Фиқҳий қоидалар


Ҳар бир мазҳабнинг ўзига хос фиқҳий қоидалари бўлади. Фиқҳий қоидалар лафзларининг қисқалиги, лўнда ва қатъий иборалари, ихчамлиги, тугал маънога эгалиги билан ажралиб туради. Улар сажъ вазнига кўра худди образли мақол ва маталлар каби тузилади. Улар битта ёки бир неча фаръий масалаларни ўзида қамраб олади. Баъзи қоидалар барча мазҳабларда умумий қоида сифатида эътироф қилинади.

Демак, мазҳаб доирасидаги ва умумфиқҳий қоидаларни истинбот этиш; уларни таҳлил ва тадқиқ қилиш ҳамда улар орқали фаръий масалалар ишлаб чиқиш ёки кўрсатиб беришга бағишланган фуруъ ал-фиқҳнинг бир соҳаси "фиқҳий қоидалар илми" ҳисобланади. Улар умумий ном остида “қавоиди фиқҳиййа” ё “қавоиди куллиййа” ёки "куллиёти фиқҳиййа" ёхуд "усули куллиййа" деб номланади. Усулчи олимлар айрим ҳолларда фиқҳий қоидаларга нисбатан "қиёс" сўзини ҳам қўллайдилар. Уни умумий маънода "фиқҳий тамойиллар" деб ҳам аташ мумкин.
Манбаларда фиқҳий қоидалар фиқҳ илмининг руҳи, дейилган. Фиқҳий қоидаларни ёдлаб, тушунган одам фиқҳий ҳукмларни тамоман ёдлаган ва тушунган бўлиб чиқади. Ислом шариатига керагича воқиф бўлади, ҳатто ижтиҳод ва истинбот қилиш малакасидан насиба олади. Мазкур фиқҳий қоидаларни билган, фаҳмлаган кимса маҳкамаларда ҳукм қиладиган, минбарларда фатво берадиган бўлса, басиратли олимга айланади. Зоҳирда бир-бирига қарама-қарши бўлган масалалар кўндаланг бўлганда, ҳайратда қолмайди. Фиқҳ илмини муфассал ўрганиш учун бутун умрини сарфлашга ҳожат қолмайди. Фиқҳий қоидаларни чуқур ўзлаштирган кимса шариатнинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар зарурий эканини билади. Бир сўз билан айтганда, фиқҳий қоидаларни ўзлаштирган одам ҳақиқатда "фақиҳ" номига сазовор бўлади!      
Ҳанафийликда илк фиқҳий қоидалар Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) ва Абу Юсуф (р.ҳ.)нинг китобларида сочилган ҳолда учрайди. Улардан 17 тасини биринчи марта Х асрнинг таниқли ҳанафий олими Абу Тоҳир ад-Даббос (р.ҳ.) ишлаб чиққан. Унинг замондоши Абу-л-Ҳасан ал-Кархий (873-952) эса мазкур қоидаларни кўпайтириб 37 ёки 39 тага етказган. Кейинчалик, XVI асрда Ибн Нужайм ал-Мисрий (1519-1563) ўзининг “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир” ("Назиралар ва ўхшашликлар") асарида 44 та қоидани зикр қилиб шарҳлаган. XVIII асрга келиб Абу Саид Муҳаммад ал-Ходимий (1701-1763) “Мажомиъ ал-ҳақоиқ” ("Ҳақиқатлар мажмуалари") асарида ҳанафийлик мазҳабидаги фиқҳий қоидаларни 154 та қоидада жамлашга ҳаракат қилган. Усмонийлар халифалиги (1281-1924) даврида 1869-1876 йиллар давомида уламолар ҳайъати томонидан яратилган қонунлар мажмуаси – “Мажаллат ал-аҳком ал-адлиййа”да ҳанафийликдаги асосий 99 та фиқҳий қоида қайд этилган. Унинг ўнга яқин шарҳлари ҳам мавжуд. XIX аср охирида Шом муфтийси Маҳмуд ибн Ҳамза ал-Ҳамзовий (1821-1887) ўзининг “ал-Фароид ал-баҳиййа фи-л-қавоид ва-л-фавоид ал-фиқҳиййа” ("Фиқҳий фойдалар ва қоидалар борасида қимматбаҳо дурдоналар") номли асарида 251 та фиқҳий қоидани тўплашга муваффақ бўлган. Уни фиқҳий мавзуларга бўлиб, тартиб берган. Бу ҳанафийлик мазҳабидаги фиқҳий қоидаларни энг кўп тўплаган муҳим манба бўлиб, Дамашқда 1986 йилда нашр этилган. Туркий дунёни фиқҳий қоидалар билан ХХ аср бошида Мусо Жоруллоҳ "Қавоиди фиқҳиййа" асари билан таништиришга ҳаракат қилган. Шу тариқа, ҳанафийлик фиқҳидаги қоидалар ҳақида кўплаб китоблар битилган.
“Мажаллат ал-аҳком ал-адлиййа”да ҳанафийликдаги асосий 99 та фиқҳий қоида зикр қилинган бўлиб, улардан айримлари маъно жиҳатдан такрорланган бўлса-да, бироқ, айрим ҳолларда улар алоҳида-алоҳида олиб қаралганда бир-биридан фарқлари борлиги маълум бўлади. Уларни айрим мисоллар ва изоҳлар билан келтирилади:

الأمور بمقاصدها
1)    "Ишлар мақсадларига боғлиқдир".
Мисоллар: 1)Бир кимса тарнов тагига сув тўплаш учун челак қўйган. Агар уни бошқа жойга олиб бориб тўкиш ёки ҳеч қандай сабабсиз қўйган бўлса, челакдаги сув уни ҳисобланмайди. Агар уни тўплаб, ўзи ёки ҳайвонларига ичириш мақсадида қўйган бўлса, челакдаги сув унинг мулки ҳисобланади. 2)Бир кимса тўрни сувга ҳеч мақсадсиз ташлаб қўйган бўлса, унга илинган балиқ уники бўлмайди, агар уни балиқ овлаш учун ташлаб қўйган бўлса, илинган балиқ унинг мулки ҳисобланади. 3)Йўқолган нарсани биров эгасига қайтариш учун топиб олса-ю, унинг қўлида у омонат ҳисобланади, агар уни ўзи ишлатиш мақсадида олса, у ғасб бўлади.

