Таяммум қилиш


Биз юқоридан билдикки, намоз ўқиш, Қуръонни ушлаш, масжидга кириш ва бошқа ибодатлар таҳоратсиз, ғуслсиз дуруст бўлмайди. Таҳорат ва ғусл қилишга имкон бўлмаганда, таяммумни жорий қилиниши исломнинг бағрикенглиги ва енгилликларидан бир кўринишидир. Бу билан ўша мусулмон кишини Роббисига қиладиган ибодати баракотидан маҳрум қилмайди.

Таяммум сўзининг луғавий маъноси қасд қилмоқдир. Таяммум тўғрисида Қуръони Каримда Моида сураси 6-оятида ҳамда Нисо сураси 43-оятида шундай марҳамат қилинган:

فلم يجدوا ماء فتيمّموا صعيدا طيّبا فامسحوا بوجوهكم و ايديكم

"Агар сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар". Бу тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган.

التراب طهور المسلم و لو الى عشر حجج ما لم يجد الماء

"Мусулмон киши агар сув топа олмаса, унинг учун тупроқ ўн йилгача бўлса ҳам, покловчи бўлади".
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрганлар:

عليكم بارضكم

"Ерларингиздан фойдаланинглар".
Таяммум деб, таҳорат нияти билан ер жинсидан бўлган пок нарсага қасд қилиб, юзга ва икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортмоқликка айтилади.
Энди таяммум қилиш лозим бўлган сабаблар ҳақида сўз юритамиз.
1-Ярим соатлик ёки ундан кўпроқ йўл орасида сувнинг йўқлиги. Бу икки чақиримни ташқил қилади. Бир чақирим 900 метр ҳисобланади. Бу миқдор тўғрисида ҳар хил фикрлар мавжуд.
2-Касалликлардан ёки унинг зиёда бўлишидан ва давонинг секинлашишидан ташвиш бўлса.
3-Сув ўта совуқ бўлиб, иситадиган шароит бўлмаса ва шу сув инсонга азият етказиши мумкин бўлса.
4-Агар бор сувда таҳорат қилса-ю, ўзи ё шериги чанқаб ё ҳайвони чанқаб, ҳалокатга учраши хавфи бўлса.
5-Ҳамма шароит бору, лекин таҳорат қилиб келгунча ийд ёки жанозага ўхшаш ўринбосари йўқ намозлар ўқиб қўйилиш хавфи бўлса. Бу жаноза эгасидан бошқалар учун.
6-Қудуқда сув бору, лекин уни оладиган асбоб бўлмаса.
7-Сув бор ерда душман ё йиртқич ҳайвон бўлса ҳам таяммум қилинади.
Таяммум шартлари тўрттадир.
1-Ният қилмоқ. Аслида тупроқ кир кетказувчи нарса эмас, балки ўзи кир нарсадир. Шу сабабли таяммумда ният шарт. Сув ўзи покловчи нарса бўлгани учун таҳоратда ният қилиш фарз эмас.
2-Тупроқ, қум ва тошга ўхшаш ер жинсидан бўлган нарсани қасд қилмоқ.
3-Бир зарб уриб юзга суртмоқ.
4-Яна бир зарб уриб икки қўлга суртмоқдир.
Буларга қўшимча баъзи ҳолатларни ҳам келтириб ўтамиз.
1-Таяммум қилиш учун юқоридаги сабабларни бўлмоқлиги.
2-Таяммум қилувчи аъзосида масҳни тўсадиган узук ва билакузукка ўхшаш нарсаларни бўлмаслиги.
3-Юз ва қўлларда жой қолдирмасдан масҳ тортишлик.
Энди ушбу бобдаги хилофларни айтиб ўтамиз.
1-Биз касаллик кучайишига хавф бўлса ҳам таяммум қилинади дедик, Имом Шофиий эса: "Бирор аъзо узилиши мумкин бўлса ё ҳалокат хавфи бўлса таяммум жоиз дедилар".
2-Биз ер жинсидан бўлган нарсаларга таяммум жоиз дедик, Имом Абу Юсуф тупроқ ва қумга, Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ эса: "Таяммум фақат соф унумдор тупроққа қилинади" деганлар.
3-Биз таяммум билан хоҳлаганча фарз ва нафл намоз ўқиса бўлади деймиз. Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ эса: "Ҳар бир фарз намоз учун алоҳида таяммум шарт" дейди.
Таяммумнинг суннатлари:
1-Бисмиллаҳни айтиш.
2-Зарбни кафтни ичи билан қилиш.
3-Қўлдаги чангларни силкитмоқ.
4-Тартиб.
5-Пайдар-пай қилмоқ.
6-Соқол ва бармоққа хилол қилмоқ.
7-Кенг узукни қимирлатмоқ, аммо тор бўлса уни ечиб қўймоқ.
8-Ўнгдан бошлаш.
Энди таяммумни бузадиганларни айтамиз:
1-Таҳоратни бузадиганлар.
2-Сувга қодир бўлмоқ, сув йўқлиги учун таяммум қилганда.
3-Сувни ишлатишга ожиз бўлган кишини ишлатишга қодир бўлмоғи. Агар бир киши жунуб бўлиб таяммум қилса, сўнг кичик таҳоратсизлик билан таяммуми синса, у яна жунубликка қайтиб қолмайди, балки кичик таҳоратсизлик ҳолига қайтади, у Қуръон ўқиши, масжидга кириши жоиз.
Бир киши ҳибс туфайли ё касаллик туфайли сувга ҳам, ер жинсидан пок нарсага ҳам қодир бўлмаса, намоз вақти кирганда ўзини намоз ўқиётганга ўхшатиб қиём, рукуъ, сажда, қаъда қилади ва салом беради. Фақат намозни ният қилмайди. Бу иш намоз ҳурмати учун. Аммо қачон таҳорат ё таяммумга қодир бўлса ўша намозларни қайтадан ўқийди.
Ер жинсидан бўлиб, ёнмайдиган, металл бўлмаган, эримайдиган нарсалар билан таяммум қилиш жоиз бўлади. Масалан, тупроқ, қум, тош ва уларнинг чанги. Киши ўзининг кийимларига ёпишган чангга, девордаги чангларга (гарчи бўялган, цемент билан шувалган бўлса ҳам), уларнинг чанги қўлга ёпишадиган даражада бўлса, таяммум қилса бўлаверади.

