Мусофирга оид фиқҳий ҳукмлар


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Инсон ҳаётида одоб ва маданият асосий нарса ҳисобланади. У билан хулқ гўзал, амал зийнатли бўлади. Кеча ва кундузда содир этиладиган турли-туман амаллар натижасида жамият орасида иттифоқлик пайдо бўлади.

Шунинг учун Ислом шариати инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида одоб ва ахлоқ борасида раҳнамолик қилади. Ана шу жабҳалардан бири сафардаги ҳолат бўлиб, ушбу мўъжазгина рисоламизда сафар одоблари ва унга оид баъзи масалаларни зикр этиб ўтишни ният қилдик. Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар бир яхшиликка муваффақ қилувчи ва ёрдам сўралгувчи Зотдир.
Имоми Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ сафар қилувчи сафар қилишдан олдин баъзи вазифаларни адо этиши лозимлигини айтиб ўтганлар:
1. Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаши.
2. Унда бирор кишининг омонати ёки қарзи бўлса, уларни адо этиши.
3. Агар сафар қилувчи бирор ишга масъул шахс бўлса, ўз ишидаги жорий интизомга риоя қилиши.
4. Сафар харажатлари ҳалолдан бўлиши.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:
“Мусофирнинг зоди роҳиласи ҳалол, покиза бўлиши, сафар мобайнида (ён-атрофдагиларга) ширинсуханлиги, сафардошларига хушмуомалалиги, еб-ичиш ва харажатларда қўлидан келганича уларга ёрдам бериши улуғ инсон эканининг аломатидир”.

САФАРГА ШЕРИК ТАНЛАШ

Сафарга шерик танлаш сафар қилишнинг муҳим жиҳатларидан бўлиб, сафардош тақводор, яхши фикрли, тоат ва ибодатда кўмакчи бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёт юзасидан тунда ёлғиз сафар қилишдан қайтарганлар.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ عَنِ النَّبِىِّ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ « لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِى الْوَحْدَةِ مَا أَعْلَمُ مَا سَارَ رَاكِبٌ بِلَيْلٍ وَحْدَهُ ». (البخارى).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар одамлар ёлғизликдаги мен билган нарсани билганларида, бирор киши кечаси ёлғиз йўл юрмаган бўлар эди”, дедилар”.
Бухорий ривоят қилганлар. 
عَنْ ابْنِ عَبّاسٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللّهِ: "خَيْرُ الأَصْحَابِ أَرْبَعَةٌ".
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сафардошларнинг яхшиси тўрт кишидир”, дедилар”.

САФАРГА БОШЛИҚ ТАНЛАШ

Ҳадиси шарифда сафарда шериклар ўз ораларидан тажрибали, омонатдор, фаҳм-фаросатли кишини бошлиқ қилиб сайлаб, унга итоат этишга буюрилганлар.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِي أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « إِذَا كَانَ ثَلاثَةٌ في سَفَرٍ، فَليُؤَمّرُوا أَحَدَهُمْ».
Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сафар қилувчилар учта бўлсалар, албатта бирларини бошлиқ қилиб олсинлар”, дедилар».

САФАР ДУОЛАРИ

Киши сафар қилишга отланар экан, унинг ушбу сафардан бир қанча орзу-умидлари бўлади. Унинг қалбида хурсандчилик, ҳаяжонланиш ва шу билан бирга,  хавфсираш, ғамгинлик каби ҳолатлар юзага келади. Оиласидан, ёру биродарларидан узоқда бўлишни ўйлаб, беихтиёр кишининг кўнглида бир оз хавотир, уларнинг хайрда, офиятда бўлишларини хоҳлаш, сафар қийинчиликларини тасаввур қилиш, ўз оиласига соғ-омон қайтишни исташ каби ҳолатлар пайдо бўлиши  табиий. Бундай лаҳзаларда қалбга таскин берувчи бирдан-бир нарса мусофирнинг ҳар бир ҳолати мулоҳазасини қилиб айтилган мураббий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза дуоларидир.

عن عثمان بن عفان، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : "مَنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ يُرِيدُ سَفَرًا فَقَالَ حِيْنَ يَخْرُجُ: بِسْمِ اللهِ وَ اعْتَصَمْتُ بِاللهِ تَوَكَّلْتُ عَلَى اللهِ لا حَوْلَ وَ لا قُوَّةَ إَلا بِاللهِ رُزِقَ خَيرَ ذَلِكَ المَخرَجِ وَصُرِفَ عَنهُ شَرَّ ذَلِكَ المَخرَجِ".
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки сафарни ирода қилиб уйидан чиқса ва чиқаётган пайтида: “Бисмиллаҳи ваътасомту биллаҳи таваккалту алаллоҳи ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” деса, ўша чиқишлигида яхшилик билан ризқланиб, ўша чиқишлигининг ёмонлиги ундан дафъ қилинади”, дедилар”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳнинг номи билан сафар қилишни бошлайман. Аллоҳнинг ёрдамига боғландим, Аллоҳга таваккул қилдим ва тоатга қувват ҳам, гуноҳдан сақланишга бўлган қувват ҳам ёлғиз Аллоҳдандир”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَافَرَ فَرَكِبَ رَاحِلَتَهُ قَالَ بِإِصْبَعِهِ قَالَ اللَّهُمَّ أَنْتَ الصَّاحِبُ فِي السَّفَرِ وَالْخَلِيفَةُ فِي الْأَهْلِ وَالْمَالِ. وَالوَلَدِ".
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, уловларига минганларида бармоқлари билан ишора қилиб: “Аллоҳумма антас соҳибу фис сафар вал халифату фил аҳли вал мали вал валади» дер эдилар”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳим! Менинг сафардаги соҳибим фақат Сенсан ва сафардалигимда аҳлимни, молимни ва фарзандларимни ҳифзу ҳимоянгга олгувчисан”.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَافَرَ فَرَكِبَ رَاحِلَتَهُ قَالَ بِإِصْبَعِهِ قَالَ: "اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ وَعْثَاءِ السَّفَرِ وَكَآبَةِ الْمُنْقَلَبِ وَسُوءِ الْمَنْظَرِ فِي الأَهْلِ وَالْمَالِ".
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, уловларига минганларида бармоқлари билан ишора қилиб:
“Аллоҳумма инний аъузу бика ми ваъсаис сафар вакаабатил мунқолаб ва суъил манзари фил аҳли ва маал”, дер эдилар”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳим! Сафарнинг машаққатидан, ғамга солувчи манзара(га дучор бўлиш)дан, уйга – ўз аҳлимга, молимга ва фарзандларимга қайтиб келганимда ёмон ҳолатга дучор бўлишдан Ўзингдан паноҳ сўрайман”.

