Намозга ният тил билан бўлишининг тарифи


Ибодатга ният қилиш дил билан бирга тил билан ҳам бўлишининг жоиз ёки жоиз эмаслиги борасида Ислом оламида аввалдан ихтилофлар мавжуддир. Аҳли суннатнинг тўрт мазҳаб аҳли уни анъанавий васатийлик йўлига кўра ҳал қилиб келганлар.

Бироқ, ўша даврларданоқ Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн ал-Қаййим аҳли суннат ва жамоага қарши ўлароқ тил билан ният қилишни, айниқса, намоз ва таҳоратда қалб билан бирга қўшиб тил билан ҳам ният қилиш мумкинлигини инкор қилиб, унинг саҳиҳ ҳадиси шарифларда йўқлигини ошкор қилган ва бу бидъат деб оламга жар солган ҳамда ихтилофларнинг авж олишига ўзининг ҳиссасини қўшган олимлар сифатида тарихда қолди (Ибн Таймия. ал-Фатово ал-Кубро. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1987. – Б. 96-97). Охирги икки асрдан бери, хусусан, ушбу давримизда Ибн Таймия ва унинг шогирдининг гаплари ва фатволарини олиб, бу борадаги ихтилофлар ва тушунмовчиликларнинг авж олишига, кучайишига сабабчи бўлаётганлар ҳам топилиб қолмоқда.
Ниятни дил билан бирга тил билан ҳам бўлишининг ҳукми уч мазҳаб аҳли уламолари томонидан мандуб (мустаҳаб) дейилган. Ҳанафийликдан бошқа уч мазҳаб – шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликда қалб билан бирга тил билан ҳам ният қилиш мандуб амал ҳисобланади, бидъат эмас (Қаранг: Ибн Қудома ал-Ҳанбалий. Ал-Муғний. 1-жилд. – Риёз: Дор ал-олам ал-кутуб, 1997. – Б. 132; Имом ан-Нававий аш-Шофиъий. Минҳож ат-толибин ва умдат ал-муфтиййин. – Байрут: Дор ал-минҳож, 2001. – Б. 96; Шамсиддин Муҳаммад ибн Хатиб аш-Ширбиний. Муғний ал-муҳтож шарҳ Минҳож. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1997. – Б. 231; Шайх Солиҳ ал-Азҳарий ал-Моликий. Жавоҳир ал-иклил шарҳ Мухтасар ал-Халил. 1-жилд. – Байрут: Мактабат ал-сақофия, 1347. – Б. 46). Тўрт мазҳаб уламолари томонидан тил билан ният қилишни суннат, дейдиган уламолар ҳам бор.
Аввало, "ният" сўзи луғатда "азму қарор қилмоқ, бирор нарсани қасд этмоқ" маъносида бўлиб, у фиқҳда "Ишлар мақсадларига боғлиқ" деган қоида асосида ишлаб чиқилган ҳукмдир. Мазкур қоида эса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг машҳур ҳадиси асосида шакллантирилган:
إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى
"Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун ният қилган нарсаси бўлур..." (Бухорий, 1/1; Абу Довуд, 2/2203; Ибн Можжа, 4/4227; Байҳақий, 1/181 ва бошқалар).
Мазкур ҳадиси шарифга кўра ибодатларда ният қилиш шарт – яъни, фарз ҳисобланади. Ибодатларнинг барчасида ният фарзми ёки айримларида фарз, бошқаларида суннатми? Мана шу масалада мазҳаблар орасида фарқ бор. Барча ибодатларда ҳам ният шарт эмаслиги ўз-ўзидан маълум. Никоҳда ният қилинмаса ҳам никоҳ ҳақиқий никоҳ бўлаверади. Кир ювиш, маконни пок сақлаш, сатри аврат кабилар ҳам ибодат, лекин уларда ният шарт ҳисобланмайди. Шунга кўра қайси амалларда ният бўлиши лозим? Билиш ўринлики, ибодатлар икки хил бўлади. Аслида ибодатликка қасд қилинганларга, яъни асос эътибори ва моҳияти ила ибодат ҳисобланадиганларга ҳамда ундай бўлмайдиган, балки қасд қилинган ибодатга қўшимча равишда амалга ошириладиган тоатларга бўлинади. Ўз-ўзидан ибодат, бошқа ибодатларга боғланмаган тоатлар "ибодати мақсуда" дейилади. Бунга намоз, рўза, закот, ҳаж кабилар киради. Бошқа ибодатларга боғлиқ бўлганлари, масалан, "ибодати мақсуда"ларнинг саҳиҳ бўлишида шарт қилинган қўшимча ибодатлар эса "ибодати ғайри мақсуда" дейилган. Бунга таҳорат қилишни киритиш мумкин. Демак, ҳанафийликка кўра "ибодати мақсуда"ларда ният шарт, "ибодати ғайри мақсуда"ларда эса ният шарт эмас (Қаранг: Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Шарҳ Виқоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1327. – Б. 61-62).
