Намозга оид савол-жавоблар


Савол: Алмаштиришга шароит қийин ҳолда кийимга қорамол (ҳайвон) чиқиндиси теккан бўйи намоз ўқиса бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кийимни алмаштирмай тозаласа ҳам бўлади. Намоз ўқиш учун, хусусан мана шундай пайтларда, авратни ёпгудек нарса бўлса, кифоя қилади.

Шу билан бирга, маълум қисм нажосат афв ҳам қилинади. Бу ҳукмни яхши тушуниб олиш учун «Мухтасарул Виқоя»га қилган шарҳимиз – «Кифоя»дан иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз:
Отнинг ва ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги ҳамда ейилмайдиган қушнинг ахлати каби енгил нажосатда кийимнинг тўртдан биридан ози афв қилинади.
Енгил нажосатнинг «енгил» деб аталишига сабаб, уларнинг нажаслиги ҳақидаги ривоятлар турлича келганидир. Баъзилари «нажас» деса, бошқалари «нажасмас» деган ва нажаслиги ғолиб бўлган. Шунинг учун, уни енгил нажосат дейилган.
Мазкур нажосат кийимнинг тўртдан бирига ва ундан озига тегса, афв бўлгани учун, унда намоз ўқиса, жоиз. Бадандан бир аъзонинг тўртдан бирига тегса, афв қилинади.
Аммо ейиладиган қушнинг ахлати покдир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг устига кабутар тезак ташлаганда, тош билан артиб юбориб, намоз ўқийверганлар.
Худди шундай ҳолат Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг устиларига чумчуқ тезак ташлаганда ҳам бўлган. У киши панжалари билан артганлар.
Қадимдан Масжидул Ъаром ва бошқа масжидларда кабутар бўлган. Уларнинг ахлатларидан сақланиш имкони бўлмаган. Буни ҳеч ким намозга халал деб билмаган.
Фақат товуқники – худди икки чиқиш йўлидан чиқадиган нарсалар, қон ва ароқ каби – оғир нажосатдир.
Бу жумлада оғир нажосатлар ҳақида сўз бормоқда. Нажаслиги қатъий далил билан собит бўлган нарса оғир нажосат бўлади. Бунга оққан қон, гўшти ҳаром жондорларнинг тезаги ва сийдиги, агар таом емайдиган даражада кичик бўлса ҳам, шунингдек, ароқ, ҳавода тезак ташламайдиган уй ўрдаги ва ғози ҳамда товуққа ўхшаш паррандаларнинг тезаги, ўлимтикнинг гўшти ва териси, итнинг тезаги, йиртқичларнинг тезаги ва сўлаги, оғизни тўлдириб чиққан қусуқ, одамдан чиқиб таҳоратни синдирадиган нарсалар киради.
Ундан дирҳам (ъажми) миқдори афв қилинади. У қуюқ нажосатда бир мисқол (4,25гр), суюқда кафт(нингЎртаси – тангадай жой) миқдоричадир.
Ушбу миқдоргача бўлган оғир нажосат ила намоз ўқиса, жоиз. Ундан ортиб кетса, ўқиш дуруст эмас. Оз миқдордаги нажосатдан сақланиш қийин бўлганидан, бундай ъолат афв қилинган.
Игнанинг учичалик миқдорда сачраган сийдик ҳеч нарса эмас.
Бундан сақланиш мушкулдир. Аммо, шу шаклдаги сийдик сувга тушса, сув нажас бўлади.
Қассобга сачраган қон ҳам афв қилинади. Шунингдек, нажосатга теккан пашшанинг асари ҳам, эшак ва сигирнинг тезаги ҳам.
Кўчада сачрайдиган лой ҳам, агар унда нажосат борлиги аниқ бўлмаса, афв қилинади. Валлоҳу аълам.

Савол:
Мен бир масалада биродарларим билан баҳслашиб қолдим. Фарз намозидан кейин дарров суннат намозига туриб кетган афзал дедим, чунки Тошкентнинг обрўли масжидларидан бирида, агар фарз намозидан кейинги ўтиришлик ҳамма айтадиган кичик бир дуо микдоридан ошиб кетса, суннат намоз нафлга айланиб қолади, деган масалани эшитувдим. Ва шунга ҳозиргача амал қилиб келаман. Бу масалани дўстларимга айтсам, исбот, далил сўрашяпти.

Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Фарз намоз билан суннат намоз орасида узилиш бўлиши керак. Дарров суннат намозга туриб кетиш яхши эмас. Шунингдек, агар фарз намозидан кейин ўтириш кичик бир дуо миқдоридан ошиб кетса, суннат намоз нафлга айланиб қолади, деган гап ҳам тўғри эмас. Расулуллоҳ алайҳиссалом пешиннинг икки ракъат суннатини кечиктириб, ўша намоздан кейинги асрдан олдин ўқиганлари ҳақида ривоят бор.
Фарз намоз билан суннат намознинг орасида узилиш бўлиши кераклиги Абу Ҳанийфа ва Шофеъийнинг мазҳабида бўлиб, Ибн Аббос, Зубайр розияллоҳу анҳумо каби саҳобалардан ривоят қилинган. Ана ўша узилиш фарз намоз ўқиган жойини алмаштириш ёки бирор дуони ўқиш билан бўлади.

Соиб ибн Язийддан ривоят қилинади:
«Муовия билан махсус хонада Жумъа ўқидим. Имом салом берганидан кейин туриб, суннат ўқидим. У ичкарига кирганидан кейин олдимга одам юбориб, бу қилганингни такрорлама, Жумъани ўқиб бўлсанг, то гапирмагунингча ёки чиқмагунингча бошқа намоз ўқима, Расулуллоҳ бизга шундай амр қилганлар, – деди».
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Фарз ва суннат намозларини кетма-кет улаб ўқимай, улар орасини ажратишни шариатда «фосила» дейилади.
Шаръий ҳукм шуки, «фосила» намознинг сиҳҳати учун намоздан ташқарида лозим бўлган суннат амалдир. Энг саҳиҳ фосила намоздан сўнг дуо қилишдир. Яъни, фарз, вожиб ва суннат намозлар орасини қисқароқ дуо билан ажратиш энг тўғри амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоздан сўнг дуо қилар ва буни саҳобаларига ҳам ўргатар эдилар.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан чиқсалар, уч марта истиғфор айтар ва «Аллоҳумма антассалам ва минкассалам табарокта йа залжалали вал икром», дер эдилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Намозни ўқиб бўлиб, салом бергандан ке¬йин қимирламай туриб уч марта «Астағфируллоҳ» дейиш ва «Аллоҳумма антассалом»ни охиригача ўқиш ҳозирда расм бўлган ва унга амал қилинади.
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муғийра Муовияга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан фориғ бўлиб, салом берсалар:
«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма ла монеъа лима аътайта ва ла муътия лима манаъта ва ла янфаъу зал жадди минкал жадду», дер эканлар» деб хат ёзди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилма¬ган.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир. ҳамд Уникидир. У ҳар бир нарсага қодирдир. Эй, бор Худоё, Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Сендан бўлган иқобни қайтарувчи йўқ».
Кўпчилик кишилар ушбу набавий дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрадилар. Билмаганлар ёдлаб олсалар, яхши бўлади.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб:
«Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинни ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика» демоқлигингни тарк қилмасликни тавсия қиламан», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси:
«Эй бор Худоё, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин».
Мана шу ҳадисларда баён этилган матнлар фосила учун энг мақбул дуолар ҳисобланади.
Қайси намоздан кейин бўлишидан қатъиназар, жойни ўзгартириш учун у ёқ-бу ёққа югургилашнинг ҳожати йўқ. Турган жойидан бир-икки энлик ёки ярим қарич ёнга сурилишнинг ўзи кифоя қилади. Агар аввалги намозидан сўнг дуо қилган бўлса, сурилишга ҳам, жой ўзгартиришга ҳам ҳожат қолмайди. Ўша жойдан қимирламай кейинги намозини адо этавериши мумкин. Валлоҳу аълам.

Савол:
Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх жаноблари. Саволларим шундан иборат:
«Таҳажжуд намозининг энг яхши вақти кечанинг охирги учинчи қисми» деб эшитганман. Шу билан бирга, витр намозини ҳам кечиктириб (кечанинг учинчи қисмида ёки Бомдод вақти киришига яқин) ўқиса, бўладими, агар жоиз бўлса, қайси вақтда ўқиган афзал, кечиктирибми ёки Витрни Хуфтон намози билан бир вақтда ўқиш афзалми? Агар Витр намозини кечиктириб ўқилса, Таҳажжуд намозини Витр намозидан олдин ўқиш лозимми ёки кейин? Иккаласи ҳам жоиз бўлмаса, қайси вақтда ўқиган афзалроқ?

Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Витр намозини кечанинг аввалида ёки охирида ўқишдан қай бири афзаллиги намозхоннинг ҳолатига боғлиқ. Агар намозхон кечанинг охирида уйқудан тура олмайдиган бўлса, мазкур намозни кечанинг аввалида ўқигани афзал. Агар намозхон кечанинг охирида туришга аниқ кўзи етса, кечанинг охирида ўқигани афзал.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида Витр ўқисин. Ким унинг охирида туришдан умидвор бўлса, Витрни кечанинг охирида ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир», – дедилар».
Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишан.
Таҳажжуд ва Витр намозини кечанинг охирида ўқиганда, аввал Таҳажжуд, кейин Витр ўқиш афзал. Валлоҳу аълам.

Савол: Одатда бизда Жумъа намозидан олдин тўрт ракъат суннат ўқилади. Лекин «Мишкот» китобида фарздан олдинги тўрт ракъат суннат айтилмаган. Араб ўлкаларида бу суннат ўқилмас экан, бизда ўқилишига бирор ҳужжат борми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу саволда ҳозирги кунда диёримиздаги мўмин-мусулмонларнинг айримлари одатланиб қолган дард ўз аксини топган. Унда «Мишкот» китобида фарздан олдинги тўрт ракъат суннат айтилмаган» деган гап бор.
Битта китобга Ислом динининг барча таълимотлари жойланиши мумкин эмас. Ҳаттоки бир мавзуъга аталган, мисол учун, Жумъа намозига аталган бир китоб ҳақида «шу китобда Жумъа намозига тегишли барча каттаю кичик масалалар жамланган, бу борада унга кирмаган ҳеч нарса қолмаган» деган даъвони ҳеч ким қила олмайди.
«Мишкот» ҳадис борасидаги китоблардан бўлиб, кўпгина нарсаларни муаллиф ўзи тўплаган ҳадисларда акс эттиришга ҳаракат қилган. Лекин муаллифнинг ўзи ҳам, бу китобни шарҳ қилган катта уламолар ҳам ва шу кунгача ўтган китобга алоқаси бор кишилар ҳам ҳеч қачон «Мишкот» китоби Ислом динидаги ёки намоз бобидаги ёки Жумъа ҳақидаги барча маълумотларни ўз ичига олган, бундан бошқа ҳеч нарса йўқ, ана шу китобда келгани ҳисоб, бошқаси ҳисобмас», деган эътиқодни қилмаган.
Биздаги хато – битта китобни ўқиймиз-да, ана шу китоб ҳақида «бор ҳақиқат шу, бундан бошқа ҳеч гап йўқ», деган тушунчага ўтиб оламиз. Бу, мутлақо нотўғри гап, умуман ноқис бир тушунча ҳисобланади.
Ушбу ҳолат тажрибада ҳам кўрилди. Бир гуруҳ ёшларимиз шунга ўхшаш баъзи бир диний аҳкомларда кўпчиликка ихтилоф қилиб, масжид имомларига таъна етказган, ҳар хил гап-сўзлар бўлиб ўтган экан ва айнан мана шу – Жумъадан олдин ўқиладиган тўрт ракъат суннат намозини инкор қилиш ҳолати бор экан. Улар билан бўлган суҳбат давомида: «Нима учун мана шу «тўрт ракъатли суннат намози йўқ», деган фикрга келдиларингиз?» деб сўрасам, уларнинг раҳбари: «Аркони Исломда йўқ экан», дея жавоб берди. «Аркони Ислом нима?», – десам, у: «Китоб» – деди. Мен унга: «Тўхтанг энди, мен бу китобни кўрганим йўқ, билганим йўқ. Лекин гапингиздан маълум бўлдики, бу