қонуний пул ҳисобланса ҳам, чегаралангандир. Қоғоз пуллар билан дайнни адо қилиш мумкин ва дайн қанча миқдорда бўлишининг фарқи йўқ. Қарз эгаси ундан бирор нарсани қабул қилмайман, деб бош торта олмайди, ҳаммасини олаверади. Лекин танга пулларга келадиган бўлсак, агар катта маблағда бўлса, қарз эгаси уни олмайман, дейишга ҳаққи бор. Бу эса шунга далолат қиладики, қоғоз пуллар шу маънода танга пуллардан юқори туради. Улар билан муомала қилиш кенг тарқалган, одамлар шунга эътимод қилган ва уларнинг қонуний сифати ҳам юқори туради.
3. Дайн санадини ҳар бир одам ёзиши мумкин. Бунда қонуний ман қиладиган омил йўқ, уни шариат ҳам ман қилмайди. Қарздор ўзида ҳаққи бор кишига васиқа ёзиб, мен қарздорман, деса, ҳужжат бўлаверади. Уни олган одамга истеъмол қилишида ҳам монеълик йўқ. Лекин қоғоз пулларни фақат расмий тарафгина чиқаради, уларни чиқаришга ҳамманинг ҳам қудрати етмайди. Танга пулларнинг ҳукми ҳам шундай. Шунинг учун қоғоз пулни дайннинг санади дейиш мумкин бўлмайди.
4. Қоғоз пулларга нисбатан «нақд пул», «валюта» ва «қиймат» деган сўзлар ишлатилади. Бу ҳамма давлатларда урфда ҳам, қонунда ҳам эътироф қилинган нарса. Лекин ушбу лафзларнинг ҳеч бири бошқа васиқалардан биронтасига ўтмайди.
5. Одамлар қоғоз пуллар билан худди маъданий (тилла-кумуш) пуллар билан муомала қилгандек муомала қиладилар. Қоғоз пулларни ишлатаётган пайтда «Мен дайннинг васиқасини ишлатяпман» деган гап бирор кишининг хаёлига ҳам келмайди.
Бугунги кунда қоғоз пулларни бериб туриб, эвазига тилла ёки кумуш оламан, деб тамаъ қиладиган бирор одам йўқ.
6. Қоғоз пулларнинг ривожланиш жараёни ҳақида сўз юритилганда айтиб ўтилганидек, ҳозирги кунда қоғоз пулларнинг ортида на тилла ва на кумуш қолгани йўқ. Уларни ҳаттоки халқаро алоқаларда ҳам тиллага айлантириб бўлмайди».

ПУЛНИНГ ҚАДРИ ТУШИШИ ЁКИ ОШИШИ ТУФАЙЛИ ПАЙДО БЎЛАДИГАН МУАММОЛАР ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?

Катта фақиҳ ва уламолар даврида пулнинг қиймати ўзгариши деган гапнинг ўзи бўлмаган. Уларнинг даврида пул тилла ва кумуш тангалардан иборат бўлган. Бу икки пул бирлиги қимматбаҳо маъдан сифатида ҳам ўзининг доимий қийматига эга бўлган. Шунинг учун динор ва дирҳамларнинг ўзгармаслиги ҳақида ихтилофлар бўлмаган. Шу билан бирга, ўша вақтларда арзон маъданлардан қилинган, «фулус» деб аталган майда пуллар бўлган. Ана ўшаларнинг қиймати ўзгарганда, зиммадаги кейин тўланиши лозим бўлган молиявий мажбуриятлар – қарзлар, ижаралар, маҳрларда нима қилиш борасида уламолар ихтилоф қилганлар.
• Жумҳур, яъни кўпчилик уламолар: «Бунда арзонлашиш ёки қимматлашишнинг эътибори йўқ, нимани олса, ўшани беради», дейишган. Чунки асосий қоида шуни тақозо қилади.
• Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Қарзни қайтариб бериш пайтида уларнинг қиймати ўзгарган бўлса, фулусларнинг (майда пулларнинг) қиймати адо қилинади», деган. Бу ҳақда аллома Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Абу Юсуф айтади: «Қарздор байъ воқеъ бўлган (кучга кирган) кундаги қийматга ёки қабз воқеъ бўлган кундаги қийматга тенг дирҳам бериш лозим бўлади», деди».