Ниятнинг қалб билан бирга тил билан ҳам бўлиши ҳақидаги баҳс "ибодати мақсуда" дейилган ибодатларда қўзғалади. Таҳоратда, кийим ювишда, қўл ювишда ва бошқа шунга ўхшаш ишларда бу борада сўз юритмаган маъқул. Уларда қалб билан ният қилиш ҳар кимнинг ўзининг ихтиёрида бўлгандан кейин унга: "Тил билан ҳам ният қиласан ёки қилмайсан" дейиш тўғри эмас.
Ният қалбнинг ишидир. Зотан, инсон бирор нарсага азму қарор қилса ҳам қалбида қилади, қасд қилса ҳам қалбида қилади. Бинобарин, ибодатлардаги ниятларнинг ҳам қалбдагиси эътиборлидир; фақат тил билан "ният қилдим" дейишнинг эътибори йўқ. Бунга ҳанафийларнинг фиқҳий манбаларида фатволар, фиқҳий қарашлар тўлиб ётибди.
Жумладан, "Фатовойи Баззозия"да ният ҳақида булар ёзилган:
النية عمل القلب لا اللسان كما يدلّ عليه حدّها و هى انبعاث القلب على امر من الامور حتى لو كان فى قلبه صلوة الفجر مثلا فجرى على لسانه الظهر فهو فى الفجر اذا كان فى قلبه عند التكبير
"Ният қалбнинг амалидир, тилнинг эмас. Чунончи ниятнинг ҳадди-чегараси бунга далолат қилади. У қалбнинг бирорта ишга йўналтирилишидир. Масалан, қалбида бомдод намози бўлса-ю, тилида пешин айтилса, у бомдод ҳисобланаверади. Агар такбир айтиш вақтида қалбида шу бўлса" (Ибн ал-Баззоз ал-Кардарий. Фатовойи Баззозия. – Қозон, 1889. 1-жилд. – Б. 25).
Бурҳониддин Марғинонийнинг "ал-Ҳидоя" асарида бундай дейилади:
و النية هى الإرادة و الشرط ان يعلم بقلبه اى صلوة يصلى اما الذكر باللسان فلا معتبر به
"Ният – ирода қилишдир. Шарт шуки, қайси намозни ўқиётганини билсин! Тил билан эслашга келсак, унинг эътибори йўқдир" (Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б 90).
"Хулосат ул-фатово"да эса бундай ибораларни ўқиймиз:
و فى الأصل النية ان يقصد بقلبه
"Аслида ният қалби билан қасд қилмоқликдир" (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. – Б. 79).
"Жавҳарат ан-наййира"да эса мана булар қайд қилинган:
و اعلم ان النية لا تتأدى باللسان لانها ارادة و الإرادة عمل الفلب لا عمل اللسان لان عمل اللسان يسمى كلاما لا ارادة
"Билгинки, ният тил билан адо бўлмайди. Чунки, ният ирода қилишдир. Ирода эса қалбнинг иши, тилнинг иши эмас. Зотан, тилнинг ишини калом дейилади, ирода эмас"(Абу Бакр ибн Али ал-Ҳаддодий. Жавҳарат ан-наййира шарҳ Мухтасар ал-Қудурий. 1-жилд. – Истанбул: Матбаъа Ориф, 1319. – Б. 62).