العبرة فى العقود للمقاصد و المعانى لا للألفاظ و المبانى
2)    "Битимларда мақсадлар ва маънолар эътиборлидир, лафзлар ва асослар эмас".
Мисоллар: 1)Бир одам бировга муайян нарсани сотиб олишни васият қилди. Модомики бу одам тирик экан ушбу васият ваколат бўлиб ҳисобланади. Агар уни ўлганидан кейин сотиб олишга васият қилса, унда у ҳақиқатда васият бўлади. 2)Агар нақд пулларни фойдаланиб туриш (орият)га олса, у қарз ҳисобланади. 3)Бир одам бировга "Сенга ушбу ҳовлини муайян муддатга фойдаланишга бердим", деса, у ижара ҳисобланади.

اليقين لا يزول بالشكّ
3)    "Аниқлик шак-шубҳа билан йўқолмайди".
Мисоллар: 1)Бировнинг бировда қарзи борлигини билган одам бу ҳақида гувоҳлик бериши мумкин, гарчи ўша биров қарзини тўлаганлик эҳтимоли бор бўлса ҳам. 2)Бир кимса бировда қарзи борлигини даъво қилиб, ҳужжат келтирди. У ҳам ушбу қарзни тўлаганлик ҳақида ҳужжат кўрсатди. Қарз борлиги ҳақидаги ҳужжат то қарз тўланганлик ҳақидаги ҳужжатнинг бошқалигини исбот қилмагунча қабул қилинмайди. 3)Таҳорати бор кимса уни синганлиги борасида шубҳага борса, таҳорат синмаган, деб ҳукм қилинади.

الأصل بقاء ما كان على ما كان
4)    "Ўтган нарсанинг бўлиб ўтган ҳолида қолиши асосдир".
Мисоллар: 1)Хотин эри нафақа бермаганлигини, эр эса нафақа берганини даъво қилди. Шунда аёлнинг гапи қасам билан қабул қилинади. Чунки, нафақа зиммада қолган. Унинг қолмаганлигига қуруқ даъво эмас, далил-ҳужжат керак. 2)Хотин идда ўтмаганини даъво қилди. Унинг гапи қасам билан эътиборга олинади ва унга идда нафақаси таъйинланади. Чунки, аслида идда боқийдир. 3)Қарздор қарзини узганини, харидор пулини тўлаганини, ижарадор ижара пулини берганини даъво қилсалар, лекин буни қарз берувчи, сотувчи, ижарага қўювчи инкор қилса, қарз берувчи, сотувчи ва ижарага қўювчиларнинг гапи инобатга олинади. Чунки, аслида қарз, нарх пули, ижара ҳақи зиммада турибди. Унинг берилганлигини далил-ҳужжат билан аниқ исботлаш керак бўлади.

القديم يترك على قِدمه
5)    "Қадимги нарса эскилигича ўз ҳолига қўйилади".
Бирор нарса ва ҳолатнинг аввали ва бошланишини биладиган одам топилмаган ҳолатда, у "қадим" ҳисобланади. Мисоллар: 1)Бировнинг ўзга бир кимсанинг ҳовлисига чиқиб турган бостирмаси бор экан ёки бировнинг ҳовлисида ўтадиган ариқ, канализацияси бор. Ушбу нарсаларни ким қургани, қачон қурилганини билмайдилар, бу ҳолатда эгаси рухсатисиз қўшни ҳовлидагилар бостирма ёки ариқни буза олмайдилар. 2)Бировнинг қўшниси ҳовлисидан ўтадиган йўлчаси бор, ушбу йўлча қадимдан бери келаётган бўлса, ўз ҳолича қолади. Агар уни ўзгартирмоқчи бўлсалар, қўшнидан розилик олиниши лозим.

الضرر لا يكون قديما
6)    "Зарар қадимий бўлмайди".
Зарарнинг эскиси ҳам, янгиси ҳам зарар сифатида бартараф қилинади. Мисоллар: 1)Бировнинг уйидан катта кўчага оқиб ётган чиркин сувлари бор, уни эскидан шундай бўлиб келаётган бўлса ҳам бартараф қилинади ва эгасини кўчага сув оқизишдан ман қилинади. 2)Қўшнининг деразаси ҳамсояси ҳовлиси ва уйи томонга қаратилган, бундан ҳамсоя аёллари хижолатга қоладиган бўлса, ушбу дераза эскидан келаётган бўлса ҳам ёпиб ташлашга буюрилади.

الأصل براءة الذمّة
7)    "Аслида зимма холидир".
Аслини олганда, инсоннинг зиммаси таклиф ва ҳуқуқлардан холи ва озод ҳисобланади. Мисоллар: 1)Омонатга олинган нарсани эгасига топширганликни даъво қилинса, ушбу сўз инобатга олинади. Чунки, аслида омонатлар топшириладиган нарсалардир. 2)Қарз қанчалиги борасида берувчи ва олувчи ихтилоф қилиб қолсалар, қарз олувчининг гапи инобатга олинади. 3)Бировнинг молини ҳалокатга учратган кимсанинг ушбу мол миқдори борасидаги гапи инобатга олинади, эгасининг гапи эса аниқ ҳужжат келтирмагунча инобатга олинмайди.

الأصل فى الصفات العارضة العدم
8)    "Ташқи белгилардаги асос йўқликдир".
Вақтинча бўладиган, бирор нарсанинг асли ва асоси ҳисобланмайдиган сифатлар йўқ, деб ҳисобланади. Мисоллар: 1)Бир кимса бировга бир нарса бериб, сўнг уни қайтариб олишни хоҳлади. Олувчи уни сотиб олганини ёки совға сифатида берилганини даъво қилди. Бу ерда берувчининг гапи инобатга олинади. 2)Аёл гўдакнинг оғзига кўкрагини тутди, бола оғзига олган бўлди-ю, сут эмгани аниқ билинмай қолди. Шунда сут эммаган ва никоҳ бузилмаган ёки сут эмган она ҳисобланмади, деб ҳукм қилинади.

ما ثبت بزمان يحكم ببقائه ما لم يقم الدليل على خلافه
9)    "Бирор замонда тасдиқланган нарса, модомики унинг хилофига далил мавжуд бўлмас экан, унинг ўзича қолганига ҳукм қилинади".
Мисоллар: 1)Муайян бир нарсанинг жавобгар қўлида қолганини айтиши ёки бу борада гувоҳлик бериш имконияти бор, бироқ, унинг хилофига далил келтирилсагина, бу даъво қабул қилинмайди. 2)Ўлган кимсанинг зиммасида қарзи борлигини даъво қилса ва бунга гувоҳлик келтирилса, ушбу даъво мақбул ҳисобланади.