عَنْ ابْن عمر " أَن رَسُول الله - صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ - كَانَ إِذا اسْتَوَى على بعيره خَارِجا إِلَى سفر كبر ثَلَاثًا ثمَّ قَالَ : اللَّهُمَّ أَسأَلك فِي سفرنا هَذَا الْبر وَالتَّقوى، وَمن الْعَمَل مَا ترْضى."
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, туяларига минганларида уч бор такбир айтар сўнгра:
“Аллоҳумма асъалука фи сафарина ҳаза ал-бирра ват тақваа ва минал амали маа тарзоо”, дер эдилар”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳим! Мен Сендан бу сафаримда яхшиликка, тақвога ва амаллардан Ўзинг рози бўлганингга муваффақ қилишингни сўрайман”.

عَنْ القاسم بن محمد، يقول: كُنْتُ عِنْدَ ابْنِ عُمَرَ فَجَاءَهُ رَجُلٌ، فَقَالَ: أَرَدْتُ سَفَرًا، فَقَالَ عَبْدُ اللهِ: « إنْتَظِرْ حَتَّى أُوْدِعَكَ كَمَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُوْدِعُنَا فَيَقُولُ: أَسْتَوْدِعُ اللهَ دِيْنَكَ، وَأَمَانَتَكَ، وَخَوَاتِيمَ عَمَلِكَ."
Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим. Бир киши келиб: “Сафарга чиқмоқчиман” деди. Шунда ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Кутиб тур, токи мен сени Расулуллоҳ бизни кузатганларидек кузатиб қўяман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аставдиъуллоҳа дийнака ва амаанатака ва хавотима амалика”, деб бизни кузатар эдилар.
Дуонинг маъноси:
“Мен сизнинг динингизни, омонатингизни ва амалларингизнинг хотимасини Аллоҳга топшираман”.

САФАР ҚИЛУВЧИ БИЛАН ХАЙРЛАШИШ ЧОҒИДА АЙТИЛАДИГАН ДУО

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فَقَالَ لَهُ: يَا نَبِىَّ اللَّهِ إِنِّى أُرِيدُ السَّفَرَ. فَقَالَ لَهُ:« مَتَى؟ ». قَالَ: غَداً إِنْ شَاءَ اللَّهُ. قَالَ: فَأَتَاهُ فَأَخَذَ بِيَدِهِ فَقَالَ لَهُ:« فِى حِفْظِ اللَّهِ وَفِى كَنَفِهِ، زَوَّدَكَ اللَّهُ التَّقْوَى، وَغَفَرَ لَكَ ذَنْبَكَ وَوَجَّهَكَ لِلْخَيْرِ أَيْنَمَا تَوَجَّهْتَ أَوْ أَيْنَمَا تَوَخَّيْتَ »
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб У зотга:
“Эй Аллоҳнинг Набийси сафарга чиқмоқчиман” деди. Шунда У зот:
“Қачон?” дедилар. “Эртага, иншаа Аллоҳ” деди. Эртаси куни келди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан ушлаб:
“Фий ҳифзиллаҳи ва фий канафиҳи. Заввадакаллоҳут тақваа, ва ғафара лака занбака ва важжаҳака лилхойри айнамаа таважжаҳта”, дедилар”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимоясида бўлинг! Аллоҳ сизнинг зоди роҳилангизни тақво қилсин, гуноҳингизни мағфират этсин, қаерга борсангиз ҳам, яхшиликка рўпара қилсин”.

ЭШИКДАН ЧИҚИШДАН ОЛДИН ЎҚИЛАДИГАН ДУО

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ، قَالَتْ: " كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ قَالَ: " بِسْمِ اللهِ، تَوَكَّلْتُ عَلَى اللهِ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ أَنْ أَضِلَّ أَوْ أُضَلَّ، أَوْ أَزِلَّ أَوْ أُزَلَّ، أَوْ أَظْلِمَ أَوْ أُظْلَمَ، أَوْ أَجْهَلَ أَوْ يُجْهَلَ عَلَيَّ "
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқаётган вақтда:
“Бисмиллаҳи таваккалту алаллоҳ вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳи. Аллоҳумма инний аъувзу бика ан азилла ва узолла ав азилла ав узалла ав азлима ав узлама ав ажҳала ав южҳала алайя”, дер эдилар”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳга таваккал қилиб, Унинг номи билан чиқаман. Гуноҳдан сақланишга бўлган қувват ҳам, тоат қилишга бўлган тоқат ҳам фақатгина Аллоҳдандир. Эй Роббим, адашишдан ёки адаштирилишдан ёки тойилишдан ёки тойилтирилишдан, зулм қилишдан ёки мазлум бўлишдан, жоҳиллик қилишдан ёки менга жоҳиллик қилинишидан Ўзингдан паноҳ сўрайман”.