كُلُّ مَا يَحْتَرِقُ فَيَصِيرُ رَمَادًا كَالْحَطَبِ وَالْحَشِيشِ وَنَحْوِهِمَا أَوْ مَا يَنْطَبِعُ وَيَلِينُ كَالْحَدِيدِ وَالصُّفْرِ وَالنُّحَاسِ وَالزُّجَاجِ وَعَيْنِ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَنَحْوِهَا فَلَيْسَ مِنْ جِنْسِ الْأَرْضِ

«Ўтин, ҳашак каби ёниб кулга айланадиган ҳамда темир, мис, қўрғошин, ойна, тилла, кумуш каби эриб суюқликка айланадиган нарсалар ер жинсидан эмасдир, яъни уларга таяммум қилиб бўлмайди» (Фатаво ал-Ҳиндия).

Бир киши таяммум қилганидан кейин, намоз ўқишидан олдин сув топилиб қолса ёки поезд ёки автобусда кетаётганида сув топилиши аниқ бўлган жойга етиб келса, таяммуми ботил бўлади. Агар намознинг ўртасида сув топилиб қолса, намози ботил бўлади, таҳорат қилиб, ўша намозини қайтадан ўқийди. Юклари орасида суви бор бўлса-ю, эсида бўлмасдан, таяммум қилиб намоз ўқиган бўлса, кейин суви борлиги эсига тушса, намозини қайтадан ўқимайди.
Поезд вагонларидаги сувлар таҳоратга яроқли бўлиб, унда таҳорат қилса бўлади. Агар поездда кетаётиб, сув йўқ деб ўйлаб, таяммум билан намоз ўқиса, сув борлигини кейин билиб қолса, намоз вақти чиқиб кетган бўлса ҳам, бўлмаса ҳам намозларини қайтадан ўқийди.

وَلَوْ ظَنَّ أَنَّ مَاءَهُ قَدْ فَنِيَ فَتَيَمَّمَ، وَصَلَّى ثُمَّ تَبَيَّنَ لَهُ أَنَّهُ قَدْ بَقِيَ لَا يُجْزِئُهُ بِالْإِجْمَاعِ

«Сув тугаган» деган гумонда таяммум қилиб намоз ўқиди, сўнг суви борлиги аниқ бўлиб қолса, ижмоага биноан ўқиган намози дуруст бўлмайди» (Бадоиус саноиъ).

Намоз вақти кирса-ю, поездда сув топилмаса, намоз вақти чиқиб кетмасдан олдин сув топилишидан умид бўлса, намозни кечиктирса бўлади.
Агар вақти кириши билан намозини ўқимоқчи бўлса ёки агар тўхтаб, сув топса бўладиган жойдан 1км 61м узоқликда бўлса, таяммум жоиз.