الأصل إضافة الحادث  الى أقرب أوقاته
10)    "Юз берган воқеани энг яқин замонига боғлаш асосдир".
Мисоллар: 1)Хотин ўз эри уни ўлим тўшагида ётганида талоқ қилганини, шунинг учун ундан мерос олиши кераклигини айтди, меросхўрлар эса буни инкор қилиб, эри хотинини анча аввал соғ-саломат юрган вақтида талоқ қилганини айтдилар. Бу ерда хотиннинг гапи инобатга олинади. Меросхўрларнинг гапи қуруқ гапдан иборат бўлиб қолгани учун инобатга олинмайди. 2)Ўлган кимсанинг насроний хотини эри ўлимидан аввал мусулмон бўлганини, шунга биноан эридан мерос олабилишини даъво қилди. Меросхўрлар буни инкор қилиб, эри ўлимидан кейин ушбу насроний хотин имон келтирганини айтдилар. Бу ерда меросхўрларнинг гапи инобатга олинади ва хотин меросдан маҳрум қилинади. 3)Бир инсон сотиб олган нарсада айб бор деб эгасига қайтармоқчи бўлди. Сотувчи ушбу айб мол сотилганидан сўнг пайдо бўлган, деди. Агар харидор айб молни сотиб олишдан олдин содир бўлганига далил келтира олмаса, сотувчининг гапи инобатга олинади.

الأصل فى الكلام الحقيقة
11)    "Гап-сўзлардаги асос ҳақиқатдир".
Гап-сўзларда уларнинг ҳақиқий маъноси инобатга олинади, мажозий маъноларига далил бўлсагина мурожаат қилинади. Мисоллар: 1)Биров ўзининг болаларининг болаларига вақф қолдирса, қизларининг болалари ҳам бунга киради. Чунки, қизнинг боласи ҳақиқатда ҳам боланинг боласидир. 2)Бирор нарсани еб-ичиш, кириб-чиқиш ва ухлаш борасида қасам ичса-ю, уни вакилига қилдирса, уни вакил қилган дейилади, бу билан қасам ичувчининг қасами бузилмайди.

لا عبرة بالدلالة فى مقابلة التصريح
12)    "Очиқ-ойдин солиштирилганда далолат-ишорага эътибор қилинмайди".
Бирорта гап очиқ-ойдин ва маъноси аниқ ифодаланиб турганида, унинг бирор нарсага далолат қилиб ёки ишора қилиб турганига эътибор қаратилмайди. Мисоллар: 1)Вақф назоратчиларнинг умумий таомулига қараб тасарруф қилинаверади, бироқ, вақф шартлари ёзилган вақфнома бўлса, таомулга эмас, вақфномада кўрсатилган шартларга кўра тасарруф қилинади. 2)Харидор пулни тўламасдан олдин сотувчи олдида сотилган нарсани олди, буни сотувчи рад қилмади. Харидорга олиш дуруст, сукут аломати ризо бўлгани боис, пул бермагани учун сотилган нарсани сақлаб туриш мумкин эмас. Сотилган нарсани беришни талаб қила олмайди, балки сотувчи пулни беришни харидордан талаб қила олади. Бироқ, харидор нарсани олишдан аввал сотувчи олишни ошкора ман қилса, харидор пулни бермагунча нарсани ололмайди.

لا مساغ للإجتهاد فى مورد النصّ
13)    "Далил келган жойда ижтиҳодга рухсат йўқ".
Бу ерда мазҳаб доирасида ижтиҳод қилиниб, якдиллик билан қабул қилинган оят ва ҳадислардан аниқ далили бор ҳукмларни ўзгартиришга ҳожат йўқлиги тушунилади.

ما ثبت على خلاف القياس فغيره لا يقاس عليه
14)    "Қиёснинг хилофига асосланган нарсадан бошқаси унга қиёс қилинмайди".
Оят ва ҳадисдаги далил билан келтирилган нарсага бошқасини қиёс қилиб ҳукм қилинмайди. Қиёс қилиш учун алоҳида далиллар зарур бўлади. Мисоллар: 1)Ўғрининг қўли чопилишига далил бор, унга кафан ўғрисини қиёс қилинмайди.

الإجتهاد لا ينقض بمثله
15)    "Ижтиҳод ўзининг ўхшашини синдира олмайди".
Ижтиҳод натижасида қилинган ҳукмни бошқа ижтиҳод бекор қила олмайди, қозининг чиқарган ҳукмини бошқа қози бекор қилмайди.

المشقة تجلب التيسير
16)    "Машаққат осонликни жалб қилади".
Шариатда осонликни жалб қилиш мумкин бўлган ўринларда осонлик қабул қилинади. Бироқ, асли машаққатли бўлган амалларда осонлик жалб қилинмайди. Мисоллар: 1)Сафарда рўза тутилмайди, тўрт ракъатли фарзлар икки ракъатдан қилиб ўқилади. 2)Табибнинг бегона аёлга ёки уят жойларига қараши мумкин бўлади. 3)Яқин қариндошлар узоқ сафарда бўлсалар, узоқ қариндошлар тенги топилган қизни узатиб юборишлари жоиз.

اذا ضاق الأمر إتّسع
17)    "Қачон иш тор келса, кенгайтирилади".
Мисоллар: 1)Ўғри ва фисқу фасод тарқатувчиларга ёмонлигини даф қилиш, уларни йўқ қилиш мақсадида имкон даражасида қарши курашилади. 2)Камбағални ундан пул олишда бойигунча кутиб турилади.

لا ضَرَر و لا ضِرار
18)    "Зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қилиш ҳам йўқ".
Мисоллар: 1)Одамларнинг молларини асраш мақсадида ўғрилар тутиб қамалади. 2)Ёмон қўшнининг зараридан сақланиш мақсадида шуфъа ҳаққи жорий қилинади. 3)Бирор нарсани босқинчилик қилиб тортиб олинса, унга жавобан ўзбошимчалик билан босқинчининг нарсаси зўрлик билан тортиб олинмайди.

الضرر يزال
19)    "Зарар кетказилади".
Мисоллар: 1)Бирор таомни бир шаҳарда қарз олинса-ю, бошқа шаҳарда қарз қайтарилганда, у ерда таом қиммат бўлса, қарз берилган шаҳардаги қийматга кўра қарз тўланади. 2)Биров алданиб қолиб, зарар кўрса, уни алдовчидан ундириб олинади.

