Аксилмазҳабчилик муаммоси


Умматнинг ўтган минг йилликдаги энг катта ютуғи интеллектуал бирдамликка эришгани бўлгани шубҳасиз. Ҳижрий 5-асрдан шу кунгача сулолалар ўртасидаги ўз қобиғини ёриб чиқишга қаратилган тўқнашувларни ҳисобга олмаганда, сунний мазҳаб вакиллари ўз динига нисбатан деярли ўзгармаган ҳурматни ва ўзаро биродарликни сақлаб қола билди.

Бошқалар учун мана шундай мушкул кечган узоқ давр мобайнида на улкан диний урушлар, на қўзғолонлар ва на таъқиблар уларни бўлиб юбора олмагани ҳайратланарлидир.
Диний ҳаракатлар тарихи бунинг мисли кўрилмаган мўъжиза эканини эътироф этади. Макс Вебер ва унинг шогирдлари тушунтириб берган нормал социологик кўзқарашга кўра, динлар энди пайдо бўлган даврдаги бирдамлик кейинчалик ўзаро рақиб гуруҳлар раҳнамолигида майда-майда ўзаро душман гуруҳларга бўлиниб кетади. Христиан динида бунга ёрқин мисоллар кўп; бироқ бошқа мисолларни ҳам келтириш мумкин, улар сирасига дунёвий эътиқод бўлмиш марксизм ҳам киради. Шу нуқтаи назардан қараганда, исломнинг мана шу кўргуликдан қутулиб қолгани ҳар қандай мақтовга лойиқ ва эҳтиёткор таҳлилни талаб этади.
Албатта, бунинг соф диний сабаби бор. Ислом сўнгги диндир, у “уйга элтувчи сўнгги автобусдир” ва шунинг учун ҳам вақти-вақти билан бўлиниб кетишдай инқироздан илоҳий йўл билан ҳимоялангандир. Абдул Вадод Шалабий “маънавий энтропия” деб атаган нарса ислом пайдо бўлганидан бери амал қилиб келгани айни ҳақиқатдир. Бу фактни қўллаб-қувватловчи бир қанча ҳадислар ҳам бор. Шунга қарамасдан, узоқни кўра билиш қобилияти умматни тарк этмади. Исломдан олдинги динлар осонликча ёки қийинчилик билан динсизлик ва кераксиз нарсага айланиб қолар эди; бироқ исломий тақво, сифати пасайишига қарамасдан, шундай механизмларни яратдики, улар диннинг шавкати оламни тутган пайтлардаги бирдамлик ҳиссини ҳозирги кунгача сақлаб қолиш имконини бермоқда. Амирлар ва сиёсатчиларнинг аҳмоқона ишлари қаёққа бошлашидан қатъи назар, исломда диндорларнинг биродарлиги, христианлик ва бошқа эътиқодлар дастлабки пайтларда эришиб, сўнгра йўқотган муваффақиятлар бир минг тўрт юз йилдан бери давом этиб келяпти. Сабаб – ислом динидаги ваҳийнинг мусулмон жамоаси аъзоларининг енгиб бўлмас пировард ва қатъий принципи сифатида яшаб келаётганидир. Бу сабаб оддий ва ҳар қандай баҳсдан устундир: Аллоҳ бизга бу динни ўзининг сўнгги каломи сифатида юборди, шунинг учун у ақида, намоз ва комил ахлоқ сифатидаги зарурат кўринишида қиёматга қадар давом этади.
Бундай изоҳ эътиборга молик, деб ўйлайман. Бироқ биз тарихимизиннг дастлабки босқичларида умумий қоидадан четга чиқиб кетган баъзи бир оғриқли нуқталарни тушунтириб беришимиз керак бўлади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари саҳобаларига: “Ораларингизда кимки мендан кўпроқ яшаса, улкан бир мунозаранинг шоҳиди бўлади”, деган эканлар. Илк муртадликлар: Усмон розиаллоҳу анҳуга қарши қақшатқич қўзғолон кўтарилгани; Али розиаллоҳу анҳу билан Талҳа, сўнгра эса Муъовия ўртасидаги тўқнашув, хорижийларнинг қонли тўқнашувлар туфайли бўлиниб кетиши – буларнинг барчаси (пайғамбарнинг вафотидан сўнгги) илк кунлардан бошлабоқ мусулмон давлати танасига ихтилофлар ханжарлари бўлиб санчилди. Фақат уммат уламоларига хос бўлган соғлом фикр ва муҳаббат дастлабки бўлгинчилик варажасини енгиб ўтиб, кучли ва уйғун суннийликни ярата билди. Бу ишда уларга авлиёлиги ёрдам берганига шубҳа йўқ. Суннийлик соф диний майдонда мусулмонлик тарихининг 90 фоиз вақти мобайнида 90 фоиз умматни бирлаштира олди.
Агар биз ўзимизни узоқ ўтмишда бўлиб ташлаган кучларга яқинроқ назар ташласак, бу ҳол ҳозирги тобора катталашиб бораётган пароканда вазиятимизни тушуниб олишга ёрдам беради. Бундай кучлар ниҳоятда кўп бўлган, улардан баъзи бирлари ниҳоятда тарқоқ бўлганини ҳам кўрамиз; лекин улардан иккитасигина диний мафкура етовида бўлгани учун омма ўртасида машҳур бир шаклга кирганини ва кўпчилик эътиқод қиладиган дин ва уламоларга қарши қўзғолон тусини олганини кўриш мумкин. Улар етарли асос билан хорижийлик ва шиалик номларини олди. Сунний исломдан фарқли ўлароқ, улар иккаласи ҳам ажралиб чиққан гуруҳ ва кичик ҳаракат эди; бироқ шунга қарамасдан, иккаласи ҳам исломнинг диний ҳокимият манбаи масаласидаги етакчи қарашлардан фарқли бўлган иккита улкан қарашни ифода қила олиши билан таниш мухолифлик анъанасига мойиллигини намойиш этди.
Улар ўзлари илк халифаларнинг ахлоқий инқирози деб ҳисоблаган ҳолга қарши туриш билан Али розиаллоҳу анҳунинг ўлимидан сўнгги издошларининг диний ҳокимият назариясини ривожлантирди. Бу назария олдинги эгалитар далиллардан ажралиб чиққан бўлиб, диний ҳокимиятга имомларнинг харизматик ворислигини ҳадя этди. Биз бу ўринда ушбу ғояга мусулмонликни қабул қилган баъзи собиқ шарқий христианларнинг таъсири бўлгани ёки бўлмагани масаласини тадқиқ қилиш учун тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Улар ҳаворийларнинг Исога мистик ворислиги ғояси руҳида тарбияланган эди. Ушбу ворислик черковга Исонинг хотирасини келгуси авлодлар учун ёд этишдай ноёб қобилият ато этди, деб тахмин қилинади. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, шиалик ўзининг турли шакллари билан ибтидоий ислом жамиятидаги қатъий диний ҳокимият етишмаслигига жавоб сифатида ривожланди. Адолатли халифалар даври тугаб, уммавий ҳукмдорлар ўзларидан “Чин мусулмонларнинг амири” ўлароқ, кутилган турмуш тарзидан анча узоқлашиб қолгач, фиқҳнинг бир-биридан кескин фарқ қилувчи ва янги-янги пайдо бўлаётган мактаблари диний масалаларда кучли ва обрўли ҳокимият манбаси номига унчалик ҳам мос келавермас эди. Христианларнинг имомни гуноҳсиз деб билиши жозибадорлиги сабаби ана шунда.