Қадимдан молиявий мажбуриятларни адо қилишда нимани олса, шунга ўхшашни бериш асл ва умумий қоида бўлиб келган. Замондош уламолар ҳам ушбу қоидани ушлаб туришган.
Аммо охирги пайтда пул қадрининг тез-тез тушиб ёки кўтарилиб туриши ёхуд бир йўла бекор қилинишига ўхшаш ҳолатлар кўпайди. Бундай ҳолатларда қиймат эътиборга олинса бўлмайдими, деган саволлар ўртага ташланди. Уларга турли жавоблар ҳам берилди. Биз ўзимизни қониқтирган жавобни доктор Али Муҳйиддин Қорадоғий жанобларининг ўн икки жузли «Ҳақийбату толибил илми ал-иқтисодия» номли энциклопедиясидан топдик.
Доктор Али Муҳйиддин Қорадоғий жаноблари бу муаммони ҳал қилиш учун тўртта йўлни таклиф қиладилар. Аммо бизнинг шароитимизга улардан биттаси мос тушади. У ҳам бўлса, пулнинг қийматини ҳисобга олиш. Бунда маълум муддатдан кейин берилиши лозим бўлган молиявий мажбуриятлар ҳақидаги шартнома тузилаётган пайтда икки тараф қарздор қарзни адо қилаётганда эътиборга олинадиган қийматни келишиб оладилар. Бу эса бир неча хил бўлиши мумкин;
1. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар одатда нархи кам ўзгарадиган истеъмол молларидан бирининг қийматига келишиб олишлари мумкин.
Бундай нарсаларга гўштнинг нархи мисол бўла олади. Маълум муддатни белгилаб қарз берилаётганда, насияга нарса сотилаётганда, маҳр белгиланаётганда, узоқ муддатли ижара шартномаси тузилаётганда ва буларни адо қилиш пайтида гўштнинг нархига қараб қайтаришга келишиб олинади.
Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган.
Амр Ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, у ўлганнинг яқинларига топширилади. Улар хоҳласалар, уни қатл қиладилар, хоҳласалар, хун оладилар: у эса ўттизта ҳиққа (уч ёшли урғочи туя), ўттизта жазуъа (беш ёшли урғочи туя) ва қирқта халуфа(бўғоз туя)дан иборатдир. Яна нимага сулҳ қилсалар, у ўзларигадир. Бу хунни оғирлаштириш учундир», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Қасддан одам ўлдирган кишига икки хил жазодан бири жорий қилинади. Қайси бир жазони танлаш эса ўлдирилган шахснинг аҳли ихтиёридадир. Қотил уларга топширилади. Агар маййитнинг аҳли қотилдан қасос оламиз, у ҳам қатл этилсин, деб талаб қилсалар, қотилдан қасос олиниб, ўлдирилади. Мабодо, ўлган ўлиб кетди, биз қотилни афв этамиз, у бизга хун берсин, десалар ҳам ўз ихтиёрларида. У пайтда улар қотилдан хун учун юз дона туя оладилар. Лекин тўғри келган туяни эмас, қандай туядан, неча адад бўлишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари белгилаб берганлар. Мазкур ҳолатда хунга уч хил туя олинади:
1. Ўттиз дона уч ёшли урғочи туя.
2. Ўттиз дона беш ёшли урғочи туя.
3. Қирқ дона бўғоз туя.
Имом Абу Довуд ва Насаийлар Амр Ибн Шуъайб розияллоҳу анҳудан, у ўз отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хуннинг қиймати саккиз юз динор ёки саккиз минг дирҳам бўлиб, аҳли китобнинг хуни ўша кунларда мусулмонлар хунининг ярмига тенг эди. Кўп йиллар шундай ҳолда давом этиб келди. Ниҳоят, Умар халифа бўлганидан ке¬йин, у хутба қилиб:
«Билиб қўйинглар, туя қиммат бўлиб кетди», деди.