الضرورات تبيح المحظورات
20)    "Заруратлар таъқиқланганларни мубоҳ қилади".
Мисоллар: 1)Ейишга бошқа нарса топилмай қолса, чўчқа гўштини ейиш мумкин. 2)Маййит кафансиз кўмилган бўлса, қабрдан кавлаб олинмайди. 3)Мажбур қилинганда, бировнинг молини ҳалокатга учратиш мумкин.

الضرورات تقدر بقدرها
21)    "Заруратлар ўз миқдорига қараб ўлчанади".
Мисолар: 1)Ейишга бошқа нарса топилмай қолганида, ҳалолни топишга имкон бўлгунча миқдорда ҳаромни истеъмол қилиш мумкин. 2)Табиб касалнинг уят жойларига зарурат миқдорида, фақат керакли ўринларига қараши мумкин. 3)Фақат аёллар кўриши мумкин бўлган ўринларда уларнинг биттаси ёки иккитасининг гувоҳлиги инобатга ўтаверади.

ما جاز لعذر بطل بزواله
22)    "Узр билан жоиз бўлган нарса унинг кетиши билан бекор қилинади".
Узр сабабли жоиз бўлиб турган нарса узр кетиши ила яна ножоизга айланади. Мисоллар: 1)Хотинига яқинлашмайман деб қасам ичган кимса қасамини бузиш учун унга яқинлашмоқчи бўлганида касал бўлиб қолса, гап билан қасамини бузганини айтса жоиз бўлади. Агар қасамда тилга олинган яқинлик қилмаслик муддатидан олдин тузалса, жинсий алоқа билангина қасамини бузиш шарт қилинади.

اذا زال المانع عاد الممنوع
23)    "Қачон манъ қилувчи кетса, манъ қилинган қайтиб келади".
Агар бирор нарсага монеълик қилиб турган нарса кетса, ўша манъ қилиниб турган нарса қайтади. Мисоллар: 1)Совға қилинган нарсага бирор муттасил бўладиган нарса қўшилса, совғани қайтариб олиб бўлмайди. Агар ўша қўшилган нарса йўқолса, совғани қайтариб олиш мумкин бўлади. 2)Ижарага олинган ҳовли бузилса, ижара пулини тўлаш лозим эмас, бироқ, ҳовли ижара муддати ичида янгидан қурилса, ижара ўз кучида қолаверади. 3)Хотин уришиб, ўз айби билан уйдан чиқиб кетса, эри унга нафақа бериши лозим эмас. Бироқ, хотин айбини тан олиб, қайтиб келса, эрга хотинининг нафақаси вожиб бўлади.

الضرر لا يُزال بمثله
24)    "Зарар ўзининг ўхшаши билан кетказилмайди".
Зарар ўзига ўхшаш зарар билан ҳам, ўзидан кучлироқ зарар билан ҳам кетказилмайди. Зарарни кичикроқ, нисбатан кучсизроқ зарар билан даф қилиниши мумкин. Мисоллар: 3)Ҳомиладор аёл туғишга қийналса, туға олмаётган бўлса, бола она қорнида қимирлаб, тириклиги маълум бўлиб турса, болани ўлдириб, қиймалаб чиқариб олиш ман қилинади. Чунки, она бу билан туғолмай ўлиб қолиши мавҳум гап. 2)Харидор сотиб олган нарсада эски айбни топди. Шунда харидор молни қайтариб бериб, пулини олиши мумкин ёки пулдан айб миқдорича камайтириб олиши мумкин.

يتحمل الضرر الخاص لدفع الضرر العام
25)    "Умумий зарарни даф қилиш хусусий зарарнинг зиммасига тушади".
Мисоллар: 1)Темирчи устахонасини газмол сотувчилар растаси орасига қуришга рухсат этилмайди. 2)Дарё ёки катта анҳор ёки катта йўлларни бировнинг мулки орасидан ўтказиш мумкин бўлади. 3)Ёнғин ҳамма жойга ўтиб кетмаслиги учун қўшни, ҳамсоянинг ери ёки мулки бузилиши мумкин.

الضرر الأشدّ يُزال بالضرر الأخف
26)    "Кучли зарар енгил зарар билан кетказилади".
Мисоллар: 1)Ота-оналар ва фарзандлар нафақаси бадавлат ўғиллар ва оталарнинг молидан берилади. 2)Зиммасига нафақа вожиб бўлган кимса нафақа тўлашдан бош тортса, уни ҳибс қилиш ва бунга зўрлаш мумкин бўлади. 3)Ижарадор ерга бирор дарахт ўтқазса, ижара муддати тугагандан сўнг дарахтни қўпориб олиш буюрилади, агар бу ерга зарар етказадиган бўлса, ер эгасига дарахтни сотиб олиши мажбур қилинади.

اذا تعارض مفسدتان روعى أعظمهما ضررًا بارتكاب أخفهما
27)    "Қачон икки фисқу фасод ўзаро тўқнашса, енгилроғини қилиш билан икковидан зарари каттароғига риоя қилинади".
Икки ёмон нарса бирга келса, зарари кучсизроғини қилишга мажбур бўлинса ҳам зарари кучлироғини кетказишга ҳаракат қилинади. Мисоллар: 1)Азон айтиш, имоматчилик қилиш, Қуръон таълим беришга маош олиш мумкин бўлади. 2)Золим подшоҳга қарши чиқишда жуда катта зарарлар бўлгани боис унга итоат қилиб турилади. 3)Ўлган аёлнинг қорнида тирик боласи қолгани маълум бўлса, қорни ёриб тирик болани қутқазилади.

يُختار أهون الشرّين
28)    "Икки ёмон нарсадан енгил-осонроғи танланади".
Икки ёмон ишдан бирини танлашга мажбур бўлиб қолинса, улардан енгилроғи ва осонроғи қабул қилинади.

درء المفاسد أولى من جلب المصالح
29)    "Бузуқликни қайтариш яхшиликни чақиришдан авлодир".
Мисоллар: 1)Қаватларда турувчиларга бир-бирига зарар келтиришларига йўл қўйилмайди, гарчи ўша иш ўзларига фойдали бўлса ҳам. 2)Тегирмон ёки тутун қўшниларга зарар етказадиган бўлса, ҳамсояга ўз ерида тегирмон қуриб олиши ёки катта ошхона ёки тандир қуриб олишга рухсат берилмайди. 3)Иккита бир-бирови билан урушган мусулмонларни яраштириш учун ёлғон сўз ишлатишга рухсат берилади.

