Мазҳаббошилар тавсифи шеър


 Мазҳаббошилар тавсифи
Асли динда булар эди комил,

Фаръида нез тўрт эди омил.

Бирлари Собит ўғлидур Нўъмон,
Илму фазлу камоли бепоён.

Шуҳрат ила Имоми Аъзамдур,
Қанча аъзам дейилса ҳам камдур.

Уммат ичра сирож эди ваҳҳож,
Очдилар динни мулкиға минҳож.

Кўп надим бор эди анга манзур,
Иккиси барчадин эди машҳур.

Бириси Юсуфи қазо масъуд,
Эрди бири Муҳаммади маҳмуд.

Хома бу баҳр ичраким кирмиш,
Ул азизларни гавҳарин термиш.

Ижтиҳод ила ул шаҳи Нўъмон,
Айлади ҳукми шаръ аро жавлон.

Бас билик баҳриға шиновар ул,
Бешаи фиқҳа шери довар ул.

Ушбу оламда бир аломатдур,
Айтулур муфтийи қиёматдур.

То анга марг шарбати етти,
Бори мансабни олмайин кетди.

Зуҳду тақво ва тоати они,
Ончунон кўпким, йўқ эди сони.

Эрди тарих бир юзу эллик,
Бу жаҳон ўлди фавтиға ғамлик.

Бири Молик Анасни ўғлидур,
Дониши эрди олама манзур.

Соҳиби зуҳду илм эрди ул,
Иждиҳод ила элға берди йўл.

Юзу етмиш тўққизда эрди сол,
Юз ўгурди бақо сари хушҳол.

Идрис ўғли бири Муҳаммад ном,
Шафеъийдур лақабда ул хушком.

Қайси кун реҳлат айлади Нўъмон,
Шу куни келди олама ул жон.

Зуҳд ила илма то расо ўлди,
Ул доғи элға раҳнамо ўлди.

Эрдиким, барча шубаҳалардан пок,
Соҳиби мазҳаб диёнатнок.

Айлади неча мўътабар тасниф,
Етмаюр шарҳу бастиға таъриф.

Икки юз доғи тўрт эди ҳижрат,
Этди мулки бақо сари реҳлат.

Бири Аҳмадки, Ҳанбал ўғлидур,
Эрди Шайбон қабиласидан нур.

Қилмади касби ҳикмата тақсир,
Етти охир камолиға ул шер.

Яъни, тобти мувофиқи ҳиммат,
Иқтидо этди анга ҳам уммат.

Чиқса ҳар гаҳ сафарға ул ҳушёр,
Бил китобин ўн икки тева бор.

Эрди бул нав нашъага маҳзуз,
Яъни, ул барча мазмуни маҳфуз.

Икки юз қирқ доғи эрди бир,
Қўйди юз дори раҳмата ул пир.

Марҳамат бизга айлади яздон,
Яъниким, берди мазҳаби Нўъмон.

Ҳақ бу тўртни аросида доир,
Фаҳм этар улки фикридур соир.

Гар сўрар бўлса кимсаи соил,
Ҳақ бу тўртни қаюсиға моил.

Яъни, тўртдин қаю биридур ҳақ,
То билғил ушбу жавоб ила равнақ.

Мазҳабимдур савоб, эй жони,
Эҳтимолдур хатолиғи они.

Ўзга мазҳаб хато эрур, эй ёр,
Эҳтимоли савоб доғи бор.

Бўлса, аммоки, мўътақиди масъул,
Бу жавобни берилмаки маъқул.

Мўътақид манда барчасидур хақ,
Ғайри ҳақ хасм жониби мутлақ.

