Туя гўштини еса таҳорат янгиланадими?


Савол: Туя гўштини егандан кейин таҳорат олиш керакми?
Жавоб: ● Ислом фиқҳида энг аввал муҳокама қилинадиган, фиқҳий манбаларда биринчи ўринда келтириладиган мавзу таҳорат мавзуси ҳисобланади. Фиқҳий мавзуларга ажратилган ҳадис тўпламлари ҳам таҳорат китоби билан бошланади.

Таҳорат масалалари ичида бу хилдаги саволлар ўртага ташланиши табиий: ҳадисларда туя гўшти егандан сўнг таҳорат олиш ҳақида буюрилган, унга амал қилишимиз керакми? Туя гўштини еган вақтда таҳорат синадими? Туя гўшти егандан сўнг янгидан таҳорат қилиш вожибми ёки мустаҳаб амалми? Бунга таҳорат олмаса ҳам бўладими? Ҳадисларда айтилган туя гўшти егандан кейинги таҳорат шаръий маънодаги таҳорат бўлиб тўрт фарз ва бир неча суннатларни ўз ичига олган таҳоратми ёки бу таҳорат луғавий маънода бўлиб, оддий покланишми? Бу борада мазҳабларнинг ҳукмлари қандай?
Биз ушбу саволларга жавоб излаган холда шаръий далилларни куриб чиқамиз.
● Туя гўшти егандан кейин таҳорат қилиш ҳақидаги саҳиҳ ҳадис фақат иккита бўлиб, уни Имом Термизий ҳам, бошқалар ҳам айтиб ўтган (Термизий, 1/81). Саҳобалардан Баро ибн Озиб ва Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳумо бу ҳадисни ривоят қилганлар. 
Биринчи ҳадиси шарифнинг матни қуйидагича:
عن البراء بن عازب قال: سئل رسول الله صلى الله عليه و سلم عن الوضوء من لحوم الإبل. فقال: توضؤوا منها و سئل عن الوضوء من لحوم الغنم فقال لا توضؤوا منها
"Баро ибн Озиб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у бундай деган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан туя гўшти ейилгандан сўнг таҳорат олиш ҳақида сўралди. Ул зот: "Ундан таҳорат олинглар!" деб жавоб бердилар. Яна қўйнинг гўштидан таҳорат олиш ҳақида сўралди. Ул зот: "Ундан таҳорат олманглар!" деб жавоб бердилар.
Мазкур ҳадисни Имом Термизий (1/81), Ибн Можжа (1/494), Ибн Ҳиббон (2/1114), Ибн ал-Жоруд (1/36), Ибн Хузайма (1/32), Аҳмад ибн Ҳанбал (5/86, 88, 92, 93, 100), Байҳақий (1/116) кабилар турли иборалар билан келтирганлар.
Иккинчи ҳадиси шарифнинг матни қуйидагича:
عن جابر بن سمرة رضى الله عنه، أن رجلا سال رسول الله صلى الله عليه و سلم: أأتوضأ من لحوم الغنم؟ قال: إن شئت فتوضأ، و إن شئت فلا تتوضأ. قال: أأتوضأ من لحوم الإبل؟ قال: نعم! فتوضأ من لحوم الإبل.
Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан "Қўй гўштлари егандан сўнг таҳорат қиламанми?" деб сўраган. Ул зоти шариф: "Агар таҳорат қилишни хоҳласанг, таҳорат қилавер. Хоҳламасанг, таҳорат қилмай қўяқол!", дедилар. Яна у киши: "Туя гўштлари егандан сўнг таҳорат қиламанми?", деб сўради. Ул зоти шариф: "Ҳа, туянинг гўштларидан таҳорат олгин!", деб жавоб бердилар.   
Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни муҳаддислардан Имом Муслим (4/48), Аҳмад ибн Ҳанбал (4/85, 5/98, 102, 105) кабилар ривоят қилганлар.
