Басра мадрасаси


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.

Куфа ва Басра шаҳарлари битгандан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда Ироқ номи ила аталган Ислом давлатининг шарқий бўлагини иккига бўлди.
Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос ро-зияллоҳу анҳуни волий этиб тайин қилди. Иккинчисига Басрани марказ ва Утбани волий қилиб тайин қилди. Шу билан бирга, илм ўргатиш учун у ерларга устозлар ҳам юборди.
Ибн Саъд Абул Асвад ад-Дуъалийдан ривоят қилади:
«Басрага борсам, Имрон ибн Ҳусойн Абу Нажийд розияллоҳу анҳу бор экан. Уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли Басрага фиқҳ ўргатиш учун юборган экан».
Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан бири улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бўлганлар. У кишининг илмдаги фазли ҳақида ҳадис ривоят қилинган.
1. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй, Абу Мусо, батаҳқиқ, Оли Довуднинг мизмор(най)ларидан бир мизмор(най) сенга берилганда!»–дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Агар сизнинг тинглаётганингизни билганимда, бундан ҳам бошқача қилиб ўқиб берардим», деганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишини Басрага волий қилиб юборганларида одамларни тўплаб, уларга қуйидагиларни айтдилар:
«Мўминларнинг амири Умар мени сизларга Роббингизнинг Китобини ва Набийингизнинг суннатини ўргати-шим учун ва йўлларингизни тозалаб беришим учун юборди».
Ибн Асокир Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолди ва:
«Эй, Абу Мусо! Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалларинг холис қолиши хурсанд қиладими? Бошқа амалларингдан учма-уч чиқсанг. Яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлса? Сенинг фойдангга ҳам эмас, зарарингга ҳам эмас?»– деди.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу:
«Йўқ! Эй, мўминларнинг амири! Аллоҳга қасамки! Мен Басрага келганимда ботил кенг тарқалган экан. Мен уларга Қуръонни ва Суннатни таълим бердим. Улар ила Аллоҳнинг йўлида ғазот қилдим. Мен ўшалар ила У зотнинг фазлини умид қиламан»,–деди».
2. Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан яна бири улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эдилар.
Анас ибн Молик ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хазражий, ан-Нажжорийнинг кунялари–Абу Ҳамза, оналари–машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:
«Ё Расулуллоҳ, албатта, Анас жуда хушёр бола, сизга хизмат қилсин»,–деди.
Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳозирда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдийнг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадийнг, демадилар».
Собит ал-Буноний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Анас ибн Молик менга: «Эй Собит, мендан олиб қол. Албатта, сен мендан кўра ишончлироқ бирор кишини топа олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганман, у зот Жиброилдан олганлар. Жиброил эса, Аллоҳ таолодан олган»,–деди».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган илмларни содиқлик билан бошқаларга етказишлари яққол кўриниб турибди.
Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб 2286та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умардан кейинги ўринни эгалладилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинликлари, хизматлари, садоқатлари ва ўзларидаги илмга бўлган ташналик ва ихлослари ҳамда бошқа омиллар у кишини илм денгизига айлантирган эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қаерда бўлсалар, ўша ерда илм суҳбати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва бошқа нарсалардан саволлар бўлиб турар эди.
Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93 йилида вафот этдилар. У кишини Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан, вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.
Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан шахслардан энг машҳурлари Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийрийн эди. Уларнинг иккиси ҳам мавлолардан эди. Ҳасан Басрий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг, Муҳаммад ибн Сийрийн Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг мавлоси эди.
3. Имом Ҳасан Басрийнинг шуҳрати аҳли илм орасида кенг тарқалган. Турли илмларда у кишига тенг келадигани топилмаган. Имом Ҳасан Басрийда илмдан ташқари ҳилм, фасоҳат, балоғат ва тақво ҳам етарли эди. Аҳли тасаввуфнинг кўпи у кишини ўз силсиласининг бош тарафига қўя-дилар.
Имом Ҳасан Басрийнинг Басранинг катта масжидида таълим беришининг донғи етти иқлимга тарқалган эди. У киши фиқҳда ўз даврларининг энг катта олимларидан бири бўлган. Имом Ҳасан Басрий ҳижрий 110-санада вафот этга-нида аҳли Басранинг ҳаммаси жанозага эргашиб, масжидда намоз ўқийдиган одам қолмаган.
4. Муҳаммад ибн Сийрийн фиқҳни Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Қози Шурайҳ ва бошқалардан ўрганган.   У киши кўп илмларда, хусусан, ҳадис ва фиқҳда жуда ҳам моҳир бўлганлар. Муҳаммад ибн Сийрийн туш таъбирини билишда ҳам шуҳрат қозонганлар. У киши ҳам 110 ҳижрий санада вафот топганлар.
Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан машҳур фақиҳлардан Абул Олия Рофийъ ибн Меҳрон Риёҳий, Ҳасан ибн Абулҳасан Ясор, Абу Шаъсо Жобир ибн Зайд, Қатода ибн Диъома Давсийни тадқиқотчи ула-молар алоҳида тилга оладилар.




Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фахруддин Қозихон ва унинг илмий мероси
Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида X —XIII асрлар буюк фақиҳлару мужтаҳид алломалар даври деб эътироф этилади. Бу даврда ҳанафий мазҳабида ёзилган имом ас-Сарахсийнинг " ал-Мабсут", имом Бурҳонуддин Маҳмуднинг “ал-Муҳит давоми...
7 йил аввал 5086 Акмал Икромжонов
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қозилар
Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.)нинг шогирдлари ичида ўн тўрт нафари қози ал-қузот ва оддий қозилар бўлганлар. Ҳанафийлик мазҳабининг ривожланиши, исломий мамлакатларга тарқалишида мана шу қозиларнинг ҳиссаси катта давоми...
1 ўн йил аввал 4210 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ваҳба аз-Зуҳайлий
1932-мелодий йили Дамашқнинг Дияри атийя шаҳарчасида дунёга келдилар. Оталари Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, Қуръонга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот эдилар. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Етти нафар фақиҳ саҳоба
Cаҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар ихтилоф қилганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлса-да, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг эмаслар. Фиқҳий фатво бериш билан шуғулланган ёки давоми...
1 ўн йил аввал 5244 Ҳамидуллоҳ Беруний