китоб чет элдан келган, ҳажми кичкинагина, ўзбек тилига таржима қилинган китоб бўлса керак?» – дедим. У: «Ҳа, тўғри, Саудиядан келган», – деди. Мен айтдим: «Ўша кичкина китобда бир нарса айтилмай кетган бўлса, у бошқа китобларда бўлиши мумкин-ку? Имом домланинг китоб жавонидаги мана бу китобларни кўринг. Ўша битта кичкина китобда йўқ нарса бу китобларда бўлса, эътироф қиласизларми ё инкор қиласизларми? Битта нарсани, кичкинагина китобни ўқиб олиб, ўшанда йўқ нарсани «йўқ» деб юборишдан уялмадиларингизми? «Мана бу ерда йўқ экан, халқимиз асрлар оша шунинг амалини қилиб келяпти экан, биз нима қилайлик?» деб домлаларингиздан сўрасаларингиз бўлмасмиди?».
Демак, бирор китобда, жумладан, «Мишкот» китобида айтилмаган нарса «йўқ» деган тушунчага бормаслигимиз керак.
Саволнинг иккинчи қисмида яна бир хато тушунча акс этган: «Араб ўлкаларида бу суннат ўқилмас экан!».
Бу ҳам, яъни: «арабларда бор нарса бор, йўқ нарса йўқ» деган тушунча ҳам бир дард. «Араблар араб, ҳамма нарса ўшалардан, шуларнинг билгани-билган, дегани-деган» тушунча жуда ҳам нотўғри.
Араблар, ҳақиқатан, мўмин-мусулмонларга етак¬чи халқ бўлиб келган. Лекин бу – «нима нарсани араб қилса, тўғри, араб қилмаса – нотўғри», деган гап эмас. Арабларнинг ичида яхшиси бор, ёмони бор, мусулмони бор, насороси бор, диндори бор, динсизи бор ва ҳоказо. Шунинг учун, араб ўлкаларига ёки араб шахсларга қараб исломий ҳукмларни чиқариш, бирор нарсага баҳо бериш умумий мезон бўла олмайди.
«Бизда ўқилишига бирор ҳужжат борми?», деган саволга келсак, бизда мазкур суннатнинг ўқилиши Ҳанафий мазҳаби асосидадир.
Ҳанафий мазҳаби бутун Ислом олами тан олган тўрт фиқҳий мазҳабдан биридир. Бу мазҳабга эргашувчилар ичида турли миллатлар ва қавмларга мансуб мусулмонлар бор. Жумладан, жуда кўплаб араблар, форслар, турклар бор, Ҳиндистон ва яна кўпгина юрт, миллат ва қавмларнинг вакиллари бор. Ҳанафий мазҳаб уламолари ўзлари келтирган ҳар бир ҳукмга Қуръондан ёки Суннатдан ҳужжат келтирганлар. Жумладан, «Жумъа намозидан олдин тўрт ракъат суннат ўқилади» деган ҳукмнинг ҳам, албатта, ҳужжати бор.
Муҳаддис уламоларимиз Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилган бир қанча ҳадисларда Набий алайҳиссаломнинг Жумъа намозидан олдин тўрт ракъат суннат намози ўқиганлари тўғрисида маълумотлар келган. Шунингдек, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан ва яна бошқа бир қанча кишилардан ҳам бу маънода ривоятлар келган. Ана ўша ривоятлар асосида Ъанафий мазҳабида «Жумъа намозидан олдин ҳам Пешиндан олдинги тўрт ракъат каби тўрт ракъат намоз ўқиш суннат» деган ҳукм жорий бўлган. Ъанафий мазҳабидагилар бунга қадимдан амал қилиб келганлар. Буни ҳозирги кунги мўмин-мусулмонлар ҳам яхши билишлари, бошқа аҳкомлар қатори бу ҳукм ҳам ҳужжат-далилларга эга эканини яхши англаб олишлари лозим. Валлоҳу аълам.