ЭШИКДАН ЧИҚҚАНДАН СЎНГ ЎҚИЛАДИГАН ДУО

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: لَمْ يُرِدْ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَفَرًا قَطُّ إِلا قَالَ حِيْنَ يَنْهَضُ مِنْ جُلُوسِهِ: « اللَّهُمَّ بِكَ إِنْتَشَرْتُ، وَإِلَيْكَ تَوَجَّهْتَ، وَبِكَ إِعَتَصَمْتُ، اللَّهُمَّ أَنْتَ ثِقَتِي، وَأَنْتَ رَجَائِي، اللَّهُمَّ اكْفِنِي مَا أَهَمَّنِي وَمَا لا أَهْتَمُّ بِهِ وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي، وَزَوِّدْنِي التَّقْوَى، وَاغْفِرْ لِي ذَنْبِي، وَوَجِّهْنِي لِْخَيْرِ حَيْثُمَا تَوَجَّهْتُ».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилиб ўринларидан қўзғолганларида:
“Аллоҳумма бика инташарту ва илайка таважжаҳту ва бика иътасомту. Аллоҳумма анта сиқотий ва анта рожааий. Аллоҳуммакфиний маа аҳамманий вамала аҳтамму биҳи вама анта аъламу биҳи минний вазаввидний аттақваа вағфир ли занбий ва важжиҳний ли хойрин ҳайсумаа таважжаҳту”, дер эдилар.
Дуонинг маъноси:
«Аллоҳим! Сенинг мададинг ила чиқдим, Ўзинггагина юзландим, Сенинг паноҳингга қочдим. Аллоҳим! Ишонганим Ўзингсан, умидим ҳам Ўзингсан! Мен ғам қилган ва қилмаган ва Ўзинг мендан яхши билган нарсаларга Ўзинг кифоя қилгин. Аллоҳим! Зоди роҳиламни тақво қилгин, гуноҳимни кечиргин, қайга бормай мени яхшиликка рўбарў қилгин».

УЛОВГА МИНГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا رَكِبَ رَاحِلَتَهُ كَبَّرَ ثَلاَثاً ثُمَّ قَالَ «سُبْحَانَ الَّذِى سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِينَ وَإِنَّا إِلَى رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам уловларига минганларида уч бор такбир айтар сўнгра:
“Субҳаналлазий саххоро ланаа ҳаза ва маа куннаа лаҳу муқринийна ва иннаа илаа Роббинаа ламунқолибуун”, дер эдилар.
Дуонинг маъноси:
“Бизларга бу (маркаб)ни бўйсундириб қўйган Зот айбу нуқсондан покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, бизлар (барчамиз) Роббимизга қайтгувчидирмиз”.

КЕМАДА САФАР ҚИЛИШГА ТЎҒРИ КЕЛСА, УНГА ЧИҚҚАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ, قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"أَمَانٌ لأُمَّتِي مِنَ الْغَرَقِ إِذَا رَكِبُوا فِي السُّفُنِ, بِسْمِ اللَّهِ الْمَلِكِ" وَمَا قَدَرُوا اللَّهَ حَقَّ قَدْرِهِ وَالأَرْضُ جَمِيعًا قَبْضَتُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَالسَّمَوَاتُ مَطْوِيَّاتٌ بِيَمِينِهِ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ", " بِسْمِ اللَّهِ مَجْرَاهَا وَمُرْسَاهَا إِنَّ رَبِّي لَغَفُورٌ رَحِيمٌ".
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Умматим кемага минганларида чўкиб кетишдан омонда бўлишларига сабаб бўлгувчи нарса:
“Бисмиллаҳил малики” ва “Вамаа қодаруллоҳа ҳаққо қодриҳи вал арзу жамиъан қобзотуҳу явмал қиямати вас самаваату матвийяаатун биямийниҳи субҳаанаҳу ватаъалаа аммаа юшрикуун (Анъом 91-оят)” ва “Бисмиллаҳи мажреҳаа ва мурсааҳаа инна Роббий лағофурур роҳийм (Ҳуд 41)”дир”, дедилар”.

САФАР ДАВОМИДАГИ ЗИКРЛАР

Сафар мобайнида юқорига кўтарилганда “Аллоҳу акбар”, пастликка тушганда “Субҳаналлоҳ”, текисликда “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калималари ўқилади.

БИРОР ШАҲАР ЁКИ ҚИШЛОҚҚА КИРГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

عَنْ كَعْبٍ قَالَ أَشْهَدُ وَاَلَّذِي فَلَقَ الْبَحْرَ لِمُوسَى صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَسَمِعْت صُهَيْبًا يَقُولُ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذَا رَأَى قَرْيَةً يُرِيدُ نُزُولَهَا قَالَ اللَّهُمَّ رَبَّ السَّمَاوَاتِ وَمَا أَظْلَلْنَ وَرَبَّ الرِّيَاحِ وَمَا ذَرَيْنَ وَرَبَّ الْأَرَضِينَ وَمَا أَقْلَلْنَ وَرَبَّ الشَّيَاطِينِ، وَمَا أَضْلَلْنَ أَسْأَلُك مِنْ خَيْرِ هَذِهِ الْقَرْيَةِ وَمِنْ خَيْرِ أَهْلِهَا وَأَعُوذُ بِك مِنْ شَرِّهَا وَمِنْ شَرِّ أَهْلِهَا وَشَرِّ مَا فِيهَا."
Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мусога денгизни ёриб қўйган зотга қасам билан айтаманки, мен Суҳайбнинг:
Қачонки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор бир қишлоқни кўриб унга тушмоқчи бўлсалар:
“Аллоҳумма Роббас самавати вамаа азлална ва Роббар рияаҳи вамаа заройна ва Роббал арзийна вамаа ақлална ва Роббаш шаяатийни ва маа азлална. Асъалука мин хойри ҳазиҳил қорияти ва мин хойри аҳлиҳа ва аъувзу бика мин шарриҳа ва мин шарри аҳлиҳаа ва шарри маа фийҳаа”, дер эдилар” деяётганини эшитдим”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳим! Осмонлар ва улар соя солиб турган нарсалар роббиси. Шамоллар ва улар қўзғотган нарсалар роббиси. Ерлар ва улар кўтариб турган нарсалар, шайтон ва улар адаштирганларнинг Роббиси мен Сендан бу қишлоқнинг, унинг аҳлининг ва ундаги бор нарсаларнинг яхшилигини сўрайман. Унинг ва аҳлининг, ундаги бор нарсаларнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман”.

