Таровеҳ


Тақдим. Ҳар йили рамазон ойида бир ой давомида таровеҳ намози ўқилади. Авваллари уни ҳамма йигирма ракъат қилиб ўқир, унинг ракъати борасида ҳеч қандай бошқа фикрлар ўртага ташланмас эди. Кейинчалик ҳар хил тоифаларнинг фикрлари сабаб бўлиб,

таровеҳни йигирма ракъат эмас, саккиз ракъат дейдиганлар пайдо бўла бошлади. Баъзи бировлар таровеҳни йигирма ракъатдан кўплиги ҳақидаги фикрларни ҳам ўртага ташлади. Уни ўқиш асносида ҳар рамазонда шунга ўхшаш фикрлар юзага чиқиб қолаётгани боис бу борада илмий изланишлар олиб боришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди.
Таровеҳнинг ракъатлари нечалиги борасида ислом оламида уч хил фикр мавжуд:
1)    "Таровеҳ намози саккиз ракъатдир. Уни саккиздан зиёда қилиб ўқиш, айниқса, йигирма ракъат қилиб ўқиш ҳақида ҳеч қандай саҳиҳ ривоят ва далиллар йўқ. Таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиш бидъатдир". Таровеҳнинг саккиз ракъат қилиб ўқиш аввалдан бор эди, бироқ, уни саккиз ракъат қилиб ўқиш "вожиб"лиги, йигирма ракъат қилиб ўқишлик эса "бидъат"лиги борасидаги гап-сўзлар Носир Албонийнинг таровеҳ намози ҳақида ёзган рисоласидан кейин кенг оммалашди. Унинг фикрига зоҳирийлар, янги чиққан тоифалар ва унга мойил бўлганлар эргаша бошладилар.
2)    "Таровеҳ намози йигирма ракъатдир. Уни Ҳазрати Умар (р.а.) бошлиқ жумҳур саҳобалар ўқиганлар. Ўша вақтдан бошлаб бугунги кунгача мусулмонлар ижмоъси ўлароқ таровеҳ йигирма ракъат бўлиб келмоқда. Уни ҳеч ким инкор қилишга ҳаққи йўқ!". Бу жумлаи жаҳон мусулмонлари ва уларнинг уламолари томонидан айтилиб келаётган фикрдир.
3)    "Таровеҳ намозини жамоатда йигирма ракъат қилиб ўқиш суннат. Бироқ, уни ўттиз олти ва қирқ ракъат қилиб ўқиш мандубдир". Бу моликийлар ва Ибн Таймия каби айрим ҳанбалийларнинг фикрларидир.   
Мазкур ихтилофнинг келиб чиқишига Расулуллоҳ (с.а.в.) бир неча кун саҳобаи киромлар билан таровеҳ намозини ўқиган ва ундан сўнг умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб тарк қилган вақтларида аниқ неча ракъат ўқиганлари саҳиҳ ривоят билан етиб келмагани сабаб бўлган. 
Энди, мавжуд учта фикр борасида, унинг келиб чиқиш сабаблари, далил ва ҳужжатлари ҳақида алоҳида ва батафсил тўхталишга ва улар асосида илмий хулосалар чиқаришга ҳаракат қиламиз.
________________________________________

Таровеҳ саккиз ракъат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда саккиз ракъат ва яна уч ракъат витр ўқиганлар. Кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, узр айтиб, бу намозни умуман жамоатда ўқимай қўйганлар. Бунинг энг катта далили таниқли муҳаддислар тарафидан энг саҳиҳ иснодлар билан ривоят этилган. Абу Салама ибн Абдурраҳмон Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазонда ўқийдиган намози қандай эканлигини сўраганида, ул зоти шарифа бундай деб жавоб берганлар:
ما كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يزيد فى رمضان و لا فى غيره على احدى عشرة ركعة. يصلى أربعا فلا تسأل عن حسنهنّ و طولهنّ ثمّ يصلى أربعا فلا تسأل عن حسنهنّ و طولهنّ ثمّ يصلى ثلاثا
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатга зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг яна тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг уч ракъат (витр) ўқир эдилар” (Имом Бухорий (Таҳажжуд, 6), Муслим (Мусофирийн, 125), Абу Довуд (Татаввуъ, 26), Термизий (Мавоқит 28), Молик (Солат ал-лайл, 9), Аҳмад (6/36, 73). Шунингдек, мазкур ҳадис мазмунини Насоий, Байҳақий, Ибн Аби Шайба, Абу Авоналар ҳам ривоят қилганлар.).
Мазкур ҳадиси шарифга биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳни саккиз ракъат ўқиганлар, деб ҳукм қилинади. Бироқ, бунга ўхшаш ривоятларда айнан таровеҳ намози назарда тутилаётгани бўлиши ҳам мумкин ёки уни аниқ эмас, дейишимиз ҳам мумкин. Бу ҳолатда у намознинг "солат ал-лайл", яъни тунги намоз бўлишининг ҳам эҳтимоли бор. Яна бу Ойша онамиз (р.а.)нинг аксар ҳолатни назарда тутган ва ўзи билганини гапирган ривояти бўлиб, бошқа саҳиҳ ривоятларда Расулуллоҳ (с.а.в.) тунги вақтларда саккиз ракъатдан зиёда ҳам намоз ўқиганлар.  
Имом Муслим ва Ибн Абу Шайба ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечки намозлари ўн уч ракъат бўлганлиги ҳам зикр этилади. Бунда бомдоднинг икки ракъат суннати қўшилган бўлади. Имом Молик, Имом Бухорий ҳамда Имом Термизийларнинг яна бир ривоятларида келишича, икки ракъат енгил қилиб ўқиган бомдод суннатидан бошқа ўн уч ракъат намоз ўқиганлар (Бухорий (Азон, 58; Таҳажжуд, 10, 28; Даъавот, 9), Термизий (Солат, 209), Молик (Солат  ал-лайл, 12)). Абдуллоҳ ибн Муборакнинг Товус номли тобиъиндан мурсал ҳадис ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари ўн етти ракъат намоз ўқир эдилар (Абдурраззоқ (4710), ал-Муғний (1/196), Ибн Муборакнинг “аз-Зуҳд” асари (451)).    
