Васила ва дуо


Муҳим тортишувли масалалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва дин пешволари ҳамда солиҳ амалларни васила қилиш борасидаги масаладир.
Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга восита бўладиган ҳар бир нарсадир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Пайғамбар алайҳиссаломлар, саҳобаи киромлар ва бошқа муқарраб бандаларни зоти ва ҳурматларини васила қилиб дуо қилиш жоиз ва рухсат берилган амаллардандир.


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ

"Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтарингиз" (Моида 35 оят).

 "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти муборакларини васила қилиш борасида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


عمر بن الخطاب رضى الله تعالى عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم لما اقترف آدم الخطيئة قال يا رب أسألك بحق محمد لما غفرت لي فقال الله يا آدم وكيف عرفت محمدا ولم أخلقه قال يا رب لأنك لما خلقتني بيدك ونفخت في من روحك رفعت رأسي فرأيت على قوائم العرش مكتوبا لا إله إلا الله محمد رسول الله فعلمت أنك لم تضف إلى اسمك إلا أحب الخلق إليك فقال الله صدقت يا آدم إنه لأحب الخلق إلي ادعني بحقه فقد غفرت لك ولولا محمد ما خلقتك.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Одам алайҳиссаломдан хато иш содир бўлган эди. У зот:
"Эй, Роббим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, мени мағфират қилишингни сўрайман" деди. Шунда Аллоҳ таоло: "Эй, Одам Муҳаммадни қандай танидинг, ҳали уни яратмаган бўлсам" деди. У зот: "Эй, Роббим ядинг билан мени яратиб, руҳингдан менга пуфлаганингда, бошимни кўтардим ва Арш устинида "Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ" деган ёзувни ёзилганини кўрдим. Бас, билдимки, Сен Ўзингни исмингга махлуқотингдан суйганингни қўшасан. Шунда Аллоҳ таоло: "Тўғри сўзладинг эй, одам. Албатта, у махлуқотларимнинг энг маҳуби. Уни ҳаққи ила дуо қилгин, сени мағфират қиламан. Агар Муҳаммад бўлмаганида, сени яратмаган бўлар эдим" деди", дедилар".
 (Мустадроку Ҳоким. Муҳаддис аллома Субкий Одам алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисда зикр қилинган тавассулларини саҳиҳ деб айтганлар).


وعن أبي الجوزاء قال : قحط أهل المدينة قحطا شديدا فشكوا إلى عائشة فقالت: انظروا قبر النبي صلى الله عليه و سلم فاجعلوا منه كوى إلى السماء حتى لا يكون بينه وبين السماء سقف ففعلوا فمطروا مطرا حتى نبت العشب وسمنت الإبل حتى تفتقت من الشحم فسمي عام الفتق . رواه الدارمي

Абул Жавзодан ривоят қилинади:
"Мадинада қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Бас, у(Мадиналик)лар Оиша розияллоҳу анҳога шикоят қилдилар. Шунда у (Оиша онамиз): "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига қаранглар ва ундан осмонга туйник қилинглар. У билан осмон орасида шифт қолмасин" дедилар. Бас, шундай қилдилар ва ёмғир шу даражада ёғдики, ўтлар ўсиб, туялар семирди ҳатто ёғлари отиллиб чиқди ва фатқ йили деб номланди". (Доримий ривояти).
Бу масала борасида ҳанафий фиқҳи китобларида шундай ёзилган:


وَيُكْرَهُ أَنْ يَقُولَ الرَّجُلُ فِي دُعَائِهِ بِحَقِّ فُلَانٍ أَوْ بِحَقِّ أَنْبِيَاؤُك وَرُسُلِك؛ لِأَنَّهُ لَا حَقَّ لِلْمَخْلُوقِ عَلَى الْخَالِقِ .