Имомчилик пайдо бўлишининг бундай талқини шиалик кенгайишининг иккинчи улкан босқичини тушунтириб беришда қўл келади. 5-асрдаги суннийлик уйғониши муваффақиятидан сўнг шиалик инқирозга юз тута бошлади. Бу даврга келиб суннийлик ниҳоят изчил бир системага айлангандай эди. Шиаликнинг исмоилийликда зуҳур бўлган ўта шиддатли қаноти Имом Ғаззолийнинг кучли зарбасига дуч келди. Унинг “Ботинийлар (исмоилийлар) жанжали” китобида уларнинг катта кучга эга бўлган махфий ақидалари фош қилинади ва рад этилади. Шиаликнинг бундай инқирози фақат (ҳижрий) 7-асрнинг иккинчи ярмида, Чингизхон бошлиқ мўғул қўшинлари исломнинг марказий ерларини ишғол қилиб, кулини кўкка совургач, барҳам топди. Ҳужум тасаввур қилиб бўлмас даражада қақшатқич бўлган: айтишларича, Ҳирот шаҳрида истиқомат қилган юз минг кишидан унинг кули кўкка совурилган харобаларида фақат қирқ кишигина омон қолган экан. Вақти-вақти билан рўй бериб турган истилолар тўлқинида яқинда исломни қабул қилган туркман кўчманчилари ислом ерларига кириб кела бошлади. Улар ўлик шаҳарларнинг тирик қолган сунний уламолари билан бирга ялпи қўрқув ва талотўп муҳитида ҳамда халоскорни кутиш ҳолатида жон-жон деб шиа эътиқодининг экстремистик кўринишларига айланиб кетди. Бир пайтлар суннийликка содиқ бўлган мамлакат – Эронда шиаликнинг ғалаба қилиши айнан ўша фожиали даврга бориб тақалади.
Исломнинг дастлабки йилларида бошқа бир йирик мухолиф ҳаракат хорижийлик эди. Бу сўзнинг маъноси “ажралиб чиққанлар” бўлиб, хорижийлар халифа Али розиаллаҳу анҳу ўзининг Муовия билан мунозарасини маҳкама воситасида ҳал этишга рози бўлгани оқибатида унинг қўшинидан ажралиб чиққани учун шу ном билан аталган эди. Қуръондаги: “Ҳукмни фақат Аллоҳ чиқариши мумкин” деган шиорга амал қилиб, улар Али ва унинг кўплаб етакчи саҳобалар ҳам бўлган қўшинига қарши ҳижрий 38-йили Наҳравон жангида енгилгунига қадар қаттиқ жанг қилади. Жангда уларнинг 10 мингдан ошиғи ҳалок бўлади.
Гарчи илк хорижийлар ер билан яксон этилган бўлса-да, хорижийликнинг ўзи яшаб қолди. Ўз ақидасига кўра, у шиаликнинг тескарисига айланиб кетди. У ҳар қандай мерос қилиб олинган ёки харизматик раҳнамоликни рад этар, диндорлар жамоаси раҳнамосини тайинлашда тақводорлик асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлар эди. Бу ҳол ўтмишдан мерос бўлиб қолган жўн бир мезон билан баҳоланар эди: илк хорижийлар тақво масаласида, ҳар бир муслим учун энг катта гуноҳ куфрдир, деган кескин ақидаси билан жуда қаттиққўл эди. Такфир (мусулмонларни исломдан ташқарида деб эълон қилиш) тушунчаси хорижийлар гуруҳларига Хузистоннинг олис тоғ туманларига вақтинча кўчиб чиқиш ва умавийлар ҳокимиятини қабул қилган мусулмон тураржойларига ҳужум қилиб туриш имконини берарди. Ўша ҳужумлар пайтида хорижий бўлмаганлар қиличдан ўтказилар, бу ҳол Ал-Ҳажжож ибн Юсуф сингари бағритош умавий амирларнинг шафқатсиз жавоб чораларини кўришига сабаб бўлар эди. Бироқ хорижийларнинг ҳужумлари, аҳволи бир қарашда ночор эканига қарамасдан, давом этаверарди. Халифа Али розиаллоҳу анҳуни Наҳравон жангидан омон қолган Ибн Мулжам ҳалок этади. Ҳадис олими, сунаннинг энг мўътабар тўпламларидан бири муаллифи Имом ан-Насаи ҳам 303/915 йили Дамашқда хорижий мутаассиблар томонидан худди шу тариқа ўлдирилади.
Худди шиалик сингари хорижийлик ҳам Ироқ ва Марказий Осиёда, баъзи ҳолларда эса бошқа жойларда ҳам ҳижрий 4-5-асрларда беқарорликка сабаб бўлди. Худди шу нуқтаи назардан ғалати тарихий воқеа рўй берди. Суннийлик эндиликда пухта ишлаб чиқилган мукаммал системага бирлашган уламоларнинг аксарияти йўлини бирлаштира олди. Бир-бирига рақиб ҳаракатларнинг жозибадорлиги кескин камайиб кетди.
Воқеа шундан иборат эди. Эгалитар хорижийлик ва иерархияга асосланган шиалик сингари икки қанотдаги оқимлар ўртасида жойлашган сунний ислом узоқ вақт мобайнида ҳокимиятни қандай тушунишига оид баҳслар билан овора бўлиб қолди. Суннийлар наздида, ҳокимиятнинг нима экани Қуръон ва Суннатда белгилаб қўйилган. Бироқ бутун ислом дунёсига саҳобалар ва тобеинларнинг у ердан бу ерга кўчиб юриши оқибатида турли ҳикоятлар шаклида сочилиб кетган сон-саноқсиз ҳадислар билан тўқнаш келган Суннат баъзан талқин борасида турли қийинчиликларга дучор бўла бошлади. Ҳатто бир неча юз минг ҳадис орасидан саҳиҳ ҳадислар ажратиб олинганидан сўнг ҳам бир-бирига, ҳатто Қуръон оятларига зид ҳадислар учрар эди. Бу ўринда хорижийларники сингари бир ҳовуч ҳадисларни ажратиб олиб, улардан ақида ва қонунлар ясашдай жўн ёндашув иш бермас эди. Кўзга ташланиб турган ички зиддиятлар жуда кўп, уларнинг талқини ҳам ўта мураккаб бўлгани туфайли қозилар Қуръон ва ҳадислар тўпламининг тегишли саҳифасини очиш билан бирор шаръий ҳукм чиқаришга қийналарди.