الضرر يُدفع بقدر الإمكان
30)    "Зарар имкони борича дафъ қилинади".
Зарарнинг ҳаммасини кетказишнинг иложи бўлса, ҳаммаси кетказилади. Агар бунинг имкони бўлмаса, иложи борича кетказишга ҳаракат қилинади. Мисоллар: 1)Агар ўлдирилган кимсанинг яқин қариндошларидан бирлари қасос олмасдан қотилни авф қилса, қолган яқин қариндошларга қотил хунпули тўлаб ўлимдан сақлаб қолинади.

الحاجة تنزّل منزلة الضرورة عامّة كانت او خاصّة
31)    "Эҳтиёж хоҳ умумий бўлсин, хоҳ махсус бўлсин зарурат ўрнига туширилади".
Мисоллар: 1)Ижарага одамларнинг ҳожатлари ва эҳтиёжлари бўлгани боис жоиз ҳисобланади. 2)Ҳунармандлар ҳали ишламаган нарсалари учун ҳақ олишларига рухсат берилади. Чунки, одамларнинг ҳунармандларнинг ишларига кучли эҳтиёжлари бор. 3)Ҳали ўлиш-ўлмаслиги номаълум бўлса ҳам васият қилиши ва бу васиятнинг инобатга олиниши мумкин.

الإضطرار لا يُبطل حق الغير
32)    "Мажбурият бошқанинг ҳаққини йўққа чиқара олмайди".
Хоҳ табиий, хоҳ нотабиий мажбурият бировнинг ҳаққини йўқ қила олмайди. Мисоллар: 1)Очликни даф қилиш учун бировнинг молидан олиб ейиш мумкин, бироқ, кейинчалик ўшанинг ҳаққи тўлиқ қопланиб берилади. 2)Ижарага экин экилса-ю, ижара муддати тугаганида экин пишиб етилмаган бўлса, то ҳосил йиғиб-териб олингунча экинга тегилмайди. Лекин муддат узайгани боис шу муддат учун ер эгасига ижара ҳаққи тўланади. 3)Бола эмизувчи доянинг шартнома муддати тугаса-ю, бола ҳали таом емайдиган ва доясидан бошқа бировни эммайдиган бўлса, ўша доя яна эмизиб туришга мажбур қилинади. Лекин унинг иш ҳаққи берилади.

ما حرم أخذه حرم إعطاؤه
33)    "Олиш ҳаром бўлган нарсани бериш ҳам ҳаром бўлади".
Мисоллар: 1)Пора олиш ҳаром бўлгани каби уни бериш ҳам ҳаром бўлади. 2)Фолбинга, қўшиқчига, қўшмачига пул бериш гуноҳ бўлгани каби уларнинг олганлари ҳам ҳаром бўлади.

ما حرم فعله حرم طلبه
34)    "Қилиш ҳаром бўлган нарсани талаб қилиш ҳам ҳаром бўлади".
Ҳатто ҳаром ёки макруҳга сукут қилиш ҳаром ва макруҳ бўлгани каби қилиш ҳаром ёки макруҳ бўлган нарсани талаб қилиш ҳам ҳаром ёки макруҳ бўлади. Мисоллар: 1)Пора бериш ҳаром бўлгани боис "Пора бер!" деб талаб қилиш ҳам ҳаромдир. 2)Ўғирлик ҳаром бўлгани учун бировдан ўғирликни талаб қилиш ҳам ҳаром бўлади.

العادة مُحَكّمة
35)    "Одат ҳакам қилингандир".
Умумий ёки хос одатлар бирорта шаръий ҳукмни исботлаш мақсадида, қачонки хилофига далил бўлмаса, ҳакам қилиниши мумкин. Мисоллар: 1)Бузилиб кетиш хавфи бўлгани боис боғбон дарахт остига тушган меваларни боғ эгаси рухсатисиз сотиб юбориши мумкин. 2)Бозорда тарозида ўлчаб сотиладиган нарсалар шаръий муомалаларда ҳам оғирлик ўлчови деб эътиборга олинаверади. 3) Қасам ичувчи одатдаги нарсаларга қараб қасам ичса, ноодатий ишни қилгани учун қасами бузилмайди.

استعمال الناس حجّة يجب العمل بها
36)    "Одамларнинг истеъмоли амал қилиш вожиб бўладиган ҳужжатдир".
Одамларнинг бирор нарсани кўп ишлатишлари, уларнинг таомули амал қилиш лозим бўладиган ҳужжат ва далил ҳисобланади. Амалиётда жорий бўлиб келган урф-одат шаръий ҳукм сифатида инобатга олиниши даркор.

المُمْتنِع عادة كالمُمْتنِع حقيقة
37)    "Одатда имконсиз бўлган нарса ҳақиқатда ҳам имконсиз каби ҳисобланади".
Мисоллар: 1)Камбағаллиги билан танилган кимса бировда жудда катта маблағи борлигини даъво қилса, даъвосига қулоқ тутилмайди. 2)Мутавалли ёки васий вақфга ёки етимга ўзининг катта маблағдаги молини сарфлаганини айтса, даъвоси инобатга олинмайди.

لا ينكر تغيّر الأحكام بتغيّر الأزمان
38)    "Замон ўзгариши билан ҳукмлар ҳам ўзгариши инкор қилинмайди".
Мисоллар: 1)Адолат нодир бўлиб қолган замонда гувоҳликка одамларнинг ичида энг оз гуноҳ қилувчиси танланади. 2)Сиёсат учун ҳар хил жарима турлари ишлаб чиқилиши, қамоқхоналар барпо этилиши мумкин.

الحقيقة تترك بدلالة العادة
39)    "Урф-одат далолати сабабли ҳақиқат тарк қилинади".
Мисоллар: 1)"Бош емайман!" деб қасам ичган одам чумчуқ бошини еса, қасами бузилмайди. Чунки, одатда чумчуқ боши ейилмайди ва гўшт бозорларида сотилмайди. 2)"Фалон жойга қадам босмайман!" деса, ўша ерга оёқлари қадамини босмасдан кириб борса ҳам қасами бузилади. Чунки, одатда бу сўз айнан қадам босиш маъносида эмас, балки келиш ва кириш маъносида ишлатилади.