САФАР ҚИЛИШ МУСТАҲАБ БЎЛГАН КУНЛАР

عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ : "قَلّمَا كَانَ رَسُولُ اللّهِ صَلّى اللّهُ عَلَيْهِ وَسَلّمَ يَخْرُجُ فِي سَفَرٍ إذَا خَرَجَ إلّا يَوْمَ الْخَمِيسِ."
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ пайшанба кунлари сафар қилар эдилар”.
У зот душанба куни сафар қилишни ҳам ёқтирар эдилар. Шунинг учун бирор зарурат бўлмаса, сафарни шу кунларга боғлаш мустаҳабдир.

ЖУМЪА КУНИ САФАР ҚИЛИШ

Агар Жумъа куни сафар қилишга тўғри келиб қолса, завол (яъни Жумъа вақти кириши)дан олдин йўлга чиқилса, ҳеч қандай макруҳлик бўлмайди, гарчи Жумъа ўқилмайдиган жойга борилса ҳам. Заволдан кейин, жумъа ўқилишидан олдин сафарга чиқишлик макруҳи таҳримийдир. Чунки, муқим кишига жумъа вақти кирганидан сўнг жумъага боришлиги вожибдир.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: إِنَّ الْجُمُعَةَ لا تَمْنَعُهُ مِنَ السَّفَرِ مَا لَمْ يَحْضُرْ وَقْتُهَا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Жумъа намози сафардан ман қилмайди, модомики намоз вақти кириб қолмаган бўлмаса” (Канз ул-Уммол).

САФАР ҚИЛИШ ВАҚТИ

Субҳ чоғи ниҳоятда баракотли бўлиб, ҳар қандай ишни бошлаш учун муносиб вақт ҳисобланади.
عَنْ صَخْرٍ الْغَامِدِىِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ:« اللَّهُمَّ بَارِكْ لأُمَّتِى فِى بُكُورِهَا ».
Сахр ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳим, умматимнинг эрталабки вақтига баракот ато этгин”, дедилар” (Доримий ривояти).
Шунинг учун имкон қадар тонгда сафарга чиқишлик афзалдир.
Сохра розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Мана шу дуони эшитганимдан сўнг тижорат молларимни субҳда жўнатадиган бўлдим, Аллоҳ бу дуонинг баракотидан молимга катта баракот ато қилди”.
Шунингдек, сафарни кечаси давом эттириш ҳақида ҳам ҳадислар келган:
عَنْ جَابِرٍ، رَضِيَ الله عَنْهُ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : …وَعَلَيْكُمْ بِالدُّلُجَّةِ , فَإِنَّ الأَرْضَ تُطْوَى بِاللَّيْلِ.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кечаси йўл юринглар, чунки тунда йўл қисқаради”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

ЙЎЛГА ЧИҚИШДАН ОЛДИН НАФЛ НАМОЗ ЎҚИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

Мусофир ўз аҳли аёлига моддий ва маънавий нарсаларни қолдириб чиқар экан, қолдирган нарсаларининг ичида энг афзали, Аллоҳнинг раҳматига, баракотига сабаб бўлгувчиси икки ракъат нафл намоздир.

عن المطعم بن مقدام قال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ مَا خَلَّفَ عَبْدٌ عَلَى أَهْلِهِ أَفْضَلَ مِنْ رَكْعَتَيْنِ يَرْكَعُهُمَا عِنْدَهُمْ حِيْنَ يُرِيدُ السَّفَرَ.
Мутъим ибн Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сафарга чиқувчи одам хонадон аҳлига сафар олдидан ўқиладиган икки ракъат намоздан афзалроқ нарса қолдирмабди” (Канз ул-Уммол).

САФАР МОБАЙНИДАГИ ЗИКРНИНГ ФАЗИЛАТИ

Сафардаги қийинчилик, машаққат, орому роҳатнинг умиди мусофирни изтиробга солади. Бундай ҳолатда изтиробнинг энг яхши давоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидир. Ҳадисларда келадики, «Мусофир одам кўпроқ зикр қилсин». Яна бир ҳадисда айтилишича, «Мусофир тилини зикрга ва қалбини Аллоҳни ёд этишга машғул қилса, унга бир фаришта ҳамроҳ қилиб берилади. У фаришта унга қалбий ва зеҳний хотиржамлик сабабларини муҳайё қилади ҳамда зикрнинг ҳаловати тилу қалбни роҳатлантиради. Агар лағв, шеър, шоирлик ва мусиқага машғул бўлса, шайтон унга ҳамроҳ бўлиб, ғам-андуҳ сабабларини пайдо қилиб туради».
مَا مِنْ راكِبٍ يَخْلُوا فِى سَيْرِهِ بِاللََّهِ وَذِكْرِهِ إِلا رَدَفَهُ بِمَلَكٍ وَلا يَخْلُو بِشَعْرِهِ وَنَحْوِهِ إِلا رَدَفَهُ بِشَيْطَانٍ
“Уловга минган киши сафарда Аллоҳ ва Унинг зикри билан бўлса, Аллоҳ унга бир фариштани ҳамроҳ қилиб қўяди. Шеър ва шу кабилар билан бўлса, унга шайтонни ҳамроҳ қилиб қўяди” (Мунтахаб ал-уммол).