Демак, одамлар орасида туя гўшти борасида турли фикрлар оралаб юрган. Бу фикрларга ойдинлик киритиб олиш мақсадида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга  туя гўшти егандан сўнг таҳорат олиш керакми ёки керак эмасми, деган савол билан мурожаат қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туя гўштини еганда таҳорат олинглар, деганлар. Қўй гўштини ейиш билан таҳорат олиш керакми ёки керак эмасми, деган саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга таҳорат олмасликни тавсия қилганлар.
● Ислом тарихида фақатгина икки нафар олимгина – Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳматуллоҳ алайҳимо мазкур икки ҳадисга суяниб, туя гўшти егандан кейин таҳорат олиш фарз, деганлар. Уларнинг фикрича, туя гўшти таҳоратни синдиради. Бу икки зотнинг фикрларига кейинги давр муҳаддисларидан Яҳё ибн Яҳё, Абу Бакр ибн ал-Мунзир, Ибн Хузайма, Абу Бакр ал-Байҳақий кабилар ҳам қўшилганлар.
● Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Роҳвайҳ оловда пишган гўштларни еганда таҳорат қилиш зарур эмас, деган бўлсалар-да, бироқ, айнан туя гўштини егандан сўнг янги таҳорат олиш вожиб, деганлар. Яъни, уларнинг фикрига кўра туя гўштини ейиш гарчи хом ҳолида бўлса-да таҳоратни синдиради, шунинг учун янги таҳорат олиш фарздир. Оловда пишган гўштлар ҳақида гапирмасдан туя гўшти борасида алоҳида фатво билдирганлари боис бу икки фақиҳ – Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ негадир туя гўштини хом ҳолида, пишмаган ҳолда еса ҳам янги таҳорат олиш вожиблигини таъкидлаганлар. Аслида, ҳадиси шарифда гўштнинг пишган ёки пишмагани ҳақида сўз юритилмаган бўлса-да, бироқ, умумий одатга кўра пишган гўштни ейиш ҳақида гап кетаётгани ўз-ўзидан англашилади. Агар ғайриодатий иш бўлган – хом гўштни ейиш ҳақидаги ҳукмни билиш керак бўлганида, саҳобалар уни алоҳида сўраб олган бўлардилар.
Шунингдек, айтиш керакки, ҳадиси шарифларда гўшт ҳақида гап кетади, холос. Туянинг жигари, талоғи, юраги, ўркач ёғлари, шўрваси, ичак ва қоринлар ҳақида гап йўқ. Шунинг учун ҳанбалийлар буларнинг ҳукми қандай бўлиши кераклиги борасида ҳайратдалар ва бир фикрга кела олмаганлар  (Қаранг: Муҳаммад Юсуф ал-Баннурий. Маориф ас-сунан шарҳи Жомеъ ас-сунан ат-Термизий. – Покистон: Каротши, 1993, 1-жилд. – Б. 292). Таниқли ҳанбалий фақиҳи Ибн Қудома ўзининг "ал-Муғний" асарида бу масала ихтилофли экани, баъзилар туянинг гўштидан бошқа нарсаларини ейиш билан таҳорат синмаслигини айтганларини зикр қилган. Ибн Қудома чўчқанинг барча аъзолари бир хилда ҳаром бўлганидек туянинг қайси жойи ейилса ҳам ёки шўрваси ичилса ҳам таҳорат синишини алоҳида қайд этган (Қаранг: Ибн Қудома. Ал-Муғний. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 1997. – Б. 254). 