"Бадойеъ ус-санойеъ"да эса қуйидагича келтирилган:
فالنية هى الإرادة فنية الصلاة هى إرادة الصلوة لله تعالى على الخلوص و الإرادة عمل القلب
"Демак, ният иродадир. Намознинг нияти у Аллоҳ таоло учун холис намоз ўқишни ирода қилишдир. Ирода эса қалбнинг ишидир" (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 127).
"Шарҳ ан-Ниқоя"да эса мана бу тарзда баёнот берилган:
و لا عبرة بالنطق باللسان وحده حتى لو نطق بظهر و نوى عصرا يكون عصرا
"Ёлғиз тил билан нутқ қилишнинг эътибори йўқ. Ҳатто агар пешинни нутқ қилса-ю, асрни ният қилса, аср бўлади" (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 113).
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний биров уйидан ҳажни ирода қилиб чиқса ва эҳром кийса, эҳром кийиш вақтида ҳаж қилишни ният қилмаса, ҳажи жоиз бўлади, деган. Шунингдек, биров закот учун молидан қирқдан бирини ажратиб, бирор фақирни топиб, уни берса, лекин бераётганда закотни ният қилмаса ҳам закоти закот бўлади. Шунингдек, бир кимса намоз ўқийман деб таҳорат олса, бошқа ишга машғул бўлмаса, дарҳол келиб намозга киришса, намози намоз бўлади. Сабаби бу ҳолатларнинг ҳаммасида унинг қалбида ният бор. Тили билан ният қилишга эҳтиёж йўқ (Қаранг: Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 129; Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. – Б. 79).
Демак, ниятнинг жойи қалб бўлгани боис биров фақат тилида ният қилса-ю, дилида нияти ва қасди бўлмаса, унинг эътибори йўқ.
"ал-Ҳидоя"нинг энг машҳур ва энг эътиборли шарҳларидан бири "Фатҳ ал-қадир" соҳиби Камолиддин ибн ал-Ҳумом мазкур асарида: "Баъзи ҳофизлар саҳиҳ йўл билан ҳам, заиф йўл билан ҳам намоз бошланишида "Фалон намозни ўқийман" деганга ўхшаш ният қилишлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳам, саҳоба ва тобеъинларнинг бировидан ҳам ривоятлар собит бўлмаган, балки Расулуллоҳ (с.а.в.) намозга турсалар такбир айтишларигина нақл қилинган, демак, бу – тил билан ният қилиш бидъат, деганлар" деб зикр қилган (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 186). Бироқ, намоздан бошқа ибодатларда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг тил билан ният қилганлари ҳақида ривоятлар мавжуддир.
Ибодатларга тил билан ният қилиш ҳақида сароҳатан келган учта далил бор. Улардан бири ҳаж учун, иккинчиси қурбонлик учун, учинчиси эса истихора учундир. Ниятни тил билан талаффуз қилишлик бидъат деган ҳукмдан бидъат дегувчиларнинг ўзлари томонидан айрим амаллар мустасно қилинган. Илмий тадқиқотлар ва Фатво бериш доимий қўмитаси муфтий Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раислигида тил билан ният қилиш борасида чиқарган фатвосида унинг бидъат туридан ҳаж, умра ва қурбонликда тил билан ният қилишни истисно қилган (Фатво № 1507-4). Хуллас, тил билан ният қилинган амаллар ҳақидаги далиллар қуйидагича:
1) Имом Байҳақий томонидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобия Зубоъа бинт аз-Зубайр (р.а.)га ҳажга қандай ният қилишни ўргатганлар. Муҳаддислар ушбу ҳадиснинг исноди борасида гап-сўз қилмаганлар:
عن ضباعة بنت الزبير قال قالت يا رسول الله إني أريد الحج فكيف أهل بالحج قال قولي اللهم إني أهل بالحج إن أذنت لي به وأعنتني عليه ويسرته لي وإن حبستني فعمرة وإن حبستني عنهما جميعا فمحلي حيث حبستني
Зубоъа бинт аз-Зубайр (р.а.): "Эй Расулуллоҳ, мен ҳажни ирода қилмоқдаман, ҳажга қандай таҳлил айтаман?" деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: "Аллоҳумма инний уҳиллу би-л-ҳажжи ин азинта лий биҳи ва аънатаний ъалайҳи ва йассартаҳу лий ва ин ҳабистаний фа-умратун ва ин ҳабистаний ъанҳума жамиъан фа-маҳаллий ҳайсу ҳабистаний" ("Эй, Аллоҳим! Агар менга изн берсанг, унга ёрдам берсанг, менга осон қилсанг, мен ҳажга таҳлил айтаман. Агар мени ушлаб қолсанг, у умра бўлсин. Агар икковидан ҳам ушлаб қоладиган бўлсанг, менинг ўрним, қаерда ушлаб қолсанг, шу ерда бўлади") деб айтгин!" дедилар (Байҳақий, 5/9897).