انما تعتبر العادة اذا اطردت او غلبت
40)    "Одат қачон доимий бўлса ёки ғалаба қилса, албатта эътиборга олинади".
Урф-одатлар доимий ва изчил бўлса ёки бошқа ишлардан кўра у ғолиб ва кучли бўлса, шаръан ҳам эътиборга олиниши мумкин, агар бир неча одатлар тенг бўлса ёки кучсиз одатлар эътиборга олинмайди. Мисоллар: 1)Савдода нарх-наво шу юртда ҳукмрон бўлган ва доимий истеъмолда бўлган, ривож топган пул билан белгиланади. Агар бир неча пулнинг ишлатилиши тенг бўлса, савдода уларнинг қайси эътиборга олинаётгани аниқ белгиланиши керак, акс ҳолда савдо бузилади.

العبرة للغالب الشائع لا للنادر
41)    "Эътибор ғолиб, кенг тарқалганига бўлади, нодирга эмас".
Бирор нарса кенг тарқалган ва аксар ҳолларда бўладиган бўлса, уни шаръан эътиборга олиш мақбул ҳисобланади. Унинг айрим ҳолларда бўлмай қолиши эътиборга олинмайди. Мисоллар: 1)Бугунги кунда қозиларга ишончсизлик кучли бўлгани боис қози ишни ўзи билганига қараб ҳукм чиқармайди, балки аниқ маълумотлар ва гувоҳларга кўра иш юритади. 2)Ҳайздан кесилиш эллик беш ёш деб белгиланади, чунки аксар аёллар бу ёшга келиб ҳайз кўришдан тўхтайдилар. 3)Бугунги кунда имоматчилик, диний таълим ишларини маош олмасдан холис адо қилиш жуда камайиб кетгани боис буларга ҳақ олишни жоиз деб фатво берилади.

المعروف عرفا كالمشروط شرطا
42)    "Урф ҳолида танилган шарт ҳолида шартлашилган кабидир".
Мисоллар: 1)Агар савдога эгар ёки арқон ҳам киргани борасида сотувчи билан харидор тортишиб қолса, урфга қаралади. 2)Ҳунармандга бир муддат шогирд тушганидан сўнг ота-она билан уста таълим ҳаққи борасида келишмай қолсалар, урфга қаралади. 3)Ҳаммол юкни уловга юклаб бериши ёки уйга киритиб қўйиши борасида ҳам юк эгаси билан ҳаммол тортишиб қолсалар, урфга мурожаат қилинади.

المعروف بين التجّار كالمشروط بينهم
43)    "Савдогарлар орасида танилган нарса ораларида шартлашилган кабидир".
Савдогарлар орасида шариатга зид бўлмаган бирорта иш кенг тарқалган бўлса, уни шаръан ҳам қабул қилинаверади.

التعيين بالعرف كالتعيين بالنصّ
44)    "Урф билан танилган нарса далил билан танилган кабидир".
Мисоллар: 1)Ҳовлини ёки дўконни ким яшашини ёки қандай иш қилишини келишмаган ҳолда ижарага берилса, хоҳлаган одам яшайверади, дўконни бузилишига сабаб бўладиган темирчилик каби ишлардан бошқа иш қилиниши мумкин. 2)Баззозлик растасидан дўконни ижарага олинса, қўшниларига озор берадиган темирчилик каби иш қилинмайди.

اذا تعارض المانع و المقتضى يقدّم المانع
45)    "Манъ қилувчи ва тақозо этувчи бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, манъ қилувчи муқаддам қилинади".
Манъ қилувчи ва тақозо этувчи ишга рўпара келинганда, манъ қилувчини қилинади, тақозо қилувчи адо қилинмайди. Мисоллар: 1)Баланд ва пастки қаватларда турувчилар ўзларига қанчалик зарур иш бўлса-да, бир-бирларига зарар етказадиган ишни қила олмайдилар. 2)Агар ҳалол савдога шариатда ҳаром қилинган чўчқа ёки ароқни қўшиб сотиладиган бўлса, савдо ботил бўлади. 3)Совға савдо билан дуруст бўлмайди.

التابع تابع
46)    "Тобеъ эргашувчидир".
Мисоллар: 1)Ер сотилганда унда кўкариб турган дов-дарахтлар ҳам савдога қўшилган, деб ҳисобланади. 2)Сигир сотилганда елинида тўлиб турган сути ҳам савдога ўз-ўзидан қўшилган бўлади. 3)Ҳовли сотилганда эса унинг томи ҳам савдога киритилади.

التابع لا يفرد بالحكم ما لم يَصِر مقصودا
47)    "Модомики мақсадга айланмаган бўлса, тобеъ ҳукмда алоҳида қилиб олинмайди".
Бирор нарсанинг таркибий қисми ҳисобланган, унга қарам бўлган нарсага алоҳида ҳукм қилинмайди. Бироқ, ўша таркибий қисм ҳам мақсад қилинган бўлса, унга алоҳида ҳукм қилиниши мумкин. Мисоллар: 1)Сигирнинг қорнидаги боласини ёки елинида турган сутни алоҳида сотилмайди. 2)Босқинчилик йўли билан бўғоз сигирни тортиб олинган бўлса-ю, ғасб қилувчининг қўлига тушганидан сўнг у туғса, сўнг ғасб қилувчининг суиистеъмоли туфайли бузоқ ўлдирилса, уни алоҳида тўлаб берилади.

من ملك شيئا ملك ما هو من ضروراته
48)    "Кимки бирор нарсага молик бўлса, унинг зарурати бўлган нарсаларга ҳам эгалик қилади".
Мисоллар: 1)Ер сотиб олса, ўша ерни суғорадиган ариқларга ҳам эгалик қилади. 2)Ҳовли сотиб олса, унга кириб-чиқиладиган йўлакчаларга ҳам эгалик қилган бўлади.

اذا سقط الأصل سقط الفرع
49)    "Қачон асос йиқилса, шох ҳам йиқилади".
Агар асос кетса, унинг шохлари, қўшимчалари ҳам кетади. Аксида эса ундай бўлмайди. Мисоллар: 1)Қарз берувчи қарздордан қарзини кечса, унга кафил бўлган кимсанинг ҳам кафолати бекор қилинади. 2)"Мана бу идишдаги сувни шу бугун ичаман" деб қасам ичилса-ю, идишдаги сув кун охирга етмасдан тўкиб ташланган бўлса, қасами ботил бўлади.

الساقط لا يعود كما أنّ المعدوم لا يعود
50)    "Бекор қилинган нарса қайтмайди, худди йўқолган қайтмаганидек".
Мисоллар: 1)Гаровга нарса олган кимса, гаровни ушлаб туришдан ўзини соқит қилса, гаровга нарса олишдан бутунлай маърум бўлади. 2)Қарздан кечилганини қарздор қабул қилган бўлса, кейин қарз берувчи қарзни даъво қила олмайди. 3)Васият қилинган кимса ҳамда шуфъа ва қасос ҳаққи бор кимсалар ўз ҳақларини кечсалар, ҳақ соқит бўлиб, ундан бутунлай айриладилар.