● Имом Нававийнинг айтишига қараганда, ислом оламининг жуда кўп уламо ва таниқли шахслари туя гўштини еганда таҳорат олиш шарт эмас, деган қарашда бўлганлар. Жумладан, тўғри йўлдан борган тўрт нафар хулафои рошидин – Абу Бакр ас-Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн ал-Аффон, Али ибн Абу Толиб ҳам, шунингдек, саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу-д-Дардо, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Талҳа, Омир ибн Рабиъа, Абу Умома, тобеъинларнинг қарийб барчаси, уч мазҳаб имомлари – Имом Молик, Имом Шофъий ва Абу Ҳанифа ҳамда уларнинг мазҳабидаги олимларнинг барчаси, разийаллоҳу анҳум ажмаъин, туя гўштини ейиш таҳоратни синдирмайди, унга таҳорат олиш шарт эмас, деган қарашда бўлганлар. (Қаранг: Муҳйиддин Яҳё ан-Нававий. Шарҳ Муслим ан-Нававий. 4-жилд. – Миср: ал-Азҳар, 1929. – Б. 48.; Халил Аҳмад Саҳорнафурий. Базл ул-мажҳуд фий ҳалли Абу Довуд. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1973. – Б. 95.; Муҳаммад Шамсулҳақ Азимободий. Ғоят ул-мақсуд фий шарҳи Сунан Абу Довуд. 2-жилд. – Покистон, 1992. – Б. 114).
Имом Шофиъий раҳматуллоҳ алайҳи мазҳабларини икки марта тузганлиги маълум. Унинг биринчи тузган мазҳабида – мазҳаби қадимида Имом Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳвайҳ каби туя гўштидан таҳорат олишни вожиб деб билган. Лекин, кейинги мазҳаби – мазҳаби жадидида унга тескари фикрни билдирган ва кўпчилик фақиҳларнинг фикрига қўшилган.
"Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг машҳур шарҳларидан бири "ал-Кавокиб ад-дарорий"да келтирилишича, Имом Молик бундай деганлар: "Ҳадисларда бир-бирига зид келадиган икки иш айтилса, (масалан, айрим ҳадисларда туя гўшти егандан сўнг таҳорат олишга буюрилган, бошқаларида эса бу ҳукмнинг мансухлиги айтилган), уларнинг қайси бирига амал қилиш кераклигини билиш учун хулафои рошидинлардан икки буюк халифага – Абу Бакр ва Умар разийаллоҳу анҳумонинг қилганига қараймиз. Улар нимага амал  қилган бўлсалар, биз ҳам ҳадисдаги ўша ҳукмни оламиз. Чунки, бу икки зот уммат ичида ҳаммадан кўра ҳадисларни яхшироқ билар эдилар" (ал-Кавокиб ад-дарорий шарҳ Кирмоний. III-жилд. – Байрут: Эҳё турос ал-илмий ал-арабий, 1981. – Б. 58).
Имом Моликнинг мазкур гаплари нақадар ҳақ сўз эди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
فإنه من يعش بعدي فسيرى اختلافا كثيرا فعليكم بسنتي وسنة الخلفاء بعدي الراشدين المهديين
"Мендан кейин яшаган кимса жуда кўп ихтилофларни кўради. Сизлар ўшанда менинг суннатим ва мендан кейин тўғри йўлдан борган ва тўғри йўлга йўлловчи халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг!" (Абу Довуд, 2/4607; Термизий, 4/2676; Ибн Можжа, 1/42; Доримий, 1/96; Байҳақий, 10/20125; Табароний, 18/617-619; Ҳоким, 1/329; Аҳмад, 4/17182). 
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бундай деб марҳамат қилганлар:
ان الله جعل الحق على لسان عمر وقلبه
"Аллоҳ ҳақни Умарнинг тилига ва қалбига жойлаштириб қўйган" (Абу Довуд, 3/2964; Термизий, 4/3682; Ибн Можжа, 1/108; Ҳоким, 3/4501; Табароний, 1/1077; Байҳақий, 2/13099; Аҳмад, 9/5145). 
Демак, Ҳазрати Абу Бакр разийаллоҳу анҳу билан Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу туя гўшти егандан сўнг янги таҳорат олиш шарт эмас, деб билганлари боис биз ҳам уни қабул қилишимиз керак бўлади.