Юқорида ўтган ривоятлардан агар таровеҳ ҳам назарда тутилаётган бўлса, унинг ракъатларининг адади кўпайиши мумкинлигини ҳам билиб оламиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиганликлари ҳақидаги ҳадисни қувватлайдиган бошқа ривоят ҳам бор. Уни Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳу айтган:
صلى بنا رسول الله عليه وسلم فى شهر رمضان ثمان ركعات و أوتر فلما كانت القابلة اجتمعنا فى المسجد و رجونا أن يخرج فلم نزل فيه حتى أصبحنا ثمّ دخلنا فقلنا يا رسول الله اجتمعنا البارحة فى المسجد و رجونا أن تصلى بنا فقال انى خشيت أن يكتب عليكم
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида бизга саккиз ракъат намоз ўқиб бердилар ва витр ўқидилар. Эртаси куни биз масжидга йиғилдик, ул зоти шариф чиқади, деб ўйладик. Бас, тонг отгунча бизнинг олдимизга келмадилар. Сўнг келганларида, биз айтдикки, “Эй, Расулуллоҳ! Кеча масжидда бизга намоз ўқиб берасиз, деб умид қилиб тўпланган эдик”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бу намозни сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрқдим”, дедилар” (Табаронийнинг ҳасан санад ила қилган ривояти. Шунингдек, Ибн Наср ҳам ривоят қилган.).
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳам Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий разийаллоҳу анҳумларга одамларга ўн бир ракъат (шундан учтаси витр) ўқиб беришларига буюрган эканлар. Қори бир кунда икки юз оятлар чамасида қироат қилган. Қиёмнинг узунлигидан одамлар ҳассага суяниб қолишган. Одамлар тонг ёришаётганда уйларига қайтишган. Буни Имом Молик ривоят қилган (Молик (1/137. 250-рақам). Муҳаммад ибн Юсуф томонидан ас-Сойиб ибн Язиддан ривоят қилиниб, ҳадис исноди саҳиҳдир. Ибн Ҳажар айтишига қараганда, Муҳаммад ибн Юсуфга ровий ас-Сойиб ибн Язид тоға ёки амаки бўлади. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб (9/879). Муҳаммад ибн Юсуфни у ерда мустаҳкам ишончли, дейилган. Байҳақий эса опасининг ўғли, деган (2/223/4800 рақам).).
Имом ас-Суютий “ал-Масобиҳ фий солат ат-Таровеҳ” асарида Ибн ал-Жавзийдан ривоят қилиб, Имом Моликнинг гапини келтирган: “Менга Умар ибн Хаттоб одамларни жам қилган ўн бир ракъат севимлироқ. Зотан, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиганлар”. Унга дейилди: “Витр билан қўшиб ўн бир ракъатми?”. У: “Ҳа, ўн уч ракъат ҳам қарийб тўғри. Ракъатларни кўпайтириб олганларини қаердан олишганини билмайман”, дедилар. (Жалолиддин Абдурраҳмон ас-Суютий. Ал-Ҳовий ли-л-фатово (2/17)). “Туҳфат ал-аҳвазий”да бу Имом Моликнинг ўз-ўзига ихтиёр қилган қавли, дейилган. Зотан, унинг фатвоси ва мазҳабининг ихтиёр қилган қавлига кўра таровеҳ ўттиз олти ракъатдир (Туҳфат ал-аҳвазий. (ал-Мактабат аш-шомила) (2/349)).
Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий “Туҳфат ал-муҳтож” асарида таровеҳни саккиз ракъат ўқийман, деб ният қилиб ўқиса, савоб олиши, таровеҳ ўртасида саккиз ракъат қилиб ташлаб кетиши эса яхши эмаслигини келтириб ўтади (Туҳфат ал-муҳтож фий шарҳ ал-Минҳож. (ал-Мактабат аш-шомила) (7/267)). 

Таровеҳ йигирма ракъат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиганликларига сароҳатан саҳиҳ ҳадис топилмайди. Шунинг учун “Тафсири Жалолайн” соҳибларидан бири Жалолиддин ас-Суютий ўзининг “ал-Масобиҳ фий салот ат-Таровеҳ” номли рисоласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йигирма ракъат таровеҳ ўқиганлари собит бўлмаган, дейди (Муаллифнинг мазкур рисоласи унинг “ал-Ҳовий лил-фатово” асарига киритилган ва алоҳида ҳам нашр этилган. Қаранг: (2/13).). Лекин, бу фикр унчалик тўғри эмас. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиганлари борасида ривоят сақланиб қолган.
Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда йигирма ракъат ўқиганлар ва витрни ҳам ўқиганлар (Ибн Абу Шайба. Ҳадис иснодидаги ровийлардан Иброҳим ибн Усмонни “матрук ал-ҳадис”, “ишончсиз”, “заиф” дейилган. Шунинг учун мазкур ҳадисни ҳадисшунослар заиф деганлар. Абд ибн Ҳумайд (Муснад), Бағавий (Мўъжам) ҳам мазкур ҳадисни ривоят қилган.). Имом Байҳақий мазкур ҳадисни ривоят қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма ракъатни жамоатсиз ўқир эди, деган (Байҳақий (2/222/4799 рақам) ривояти.).
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Тахриж ал-аҳодис аш-Шарҳ ал-кабир” асарида Имом ар-Рофиъийнинг ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки кеча одамларга таровеҳни йигирма ракъат ўқиб берганлигини ривоят қилганини ёзиб қолдирган (Суютий (ал-Масобиҳ фий салот ат-Таровеҳ = ал-Ҳовий лил-фатово, 2/15).).