“Киши ўз дуосида: “Фалончининг ҳаққи ёки Сенинг Пайғамбаринг ва Расулинг ҳаққи ила” деб дуо қилиши макруҳ бўлади. Чунки, махлуқнинг Холиқнинг зиммасига вожиб бўлган ҳаққи йўқдир” (Ҳидоя).
Ушбу матндан мақсад васила қилувчи: “Ўша буюк шахслар ҳаққидан Аллоҳ таолога дуоимни қабул қилиши вожиб бўлади”, деган эътиқодда васила қилиш ботил ва фосиддир. Чунки, Аллоҳ таолонинг зиммасига махлуқнинг бирор ҳаққи вожиб бўлмайди. Аллоҳ таоло томонидан бандаларга бериладиган нарсалар эса, бандаларга Аллоҳнинг фазли ва иноятидир. Зеро, Аллоҳ таолонинг зиммасида бандаларнинг бирор ҳаққи йўқдир.
Василанинг кўриниши: “Эй, Аллоҳим! У яхши ва мақбул банданг туфайли менинг бу дуоимни қабул қилгин ва мени фалон ҳожатимни раво қилгин”.

ВАСИЛАНИНГ БИРИНЧИ СУРАТИ

Баъзи уламолар юқоридаги каби васила қилишни инкор қилиб: “Ўзининг бирор яхши амалини  васила қилган ҳолда дуо қилиши дурустдир” деганлар. Бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирганлар:


عَنِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَيْنَمَا ثَلاَثَةُ نَفَرٍ يَمْشُونَ أَخَذَهُمُ الْمَطَرُ فَأَوَوْا إِلَى غَارٍ فِي جَبَلٍ فَانْحَطَّتْ عَلَى فَمِ غَارِهِمْ صَخْرَةٌ مِنَ الْجَبَلِ فَانْطَبَقَتْ عَلَيْهِمْ فَقَالَ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ: انْظُرُوا أَعْمَالاً عَمِلْتُمُوهَا صَالِحَةً ِللهِ فَادْعُوا اللهَ بِهَا لَعَلَّهُ يُفَرِّجُهَا عَنْكُمْ قَالَ أَحَدُهُمْ: اللَّهُمَّ إِنَّهُ كَانَ لِي وَالِدَانِ شَيْخَانِ كَبِيرَانِ وَلِي صِبْيَةٌ صِغَارٌ كُنْتُ أَرْعَى عَلَيْهِمْ فَإِذَا رُحْتُ عَلَيْهِمْ حَلَبْتُ فَبَدَأْتُ بِوَالِدَيَّ أَسْقِيهِمَا قَبْلَ بَنِيَّ وَإِنِّي اسْتَأْخَرْتُ ذَاتَ يَوْمٍ فَلَمْ آتِ حَتَّى أَمْسَيْتُ فَوَجَدْتُهُمَا قَدْ نَائِمَيْنِ فَحَلَبْتُ كَمَا كُنْتُ أَحْلُبُ فَقُمْتُ عِنْدَ رُءُوسِهِمَا أَكْرَهُ أَنْ أُوقِظَهُمَا وَأَكْرَهُ أَنْ أَسْقِيَ الصِّبْيَةَ وَالصِّبْيَةُ يَتَضَاغَوْنَ عِنْدَ رِجْلَيَّ حَتَّى طَلَعَ الْفَجْرُ فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّي فَعَلْتُهُ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَافْرُجْ لَنَا فُرْجَةً نَرَى مِنْهَا السَّمَاءَ فَفَرَجَ اللهُ فَرَأَوُا السَّمَاءَ. وَقَالَ اْلآخَرُ: اللَّهُمَّ إِنَّهاَ كَانَتْ لِيَ بِنْتُ عَمٍّ أَحْبَبْتُهَا كَأَشَدِّ مَا يُحِبُّ الرِّجَالُ النِّسَاءَ وَطَلَبْتُ مِنْهَا فَأَبَتْ حَتَّى آتِيَهَا بِمِائَةِ دِينَارٍ فَبَغَيْتُ حَتَّى جَمَعْتُهَا فَلَمَّا وَقَعْتُ بَيْنَ رِجْلَيْهَا قَالَتْ: يَا عَبْدَ اللهِ اتَّقِ اللهَ وَلاَ تَفْتَحِ الْخَاتَمَ إِلاَّ بِحَقِّهِ فَقُمْتُ فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّي فَعَلْتُهُ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَافْرُجْ عَنَّا فُرْجَةً فَفَرَجَ وَقَالَ الثَّالِثُ: اللَّهُمَّ إِنِّي اسْتَأْجَرْتُ أَجِيرًا بِفَرَقِ أَرُزٍّ فَلَمَّا قَضَى عَمَلَهُ قَالَ: أَعْطِنِي حَقِّي فَعَرَضْتُ عَلَيْهِ فَرَغِبَ عَنْهُ فَلَمْ أَزَلْ أَزْرَعُهُ حَتَّى جَمَعْتُ مِنْهُ بَقَرًا وَرُعَاتَهَا فَجَاءَنِي فَقَالَ: اتَّقِ اللهَ قُلْتُ اذْهَبْ إِلَى تِلْكَ الْبَقَرِ وَرُعَاتِهَا فَخُذْ فَقَالَ: اتَّقِ اللهَ وَلاَ تَسْتَهْزِئْ بِي فَقُلْتُ: إِنِّي لاَ أَسْتَهْزِئُ بِكَ فَخُذْ فَأَخَذَهُ فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّي فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَافْرُجْ مَا بَقِيَ فَفَرَجَ اللهُ، وَفِي رِوَايَةٍ فَخَرَجُوا يَمْشُونَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, (уларнинг ғорига) тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига:
“Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила қилиб Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса”, дебдилар.
Улардан бири:
“Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек, сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар Сен шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик”, деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: “Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб, икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз:
“Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!” деди.
Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч”, деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи киши: “Эй бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг:
“Ҳаққимни бер”, деди.
Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуруч(шоли)ни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар орттирдим. У қайтиб келиб:
“Аллоҳдан қўрқ!” деди.
Мен унга:
“Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер”, дедим. У:
“Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!” деди.
“Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер”, дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор”, деди.
Бас, Аллоҳ очиб юборди”, дедилар”.
Бошқа бир ривоятда:
“Чиқиб, юриб кетдилар”, дейилган.
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Баъзи бир уламолар ушбу ҳадисни далил қилишиб, яхши амалларни васила қилса бўлади, лекин шахсларни эмас дейдилар. Ва яна баъзи олимлар тирик шахсларни васила қилишни жоиз санаб, вафот этганларни васила қилишни дуруст эмас деганлар. Бунга қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:


عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ: اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қиларди:
“Эй бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди.
Яна: “Сероб қилинур эдилар”, деди”.
Бухорий ривоят қилган.


عَنْ عُثْمَانَ بْنِ حُنَيْفٍ رضي الله عنه أَنَّ رَجُلًا ضَرِيرَ الْبَصَرِ أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ ادْعُ اللَّهَ لِي أَنْ يُعَافِيَنِي فَقَالَ إِنْ شِئْتَ أَخَّرْتُ لَكَ وَهُوَ خَيْرٌ وَإِنْ شِئْتَ دَعَوْتُ فَقَالَ ادْعُهْ فَأَمَرَهُ أَنْ يَتَوَضَّأَ فَيُحْسِنَ وُضُوءَهُ وَيُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ وَيَدْعُوَ بِهَذَا الدُّعَاءِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِمُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ يَا مُحَمَّدُ إِنِّي قَدْ تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ لِتُقْضَى اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ.

Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Кўзи ожиз киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
"Менга шифо бермоқлигида Аллоҳ таолога дуо қилинг" деди. Шунда у зот:
"Агар хоҳласанг кечиктираман ва мана шу (кўзингни ожизлигига сабр қилишинг) яхшидир. Агар хоҳласанг дуо қиламан" дедилар. У киши: "Дуо қилинг" деди. Шунда у зот у кишини чиройли таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқиб, бу дуо билан дуо қилишга амр қилдилар: Аллоҳумма инний асъалука ва атаважжаҳу илайка би Муҳаммадин набийир ромати. (У киши) Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳожатим раво бўлиши учун Роббимга сизни васила қилиб юзландим (деди). Эй, Аллоҳим мени ҳаққимдаги у(Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шафоатини қабул қилгин" деди” (Ибн Можа ривояти).
Маъноси: Аллоҳим Ўзингдан сўрайман, раҳмат пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб Ўзингга юзланаман.
Билингки, тавассулда дуо муқарраб бандаларга қилинмайди. Балки, бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзига қилинади. Шу эътибор билан дунё ҳайтида яшаб турган кишини васила қилиш жоиз экан, ўтиб кетган муқарраб бандаларни ҳам васила қилиш жоиздир. Ва яна ўзини яхши амалларини васила қилиб дуо қилиш жоиз экан, бирор муқарраб бандани васила қилиб дуо қилиш ҳам дурустдир.
Васила қилиб дуо қилишнинг кўриниши:
“Эй, Аллоҳим! Сени даргоҳингга тақдим қилиб васила қилишга арзийдиган бирор амал менда мавжуд эмас. Ҳа, албатта фалончи менинг наздимда Сенинг муқарраб бандаларингдандир. Мен уни яхши кўраман ва у билан узвий алоқам бор. Бас, Аллоҳим! Ушбу алоқани мустаҳкам қилиб, менинг уларга бўлган муҳаббатим туфайли дуоимни қабул қилгин”. Бу аслида дуо қилувчи билан Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаси ўртасидаги алоқани васила қилишдир. Ушбу василада ўзини паст тутиш, бандаликни ҳис қилиш ва ўзи томонидан қилинган амалларни Аллоҳ таолога тақдим қилиб, васила қилишга лойиқ деб билмаслик бор. Ҳар қандай ҳолатда, бу тарзда васила қилиш жоиз ва дин пешволаридан нақл қилинган ҳамда амал қилиб келинаётган ишлардандир.
Лекин, василасиз Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилмайди деб, эътиқод қилмаслик даркор. Ва яна Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳамда валиюуллоҳларни васила қилиб қилинган дуони қабул қилиш Аллоҳга лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда бўлмаслик керак. Балки, муқараб бандаларни васила қилиб дуо қилинса, ижобатига умид зиёдароқ бўлади, деб эътиқод қилиш лозимдир.

ВАСИЛАНИНГ ИККИНЧИ СУРАТИ

Баъзилар василани биз оми халқнинг илтижоси Аллоҳ таолога етиб бормайди. Шунинг учун ўз истак ва хоҳишларимизни муқарраб бандаларга ҳавола қилиб, сўрайдиган нарсаларимизни улардан сўрашимиз керак, деб тушунишади. Шу сабаб улар ўз ҳожатларини Аллоҳнинг дўстларидан сўрайдилар. Ўз муродини авлиё ва қабрда ётган шахслардан сўровчи кишилар: “Буюк шахслар Аллоҳ таоло уларга берган инъом билан бизнинг хоҳишларимизни раво қилишга қодир” деб хаёл қиладилар. Бундай кишилар юртимиздан яшаб ўтган буюк шахслар, жумладан “Имом Бухорий”, “Имом Мотуридий”, “Занги ота” кабиларни мақбараларига бориб, зиёрат қилиш одоби билан уларни зиёрат қилиш ва ҳақларига дуо қилиш ўрнига, ўзларига улардан фарзанд, бахт-саодат сўрайдилар. Бу ғирт жаҳолат ва ётган буюк шахсларни илоҳийлаштиришдир. Василани бу тарзда амалга оширишда икки хато мавжуд бўлиб, улар:
1. Бундай одамлар Аллоҳ таолодан сўрашни дунё шоҳларига қиёс қиладилар, яъни шоҳлар ҳузурига фақат аъёнлар кириша олади. Шунинг учун шоҳларга оми халқ ўз арзини ҳавола қилиш учун аъёнларни восита қилишга тўғри келади. Баъзи одамлар шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таолога оддий халқ ўз арзини бевосита айта олмайди. Балки, ўртага муқарраб бандаларни восита қилиши лозим, деб ўйлайдилар. Лекин, Аллоҳ таолони дунё подшоҳларига қиёс қилиш бошдан оёқ хато ҳисобланади. Чунки, подшоҳлар ўз халқининг ҳар бирининг арзини бевосита эшита олишга имконияти йўқ. Унинг акси ўлароқ, Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг, жумладан, инсон, фаришта, жин ва жонзотларни арзини бевосита эшитгувчи ва билиб тургувчи зотдир. Бу ҳақда ақида китобларида шундай дейилади:


ويسمع دبيب النملة السوداء على الصخرة الصماء في ظلمة الليل

“Жуда қоронғу кечада қора тош устидаги қора чумолини ўрмалашини ҳам (Аллоҳ таоло) эшитади ва билиб туради”.
Подшоҳ ҳузурига ҳар қандай одамни бориши мумкин эмас. Лекин, Аллоҳ таоло ҳар бир шахсга қон томирларидан ҳам яқинроқдир.