Илк уламолар ваҳий келган битиклар ўртасидаги зиддиятнинг асосий сабабларини пухта тадқиқ қилишди. Теран ақл эгалари мунозаралар чоғида кўпинча ўта мукаммал ва кучли хотираларини ишга солар эди. Ислом усул ул-фиқҳи – юриспруденцияси фанининг асосий қисми бундай зиддиятларни ушбу диннинг бош идеалига садоқатни кафолатлайдиган изчил механизм яратиш орқали ҳал этиш томон ривожлантирилди. “Таъаруд ул-адилла” (“далилларнинг ўзаро зиддияти”) атамаси энг нозик ва мураккаб фиқҳий тушунчаларидан бири эканини ислом усул ул-фиқҳини ўрганувчи ҳар бир толиби илм яхши билади . Ибн Қутайба сингари илк уламолар бу масалага бутун бошли китоб бағишлашни ўз бурчи деб билган.
Усул уламолари ваҳий келган матнлар ўртасидаги зиддиятга уларнинг турли талқинлари ўртасидаги зиддият сифатида қараш керак, деб билган. Қонун эгаси (Аллоҳ)нинг Расулуллоҳ (с.а.в.) га ваҳий келган хабаридаги зиддиятлар эса бу қолипга сиғмас эди. Ислом хабари Ул зотнинг вафотларидан олдин мукаммал тарзда нозил бўлган эди; кейинги уламоларнинг вазифаси бу хабарни ўзгартириш эмас, тафсир қилишдан иборат эди.
Ушбу тушунча билан қуролланган ислом уламоси мураккаб матнларни тадқиқ қилар экан, уни ҳал этишда бир қатор дастлабки академик синов ва усулларни ишга солади. Илк уламолар яратган системага кўра, мабодо иккита Қуръон ва ҳадис матни бир-бирига зид келиб қолса, уламо дастлаб матнларни, зиддият араб тилини нотўғри талқин қилишдан пайдо бўлмадимикин, деган шубҳа билан лингвистик нуқтаи назардан таҳлил қилиши керак бўлади. Агар зиддиятни бу усул билан билан бартараф этиб бўлмаса, уламо текстуал, ҳуқуқий ва историографик усуллар билан улардан бири тах(и), яъни фақат махсус ҳолатларга дахлдорми ёки йўқлигини, бинобарин, бошқа матнда баён қилинган умумий принципдан ўзига хос истисно экани ёки эмаслигини аниқлашга ҳаракат қилиб кўриши зарур. Фақиҳ, шунингдек, Қуръон ояти фақат бир иснод (ҳадиснинг аҳад сифатида машҳур бир тури) билан боғлиқ ҳадисни, шунингдек, кўплаб иснодлар (мутаватир ёки машҳур) билан таъминланган ҳадисни бекор қилиши мумкинлиги хусусидаги принципдан келиб чиққан ҳолда, хабарларнинг матний мақомини ҳам баҳолаши лозим. Мабодо, фақиҳ ушбу механизмларнинг барчасини қўллаб бўлганидан сўнг ҳам зиддият барҳам топмаса, у матнлардан бирини бошқаси формал насх, бекор қилгани эҳтимолини тадқиқ қилиб кўриши даркор.
Насх принципи таъаруд ул-адилладай нозик масалани кўриб чиқаётган сунний уламолар Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳаётлик даврида кўп маротаба асл экани исботланган матнларга асосланганининг ёрқин далилидир. Саҳобалар Расулуллоҳ имом ўтиб юрган кезлар ижмоъ орқали кўп нарсани ўргатганини, ўзларини тарбиялаганини, ёввойи маъжусийликдан яккахудоликнинг соғлом ва раҳмдил йўлига олиб келганини, умматлар тўғри йўлдан бориб, саодатга эришишлари учун Аллоҳ ҳидоятини нозил қилганини яхши билар эди. Бунга шароб ичишнинг босқичма-босқич бекор қилингани ёрқин мисол бўла олади. Қуръоннинг дастлабки оятларидан бирида уни ичиш номақбул дейилади, кейинчалик қораланади ва ниҳоят тақиқланади . Яна бир мисол ундан ҳам муҳимроқ прицип, намоз ўқишга дахлдордир, илк умматлар уни бир кунда икки марта ўқишар эди, аммо Меърождан сўнг намоз беш марта ўқиладиган бўлди . Исломнинг илк даврларида мутъа (вақтинчалик никоҳ)га рухсат берилган эди, аммо кейинчалик ижтимоий шароитлар ривожланиб, аёлларга нисбатан ҳурмат ортиб, ахлоқ қатъийлаша боргани сабабли бундай никоҳ тақиқлаб қўйилди . Бунга яна бошқа мисоллар ҳам бор, уларнинг аксарияти ҳижратдан кейинги ёш умматларнинг шароити кескин ўзгариб кетган йилларга бориб тақалади.
Насхнинг икки тури бор: очиқ (сариҳ) ва яширин (зимни). Биринчисини осонгина фарқлаш мумкин. Бу гуруҳдаги матнларда илгариги бошқарув ўзгариб бораётгани яққол кўзга ташланиб туради. Масалан, Қуръоннинг “Бақара” сурасидаги 144-оятда мусулмонларга Қуддусга қараб эмас, Муқаддас Каъбага қараб намоз ўқиш буюрилади. Ҳадис китобларида тез-тез бунга зид келадиган ҳолатлар бор; масалан, Имом Муслим келтирган ҳадисда қуйидагиларни ўқиймиз: “Мен сизларга қабрларни зиёрат қилишни тақиқлаб қўйган эдим; аммо энди зиёрат қилаверишингиз мумкин” . Ҳадисшунослар буни шарҳлар экан, исломнинг дастлабки пайтларида бутпарастлик амалиёти ҳали одамларнинг эсидан чиқиб кетмагани, қабрларни зиёрат қилиш янги мусулмонларнинг у ерда ширкка йўл қўйиши эҳтимолидан қўрқиш туфайли тақиқлаб қўйилганини қайд этади. Мусулмонлар юрагида биру бор худога ишонч кучая боргани сари бундай тақиққа ҳожат қолмагани учун у бекор қилинди. Бугунги кунда мусулмонларга қабрларни зиёрат қилиш ва ўлганлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиш ва охиратни эслаш тавсия этилади.
Насхнинг иккинчи кўриниши эса нозикроқдир, у кўпинча илк уламоларни фавқулодда комил инсонлар деб атар эди. Унга олдинги матнларни бекор қилувчи ёки уларни сезиларли даражада янгиловчи, бироқ уларнинг янгиланганини қайд этмайдиган матнлар киради. Уламолар бунга кўплаб мисоллар келтирган. “Бақара” сурасидаги иккита оят бунга мисол бўлиши мумкин. Бу иккала оятда бева аёлларнинг эрининг уйидан чиқиб кетиш муддати хусусида икки хил йўриқ берилади (240-оят ва 234-оят) . Яна ҳадис китобларида Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз саҳобаларига айтиб берган бир воқеа келтирилади. Ўша ҳадисда Расулуллоҳ хасталиги туфайли ўтириб намоз ўқиганларида саҳобаларига ўзининг орқасида ўтиришлари лозимлигини уқтиради. Бу ҳадисни Имом Муслим ривоят қилади. У ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) ўтириб намоз ўқиётганда саҳобалар тик турган эдилар, дейилади. Бундай зиддият синчовлик билан қилинган хронологик таҳлил натижасида ҳал этилди. Унинг натижасига кўра, сўнгги воқеа биринчи воқеадан сўнг содир бўлгани аниқланади ва шунинг учун биринчисидан кўра устувор характерга эга.
