4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари


Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.
(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин.

Буларни ақл билан ёки тажрибаю, одатлар билан билиб бўлмайди).
Шу билан бирга охират фойда-зарарлари дунёдаги емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳ ва шу каби бошқа бир қанча ишлар билан тамомига етади. Яъни вужудга келади[1].

ХУСУСИЙ ВА УМУМИЙ МАСЛАҲАТЛАР.

Одатда умумий маслаҳат хусусийсидан устун қўйилмайди.
(Ҳар бир ишчи аввало ўз манфаати учун ҳаракат қилади. Мисол учун бир фабриканинг қоровули маълум миқдордаги ойлик учун хизмат қилади. Унинг хизматидан бутун фабрика фойдалансада, лекин ойлик берилмаса у ишга келмайди. Демак бу ўринда шахснинг манфаатини биринчига қўйиш керак).
Лекин шахсий манфаат билан умумий манфаат бир-бирига зид келиб қолса, бу пайтда омманинг манфаати устун қўйилади.
(Яъни юқоридаги қоровул фабриканинг ҳамма ишчиси билан уришиб қолса, қоровулнинг манфаатини ўйлаб фабрикани беркитилмайди, балки бу ўринда қоровулдан воз кечилади).
Агар манфаатлар ўртасида зиддият бўлмаса шахсий манфаатлар омманинг манфаати учун доимий харакатда бўлади. Имом Шотибий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Киши бошқага ёрдам бериш сабабидан ўзи манфаат топади. Шунинг учун, гарчи ҳар бир киши ўз фойдасига ҳаракатда бўлса ҳам бунинг ортидан кўпчилик сабабли кўпчиликка манфаат етади... Инсоннинг ўзига фойда топиш йўлидаги ҳар бир амалида бошқалар учун манфаат бор. Оддий хунармандчиликдан тортиб, катта саноатларгача бунга мисол бўла олади[2]”.
(Оддий бир этикдўз ўз ҳунари орқали бола-чақасини боқиш, шароитини яхшилаш, ўз манфаатига эга бўлиш учун харакат қилади. Шу билан бирга бошқа одамларга оёқ кийим тикиб беради. Катта фабрикада ишлаётган ишчилар ўз ойликлари учун хизмат қилишсада шу билан бирга фабрикага ҳам фойда етказишади).
Шу каби тақсимот дарҳақиқат инсоннинг фойдаси учун хизмат қилади. Инсонга шахсий манфаатни жалб қилишда омманинг манфаати асосий майдон бўлиб кўринади.

АСЛИЙ ВА УНГА ТОБЕЪ МАСЛАҲАТЛАР.

Оила қуришдан ҳосил бўладиган асосий манфаат насл қолдириш бўлса, эр-хотин бир-биридан ҳузурланиши унга тобеъ бўлган манфаатдир.
(Илм ўқишдан асосий мақсад Аллоҳ таолони таниш бўлса, илм орқали келадиган барча манфаатлар унга тобеъ маслаҳатлар ҳисобланади).
Яна маслаҳатлар ичида тез келадиганлари ва кейинроқ келадиганлари, кучли ва кучсизлари ҳам бор.

МАНФААТЛИ МАСЛАҲАТЛАРГА ҲАРИС БЎЛИШ.

Расулуллоҳ  саллолоҳу алайҳи васаллам:
“Ўзингга фойдали нарса учун ҳарис бўлгин”,-деб марҳамат қиладилар. (Имом Муслим ривояти).
Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу бир кишига танбеҳ бериб:
“Нима учун укангни унга манфаатли бўлган нарсадан қайтардинг у сенга ҳам фойдалику?”,-деганлар. (Имом Молик “Муватто” ларида ривоят қилинган).
(Яъни укасини фойдали ишдан қайтарган одамни койиганлар).
Киши ҳатто гапирса ҳам манфаатни жалб қиладиган ва зарарни даф этадиган сўзларни гапириши лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий ва Муслим роҳматуллоҳи алайҳимлар ривоят қилган ҳадисда шундай дейдилар:
“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса яхши гапни гапирсин ёки жим турсин”.
Оқил инсон қалби ва аъзолари билан ҳам фақат яхшиликни жалб қилиш ва ёмонликни даф этиш ҳаракатида бўлади. Агар яхшиликка қодир бўлмаса ёмонликни қўлдан келганча қайтариши ҳам яхшилик ҳисобланади.

МАСЛАҲАТЛАРНИ КЎПАЙТИРИШ.