САФАРДАГИ БЕШТА ҚИСҚА СУРАНИНГ БАРАКОТИ

Ҳар бир мусофир ўз сафаридан улкан хайру баракотни умид қилади. Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кўрсатма берганлар:
«Кимки ўз сафарида гоҳо бўлса ҳам “Каафирун”, “Фатҳ”, “Ихлос”, муаввазатайн, яъни “Фалақ”, “Наас” сураларини ўқиса, Аллоҳ унинг сафарини хайру баракотга сабаб қилади. Агар хавф туғилса, “Қурайш” сураси ўқилади».
Машҳур валий Абул Ҳасан Қазвиний айтадилар:
“Хавфу хатар, мусибату нуқсон вақтида бу сура, яъни «Қурайш» сураси нажотга сабаб бўлади” (Ал-ҳисн ул-ҳасийн).
Сафар мобайнида мусофир қанчалик шинам ва қулай жойдан қўним топса ҳам, ўз ватани ва уйидаги хотиржамликни топа олмайди. Гоҳида эса ўзига ноқулай жойга тушиб, бирор хавф – қўрқув ичида қолади. Бундай ҳолатларда қалбни хотиржам қилувчи нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиём (бир жойга тушган) вақтларида ўқиган дуолари бўлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « مَنْ قَالَ حِيْنَ يُصْبِحُ وَحِيْنَ يُمْسِي: أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ، لَمْ يَضُرُّهُ شَيْءٌ»
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки тонг оттирган ва кечкиртирган вақтда:
“Аъувзу бикалимаатиллааҳит тааммаати мин шарри маа холақ”, деса унга бирор нарса зарар қилмайди” дедилар”.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳнинг мукаммал калималари билан Ўзи яратган нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман” (Канз ул-Уммол).

МУСОФИРНИНГ ДУОСИ

Аллоҳ таоло бандаларининг дуоларини қабул қилишини Ўзининг Каломида зикр қилган, аммо бандаларнинг орасидан баъзиларининг дуолари ижобатга янада яқинроқдир. Улардан бири ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси бўлса, яна бири мазлумнинг дуоси ва яна бири мусофирнинг дуосидир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه يَقُولُ : "قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "ثَلَاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لَا شَكَّ فِيهِنَّ : دَعْوَةُ الْمَظْلُومِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ، وَدَعْوَةُ الْوَالِدِ عَلَى وَلَدِهِ" [أخرجه أحمد].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Учта дуо шак-шубҳасиз мустажобдир: Мазлумнинг, мусофирнинг ва отанинг фарзандига қилган дуоси”, дедилар” (Аҳмад ривояти).
Бас, мусофирнинг дуоси мақбул экан, у то сафарининг интиҳосигача шу мақомдадир. Мусофирнинг дуосини олишни ғанимат билиш лозим. Лекин бу мақом ҳамма мусофир учун ҳам эмас, балки ризқини ҳалолдан топадиган киши учундир.

САФАРДА ҲАЗАРДАГИ ОДАТ БЎЛГАН САВОБЛИ АМАЛЛАРНИНГ САВОБИ ЁЗИЛИБ ТУРАДИ

Кимки ўзига бир кеча-кундузда қилинадиган яхши амалларни бардавом одат қилиб олса, сафарда ўша амалларни адо этишнинг имконияти бўлмагани учун қила олмаса, ўша ҳазардаги (муқимликдаги) яхши амалларининг савоби ёзилиб тураверади.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ قَالَ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم-:« إِنَّ الْعَبْدَ إِذَا كَانَ عَلَى طَرِيقَةٍ حَسَنَةٍ مِنَ الْعِبَادَةِ، ثُمَّ مَرِضَ قِيلَ لِلْمَلَكِ الْمُوَكَّلِ اكْتُبْ لَهُ مِثْلَ عَمَلِهِ إِذَا كَانَ طَلِقًا حَتَّى أُطْلِقَهُ أَوْ أُكْفِتَهُ إِلَىَّ ».
وَ كَذَا وَرَدَ فِى الْمُسَافِرِ وَ الشَّيْخِ الْكَبِيْرِ(مرقاة)
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, бир банда ибодат бўлган амаллардан бирини ўзига одат қилиб олиб, сўнг касал бўлиб қолса, унга вакил қилинган фариштага “Бандамни касаллигидан фориғ қилгунимча ёки вафот топтиргунимча соғлик вақтида қилган амалларининг савобини ёзиб тургин” дейилади”, дедилар”.
Бундай ҳадис мусофирлар ва кексалар ҳақида хам айтилган (Мирқот).

САФАРДОШЛАРНИНГ ХИЗМАТИНИ ҚИЛИШНИНГ САВОБИ

Сафарда кўпинча қийинчилик ва машаққатларга дуч келинади ва ҳар бир киши енгиллик ва ўз оромининг талабида бўлади. Бундай ўринда ўз молини ва роҳатини сафардошлари учун қурбон қилиш ва уларнинг хизматида бўлиш ҳақиқий фазилат ва олийжаноблик ҳисобланади. Бундай олийжаноблик ҳадисларда жуда кўп ўринларда мақталган ва тарғиб қилинган ийсор, яъни ўзидан кўра ўзгаларни ортиқ кўриш фазилати ҳисобланади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعِدٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « سَيِّدُ الْقَوْمِ فِي السَّفَرِ خَادِمُهُمْ، فََمَنْ سَبَقَهُمْ بِخِدْمَةٍ لَمْ يَسْبَقُوهُ بِعَمَلٍ إِلا الشَّهَادَةَ ».
Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сафарда қавмнинг сардори уларнинг ходими (хизматида бўлгувчи)дир. Сафарда ким ҳамроҳларининг хизматида пешқадам бўлса, мартабада шаҳиддан бошқа ҳеч ким ундан юқори бўла олмайди”, дедилар”.