اذا بطل الشئ بطل ما فى ضمنه
51)    "Бир нарса ботил бўлса, унинг зимнидаги нарса ҳам ботил бўлади".
Мисоллар: 1)Бирор инсон бировга иқрор қилса ёки ўз ҳаққидан кечса, бу иқрор ва ҳақдан кечиш савдо ёки сулҳ борасида бўлса-ю, ўша савдо ва сулҳ бузилган деб топилса, иқрор ва кечиш ҳам бўлмаган деб ҳисобланади. 2)Сотишга мажбурланган сотувчидан бирор нарса сотиб олинса, мажбурлаш йўқотилса, савдо бузилган, деб ҳисобланиши мумкин.

اذا بطل الأصل يُصار الى البدل
52)    "Қачон асл бекор бўлса, бадалга айлантирилади".
Бирорта нарса йўқолса, унинг ўрнини босувчи нарса ўрнига берилади. Мисоллар: 1)Қарзга берилган нарсанинг айнан ўзи қайтариб берилиши мумкин бўлмагани учун унга ўхшаган нарса ёки унинг қиймати бериб адо қилинади. 2)Босқинчилик йўли билан тортиб олинган нарса ҳалок бўлса, унинг ўхшаши ёки қиймати берилади.

يغتفر فى التابع ما لا يغتفر فى المتبوع
53)    "Эргаштирувчида кечирилмаган нарса эргашувчида кечирилади".
Мисоллар: 1)Ерни экиш асбоблари ила вақф қилинади, унга асбоблар тобеъ ўлароқ киритилади. Чунки, асбоблар эргаштирувчи (ер)нинг эҳтиёжларидан ҳисобланади. 2)Харидор сотувчини сотилган нарсани ўзининг номидан олишга вакил қилса, тўғри бўлмайди. Чунки, битта одам ҳам топширувчи, ҳам олувчи бўла олмайди.

يغتفر فى البقاء ما لا يغتفر فى الإبتداء
54)    "Бошланишда кечирилмаган нарса қолганида кечирилади".
Бирор ишнинг бошланишида айб кечирилмаса-да, ишнинг ўртасида ёки охирида кечирилиши мумкин. Мисоллар: 1)Шерикликдаги нарсани ижарага қўйиб бўлмайди. Унинг барча қисмини ижрага бериш мумкин. Агар шерикликдаги нарсанинг ҳаммасини ижарага қўйилса, сўнг ҳиссадорларнинг баъзиси шартномани бузадиган бўлсалар, ҳиссанинг қолган қисмида ижара саҳиҳ бўлиб, боқий қолаверади. 2)Турмушга чиқаётган аёл никоҳ қилинаётганда маҳрдан кечиши мумкин эмас. Бироқ, маҳр белгиланиб, никоҳ қилингандан сўнг аёл маҳрдан тамоман ёки бир қисмини кечиши мумкин. 3)Икки одам муайян нарх белгиламасдан савдони келишсалар, жоиз эмас. Муайян нарх белгиланиб, савдо бўлганидан сўнг сотувчи харидордан пулни кечса жоиз.

البقاء أسهل من الإبتداء
55)    "Бошланишдан кўра қолган осонроқ".
Бирор нарсанинг бошланишида ҳукм қилгандан, ишнинг қолган қисмида, унинг давомида ҳукм чиқариш осон кечади.

لا يتمّ التبرّع الا بالقبض
56)    "Инъом этиш фақат қўлга олиш билангина тугал бўлади".
Совғалар, садақалар берилган одам уни қўлига тўлиқ олиши билан комил бўлади. Мисоллар: 1)Бўлакларга бўлинадиган нарсаларнинг бир қисмини ҳадия қилишда, тўлиқ қўлга олиш маъноси бўлмагани учун бундай ҳадиялар жоиз эмас. Масалан, сутдаги ёғни, зиғирдаги мойни, буғдойдаги унни ҳадия қилиб бўлмайди. 2)Ҳадияни қабул қилувчи олишга лойиқ бўлиши керак, жинни, ёш гўдакка ҳадия қилинса, ҳадия комил бўлмайди. уларнинг васийлари қабул қилиб олишлари мумкин.

التصرّف على الرعية منوط بالمصلحة
57)    "Раиятни тасарруф қилиш маслаҳатга боғлиқ".
Халқни, оммани тасарруф қилиш маслаҳатга, яхшиликка, одамларга қилинадиган фойдаларга боғлиқ ҳолда олиб борилиши шарт. Мисоллар: 1)Подшоҳ ҳеч кими йўқ кимсани ўлдирганни кечирса, авф тўғри ҳисобланмайди, жазо ҳам соқит бўлмайди. 2)Вақф қилувчининг шартларидан ташқари вазифаларни вақф учун таъйин қилиш мумкин эмас.

الولاية الخاصّة أقوى من الولاية العامّة
58)    "Махсус эгалик умумий эгаликдан кўра кучлироқдир".
Мисоллар: 1)Мутаваллийси бор бўлган вақфларга қози эгалик қилиб, уни тасарруф қила олмайди. 2)Сағирларнинг васийси бўла туриб, қози унинг мол-мулкини тасарруф қила олмайди.

إعمال الكلام أولى من إهماله
59)    "Гапни амалга ошириш уни эътиборсиз қолдиришдан яхшироқ".
Мисоллар: 1)Биров хотинини "Сен талоқсан, талоқсан, талоқсан!" деса, уч талоқ қилинган деб ҳисобланади. 2)Биров гарданида муайян қарз борлигини эътироф қилса, сўнг қарзга яна қўшимчаси борлигини иқрор қилса, айтилган қарзни қўшимчалари билан бор деб ҳукм қилинади. 3)Болаларига васият қилинса, ўзининг пушти камаридан бўлган болалари назарда тутилган, деб ҳисобланади. Агар бундай қилинмаса, боласи деб чақирилганларнинг ҳаммаси васиятга киритилиши керак бўлиб қолади.

اذا تعذرت الحقيقة يُصار الى المجاز
60)    "Қачон ҳақиқат узрли бўлиб қолса, мажозга айлантирилади".
Мисоллар: 1)Биров: "Бу қозонни емайман" ёки "Бу дарахтни емайман" деса, қозон ва дарахт эмас унда пишган нарса назарда тутилган, деб ҳисобланади. 2)"Бу уйга қадам босмайман!" деса, айнан қадам босиш эмас, унга кириш тушунилади ва уйга уловда кирса ҳам қасами бузилган бўлади.