Насхнинг аниқлик киритиш усули уламоларга таъаруд ул-адилла билан боғлиқ тан олинган масалаларни ҳал этиш имконини берди. У нафақат ҳадис илмларини пухта ва батафсил билишни, қолаверса, тарихдан, сира (пайғамбарнинг ҳаёти, одоб-ахлоқи, кийиниши, еб-ичиши)дан ҳамда ҳадиснинг келиб чиқиши ва тафсирини шубҳа остига оладиган вазият юзасидан саҳоба ва уламолар билдирган мулоҳазалардан бохабар бўлишни тақозо этади. Баъзи ҳолларда ҳадис уламолари, маълум бир ҳадисга дахлдор зарур маълумотни олиш учун керакли бўлган жойни аниқлаш мақсадида, бутун ислом оламини кезиб чиқар эди.
Барча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, насхни исботлаш мумкин бўлмаган ҳолларда салаф уламолари тадқиқотни давом эттириш зарурлигини тан олган. Улар ичида муҳими матн (ҳадис иснодидан кўра, ўгирилган матн) таҳлилидир. “Аниқ” (сариҳ) мулоҳазалар киноявий мулоҳазалардан устунликка эга, деб ҳисобланади. “Бир маъноли” (муҳкам) сўзлар турли маъноларга эга бўлган “тафсир этилаётган” (муфассар), “тушунарсиз” (хафи) ва “мушкул” сўзлардан кўра устувордир. Бир-бирига зид келувчи ҳадисларни ҳикоя қилувчиларнинг мавқеига ҳам қараш керак бўлади. Бу ўринда ўша ҳадисдаги воқеаларга бевосита дахлдор кишининг ҳикоясини афзал деб билиш лозим. Бунга машҳур мисол тариқасида Маймуна ҳикоя қилган ҳадисни келтириш мумкин. Ҳадисга кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга эҳром боғламаган пайти уйланган. Унинг ҳадиси бевосита гувоҳнинг сўзлари бўлгани учун ва соғлом иснодга асосан, ўзига зид бўлган Ибн Аббоснинг ҳикоясидан устун туради. Ваҳоланки, Ибн Аббос, Расулуллоҳ ўша пайт эҳром боғлаган эди , деб айтади.
Яна “тақиқ рухсат этилган нарсадан устувордир” қабилидаги кўплаб қоидалар мавжуд. Худди шунингдек, ҳадислар ўртасидаги зиддият барча тегишли фатволар ўзаро таққосланиб, баҳолангандан сўнг саҳобанинг фатвоси билан ҳал этилиши, ниҳоят, қиёсга мурожаат қилиниши мумкин. Бунинг мисоли сифатида қуёш тутилиши билан боғлиқ салот (салот ул-кусуф) ҳақидаги ривоятлар келтирилади. Уларда неча марта рукуъ қилингани ёки саждага бош қўйилгани ҳақида турлича фикрлар баён этилади. Ривоятларни синчиклаб ўрганиб чиққан ва ушбу зиддиятни юқорида таърифлаб ўтилган механизмлардан бирортаси воситасида ҳам ҳал этолмаган уламолар қиёслаш йўлидан борди. Унга кўра, модомики, зикр этилган намоз ўқиш “салот” деб аталар экан, ундан кейин бир марта рукуъ қилиниб, икки марта саждага бош қўйилади. Бошқа ҳадислардан эса воз кечиш керак.
Энг аввало, Имом Шофиий манба матнлардаги бир-бирига зид келувчи ўринларни ҳал этиш усулларига ана шундай эҳтиёткорлик билан ёндашган ва қилни қирқ ёриб ваҳий бўлиб келган манбаларга асосланиб, шариат ҳукмларини яратиш йўлини тутган эди. Ўз замонаси фақиҳларининг тайсаллаши ва норозилигига дуч келган Шофиий одам боласи қилиши мумкин бўлган хато эҳтимолини рад этадиган ва фиқҳга асос бўладиган изчил методологияни яратиш мақсадида бетакрор “Ислом ҳуқуқшунослигига оид рисоласи”ни ёзди. Кейинчалик унинг ғояларини фақиҳлар ва дин қонунининг етакчи анъаналари турли йўллар билан қабул қилди; улар бугунги кунда шариатни формал тарзда қўллашда асос вазифасини ўтамоқда.
Шофиийнинг исломий ҳукмларни сон-саноқсиз гувоҳликлардан ажратиб олишда хатоларни имкон қадар камайтириш системаси усул ул-фиқҳ (“фиқҳ илдизлари”) номи билан машҳур бўлиб кетди. Исломнинг бошқа формал ўқув предметлари сингари усул ул-фиқҳ салбий маънога эга бўлган бидъат эмас, балки илк мусулмонлар даврида ҳам мавжуд бўлган тушунчалардан принцип яратиш эди. Ўз вақтида сунний ислом тафсирчилигининг ҳар бир йирик анъанаси ушбу “илдизлар” (усул)нинг ўзига хос тартиботини яратди, шу тариқа баъзи ўринларда бир-биридан фарқланувчи “шохлар” (“фуруъ”, яъни амалиётга оид ўзига хос ҳукмлар) вужудга келди. Гарчи ушбу тафовутлардан келиб чиқувчи мунозаралар баъзан қизғин тус олса-да, улар исломнинг дастлабки икки асрида усул ул-фиқҳ, бундай бошбошдоқ келишмовчиликка барҳам бермасидан олдинги улкан бўлгинчилик ва қонунга оид келишмовчиликлар билан таққослаганда, ҳеч нарсага арзимайди.
