Жумъа намози


Жумъa нaмoзи фaрзи aйн бўлиб, у икки рaкaтдир. Aгaр жумъа куни пeшин вaқтидa aзoн aйтилсa, ҳaр бир му кaллaф мусулмoнгa ўз aмaлини тaрк қилиши, oлди-сoтдисини қўйиб жумъа нaмoзини ўқиш учун мaсжидгa қaрaб ҳaрaкaт қилиши қaтъий фaрз бўлaди.

Жумъа нaмoзидaн oлдин бир сaлoм билaн тўрт рaкаaт нaмoз ўқишлик суннaти муaккaдалaрдaн ҳисoблaнaди.
Aллoҳ субҳaнaҳу вa тaoлo мўъмин бaндaлaригa “Жумъа” сурaсининг 9-oяти кaримaси билaн:

يآ ايها الذين آمنوا اذا نودى للصلوة من يوم الجمعة فاسعوا الى ذكر الله وذرو
البيع ذلكم خيرلكم ان كنتم تعلمون

“Эй иймoн кeлтиргaнлaр, қaчoн жумъа куни жумъа нaмoзигa чoрлaнсa(яъни, aзoн aйтилсa), дaрҳoл oлди-сoтдини қўйиб, Aллoҳнинг зикригa шoшилинглaр, aгaр билсaлaрингиз, мaнa шу (яъни нaмoзгa шoшилишингиз) сизлaр учун яxширoқдир!” дeб, жумъа нaмoзини фaрз қилди.
Кунлaрнинг ичидa энг улуғи жумъа кунидир. Дeмaк, бaрчaмиз жумъа нaмoзини вaқтидa aдo этишгa ҳaрaкaт қилмoғимиз лoзим.
Жумъа ўқимoқ учун уни шaртлaри бўлиб, нaмoз ўқийдигaн киши ҳур вa oзoд, мусулмoн бўлиши.
Бaлoғaт ёшигa eтгaн бўлиши. Ёш бoлaлaргa жумъа фaрз эмaс.
Oқил блиши кeрaк. Мaжнунгa жумъа фaрз eмaс.
Руxсaтли жoмeъ мaсжиди бўлиши кeрaк. Мaҳaллa мaсжидлaридa жумъа ўқилмaйди.
Муфтий ёки қoзи тoмoнидaн тaйинлaнгaн имoм бўлиши.
Муқим бўлиши. Мусoфиргa жумъа фaрз eмaс.
Тaни сoғ бўлишлиги, нoгирoнлaргa, кўрлaргa, бeмoрлaргa жумъа фaрз eмaс.
Eркaк бўлиши, xoтинлaргa жумъа фaрз eмaс.
Имoмдaн тaшқaри кaмидa учтa oдaм бўлиши кeрaк. Шу шaртлaр тoпилмaсa жумъа ўрнигa пeшин нaмoзи ўқилaди. Гaрдaнигa жумъа фaрз қилинмaгaнлaр жумъагa кeлсaлaр, пeшин нaмoзи ўқишмaйди.
Жумъадaн кeч қoлгaнлaр пeшин ўқишaди.

عن طارق بن شهاب رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: الجمعة حقّ واجب على كلّ مسلم فى جماعة إلاّ اربعة عبد مملوك أو امرأة أو مريض. رواه أبو داود و البيهقىّ والحاكم.

“Нaбий (с.a.в): “Жaмoaт илa жумъа (ўқимoқ) ҳaр бир мусулмoнгa ҳaқдир, вожибдир. Мaгaр тўрт киши мaмлук, яъни, қул, aёл киши, ёш бoлa вa бeмoр мустaснoдир”, дeдилaр.

عن أبى الجعد الضمرىّ رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: من ترك ثلاث
جمع تهاونا بها طبع الله على قلبه رواه اصحاب السنن و الحاكم.

“Нaбий (с.a.в): “Ким писaнд қилмaй уч жумъани тaрк этсa, Aллoҳ унинг қaлбигa муҳр бoсгaй”, дeйдилaр.
Узр илa жумъа сoқит бўлaди.

قال الله تعالى و ما جعل عليكم فى الدين من حرج

Aллoҳ тaoлo:
“Вa сизлaргa диндa ҳeч тaнглик қилмaди”, дeгaн (Ҳaж 78-oят)
Ҳанафий мазҳабида жумъа куни имом хутба ўқиш учун минбарга кўтарилганидан сўнг намоз ўқиш макруҳи таҳримий – ҳаром ҳисобланади (Абу-л-Ҳасан Аҳмад ал-Қудурий. Мухтасар ал-Қудурий. – Қозон, 1916. – Б. 16; Абу-л-Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ул-карим, 1305. – Б 20). Хутба асносини намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза ўқиш, саломга алик олиш, акса урганга тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўхшаш нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. Шарҳи Мухтасари Виқоя. 1-жуз. – Тошкент: Шарқ, 2008. – Б. 206).
Ҳанафийларнинг хутба асносида намоз ўқиш таъқиқланганига сабаб қилиб кўрсатган бир қанча далиллари бор. Уларни зикр қилганимиздан сўнг бошқа мазҳаб вакиллари ва зоҳирийларнинг далиллари сифатида келтириладиган "Сулайк ҳадиси" деб номланган ҳадиснинг жавобига ўтамиз.
Ҳанафийларнинг жумъа куни хутба пайтида намоз ўқиш мумкин эмаслигига жуда кўп далиллари бўлса-да, улардан фақат бештасини зикр қилиш билан кифояланамиз. Ҳанафийларнинг бу борадаги биринчи далили қуйидагича:

إذا قلت لصاحبك يوم الجمعة والإمام يخطب أنصت فقد لغوت

"Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Жумъа куни имом хутба қилаётганида ўз шеригингга "жим тур!" десанг, батаҳқиқ, беҳуда иш қилган бўласан", деб марҳамат қилдилар (Бухорий, 2/934; Муслим, 2/851; Абу Довуд, 1/1114; Насоий, 1/1727, 1780; Ибн Можжа, 1/1110; Доримий, 1/1600-1601; Байҳақий, 3/5615, 5618, 5621; Ибн Ҳиббон, 7/2793; Ибн Хузайма, 3/1804; Аҳмад, 2/7672).
Хутба вақтида "жим тур!" каби фарз ҳисобланадиган амри маъруф жоиз бўлмаганидан кейин суннат ёки мустаҳаб бўлган намозни ўқиш албатта жоиз бўлмайди.