اذا تعذر إعمال الكلام يُهمل
61)    "Қачон гапни амалга ошириш узрли бўлса, уни эътиборсиз қолдирилади".
Мисоллар: 1)Биров кафил бўлса, ўзи нимага кафил бўлганини билмаган бўлса, кафолат тўғри бўлмайди. 2)"Мана бу ҳовлини фалончига беринглар" деса-ю, бу гапи васият эканини ҳам, аслида ўша ҳовли фалончиники эканини айтмаган бўлса, бу гапга эътибор берилмайди. 3)Биров аъзосини кесиб ташлашганини даъво қилса-ю, бироқ ўша аъзо жойида турган бўлса, унинг даъвосига қулоқ солинмайди.

ذكر بعض ما لا يتجزأ كذكر كله
62)    "Бўлакларга бўлинмайдиган нарсанинг баъзисини зикр қилиш худди ҳаммасини зикр қилгани кабидир".
Мисоллар: 1)Биров хотинининг учдан бири ёки ярмини талоқ қилса, тўлиқ бир талоқ қилган бўлади. 2)Шуфъа ҳаққининг ярмини топширса, ҳамма ҳақдан кечган бўлади. 3)Қасоснинг тўртдан бири ёки бешдан бирини авф қилса, ҳаммаси соқит бўлади.

المطلق يجرى على إطلاقه ما لم يقم دليل التقييد نصّا او دلالة
63)    "Мутлақ модомики уни қайдлашга матн ёки далолат ҳолидаги далил бўлмаса, ўз мутлақлигига кўра юритилади".
Умумийликни матн, яъни лафз қайд қилмаслиги керак, масалан, арабий от, андижоний дўппи каби. Умумийликни яна далолат ҳам қайдлаш керак эмас, масалан, "Мен учун ҳовли сотиб ол", дейилса, у дарҳол сотиб олса бўлади, бир йил ўтганидан кейин сотиб олганининг фойдаси йўқ. Мисоллар: 1)Бировни бозорда савдо қилишга вакил қилса, савдода ҳеч нарсани қайд қилинмаган бўлса, ўша вакил бозорда нақд ва насия, пулга ва матога ўзи хоҳлаган нарсани олиб-сотиши мумкин.

الوصف فى الحاضر لغوٌ
64)    "Ҳозирдаги васф – сифатлаш бекордир".
Бирор нарса ҳозир бўлиб турганда уни сифатлашнинг кераги йўқ, шундоқ ҳам унинг ўзига қараб тушунса, билиб олса бўлади. мисоллар: 1)Сотувчи от сотаётганида ҳозир турган оқ отни савдо қилса-ю, "Сенга бу қора отни сотдим", деб юборса, харидор ҳам қабул қилса, байъ тўғри бўлади.

السؤال معاد فى الجواب
65)    "Савол жавобга оиддир".
Берилган саволга қайтарилган жавоб ҳукм бўлиб ҳисобланади. Мисоллар: 1)"Хотинингни талоқ қилдингми?", деган саволга "Ҳа!" деб берилган жавобга кўра хотини талоқ бўлади. 2)"Фалончи ушбу уйга кирса, унга битта зиёфат лозим" дейилса, ўша кимса "Яхши, розиман!" деганидан сўнг уйга кирса, айтилган зиёфатни бериш унга вожиб бўлиб қолади.

لا ينسب الى ساكت قول لكن السكوت فى معرض الحاجة بيان
66)    "Сукут қилувчига гапни нисбат қилинмайди, лекин ҳожат юзага келган вақтда сукут баён ўрнидадир".
Мисоллар: 1)Сотувчи кўз олдида харидор сотилган нарсани олаётганида сотувчи индамаса, унинг олишга ижозат берганини билдиради. 2)Бировнинг мол-мулкига унинг кўз олдида талофот етказилса, унинг сукути бунга ижозат берганини билдирмайди. 3)Қизни ўзининг тенггига турмушга берилмаётган бўлса, унинг сукути бунга ижозат берганини билдирмайди.

دليل الشئ فى الأمور الباطنة يقوم مقامه
67)    "Ички ишларда нарсанинг далили унинг ўрнига ўтади".
Мисоллар: 1)Харидор сотиб олган нарсасида айб кўрса-ю, уни даволаса ёки тузатса, ўша айбига рози бўлганини англатади. 2)Даъвогар узоқ муддат давомида даъво қилмаса, масалан, вақфда 36 йил, бошқа ишларда 15 йил даъво қилмаса, шундан кейинги даъвоси инобатга олинмайди. 3)Танага жароҳат етказадиган ўткир нарса билан бировни ўлдириб қўйиши унинг шу ишни қасддан қилганини билдиради.

الكتاب كالخطاب
68)    "Мактуб хитоб кабидир".
Бировга атаб ёзилган ёзув худди ўша кимсага хитоб қилганга ўхшайди. Қози олдида эса бу имзо ёки муҳр билан тасдиқланган бўлсагина инобатга олинади. Мисоллар: 1)Хотинига: "Сен талоқсан" деб ёзиб юборса, ўша ёзувни хотини ўқиса ҳам, ўқимаса ҳам ёзган заҳоти талоқ бўлади. 2)Бировни бир ишга вакил қилиб юборса, ўша кимса ёзувни ўқиши биланоқ вакилга айланади. 3)Фалончидан қарзи борлигини ёки ундан кечишини ёзилган бўлса, бу қарзга иқрор ёки ундан иброъ ҳисобланади.

الإشارة المعهودة للأخرس كالبيان باللسان
69)    "Гунг кимсанинг одатдаги маълум ишораси тил билан баён қилгани кабидир".
Гунг одамнинг никоҳ, талоқ, савдо-сотиқ, ижара, совға, гаров, иқрор, инкор, қасам кабиларда одатида қиладиган ишорасига қараб фикри инобатга олинади. Гувоҳликда эса бу инобатга ўтмайди, у бирор нарсани ёзиб ҳам тасдиқлаши керак бўлади.

يقبل قول المترجم مطلقا
70)    "Таржимоннинг гапи мутлақо қаб


4 йил аввал 2309 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фатво китоблари ва фатвога масъуллар
Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади. Биринчи фатво давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
4 йил аввал 1995 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ихтилофчи бемазҳаблар
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши давоми...