Гарчи 4 имом: Абу Ҳанифа, Малик ибн Анас, аш-Шофиий ва Ибн Ҳанбал ўша тўртта улкан мазҳаб асосчилари ҳисобланса-да, мабодо, бизга уларнинг ким эканини фарқлаб беринг деб қолишса, уларнинг мазҳаблари “бидъатга берилиб кетмасликнинг нозик усулларидир”, уларни кейинги уламолар авлоди тўла системага солди, деган хулосага келишимизни алоҳида таъкидлаб ўтиришга ҳожат ҳам бўлмаса керак. Сунний уламолар тўрт имомнинг улуғворлигини тез орада тан олди ва ҳижрий учинчи асрнинг охирларидан сўнг бирор мактаб вакили бўлган уламонинг бошқа мактаб принципларига риоя этганини камдан-кам ҳолларда кўрамиз. Буюк муҳаддисларнинг барчаси бир ёки бошқа мазҳаб, хусусан, Имом Шофиий мазҳаби тарафдори бўлган. Бироқ ҳар бир мазҳаб ичида етакчи уламолар ўз мактабининг “илдизлар” ва “шохлар”ини такомиллаштира ва тозалай борганини кўрамиз. Баъзи ҳолларда тарихий шароит бунга нафақат йўл берар, ҳатто шуни тақозо ҳам қилар эди. Масалан, Имом Абу Ҳанифанинг Куфа ва Басранинг ибтидоий фиқҳ мактаблари асосига тикланган мактаби уламолари Ироқда тарқалган баъзи ҳадисларга шубҳа билан қарар, сабаби у ерда бўлгинчилик таъсири кучли бўлгани туфайли сохта нарсалар кўп тарқалган эди. Аммо кейинчалик Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар тўплаган ҳадислардан фойдаланиш имкони пайдо бўлгач, ҳанафий уламоларнинг кейинги авлоди ўз мазҳабини таҳрир ва тафтиш қилишда бундай ҳадислар тўпламини эътиборга оладиган бўлди. Бу жараён уламолар ҳижрий тўртинчи ва бешинчи асрларда балоғат ҳолатига етгунга қадар икки аср давом этди.
Айнан ўша пайтда мактаблар ўртасидаги ўзаро бағрикенглик ва яхши фикр муносабатларини ҳамма бирдай қабул қиладиган бўлди. Буни Имом Ғаззолий шакллантирди. Унинг ўзи Шофиийлар фиқҳи хусусида 4 та китоб, шунингдек, “Ал-Мустасфа”ни ёзган эди. Имом усул ул-фиқҳ ҳақидаги илғор ва эҳтиёткор асарлари туфайли жуда юксак қадрланади. У самимиятни ёқлаши ҳамда уламолар ўртасидаги хўжакўрсинга қилинаётган илмий рақобатни иқи суймаслиги билан ўзи “мазҳабга мутаассибларча садоқат” деб атаган ҳолни кескин қоралар эди. Ваҳий бўлиб келган манбаларни нотўғри талқин этишдай хатарли йўлга тушиб қолмаслик учун ҳар бир мусулмон тан олинган мазҳабга эргашиши ва у ҳеч қачон, менинг мазҳабим бошқа мазҳаблардан устундир, деган қопқонга тушиб қолмаслиги керак. Усмонлилар империясининг сўнгги даврини арзимас бир ҳол сифатида истисно қилганда, сунний исломнинг буюк уламолари Имом Ғаззолий асос солган анъанага содиқ қолди ва бошқаларнинг мазҳабини ҳам ҳурмат қилиш йўлидан борди. Кимки анъанавий исломнинг гўзал хулқли ва ҳурфикрли уламолари қўлида таълим олган бўлса, бу фактдан хабардор экани турган гап.
Баъзи бир шарқшунослар каромат қилганидай, тўрттала мактаб тадрижи, яъни ижобий қонуннинг тозаланиш ёки кенгайиш қобилияти йўқолиб кетмади. Аксинча, мавжуд мураккаб механизмлар етарли малакага эга бўлган шахсларга Қуръон ва Суннатдан шариатни келтириб чиқаришга изн берибгина қолмасдан, уларнинг ўзини ҳам ўша амалларни бажаришга мажбур этар эди. Аксарият уламоларнинг фикрига кўра, бирор синчи (эксперт) манбалар билан тўла танишиб, академик нуқтаи назардан зарур бўлган турли шартларни бажарса, унга ўз мактабининг кенг тарқалган ҳукмларини бажаришга рухсат берилмайди, балки ўзига ваҳий билан нозил бўлган манбалардан ҳукмлар чиқариш шарт қилиб қўйилади. Бундай киши мужтаҳид деб аталади, бу атама Муъад ибн Жабалнинг машҳур ҳадисидан олинган.
Баъзилар, мусулмон киши синчиларнинг ҳукм шаклини олган фикридан четга чиқишга уриниб, тўғридан-тўғри Қуръон ва Суннатга мурожаат қилиш учун кучли ва машҳур олим бўлиши керак, деб бу йўлни рад этишга мойилдир. Одамларнинг манбаларни нотўғри тушуниш оқибатида шариатга зарар етказиб қўйиши реал нарсадир. Ортодоксал мактаблар пайдо бўлмасидан бурунги даврда ибтидоий мусулмонлар келишмовчилик ва ўзаро ихтилофлар домига тушиб қолган эди. Исломгача бўлган даврда бутун бошли динлар муқаддас битиклар тафсирчиларининг нотўғри йўлга бошлаши оқибатида инқирозга юз тутди, исломнинг бошига ҳам шундай кунлар тушмаслиги муҳим аҳамиятга эга эди.
Исломни бидъат ва бузилишлар хавфидан ҳимоя қилиш мақсадида усулнинг буюк уламолари мукаммал шартларни яратди, ўзини мужтаҳидлик ҳуқуқига эгаман деб билувчи ҳар бир киши уларни бажариши зарур.
Бу шартлар сирасига:
(а) ваҳийни тил билан боғлиқ чалкашликлар асосида нотўғри талқин қилиш ҳолларини камайтириш мақсадида араб тилини мукаммал билиш;
(б) Қуръонни, Суннатни, ҳар бир сура ва ҳадисни, ваҳий келиши билан боғлиқ шарт-шароитларни, Қуръон ва ҳадисларга ёзилган шарҳларни мукаммал билиш, юқорида баҳс юритилган тафсир усулларининг ҳеч бирини кўздан қочирмаслик;
(в) ҳадис илмининг ровийлар ва матнни баҳолаш сингари махсус предметларини билиш;
(д) саҳобалар, тобеинлар, буюк имомларнинг қарашларидан, келишув (ижмо) га эришилган ҳолатларни билиш билан бирга фиқҳ китобларида тушунтириб берилган ҳолат ва мулоҳазалардан хабардор бўлиш;
(е) фиқҳий қиёс илми, унинг турлари ва шартларини эгаллаш;
(ё) ўз жамияти ва ижтимоий қизиқиш (маслаҳат)ни билиш;
(ж) шариатнинг умумий мақсадлари (мақосид)ни билиш;
(з) юксак ақл-заковат ва шахсий тақводорликнинг исломга хос бўлган ҳамдардлик, ҳалимлик ва камтарлик билан омухта бўлиб кетиши.