Таровеҳни жамоат бўлиб йигирма ракъат ўқишликка уммат ижмоъ қилган. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу бошлиқ саҳобаи киромлар таровеҳни йигирма ракъат ўқишган. Убай ибн Каъб, Тамим ад-Дорий, Зайд ибн Собит, Ҳазрати Усмон ибн Аффон, Ҳазрати Али каби энг улуғ саҳобалар, қорилар таровеҳни масжидда жамоат бўлиб йигирма ракъат қилиб ўқиганлар. Имом Суютийнинг айтишига қараганда, Ҳазрати Умар ва улуғ саҳобалар таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқишга келишиб, қарор қилганлар (Суютий (ал-Масобиҳ фий салот ат-Таровеҳ = ал-Ҳовий лил-фатово, 2/16)). Буни Имом Байҳақий ҳам тан олган (Байҳақий (2/225/4802)ҳадис ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида таровеҳ жамоат бўлиб ўқилмай қолган. Чунки, ул зоти шариф унинг одамларга фарз бўлиб қолишидан қўрққанлар. Бу намоз Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифалик даврида ҳам жамоат бўлиб ўқилмади. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу халифалигининг аввалги йилларида ҳам ҳеч ким буни ўзгартиришга журъат қилолмади. Ҳазрати Умар масжиднинг ҳар ер-ҳар ерида беш-олти нафар одам ўзларича жамоат бўлиб таровеҳ ўқиётганларини кўрар, уларнинг имомларининг қироатини ёқтирмас ва “Уларнинг «Қуръон»ни лаҳн қилиб юбораётганлигини кўрмоқдаман, Аллоҳга қасамки, агар қодир бўлолсам, уларни ўзгартираман!” деб юрар эдилар (Имом Бухорий “Халқ афъол ал-ибод”да, шунингдек “Асор ас-сунан”да саҳиҳ иснод ила нақл қилинган.).
Кейинги воқеалар Абдурраҳмон ибн Абдулқори ҳикоя қилганидек бўлди:
Бир куни буюк саҳобий, Пайғамбар алайҳиссалом халифаси Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу, халифаликларининг иккинчи йилида, яъни ҳижратнинг 14 чи йилида масжидга чиқсалар, одамлар ҳар ер, ҳар жойда алоҳида-алоҳида намоз ўқиётган экан. Ҳазрати Умар: “Буларни бир қорининг орқасига жамъласам, яхши бўлар эди”, деб, машҳур қорилардан Убай ибн Каъб (р.а.)нинг орқасида ҳамма жамоат бўлиб ўқишни буюрдилар. Кейинги куни чиқиб, одамлар бир қорини орқасида жамоат бўлиб намоз ўқиётганларини кўриб:
نعمت البدعة هذه!
“Бу қандай ҳам ажойиб бидъат бўлди!", деб одамларнинг таровеҳни кечанинг аввалида ўқиганидан кўра охирида ўқиганининг афзаллигини баён қилдилар (Бухорий (Таровеҳ, 1), Молик (Китоби рамазон 3). Шунингдек, мазкур ҳадиси шарифни Ибн Аби Шайба ва ал-Фарёбий ҳам ривоят қилган.).
Лекин, уламоларимиз кечанинг охирида ўқийман, деб ухлаб қолишнинг хавфи бўлгани учун таровеҳни одамлар билан кечанинг аввалида жамоат бўлиб ўқиб олишнинг яхшироқлигини айтадилар. Ибн Қудоманинг айтишига қараганда, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан: “Таровеҳни кечанинг охиригача кечиктирасизми?” дейилганда, ул зот: “Йўқ! Чунки, менга мусулмонларнинг суннати яхшироқдир!” деган экан. Бу ерда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал "мусулмонларнинг суннати" деганда масжидларда кечанинг аввалида жамоат бўлиб хуфтанни ўқишни назарда тутган эди. 
Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг тадбирлари билан одамлар Убай ибн Каъб (р.а.) ва Тамим ад-Дорий (р.а.) каби улуғ қорилар орқасида таровеҳни яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ички орзулари натижаси ўлароқ жамоат бўлиб ўқий бошладилар. Шундан бери ҳозиргача одамлар жамоат бўлиб таровеҳни қолдирмасдан ўқиб келмоқдалар.
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилганларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу йўқ эканлар. Бир куни масжидга келсалар, масжидда қандиллар осилган, ҳаммаёқ чароғон, одамлар жамоат бўлиб таровеҳ ўқишмоқда. Буни кўриб Ҳазрати Али: “Масжидларимизни нурга тўлдирганидек, Аллоҳ Умарнинг жойини нурга тўлдирсин!” дея унинг ҳаққига дуои хайр қилган эканлар.
Имом Абдурраззоқ Муҳаммад ибн Юсуфдан ривоят қилишича, саҳобалар даврида йигирма бир ракъат ўқилган (охирги ракъат витр сифатида айтилган бўлса керак) (Албоний бу ривоятни икки жиҳатдан хато деган (Салот ат-таровеҳ, 1/57). Бу таровеҳни ўн бир ракъат дейилган саҳиҳ ривоятларга мухолиф ҳамда Имом Абдурраззоқ умрининг охирида кўр бўлиб қолган. Ҳолбуки, Имом Абдурраззоқ бу ривоятни ёзганида ақлу ҳуши жойида ва кўзлари кўрар эди.).
Байҳақий ва Жаъфар ал-Фарёбийлар Язид ибн Хасийфа орқали ас-Сойиб ибн Язиддан ривоят қилганларки, Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу даврларида рамазон ойида йигирма ракъат намоз ўқилган. Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу даврларида икки юз оят қироат қилганларида қиёмнинг шиддатидан улар ҳассаларига суяниб қолар эканлар (Ал-Фарёбий (1/76), Байҳақий “Сунан”ида (2/224/4801 рақам) саҳиҳ иснод ила ривоят қилган. Тожиддин ас-Субкий ва Алий ал-қорилар мазкур ҳадисни саҳиҳ деганлар (Туҳфат ал-аҳвазий, 2|349). Ибн Хасийфани ҳадисшунослар томонидан “ишончли” дейилган бўлса-да, Имом Аҳмад “мункар ал-ҳадис” деган экан. Аз-Заҳабий “Мийзон ал-эътидол”да келтирган (4/9715). Лекин, ўша ернинг ўзида Имом Аҳмад ундан ал-Асрам ривояти орқали уни ишончли одам санаганлиги қайд этилган. Ҳадис ровийларидан яна бири Абу Усмон Амр ибн Абдуллоҳ ал-Басрий танилмагани учун Аллома Муборакфурий ҳадисга ишончсизлик билан қараган.).
Исмоил ибн Умайя Язид ибн Хасийфадан “Йигирма бир ракъатми?” деб сўраганида, у: “ас-Сойиб йигирма бир ракъат деб айтди, деб ўйлайман” деган экан (Исмоил ибн Умайя мадиналик ишончли одамдир (ал-Журҳ ва-т-таъдил, 2/535). Язид ибн Хасифа ҳадис ривоятида ишончли одам эканлиги маълум (ал-Журҳ ва-т-таъдил, 9/1153).).