САФАР МОБАЙНИДАГИ ЭНГ ШАРАФЛИ УЧ АМАЛ

Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳаҳу айтадилар:
“Инсоннинг инсонийлиги ва шарафлилиги олти амал биландир. Учтаси ҳазарда (муқимликда)дир:
1. Қуръони Каримни тиловат қилиш.
2. Масжидларни обод этиш.
3. Яхшиликни ўзига вазифа қилиш.
Ва яна учтаси сафардадир:
1. Муҳтож сафардошларига ёрдам бериш.
2. Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши ҳулқли бўлиш.
3. Сафардошларига мулойим, очиқ чеҳрали бўлиш, агар уларнинг ирқи, дини бошқа бўлса ҳам.
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالا فَخُورًا (٣٦)
“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” («Нисо» сураси, 36-оят).
Юқоридаги оятда келган яхшилик қилиниши зарур бўлган الصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ (соҳибил-жанб)дан мурод сафардаги ҳамроҳдир» (Маъорифул-Қуръон).

ЖОИЗ ВА НОЖОИЗ БЎЛГАН САФАРЛАР

Машҳур муфассир имом Қуртубий ўз китобларида қуйидагиларни келтирадилар:
“Киши азиз ватанини икки сабабга кўра тарк қилишга мажбур бўлади: бири – мусибатлардан нажот топиш учун. Иккинчиси эса – ризқ ва яна нимадир нарса умидида. Аввалги суратдаги сафар олти қисмдан иборат бўлади:
1. Ҳижрат сафари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги Макка шаҳридан Мадина шаҳрига қилинган сафар каби;
2. Бидъат, хурофот ва исён тарқалган жойдан кетиш;
Ибн Қосим раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар:
“Мен Имом Моликдан эшитдим: “Ўтган устозларнинг шаънларига ёмон гапларни айтувчиларнинг мажлисидан кетиш зарурдир. Бу Қуръони Каримнинг:

وَإِذَا رَأَيْتَ الَّذِينَ يَخُوضُونَ فِي آيَاتِنَا فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ حَتَّى يَخُوضُوا فِي حَدِيثٍ غَيْرِهِ
“Оятлармизни (истеҳзо қилишга) шунғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шунғигунларича улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг, золим қавмлар билан ўтирма!” (Анъом 68-оят)ига мувофиқдир.
3. Бузғунчилик, фоҳишабозлик ва ҳаром ишларни касб қилиб олган кишиларнинг жамоасидан кетиш. Чунки ҳар бир мусулмонга ҳалол йўл билан ризқ талаб қилиб, ҳаром ризқдан сақланиш фарздир;
4. Ғайри инсоний(одам савдоси)га ўхшаш зулмлар тарқалган жойлардан кетиш;
5. Соғлик улкан неъмат бўлганлиги учун уни сақлаш фарздир. Шунинг учун бирор бир жойнинг об-ҳавоси соғликка номуносиб бўлса, у ердан кетиш зарурдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинанинг об-ҳавоси тўғри келмаган одамларга шаҳардан ташқарида яшашни маслаҳат берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
عَن إبنِ عَبَّاسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ " سَافِرُوا تَصِحُّوا وَتُرْزَقُوا"
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сафар қилинглар – саломат бўласизлар ва ризқланасизлар”, дедилар”;
6. Ислом кишиларнинг жонини, обрўсини ҳурмат қилгани каби, уларнинг мол-мулкларини ҳам эҳтиром қилади. Чунончи:
عن عبدِ اللهِ بنِ عمرٍو رضيَ اللهُ عنهما قال: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَن قُتِلَ دُونَ مَالِه فَهُوَ شَهِيدٌ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ўз моли ҳимоясида вафот топган киши шаҳидлик мақомида бўлади”, дедилар”.

САФАРНИНГ ИККИНЧИ ҚИСМИ

1. Ибрат сафари, яъни Аллоҳнинг чексиз қудратини ва биздан олдин яшаб ўтиб, Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлган ёки Аллоҳнинг қаҳрига дучор бўлиб, қирилиб кетган қавмларни, тарихий жойларни кўриб, ибрат ҳосил қилиш учун сафар қилиш. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бундай сафарга тарғиб қилиб, марҳамат қилади:

أَوَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَيَنْظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ كَانُوا أَشَدَّ مِنْهُمْ قُوَّةً وَأَثَارُوا الْأَرْضَ وَعَمَرُوهَا أَكْثَرَ مِمَّا عَمَرُوهَا وَجَاءَتْهُمْ رُسُلُهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ فَمَا كَانَ اللَّهُ لِيَظْلِمَهُمْ وَلَكِنْ كَانُوا أَنْفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ
“Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин (оят)лар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар” (Рум 9-оят).
Искандар Зулқарнайннинг дунё бўйлаб сафарлари шунинг жумласидандир.
2. Ҳаж сафари – қудрати етган одам учун бир неча шартларни ўз ичига олган, умрида бир маротаба қилиниши фарз бўлган сафардир. Фиқҳий китобларда бу борада батафсил баён қилинган.
3. Ватан ҳимояси учун сафар – ҳолат ва замон тақозоси билан бундай сафар гоҳида фарз, гоҳида вожиб ва мустаҳаб бўлади. Бу ҳақда ҳам фиқҳ китобларида зикр этилгандир.
4. Ризқ талабида сафар қилиш.
5. Тижорат сафари. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижорат сафарининг муҳим эканини баён қилиб, марҳамат қилади:
لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَنْ تَبْتَغُوا فَضْلًا مِنْ رَبِّكُمْ فَإِذَا أَفَضْتُمْ مِنْ عَرَفَاتٍ فَاذْكُرُوا اللَّهَ عِنْدَ الْمَشْعَرِ الْحَرَامِ وَاذْكُرُوهُ كَمَا هَدَاكُمْ وَإِنْ كُنْتُمْ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الضَّالِّينَ
“Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арофатдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг” (Бақара 198 оят).
6. Илм талабидаги сафар: кишининг дунё ва охиратда нажот топиши учун илмдан маълум бир қисмини таълим олиш  ҳар бир кишига фарзи айндир (яъни ҳар бир кишининг ўз зиммасига фарз бўлиб, ўрнига бошқалар бажариши билан ундан соқит бўлмайдиган амаллар илми) ва яна бир қисми фарзи кифоядир (яъни бир қавмдан фақат бир киши адо қилса ҳам, қолганларга кифоя қилувчи амаллар илми).
1-қисм илмнинг талабида сафар қилиш фарзи айндир.
2-қисм илмнинг талабида сафар қилиш фарзи кифоядир. Ушбу қисмда фарз бўлган илмлар фақат диний илмлар билан чегараланмасдан, дунёвий илмларга ҳам тааллуқлидир. Масалан, соғлиқни сақлаш ҳар бир кишига фарздир. Демак, бир қавмдан бир кишининг тиб илмини ўрганиши фарзи кифоя бўлганлиги сабабли бу илмнинг бошқалар учун ҳам фарз бўлишини бекор қилади.
7. Муқаддас қадамжолар зиёрати учун сафар қилиш. Баъзи бир инсонларни тирикликларида зиёрат қилиш баракотга сабаб бўлганидек, вафотларидан кейин уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам улкан баракотларга сабаб бўлади.