Имом Таҳовий ривоятларига кўра Ҳазрати Усмон, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Талҳа ал-Ансорий, Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳум туя гўштини еб бўлиб, янги таҳорат олмасдан намоз ўқийверганлар (Қаранг: Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Таҳовий. Шарҳ Маоний ал-асор. 1-жилд. – Мадина: Олим ал-китоб, 1994. – Б. 67-69; Халил Аҳмад ас-Саҳоранфурий. Базл ал-мажҳуд фий ҳалли Абу Довуд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1973. - Б. 96). 
● Юқоридаги икки йўл билан келтирилган ривоятда туя гўшти егандан сўнг таҳорат олиш ҳақидаги ҳукм ҳақида сўз юритилади. Имом Термизий яна саҳоба Усайд ибн Ҳузайр разийаллоҳу анҳудан ҳам мазкур маънодаги ҳадис ривоят қилинганини қайд қилган. Усайд ибн Ҳузайр разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туянинг сутларини ичганда ҳам таҳорат олишга буюрганларини ривоят қилган: 
صلوا في مرابض الغنم ولا توضأوا من ألبانها ولا تصلوا في معاطن الإبل وتوضأوا من ألبانها
"Қўйлар қўраларида намоз ўқийверинг, унинг сутларини ичгандан сўнг таҳорат олиб ўтирманг. Лекин, туялар қўтонларида намоз ўқиманг, унинг сутларини ичгандан сўнг таҳорат олинглар!" (Табароний, 1/559). Ушбу ҳадис Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган (Табароний, 1/938). 
Муҳаддислардан Имом Табаронийнинг "Мўъжам" асарида Самура ибн Амр ас-Сувоий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бор: 
سألت رسول الله صلى الله عليه و سلم فقلت : إنا أهل بادية وماشية فهل نتوضأ من لحوم الإبل وألبانها ؟ قال : نعم قلت : فهل نتوضأ من لحوم الغنم وألبانها ؟ قال : لا     
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Биз саҳро ва чорва аҳлимиз. Биз чорвадорлармиз. Туя гўштини еганда, унинг сутларини ичганда, таҳорат оламизми?", деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга "Ҳа!" деб тасдиқ жавобини қилдилар. Яъни, таҳорат олиш кераклигини айтганлар. Шунда саҳоба: "Қўйнинг гўштларини еганда, сутларини ичганда ҳам таҳорат оламизми?" деб сўраган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бу ҳолатда таҳорат қилмасликни айтганлар (Табароний, 7/7106; Ҳоким, 3/6587; "Маърифат ус-саҳоба", 10/3153). "Мўъжам аз-завоид"да ушбу ҳадис иснодини ҳасан экани тасдиқланган ("Мўъжам аз-завоид", 1/1309). 
Мазкур ҳадисни муҳаддислардан Абу Яъло ҳам зикр қилган. Унда Мусо ибн Талҳа разийаллоҳу анҳу ривоят қилган:
يتوضأ من ألبان الإبل ولحومها ولا يصلي في أعطانها ولا يتوضأ من لحوم الغنم وألبانها ويصلي في مرابضها
"Туянинг сутлари ва гўштлари истеъмолидан сўнг таҳорат олинади. Туяларнинг қўтонларида намоз ўқилмайди. Қўйнинг сутлари ва гўштлари истеъмолидан сўнг таҳорат олинмайди. Қўйлар қўрасида намоз ўқилаверади" (Абу Яъло, 2/632; "Мўъжам аз-завоид", 1/1307).
Саҳобалардан Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу бундай деган:
لاَ وُضُوءَ إِلاَّ مِنَ اللَّبَنِ ، لإِنَّهُ يَخْرُجُ مِنْ بَيْنِ فَرْثٍ وَدَم
"Таҳорат фақат сут ичгандан сўнг олинади. Чунки, у ошқозон ва қон орасидан чиқади" (Ибн Абу Шайба, 1/642).