Ибн Абдулбарр ал-Ҳорис ибн Абдурраҳмон ибн Абу Зубоб орқали ас-Сойиб ибн Язиддан ривоят қилганки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу даврларида йигирма уч ракъат намоз қоим қилинган (Ибн Абу Ҳотам (ал-Жарҳ ва-т-таъдил, 3/365). Ушбу асарда айтилишча, машҳур ҳадисшунос Ибн Муин ал-Ҳорис ибн Абдураҳмон ибн Абу Зубобни машҳур одам деган экан. Муаллифнинг отаси эса инкор қилинган ҳадисларни ривоят қилади, деган. Ибн Ҳажар Асқалоний бўлса  “ат-Тақриб”да (1030) “тўғри сўз” деган). 
Имом Молик ва ал-Фарёбий ҳамда Байҳақий, шунингдек, Ибн Абу Шайбалар Язид ибн Румондан ривоят қилишича, рамазонда одамлар Умар ибн Хаттоб даврларида йигирма уч ракъат барпо қилар эдилар. Бу мурсал саҳиҳ ҳадисдир (Молик (1/327/251 рақам ), Байҳақий (2/225/4802 рақам). Язид ибн Румон ҳадис ривоятида ишончли одам бўлиб, саҳобийлардан Зубайр ибн Аввомнинг ходими бўлган. (ал-Журҳ ва-т-таъдил, 9/1098). Язид ибн Румон Ҳазрати Умарни кўрмаган. Ан-Нававий “ал-Мажмуъ” (4/33), Аллома Айний “Умдат ал-қорий” (8/485; 11/272)да шундай деган.).
Абу Бакр ибн Абу Шайба Яҳё ибн Саиддан ривоят қилишича, Ҳазрати Умар бир кишига улар билан йигирма ракъат таровеҳ ўқишни буюрган (ан-Нимавий “Асор ус-сунан”да ҳадис ровийлари ишончли ва ривоят саҳиҳ бўлса-да, лекин Яҳё ибн Саъд ал-Ансорий Ҳазрати Умарни кўрмаган, деган (2/55). “Туҳфат ал-аҳвазий”да ҳам шундай дейилган (2/349).).
Абу Саъд ва Абул Ҳаснодан ривоятки, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бир кишига уларга қўшилиб рамазонда йигирма ракъат ўқишни буюрганлар (Ибн Абу Шайба (1/208) ва Байҳақий (2/497) ривоятлари. Абу Саъд Саид ибн ал-Марзбон ал-Баққол ҳақида гап-сўз айтилган. Заҳабий Абул Ҳаснони “танилмаган” деган бўлса, Ҳофиз Асқалоний “мажҳул одам” деган. Бинобарин, ҳадис заифдир.).
Абу Абдураҳмон ас-Суламий ривоят қилганки, Ҳазрати Али рамазонда қориларни чақириб, улардан бировига одамларга йигирма ракъат ўқиб беришни буюрган, Ҳазрати Али эса уларга витрни ўқиб берган (Байҳақий (2/227/4804 ва 4805 рақамлар) ривояти. Яҳё ибн Муин Ҳаммод ибн Шуайбни “заиф” деган (Ибн Абу Ҳотам. “ал-Журҳ ва-т-таъдил, 3/625). Ато ибн ас-Сойибни Асқалоний “ат-Тақриб”да (4592) “тўғри сўз” деган. Абу Абдураҳмон ас-Суламий эса ишончлидир.). “Канз ал-уммол”да Ибн Шоҳинга суяниб, Ибн ас-Сойибдан ривоят қилинганки, Ҳазрати Алининг рамазонда одамлар билан йигирма ракъат ўқилиши нақл қилинган (Канз ал-уммол (4/284) ривояти.).
Ибн Абу Шайба “Мусаннаф” асарида Ҳазрати Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганки, у рамазонда Мадина шаҳрида одамларга йигирма ракъат таровеҳ ва уч ракъат витр ўқиб берган (Мазкур ҳадис саҳиҳ бўлса ҳам, бироқ мунқатиъдир. Унинг ровийси Абдулазиз ибн Рафиъ Убай ибн Каъбни кўрган эмас Аллома Муборакфурий (2/349) ва Аллома Ниймавий шундай деган. Яна қаранг: Эъло ус-сунан (5/1823)).  
Зиё ал-Мақдисий “ал-Мухтора” асарида Абу Жаъфар ар-Розийдан, у эса ар-Рабиъ ибн Анасдан, у эса Абул Олиядан, у эса Убай ибн Каъбдан ривоят қилишича, Ҳазрати Умар Убайга одамларга рамазонда намоз ўқиб беришни буюрган. Ҳазрати Умар: “Одамлар кундузи рўза тутадилар, қироат қилишни эса чиройли (ва комил) қила олмайдилар. Уларга кечаси «Қуръон» ўқиб берсанг” деди. Убай: “Эй, мўъминлар амири! Бу иш (ҳалигача) бўлмаган эди-ку!” деди. Ҳазрати Умар: “Тўғри билибсан, лекин мана шу яхшироқ” деди. Бас, Убай одамларга йигирма ракъат ўқиб берди (Зиё ал-Мақдисий (ал-Мухтора, 1/384). Албоний бу ҳадисни ҳам заиф деган. Абу Жаъфар ар-Розий Исо ибн Абу Исо ибн Моҳонни аз-Заҳабий “Мезон ал-эътидол”да ҳадисга салоҳиятли, деган (3/6595). Имом Аҳмад ва Насоий уни “кучли эмас” деса, Абу Ҳотам “тўғри сўз, ишончли” деган. Ал-Фаллосий эса “ҳифзи ёмон” деса, бир гапида “ишончли одам” деган. Асқалоний эса “ат-Тақриб”да (8019) “ҳифзи ёмон, тўғри сўз” деган. Ҳифзи ёмонлигининг ўзи ҳадисни заифлик даражасига туширмайди.).
Ибн Наср “Қиём ал-лайл” асарида Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилган: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу рамазон ойида бизга йигирма ракъат намоз ўқиб берар эди. У қайтганида биз ҳам қайтар эдик”. Аъмаш айтади: “У йигирма ракъат (таровеҳ) ва уч ракъат витр ўқир эди”. Аллома Муборакфурий “ат-Туҳфа”да буни ҳам мунқатиъ деган (Яъни, ал-Аъмаш Абдуллоҳ ибн Масъудни кўрган эмас. Туҳфат ал-аҳвазий (2/349)).