Ушбу шартларни бажарган олим мужтаҳид фил-шаръ деб ҳисобланади, унинг мавжуд ҳукмрон мазҳабга эргашиши шарт эмас ёки бунга рухсат берилмайди . Айни шундай ҳолатда баъзи бир имомлар буюк шогирдларига ўзларига танқидий кўз билан қарамасдан, тақлид қилишларини тақиқлаб қўйган. Бироқ билим ва тажрибаси бу қадар юксакликларга кўтарила олмаган кўпчилик уламолар мужтаҳид фил-мазҳаб даражасига етиши мумкин. Бунинг маъноси шуки, бундай олим ўз мактабининг ақидаларига қаттиқ ишонганича қолади, аммо (четдан) олинган фикрни ўз мазҳабида мавжуд қарашлардан фарқлай билади. Бундай кишилар сирасига, масалан, моликийлардан Қози Ибн Абдул-Барр, Шофиийлардан Имом ал-Нававий, ҳанафийлардан Ибн Обидин ва ҳанбалийлардан Ибн Қудамани мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу олимларнинг барчаси ўзларини мазҳабларининг фундаментал тафсир принциплари издошлари деб билганлар, аммо амалда мазҳаблари доирасида янги ҳукмлар чиқариш учун олимлик ва мулоҳаза юритишда катта тажриба орттирган эди. Мужтаҳид имомлар ижтиҳодга оид маслаҳатини айнан ўша синчиларга берар эди. Имом Шофиийнинг “Агар сен менинг ҳукмимга зид келадиган ҳадисни топган бўлсанг, ҳадисга амал қил” , деган йўриғи бунга мисол бўла олади. Шуниси равшанки, бугунги кун муаллифлари нимага ишонишидан қатъи назар, бундай муҳокамалар саводсиз исломий омма эмас, имомнинг нозиктаъб шогирдлари фойдаланиши учун мўлжалланган эди. Имом Шофиий ҳеч қачон қассоб, тунги қоровул ва эшакбоқарлардан иборат оломонга мурожаат қилмаган.
Усул уламолари мужтаҳидларнинг бошқа бир тоифаси рўйхатини келтиради; лекин улар орасидаги тафовут ўта нозик бўлиб, бизнинг мавзумизга тегишли эмас. Қолган тоифаларни икки қисмга бўлиш мумкин:
1) мазҳаб йўл-йўриқларига амал қиладиган Қуръон ва ҳадисдан хабардор, уларнинг замирида ётган ҳолатлар хусусида мулоҳаза юрита оладиган муттабиъ (“издош”),
2) мазҳабнинг минглаб ақидалари ортидаги мулоҳазаларни батафсил билмай туриб уламоларига ишонгани учун осонгина тақлид йўлига ўтиб оладиган муқаллид (“тақлидчи”).
Шунинг учун ҳам муқаллидга мазҳабнинг формал исботларини таниб олгунча ўқиш тавсия этилади. Бироқ яна шуниси аниқки, ҳар бир мусулмон ҳам олим бўлиб кетавермайди. Олимликка жуда кўп вақт талаб этилади. Умматлар нормал яшаши учун бухгалтерлик, аскарлик, қассоблик ва шу сингари бошқа касбларни ҳам эгаллаши талаб этилади. Ҳатто уларнинг барчаси етарли даражада ақл-заковатга эга деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам ҳаммаси буюк уламолар бўлиб кета олмайди. Қуръони каримда таъкидланганидай, кам билимга эга бўлган диндорлар малакали мутахассисларга мурожаат қилишлари зарур: “Агар бу ҳақда билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикрлардан сўрангизлар” . (Олимларнинг фикрича, “аҳли илмлар” уламолардир.) Бошқа бир оятда мусулмонларга мутахассис бўлмаганларга йўл-йўриқ кўрсатадиган мутахассислар гуруҳини тузиш ва қўллаб-қувватлаш буюрилади: “Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!” Илоҳий битикларни тўғри тушуниш учун керак бўладиган олимликнинг теранлиги ва фавқулодда огоҳлантиришлар бизга ваҳийни бузишларига қарши юборилгандир, яна шуниси равшанки, оддий мусулмонларнинг бурчи ўзларининг мулоҳазаси ва чекланган билимига таянишдан, мутахассисларнинг фикрига эргашишдан иборат. Ушбу бурчни ибтидоий мусулмонлар яхши билар эди: халифа Умар розиаллоҳу анҳу Абу Бакр розиаллоҳу анҳунинг буюрганларига “Мен Аллоҳ олдида Абу Бакрнинг фикридан бошқача фикрда бўлишдан уяламан”, деб амал қилар эди. Ибн Масъуд розиаллоҳу анҳу ўз навбатида том маънодаги мужтаҳид бўлишига қарамасдан, баъзи масалаларда Умар розиаллоҳу анҳуга эргашар эди. Аш-Шаъбига кўра: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг 6 саҳобаси: Ибу Масъуд, Умар ибн ал-Хаттоб, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб ва Абу Мусо (ал-Ашъарий) одамларга фатво берар эди: Шулардан ҳам уч нафари қолган уч нафарининг фойдасига ҳукм чиқаришдан воз кечган эди: “Абдуллоҳ (ибн Масъуд) ўз ҳукмидан Умар фойдасига, Абу Мусо - Али фойдасига ва Зайд эса Убай ибн Каъб фойдасига воз кечган эди”.
Европа қитъасидаги мамлакатлар мусулмонлари мустақил йўл тутгандан кўра, буюк имомнинг суннатга йўл бошловчи оқилона ҳукмига суяниши мақбулроқдир. Негаки, уларнинг жуда оз қисмигина ушбу масалада танлаш имконига эгадир. Бунинг сабаби оддий: кимдир араб тилини билмай туриб, маълум бир масалага оид барча ҳадисларни ўқиб чиқишни истаган тақдирда ҳам бу ишнинг уддасидан чиқа олмайди. Турли сабабларга кўра, инглиз тилига фақат ўнга яқингина ҳадислар тўплами таржима қилинган, холос. 300 дан ошиқ тўпламлар эса мутлақо таржима қилинмаган. Улар орасида Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”, Ибн Аби Шайбанинг “Мусаннаф”, Ибн Хузайманинг “Саҳиҳ”, Ал-Ҳакимнинг “Мустадрак” ва бошқа кўп жилдли тўпламлар сингари йирик китоблар бор. Ушбу китобларда на Бухорий, на Муслимда ва на бошқа китобларда топиладиган сон-саноқсиз саҳиҳ ҳадислар бор. Улар ҳали инглиз тилига таржима қилинмаган. Ҳатто биз мавжуд таржималар аслига мос деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам араб тилини билмайдиган кишилар шариат ҳукмларини тўғридан-тўғри Китоб ва Суннат асосида чиқаришга уринмагани маъқул. Таржима қилинган ҳадислар асосида шариат ҳукмларини чиқариш суннатнинг аксариятидан бехабарликка ва уларни эътибордан соқит қилишга, бинобарин, катта бузилишларга олиб келади.