عن الصلت بن الحكيم، عن أبيه، عن جده رضي الله عنهم ، قال : جاء رجل إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم، فقال: يا رسول الله: أقريب ربنا فنناجيه أم بعيد فنناديه ؟ فسكت رسول الله صلى الله عليه وسلم، فأنزل الله : " وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي."

Солт ибн Ҳакийм отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
“Эй, Аллоҳнинг расули! Роббимиз яқинми Унга муножот қилсак ёки узоқми Унга нидо қилсак?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут сақладилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Агар бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар”  нозил қилди” (Тафсиру ибн Абу Ҳотам).
Ҳар шахс ҳар вақт ва ҳар он ўз истакларини Аллоҳ таолодан сўрай олади ва Аллоҳ таоло ҳар истакни тездан тўла раво қилади ҳамда ҳар шахснинг муродини амалга оширишга қодир зотдир. Шу билан бир қаторда Аллоҳ таоло ўз бандаларига меҳрибон ва мушфиқдир, яъни сўрайдиган нарсаларинг борми сўранглар! Мен уни албатта бераман, дегувчидир. Бундай даргоҳни ташлаб дарбадар ва саргардон бўлиб юриш бошдан оёқ жаҳолатдир.
Ким хоҳласа келсин ва ким хоҳласа кетсин.
Унинг даргоҳини на дарвозаси ва на дарвозабони бор.
2. Улар дунё подшоҳлари қўл остидаги вазир, ҳокимлларга баъзи иш юритиш борасида ихтиёр берганидек, Аллоҳ таоло ҳам пайғамбар, валий, шаҳидларга баъзи тасарруфотларни қилишларига ихтиёр берган деб, эътиқод қиладилар. Улар Аллоҳ таоло тарафидан берилган ихтиёр туфайли ўзлари хоҳлаган кишиларга беришга ва хоҳлаган кишиларга бермасликка қодирлар деб эътиқод қиладилар. Бу фикр олдинги фикрдан ҳам бузуқров ва хатодир. Чунки, дунё подшоҳи ўз қўл остидагиларга турли ишларни ўз ихтиёрлари билан ҳал қилишни топширади. Бу унинг ожизлиги сабаблидир. Чунки, у ўз салтанатидаги майда-чуйда ишларни ҳам ўзи ёлғиз ҳал этишга имконияти бўлмайди. Балки, ёрдамчи ва кўмакчига эҳтиёжи тушади ва у ўз ёрдамчиларисиз салтанатни бошқара олмайди. Унинг акси ўлароқ Аллоҳ таоло коинотдаги каттаю кичик барча нарсаларни билувчи, қодир зотдир. Коинотдаги каттаю кичик нарсалар унинг илмидан ва ҳукмидан ташқарига чиқиб кетмайди. Аллоҳ таолонинг илми, иродаси, машияти, қудрати, таквини еру осмондаги барча нарсаларни қамраб олгандир. Дарахтнинг бирорта барги унинг илми, иродаси ва ҳукмисиз ҳилпирамайди. Шу боис бу дунё низомини ўз ўрнида давом этиши учун бирор вазир ёки ўринбосарга эҳтиёжи йўқ ва уларни бошқариш ихтиёри бирор кишига берилмаган. Балки, барча тасарруфлар Аллоҳ таолонинг илми ва иродаси билан бўлади.
Қози Саноуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Агар бир киши: “Бу ишга Аллоҳ ва Унинг Расули гувоҳ” деса диндан чиқиб қолади. Чунки, у Расулуллоҳ ҳам Аллоҳ каби ғайбни билгувчи ишимиз устида ҳозиру нозир деб эътиқод қилган бўлади. Авлиёуллоҳлар бор нарсани йўқ, йўқ нарсани мавжуд қилишга қодир эмаслар. Бас, уларга йўқдан бор қилиш ва бордан йўқ қилиш, ризқ ва фарзанд бериш, бало ва касалликни дафъ қилиш ҳамда бошқа нарсаларни нисбатини бериш куфр ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:


قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

“Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос, деб айт” (Аъроф 188 оят).
Шу боис бирор бир банда ўзи ёки бошқалар учун бирор нарса сўрамоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраши лозим. Фалончилар Аллоҳнинг ноиби сўрайдиган нарсамни улардан сўрасам ишим осон битади, деб жоҳилона ўйламаслик лозим.
Васила қилишни муқарраб бандалар хизматида бўлиб, уларга арзимизни айтамиз ва улардан ҳожатларимизни сўраймиз, деб эътиқод қилиш хато ва нотўғридир. Қуръони каримда махлуққа дуо қилиб, ундан ҳожатини сўрашни залолат дейилган:


وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ

“Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?! Ҳолбуки, У(бут)лар уларнинг дуосидан ғофилдирлар” (Аҳқоф 5 оят).
Муқарраб бандалардан ўз ҳожатини сўраб дуо қилиш энг ёмон иш эканлиги Қуръони каримда баён қилинмоқда. Чунки, дуо улуғ бир ибодатдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:


عن أنس بن مالك رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قال: "الدُّعاءُ مُخُّ العبادةِ" أخرجه الترمذي.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо ибодатнинг мағзидир” дедилар” (Термизий ривояти).


عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رضي الله عنه، قَالَ : سَمِعْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: الدُّعَاءُ هُوَ الْعِبَادَةُ ، ثُمَّ قَرَأَ : "وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ".

Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо айни ибодатдир”, деб: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман...” деди” (оятини) ўқиганларини эшитдим” (Адабул муфрад).


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَيْسَ شَيْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللهِ مِنَ الدُّعَاءِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таолонинг ҳузурида дуодан кўра қадрлироқ нарса йўқ” дедилар” (Адабул муфрад).
Шайх Абдулҳақ муҳаддису Деҳлавий ушбу ҳадисларнинг шарҳида:
“Дуо ибодатларнинг хулосаси, яъни Аллоҳ таоло ҳузурида ўзини ниҳоятда ожизлигини ҳис қилиш ва хушуъ, хузуъни изҳор қилиш бўлгани боис, энг афзал ибодат ва ибодатларнинг мағзи ҳисобланади. Дуода хушуъ, хузуъ мукаммал тарзда ўз исботини топади. Шунга биноан дуо Аллоҳ таоло даргоҳида барча ибодатдан устун ҳисобланади” деганлар.
Дуо фақат ибодат эмас, балки ибодатларнинг мағзи ва хулосаси экан Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилиш жоиз бўлмагани каби, Ундан ўзгага дуо ҳам қилинмайди, яъни ҳар бир банда ўз истак ва хоҳишларини Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Зеро, ибодатлар Аллоҳ таолонинг ҳаққи ҳисобланади.
Қози Саноуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Ўтиб кетган ёки яшаб турган авлиёуллоҳлардан ва Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирор нарса сўраб дуо қилиш жоиз эмас. Бу ҳақда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо айни ибодатдир”, деб: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, деди” (оятини) ўқиганлар”.
Жоҳил кимсалар: “Ё, Абдулқодир Жийлоний Худо учун менга бир нима беринг” “Ё, Баховуддин Нақшбанд Худо учун менга бир нима беринг” дейдилар. Бундай дейиш ширк ва куфрдир. Лекин, “Эй, Аллоҳим фалон ўзинга муқарраб банданг туфайли мени бу ишимни тўғрилагин” дейишда ҳеч қандай ҳараж йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:


إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ عِبَادٌ أَمْثَالُكُمْ فَادْعُوهُمْ فَلْيَسْتَجِيبُوا لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ

“Албатта, Аллоҳдан ўзга сиз унга дуо қилаётган зотлар ўзингизга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсангиз, уларни чақириб кўринг, бас, сизга жавоб берсинлар-чи!” (Аъроф 194)”.