Тобиъийнларнинг улуғларидан Сувайд ибн Ғафала ва Али ибн Рабиъа разийаллоҳу анҳумонинг одамларга имом бўлиб йигирма ракъат ўқиб беришлари саҳиҳ ва ҳасан иснод ила ривоят қилинган (Байҳақий (ас-Сунан ал-кубро, 2/226/4803 рақам) ва Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоятлари. Сувайд ибн Ғафала Пайғамбаримиз с.а.в.нинг даврларидаёқ мусулмон бўлганлардан эди. Уни Ибн Қониъ ҳатто саҳобалар жумласидан санаган). Шунингдек, Абул Бухтарий ҳам рамазонда одамларга беш тарвиҳада таровеҳни ва уч ракъат витрни ўқиб берганлар (Ибн Абу Шайба буни ҳам “ал-Мусаннаф” асарида Ғандарадан, у эса Шуъбадан, у эса Халаф ибн Ҳушаб ал-Куфийдан, у эса ар-Рабиъдан нақл қилган. Ровийларнинг барчаси ишончлидир. Асар (тобиъин нақли) ҳасандир). Ибн Абуд Дунё ҳам “Фазойилу рамазон” асарида тобиъийнларнинг улуғларидан Ато ибн Абу Рабоҳдан нақл қилишича, одамлар рамазон ойида йигирма ракъат таровеҳ, уч ракъат витр ўқиганлар. Яна унинг ривоят қилишича, саҳобалар йигирма ракъат таровеҳ ўқишган, «Қуръон»ни икки мартадан хатм қилганлар (Ибн Абуд Дунё ҳам «Фазойилу рамазон”да буни нақл қилган (1/52,53,56/49,50,53).).
Имом Шофиъийдан ҳамда Имом Термизийдан ҳам таровеҳ йигирма ракъат бўлганлиги, бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг асҳобларидан ривоят этилгани ривоят қилинган (Ал-Музаний. (Мухтасар, 1/107), ат-Термизий (2/74). Бироқ, Албоний ушбу икки зот саҳобаларнинг йигирма ракъат ўқиганлигини “мажҳул сийға” билан келтирганларини, шунинг учун бу заиф ривоят эканини билдиришини айтган, гўё бу икки зот ҳам бу ривоятнинг собитлигига ишонмаган эмиш (Албоний. Салот ат-таровеҳ. 1/65).).
Аслида, таровеҳни саҳобаи киромлар иттифоқ қилиб йигирма ракъат ўқишлари бизга кифоядир. Бироқ, таровеҳни йигирма ракъат ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан ҳам жуда заиф ҳадисда бўлса ҳам ривоят қилинган. Имом Табароний ва Байҳақий ҳамда Ибн Аби Шайбалар ўз ҳадислар тўпламида Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда витрдан бошқа йигирма ракъат ўқиган эдилар. “Фатовойи Таторхониййа”да ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан уч кун ўн салом билан йигирма ракъат таровеҳ ўқиганликларини, сўнг таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни фарз бўлиб қолишдан қўрқиб тарк қилганларини қайд қилинган (Фатовойи Таторхониййа, 1-жилд. 475-бет).
Ибн ал-Ҳумом “ал-Ҳидоя”нинг шарҳи бўлмиш “Фатҳ ул-қадийр” асарида Пайғамбаримиздан нақл қилинган суннат таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиш бўлса ҳам, лекин хулафойи рошидийнларнинг суннати бўлмиш таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиш мандублигини айтади. Шориҳ буни худди хуфтаннинг фарзидан сўнг икки ракъат суннатлиги, бироқ, уни тўрт ракъат қилиб ўқиш мустаҳаб бўлиши билан изоҳлаган (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадийр. 1-жилд. Миср: 1310. 334-бет).
Имом ас-Субкий “Шарҳ ал-Минҳож”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан рамазон кечаларида неча ракъат таровеҳ ўқилгани аниқ ривоят этилмаганини, мазҳабида эса Байҳақийнинг саҳиҳ иснод ила Ҳазрати Умар даврида йигирма ракъат қилиб таровеҳ ўқилгани ҳақидаги ривоятга суянилиб таровеҳ йигирма ракъат эканлигини айтган. Ал-Жавзий эса Имом Шофиъий наздида таровеҳни нафл деб билгани учун унинг адади чегараланмаганини айтган. 

Таровеҳ ракъатларини кўпайтириб ўқилган. Қироати оз ва енгил бўлганда, таровеҳ ракъатларини кўпайтиришни барча мазҳаб уламолари таъкидлайдилар. Буни Ибн Таймиййа ҳам тан олган.
1) Таровеҳни ўн уч ракъат қилиб ўқилганлик ҳақидаги ривоят. Бу ривоятни Имом Молик зикр қилган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечки намозлари ўн уч ракъат бўлганлигига асосланади (Шу хилда Ибн Наср (Қиём ал-лайл, 91) ҳам ривоят қилган.). 
2) Таровеҳ йигирма олти ракъат бўлган. Бу ривоятларни жамълаб, Имом Моликнинг айтган гапларидан бири. Кечанинг аввалида ҳамма билан масжидда йигирма ракъат ўқийди, кечанинг охирида витрдан бошқа олти ракъат ўқийди (Ас-Суютий (ал-Масобиҳ = ал-Ҳовий лил-фатово, 2/15).).