Келтирилажак иккита мисол етарли, деб ўйлайман. Сунний мазҳаблар фиқҳ билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда керак бўладиган ақидаларида озгина ноаниқлик бўлган ҳолда ҳам қонуний жазо (ҳудуд) берилмаслиги принципи мавжуд ва қози ана шундай муҳмалликлар мавжудлигини исботлаш учун фаол ҳаракат қилиши керак. Оддий ўқувчи ҳам “Саунд Сикс” тўпламида бунинг тасдиғини топа олади. Бироқ мазҳаб ақидаси Ибн Аби Шайбанинг “Муаннаф”, ал-Ҳаризийнинг “Муснад”, Мусаддад ибн Мусарҳаднинг “Муснад”ида келтирилган ҳадисга асосланади. Унда шундай дейилади: “Ҳудудни муҳмаллик воситасида даф қилинг” . Имом ас-Санъоний “Ал-Ансоб” китобида ушбу ҳадиснинг (пайдо бўлиш) шароити хусусида ривоят қилади: “Бир киши мастлигида Умарнинг олдига олиб келинади, у ҳадд, яъни гуноҳкорни саксон қамчи уришни буюради. Жазо берилгач, гуноҳкор киши: “Умар, сиз мени хафа қилдингиз! Мен, ахир, қулман! (Қуллар жазонинг ярминигина олиши керак)”, дейди. “Умар бундан қаттиқ мутаассир бўлади ва Расулуллоҳнинг ҳадисини келтиради: “Ҳудудни муҳмаллик воситасида даф қилинг”.
Мусулмонларнинг ҳаж пайтида истиғфор қилиши бошқа бир мисолдир. Ҳадисга кўра: “Ҳожининг ва ҳожи гуноҳини сўраётган бошқа кишиларнинг гуноҳи кечирилади”. Ушбу ҳадис шу пайтгача инглиз тилига таржима қилинган биронта ҳам ҳадислар тўпламида учрамайди, аммо у Ат-Табаранийнинг “Ал-Муъжам ас-сағир”, Ал-Баззарнинг «Муснад» сингари тўпламларда ва бошқа кўпгина асарларда иснод сифатида учрайди.
Ислом қонунини бузиб қўйишдан художўйларча қўрқиши туфайли ўтмишнинг кўпчилик буюк алломалари – уларнинг 99 фоизи – мазҳабга содиқ бўлишган. Нотинч 14-асрда Ибн Таймия ва Ибн ал-Қаййум сингари бир ҳовуч ғайрификрлилар пайдо бўлди, аммо ҳатто улар ҳам чаласавод мусулмонларга мутахассис ёрдамисиз ижтиҳодга қўл уришни тавсия қилмаган. Номлари зикр этилган муаллифлар номи яқиндагина қайта тикланган ва машҳур қилинган ҳамда уларнинг классик исломнинг ортодоксал таълимотига таъсири унчалик кўп бўлмаган, буни улар асарларининг ислом дунёсининг улкан кутубхоналарида сақланиб қолган атиги бир неча қўлёзмаси ҳам исботлаб турибди.
Шунга қарамасдан, ўтган (19-) асрда рўй берган ижтимоий бўронлар пайтида авторитар таълимотдан воз кечишни ёқлаган кўплаб уламолар пайдо бўлди. Ушбу мужодаланинг энг машҳур намояндалари Муҳаммад Абдуҳ ва унинг шогирди Муҳаммад Рашид Ридо эди . Улар Ғарбнинг ғалабасидан шошиб қолиб, мусулмонларни “тақлид кишанлари”ни итқитиб ташлашга ва тўртта мазҳаб ҳокимиятини рад этишга ундар эди. Бугунги кунда баъзи бир араб мамлакатлари пойтахтларида, хусусан, маҳаллий ортодоксал таълимот анъанаси заифлашиб қолган жойларда, ёш арабларнинг ҳадислар тўпламини қўлга киритиб, улар билан уйларини тўлдираётганини ҳамда кенг қамровли ва мураккаб адабиётларни гўё Имом Шофиий, Имом Аҳмад ва бошқа буюк имомлардан кўра камроқ бузишни кўзлаб, пухта ўрганаётганини кўриш мумкин. Бундай масъулиятсизларча ёндашув, гарчи кенг тарқалмаган бўлса-да, ўзаро кескин тафовутли фикрларга йўл очиб бериши муқаррар. Айни ҳол ислом ҳаракатининг бирлиги, самарадорлиги ва унга бўлган ишончга путур етказган, минг йил олдин буюк имомлар ҳал этиб кетган масалалар юзасидан кескин баҳслар қўзғаган эди. Ҳозирги пайтда фаолларнинг масжидларни кезиб юргани, бошқа намозхонларни, гарчи улар фиқҳнинг етакчи имомлари ҳукмларига амал қилаётган бўлса-да, эътиқодида қусур бордай танқид қилаётгани оддий ҳолга айланиб қолди. Бундай бемаънилик келтириб чиқараётган кўнгилсиз ва сурбетларча муҳит саводи унчалик яхши бўлмаган кўплаб мусулмонларнинг масжидга бутунлай келмай қўйишига сабаб бўлмоқда. Ҳеч ким дастлабки уламоларнинг, мусулмонлар суннатнинг бир-биридан фарқ қилувчи талқинларига тоқат қилиши керак, чунки бундай талқинни мўътабар уламолар қилган, деган қарашини эсга олмайди. Суфён аз-Саврий айтганидай: “Мабодо, сиз бирор кишининг уламолар ўртасида тортишишга сабаб бўлган ишни қилаётганини кўрсангиз ва буни тақиқланган деб ўйласангиз, ўша кишига ўша ишини қилишни тақиқлашингиз дуруст эмас”. Бундай сиёсатга тескари бўлган йўл, албатта, мусулмон жамоасини ўз ичидан заҳарлайдиган парокандалик ва адоватга олиб келади .
Ғарб таъсирида пайдо бўлган глобал маданият одамларга болалигиданоқ “фақат ўзини ўйлаш”, ўрнатилган ҳокимиятга қарши курашиш фикри сингдирилаётгани туфайли баъзан уларнинг ўз ҳаддини билиши учун тийилиши, бўйсуниши қийин кечмоқда . Барчамиз маълум бир маънода фиръавнга менгзаймиз: манманлигимиз туфайли табиатан кимдир ўзимиздан кўра зиёлироқ бўлиши ва кўпроқ билиши мумкинлигини тан ололмаймиз. Оддий мусулмонлар араб тилини билмасдан туриб ҳам шариатдан ўзлари учун ҳукм чиқариб олиши мумкинлигига ишониш ушбу манманликнинг тобора ваҳшийлашиб бораётганидан далолатдир. Ўзлари чиқарган ҳукмдан мағрурланадиган, лекин манбаларнинг мураккаблигидан бехабар ва чин уламолик нуридан бебаҳра ёшлар учун бу ҳол алдаб қўювчи қопқон бўлиши мумкин ҳамда исломнинг ҳақиқий йўлидан чалғитиш, мусулмонлар ўртасида қасддан бўлмаса-да, кескин зиддиятларга олиб келиш билан интиҳо топади. Диннинг барча йирик алломалари – улар сирасига турли мазҳабларга тегишли бўлган ва шогирдларидан ҳам шуни талаб этган ҳадис синчилари киради – унутилиб бораётганга ўхшайди. Ўз қадрини бошқалардан баланд қўйиш соғлом фикр ва исломий масъулият устидан улкан ғалаб қозонди.