Сўнгра дияни олтин эгаларига минг динор, кумуш эгаларига ўн икки минг дирҳам, қорамол эгаларига икки юзта қорамол, қўй эгаларига икки мингта қўй ва кийим эгаларига икки юзта кийим этиб белгилади. Аҳли зиммаларнинг хунини кўтармай, ўз ҳолида қолдирди».
Ушбу ривоятдан кўплаб фойда, қоида ва шаръий далилларни тушуниш услубларини ўрганиб оламиз:
– Хуннинг қийматини бериш ҳам мумкинлиги;
– Хуннинг қиймати юзта туянинг қиймати эканлиги. Чунки ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу динор ва дирҳамнинг миқдорини оширишга туянинг нархи қимматлашиб кетганлигини сабаб қилиб кўрсатдилар;
• Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хуннинг қиймати олтин пул ила саккиз минг дирҳам бўлганлиги;
• Аҳли китобнинг хуни мусулмон шахснинг хунининг ярмига тенг бўлиши;
• Ўша вақтда пулнинг кучи туянинг нархи билан ўлчанганлиги (Албатта, Арабистон ярим ороли шароитида);
• Ҳазрати Умарнинг пул қийматининг ўлчови бўлган туянинг нархи ошиб, пулнинг қадри пасайганлиги учун хуннинг қийматини зиёда қилганликлари;
• Ҳазрати Умарнинг даврларида хуннинг қиймати олтин пул билан минг динор, кумуш пул билан ўн икки минг дирҳамга чиққанлиги;
• Хуннинг қийматини Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган қийматлар билан ҳам белгилаш мумкинлиги. Мисол учун, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хуннинг қийматини икки юз сидирға кийим-кечак деб белгилаганлар. Ўша вақтларда бирор нарсанинг қийматини кийим-бош билан берадиган томонлар ҳам бўлган, чунки уларнинг касби-корлари шу билан бўлган. Уларнинг бошқа мол-мулки бўлмаган. Бир сидирға кийим битта кўйлак ва бир иштондан иборат бўлган.
Мана шу гаплардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хунни туя билан белгилаганларининг ҳикмати юзага чиқади. Ҳаттоки тилла ёки кумуш билан ҳам белгиламаганлар.
2. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар тилланинг қийматига келишиб олишлари мумкин.
Бу гапнинг далили сифатида қоғоз пуллардан закот беришда нисобни белгилаш учун тилланинг қиймати эътиборга олинишини келтиришимиз мумкин. Кумуш халқаро миқёсда умуман пул ўрнида қабул қилинмай қўйди. Тилла эса пул ўлчови сифатида дунё бўйича мақбул бўлиб турибди. Шунинг учун уламолар: «Қоғоз пулни тилланинг қиймати билан ўлчаш керак», деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида йигирма динор пулнинг, яъни тилланинг оғирлиги йигирма мисқол эди. Йигирма мис¬қол тилла эса саксон беш граммга тенг бўлади. Демак, ҳар йили саксон беш грамм тилланинг баҳоси қоғоз пулнинг нисоби бўлади. Кимда 85 грамм тилланинг қийматига тенг ёки ундан кўп қоғоз пул бўлса, унга закот бериш фарз бўлади. У одам пулини ҳисоблаб туриб, икки ярим фоизини закотга бериши керак.
3. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар қиймати унча ўзгармай турадиган пул бирлиги қийматига келишиб олишлари мумкин.
Мисол учун, долларнинг қийматига келишиб олиш мумкин бўлади.
4. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар сулҳ тузиш орқали ўзаро рози бўлиб, келишиб олишлари мумкин.
Шариатда бунга далиллар кўп.
Амр ибн Авф ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонлар орасида сулҳ жоиздир. Магар ҳаромни ҳалол қилган ёки ҳалолни ҳаром қилган мустасно. Мусулмонлар шартларининг устидан чиқурлар. Магар ҳалолни ҳаром қилган ёки ҳаромни ҳалол қилган шарт мустасно», дедилар».
Термизий, Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилганлар.