3) Таровеҳ витрдан ташқари ўттиз олти ракъат бўлган. Ривоятларни жамълаб, Имом Молик таровеҳ ўттиз олти ракъат, дейдилар. Кечанинг аввалида йигирма ракъат ўқилади, кечанинг охирида эса ўн олти ракъат ўқилади. Кўпчилик саҳобалар шу йўлни танлаган эканлар. Жумладан, тобиъийнлардан Нофиъ разийаллоҳу анҳу: “Мен одамларни рамазонда ўттиз тўққиз ракъат ўқишларини топдим, шундан уч ракъатини витр қилар эдилар” (Туҳфат ал-муҳтож. (ал-Мактабат аш-шомила) (7/330).). Қадимда Мадина аҳли ҳам Маккаликларга ўхшаб шу тарзда таровеҳ ўқиган вақтлари бўлган. Маккаликлар ҳар саккиз ракъатда Каъбаи муаззамани бир марта тавоф қилар ва икки ракъат тавоф намози ўқир эканлар. Бешинчи тарвиҳадан сўнг тавоф қилмас эканлар. Мадиналиклар эса тавоф ўрнига тўрт ракъат намоз ўқишни жорий қилишибди. Таровеҳни ўттиз олти ракъат қилиб ўқиш ҳижрий биринчи юз йилликнинг охирларида пайдо бўлиб, шуҳрат қозонган экан. Уни ҳеч ким инкор қилмаган, демак, ижмоъи сукутий бўлган.
4) Таровеҳ ўттиз саккиз ракъат бўлган. Бу витр билан биргадир. Буни Ибн Наср “Қиём ал-лайл” асарида Ибн Аймандан Имом Моликнинг гапи сифатида ривоят қилган (Туҳфат ал-аҳвазий (2/349).).
5) Таровеҳ қирқ бир ракъат бўлган. Охирги ракъати витрдир. Буни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал маъқул топганлар. Тобиъинлардан ал-Асвад ибн Язид разийалллоҳу анҳу витрдан ташқари қирқ ракъат ўқир эканлар (Ас-Суютий (ал-Масобиҳ = ал-Ҳовий лил-фатово, 2/15).). Унинг витрни етти ракъат қилиб ўқишини Ибн Абдулбарр “ал-Истизкор”да нақл қилган. Табъа тобиъинлардан Солиҳнинг ривоятида эса қирқ бир ракъат ўқилганда, шундан беши витр бўлган. Демак, бу ўттиз олти ракъат таровеҳдир, деган ривоятга тўғри келади (Туҳфат ал-аҳвазий (2/349).).
Албонийнинг айтишига қараганда, таровеҳ ракъатлар ададида яна 16 ракъат, 24 ракъат, 28 ракъат, 34 ракъат дейилган ривоятлар ҳам бўлган экан (Албоний (Салот ат-Таровеҳ, 1/87).). Зурора ибн Авфо рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўттиз тўрт ракъат ўқир, аввалида эса йигирма саккиз ракъат ўқир эди. Саид ибн Жубайр эса йигирма тўрт ракъат ўқир эди (Туҳфат ал-аҳвазий (2/349)).
Агар таровеҳ ракъатларининг ададини кўпайтириш мумкин бўлмаганда эди, ўша пайтлардаёқ парҳезгор уламолар (аниқроғи, саҳоба ва тобиъинлар) унга қарши чиқишган бўлар эди. Имом ал-Ҳалимий ўттиз олти ракъатда қироат қиладиганни йигирма ракъатда қироат қилиб таровеҳ ўқиш афзал, деган (Туҳфат ал-муҳтож. (ал-Мактабат аш-шомила) (7/330).). Чунки ракъатларни узайтиргандан кўра қиёмни узоқ қилиш яхшироқдир.

Юқоридаги ривоятлардан кўриниб турибдики, оз ракъатдан бошланган таровеҳ йигирма ракъатда ўз камолига етди ва бутун мусулмонлар аҳли йигирма ракъатдан ўқий бошладилар. Ибодатга майл қўйганлар эса уйларига келиб, яна ракъатларни қўшиб ўқиганлар.

Таровеҳнинг адади ҳақидаги мазҳаб фақиҳларининг фиқҳий фатволари. Ҳанафий, Шофиъий ва Ҳанбалийларнинг барча фақиҳлари, шунингдек, Довуд аз-Зоҳирий, Суфён ас-Саврий ва Абдуллоҳ ибн ал-Муборак каби мужтаҳидлар таровеҳни йигирма ракъат деганлар. Имом Молик эса ўттиз олти ракъат қилиб ўқишни ихтиёр қилган (Ас-Саййид Собиқ. Фиқҳ ас-сунна. 1-жуз. –Миср: Дор ал-фатҳ, 1999. 146-бет.). Лекин унинг мазҳабидаги уламолар ҳам енгил икки ракъат ва витрдан бошқа йигирма ракъат ўқишни маъқул кўрганлар (Абдурраҳмон ал-Жузайрий. Ал-Фиқҳ ало ал-мазоҳиб ал-арбаъа. 1-жуз. –Қоҳира: ал-Мактаб ас-сақофий, 2000. 264-265 бетлар.).
1) Абу Ҳанифа Имоми Аъзам мазҳабининг эътимодли асарларида ҳам, мазҳабнинг барча фиқҳий манбаларида ҳам таровеҳ намозини йигирма ракъат бўлади, дейилган. Жумладан, Абу Бакр Косонийнинг “Бадойеъ ус-санойеъ” асарида: “Таровеҳнинг миқдори ҳар икки саломнинг ичида бешта истироҳат билан ўн саломда йигирма ракъатдир” дейилган (Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний ал-Ҳанафий. Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа (йили кўрсатилмаган). 288-бет.).
“ал-Ҳидоя” ва унинг шарҳларида ҳам шундай дейилган (“ал-Ҳидоя”да “Қиёми рамазонда одамлар рамазон ойида жам бўлиб, хуфтандан сўнг имомлари уларга ҳар икки саломда битта истироҳат билан бешта истироҳат намозини ўқиб бериши мустаҳаб бўлади” дейилган ва унинг суннатлиги исботланган. Қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. Ал-Ҳидоя. –Ҳиндистон: Юсуфий, 1314. 134-бет; Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадийр. 1-жилд. Миср: 1310. 333-334 бетлар; Жалолиддин Гурланий. Ал-Кифоя.1-жилд.  –Қозон-1886. 165-бет.).
Фатово китоблардан, масалан, “Хулосат ул-фатово” ҳамда “Фатавойи Оламгириййа” (“Фатовойи Ҳиндиййа”)дан ҳам: “Таровеҳ намози бешта тарвиҳа бўлиб, ҳар бир тарвиҳада икки салом билан тўрт ракъатдир” дейилади (Тоҳир ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. –Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. 63-бет; Шайх Низом. Ал-Фатовойи ал-Ҳиндиййа. 1-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2000. 127-бет.).