Манга бундан зиёда ҳад йўқтур,
Варнаким, қисса беадад ва кўптур.
Луғат ва изоҳлар
фаръ – шохча. Бу ерда: фиқҳ илми.
нез – яна.
омил – амал қилувчи.
аъзам – улуғроқ, буюк.
сирож – чироқ.
ваҳҳож – чароғон.
минҳож – йўл, услуб.
надим – ёрдамчи, суҳбатчи.
масъуд – бахтиёр.
маҳмуд – мақталган.
хома – қалам.
баҳр – денгиз.
ижтиҳод – ҳаракат. Бу ерда: фиқҳий масалалар ишлаб чиқиш.
билик – билим.
шиновар – сузувчи, сузишга уста.
беша – ўрмон, чакалакзор.
шери довар – қўрқмас арслон.
муфтийи қиёмат – ажойиб фатво берувчи.
марг – ўлим.
бори мансаб – мансаб юки.
бир юзу эллик – ҳижрий йил. Мелодий 767-768 га тенг.
фавт – йўқлик. Бу ерда: ўлим.
дониш – билим.
юзу етмиш тўққиз – ҳижрий йил. Мелодий 795-796 га тенг.
сол – йил.
бақо – доимийлик. Бу ерда: охират.
хушком – хурсанд.
реҳлат – кўчиш. Бу ерда: вафот этиш.
зуҳд – парҳезгорлик, тақво.
расо – тўғри, камол топиш.
доғи – яна.
диёнатнок – диндорлик.
тасниф – ёзиш. Бу ерда: асар.
баст – кенглик. Бу ерда: изоҳ.
икки юз доғи тўрт – ҳижрий йил. Мелодий 819-820 га тенг.
ҳижрат – кўчиш. Бу ерда: ҳижрий йил ҳисоби.
тақсир – камчилик. 
иқтидо – эргашиш.
тева – туя.
нашъа – ўсиш, маза-лаззат.
маҳзуз – лаззат олиш, насиба олиш.
маҳфуз – сақланган.
икки юз қирқ доғи эрди бир – ҳижрий йил. Мелодий 855-856 га тенг.
дор – ҳовли. Бу ерда: дунё.
яздон – худо.
доир – айланувчи.
соир – сайр қилувчи.
соил – сўровчи.
савоб – ажр, мукофот  Бу ерда: тўғри, тўғрилик.
мўътақид – эътиқод қилувчи.
масъул – сўралган.
ғайри ҳақ – ноҳақ.
хасм – рақиб, душман.
жониби мутлақ – мутлақ тарафи, умумий ҳолат.
қаю – қайси, қайсидир.
ҳад – чегара, ҳудуд.
варна – ва агар на, найинки шундай бўлса.


Таълиф: Раҳимхўжа Шоший (ХХ аср бошлари).
Табдил: Неъматуллоҳ Насруллоҳ.
Таҳрир ва ташриҳ: Ҳамидуллоҳ Беруний.


9 йил аввал 5742 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳабларнинг келажаги ижтимоий-тарихий таҳлил
Мен дин олими эмасман, бинобарин, Исломдаги мазҳаблар ҳақида аввало, ижтимоий-тарихий таҳлил нуқтаи назаридан гапираман. Агар қаердадир хатога йўл қўйсам, уламолар хатоимни тўғрилаб қўйишади, деган умиддаман. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қаробат аҳли мазҳаби
Қаробат аҳли мазҳаби:Учинчи мазҳаб қаробат аҳли мазҳаби бўлиб, улар завил арҳомларнинг меросида асабалар меросига қиёсан қариндошлик даражасига сўнгра қаробат қувватига эътибор қилишади. Меросхўрлардан давоми...
9 йил аввал 5067 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафий мазҳабидаги китоблар мартабалари
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади. Мазкур даражадаги китобларни давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафийлик фиқҳининг қисмлари ва ёрдамчи соҳалари
“Фиқҳ” сўзи луғатда “фаҳм қилмоқ”, “фаҳмлаш”, “англамоқ” ва “тушунмоқ” каби маъноларда бўлиб, у оддий “фаҳмлаш” эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, мукаммал ва муфассал давоми...
9 йил аввал 5825 Ҳамидуллоҳ Беруний