مَنْ اغْتَسَلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَتَطَهَّرَ بِمَا اسْتَطَاعَ مِنْ طُهْرٍ ثُمَّ ادَّهَنَ أَوْ مَسَّ مِنْ طِيبٍ ثُمَّ رَاحَ فَلَمْ يُفَرِّقْ بَيْنَ اثْنَيْنِ فَصَلَّى مَا كُتِبَ لَهُ ثُمَّ إِذَا خَرَجَ الْإِمَامُ أَنْصَتَ غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجُمُعَةِ الْأُخْرَى

"Кимки жумъа куни ғусл қилса, қодир бўлганча покиза нарсалар билан покланса, сўнг баданига ёғлардан ва хушбўйликлардан суртса, сўнг жумъага борса, у ерда ҳам икки одамнинг орасини ёриб, ажратиб ўтмасдан, унга Аллоҳ ёзганича намоз ўқиб ўтирса, сўнг имом минбарга чиққанида, жимгина ўтирса, унинг бу жумъа билан кейинги жумъаси орасидаги гуноҳлари мағфират қилинади" (Бухорий, 2/910; "Таърих ал-кабир", 1/1189; Доримий, 1/1593; Аҳмад, 5/23776; Ибн Абу Шайба, 1/458).
Юқоридаги Имом Бухорий бошлиқ муҳаддислар томонидан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадиси шариф жумъага келган одам имом минбарга чиққунча намоз ўқиши мумкинлигини, имом минбарга кўтарилганидан сўнг эса жим ўтириши кераклигини англатади.
Имом Молик ўзининг "ал-Муватто" асарида Ибн Шиҳоб аз-3уҳрий томонидан саҳобалиги борасида ихтилоф қилинган Саълаба ибн Абу Молик ал-Қуразий (р.а.)нинг бундай дегани ривоят қилинган: "Биз Умар ибн Хаттоб (р.а.) даврида жумъа ўқир эдик. Ҳазрати Умар минбарга чиқиб, муаззин азон айтганида, бир-биримиз билан гаплашиб ўтираверардик. Бироқ, Ҳазрати Умар хутба ўқишни бошлаган заҳоти жим бўлардик, биздан ҳеч ким бирорта гап гапирмасди". Мазкур ривоятни келтирар экан, Ибн Шиҳоб бундай деган:

فخروج الامام يقطع الصلاة و كلامه يقطع الكلام

"Демак, имомнинг чиқиши намозни тўсади. Унинг гапи гапни тўхтатиб, кесади" (Молик, "ал-Муватто", 1/7).
Саҳобалардан Ибн Умар (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитган мана бу гапни ривоят қилиб қолдирган:

اذا دخل احدكم المسجد و الإمام على المنبر فلا صلاة و لا كلام حتى يفرغ الإمام

"Қачон сизлардан бирортангиз имом минбарда турган ҳолда масжидга кирса, имом хутбани тугатгунча намоз ҳам, гап ҳам бўлмайди!" (Суютий, "Жомеъ ал-аҳодис", 3/1879).
Гарчи мазкур ҳадиси шариф иснодидаги Айюб ибн Нуҳайк деган ровийни муҳаддислар заиф деган бўлсалар-да, бироқ, Ибн Ҳиббон уни ишончли ровийларга бағишланган асарида зикр қилган. Бинобарин, унинг ривоятини далил сифатида ишлатишимиз мумкин.
Саҳобалардан яна бири Уқба ибн Омир (р.а.) мана бундай деган:

الصلاة و الإمام على المنبر معصية

"Имом минбарда бўлган вақтида намоз ўқиш маъсиятдир!" (Таҳовий, 1/2173).
Мазкур ривоят иснодида Ибн Лаҳиъа деган ровий бор бўлиб, у ҳақида гап-сўз қилинган. Лекин уни Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Ваҳб кабилар ишончли санаганлар, Имом Термизий эса ҳасан деб бир неча марта ундан ҳадис ривоят қилган. Бинобарин, унинг ривоятини ҳам далил сифатида ишлатишимиз мумкин. 
Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад мазҳабида хутба ўқилиш асносида таҳийяти масжид намозини ўқиш мумкин. Ҳасан Басрий, Макҳул, Суфён ибн Уйайна, Муғира, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, Абу Савр, Ибн ал-Мунзир ва муҳаддислардан бир тоифаси ҳам шу фикрда бўлганлар.
Ҳанафийлар, шунингдек, Шавконий айтишига қараганда, Шурайҳ ал-Қози, Муҳаммад ибн Сирин, Ато ибн Абу Рабоҳ, Солиҳ, Урва ибн аз-Зубайр, Қатода, ал-Лайс, Иброҳим ан-Нахаъий, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Мужоҳид, Саид ибн ал-Мусаййаб, Суфён ас-Саврий, Имом Молик ибн Анас каби тобеъин ва табъа тобеъинлар, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) каби саҳобалар эса имом хутба ўқиётганида умуман намоз ўқиб бўлмайди, деган қарашда бўлганлар (Муҳаммад ибн Али аш-Шавконий. Найл ул-атвор. – Риёз: Дор Ибн ал-Жавзий, 1427. – Б. 342). Шунингдек, ривоятларидан маълумки, Ҳазрати Абу Бакр ас-Сиддиқ, Салмон ал-Форисий, Абу Саид ал-Худрий, Абу Ҳурайра, Авс ибн Авс, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс, Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний, Саълаба ибн Аби Молик ал-Қуразий, Абдуллоҳ ибн Сафвон ибн Умаййа ал-Моликий (р.а.) каби саҳобалар ҳам хутба вақтида гапириш ва намоз ўқишни макруҳ санаганлар. Шофиъийлардан Имом ал-Мовардий ҳам ҳанафийлар ва моликийларнинг фикрларига мойиллик билдирган.
Хутба пайтида намоз ўқиш мумкинлиги борасида "Сулайк ҳадиси" деб аталадиган саҳиҳ ҳадиси шариф далил қилинади. Шунга асосланиб, бугунги кунда ҳанафийлар орасида ҳам хутба вақтида намоз ўқийдиганлар топилиб қолмоқда, ўтириб-ўтириб, айнан имом хутбага чиққан вақтида атайин намозга турадиган беадабларни ҳам кўриб қолиш мумкин. Улар ҳам мазкур "Сулайк ҳадиси"ни пеш қиладилар. Ҳолбуки, мазкур ҳадиси шариф нима учун айтилгани, унинг қандай таъвил қилингани асрлар давомида олимларга маълум бўлган. Зотан, хулафои рошидин ҳам хутба вақтида намоз ўқиш мумкин эмас, деган фикрда бўлганлар.
"Сулайк ҳадиси"нинг матни қуйидагича:

عن جابر بن عبدالله قال جاء سليك الغطفاني يوم الجمعة ورسول الله صلى الله عليه و سلم يخطب فجلس فقال له يا سليك قم فاركع ركعتين وتجوز فيهما ثم قال إذا جاء أحدكم يوم الجمعة والإمام يخطب فليركع ركعتين وليتجوز فيهما

"Сулайк ал-Ғатафоний жумъа куни Пайғамбар (с.а.в.) хутба қилиб турганларида келиб ўтирди. Бас, у зот: "Эй Сулайк, туриб, икки ракъат намоз ўқиб ол. Уларни енгил қил", дедилар. Сўнгра эса: "Қачон бирортангиз жумъа куни имом хутба қилиб турганида келса, икки ракъат намоз ўқиб олсин ва уларни енгил қилсин!", деб марҳамат қилдилар (Муслим, 2/875; Ибн Хузайма, 3/1835; Ибн Ҳиббон, 6/2502; Табароний, 7/6697; Абдурраззоқ, 3/5514; Дорақутний, 2/1636).
Имом Бухорий ривоятида мазкур Сулайкни "бир киши" деб келтирилган (Бухорий, 2/931). У Сулайк ибн Ҳудба (ёки ибн Ҳадийа ёки ибн Амр) ал-Ғатафоний бўлиб, ундан фақатгина мана шу ҳадиси шариф ривоят қилинган, холос (Иззиддин ибн ал-Асир. Асад ул-ғоба фий маърифат ас-саҳоба. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 539).
Мазкур ҳадиси шарифда келтирилган "икки ракъат"дан мурод таҳийяти масжид намози ҳисобланади. Мазкур ривоятга кўра таҳийяти масжид намозини масжидга кирган заҳоти, ўтирмасдан туриб, ҳатто имом хутба ўқиётган бўлса-да, ўқиб олиш керак бўлади. Чунки, бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.) мана бундай деганлар:

إذا دخل أحدكم المسجد فليركع ركعتين قبل أن يجلس

"Қачонки сизлардан бирортангиз масжидга кирса, ўтирмасдан олдин икки ракъат намоз ўқиб олсин!" (Бухорий, 1/433; Муслим, 1/714; Термизий, 2/316; Насоий, 1/809; Табароний, 3/3281; Байҳақий, 3/4701; Доримий, 1/1444; Ибн Ҳиббон, 6/2499; Аҳмад, 5/22576).
Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мана бундай деганларини ҳам унутмаслик керак:

إِذَا دَخَلَ أَحَدُكُمُ الْمَسْجِدَ فَلْيُسَلِّمْ عَلَى النَّبِىّ

"Қачон сизлардан бирингиз масжидга кирса, Пайғамбарга салом-саловот айтсин!" (Доримий, 1/1445).
Гарчи юқоридаги "Сулайк ҳадиси"нинг ҳукми умумий бўлса-да, бироқ, шофиъийлар негадир уни хослаб, хутбанинг бошланиши ва ўртасида намоз ўқиш мумкин, унинг охирида намоз ўқиб бўлмайди, дейдилар. Шунингдек, улар ва бошқалар масжидда ўтирган одам хутба пайтида умуман намоз ўқиши мумкин эмас, дейдилар. Чунки, "Сулайк ҳадиси"да эса хутба пайтида масжидга келган одам назарда тутилмоқда. Ҳанафийлар айтадиган ҳукм қуйидагича: хутба асносида умуман намоз ўқиб бўлмайди. Ушбу "Сулайк ҳадиси"да эса бир ҳолат баён қилинаётган бўлиб, аслида суннат ўзгача бўлгани бошқа ривоятларни ўрганганимизда яққол аниқлашади. Биз буни қуйида бирма-бир кўриб чиқамиз.
Юқорида зикр қилинган "Сулайк ҳадиси"да бир неча хил эҳтимоллар мавжуд:
1) Шофиъия мазҳабидагилар ва бошқалар айтганидек, ҳақиқатдан ҳам имом хутба ўқиётганида масжидга кириб келган кимса таҳийяти масжид намозини ўқиши керакдир. Бу ҳолда бу иш суннат ҳисобланади.
2) "Имом хутба қилиб турганида, бирортангиз масжидга кирса", деган жумладан имом хутба ўқишга тайёргарлик қилиб, минбарда ўтирган ҳоли ҳам тушунилиши мумкин. Чунки, хутба учун минбарга чиқишнинг ўзи имомнинг хутба ўқишини билдиради. Бу ҳолда, ҳали имом хутбани бошламасдан аввал намоз ўқиш мумкинлиги келиб чиқади.  
3) Ёки Расулуллоҳ (с.а.в.) унга бу ишни буюриб, ўзлари хутбани тўхтатиб турган бўлишлари мумкин. Бу ҳолда одамларга масжидга кирган кимса икки ракъат намоз ўқиши кераклигини ўргатиб, уларга таълим берган бўлишлари эҳтимолдан холи  эмас. Яъни, балки хутбадан ва макруҳ вақтлардан бошқа пайтларда масжидга кирган кимса таҳийяти масжид намозини ўқиши керакдир.
4) Ёки мазкур воқеа бўлиб ўтган вақтда ҳали хутба пайтида гапириш, бирор иш қилиш, намоз ўқиш ман қилинмаган бўлиши мумкин. Зотан, ибтидойи исломда нафақат хутба вақтида балки, намознинг ўзида ҳам гапириш, бирорта иш қилиш ман қилинмаган эди. У пайтларда намозда гапириш ҳам мумкин эди. Кейинчалик эса бу ишларни қилиш намозда мансух бўлди, шу билан бирга хутбада ҳам мансух бўлди, бекор қилинди.
5) Ёки ўша кимсанинг ғариблигини, бирор нарсага муҳтож эканини билдириш мақсадида Расулуллоҳ (с.а.в.) унга атайин намоз ўқишни буюрган бўлишлари мумкин. Бу ҳолда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мақсадлари ўша кимсага намоз ўқитиш баҳонасида одамларнинг назарини унга жалб қилдириш бўлгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу ҳолатда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намоз ўқишга бўлган буйруқлари фақат ўша кимсанинг ўзигагина хос бўлиб қолади.
6) Ёки Расулуллоҳ (с.а.в.) айнан Сулайкка атайин намоз ўқишни буюришларидан унга бу вақтда намоз ўқиш фарзга айланиб қолган бўлиши мумкин. Бу ҳолатда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг буйруқларига итоат қилиш лозим бўлади.
7) Ёки Аллома Бадриддин Айний ва Ҳофиз ибн Ҳажар айтганларидек, хутба вақтида ўқилиши буюрилган икки ракъат таҳийяти масжид намози ҳам бўлиши мумкин ёки масалан, бомдоднинг икки ракъат фарзининг қазоси ҳам бўлиши мумкин. 
Бинобарин, юқоридаги бир қанча эҳтимолларни ҳал қилмасдан туриб, уларга жавоб бермасдан туриб, ушбу ривоятга асосланиб ҳукм чиқариш қийин бўлади. 
Биринчидан, ҳалиги одамни намоз ўқишга амр қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари хутбадан тўхтаб турганлар:   

عن أنس قال : دخل رجل من قيس ورسول الله صلى الله عليه و سلم يخطب فقال النبي صلى الله عليه و سلم قم فاركع ركعتين وأمسك عن الخطبة حتى فرغ من صلاته

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга кириб келди. Бас, ул зот: "Эй, фалончи! Намоз ўқидингми?", дедилар. У кимса: "Йўқ", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Тур намоз ўқиб ол!" дедилар ва намоз ўқиб бўлгунча интизор бўлиб турдилар. Бошқа ривоятда: "То у кимса намоз ўқиб бўлгунча, хутбани тўхтатиб турдилар", дейилган (Дорақутний, 2/1637-1638).
Дорақутнийнинг мазкур ривояти иснодида Убайд ибн Муҳаммад деган ровий бор бўлиб, унинг борасида гап-сўз бор. Бироқ, уни қувватлайдиган ҳадисни Ибн Абу Шайба ҳам ривоят қилган (Ибн Абу Шайба, 2/5206). Мазкур ривоятларини Дорақутний мурсал, деб ривоят қилиши зарар қилмайди. Чунки, мурсал ҳанафийлар олдида ҳужжат бўла олади.  
Иккинчидан, юқорида айтганимиздек, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: "Имом хутба қилиб турганида, бирортангиз масжидга кирса...", деган жумлаларидан имомнинг хутба ўқишга тайёргарлик қилиб, хутба ўқимасидан олдин минбарда ўтирган ҳолати ҳам тушунилиши мумкин. Чунки, хутба учун минбарга чиқишнинг ўзи имомнинг хутба ўқишини билдиради. Ушбу фикрнинг тасдиғи сифатида Имом Муслим ва Имом Насоийнинг Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан қилган саҳиҳ ривоятини келтириш мумкин:

عن جابر أنه قال جاء سليك الغطفاني يوم الجمعة ورسول الله صلى الله عليه و سلم قاعد على المنبر فقعد سليك قبل أن يصلي فقال له النبي صلى الله عليه و سلم أركعت ركعتين قال لا قال قم فاركعهما