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу эса لاَ وُضُوءَ إِلاَّ مِنَ اللَّبَنِ "Таҳорат фақат сут ичгандан олинади" деб фатво берарди (Ибн Абу Шайба, 1/643).
Қизиғи шундаки, туя гўштига таҳорат олиш керак, деганлар унинг сутига таҳорат олишни лозим деб ҳисобламайдилар. На Аҳмад ибн Ҳанбал ва на Исҳоқ ибн Роҳвайҳ туянинг сутига таҳорат олинади, деган.
Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари сутга таҳорат олишни оғиз чайиш деб изоҳлаганлар:
إذا شربتم لبنا فمضمضوا منه فإن له دسما
"Қачон сут ичсангизлар, ундан оғизни чайинглар. Чунки, унинг ёғи бор" (Ибн Можжа, 1/498-500; Табароний, 6/5721; 23/702; Ибн Абу Шайба, 1/633-635). Шунинг учун ҳам Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Язид, Ҳузайфа разийаллоҳу анҳумлар сут ичсалар, оғизларини чайиб қўяверардилар (Ибн Абу Шайба, 1/636, 637, 641, 645).
Туянинг сутини ичиш сабабли таҳорат олишни жами фақиҳлар вожиб эмас, деганлар. Сут сабабли таҳорат олиш нари борса мустаҳаб бўлишини айтганлар. Имом Таҳовий "Шарҳ Маоний ал-асор" асарида туя гўшти билан қўй гўшти ҳалолликда бир хил, унинг савдоси, сутининг ҳалоллиги ҳам бир хил бўлгани боис таҳоратнинг синиш ёки синмасликда ҳам бир хил бўлиши керак, деган ақлий далил келтиради (Қаранг: Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Таҳовий. Шарҳ Маоний ал-асор. 1-жилд. – Мадина: Олим ал-китоб, 1994. – Б. 71). Демак, ҳадисда бирга зикр қилинган туя гўштининг ҳукми сутининг ҳукмига монанд бўлмоғи даркор. Чунки, ҳадиси шарифда иккови битта савол остида келган ва унга жавоб ҳам бир хил бўлган.
● Ҳадиси шарифларда туя гўшти билан қўй гўшти борасида сўз юритилади. Шунинг учун муҳаддислар мол гўштининг ҳукми борасида ҳозиргача ҳайратдадирлар. Мол гўштини егандан сўнг янги таҳорат олиш ёки олмасликда у туяга ўхшайдими ёки қўйга ўхшайдими?
Фуқаҳолар фикрича эса туя, мол ва қўйнинг гўштини егандан сўнг таҳорат олиш ҳукми бир хилдир. Тобеъинларнинг улуғи, машҳур фақиҳ Иброҳим ан-Нахаъий бундай деб фатво берган:
ليس في لحم الابل والبقر والغنم وضوء
"Туянинг ҳам, молнинг ҳам, қўйнинг ҳам гўштини егандан таҳорат олинмайди" (Ибн Абу Шайба, 1/5).  
● Аслида мазкур масала ўт теккан, яъни оловда пишган гўштларни еганда, унга таҳорат олиш керакми ёки таҳорат олмаса ҳам бўладими, деган мавзуда кўриб чиқилган. Мазкур мавзу қарийб барча муҳаддисларнинг ҳадис тўпламларида ўрин олган. Бироқ, муҳаддислар туя гўшти борасида алоҳида ҳадислар келгани боис, бу борада алоҳида боб тузганлар. Жумладан, Имом Термизий ўз тўпламида фиқҳ бобларига ва фиқҳий мавзуларга эътибор қаратгани боис ҳам бу мавзуни алоҳида кўриб чиққан. Чунки, фақиҳларнинг ҳам туя гўшти борасида алоҳида фикрлари ва фатволари мавжуд. Шунинг учун Имом Термизий Баро ибн Озиб разийаллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирган ва келтирилган ҳадиснинг иснодида ўз одатига нисбатан кўпроқ сўз юритган (Термизий, 1/81).
