Заиф ҳадисни писанд қилмай қўйиш


Савол: Аллоҳ таолодан сизга саломатлик сўраган ҳолда қуйидаги саволни бермоқчиман. Ҳазрат, жавобингизга ҳар доимгидек мунтазирман. Ҳозир кўп кузатяпман, агар бир ҳадиси шариф «заиф» дейилгудек бўлса, одамлар уни писанд қилмай қўйяпти, аслида, бу хато-ку. Заиф ҳадис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинганлигини ким ҳам инкор қила олади? Бир мисол, имом Абу Ҳанифага: «Сен ҳадис турганда, ўз раъйинг билан жавоб беряпсан», деб таъна қилишганда, у киши «Ҳатто заиф ҳадис бўлганда ҳам, мен раъйни ишлатмайман.

 Ҳадис бор жойда раъйга ўрин йўқ» деган маънода жавоб берган эканлар. Шунга кўра, ҳадис гарча заиф бўлса ҳам унга амал қилишимиз, диққат қилишимиз зарур эмасми, устоз?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Сиз айтаётган гап одамларимизнинг илмсизлиги оқибатида тарқалган. Бундай одамлар билиб-билмай, ҳар нарсани гапираверишни ўзларига эп кўрадилар. Аслида эса, гап бошқача. Уламолар бу масалада қуйидагиларни айтадилар:
Заиф ҳадисга амал қилишнинг ҳукми.
Уламолар заиф ҳадисга амал қилиш борасида ихтилоф қилдилар. Уларнинг бу борадаги ихтилофлари асосида уч хил йўналиш пайдо бўлди.
1. Заиф ҳадисга мутлақо амал қилиб бўлмайди, дейдиган уламоларнинг йўналиши.
Бу фикрни Яҳё ибн Маъийн ва бошқа кўпгина уламолар айтганлар. Уларнинг айтишича, заиф ҳадисга шаръий ҳукмларда ҳам, бир нарсага тарғибот қилишда ҳам, ёмонликдан қайтаришда ҳам, фазийлатли ишларда ҳам амал қилиб бўлмайди.
«Қавоидут-таҳдийс» китобининг муаллифи Муҳаммад Жамолуддийн Қосимийнинг фикрича, имом Бухорий ва имом Муслим ҳам шу йўлни тутганлар.
Ўз асрларида Моликий мазҳабининг кўзга кўринган имомларидан бўлган Абу Бакр ибн Арабий, шофеъийлардан Абу Шома Мақдисий, зоҳирийлардан ибн Ҳазм ҳам ушбу йўналишда бўлганлар. Уларнинг фикрига биноан, ҳадис Қуръондан кейинги иккинчи шаръий манбаъ бўлганлиги учун, ундан фақат собит бўлгани ва собитлиги ғолиб бўлганини қабул қилиш керак бўлади. Заифини эмас.
2. Агар бошқа далил бўлмаса, заифга амал қилса бўлаверади.
Бу йўналиш тарафдорлари имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довуд ҳам ушбу фикрнинг тарафдорлари эканлигини таъкидлайдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан «Агар бошқаси топилмаса, заифга амал қилинади», деган қавлни ривоят қиладилар. Шунингдек, у кишидан яна «Бизнингча, заиф ҳадис одамларнинг раъйидан маҳбубдир» деган гапни ривоят қиладилар.
Аммо уламолар имом Аҳмад «заиф» деб атаган ҳадис кўпчилик учун маълум бўлган, мардуд деб баҳоланадиган ва тарк қилиниши лозим бўлган «заиф» эмаслигини таъкидлайдилар.
Бу ҳақда Ибн Қайюм айтади:
«Унинг (Аҳмад ибн Ҳанбалнинг) ҳузурида заифдан мурод, ботил ва мункар, ривоятида туҳматга учраган ровий бор, ривоят қилиш ҳам, амал қилиш ҳам мумкин бўлмаган ҳадис эмас. Унинг назаридаги «заиф» «саҳиҳ»нинг қаршисидаги ҳадис бўлиб, ҳасан ҳадиснинг қисмларидан бир қисмдир. У ҳадисларни «саҳиҳ», «ҳасан» ва «заиф»га тақсимламас эди. Балки, «саҳиҳ» ва «заиф»га тақсимлар эди».
3. Заиф ҳадисга фазийлатли ишларда, мавъизада, қиссаларда, тарғиботда, ёмонликдан қайтаришда ва шунга ўхшаш нарсаларда амал қилса бўлади.
Жумҳур уламолар: «Агар заиф ҳадис фазийлатли амалларга хос бўлса, унга амал қилиш мустаҳабдир», дейдилар. Лекин унга амал қилишнинг учта шарти бор.
Ҳофиз ибн Ҳажар мазкур учта шартни қуйидагича ифода қилади:
а) заифлиги жуда ҳам шиддатли бўлмаслиги керак.
б) ўша ҳадиснинг маъноси шариатда амал қилиниб турган бир аслнинг остига кирадиган бўлиши керак.
в) амал қилиниши билан бирга, унинг собитлигига эътиқод қилмаслик керак, балки эҳтиёт шарт, деган тушунчада бўлиш керак. Валлоҳу аълам.

 


4 йил аввал 2488 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фатво китоблари ва фатвога масъуллар
Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади. Биринчи фатво давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
4 йил аввал 1995 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ихтилофчи бемазҳаблар
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши давоми...