 Савол: Имом такбири увлони (аввалги такбирни) чўзиб айтса, иқтидо қилувчи эса имом тугатгунича айтиб бўлса, иқтидо қилувчининг намози намоз бўладими?
Жавоб: Намози дуруст бўлмайди.
لا يصير شارعا بالمبتدأ كاللّه فقط وباكبر فقط هو المختار. فلو قال اللّه مع الإمام واكبر قبله او ادرك افمام راكعا فقال اللّه قائما اكبر راكعا لم يصح فى الأصح. رد المختار.
Фақат «Аллоҳ» лафзи  ёки фақат «акбар» лафзи билан намозга киришса, намозга киришган бўлмайди. Мухтор қавл шудир. Агар «Аллоҳ» лафзини имом билан бирга айтиб, «акбар» лафзини имомдан аввал айтса ёки имомни рукуъ қилган ҳолида топиб, тик туриб, «Аллоҳ» лафзини айтса-ю, «акбар» лафзини рукуъга эгилган ҳолда айтса, саҳиҳ қавлга биноан, намози дуруст бўлмайди («Роддул мухтор»)

Савол: Имом такбири увлони (аввалги такбирни) чўзиб айтса, иқтидо қилувчи эса имом тугатгунича айтиб бўлса, иқтидо қилувчининг намози намоз бўладими?
Жавоб: Намози дуруст бўлмайди.
لا يصير شارعا بالمبتدأ كاللّه فقط وباكبر فقط هو المختار. فلو قال اللّه مع الإمام واكبر قبله او ادرك افمام راكعا فقال اللّه قائما اكبر راكعا لم يصح فى الأصح. رد المختار.
Фақат «Аллоҳ» лафзи  ёки фақат «акбар» лафзи билан намозга киришса, намозга киришган бўлмайди. Мухтор қавл шудир. Агар «Аллоҳ» лафзини имом билан бирга айтиб, «акбар» лафзини имомдан аввал айтса ёки имомни рукуъ қилган ҳолида топиб, тик туриб, «Аллоҳ» лафзини айтса-ю, «акбар» лафзини рукуъга эгилган ҳолда айтса, саҳиҳ қавлга биноан, намози дуруст бўлмайди («Роддул мухтор»)

Савол: Имомнинг намозига кеч қолган киши қолган ракъатларини қандай адо қилади?
Жавоб: Имомнинг бирор ракъатига етолмаган киши масбуқ (ортда қолган киши) дейилади. Масалан:
Пешин намозининг бир ракъатига кеч қолган киши келганида, имом рукуъда бўлмаса, такбири таҳрима айтиб, намозга қўшилади ва сано ўқийди. Сўнг имом билан уч ракъатни адо қилади. Имом салом бергач, туриб, таъаввуз, тасмия айтиб, «Фотиҳа» сурасини ва зам сура ўқийди, сўнг ташаҳҳудга ўтиради;
Икки ракъатга кеч қолган бўлса, имом салом бергач, туриб, «Фотиҳа» ва зам сура ўқиб, кетма-кет икки ракъатни тугатади;
Агар уч ракъатга кеч қолган бўлса, имом салом бергач, туриб, «Фотиҳа» ва зам сура билан бир ракъат ўқийди. Шу билан унинг намози икки ракъат бўлади. Ҳар икки ракъатдан сўнг бир қаъда вожиб бўлгани учун  қаъдага ўтиради. Сўнг туриб, бир ракъат«Фотиҳа» ва зам сура билан, сўнг яна бир ракъат «Фотиҳа»нинг ўзини зам сурасиз ўқиб, ўтиради;
Шом намозининг икки ракъатига кеч қолган киши имом билан бир ракъат ўқигач, салом бермай, туради ва «Фотиҳа» ҳамда зам сура билан бир ракъат ўқиб, қаъдага ўтиради ва ташаҳҳуд ўқийди. Сўнгра туриб, «Фотиҳа» ва зам сура билан яна бир ракъатни ўқиб, ўтиради. Кўпчилик Шом намозининг бир ракъатига етиб келса, туриб, бирдан икки ракъат ўқиб, кейин ташаҳҳудга ўтиради. Бу хатодир. Ушбу ҳолатда ўртадаги вожиб бўлган қаъда тарк қилингани учун, вақти чиқмаган бўлса, қайтадан ўқиб олиши вожибдир. Қайтариб ўқимаса, вожибни тарк қилгани туфайли намоз  нуқсон билан адо этилган бўлади.

Савол: Яқинларимдан бири намоз ўқиётган вақтида эгила олмайди. . . у намозини қай ҳолатда адо этгани маъқул?

Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
«Қиём» сўзидан тик туриш англанади. Намозда тик туриш фарздир.
Бу ҳукмнинг далиллари қуйидагича:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг», деган (238-оят).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менинг бавосирим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. Ул зот:
«Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», – дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тик туриб намоз ўқиганлар.
Албатта, намоздаги қиём унга қодир бўлганларга фарз. Ожиз бўлганларга фарз эмас.
Нафл намозларда қиём фарз эмас.
Қиёмнинг чегараси-турганда чўзилган қўли тиззасига етмаслигидир. Агар чўзганда қўли тиззасига тегиб қолса, тик турган бўлмайди ва намознинг қиёмини бажармаган бўлади.
Қиёмнинг фарз миқдори такбири таҳрима айтиш, «Фотиҳа» сурасини ва зам сурани ўқиш миқдоричадир.
Тик туришга қодир бўлган бирор нарсага суяниб турган бўлса-ю, ўша нарсани олиб ташласа, йиқилиб кетадиган даражада бўлса, қиёми тўғри бўлмайди. Узрли бўлса, майли.
Қип-яланғоч бўлиб қолган одамга намозда қиёмнинг фарзлиги соқит бўлади.
Турли беморликлар ила қиёмга қодир бўлмаса ёки тик туриши дард зиёда қиладиган бўлса, қиёмнинг фарзлиги соқит бўлади.
Тик турса, душман кўриб қолишидан қўрққан одамдан ҳам қиёмнинг фарзлиги соқит бўлади.
Бемор одам қиёмга қодир бўлса-ю, рукуъ ва саждага қодир бўлмаса, унга қиём лозим эмас. Ўтириб имо билан намоз ўқиса бўлаверади.
Намозни бошлаган пайтда соғ одам намоз ўқиётиб беморлик ориз бўлиб, қиёмга қодир бўлмай қолса, намозини ўтириб давом эттиради.
Ўтириб намоз ўқиётган одам соғайиб тик туришга қодир бўлиб қолса, намозини тик туриб давом эттиради. Валлоҳу аълам.

Савол: Ҳозир ҳар хил атир-духилар, айниқса франъузчаси кўпайиб кетди. Биз, яъни – намоз ўқийдиганлар уни кийимларимизга сепиб, намоз ўқисак, бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Тиббий ёки техник мақсадда тайёрланган спиртларни атир, дори тайёрлаш ва шунга ўхшаш нарсаларда ишлатиш жоиз. Чунки, уларга қўшиладиган баъзи бир моддалар фақат ана ўша спирт билангина эриши мумкин. Шу боис, сиз айтган атирлар сепилган кийим ила намоз ўқишга уламолар рухсат берганлар. Валлоҳу аълам.

Савол:
Ассалому алайкум, ҳурматли Ҳазрат! Агар самолётда кетаётган вақтингизда намоз вақти кирса, қибла тарафни аниқлашнинг имкони бўлмаса намозга қандай ният қилинади? Жавоб учун миннаддорчилик билдираман.

Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
«Қибла» луғатда «қаршида, рўбарўда турган нарса» дегани.
Намозда Каъбаи Муаззама намозхоннинг юзланадиган томони бўлгани учун «қибла» дейилади.
Намозни қиблага қараб ўқиш шартлигининг далили:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Ва қаердан чиқсанг ҳам, юзингни Масжидул-Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингиз-ни у томонга буринг» (150-оят), деган.
Намоз фарз бўлганидан кейин Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Каъбага қараб намоз ўқиганлар.
Набийи соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг, Байтул-Мақдис томонга қараб намоз ўқишни бошлаганлар. Қибла ўша томон бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадийнаи Мунавварага келишлари Робиъул аввал ойида бўлган. Қибланинг Каъба томон бурилиши эса, ҳижрий иккинчи йилнинг Ражаб ойи ярмида бўлган. Шу икки муддат ичида Байтул Мақдис қибла бўлиб турган. Сўнг Каъба қибла бўлган.
Демак, Каъбага қараб ўқилмаса, намоз намоз бўлмайди.
Имом Абу Довуд ривоят қиладилар:
«Бир яҳудий Абул Олия билан қибла ҳақида тортишиб қолди. Бас, Абул Олия:
«Мусо харсанг тош олдида намоз ўқирди ва Байтул Ҳаромга юзланар эди», – деди.
«Сен билан менинг орамизда (ҳукм қилувчи) Солиҳнинг масжиди», – деди яҳудий.
«Мен Солиҳнинг масжидида намоз ўқиганман. Унинг қибласи Каъбага қараган», – деди Абул Олия.
Абул Олия Зулқарнайннинг масжидида ҳам намоз ўқигани ва унинг қибласи ҳам Каъбага қараганлиги хабарини берди».
Камина ходимингизнинг ўн етти йил роҳиб бўлиб, кейин мусулмон бўлган бир дўсти насороларнинг Қуддусдаги бош ибодатхонасининг қибласи ҳам Каъбага қарагани ҳақида хабар берган.
Фуқаҳолар намознинг тўғри бўлиши учун қиблага юзланиш шарт эканига иттифоқ қилганлар.
Хавф ва улов устида нафл намоз ўқиш бундан мустасно. Яъни, душман, йиртқич ҳайвон хавфи таҳдид солиб турганда ва улов устида кетаётган шахс нафл намоз ўқимоқчи бўлса, қиблага қарамай намоз ўқиса, жоиз.
Шу билан бирга, қиблага юзланишга қудрат ҳам бўлиши лозим. Боғлаб қўйилган ёки бемор одам ўзини ечиб юборадиган ёки қиблага юзлантириб қўядиган шахсни топмаса, қиблага юзланмай ҳам намоз ўқиса, бўлади.
Ким Каъбани кўриб турса, унга Каъбанинг ўзига юзланиши фарз. Каъбани кўра олмайдиган одам унинг томонига юзланса, бўлди. Намозхон бадани ва назари билан Каъбага юзланади.
Қиблани биладиган одам топилмаса, ижтиҳод қилади.
Ижтиҳодида хато қилган одам намозни қайта ўқимайди.

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан зулматли кечада сафарда эдик. Қибла қайси тарафда эканини била олмадик. Биздан ҳар бир киши ўз билганича қараб намоз ўқиди. Тонг оттирганимиздан кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдик. Бас, «Қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи ўша томонда» ояти нозил бўлди».
Термизий ривоят қилган.
Демак, ояти карима саҳобаи киромларнинг ижтиҳод қилиб, қиблага юзландим, деб қилган урунишларини тасдиқлаб нозил бўлган.
Булут ва зулмат туфайли ҳамда бошқа сабабларга кўра қиблани аниқлай олмаган киши ўзича ижтиҳод қилиб бўлгандан кейин қибла бошқа томонда экани аён бўлиб қолса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, намозни қайтариб ўқимайди. Ҳанафий мазҳаби ҳам шу фикрга қўшилган.
Самолётда кетаётган одам ҳам аввал биладиганлардан, хизматчилардан сўрайди. Улар қибла тарафни айтиб бера олмасалар, ўзи ижтиҳод қилиб, «қибла шу тараф» деган қарорга келади ва намозини ўқийди. Валлоҳу аълам.

Хоҳ самолётда, хоҳ поездда, хоҳ машинада, хоҳ кемада сафар қилаётган киши фарз ва вожиб намозларни қиблага юзланиб ўқиши фарздир. Агар қибладан бошқа тарафга қараб намоз ўқиса, намози намоз бўлмайди.
Мусофир ёки меҳмон қибланинг қайси тарафда эканини билмаса, биладиганлардан сўрайди. Биладиган кишилар бор бўлиб туриб, сўрамасдан намоз ўқиш ҳам мумкин эмас. Энди айтиб берувчилар ҳам топилмаса, ой, қуёш ва юлдузларга қараб қиблани аниқлайди. Агар шу йўл билан ҳам билишнинг имкони бўлмаса, чуқур фикр юритгандан сўнг қалби қайси тарафни қибла деб топса, намозни ўша тарафга юзланиб ўқийди. Кейинчалик ана шу томон қибла бўлмаса эмаслиги аниқ бўлиб қолса ҳам намози намоз бўлаверади. Шунингдек, қиблани биладиган одам бўлиб туриб ёки уни аниқлашнинг воситаси мавжуд бўлиб туриб, улардан фойдаланмасдан, ўзича қиблани қайсидир тарафда деб қасд қилиб, намоз ўқиса ва кейинроқ қибланинг ҳақиқатда ҳам ўша томонда эканини билса, намози дуруст. Агар бошқа тарафда экани аниқ бўлиб қолса, намозларини қайтадан ўқийди.
وَمَنْ اشْتَبَهَتْ عَلَيْهِ الْقِبْلَةُ تَحَرَّى وَ إِنْ أَخْطَأَ لَمْ يُعِدْ وَإِنْ عَلِمَ بِهِ فِي صَلاتِهِ إِسْتَدَارَ.
«Бир киши қиблани билмаса (сўрайдиган одам ҳам бўлмаса), кўнгли қайси томонни қибла деса, ўша томонни қасд қилади. (кейинчалик) Агар хато қилганини билса ҳам намозини қайтариб ўқимайди. Агар намозини ичида хато қилганини билиб қолса, бурилиб олади» («Баҳрур роиқ»)
Шунингдек, Каъбани кўриб турган кишига Каъбанинг ўзига юзланиб намоз ўқиш фарздир. Бошқа юртлардаги кишиларга эса тўрт томондан Каъба бор томонга юзланиб ўқиш фарз. Шунинг учун қибла томонга юзланиб ўқувчи Каъбанинг айнан ўзидан 45°гача ўнг ёки чап томонга мойил бўлган бўлса ҳам намози дуруст бўлади. Агар 45°дан ошиб кетса, Каъбадан бошқа томонга юзлангани сабабли намози дуруст бўлмайди. Баъзи бир масжидларнинг қибла тарафи Каъбадан 45°га ўнг ёки чап томонларга бурилиб қолиши намозларга зарар қилмайди («Раддул-мухтор»).

