Тақсит савдоси кўриниши ва жадвали


بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيم

وَالْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ خَاتَمِ النَّبِيِّينَ وَإِمَامِ الْمُرْسَلِينَ ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَالتَّابِعِينَ لَهُمْ بِإِحْسَانٍ إلَى يَوْمِ الدِّينِ

أَمَّا بَعْدُ :

Савдони ҳалол қилган рибони ҳаром қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин. Ростгўй, ҳалол савдогар қиёмат куни набийлар, шаҳидлар ва сиддиқлар билан бирга бўлади, деган Пайғамбаримизга битмас туганмас салоту саломлар бўлсин.

Бугунлик кунда бизнинг диёрларда жорий бўлиб турган савдо турларидан бири Тошкентда “аренда”, Андижонда “учирма”, Қўқонда “еталатма”, Наманганда “викупка”, деб номланмоқда. (Бошқа вилоятларда бу савдо тури ҳали ривожланмади). Замонавий истелоҳда бу “Эгалик билан якунланувчи ижара” деб номланади. “Эгалик билан якунланувчи ижара”нинг жоиз ва ножоиз суратлари бўлиб, бу хусусда алоҳида баҳс юритиш лозим.Лекин биздаги бўлаётган битимларнинг кўпчилиги “Эгалик билан якунланувчи ижара”нинг ножоиз сурати асосида бўлиб қолаётгани кўринади. Хусусан мулкнинг зоминлиги, савдонинг охирига етмасдан бузилгандаги келишмовчиликлар ушбу шартноманинг ножоиз суратда тузилганлигини кўрсатиб қўймоқда. Шунинг учун ушбу савдо билан шуғулланаётган савдогарларга жоиз суратдаги шартномани таклиф қиламиз.Бу шартнома тақсит шартномаси бўлиб, у билан қуйида танишимиз мумкин.

Тақсит луғатда бўлиб-бўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истелоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо молининг баҳоси нақд тўлашга нисбатан қимматроқ ёки баробар ёҳуд пастроқ бўлишининг эътибори йўқ.

Ислом фиқҳи академиясининг еттинчи мажлисида ушбу савдо тўғрисидаги уламолар муноқашаларини тинглангач унинг жоизлиги тўғрисида қарор қабул қилинди.
Албатта ушбу савдо турининг ҳам тўғри бўлишлиги учун маълум шартлар амалга оширилиши керак.
Тақсит савдосининг шартлари.
1. Сотилаётган савдо моли мубоҳ нарса бўлиши;
2. Савдо моли сотувчи ёки вакилининг мулкида бўлиши;
3. Бўлиб бериладиган маблағ бўлаклари маълум бўлиши;
4. Вақтнинг аниқ таъйинланган бўлиши;
5. Икки тараф насия ва вақт орасида иттифоққа келишмай ажралиб кетмаслиги.

Тақсит савдосининг низоми

1-модда. Тақсит савдоси, насия савдо турларидан бўлиб, унинг мажбуриятида сотувчи ва олувчи келишилган пулни таъйинланган вақтларда бўлиб-бўлиб тўлашга келишишади.
2-модда. Тақсит савдосининг битимида қуйидаги шартлар тўлиқ баён қилиниб, икки нусхада сотувчи ва олувчининг қўлида бўлмоғи лозим:
1. Савдо молининг тўлиқ сифати;
2. Баҳонинг миқдори ва (агар берилса) олдиндан бериладиган маблағнинг миқдори;
3. Бўлиб тўлашга қўйилган муддатнинг аниқлиги;
4. Бўлиб тўланадиган маблағларнинг аниқлиги;
5. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг адади;
6. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг вақти;
7. Баҳонинг тўлиқ тўлаш шартлари;
8. Шу билан бирга сотувчи ва олувчининг ўзидан содир бўлиши мумкин бўлган баёнотлар, ўзаро келишув асосида қандай баёнот ёки шартлар бўлса уни келтириш...

3-модда. Савдо моли битим тузилган вақтда харидорга тўла-тўкис берилмоғи лозим;
Бермоқлик – савдо молига боғлиқ бўлган нарсаларни ва ундан фойдаланишликда доимий сифат бўлиб эътибор қилинадиган ҳар бир нарсани ўз ичига олади. Бу эса нарсанинг табиати, урф ва икки томоннинг мақсад тақозосига мувофиқ бўлади. Шу билан бирга савдо молини олувчи ундан ҳар қандай тўсиқсиз, тўлиқ тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт ҳисобланади. Шаръий истелоҳда буни таслим дейилади.