2) Шофиъий мазҳабининг энг асосий манбаси бўлмиш Имом аш-Шофиъийнинг “ал-Умм” асарида бундай дейилган: “Рамазон ойининг қиёмига келсак, бас, ёлғиз ўқигувчининг намози менга яхшироқ. Мадинадаги одамларни ўттиз олти ракъат ўқишаётганларини кўрганман. Менга эса йигирма ракъат ўқиган севимлироқ. Чунки, бу Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Маккада ҳам шундай ўқиганлар ва уч ракъат витр ўқийдилар” (Ал-Умм. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/167).).
Имом аш-Шофиъийнинг энг катта шогирди Исмоил ал-Музаний ҳам ўзининг “Мухтасар” асарида ўша гапларни қайтарган (Имом ал-Музаний. Мухтасар. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/21).).
Имом ал-Мовардий ўзининг “ал-Иқноъ фи-л-фиқҳ аш-шофиъий” асарида: “Рамазон ойининг қиёми у таровеҳ намози бўлиб, йигирма ракъатдир, ундан сўнг уч ракъат витр ўқилади” деган (Имом ал-Мовардий. Ал-Иқноъ фи-л-фиқҳ аш-шофиъий. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/14).).
Ҳужжат ал-ислом Имом ал-Ғаззолий ўзининг машҳури жаҳон бўлмиш “Эҳё ал-улум ад-дин” асарида: “Таровеҳ йигирма ракъатдир. Уни қандай ўқиш ҳолати машҳур ва у суннати муаккададир...” деб қайд қилган (Эҳё ал-улум ад-дин. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/209). Бу фикр унинг фиқҳий асарларида ҳам айтилган.).
3) Ҳанбалий мазҳабининг фиқҳ борасида энг машҳур асарларидан бири Ибн Қудоманинг “аш-Шарҳ ал-кабир” асарида: “Сўнгра таровеҳ йигирма ракъатдир: уни рамазонда жамоат бўлиб ўқилади ва ундан сўнг витрни ҳам жамоат бўлиб ўқилади” деган матнни шарҳ қилиб бундай дейилади: “Таровеҳнинг адади йигирма ракъатдир. Уни Суфён ас-Саврий, Абу Ҳанифа ва аш-Шофиъий ҳам айтган. Имом Молик эса ўттиз олти ракъат деган. У Мадина аҳлининг феълига тааллуқли бўлгани учун қадимги иш шундай бўлган, деб ўйлаган. Чунки, Солиҳ: “Мен одамларни қирқ бир ракъат ўқишларини, сўнг ортидан беш ракъат витр қўишларини топганман” деган эди. Бизнинг далилимиз шуки, Умар разийаллоҳу анҳу Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳуга одамларга йигирма ракъат ўқиб беришни буюрганлар” (Ибн Қудома. Аш-Шарҳ ал-кабир. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/745-748).).  Ибн Қудома “ал-Муғний” ҳамда “ал-Кофий фий фиқҳи ал-Имом Аҳмад” номли асарларида ҳам шуларни такрорлаган (Ал-Муғний. (ал-Мактабат аш-шомила). (3/388); ал-Кофий фий фиқҳ ал-Имом Аҳмад. (ал-Мактабат аш-шомила). (2/66).).
Ҳанбалийларнинг яна бир фиқҳий матн китоби “Зод ал-мустақнаъ”да: “Таровеҳ йигирма ракъатдир, уни рамазонда хуфтандан сўнг витр билан бирга жамоатда адо қилинади” дейилган (Зод ал-мустақнаъ. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/17).). Абул Қосим Умар ал-Харақий ўзининг “Мухтасар”ида: “Рамазон ойининг қиёми йигирма ракъатдир” деган (Мухтасар ал-Харақий. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/24).).
4) Моликий мазҳаби уламоларидан ал-Қайравоний деган: “Салафи солиҳ масжидда йигирма ракъат қоим қилишар эдилар сўнг уч ракъат витр ўқирдилар: икки ракъат билан витрнинг орасини бир салом билан ажратардилар. Шундан сўнг икки ракъат ва витрдан бошқа ўттиз олти ракъат ўқийдиган бўлдилар” (Рисолат ал-Қайравоний. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/313).).
Халил ибн Исҳоқ ал-Жандийнинг “Мухтасар”ида: “Таровеҳни ҳам агар масжидлар бўшаб қолмаса, ёлғиз ўқиш мандубдир. Унда хатм қилиш ва жоиз бўладиган сура ўқиш ҳам мандубдир. У йигирма уч ракъат бўлиб, сўнг ўттиз олти ракъат қилинди”, дейилган (Мухтасару Халил. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/30).).
Моликий мазҳабининг энг мўътабар китобларидан яна бири “ал-Мудаввана ал-кубро”да мана булар ёзилган: “Таровеҳ ўттиз тўққиз ракъатдир, витр билан ўттиз олти ракъат: витр уч ракъат. Имом Молик айтган: “Бас, мен мана шундан бирор ракъатни камайтиришдан қайтардим!”. Унга дедим: “Одамларни шундай қилиб ўқиганларини топдингизми?”. У деди: “Бу қадимий иш бўлиб, одамлар доимо шундай қилганлар” (Ал-Мудавванат ал-кубро. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/287).). 
Хуллас, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари айтганларидек, “таровеҳ йигирма ракъат бўлишига саҳобалар, тобеъинлар, улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. I-жилд. –Тошкент: Шарқ, 2008. 390-бет; Ўша муаллиф. Зикр аҳлидан сўранг. № 24. Тошкент-2007. 27-бет.).

Таровеҳ асрлар давомида йигирма ракъат қилиб ўқиб келинган. Мадинаи мунаввара қозиси Муҳаммад Солимнинг  “Масжиди набавийда минг йилдан кўпроқ вақтда таровеҳ” номли мақоласи Мадинадаги Олий Маъҳад мажалласининг 1-7 сонларида эълон қилинган. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг давридан бошлаб, то бизнинг давримизгача Пайғамбар алайҳиссалом масжидлари (Масжиди Набавий)да таровеҳ намозини ўқиш тартиботлари, адади ҳақида батафсил, тарихий далиллар асосида тўхталинган. Таровеҳ намозларига имомлик қилган машҳур имомлар ҳақида, хатми «Қуръон» маросимлари тўғрисида ҳам гапирган. Таровеҳ намозларига имом бўлган тўрт мазҳаб уламолари ҳақида ҳам тўхталган. Ушбу мақоладан англашилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг давридан бошлаб то бизнинг давримизгача хуфтандан кейин ўқиладиган таровеҳ йигирма ракъатдан ўзгармаган. Фақат кўп даврларда одатда таҳажжуд ўқиладиган вақтда яна қўшимча равишда ўн олти ракъат таровеҳ намози жамоат бўлиб ўқилган. Баъзан тўлиқ юз йилликларда эса таровеҳ шундай қилиб, яъни йигирма ракъат хуфтандан сўнг, таҳажжуд вақтида яна йигирма ракъат қўшимча қилиб қирқ ракъатга етказилган.
