Намозни қаср қилиб ўқиш


Савол: Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари! Сизга қуйидаги саволларни бермоқчи эдим.
1. Сафарда намозларни қандай адо этмоғимиз лозим бўлади?

2. Сафарга чиқиш масофаси қандоқ белгиланади, узунликками ёки кунларгами?
3. Сафарда масжидда имомга иқтидо қилган ҳолда намозни адо этсак, суннатларини ҳам ўқишимиз лозимми?

4. Масжидга кирганимизда, имом бошқа маз¬ҳабда намоз ўқиётган бўлса, биз униинг барча ҳаракат¬ларини такрорламоғимиз лозим бўладими?
5. Сафарда бир масжид имоми фарз намози иккинчи ракъатида рукудан сўнг дуо қилиб, сўнгра сажда қилди, бу ҳолатда биз нима қилмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин!

Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Бу саволга тўлиқ жавоб бериш учун «Мухтасарул Виқоя»да бу масалада келган матн билан танишиб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Унда, жумладан, шундай дейилган: «Мусофир ўз юртининг уйларидан ўртача юриш ила уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир. Бу, қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир. Денгизда эса, кеманинг шамол мўътадил бўлгандаги юришидир. Тоғда эса, ўзига муносиб юришдир.
Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунича ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракъатли намозни қаср қилади.
Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундоқ эмас. Унда, ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.
Агар у қаъдаи улаага ўтириб тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади. Аммо яхши қилмаган бўлади. Зиёда бўлгани нафлга ўтади. Агар қаъдаи улаага ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.
Қай бир мусофирга муқим киши вақтли намозда имом бўлса, намозни тўла ўқийди. Вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлмайди. Агар у имом бўлса, унинг иқтидоси ботил бўлади. Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.
Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва «Намо¬зингизни тугатиб олинг, мен мусофирман», деб айтиши мандуб бўлади.
Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас. Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади. Сафар ва унинг зидди қазо намозни ўзгартирмайди. Маъсият сафари рухсатларда бошқаларига ўхшайди.»
Аллоҳ таоло сафарда намозни қаср қилиб, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъат қилиб ўқишни шариатга киритган. Чунки сафарнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўша машаққатларни енгиллаштириш учун Аллоҳ таоло меҳрибонлик қилиб тўрт ракъатли намозларнинг ярмини қисқартириб енгиллик берган.
Бу, Аллоҳ таолонинг дийни-Ислом осонлик дийни эканини кўрсатади. Шу билан бир вақтда, намознинг нақадар аҳамиятли ибодат эканини ҳам кўрсатади. Аллоҳ таоло сафарга алоҳида енгил намоз жорий қилиши шунга далил бўлмаса, нимага далил бўлар эди.
Мусофир намозни қаср қилиб ўқиши Қуръон, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Қачонки ер юзида жавлон урганингиз, сизлар¬га намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир» (101-оят), деган.

Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Умар ибн Хаттобга:
«Сизларга намозни қаср қилишда гуноҳ йўқдир. Агар куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан қўрқсангиз», дейилган. Батаҳқиқ, одамлар эмин бўлдилар?!» – дедим.
«Мен ҳам сен ажабланган нарсадан ажабланиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу – Аллоҳ таоло сизга қилган садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг», дедилар», деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Уламолар мусофир киши тўрт ракъатли намозни қисқа-икки ракъатли қилиб ўқишига ижмоъ қилганлар.
Мусофир учун намозни қаср қилиши азиймат бўлиб, ҳукми вожибдир. Унинг учун тўрт ракъатли намозни икки ракъат қилиб ўқиш фарздир. Ундан зиёда қилиш жоиз эмас.
Биз бу масалада ўрганадиган матнларимизда мусофирнинг намозига оид кўпгина ҳукмлар қисқа тарзда баён этилган. Биз уни муфассалроқ шарҳ қи¬лишга уриниб кўрамиз.
«Сафар» луғатда масофани кесиб ўтишдир. Лекин ҳар бир сафар ҳам шаръий аҳкомларнинг ўзгаришига сабаб бўлавермайди. Бунинг учун алоҳида шартларни ўзида мужассам қилган сафар бўлиши лозим.
Шунинг учун, шаръий ҳукмлари ўзгарадиган сафар қиладиган мусофир кимлигини билиб олишимиз лозим бўлади.
Шаръий мусофир бўлган одамга эса намозни қаср қилиб ўқишга, рўза тутмасликка рухсат берилади. У, маҳсига уч кечаю кундуз масҳ тортади ҳамда Жумъа, Ийд намозлари ва қурбонлик қилиш ундан соқит бўлади.
Хўш, ўша мусофир ким ўзи? Бу саволга жавоб қуйидагича:
«Мусофир» ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир.
«Ўз юртларининг уйлари» деганда, шаҳарнинг четидаги уйлар кўзда тутилади. Мусофир қайси йўналишда кетаётган бўлса, ўша тарафдаги охирги уйдан ажраганда мусофирлик бошланади. Агар шаҳарга туташган қишлоқ бўлса, ўша қишлоқдан ўтгандан кейин мусофирлик бошланади.