"Сулайк ал-Ғатафоний жумъа куни келганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) минбарда ўтирган эдилар. Сулайк намоз ўқимасдан ўтирмоқчи бўлди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.) унга: "Икки ракъат намоз ўқидингми?" дедилар. У "Йўқ!" деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Тур, икки ракъат намоз ўқи!" дедилар (Муслим, 2/875; Насоий, 1/494).
Шунинг учун ҳам Имом Насоий мазкур ҳадиси шарифни "Хутбадан олдинги намоз боби"да келтирган.
Мазкур ривоятдан зоҳир бўлиб турибдики, Расулуллоҳ (с.а.в.) Сулайкни икки ракъат намозга буюришлари ва унинг дарҳол икки ракъат намоз ўқиб олишлари ҳали Расулуллоҳ (с.а.в.) хутбани бошламасдан олдин минбарда ўтирганида бўлиб ўтган. Расулуллоҳ (с.а.в.) Сулайк намоз ўқигунича кутиб турганлар, сўнг хутбани бошлаганлар.
Демак, Расулуллоҳ (с.а.в.) хутба ўқиётганида масжидга Сулайк кириб келди, деган гап мажозий бўлиб, ул зоти шариф хутбани ирода қилиб турганларида кириб келгани тушунилиши керак бўлади. Бунга Имом Муслим ва Насоийнинг ривояти аниқ далолат қилади. Арабларнинг гапларида бу хилдаги мажоз кўп ишлатилади. Жумладан, қуйидаги ҳадисда ҳам шу нарса ўз аксини топган:

عَنْ أَبِى بَكْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- دَخَلَ فِى صَلاَةِ الْفَجْرِ فَأَوْمَأَ بِيَدِهِ أَنْ مَكَانَكُمْ ثُمَّ جَاءَ وَرَأْسُهُ يَقْطُرُ فَصَلَّى بِهِمْ

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозига кирдилар, сўнг қўли билан "Жойингизда туринг!" деб ишора қилдилар. Бошларида сув қатраси оқар эди. Кейин улар билан намоз ўқидилар" (Абу Довуд, 1/233; Байҳақий, 2/3869).
Бу ривоят бошқача тарзда зикр этилади:
فَكَبَّرَ ثُمَّ أَوْمَأَ بِيَدِهِ إِلَى الْقَوْمِ أَنِ اجْلِسُوا فَذَهَبَ فَاغْتَسَل
"...Бас, Расулуллоҳ (с.а.в.) такбир айтдилар, сўнг қўллари ила қавмга "Ўтириб туринг!" деб ишора қилдилар, кейин бориб, ғусл қилдилар" (Абу Довуд, 1/234; Аҳмад, 5/20436).
Савол туғилади: нима Расулуллоҳ (с.а.в.) ғусл вожиб бўла туриб, ғусл қилмасдан намоз ўқишга киришиб кетганмилар?! Йўқ, асло! Бу ерда такбир айтишга, намозни бошлашга ирода қилаётган вақтларида бўлиб ўтган эди. Зотан, Имом Муслим ва Насоий ривоятларида бунга очиқ далолат қиладиган изоҳ мавжуд:

أقيمت الصلاة فقمنا فعدلت الصفوف قبل أن يخرج إلينا رسول الله صلى الله عليه وسلم فأتى رسول الله صلى الله عليه وسلم حتى إذا قام في مصلاه قبل أن يكبر فانصرف فقال لنا مكانكم فلم نزل قياما تنظره حتى خرج إلينا قد اغتسل ينطف رأسه ماء فكبر فصلى

"Намозга иқомат айтилди, биз Расулуллоҳ (с.а.в.) чиқмасларидан олдин туриб сафларни тўғриладик. Расулуллоҳ (с.а.в.) чиқиб келдилар, ҳатто намозгоҳларида турдилар, такбир айтмасларидан олдин орқага ўгирилдилар. Бизга "Жойларингизда туринглар!" дедилар. Биз ул зоти шарифни кутиб, туриб қолдик. Бизга ғусл қилган ҳолда чиқиб келдилар. Бошларидан сув томчилари оқарди. Сўнг такбир айтиб, намоз ўқиб бердилар" (Муслим, 1/605; Насоий, 1/883).
Демак, "хутба ўқиётган эдилар", деган жумлани "хутба ўқишга киришаётган эдилар" деб тушуниш ҳам мумкин бўлади.
Ҳанафийларда имом минбарга чиққанидан бошлаб, имом хутбани бошлашидан олдин гап-сўз макруҳ бўлади-ку, дейилса, ҳанафийларда хутбадан аввал гапиришнинг макруҳ бўлиши бу вақтда эшитиш ва жим туриш ҳақидаги буйруқни унутиб қўйиш ёки адо қилмасдан қўйишдан хавф бўлгани боис шундай дейилган. Имом атайин хутба ўқимаётган бўлса ёки намоз ўқишга буюриб, хутба қилмасдан турган бўлса, унда макруҳ бўлмайди (Зафар Аҳмад Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 576).  
Шофиъийлардан бўлган Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг минбарда ўтирганларида Сулайкнинг кириб келишлари хутбани бошлашларидан олдинги ўтиришларида эмас, икки хутба орасида ўтирганларида бўлиб ўтган бўлиши эҳтимолини ўртага ташлаган (Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ул-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дор ат-тоййиба, 2005. – Б. 209). Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) Сулайкни икки ракъат намоз ўқигунича кутиб турганлари, одамларни унга садақа беришларини тарғиб қилганлари, одамлар дарҳол садақа сифатида кийимларини ечиб, Сулайкнинг олдига ташлаганларидан бу нарса икки хутбанинг орасидаги ўтиришда бўлмаганини билдиради. Чунки, икки хутбанинг орасидаги ўтириш вақти жуда қисқа экани ўз-ўзидан маълум. Демак, бу воқеалар хутба бошланмасидан илгари бўлиб ўтган.
Ҳофиз ибн Ҳажарнинг "Расулуллоҳ (с.а.в.) минбарда ўтирган эдилар" деган гапни ровий билмасдан айтиб юборган деган эҳтимолни ўртага ташлаши ҳам унчалик тўғри эмас. Чунки, бу ҳолда "Расулуллоҳ (с.а.в.) хутба ўқиётган эдилар" деган гап борасида ҳам шундай дейишимиз мумкин (Зафар Аҳмад Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 575).
Учинчидан, далилларнинг кучлиларидан бири шуки, Сулайк воқеаси бўлиб ўтган вақтда ҳали хутба асносида намоз ўқиш, гапириш ман қилинмаган эди, бу нарсалар мубоҳ пайти эди. Унга Имом Насоийнинг саҳиҳ иснод билан Абу Саид ал-Худрий (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси далолат қилади:

عَنْ عِيَاضِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ سَمِعْتُ أَبَا سَعِيدٍ الْخُدْرِىَّ يَقُولُ جَاءَ رَجلٌ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَالنَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم يَخْطُبُ بِهَيْئَةٍ بَذَّةٍ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللَّهِ («أَصَلَّيْتَ». قَالَ لاَ. قَالَ «صَلِّ رَكْعَتَيْنِ». وَحَثَّ النَّاسَ عَلَى الصَّدَقَةِ فَأَلْقُوا ثِيَاباً فَأَعْطَاهُ مِنْهَا ثَوْبَيْنِ فَلَمَّا كَانَتِ الْجُمُعَةُ الثَّانِيَةُ جَاءَ وَرَسُولُ اللَّهِ (يَخْطُبُ فَحَثَّ النَّاسَ عَلَى الصَّدَقَةِ - قَالَ - فَأَلْقَى أَحَدَ ثَوْبَيْهِ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ («جَاءَ هَذَا يَوْمَ الْجُمُعَةِ بِهَيْئَةٍ بَذَّةٍ فَأَمَرْتُ النَّاسَ بِالصَّدَقَةِ فَأَلْقُوا ثِيَاباً فَأَمَرْتُ لَهُ مِنْهَا بِثَوْبَيْنِ ثُمَّ جَاءَ الآنَ فَأَمَرْتُ النَّاسَ بِالصَّدَقَةِ فَأَلْقَى أَحَدَهُمَا». فَانَتْهَرَهُ وَقَالَ «خُذْ ثَوْبَكَ»

Иёз ибн Абдуллоҳдан ривоят, у Абу Саид ал-Худрий (р.а.) бундай деганини эшитдим, деган: "Жумъа куни Пайғамбар (с.а.в.) хутба ўқиётганларида бир кимса кир-чир, эски иш кийимида кириб келди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: "Намоз ўқидингми?" дедилар. У "Йўқ!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: "Икки ракъат намоз ўқиб ол!" дедилар ва одамларни унга садақа беришга тарғиб қилдилар. Одамлар унинг олдига кийим-кечаклар ташладилар. У кимса улардан икки кийимни олди. Иккинчи жумъа бўлганида ҳам ўша кимса Расулуллоҳ (с.а.в.) хутба ўқиётганларида кириб келди. Ул зоти шариф одамларни яна садақа қилишга қизиқтирдилар. У кимса икки кийимдан биттасини ташлади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бу кимса жумъа куни кир иш кийимида келган эди. Шунда одамларни садақа қилишга буюргандим. Одамлар унга кийим-кечаклар ташладилар. Улардан иккитасини олишга унга буюрган ҳам эдим. У мана яна келди, одамларни садақа қилишга буюрдим. У эса икки кийимдан биттасини ташлади" деб марҳамат қилдилар ва уни бундан қайтардилар ҳамда "Кийимингни ол!" дедилар (Насоий, 2/1408).
Мазкур ривоятга асосланиб, Имом Таҳовий Сулайкнинг бу хилдаги воқеаси ҳали хутба вақтида иш қилиш, гапириш мубоҳ пайти бўлган, деган фикрга келган (Абу Жаъфар Аҳмад ат-Таҳовий. Шарҳ Маоний ал-асор. 1-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1994. – Б. 366). Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) кириб келган кимсани намоз ўқиб олишга буюришлари, одамларни эса унга садақа беришга тарғиб қилишлари, одамлар тўп-тўп ўзларидан бор нарсалардан, кийим-кечаклардан унинг олдига олиб келиб қўйишлари,  одамлар кийимини ечиб, ўзларининг кийимларини бошқага тақдим қилишлари – буларнинг ҳаммаси ушбу фикрнинг тасдиғидир.
Тўртинчидан, Сулайкнинг ғариблигини, бирор нарсага муҳтож эканини билдириш мақсадида Расулуллоҳ (с.а.в.) унга атайин намоз ўқишни буюрган бўлишлари мумкин. Бу ҳолда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мақсадлари ўша кимсага намоз ўқитиш баҳонасида одамларнинг назарини унга жалб қилдириш бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Чунки, хутба вақтида кириб келган ўша кимса ғариб бўлиб, иш кийимида, эски кийимларда бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга садақа қилишни буюрганлар. Шунда одамлар ўша кимсанинг ҳолини ўз кўзлари билан кўриб, унга садақа қилганлар.
Имом Нававийнинг ўша кимса яланғоч ҳолда бўлган, уни кийинтириш мақсадида унга садақа қилиш буюрилган, деган гапи унчалик тўғри эмас. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга икки ракъат намоз ўқишни таклиф қилганлар. Шунингдек, ҳанафийлардан ҳеч ким бу хилдаги таъвилни қилган эмас (Халил Аҳмад ас-Саҳорнафурий. Базл ул-мажҳуд фий ҳалли Аби Довуд. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1973. – Б. 128).
Бешинчидан, Расулуллоҳ (с.а.в.) бошқа ўринда хутба асносида кириб келган кимсани намоз ўқишга эмас, ўтиришга буюрганлар:

جاء رجل يتخطى رقاب الناس يوم الجمعة ورسول الله صلى الله عليه وسلم يخطب الناس فقال له رسول الله صلى الله عليه وسلم اجلس فقد آذيت و آنيت

"Бир кимса жумъа куни одамларнинг гарданини босиб ўтиб келар, Расулуллоҳ (с.а.в.) эса одамларга хутба ўқир эдилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: "Ўтир, батаҳқиқ, озор, заҳмат бердинг ва кеч келдинг-ку!" дедилар (Абу Довуд, 1/1120; Насоий, 1/1706; Ибн Можжа, 1/1115; Ҳоким, 1/1061, уни саҳиҳ деган; Ибн Ҳиббон, 7/2790; Ибн Хузайма, 2/1453; Байҳақий, 3/5678; Аҳмад, 4/17710; Баззор, 2/3506).
Олтинчидан, моликийлардан Ибн ал-Арабий бундай деган: "Хутба вақтида намознинг ҳаром бўлиши уч сабабга кўрадир. Биринчидан, Аллоҳ таоло ўз каломида бундай: اذا قرأ القرآن فاستمعوا له و انصتوا  деган. Яъни, "Қачон Қуръон ўқилса, бас, уни эшитинглар ва жим бўлинглар!". Имом хутбага киришар экан, унинг қироатига фарз бўлган эшитиш ва жим туришни тарк қилиб, нафл билан машғул бўлиш мумкин эмас. Иккинчидан, саҳиҳ ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Жумъа куни имом хутба қилаётганида ўз шеригингга "жим тур!" десанг, батаҳқиқ, беҳуда иш қилган бўласан"  деганларидан фарз бўлган амри маъруфни қилиш беҳуда иш саналгандан кейин албатта нафл билан машғул бўлиш беҳуда бўлиб қолади. Учинчидан, масжидга кирганида имом намоз ўқиётган бўлса, кирувчи ўзича намоз ўқимайди. Хутба ҳам намознинг бир тури, бир бўлагидир. Унда ҳам ўзича намоз ўқиб бўлмайди" (Иқтибос бундан: Халил Аҳмад ас-Саҳорнафурий. Базл ул-мажҳуд фий ҳалли Аби Довуд. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1973. – Б. 129).
Демак, хутба орасида Қуръон ўқилиши уни эшитиш ва жим туришнинг фарз бўлишини тақозо қилади. Бинобарин, хутба асносида намоз ўқилмайди. Шунингдек, хутба намознинг бир бўлаги, деб ҳисобланади. Чунки, пешин ўрнида фарз қилинган жумъа икки ракъат бўлиб, ўртасида енгил ўтириши бўлган икки хутба кейинги икки ракъат ўрнидадир. Шунинг учун ҳам хутбада намоздаги каби гаплашиш қатъий ман қилинган.
Еттинчидан, хутба вақтида ўқилиши буюрилган икки ракъат – таҳийяти масжид намози ҳам бўлиши мумкин ёки масалан, бомдоднинг икки ракъат фарзининг қазоси ҳам бўлиши мумкин. Бу таъвилни муҳаддислардан Ибн Ҳиббон рад қилиб, қазо бўладиган бўлса, ҳадеб Расулуллоҳ (с.а.в.) бу икки ракъатни такрорлашлари мумкин эмас, дейди. Аслида, Расулуллоҳ (с.а.в.) масжидга кириб келувчининг фарзни қазо қилиб қўйганини англаб, уни шунга буюришлари мумкин. Қазони ўқиш вожиб бўлгани боисидан уни такрор-такрор айтган бўлишлари керак. Зотан, оддий нафлни ҳадеб такрорлаш зарурати йўқ эди.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, "Сулайк ҳадиси" хосланган аҳод, воҳид  ҳадиси шарифлардан бўлиб, уни ўз ўрнида қолдириш керак бўлади. Уни умумий маънода қўллаб бўлмайди. Бинобарин, имом хутба айтаётган вақтда намоз ўқишни тўхтатиб, жимгина ўтириб, хутбани эшитиш лозим. Асрлар давомида ота-боболаримиз ҳанафийларнинг мана шу ҳукмига амал қилиб келдилар. Масжидга эрта бориш суннатлардан биридир. Масжидга эртароқ келиб, нафл ибодатлари бўлса, таҳийяти масжиди бўлса ўқиб, зикрлар билан машғул бўлиб ўтириш керак. Кеч келдими, таҳийяти масжидни ўқишга улгурмай қолдими, энди, жим ўтириб, хутбага қулоқ солиш лозим. Қиём вақтида ҳам таҳийяти масжид намозини ўқиб бўлмайди. Уни ўқиётиб, хутба бошланиб қолса, дарҳол уни кесиб, тўхтатиш керак бўлади. Валлоҳу аълам би-с-савоб!
Савол: Намози жумъани ўқиб, унинг суннатини ўқимасдан, имомнинг фотиҳасига қарамасдан чиқиб кетадиганлар бор. Бу нарсанинг дуруст ёки нодурустлигини тушинтириб берсангиз?
Намози жумъани ўқиб, унинг суннатини ўқимасдан, имомнинг фотиҳасига қарамасдан чиқиб кетадиганлар бор. Бу нарсанинг дуруст ёки нодурустлигини тушинтириб берсангиз?
ЖАВОБ:
Фарз намози ўқилгандан сўнг бирор бир зарурий ишлари бор одамлар масжиддан чиқиб кетаверишлари ва ўша намоз вақти чиқиб кетмасидан аввал ўша намознинг суннатини уйида ўқиб олиши мумкин, албатта. Бундан ҳам зарурроқ ишлари бор одам эса баъзида суннатни қолдириши ҳам жоиз.
Аммо бошқа бир масъала бор:
Имом масжиддан чиқиб кетмагунча масжиддан чиқиб кетиб қолишлик аслида дуруст эмас. У билан бирга намоздан қайтиш кераклиги ҳадиси шарифларда баён этилган. Бу ҳақда мана бу ҳадиси шариф бор:

و عن أنس رضى الله عنه: انّ النبى صلى الله عليه وسلم حَضّهم على الصلوة ونهاهم ان ينصرفوا قبل انصرافه من الصلوة. رواه أبو داود

“Анас (р.а.)дан ривоят: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга қизиқтирар, тарғиб қилар эдилар ва уларни ўзлари намоздан қайтмагунларича қайтишдан манъ қилар эдилар”. (Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифга биноан имом намоздан орқага бурилишидан аввал одамларнинг орқа ўгиришлари, бошқа ишга уринишлари ёки у қайтмагунча заруратсиз қайтишнинг мумкин эмаслиги очиқ баён қилинмоқда. Шу боисдан бизнинг юрт аҳли имомлари билан тасбиҳоту оятлар ўқиб, биргаликда дуолар қилиб, кейин қайтар эдилар. Ҳозиргача шу анъана сақланиб келмоқда. Имом Бухорий ривоят қилган Умму Салама онамиз (р.а.)нинг ҳикоясидан ҳам билиб олса бўлади. Унинг ҳикоя қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида хотинлар масжидга намозга келганларида, намозга салом берилгандан сўнг қайтиб кетар эдилар, эркаклар эса Пайғамбаримиз билан қолиб хоҳлаганча намоз (суннатлари) ва зикр ибодатларини ўқиб қолишарди. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турсалар, эркаклар ҳам туриб кетар эдилар.
Жумъадан кейин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб олишга Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни тарғиб қилганлар. Жумладан, “Сиҳҳоҳи ситта”дан “Саҳиҳи Бухорий”дан бошқасида Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай буюрганлар:

اذا صليتم بعد الجمعة فصلوا اربعا فان عجّل بك شئ فصلّ ركعتين فى المسجد وركعتين اذا رجعت

“Қачон жумъадан сўнг намоз ўқимоқчи бўлсангизлар, бас, тўрт ракъат ўқинглар. Агар бирор нарса сени шошилтирса, бас, масжидда икки ракъат ва (уйга) қайтганингда икки ракъат намоз ўқигин!”
Мазкур ҳадиси шарифдан жумъадан сўнг тўрт ракъат намоз ўқишнинг таъкидланган суннатлиги чиқмоқда. Шунингдек, ўша тўрт ракъат намозни масжидда ўқишга ҳам ишора қилинмоқда. Агар бирорта кимса шошилаётган бўлса, у ҳеч бўмаганда масжидда икки ракъат ўқиши, уйига борганидан сўнг қолган икки ракъатини ўқиб олиши ҳам буюрилмоқда. Яъни, ўша аслан тўрт ракъат бўлган суннатни шошилган тақдирда ҳам қолдириб бўлмаслигини ўқувчилар англаган бўлса керак. Яна ҳадиси шарифдан шу нарса англанмоқдаки, жумъанинг суннатини жумъа ўқиганларнинг ҳаммаси ўқиши лозим, фақат шошилаётганлар бундан истисно қилинди, яъни, шошилган кимса шу тўрт ракъатни масжидда ва уйида бўлиб ўқийди.
Имом Муслим ҳазратлари яна Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан мана бу ҳадисни ривоят қилганлар:

من كان منكم مصليا بعد الجمعة فليصلّ اربعا

“Сизлардан кимки жумъадан кейин намоз ўқимоқчи бўлса, бас, тўрт ракъат ўқисин!”
Демак, жумъанинг фарзидан сўнг суннат намози ўқимоқчи бўлганларга тўрт ракъат ўқиш тавсия қилинмоқда.
Юқоридагилардан маълум бўлдики, намоз Аллоҳнинг ибодати, унга қурбат ҳосил қилишнинг энг афзал йўли экан, демак, шошма-шошарлик билан, ёқтирмаслик билан адо этиш керак эмас. Хусусан, ҳафтада бир марта бажариладиган жумъани тамоми ихлос билан адо қилиш лозим. Агар масжидларда имомларнинг қироатлари, имоматчилиги ёқмайдиган бўлса, ҳаммани чалғитиб ибодатлар батамом тугамасдан аввал кетиб қолмасдан бошқа ўзига мақбул имомнинг орқасида намоз ўқиш учун боришга ҳаракат қилиш зарур. Зотан, фитнанинг одам ўлдиришдан-да ёмонроқ, жирканчроқ амал эканлиги кундай равшан. Жумъа куни зарур иши бор, тезроқ кетиши керак бўлган одам аввалги сафларга ўтиб кетмасдан, ўзининг ҳаддини билиб охирги сафларда туриши, сўнг бошқаларни чалғитмасдан чиқиб кетавериши мақсадга мувофиқ.


7 йил аввал 6084 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 46454 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10138 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35269 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7921 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12502 fiqh.uz