عن سليمان بن بريدة عن أبيه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَزُورُوهَا وَلا تَقُولُوا هجراً."
Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизларни қабрларнинг зиёратидан қайтарган эдим, бас, (энди) зиёрат қилинглар ва  ёмон сўз айтманглар”, дедилар”.
Имом Ғаззолий марҳамат қилиб айтадилар:
“Ҳадисдаги “қабрлар”дан мурод умумий бўлиб, ўз яқинидаги ва узоқ масофадаги қабрларни ўз ичига олади”.
8. Таъзия изҳор қилиш учун сафар қилиш. Ҳадисларда мусибатга учраган кишининг ғамига шерик бўлиш ва унга тасалли бериб, сабрга ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобу ажрнинг умидида бўлишга чақириш учун сафар қилишга тарғиб қилингандир.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنَ أَبِى بَكْرِ بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ عَمْرِو بْنِ حَزْمٍ يُحَدِّثُ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- أَنَّهُ قَالَ « مَا مِنْ مُؤْمِنٍ يُعَزِّى أَخَاهُ بِمُصِيبَةٍ إِلاَّ كَسَاهُ اللَّهُ سُبْحَانَهُ مِنْ حُلَلِ الْكَرَامَةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ».
Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳум отасидан, отаси ўз отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қай бир мўмин банда мусибат етган биродарига таъзия изҳор этса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унга каромат либосини кийдиради”, дедилар”.
عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلََّ: « مَنْ عَزَّى مُصَابًا فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ »
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусибат етган кишига қанчалик савоб берилса, унга таъзия изҳор қилгувчига ҳам унинг мислича савоб берилади”, дедилар”.
9. Яқин дўст ва ёру бродарларни зиёрат қилиш. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
عَن أَبِي هُرَيْرَةَ عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ خَرَجَ رَجُلٌ مِنْ قَرْيَتِهِ يَزُورُ أَخًا لَهُ فِي قَرْيَةٍ أُخْرَى فَأَرْصَدَ اللَّهُ لَهُ مَلَكًا فَجَلَسَ عَلَى طَرِيقِهِ فَقَالَ لَهُ أَيْنَ تُرِيدُ قَالَ أُرِيدُ أَخًا لِي أَزُورُهُ فِي اللَّهِ فِي هَذِهِ الْقَرْيَةِ قَالَ لَهُ هَلْ لَهُ عَلَيْكَ مِنْ نِعْمَةٍ تَرُبُّهَا قَالَ لَا وَلَكِنِّي أَحْبَبْتُهُ فِي اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ قَالَ فَإِنِّي رَسُولُ رَبِّكَ إِلَيْكَ أَنَّهُ قَدْ أَحَبَّكَ بِمَا أَحْبَبْتَهُ فِيهِ."
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бир киши ўз қишлоғидан бошқа қишлоқдаги бродарини зиёрати учун чиқди. Аллоҳ таоло уни назорат қилиш учун бир бир фариштани юборди ва у (фаришта) у (банда)ни келишини пойлаб йўлида ўтирди. “(Келганида) қаерга кетаяпсан?” деди. У киши: “Бу қишлоқдаги бродаримни Аллоҳ йўлида зиёрат қилишни қасд қилиб келаяпман” деди. У (Фаришта): “Зиммангда унга берадиган бирор нарса борми?” деди. У (банда): “Мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўришимдан ўзга нарса йўқ” деди. У (Фаришта): “Сен уни яхши кўрганинг каби Аллоҳ ҳам сени яхши кўрганлигини билдириш учун мен Аллоҳнинг сенга юборган элчисиман” деди” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
عَن أبي هُرَيْرَة أَيْضا قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسلم - : «من عَاد مَرِيضا أَو زار أَخا لَهُ فِي الله ناداه مناديان : طبت وطاب ممشاك وتبوأت من الْجنَّة منزلا."
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки беморни ёки Аллоҳ йўлида дўстлашган дўстини зиёрат қилса, икки нидо қилгувчи: “Хуш бўлдинг, қадаминг қутлуғ бўлди ва жаннатдан жойни ҳозирладинг” дейишади” дедилар” (Термизий ривояти).