Оловда пишган гўштларни егандан сўнг таҳорат олиш ибтидойи исломда мавжуд эди. Бунга бир қанча ҳадислар мавжуд. Жумладан, Имом Муслим ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:  الوضوء مما مسّت النار  "Ўт теккан нарсадан таҳорат олинади" ёки қуйидагича ҳадисни: توضؤوا مما مسّت النار "Олов теккан нарсадан таҳорат олинглар!" деб хитоб қилганлар (Муслим, 1/90; 1/352, 353). Шунга ўхшаш ҳадисларни биз Абу Довуд (1/195), Ибн Можжа (1/385, 387), Табароний (4/167; 5/107, 139), Абдураззоқ (1/666, 667) каби муҳаддисларнинг ривоятлари орқали ҳам биламиз. Имом Таҳовий эса "Ким гўшт еса, таҳорат олсин!" деган ҳадисни ҳам ривоят қилган (Таҳовий, 1/365).
Оловнинг иссиқлигини йўқотиш мақсадида сув ишлатиш бошқа ҳадиси шарифларда ҳам буюрилган. Жумладан, иситмаси чиққан одамни ҳам таҳорат олишга буюрилган:
الحمى فور من النار فأبردوها بالماء
"Иситма оловдан бир фавворадир. Уни сув билан совитинглар!" (Термизий, 4/2073, 2074).
إذا أصاب أحدكم الحمى فإن الحمى قطعة من النار فليطفئها عنه بالماء
"Агар сизлардан бирингизга иситма етса, у оловдан бир парча ҳисобланади. Шунинг учун уни сув билан ўчиринг!" (Термизий, 4/2084).
Аввалига Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ва саҳобалар пишган гўштни еганларида янгидан таҳорат олиб юрганлар. Сўнг бу ҳукм мансух – бекор қилинган. Бунга бир қанча далиллар бор:
1) Энг катта далилни бизга Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳу хабар берган:
كان آخر الأمرين من رسول الله صلى الله عليه و سلم ترك الوضوء مما مسّت النار
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган икки ишнинг охиргиси, олов теккан нарсадан таҳорат олишни тарк қилиш бўлди". 
Мазкур ҳадиси шариф саҳиҳ бўлиб, уни муҳаддислардан Имом Насоий (1/188), Абу Довуд (1/192), Табароний ("Муъжам ал-авсат", 5/4663), Байҳақий (1/698) кабилар ривоят қилганлар. Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббондек муҳаддислар ушбу ҳадиснинг саҳиҳлигини тасдиқлаганлар.
2) Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда оловда пишган қўй гўштини еган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги таҳорат олмасдан намоз ўқийверганлари келган (Бухорий, 1/207, 208; 4/5408, 5422, 5462; Муслим, 1/354, 355). 
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтириб қовурдоқ еганларидан сўнг Муғира ибн Шўъба разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатдагидек таҳорат олсалар керак, деган мақсадда таҳорат суви кўтариб келганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга парво қилмасдан, илтифот қилмасдан, таҳорат олмай намозга кириб кетаверганлар. Бу илтифотсизлик Муғирага жудда қаттиқ таъсир қилган ва Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳуга бу ҳақида гапириб берган. Намоздан кейин Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ул зотнинг Муғирага қарамай кетганлари унга оғир ботганини ва бунинг сабаби нима эканини сўраган. Шунда Расули акрам, ҳабиби муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:
ليس عليه فى نفسى الا خير، و لكن أتانى بماء لأتوضأ، و انما أكلت طعاما و لو فعلت فعل الناس ذلك بعدى
Кўнглимда унга нисбатан фақат яхшилик бор. Бироқ, у менинг таҳорат қилишим учун сув кўтариб келди. Тўғри, мен таом едим. Агар таҳорат қиладиган бўлсам, кейинчалик одамлар шуни фарз деб қабул қилиб бажариб юрардилар" (Табароний, 20/1008). 
4) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари Ҳасан ибн Али разийаллоҳу анҳумо гувоҳ бўлган воқеа ҳам пишган гўштни еб, унга таҳорат олмаса ҳам бўлишини тасдиқлайди:
عن الحسن بن علي رضي الله عنه أنه دخل على رسول الله صلى الله عليه و سلم بيت فاطمة فناولته كتف شاة مطبوخة فأكلها ثم قام يصلي فأخذت ثيابه فقالت : ألا توضأ يا رسول الله ؟ قال : مما يا بنية ؟ قالت : قد أكلت مما قد مسته النار قال : إن أطهر طعامكم لما مسته النار 
"Ҳасан ибн Али разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига ул зот қизлари Фотима разийаллоҳу анҳонинг уйларига борган вақтда кириб келдилар. Ул зотга пиширилган қўйнинг елка кураги тортилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни едилар, сўнг намоз ўқишга турдилар. Фотима разийаллоҳу анҳо ул зотнинг кийимларидан тортиб, "Эй Расулуллоҳ, таҳорат қилмайсизми?" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй қизалоғим, нима сабабдан таҳорат қиламан?" дедилар. Фотима: "Ахир, сиз олов теккан нарсадан едингиз-ку?!" деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Таомларингизнинг энг покизаси олов текканидир", дея марҳамат қилдилар (Табароний, 3/2742).    
Муғира ва Фотима разийаллоҳу анҳуманинг таҳорат сувини таклиф қилганлари у пайтда гўшт еганда таҳорат олиш лозим бўлади, деган фикрнинг одамлар орасида борлигини билдиради. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларни инкор қилгани эса одамларнинг бу фикрлари нотўғри эканини билдириш бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу қилган амаллари гўшт егандан сўнг таҳорат олиш аввал ҳам лозим амал эмас, балки таҳорат олиш жоиз ва яхши эканини англатиш эди. Мустаҳаб ишни одамлар вожиб қилиб олмаслиги кераклигини билдириш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атайлаб таҳорат олмаганлар, бу билан гўё гўшт егандан сўнг янги таҳорат олиш шарт, дегувчиларга танбеҳ бергандек бўлдилар.
Шунинг учун ҳам, юқоридаги ҳадис ва воқеаларни яхши билган саҳобаларнинг энг олимларидан, фақиҳларидан бири Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳунинг: 
الوضوء مما مسّت النار و لو من ثور أقط
"Олов теккан нарсадан таҳорат олинади, гарчи у сигир пишлоғи бўлса ҳам" деган ҳадиси шарифни айтган вақтида, уни инкор қилиб: 
يا أبا هريرة، أنتوضأ من الدهن، أنتوضأ من الحميم؟
"Эй, Абу Ҳурайра! Энди, ёғдан ҳам таҳорат оламизми?! Қайноқ сувдан ҳам таҳорат қиламизми?!", деган эди (Термизий, 1/79).   
Демак, туя гўшти ҳам оловда пиширилиб ейилгани боис унинг таҳоратни синдириш ҳақидаги ҳукми мансух бўлган ва бекор қилинган.     
● Ҳадисда тилга олинган "таваззау" сўзининг ўзаги "вузуъ"дир. Яъни, "вузуъ" сўзидан мурод намозга олинадиган таҳорат эмас. Биз ўрганаётган ҳадиси шарифларда "вузуъ" сўзини “луғавий таҳорат” деб олиниши кераклигини фақиҳлар айтиб ўтганлар. 