Имом Муслим ва Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳу¬дан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадийнада Пешинни тўрт ракъат ва асрни Зул Ҳулайфада икки ракъат ўқидим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан бўлсалар ҳам, Мадийнадан чиқмаганлари учун Пешинни тўрт ракъат ўқиганлар. Асрда шаҳар¬дан чиқиб Зул Ҳулайфа деган жойга етиб қолганлари учун намозни қаср қилиб, икки ракъат ўқиганлар.
«Уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб» деган гапни ҳам шарҳ қилишимиз лозим бўлади.
Бунда уч кун юриш ва уч кеча дам олиш бўлиши кўзда тутилган. Бунга далил қуйидагича:

Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Маҳсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», – дедилар».
Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.
Мана шу ҳадисдан уч кунлик сафарни ният қилмаган одам шаръий маънодаги мусофир бўлмас-лиги келиб чиқади.
2. «Масофани қасд қилиб» дейиш билан, масофани қасд қилмай содир бўлган сафар шаръий ҳукмларга тегишли сафар бўлмаслигини билиб оламиз.
Мисол учун, биров қочиб кетган отини ушлайман деб йўлга чиқса ва бир неча кун унинг ортидан қувиб юрса ҳам намозни тўлиқ ўқийди.
Уч кунлик масофани босиб ўтиш вақтини ҳисоблашда мўътадил юртлардаги энг қисқа кунлар эътиборга олинади. Яъни, кундузи жуда қисқа ёки жуда ҳам узун бўладиган эмас, ўртача бўладиган юртларнинг куни олинади. Ўшанда ҳам, эрталабдан пешингача юргани ҳисобга киради. Қолгани намоз, дам ва овқатланишга чиқарилади. Агар тез юриб, мазкур масофани ундан оз вақтда босиб ўтадиган бўлса ҳам, қаср ўқийди.
Ҳанафий уламоларнинг кўплари: сафарни фарсахлар билан ўлчанмайди, деганлар.
Бошқа мазҳаблар: сафар масофаси тўрт барид бўлса, шаръий сафар ҳисобланади ва унда намозни қаср ўқишга рухсат бўлади, дейдилар.
«Барид» масофа бирлиги бўлиб, бир барид масофа тўрт фарсахга, ҳадисда келган тўрт барид эса ўн олти фарсахга тўғри келади. Бир фарсах 5544 метр, тўрт фарсах эса 22176 метр бўлади. Тўрт барид эса 88704 метр бўлади.
«Барид» луғатда «почта» маъносини билдиради. Илгариги вақтда Ислом ўлкаларида почта ишлари от билан юриб амалга оширилган. Шаҳарлар орасидаги почтахоналар маълум масофага қурилган. Бир барид билан иккинчисининг ораси тўрт фарсах, яъни 22176 метр бўлган. Ҳар почтахона-баридда ходимлар отларини боқиб, шай бўлиб турганлар, аввалги бариднинг ходимлари узоқдан кўриниши билан йўлга тайёр бўлиб отни миниб турганлар. Улар келиб, почтани топшириши билан, от чоптириб, олға босганлар. Биринчи ва иккинчи почтахона орасидаги масофа эса, ўша вақтнинг таомилига кўра «барид» деб айтилган.
Ушбу биз ўрганаётган ривоятга кўра, тўрт барид, яъни 88 км. 704 метр жойга сафар қилган одам мусофир ҳисобланган.
Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра 96 км. масофа сафар масофаси ҳисобланган.
Баъзи уламолар юқорида зикр қилинган вақт ва шароитда пиёда юриб, ҳар қадамини ўлчаб, уч кунлик йўл 88 км билан 96 км орасида чиқишига гувоҳ бўлдилар.
Улар туяга юк юклаб, юргизиб кўриб ҳам худди шу каби натижанинг гувоҳи бўлдилар.
Ва ниҳоят, икки тарафнинг услуби икки хил бўлса ҳам натижа бир хил экан, деган хулосага келдилар.
Ўртача юриш ила.
Тез юриш ҳам, секин юриш ҳам ҳисобмас.
У, қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир.
Ўртача юриш бўлганда ҳам, отнинг ёки бошқа ҳайвоннинг эмас, туянинг юриши ҳисобидандир. Шунингдек, оддий пиёда юришда уч кун юриладиган сафар бўлиши керак.
Денгизда эса, кеманинг шамол мўътадил бўл¬гандаги юришидир.
Мабодо, денгиз сафари бўлса, ўша вақтдаги шамол кучи билан юрадиган кемаларнинг қаттиқ шамол тургандаги ҳам, шамолсиз қолган вақтдаги ҳам бўлмаган, денгизчилар урфидаги мўътадил юриш ҳисобга олинади.
Тоғда эса, ўзига муносиб юришдир.
Тоғда юриш ўзига хос бўлади. Албатта, унда текисликда юргандан кўра бошқача юрилади. Яна, тоғ билан тоғ ўртасида ҳам фарқ бор. Шунинг учун ундаги юриш ҳам ўзига муносиб равишда ҳисобланади.
Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунча ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги, саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракъатли намозни қаср қилади.