4-модда. Тақсит савдосида сотувчи харидордан баҳони ҳамма қисмини тўлиқ адо этгунча гаров ёки зарарни ва тўлиқ тўлаш кафолатини сўрашлиги жоиздир;

5- модда.
А. Сотувчида тақситга сотиладиган товарнинг 20%дан кам бўлмаган маблағини олдиндан олиш ҳуқуқи бор;
Б. Харидор гаровни ёки зарар ҳамда тўлиқ тўлаш кафолатини келтирса, келишувга қараб, юқоридаги нисбат озайиши мумкин;
6-модда. Харидор бўлиб-бўлиб бериладиган пулни қайси манзилда адо қилишини ҳам аниқ белгилаб олишлари лозим.

7-модда. Битимда харидор зиммасидаги келишилган баҳонинг кўп қисми берилган бўлса ва харидор зиммасидаги бўлаклардан бир қисмини беролмай қолса, икки тараф учун ҳам ушбу савдо шартномасини бузиш талаби жоиз бўлмайди;

8-модда. Харидор зиммасидаги бериши керак бўлган бўлакни камида икки маротаба ўз вақтидан кечиктирсагина, қолган пулни нақд қилиб беришга тузилган келишув амалга ошади.

Тақсит савдосининг баъзи келишувларида, агар харидор келишилган маблағнинг бир бўлагини ваъдалашган вақтда адо қилмаса, қолган бўлаклари нақдга айланиб қолади ва сотувчи учун шу ҳолда қолган бўлакларнинг ҳаммасини нақд тўлашни талаб килмоғи жоиз бўлади, дейдиганлар ҳам бордир. Ушбу шарт жоизми? Бу масала айрим ҳанафий китобларида зикр қилинган.

“Хулосатул фатавода” шундай дейилади:

“Агар (сотувчи олувчига): “Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади”, деса дуруст бўлади ва мол нақдга айланади”.

Бу масала “Фатвои баззозияда” ўзгартирилган, маъно у билан тўғри бўлмайдиган ҳолда зикр қилинган. Рамлий “Жомиуъл фусулайн”га ёзган ҳошиясида ана ўшандан огоҳлантириб, қуйидагиларни айтади: “Баззозияда: “Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади, деса дуруст бўлади ва мол нақдга айланади”, демоқлик билан муддатни йўққа чиқариш, шартни бузганлиги сабабли ҳосил бўлади”, дейилади. “Хулосанинг” иборасида ҳам: “Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади, деса дуруст бўлади ва мол нақдга айланади”, демоқлик билан муддатни йўққа чиқариш шартни бузганлиги сабабли ҳосил бўлади”, дейилади[3].

Демак ушбу фиқҳий матнлар шу каби шартни қўйишнинг жоизлигини кўрсатади. Харидор тақсит савдосидаги шартлардан айримларини бузганда, сотувчида ҳам насия муддатини нақдга айлантириш ҳуқуқи ҳосил бўлади. Лекин шундай ҳолатда сотувчи нақдга айланган муддатдаги фойдаларни олмаслиги шартдир. Яъни сотувчи муддатни кутаман деса, фойда олишга ҳақли бўлади, лекин харидорнинг айрим шартларни бузиши сабабли насия муддатини нақдга айлантирса, ўша муддатдаги фойдаларни чиқариб ташлашлиги лозимдир...

Товарни гаров қилиш.

Бу ўринда товарни гаров қилишнинг қуйидаги кўринишига аксар фуқаҳолар ижозат беришган. Харидор дастлаб товарни сотиб олади. Ўз мулкиятини собит қилгач сўнгра сотувчининг ўзига гаров сифатида қайтаради. Лекин бунда гаров қилинган товар харидорнинг ўзида қолади. У ўша товарни ўз фойдасига ишлатади.