“Субул ас-салом”да таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиш бидъат дейилган (Субул ас-салом (2/268).). ХХ асрга келиб Албоний ҳам таровеҳни саккиз ракъат ўқиш "вожиб", уни йигирма ракъат ўқиш "бидъат"дир, деб ҳукм қилди (Албоний. Солат ат-Таровеҳ (1/86).). Лекин унинг бу гапини уммати исломиянинг аҳли суннат ва-л-жамоаси қабул қилмади, ҳатто Макка ва Мадинадаги икки буюк масжидда ҳам ҳозиргача таровеҳ йигирма ракъат қилиб, жамоат бўлиб ўқилади. Мазҳабларга тақлид қилмайдиганларнинг имомлари ҳам таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиш суннатлигини айтишса ҳам, лекин уни зиёда қилиб ўқиш мумкинлиги, бунинг “зарар”и йўқлигига фатво берганлар (Мажмуъ фатово ва мақолот Ибн Боз (11/172-176); Кутуб ва расоил ал-Усаймин (10/237; 12/208); Ал-Мунтақий мин фатово ал-Фавзон (24/65); Фатово аш-Шайх Ибн Жабарайн (24/7-8).). Ҳатто Ибн Боз: “Ҳазрати Умар ва саҳобалар разийаллоҳу анҳум рамазоннинг баъзи кечаларида қилганларидек йигирма уч ракъат қилиб витр (таровеҳ билан бирга) ўқиса, бунинг “зарар”и йўқ, бу борада иш кенгдир (яъни, хоҳлаганча қирқ бир ракъатгача таровеҳ ва витрни ўқиш мумкин). Ойша разийаллоҳу анҳу ҳадисида келгандек ўн бир ракъат қилиб витр ўқишлар Умар ва саҳобалардан собит ҳам бўлган”, деган эди (Мажмуъ фатово ва мақолот Ибн Боз (11/175).).

Хулоса. Таровеҳни фақатгина саккиз ракъат қилиб ўқиш керак, дейдиганлар ибодатни ёқтирмайдиган, дангаса одамларнинг гапларидир. Зотан, Пайғамбаримиз саккиз ракъат ўқиганликлари умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, заруратан бўлганлиги боисдир. Шунингдек, ул зоти шариф таровеҳдан бошқа, Рамазон ойидан бошқа ойларда кечки намозларини, таҳажжуд намозини саккиз ракъат ва кейин уч ракъат витр қилиб ўқишлари жуда кўп ривоятларда зикр этилади. Хуллас, Расули акрамнинг таҳажжудлари аксар вақтларда ўн бир ракъат бўлган. Бунга жами муҳаддислар ва фақиҳлар иттифоқ қилганлар (Анваршоҳ ал-Кашмирий. Ад-Арф аш-шазий шарҳи Сунан ат-Тармизий. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий, 2004. – Б. 412). Таҳажжуд хуфтандан сўнг бир ухлаб туриб кейин ўқиладиган намоз эканлиги барчага маълум.
Юқорида зикр қилган Ойша онамиз (р.а.) ва бошқалардан ривоят қилинган Рамазон ойда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) ўн бир ракъат намоз ўқир эдилар, деган маънодаги ҳадиси шарифларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг таҳажжудлари деб тушуниш керак бўлади. Шунинг учун ҳам Ойша онамиз (р.а.)нинг мазкур ҳадисларини Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар "тунги намоз" ҳақидаги бобда зикр қилганлар.
Аслида, Ойша онамиз (р.а.)дан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг тунги намозлари ҳақидаги ривоятлари турли-туман бўлиб, уларда Расулуллоҳ (с.а.в.) етти, тўққиз, ўн бир, ўн уч ва ўн беш ракъат намоз ўқишлари зикр қилинган. Шунинг учун айрим уламолар Ойша (р.а.)нинг ҳадисларини мушкил ва ҳатто музтариб ҳадислар жумласидан деб ҳисоблаганлар (Маориф ас-сунан. 4-жилд. – Покистон, 1414. – Б. 131). Аслида, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг одатлари ҳар хил бўлган. 
Агар Ойша онамиз (р.а.)нинг юқоридаги ҳадисини таровеҳ деб тушунадиган бўлсак, унда таровеҳни тўрт ракъат қилиб ўқиш керак бўлади. Ҳолбуки, шу пайтгача таровеҳни тўрт қилиб омматан ҳеч ким ўқиган эмас.
Рамазон эса қўшимча ибодатлар қиладиган ой, намозларни кўпайтирадиган ой, Рамазонда кечалари ибодат қилиш Аллоҳ ва унинг расули томонидан алоҳида буюрилган ой... “Туҳфат ал-муҳтож”да айтилишича, таровеҳнинг йигирма ракъат бўлганлигини сири рамазондан бошқа ойларда кечки намоз ундан жуда камдир. Рамазон эса жидду жаҳд қиладиган, “енг шимариб” ибодат қиладиган ойдир (Туҳфат ал-муҳтож. (ал-Мактабат аш-шомила) (7/330).). Демак, йигирма ракъат бўлиши ақлан ва нақлан тўғридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам рамазонда ибодатга жуда қаттиқ киришишлари саҳиҳ ҳадиси шарифларда алоҳида таъкидланган. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳу деганлар:
كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يجتهد فى رمضان ما لا يجتهد فى غيره
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ (ибодатга) жидду жаҳд қилар эдилар” (Муслим (Эътикоф 3/8), Терм


7 йил аввал 7975 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 46449 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10137 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35259 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7921 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12501 fiqh.uz