Бунинг далили қуйидагича.
Умар розияллоҳу анҳу:
«Жумъа намоз икки ракъатдир. Рўза ҳайити намози икки ракъатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракъатдир. Сафар намози икки ракъатдир, тугалдир, қаср эмасдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», – дедилар».
Насаий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қили¬нади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода икки ракъат намоз ўқидим. Абу Бакр ва Умар билан ҳам. Шунингдек, Усмоннинг амирлиги бошида ҳам, кейинроқ у тўлиқ ўқиди».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Ҳанафий мазҳабида бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ турмоқни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз турмоқни ният қилса, қаср ўқийди.
Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳукм учун буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар:
«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юрт¬да ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўла ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқи¬шингни билмасанг, намозни қаср ўқи».
Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундоқ эмас. Унда ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.
Биров бир ерда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилмаган бўлса, қанча турса ҳам намозни қаср қилиб ўқийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда йигирма кун турганларида намозни қаср ўқиганлар.
Ибн Умар ва бошқа саҳобаларнинг йўлини Озар¬бойжонда қор тўсиб қолганда, олти ой қаср намоз ўқишган.
Дорул ҳарб (уруш диёри)да, яъни ғайри мусулмонларнинг диёрида қамалда турган одам ҳам қаср ўқийди.
Боғийлар-Ислом давлатига қарши чиққан мусулмонлардир. Уларнинг қамалига тушиб қолганлар ҳам намозни қаср қилиб ўқийдилар. Чунки, бу ҳолатда барқарорлик бўлиши мумкин эмас.
Биров бир ерга ўз ҳожатини чиқариш учун кирса, агар ўн беш кун туришни ният қилган бўлса ҳам, намозни қаср ўқийди. Чунки у ҳожати раво бўлиши билан, қайтиб жўнаб қолиши турган гап.
Агар мусофир қаъдаи улаага ўтириб, тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади. Аммо яхши қилмаган бўлади.
Чунки у Аллоҳ таоло берган имкондан фойдаланмади. Шу билан бирга, у икки ракъат қаср намоздан кейин бериладиган саломни кечга сурди.
Зиёда бўлгани нафлга ўтади. Агар қаъдаи улаага ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.
Яъни, кейинги икки ракъат унинг учун нафл намоз ўрнига ўтади. Мусофир намозни тўлиқ ўқиганда икки ракъатдан кейин ўтирмаган бўлса, ўқиган фарз намози намоз бўлмайди. Бошқа ўқиши лозим.
Қай бир мусофирга муқим киши вақтли намозда имом бўлса, намозни тўла ўқийди.
Фарз вақтида ўқилаётган намозда муқимга мусофир иқтидо қилса, у ҳам имомга ўхшаб тўлиқ намоз ўқийверади. Мазкур мусофирнинг фарзи ҳам, имомга эргашгани учун, тўрт ракъатга айланади. Шунинг учун, агар муқим имом янглишиб биринчи икки ракъатдан кейин қасдан ёки унутиб бир ташаҳҳуд миқдорича ўтирмаса ҳам, мусофирнинг намози тўғри бўлаверади, албатта, имом саждаи саҳв қилса, чунки, мусофир муқимга эргашгани туфайли уни намози ҳам тўрт ракъатга айланиб қолади.
Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:

Имом Муслим ривоят қилади:
«Нофеъ: «Ибн Умар имом билан ўқиса, тўрт ракъат, ўзи ёлғиз ўқиса, икки ракъат ўқир эди», деди.
Вақт ўтгандан кейин муқим киши мусофирга имом бўлмайди.
Агар такбири таҳримани айтишга вақт қолган бўл¬са, иқтидо қилса, бўлади. Аммо вақт чиқиши билан, мусофир муқимга иқтидо қилиши мумкин эмас.
Агар у имом бўлса, анинг иқтидоси ботил бў¬лади.
Агар вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлса, мусофирнинг иқтидоси ботил бўлади.
Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.
Яъни, мусофир имом бўлиб, муқим муқтадий бўлганда, имом салом бериши билан муқтадий туриб, қолган икки ракъатни ўзи ўқиб намозини тугал қилади.
Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва «Намо¬зингизни тугатиб олинг, мен мусофирман», деб айти¬ши мандуб бўлади.