Ҳаскафий ушбу масалани “Дуррул мухтор”да зикр қилган: “Агар харидор сотувчидан сотиб олган нарсасини қабз қилгандан сўнг, ушлаб тур, деса шу пайтда товарни ўз пулининг баробарида гаровга қўйган бўлади. (Яъни товарнинг мулкияти харидорда собит бўлади. Гарчи товар ҳалокатга учраса у харидорнинг ҳисобидан бўлади. Шунда шартнома бузилмайди. Ушбу шарҳни Ибн Обидин шу матннинг остида келтирган). Агар харидор товарни қабз қилмасдан олдин шу гапни айтса, у гаров бўлолмайди. Бундай пайтда бу баҳоси келгунча ушлаб турилган товар бўлади. (Яъни товарнинг зоминлиги гаровнинг зоминлигидан ўзгачадир. Бир хил нарса икки турли кафолат билан кафолатланмайди. Бир-бирига зид икки нарсанинг бир жойда жамланиши тўғри эмас. Агар харидор мулкни ўзида собит қилишдан олдин сотувчига, товарни ушлаб тур, баҳосини олиб келаман, деса ва шу пайтда товар ҳалокатга учраса савдо шартномаси бузилади[4])”.Бундай гаров турида товар мулкиятини учинчи шахсга ўтказиб юбориш жоиз бўлмайди. Сотувчида агар харидор баҳони тўлай олмаса товарни сотиб ўз ҳаққини олиш имконияти бўлади.

Товарнинг ҳужжатини гаров сифатида ушлаб туриш.

Ушбу гаров турида сотувчи товарнинг ўзини бўлмаса-да, унинг эгадорлик ҳужжатларини гаровда ушлаб турса бўлади. Бу ҳолда ҳужжатларни гаровда ушлаш билан гаров комил бўлади. Сўнгра гаров қилинадиган товар харидорнинг ўзида орият бўлиб қолади...

Тақсит савдоси учун қуйидаги шаклда битим тузиш мумкин. Ушбу битим томонлар келишувига кўра, албатта тақсит савдосига мувофиқ тарзда ўзгартирилиши ҳам жоиздир.

Ушбу битим ___ йил ___ ой ____ кунда(жой номи)да (Ф.И.Ш. туғилган сана, ой, кун, жинси, яшаш жойи (паспортга мувофиқ)(бундан кейин сотувчи деб юритилади) ва(Ф.И.Ш. туғилган сана, ой, кун, жинси, яшаш жойи (паспортга мувофиқ)(бундан кейин харидор деб юритилади) томонларидан тузилди.

БИТИМ АСОСИ:

Сотувчи ва харидор ушбу битимни ўз розиликлари билан имзоласалар, қуйидаги келишув амалга ошади:

- Сотувчи (маркаси, ишлаб чиқарилган жойи ва йили, от кучи) машинани харидорга (15000 (ўн беш минг) АҚШ доллари)га сотиб, (3000 (уч минг) АҚШ доллари)ни биринчи бўлак сифатида олди. Қолган (12000 (ўн икки минг) АҚШ доллари) ни (2012 йил 15-январдан 2012 йил 15-декабргача,яъни 12 (ўн икки) бўлакда, ҳар ойнинг 15-куни 1000 (бир минг) АҚШ доллар)дан харидор сотувчига адо қилиши учун сотди.

- Харидор ушбу (маркаси, ишлаб чиқарилган жойи ва йили, от кучи) машинани айтиб ўтилган қайдлар асосида сотиб олишни қабул қилди.

КЕЛИШУВ ШАРТЛАРИ:

Сотувчи ва харидор ушбу битимнинг қуйидаги шартларига келишиб олишди.

1. Сотувчи сотилаётган (маркаси, ишлаб чиқарилган жойи ва йили, от кучи) машинани ўз мулки эканлигига иқрор бўлди.

2. Харидор ушбу машинани ўз кўзи билан кўрганига, унинг савдони бузиб, сотувчига машинани қайтариб бериши учун ҳеч қандай сабаб йўқлигига иқрор бўлди.

3. Савдода қайд қилинган маблағ бўлаклари милодий(2012 йил 15-январдан 2012 йил 15-декабргача, яъни 12 (ўн икки) бўлакда,ҳар ойнинг 15-куни 1000 (бир минг) АҚШ доллар)харидор томонидан сотувчига кўрсатилган манзилда бериб борилиши ёзиб қўйилди.