Мусулмонлар орасида кўпроқ низо ва келишмовчиликлар келиб чиқадиган ишлардан бири молиявий муомалалар бўлганлиги учун сулҳ ҳақидаги ушбу ҳадиси шариф савдо китобига боғлиқ мавзуларда келтирилади.
Низоларни сулҳ билан тинчитиш яхши. Аммо сулҳ ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қиладиган бўлмаслиги керак. Бундай нарса ҳеч қачон сулҳ бўла олмайди, балки куфрдир. Бунга ҳеч бир мусулмон рози бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек, мусулмонлар ўзлари келишган ҳар бир шартни бажарадилар. Лекин ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол қиладиган шартни ҳеч қачон бажармайдилар. Шунинг учун мусулмонлар бундай гуноҳ аралашган сулҳ ва шартномаларга қатнашмайдилар ҳам.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У масжидда Ибн Абу Ҳадраддан қарзини тўлашини талаб қилди. Кейин икковининг овози кўтарилиб кетиб, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни уйларида туриб, эшитдилар. Шунда у зот ҳужраларининг дарпардасини (икки томонга) очиб, уларнинг олдига чиқдилар¬да:
«Эй Каъб!» деб чақирдилар.
«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот:
«Қарзингдан бунчасини кеч» деб, ярмига ишора қилдилар.
«Кечдим, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот (Ибн Абу Ҳадрадга қараб):
«Тур, уни (қолганини) тўла», дедилар».
Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар.
Ибн Абу Ҳадрад розияллоҳу анҳу Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан қарздор экан. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида учрашиб қолиб, ораларида қарз ҳақида гап чиқибди. Икковлари қизишиб кетганларидан овозлари ҳам баланд кўтарилиб кетибди. Шунда гапга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аралашибдилар. У зот ҳужраларининг пардасини очиб, Каъб ибн Моликни чақириб, «Қарзнинг ярмини кечиб юбор», деб ишора қилибдилар. Каъб ибн Молик дарҳол рози бўлибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор Ибн Абу Ҳадрадга: «Тур, қарзингни адо эт», дебдилар. Бу ерда қарз борасидаги низо сулҳ билан ҳал қилинди.
Худди шунингдек, биз сўз юритаётган мавзудаги барча низо ва келишмовчиликларни ҳам сулҳ ва ўзаро розилик йўли билан ҳал қилиш жуда ҳам осон.
Бундай ҳолатлар аввал келишиб олмаган, фавқулодда ҳолатлар пайдо бўлганда икки тараф тортишиб қолишлари оқибатида кўпроқ юзага чиқади. Шунда икки тараф ҳам инсоф қилиб, вазиятни ҳисобга олиб, бир-бирларини рози қилсалар, жуда ҳам яхши бўлади.
Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга бошловчидир!

Бениҳоя эҳтиром ила:
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Молни қўлга олмасдан сотиш
Бир киши дўконга кирди ва сотувчидан бир нарса сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчининг ҳузурида эса у нарса йўқ эди. Сотувчи шу пайт бошқа бировнинг дўконида борлигини билиб туриб, ўша нарсани харидорга лафзан сотиб, давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тақсит савдоси ҳақида
Оламлар роббиси Аллоҳ таолога ҳамд, расули Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли, асҳобларига ҳамда қиёмат кунигача уларга гўзал тарзда эргашган кишиларга солавоту саломлар давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Насияга сотиб нақдга қайта сотиб олиш
Бир киши бировга ҳар ойда маълум миқдордан бериб туриш шарти ила бир йил муддатга 10.000га машина сотса, сўнг бир йил тўлмасидан ва пулини тўлиқ тўламасидан аввал 8.000 нақдга ўзи қайтариб сотиб олса бўладими? Бундай давоми...
9 йил аввал 8784 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сотилган молни гаров сифатида ушлаб туриши
Ҳозирги кунда одамлар орасида турли муомалалар ривожланиб кетган. Шундай муомалалардан бири насия савдода сотувчи сотилган молни харидор нархини тўлиқ ёки қисман тўлагунича ушлаб туришидир. Бу жоизми? Насия давоми...
7 йил аввал 6477 fiqh.uz