Мазкур ривоят бошқача лафзлар билан бошқа муҳаддисларнинг саҳиҳ тўпламларида келтирилган (Қаранг: Муслим, 2/1207; Термизий, 3/941; Абу Довуд, 2/1778; Насоий, 2/3747; Ибн Можжа, 3/2938; Табароний, 11/11909; Дорақутний, 3/2456; Ибн Ҳиббон, 9/3775; Аҳмад, 1/3117; Баззор, 2/4839; Таҳовий, "Мушкил ал-асор", 13/5161; Ибн Абу Шайба, 3/14283).
2) Расулуллоҳ (с.а.в.) қурбонлик қилишларидан олдин ушбу қурбонликлари ким учун ва нима учун қилинаётганини тил билан ҳам айтиб ният қилар эдилар. Бу ҳақида Ойша онамиз (р.а.)дан ривоят етиб келган:
ثُمَّ قَالَ :« بِسْمِ اللَّهِ اللَّهُمَّ تَقَبَّلْ مِنْ مُحَمَّدٍ وَآلِ مُحَمَّدٍ وَمِنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ» ثُمَّ ضَحَّى بِه
"Сўнгра "Бисмиллоҳ, эй Аллоҳим! Муҳаммаддан ва Муҳаммад оиласидан ва Муҳаммад умматидан қабул айла!" дедилар, кейин уни қурбонлик қилиб сўйдилар" (Муслим, 3/1967; Абу Довуд, 3/2794; Байҳақий, 9/18964; Ибн Ҳиббон, 13/5915; Аҳмад, 6/24535; Таҳовий, 4/6223).
Демак, қурбонлик қилганда ҳам тил билан ният қилиш саҳиҳ ҳадисга биноан жоиз экан.
3) Истихора намози ва истихора дуоси мавжудлиги кўпчиликка маълум. Уни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шахсан ўзлари умматларига таълим берганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) бу ҳақида бундай деб эслаган:
كان النبي صلى الله عليه و سلم يعلمنا الاستخارة في الأمور كالسورة من القرآن
"Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга ишлар борасидаги истихорани Қуръондан бир сурани ўргатгандек таълим берганлар" (Бухорий, 2/1162; "ал-Адаб ал-муфрад", 1/703 ва бошқалар).
Истихора намози ва унинг дуосини ўргатар эканлар, Расулуллоҳ (с.а.в.) мана бундай деб марҳамат қилганлар:
إذَا هَمَّ أحَدُكُمْ بالأمْرِ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ الفَرِيضَةِ، ثُمَّ لِيَقُلِ : اللَّهُمَّ إنِّي أسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وأسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأسألُكَ مِنْ فَضْلِكَ العَظِيم
"Сизлардан биронтангиз бирор ишга қасд қилса, фарздан ташқари икки ракъат намоз ўқисин! Сўнгра: "Аллоҳумма инний астахийрука би-илмика ва астақдирука би-қудратика ва асъалука мин фазлика-л-азим" ("Эй, Аллоҳим! Мен сенинг илминг ила истихора қиламан, қудратингдан қувват истайман, улуғ фазлингдан сўрайман...") десин" (Бухорий, 2/1162; Термизий, 2/480; Абу Довуд, 1/1540; Насоий, 3/5581; Ибн Можжа, 1/1383; Табароний, 10/10421; Байҳақий, 3/4700; Аҳмад, 3/14748; Нававий, "ал-Азкор", 1/341).
Юқоридаги саҳиҳ ривоятдан маълум бўлиб турибдики, истихорада тил билан истихора қилинишини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари ўргатганлар.