فَقَدْ قَالَ أَصْحَابُنَا: أَنَّ الْمُسَافِرَ إِنْ كَانَ عَلَى طَمْعٍ مِنْ وُجُودِ الْمَاءِ فِي آخِرِ الْوَقْتِ يُؤَخِّرُ التَّيَمُّمَ إِلَى آخِرِ الْوَقْتِ وَ إِن لَمْ يَكُنْ عَلَى طَمْعٍ مِنْ وُجُودِ الْمَاءِ فِي آخِرِ الْوَقْتِ لا يُؤَخِّرُ

«Асҳобларимиз: «Мусофир намознинг охирги вақтиггача сув топилишининг умидида бўлса, таяммумни вақт охиригача кечиктиради. Агар сув топилишига умид қилмаса, (таяммумни) кечиктирмайди» деганлар» (Бадоиус саноиъ).
Поезд вокзалда тўхтаса, сув қидирмай туриб, таяммум қилиш жоиз эмас. Агар юклари кўп бўлиб, ўзи билан кўтариб, сув бор жойга олиб бора олмаса, ташлаб кетса, йўқолишидан қўрқса ва бирортасига пул бериб, сув олиб келтира олмаса, таяммум қилиш жоиз бўлади.
Вокзалда сув бўлишидан ва намоз вақти чиқиб кетгунча етиб боришидан умиди бўлса, лекин поезд вокзалдан 1 мил (1 км 848 м) узоқликда тўхтаган бўлса, таяммум қилиб намоз ўқиса бўлади.
Таяммум қилиб намоз ўқиётган бўлса-ю, поезд сув бор жойга 1 милдан оз қолган жойда тўхтаса, намози ботил бўлади.

Инсон на суви ва на таяммумга ярайдиган нарсаси йўқ жойга тушиб қолса, намоз вақти чиқиб кетгунича топишга ҳам умид бўлмаса, ўзини намоз ўқувчидек тутади ва кейинчалик намозларининг қазосини ўқийди. 

(وَالْمَحْصُورُ فَاقِدُ) الْمَاءِ وَالتُّرَابِ (الطَّهُورَيْنِ) بِأَنْ حُبِسَ فِي مَكَان نَجِسٍ وَلَا يُمْكِنُهُ إخْرَاجُ تُرَابٍ مُطَهِّرٍ، وَكَذَا الْعَاجِزُ عَنْهُمَا لِمَرَضٍ (يُؤَخِّرُهَا عِنْدَهُ: وَقَالَا: يَتَشَبَّهُ) بِالْمُصَلِّينَ وُجُوبًا، فَيَرْكَعُ وَيَسْجُدُ إنْ وَجَدَ مَكَانًا يَابِسًا وَإِلَّا يُومِئُ قَائِمًا ثُمَّ يُعِيدُ كَالصَّوْمِ (بِهِ يُفْتَى وَإِلَيْهِ صَحَّ رُجُوعُهُ) 

«Сув ва тупроқни топа олмайдиган киши, масалан, бир киши бирор жойга қамалиб қолса ва покиза тупроқ чиқаришни имкони бўлмаса, ўзини намоз ўқигувчига ўхшатиши вожибдир. Агар қуруқ жойни топа олса, рукуъ ва сажда қилади. Топа олмаса, тик ҳолда имо-ишора билан намозни адо қилади. Кейинчалик эса, имкон топиши билан намозини қайтариб ўқийди. Касаллиги туфайли сув ва тупроқдан ожиз қолган кишининг ҳукми шу кабидир. Фатво шунгадир» (Дуррул мухтор).

Намоз вақти кирганда мусофирнинг зиммасида ғусл қилиш вожиб бўлса ю, сув топа олмаса ёки сув бўлса-ю, соғлиги кўтармаса ёки қаттиқ совуқ таъсирида касаллиги кучайиб кетишидан қўрқса, таяммум қилишга ижозат берилади.

مَنْ عَجَزَ عَنْ اسْتِعْمَالِ الْمَاءِ لِبُعْدِهِ مِيلًا أَوْ لِمَرَضٍ يَشْتَدُّ أَوْ يَمْتَدُّ بِغَلَبَةِ ظَنٍّ أوْ بَرْدٍ يُهْلِكُ الْجُنُبَ أَوْ يُمْرِضُهُ وَ لَوْ فِى الْمِصْرِ

«Ким сувни узоқлиги, касаллигини кучайиб кетишлиги ёки тузалишини кечикиб кетишлиги ёки ғусул қилса ҳалок қиладиган ёки касал қиладиган даражада совуқлик туфайли сувни ишлатишдан ожиз қолса, гарчи шаҳарда бўлса ҳам таяммум қилиши жоиз» (Шомий).
Шунингдек, сув таҳорат қилишгагина кифоя қиладиган бўлиб, ғуслга кифоя қилмаса ёки шериклари билан ичишга кифоя қилса ҳам таяммум қилишга ижозат берилади.
Гоҳида уч-тўрт кунлаб поездда юришга тўғри келади, баъзан эса бирор жойга меҳмонга борилади. Шундай ҳолатларда ғусл қилиш лозим бўлиб қолса, кўпчилик ғусл қилишдан уялади. Бундай ҳолатларда уялиш ғуслнинг вожиблигини соқит қилмайди ва таяммумга ҳам ижозат бермайди

 


7 йил аввал 12594 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
7 йил аввал 13495 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
7 йил аввал 15778 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
7 йил аввал 10993 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
7 йил аввал 9038 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
7 йил аввал 16222 fiqh.uz