4. Сотувчи харидордан тўлов бўлакларини адо қилгунга қадар гаров ёки кафолат талаб қилиши мумкин.

5. Харидор тўртинчи бандга рози бўлса, келишилган тўлов бўлакларини тўлай олишини исботи учун молиявий кафолат, ишонч қоғозлари ёки кўчмас мулк ҳужжатлари кабиларни тақдим қилади.(Бизда сотувчи ушбу машинанинг фақат ҳужжатларини гаров сифатида ушлаб туришини йўлга қўйиш мумкин. Лекин бу харидорга машинани мулк сифатида тасарруф қилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмаслиги лозим ва шу кўринишдаги гаров натижасида харидор савдо молини учинчи шахсга сотиб юбориши тўғри бўлмайди).

6. Қачон харидор келишилган бўлаклардан бирини (ёки бу ҳолатни харидор ва сотувчи келишиши мумкин) сабабсиз бера олмаса, сотувчи қолган бўлакларни нақд беришни талаб қилиш ҳаққига эга бўлади.

7. Олтинчи банддаги ҳолат юзага келганда сотувчи харидордан қолган бўлакларни нақд олар экан, ўша бўлаклардаги фойдаларни олмайди. (Шунинг учун ҳисоб-китоб жараёнида икки тараф ҳам ҳар бир бўлакнинг фойдасини белгилаб қўйишлари фойдадан ҳоли бўлмайди).

8. Харидор агар бошқа ўринда тўлашга келишилмаган бўлса, тўлов бўлакларини сотувчи яшайдиган манзилда беради.

9. Харидор келишилган маблағларни тўла адо қилиб бўлгач, сотувчи гаров ёки кафолатларни эгасига қайтариб беради. Сотувчи харидорга машинани таслим қилгач, ушбу машинага етадиган ҳар қандай зарарга масъул бўлмайди.

10. Келишилган маблағ тўла ёки аксар қисми адо қилингач, сотувчи машинани қайтариб олиши ёки унинг нархига устама қўйиши мутлақо жоиз эмас.

11. Расмий шартнома давомидаги сарф-харажатлар, мулкни кўчириш каби тўловлар харидор зиммасига юкланади.

12. Ушбу битим икки нусхада бўлиб, ҳар икки тарафнинг қўлига алоҳида берилади. Ундаги жадвални икки тараф юзма-юз тўлдириб боришади.

Сотувчи:________________________________имзо /_____________/

Харидор:________________________________ имзо /_____________/

Гувоҳлар:

1. ________________________________ имзо /_____________/

2. ________________________________ имзо /_____________/


2012 йил 15-январ якшанба.
Жадвал


9 йил аввал 8680 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Молни қўлга олмасдан сотиш
Бир киши дўконга кирди ва сотувчидан бир нарса сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчининг ҳузурида эса у нарса йўқ эди. Сотувчи шу пайт бошқа бировнинг дўконида борлигини билиб туриб, ўша нарсани харидорга лафзан сотиб, давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тақсит савдоси ҳақида
Оламлар роббиси Аллоҳ таолога ҳамд, расули Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли, асҳобларига ҳамда қиёмат кунигача уларга гўзал тарзда эргашган кишиларга солавоту саломлар давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Насияга сотиб нақдга қайта сотиб олиш
Бир киши бировга ҳар ойда маълум миқдордан бериб туриш шарти ила бир йил муддатга 10.000га машина сотса, сўнг бир йил тўлмасидан ва пулини тўлиқ тўламасидан аввал 8.000 нақдга ўзи қайтариб сотиб олса бўладими?Бундай давоми...
9 йил аввал 7281 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ масалалар ечими
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Расулуллоҳга саловот ва саломлар бўлсин!Аммо баъд:Бугунги кунда пулнинг қадри тушишига боғлиқ масалалар, саволлар жуда ҳам кўпайди. Айниқса, бу давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сотилган молни гаров сифатида ушлаб туриши
Ҳозирги кунда одамлар орасида турли муомалалар ривожланиб кетган. Шундай муомалалардан бири насия савдода сотувчи сотилган молни харидор нархини тўлиқ ёки қисман тўлагунича ушлаб туришидир. Бу жоизми? Насия давоми...
7 йил аввал 6404 fiqh.uz