Намозда тил билан ният қилишни бидъат дегувчиларнинг эса ақлий далиллари бор, холос. Улар ният тил билан қилинишини бидъат ёки ҳаром дейилган очиқ ва аниқ далилларни келтира олишмайди. Ибодатларда, хусусан, намозда қалб билан бирга қўшиб тил билан ҳам ният қилишни тўрт мазҳаб уламолари суннат ёки мустаҳаб дейишларига юқоридаги учта саҳиҳ ривоят далил ҳисобланади. Зотан, тўрт мазҳабда ҳам фиқҳий асос тўртта нарса устига барпо қилинган. Улар Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсдир. Мана шу охирги масдар – қиёсга кўра ҳаж, қурбонлик ва истихорадаги тил билан ният қилишнинг жоизлиги бошқа ибодатларнинг барчасига, жумладан, намозга ҳам татбиқ қилиниши мумкин.
Шунинг учун ҳам мазҳаб уламоларидан қуйидаги фиқҳий фикрлар фатво сифатида ўртага ташланган:
الا انّ الذكر باللسان مع عمل القلب سنة فالأولى ان يشتغل قلبه بالنية و لسانه بالذكر و يده بالرفع
"Бироқ, қалб амали билан бирга тил билан зикр қилиш суннатдир. Яхшиси шуки, қалбини ният билан, тилини зикр билан, қўлини кўтариш билан машғул қилсин!" (Абу Бакр ибн Али ал-Ҳаддодий. Жавҳарат ан-наййира шарҳ Мухтасар ал-Қудурий. 1-жилд. – Истанбул: Матбаъа Ориф, 1319. – Б. 62).
و يحسن ذلك لاجتماع عزيمته
"Мана шу – ниятда тил билан ҳам зикр қилиш азимат-қасднинг жам бўлиши учун яхши бўлади" (Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б 91).
فإن قصد بقلبه و ذكر بلسانه فهو افضل عندنا
"Бас, агар қалби ила қасд қилса, тили билан зикр қилса, бу бизнинг наздимизда афзалдир" (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. – Б. 79).
Ният қалб билан бирга тил билан ҳам бўлишининг афзал жиҳатини Камолиддин ибн ал-Ҳумом бундай изоҳлайди: "Чунки инсоннинг хаёли паришон бўлиб юриши ғолиб бўлади. Агар тил билан зикр қилса, уни жамлашга ёрдам бўлади" (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 186).
Мавлоно Али ал-қори эса бундай деган: "Чунки тил дилларнинг таржимонидир. Бу амални машойихлар қалбни қувватлаш ёки васвасани даф қилиш учун бидъати ҳасана сифатида гўзал иш деб ҳисоблаганлар" (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 113).
Хулоса ўрнида шуни айтиш ўринлики, ибодатларнинг барчасида ният қалб билан бўлса эътиборга олинади. Дилда ният бўлмаса-ю, тил билан "ният қилдим" дейиш кифоя қилмайди. Ҳаж, қурбонлик ва истихора каби амалларда тил билан ҳам ният қилиш борасида саҳиҳ ҳадисларда маълумотлар бўлгани боис унга қиёс қилиб, намозда ҳам дилга қўшиб тил билан ҳам ният қилишнинг афзаллигини айтиш мумкин. Бунда хотиржамлик, хаёлни бир жойга тўплаш, васвасани ҳайдаш каби яхши ишлар содир бўлади. Хусусан бу нарса авомлар учун ўта фойдалидир. Зотан, уларнинг айримлари қалб билан ҳам ният қилишни билишмайди. Уларга ният қилишни ўргатиш мақсадида ҳам тил билан айтиладиган ният ибораларини ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, намозда қалб билан бирга тил билан ният қилишни залолатга етаклайдиган бидъатга чиқариш асло жоиз эмас. Шунинг учун ҳам тўрт мазҳаб уламолари бугунги кунгача тил билан ният қилишни суннат, афзал, мустаҳаб, мандуб деб ҳисоблаб келганлар. Ихтилофлардан узоқ бўлиш ва сақланиш мақсадида мазҳабларнинг анъанавий фатволарига амал қилмоқ энг мақбул ишдир. Ҳаммамизни ихтилофларга қўшилиб қолишдан Ўзи асрасин!


Ҳамидуллоҳ Беруний


7 йил аввал 8531 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 46454 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10138 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35270 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7921 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12502 fiqh.uz