ВАСИЛАНИНГ УЧИНЧИ СУРАТИ

Василанинг яна бир кўриниши валиюллоҳлардан бевосита ўз ҳожатларини сўрамай, балки уларга илтимос қилиб: “Бизни муродимиз ҳосил бўлиши учун ҳаққимизга дуо қилинг” дейдилар.
Бу сурат аввалги васила билан иккинчи васила ўртасидаги суратдир. Чунки, аввалги суратда ўз муродини бевосита Аллоҳ таолодан сўраб, муқарраб бандаларни васила қилиб, дуо қилинади.
Иккинчи суратда эса, Аллоҳ таолодан ўз ҳожатларини сўраш ўрнига муқарраб бандалардан сўрайдилар. Учинчи суратда, ўз ҳожатларини Аллоҳ таолодан сўрашни муқарраб бандалардан илтимос қиладилар ва улар Аллоҳ таолодан уни муроди ҳосил бўлишини сўраб дуо қиладилар. Бундай қилиш суннатдир, яъни муқарраб банда олдига бориб, ўз ҳаққига Аллоҳ таолога дуо қилишини сўраш суннат. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналаридан то ҳозирги кунгача барча мусулмонлар бир-бирларидан дуоларида эслашларини илтимос қиладилар. Лекин, ўтиб кетган солиҳ бандалар қабри тепасига бориб, улардан ҳақларига дуо қилишларини сўраш дурустми ёки жоиз эмасми? Буни тўлиқ тушуниш учун бир неча сўзларни мулоҳаза қилиш зарурдир:
1. Сўзимизни эшитадиган кишига мурожаат қилишимиз саҳиҳ ва дуруст бўлади. Қабрлардаги мурдалар сўзларни эшитадиларми ёки эшитмайдиларми? Китобларда “Ўликларни эшитиши” мавзуси машҳур ва маълум тарзда учраб туради. Бу масала борасида саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар замонасида ҳам ихтилоф мавжуд бўлган. Баъзилар эшитишади дейишса, қолганлар уни инкор қилганлар. Икки сўз эгалари ҳам илмили катта саҳобийлардир. Шунинг учун бу масала борасида қатъий бир ҳукм айтиб бўлмайди. Чунки, саҳобаи киромлар ўртасида ихтилофли бўлган масала борасида бири қатъий ҳақ, иккинчиси қатъий ноаҳақ дейиш мумкин эмас. Ўликлар эшитишади деган саҳобийлар наздида мурдаларга хитоб қилиш дуруст ҳисобланади. Ўликлар эшитмайди деган саҳобийлар наздида мурдаларга хитоб қилиб бўлмайди;
2. Тобеин ва табаа тобиинлар қабр аҳлига хитоб қилиб: “Ҳаққимизга дуо қилинг” деганмилар ёки бундай демаганларми? Унинг жавоби ҳам шундай бўладики, қайси тобиин ва табаа тобиинлар ўликлар эшитмайди деган бўлсалар, уларнинг наздида мурдаларга хитоб қилиш дуруст эмас. Қайси тобиин ва табаа тобиинлар ўликлар эшитишади деган бўлсалар ҳам, улардан қайсилари мурдаларга хитоб қилишни одат қилган бу ҳам маълум эмас.
Мусулмонлар ўзаро бир-бирлари ҳаққига дуо қилишлари дурустлиги ҳақида ҳадисда шундай дейилган:


عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ عُمَرَ اسْتَأْذَنَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم فِى الْعُمْرَةِ, فَأَذِنَ لَهُ, فَقَالَ: يَا أخي, لاَ تَنْسَنَا من دعائك. فقال عمر: هي أحب إلي من الدنيا.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умрага изн сўрадилар. Бас, унга изн бериб: “Эй, биродарим! Дуоингда бизни эсдан чиқарма” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “У дунё(даги нарсалар)дан яхшироқдир” деди” (ал-Муснадул жоме). Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор Пайғамбар қабрига бориб, дуо қилишларини сўраганликлари ҳақида ривоят собит эмас. Шунингдек, саҳобий розияллоҳу анҳумлар ва тобиинлар бир-бирлари ҳаққига дуо қилишни илтимос қилганлар. Лекин, улардан бирортаси муқарраб бандалар қабрига бориб, улардан ўзлари ҳаққига дуо қилишларини сўраганликлари собит эмас. Бу ҳақда шоҳ Абдулазиз муҳаддис Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ шундай фатво берганлар:
“Вафот этганлар қабри устига бориб ёки ғоибона улардан мадад сўраш шубҳасиз бидъатдир. Саҳоба розияллоҳу анҳу ва тобиинлар замонасида бундай одат мавжуд бўлмаган. Лекин, бундай қилишни бидъати саййиа ёки ҳасана эканлигида ихтилоф бор. Мадад сўраш йўлларини ихтилофли бўлишига биноан ҳукм ҳам ихтилофли бўлади” (Фатаво азизий).
3. Вафот этган муқарраб бандаларни қабр устиларига бориб, улардан дуо сўраш жоиз ва жоиз эмаслиги бўлиб, қабр устига бориб улардан дуо олиш мутақаддим олимларимизнинг одати эмас эди. Демак, унга кимлар ижозат берган?
Бунинг жавоби шуки, бу бидъат ҳисобланади. Шунинг учун Абдулазиз Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ: “У шубҳасиз бидъат” деб айтганлар. Суннат ва бидъат борасида шуни айтиш керакки, қайси нарсани олдинги уламолар чиройли деб билмаган эканлар, бизлардан бир, иккимизга эътибор берилмайди. Бу борада Имом Роббоний Мужаддиду алфи соний раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Мен фақир ҳеч қайси бидъатда нур ва ҳусунни кўрмадим. Бидъатларда зулмат ва кудуратдан бошқа бирор нарса кўзга кўринмайди” (Мактуботи Имом Роббоний).


عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّ أَصْدَقَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَأَحْسَنَ الْهَدْيِ هَدْيُ مَحَمَّدٍ، وَشَرُّ اْلأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ مَحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلاَلَةٌ، وَكُلُّ ضَلاَلَةٍ فِي النَّارِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ واللَّفْظُ لَهُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши йўл, Муҳаммаднинг тутган йўлидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир (дин номи билан) янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир”, дедилар”.
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.
Имом Роббоний Мужаддиду алфи соний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Ҳар бир янги нарса бидъатдир ва ҳар бир бидъат залолатдир. Шундай экан бидъати ҳасана ва яхши бидъат дейишга ҳожат бўлмаса керак!”. Мужаддиду алфи сонийнинг ушбу сўзлари айни шу бобдаги ҳукм қилувчи гап ҳисобланади.
Ҳаётдан ўтган муқарраб банда ҳаққида: “У бизнинг ҳаққимизга дуо қилиб туради” дейиш муҳол нарсадир. Аллоҳ таолога дуо қилиш йўли биз учун очиб қўйилган экан ва Аллоҳ таоло дуою илтижоларимизни қабул қилишга қатъий ваъда берган экан, шундан кейин ҳам соф ва тўғри йўлни тарк қилиб, Мужаддиду алфи соний “бидъат” деб таъкидлаган ҳамда жоиз ва жоиз эмаслигида баҳс қилинган йўлни танлаш қатъий нотўғри тушунчадир.
Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, василанинг учинчи сурати баҳсида ўтган юқоридаги барча ҳолатлар Пайғамбарлардан бошқаларга тегишлидир. Чунки, Пайғамбар алайҳиссаломлар, хусусан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрда ҳаётдирлар. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам равзалари олдига бориб, солавоту салом ўқиш ва шафоат қилишларини сўраш масаласи ҳанафий китобларида ёзилгандир. Шунинг учун Пайғамбаримизнинг равзаларига бориш саодати кимга насиб этган бўлса, Расулуллоҳдан ҳаққига дуо ва шафоат қилишларини сўраш жоиз ишдир. Валлоҳ аълам.


3 йил аввал 5852 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Балоғатга етган ўғил отасига тобеъдир
Балоғатга етган ўғил отасига итоат қилиб, хизматини қилиб юрган бўлса, сафарда ва ҳазарда отанинг нияти эътиборга олинади.  التَّابِعُ كَالْمَرْأَةِ مَعَ давоми...
4 йил аввал 2695 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
«Бадойеъ ас-санойеъ»дан «Китоб ал-истеҳсон»
Бу китоб баъзан “Китоб ал-Ҳазар ва-л-ибоҳат” ва баъзан “Китоб ал-Кароҳат” деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап боради: а) Китоб исми маъносининг давоми...
4 йил аввал 2445 Ҳусайнхон Яҳё
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бароат кечаси
 Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله تَبارَكَ وَ تَعَالَى давоми...
4 йил аввал 6454 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тааввузни айтиш
Тааввуз – деб, луғатда “Паноҳ сўраш”га айтилади. Истилоҳда эса “Аъзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейишга айтилади. Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 98-оятида марҳамат қилади давоми...
3 йил аввал 3266 fiqh.uz