Имом Абу Довуд ва Термизий қилган ривоятда Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бўлдим. Сўнгра у зот билан Фатҳда ҳозир бўлдим. Бас, у зот Маккада ўн саккиз кеча намозни фақат икки ракъатдан ўқиб турдилар. Шунда «Эй аҳли Макка, тўрт ракъат ўқинглар, биз мусофирмиз», – дер эдилар».
Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас.
«Ватани аслий» (аслий ватан) деганда, туғилиб ўсган ва умрининг охиригача яшашни ният қилган ёки ўзига ватан тутиб, умрининг охиригача ўша ерда яшашни ният қилган юрт англанади. Бунда мазкур ердан оила қуриши шарт эмас.
Аввал бир ерда аслий ватани бўлса, кейин бошқа ерга кўчиб бориб, ўша ерни ватан тутса, ўша кейинги ватани аслийси аввалгисини ботил қилади. Бошқача қилиб айтганда, кейинги ватанидан аввалгисига сафар қилиб келса, мусофир саналаверади.
Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мисол. У кишининг ватани аслийлари Макка бўлган. Ҳижратдан кейин эса, Мадийна у зотга ватани аслий бўлди. Ҳижратдан кейин Мадийнадан Маккага келганларида, ватани аслий Мадийна ўзининг мисли Маккани ботил қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада намозни қаср ўқидилар.
Бу ҳол аввалги ватанда аҳл, жуфти ҳалол, бола, зироат, бирор боғланиш каби нарсалари қолмаган бўлса, тўғри бўлади.
Агар мазкур нарсалардан бирортаси бўлса, у ўн беш кундан кўп туришни ният қилмаса ҳам, намозини тўлиқ ўқийверади. Икки ватан унинг учун бир хил ҳукмга эга бўлади.
Сафар аслий ватанни ботил қилмайди. Мусофир аслий ватанига кириши билан муқим бўлиб қолаверади. У намозни дарҳол тўлиқ ўқишга ўтади.
Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади.
«Иқома ватани»-вақтинчалик яшаш макони. Унда мусофирнинг аҳли бўлмайди, ҳамда у бу ерда ўн беш кун ва ундан кўп яшашни ният қилган бўлади.
Ана шундоқ иқома ватанини ўзига ўхшаш бошқа иқома ватани ботил қилади. Яъни, киши эски иқома ватанидан янги иқома ватанига ўтса, эскисига оид ҳамма ҳукмлар ўз кучини йўқотади.
Шунингдек, сафар бошланиши билан ҳам иқома ватанига оид ҳукмлар ўз кучини йўқотади. Чунки, сафар иқома ватанини бузади.
Ватани аслий иқома ватанини бузиши турган гап. Чунки, ватани аслий ватани иқомадан кучлидир.
Сафар ва унинг зидди қазо намозни ўзгартир¬майди.
Сафарнинг зидди ҳазардир. «Ҳазар» дегани «сафармас ҳолат», «ҳозир турган ҳолат» деганидир.
Сафар ва ҳазар қазо намозни ўзгартирмаслиги қазо намозни ўқиш пайтининг унинг қандоқ ўқилишига таъсири йўқлигидандир.
Мисол учун, биров сафарда қазо намоз ўқимоқчи бўлса, намозни қай ҳолда қазо қилгани эътиборга олинади. Агар ҳазарда қазо қилган бўлса, гарчи унинг қазосини сафарда ўқиётган бўлса ҳам, тўлиқ ўқийди. Сафарда қазо қилинган намозни ҳазарда ўқиётган бўлса ҳам, қаср қилиб ўқийди.
Маъсият сафари рухсатларда бошқаларига ўхшайди.
Чунки, ифтор ва қасрга рухсат берган оят ҳамда ҳадисларда сафарнинг қандоқ бўлиши шарт қилинмаган. Уларда умумий «сафар» истилоҳи ишлатилган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:
«Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз тоҳаратхонадан келса ёки аёлларига яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинг» (6-оят), деган.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Қачонки ер юзида жавлон урганингиз, сизлар¬га намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир» (101-оят), деган.
3. Сафарда юриб турганда суннатларни ўқимаса, бўлади. Аммо жойлашиб олгандан кейин суннатлар ҳам ўқилади.
4. Бошқа мазҳабдаги имомга иқтидо қилганда унга эргашилади.
5. Афтидан ўша сафардаги намоз Бомдод ва имом Шофеъий мазҳабида экан. Бу ҳолда сиз имомга эргашасиз. Яъни, у қунут дуосини ўқиб бўлгунча кутуб турасиз ва бирга қўшилиб сажда қиласиз. Худди шундай қилган бўлсангиз ҳам керак. Валлоҳу аълам.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 48334 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10202 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35524 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7979 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12606 fiqh.uz