АЁЛ КИШИНИНГ САФАР МАСОФАСИДАН КАМ БЎЛГАН ЖОЙГА САФАР ҚИЛИШИ МАСАЛАСИ

Ислом энг нозик хилқат саналмиш аёлларнинг иззат-обрўларини ҳар қандай ҳолатда ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Ана шу ҳолатлардан бири сафар ҳолати бўлиб, шариатимизда улар ҳақида ҳам ўзига хос кўрсатмалар мавжуд. Яқин масофага сафар қилишда умумий ҳолатда хавф-хатар учрамайди. Шунинг учун аёлларнинг маҳрамсиз сафар қилишларига рухсат берилади. Лекин ана шу яқин масофага ҳам маҳрами олиб бориб қўйиши аёл кишининг иззат-икромидир. Пиёда юрганда уч кеча-кундузлик масофага маҳрамсиз сафар қилиш ҳаром саналади.
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- "لاَ يَحِلُّ لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ أَنْ تُسَافِرَ سَفَرًا يَكُونُ ثَلاَثَةَ أَيَّامٍ فَصَاعِدًا إِلاَّ وَمَعَهَا أَبُوهَا أَوِ ابْنُهَا أَوْ زَوْجُهَا أَوْ أَخُوهَا أَوْ ذُو مَحْرَمٍ مِنْهَا".
Абу Саъийд Худрий розияллоҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун уч кунлик ва ундан ортиқ масофага отаси ёки ўғли ёки эри ёки ака-укаси ёки маҳрам қариндошисиз сафар қилиши халол бўлмайди”, дедилар”.
Ислом бундай сафарни балоғатга етган аёллар ва балоғат арафасидаги қизлар учун ҳаром қилгандир.
أَمَّا الْعَجُوزُ الَّتِي لا تَشْتَهِي فَلا بَأْسَ بِمُصَافَحَتِهَا وَمَسِّ يَدِهَا إِذَا أَمِنَ، وَمَتَى جَازَ الْمَسُّ جَازَ سَفَرُهُ بِهَا وَيَخْلو إِذَا أَمِنَ عَلَيْهِ وَعَلَيْهَا، وَإِلا لا.

АЁЛНИНГ БАЛОҒАТГА ЕТМАГАН МАҲРАМИ БИЛАН САФАР ҚИЛИШИ МАСАЛАСИ

Аёл киши табиатан нозик бўлиб, сафар мобайнида турли хил зарурат ва эҳтиёжларга дучор бўлади. Ҳолбуки, уларнинг иззат ва обрўларининг ҳимояси муҳим бир масала ҳисобланади. Шунинг учун улар сафарга ўзларининг маҳрамлари билан чиқишлари зарурдир. Балоғат ёшига етмаган маҳрам эса ўзи ҳам бу нарсаларга муҳтож ҳисобланади. Демак, балоғат ёшига етмаган маҳрамнинг сафарда аёл киши билан бирга бўлиши ёки бўлмаслиги баробар бўлиб, бунда аёл киши маҳрамсиз сафар қилган ҳисобланади.
لا عِبْرَةَ لِلصَّبِىِّ الَّذِى لا يَحْتَلِمُ
“Балоғатга етмаган боланинг маҳрамликда эътибори йўқдир» (Фатовои ал-Ҳиндия).

АЁЛЛАРНИНГ ИШОНЧЛИ ЖАМОАСИ БИЛАН САФАР ҚИЛИШ МАСАЛАСИ

Солиҳа аёллар жамоаси ўз маҳрамлари билан сафарга чиқмоқчи бўлсалар, улар билан биргаликда маҳрами бўлмаган бирор бир аёлнинг сафарга чиқиши жоиз эмас.
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « لاَ يَحِلُّ لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ أَنْ تُسَافِرَ سَفَرًا يَكُونُ ثَلاَثَةَ أَيَّامٍ فَصَاعِدًا إِلاَّ وَمَعَهَا أَبُوهَا أَوِ ابْنُهَا أَوْ زَوْجُهَا أَوْ أَخُوهَا أَوْ ذُو مَحْرَمٍ مِنْهَا ».
Абу Саъийд Худрий розияллоҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун уч кунлик ва ундан ортиқ масофага отаси ёки ўғли ёки эри ёки ака-укаси ёки маҳрам қариндошисиз сафар қилиши халол бўлмайди”, дедилар”.

ТАЙЁРАДА БИР НЕЧА СОАТЛИК САФАР ҚИЛИШ

“Бир замонлар узоқ масофага сафар қилиш учун узоқ муддат сарфланар эди. Ҳозирга келиб, тараққиёт шу даражага етдики, инсон бир неча кунлик масофани саноқли соатларда босиб ўтмоқда. Шундай бўлса-да, аёл кишига маҳрамсиз сафар қилиши жоиз эмас. Гарчи бу ердан маҳр


7 йил аввал 9363 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бедарак бўлиб кетган мусофирнинг аёли
Бир аёлнинг эри сафарга кетиб, бедарак бўлиб, на ўлгани, на тириклиги маълум бўлмаса, Ҳанафий мазҳабига биноан, бир ривоятда эрининг тенгдошлари вафот этиб кетгунигача, баъзи ривоятларда тўқсон, баъзиларнинг наздида давоми...
7 йил аввал 8816 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бир одам икки жойда яшаса
Бири ватани аслий бўлиб, яна бири ижарага олинган бўлса ёки иккаласи ҳам ижарага олинган бўлса ва орасидаги масофа шаръий масофани ташкил қилса, гоҳ у жойда, гоҳ бошқасида турса, гарчи ижарага олинган жойларида аёли давоми...
9 йил аввал 4806 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимо сафар қилувчининг ҳукми
Умрининг кўп вақтини сафарда ўтказадиган, яъни сайёҳлар ҳукми уч хил кўринишда бўлади.1. Шаръий масофани қасд қилиб чиқиб, бирор жойда ўн беш кун туришни ният қилмаса, ҳамма вақт мусофир бўлади. 2. Шаръий давоми...
9 йил аввал 4520 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шаръий мусофирга айланиш учун уч шарти
Кишининг шаръий мусофирга айланиши учун уч нарса топилиши шарт.1) Боришни қасд қилган манзили энг ками сафар масофасича бўлсин;2)Сафарга чиқишида энг ками шу масофани қасд қилиши. Агар шу давоми...
7 йил аввал 6236 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сафар масофаси
 نْ خَرَجَ مِنْ عِمَارَةِ مَوْضِعِ إقَامَتِهِ قَاصِدًا مَسِيرَةَ ثَلاثَةِ أيَّامٍ وَلَيَالِيهَا «Бир киши шаръий мусофир бўлиши учун пиёда ўртача юришда уч кеча-кундузда етиб давоми...
7 йил аввал 6726 fiqh.uz