Савол: Одатда аёлларнинг сочи узун бўлиб, намозда кўринмаслиги учун уни йиғиб олиш лозим бўлади. Бироқ, фиқҳ китобларида «Намозда сочни йиғиб олиш макруҳ» дейилган. Хўш, бу ҳукм эркакларга хосми ёки аёлларга ҳам тааллуқлими?
Жавоб: Ҳозир кўпчилик аёллар сочларини бошнинг тепароқ қисмига айлантириб, йиғиб оладилар. Намоз пайтида сочларни бу ҳолда йиғиштириш макруҳдир. Намоздан бошқа пайтда бўлаверади.
Аёллар сочларини битта қилиб ўриб ёки битта қилиб йиғиштирилган ҳолда узун қилиб ташлаб, (рўмолдан кўринадиган даражада узун бўлса, кўйлакнинг ичига киргизиб) олишлари мумкин. Муҳими, сочлар бир текисда осилиб туриши керак. Сабаби, намоздагу хушуъ ва хузуъ шуни талаб қилади. Намозда ҳамма аъзолар, жумладан, либослар ҳам қибла томонга юзланиб, бир текисда туриши керак. Кўйлакнинг енги ва этакларини қайириб олиш макруҳдир, уларни йиғиштирмасдан, осилтириб, ёзиб қўйиш лозим. Шунингдек, сочни ҳам.
Аввал билмаганлар «Энда бизнинг ўқиган намозларимиз нима бўлади?» деб тушкунликка тушмасинлар. Билмаганларимизни Аллоҳ мағфират қилади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло қилаётган амалларимизнинг хато ва нуқсонларини кечирган ҳолда Ўз даргоҳида мақбул айласин.

Мутафаққиҳалар жамоаси

Савол:
Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари! Сизга қуйидаги саволларни бермоқчи эдим.
1. Сафарда намозларни қандай адо этмоғимиз лозим бўлади?
2. Сафарга чиқиш масофаси қандоқ белгиланади, узунликками ёки кунларгами?
3. Сафарда масжидда имомга иқтидо қилган ҳолда намозни адо этсак, суннатларини ҳам ўқишимиз лозимми?
4. Масжидга кирганимизда, имом бошқа маз¬ҳабда намоз ўқиётган бўлса, биз униинг барча ҳаракат¬ларини такрорламоғимиз лозим бўладими?
5. Сафарда бир масжид имоми фарз намози иккинчи ракъатида рукудан сўнг дуо қилиб, сўнгра сажда қилди, бу ҳолатда биз нима қилмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин!

Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Бу саволга тўлиқ жавоб бериш учун «Мухтасарул Виқоя»да бу масалада келган матн билан танишиб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Унда, жумладан, шунд


7 йил аввал 23687 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 46452 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10138 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35264 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7921 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12502 fiqh.uz