Кўпайтириш деганда манфаатли нарсанинг улуғроғини жалб қилиш тушунилади. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 152-оятида шундай марҳамат қилади:
“Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳар бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмасмиз. Агар гапирсангиз қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд эсласангиз”.
Демак етимнинг молига эгалик қилувчи киши учун уни кўпайтириш мақсадида яхши йўл топса ҳам, унданда яхшироғини излаши лозим бўлар экан. Яна Аллоҳ таоло Бақара сурасини 61-оятида шундай дейди:
“Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни сўрайсизларми?”.
Яъни икки иш рўбарў келиб, бири фойдалироқ бўлса ана шу фойдалироқни танлашлик оятга мувофиқ вожиб бўлади. Агар киши била туриб икки ишнинг манфаати камроғини танласа бу унинг фойда зарарни ажрата олмаслигига далолат қилади.
Изуддин ибн Абдуссалом айтади:
“Рушдлик инсон фойдалироқ ишга қодир бўла туриб, фойдаси ундан камроқ бўлган иш билан кифояланиб қолмайди”.
Ибн Таймия “Фатово” номли китобида шундай дейди:
“Албатта Аллоҳ таоло салоҳиятли, етук ишларга буюрган ва фасод ҳамда бузуқ ишлардан қайтарган. Ўзининг пайғамбарларини манфаатларини ҳосил қилиш ва уларни камолига етказиш учун, фасодларни йўқотиш ёки камайтиришлари учун юборган”.
Шунингдек бойлардан даромад ва бойликни олиб фақирларга тарқатиш ҳам ижтимоий манфаатларни улуғлашга хизмат қилади. Чунки фақирнинг бир дирҳам топган манфаати бойнинг ундан кўп топганидан устун туради.
(Чунки камбағал ушбу бир дирҳам билан заруратларини қондирса, бойнинг топгани ўзи учун ортиқча бўлиб тураверади).
Агар бой емоқ-ичмоқда исрофга йўл қўйса манфаати камайиб, секин-аста зарарга ўтиб кетади. Агар ер юзида ҳаром оммалашиб, ҳалол топилмайдиган даражага етса, фақат заруратларнинг ўзи билан кифояланиб қолинмайди, балки ҳожатига етарлигини олиш жоиз бўлади. Чунки заруратлар билан кифояланиб қолинса, бандалар заифлашиб, Ислом ўлкасидаги барча нарсаларга динсиз кофирлар эгалик қилиб олишади. Натижада инсонларнинг ҳунармандчилик ва саноат ишларига қизиқиши йўқолиб, улар халқнинг манфаати учун зарур бўладиган сабабларни тарк қилишади.

ОБОДОНЧИЛИК ВА АДОЛАТ.

Биз юқорида шариатнинг умумий мақсади манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф этиш дедик. Яна шу билан бирга манфаатларни иложи борича кўпайтириш ва зарарларни ҳам имкон қадар камайтириш вожиблигини ҳам айтдик. Буларнинг барчаси икки улуғ мақсад орқали амалга ошади. Улар ободончилик ва (ўзаро) тақсимотдаги адолатдир.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак тенглик ва адолатдир. Демак бандалар учун бузғунчилик сабабларини йўқотишликлари, шаҳарларни муҳофаза қилишлари, одамларга зулм қилишдан четда бўлишлари ва яна рушднинг сабабларига эргашишлари вожиб бўлади. Рушд деб молу-давлатни чиройли тасарруф қилишга айтилади.
(Яъни иқтисодни тўғри йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалардан бири экан).
(Юқоридаги манфаатларни катталаштириш боби бугунги кундаги ҳамма мусулмонлар учун долзарб мавзу ҳисобланади. Дарҳақиқат яхши ёмонни ажратиш ва яхшининг ҳам яхшироғини танлаб шуни ҳаракатида бўлиш кўпчиликнинг ҳаёлидан кўтарилди. Бугунги уламоларимиз ушбу мавзуни “фиқҳул авлавият” яъни энг муносибини билиш деб номлашмоқда. Яъни бугунги кундаги энг муносиб манфаатни билиш ва шуни амалга ошириш, фойдаси камроғини кейинга суриш. Мисол учун жаноза намозини ўқишга ва дафнда қатнашишга улкан ажрлар ваъда қилинган. Ундан кейинги фотиҳагарчилик ва эҳсонлар қилса дуруст қилмаса зарари йўқ ишлардандир. Кўпинча одамлар жаноза ва дафнга эътиборсиз бўлишиб, фотиҳа ва худойини қилмаса бўлмайдиган нарса деб тушунишади ва шуни ҳаракатида бўлишади. Намоз масаласида ҳам фарз, вожиб, суннатлар бир томонда қолиб мустаҳаб тўғрисида тортишувлар, кўнгил хираликлар авжига чиқади. Демак ушбу масалани яхши билмаслик ҳам кўпгина зарарларнинг юзага чиқишига сабаб бўляпти экан. Аллоҳ таолонинг етим моли тўғрисидаги ояти ниҳоятда ибратлидир. Етимнинг молига талофат етказмай у балоғатга етгунча асраш яхши иш ҳисобланади. Лекин Аллоҳ таоло васийнинг зиммасига яхшисини эмас, балки яхшироғини қилишни юклаяпти яъни етимнинг молини кўпайтириш ҳаркатида бўлишга ундаяпти. Ушбу қоида бугунги кунимизнинг ҳар бир жабҳасида муҳим ўрин тутади

________________________________________
[1] Шотибийнинг “Ал Мувофақот” китоби. 2/129
[2] Яна шу манба


9 йил аввал 6260 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
9 йил аввал 6037 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
9 йил аввал 5916 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
9 йил аввал 5094 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
9 йил аввал 5671 fiqh.uz