Қуръони карим мусулмонларга ақли ва тафаккур қудратини ишлатишни буюради; юксак таълимотларга эргашиш борасида бу қудратдан ниҳоятда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш талаб этилади. Усул ул-фиқҳ билан бошқа бир ихтисослашган фан ўртасида узоқ муддатли ўқиб-изланишни талаб этадиган кескин тафовутнинг ўзи йўқ, деган асосий тушунча ҳурмат қилиниши лозим. Аксилмазҳаб тамойилига ортодоксал жавоб тайёрлаган Шайх Саид Рамазон ал-Бутий ўзининг “Аксилмазҳабчилик: исломий шариатга хавф солаётган улкан бидъат” китобида ҳукм чиқариш илмини тиббиёт илмига таққослайди. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ ва потенциал нуқтаи назардан хавфлироқдир: манбаларни ахтаришга ҳаракат қилишимиз учун аҳмоқ, масъулиятсиз, ўзимизча муфтий бўлишимиз лозим. Бунинг ўрнига бутун умрини суннатни ўрганишга бағишлаган уламоларни, бизнинг камроқ хато қилишимизга имкон беридиган қонун принципларини тан олишимиз даркор.

Айни пайтда астрономиядан олинган яна бир ташбеҳни келтириш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Биз Қуръон суралари ва ҳадисларни юлдузга менгзашимиз мумкин. Оддий кўз билан, телескоп ёрдамисиз уларнинг аксариятини яхшироқ кўриб бўлмайди. Башарти, биз аҳмоқ ёки манман бўлсак, уни ясашга уриниб кўришимиз мумкин. Мабодо, анча-мунча нарсага ақлимиз етадиган ва камтар бўлсак, Имом Молик ёки Ибн Ҳанбал ясаб кетган ҳамда кейинги авлодларга мансуб буюк мунажжимлар тозалаган, ярқиратган ва такомиллаштирган телескопдан фойдаланишдан хурсанд бўламиз. Қолаверса, мазҳаб бизга исломни максимал даражада тиниқ кўриш имконини берадиган аниқлик асбобидан бошқа нарса эмас. Агар ўз асбобимизни ишлатадиган бўлсак, бизнинг ҳаваскорона саъй-ҳаракатларимиз кўришимизни бузиши шубҳасиз.

Шу ўринда учинчи бир мисолни келтириш ҳам жоиз. Кўҳна бино, масалан, Сараеводаги Бегова масжиди унда намоз ўқийдиган баъзи бир кишиларга мукаммал бўлиб туюлмаслиги мумкин. Ёш ташаббускорлар ушбу бинони янада кўркам ва мукаммал қилиш истагида ёниб (ва шубҳасиз, ўзларининг вақт билан боғлиқ таржеҳ (яхши кўрган нарса)ларидан келиб чиққан ҳолда) унинг остидаги пойдевор ва даҳмаларни очиб кўриши ҳамда меъморчилик принципларини ўзларича тушуниш асосида тепаларидаги улкан бинони тутиб турган асос ва устунларни замонга мослаштирмоқчи бўлиши мумкин. Улар, албатта, ўзларининг ишини оғизда маъқуллайдиган бир-иккита кишидан бошқа бирорта профессионал меъморни масалаҳат учун безовта қилмайди, шунингдек, бинонинг структурасини асрлар синовига бардош берадиган даражада мустаҳкам қилиб яратган кишиларнинг китоблари ёки хотираларини ўқиб ҳам ўтирмайди. Уларнинг ғайрати ва ғурури бунга вақт ҳам қолдирмайди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, пойдеворлар орасидан чўкич ва пармаларини олиб чиқиб, кўр-кўрона ғайрат билан ишга киришади.

Сунний исломга нисбатан ҳам худди шундай муносабатда бўлинаётгани ўта хавфлидир. Бино кўп асрлар давомида ўз душманларининг қақшатқич зарбаларига бардош бериб келди. У фақат ўз ичидан заифлашиши мумкин. Исломнинг зиёли рақиблари бундан хабардор экани шубҳасиз. Юксак тақводорлиги, буюк сунний имомларнинг тўртта мактабда шариатни мукаммал қонун ҳолига келтирганидан сўнгги қатъийлиги ва қобиллигига қарамасдан, илк мусулмонларни, парчалаб ташлаган тарқоқлик ва фитналар томошаси кўпгина кишилар миясига адоватни жойлаган кўринади. Мен улкан мазҳабларга ҳужум қилаётган кишилар ислом душманлари қўлидаги онгли қурол, демоқчи эмасман. Бироқ бу ҳол ортодоксал муқобил ислом маблағ тополмай, оч-наҳор турган бир пайтда улар нима учун машҳур бўлиш ва яхши пул топишга интилишни давом эттиражагини тушунтиришга имкон беради. Ҳозирги кунда мужтаҳид эканидан ғурурланган, тақлидни камтар ва зарур фазилат эмас, аксинча, гуноҳ деб билган турли-туман қарашлар яна юз кўрсатадиганга ўхшайди. Улар ибтидоий тарихимизда мусулмонлар бошига турли балоларни ёғдирган эди. Ҳар ким ўзининг ҳақлигига ишонган қақшатқич зиддиятлар оқибатида ўзаро уйғунликдаги тўртта мазҳаб ўрнига миллиардлаб мазҳабларга эга бўламиз. Исломни барбод қилиш учун бундан кўра зўрроқ схемани ҳеч қачон кашф этиб бўлмаса керак .

 

Абдулҳаким Мурод

(Инглизчадан Фаҳриёр таржимаси)


9 йил аввал 5726 Абдулҳаким Мурод
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳабларнинг келажаги ижтимоий-тарихий таҳлил
Мен дин олими эмасман, бинобарин, Исломдаги мазҳаблар ҳақида аввало, ижтимоий-тарихий таҳлил нуқтаи назаридан гапираман. Агар қаердадир хатога йўл қўйсам, уламолар хатоимни тўғрилаб қўйишади, деган умиддаман. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қаробат аҳли мазҳаби
Қаробат аҳли мазҳаби:Учинчи мазҳаб қаробат аҳли мазҳаби бўлиб, улар завил арҳомларнинг меросида асабалар меросига қиёсан қариндошлик даражасига сўнгра қаробат қувватига эътибор қилишади. Меросхўрлардан давоми...
9 йил аввал 5070 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳаббошилар тавсифи шеър
 Мазҳаббошилар тавсифиАсли динда булар эди комил, Фаръида нез тўрт эди омил.Бирлари Собит ўғлидур Нўъмон,Илму фазлу камоли бепоён.Шуҳрат ила Имоми Аъзамдур,Қанча аъзам дейилса ҳам давоми...
9 йил аввал 5743 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафий мазҳабидаги китоблар мартабалари
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади. Мазкур даражадаги китобларни давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафийлик фиқҳининг қисмлари ва ёрдамчи соҳалари
“Фиқҳ” сўзи луғатда “фаҳм қилмоқ”, “фаҳмлаш”, “англамоқ” ва “тушунмоқ” каби маъноларда бўлиб, у оддий “фаҳмлаш” эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, мукаммал ва муфассал давоми...
9 йил аввал 5827 Ҳамидуллоҳ Беруний