Бундай ҳолатда фақат оғиз ва бурунни чайиб, қўлни ювиб қўявериш тушунилади. Машҳур ҳанафий олимлари Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафий ўзининг "Тилбат ут-талаба" ҳамда Абу-л-Фатҳ ал-Мутарризий "ал-Муғриб" номли фиқҳий истилоҳларга бағишланган асарларида "вузуъ" сўзинининг поклик, қўлни ювиш маънолари ҳам борлигини қайд қилганлар ва "Таомдан олдин таҳорат олиш фақирликни кетказади, ундан сўнг таҳорат олиш жинниликни даф қилади" деган маънодаги ҳадисни шу маънода тушуниш кераклигини айтганлар. (Қаранг: Абу-л-Фатҳ Носириддин ал-Мутарризий. Ал-Муғриб фий тартиб ал-Мўъриб. II-жилд. – Ҳалаб: Мактаба Усома ибн Зайд, 1979. – Б. 358-359; Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий. Тилбат ут-талаба фий истилоҳот ал-фиқҳиййа. – Байрут: Дор ан-нафоис, 1999. – Б. 71.).
Айнан туя гўштини еганда таҳорат олишга буюрилган ҳадислардаги таҳоратни луғавий таҳорат маъносида қабул қилиш кераклиги ҳақида фақиҳларнинг бир қанча далиллари бор.
1) Бир ҳадиси шарифда туя сутини ичганда қилиниши керак булган таҳоратдан мурод луғавий таҳорат экани сароҳатан – очиқ-ойдин баён этилган. Саҳобалардан Абу Умома ал-Боҳилий разийаллоҳу анҳу айтишига қараганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига бундай дер эканлар:
إذا كان أحدكم على وضوء فأكل طعاما فلا يتوضأ الا ان يكون لبن الإبل اذا شربتموه فتمضمضوا بالماء
"Агар сизлардан бирортангиз таҳоратли бўлса-ю, сўнг таом еса, таҳорат олиб ўтирманг. Туянинг сути бўлса-ю, уни ичсангиз, сув билан оғиз чайиб қўяверинглар!" (Табароний, 8/7646).
Мазкур ҳадиснинг иснодини "Эъло ус-сунан"да Жалолиддин Суютийнинг ҳадисларга қўйган саҳиҳлик қоидасига кўра саҳиҳ экани таъкидланган (Қаранг: Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. I-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 179). 
2) Икрош ибн Зуайб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам луғавий таҳоратнинг қандай бўлишини очиқ-ойдин кўрсатиб берганлар: 
ثم أتينا بماء فغسل رسول الله صلى الله عليه وسلم يديه ومسح ببلل كفيه وجهه وذراعيه ورأسه وقال يا عكراش هذا الوضوء مما غيرت النار 
"Сўнг бизга сув келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккала қўлини ювдилар, кафтларининг намлигини юзларига, иккала билакларига ва бошларига суртдилар, сўнг: "Эй Икрош, Бу олов ўзгартирган, яъни, пиширган нарсадан олинадиган таҳоратдир!" дедилар" (Термизий, 4/1848; Табароний, "Мўъжам ал-авсат" 6/6126; "Мўъжам ал-кабир" 18/154; Байҳақий, "Шуаб ал-имон" 5/5844; Табризий, "Мишкот ал-масобиҳ" 2/4233).
3) Абдураҳмон ибн Ғанам ал-Ашъарийнинг бундай ҳикояси ҳам шу маънодадир:
قال قلت لمعاذ بن جبل هل كنتم توضأون مما غيرت النار قال نعم إذا أكل أحدنا طعاما مما غيرت النار غسل يديه وفاه فكنا نعد هذا وضوءا
"Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳуга: "Олов ўзгартирган – пиширган нарсани егандан сўнг таҳорат олармидингизлар?" дедим. У: "Ҳа, бизлардан бирортамиз олов ўзгартирган нарсадан бўлган таомни еса, иккала қўлини ва оғзини юварди. Мана шуни таҳорат деб ҳисоблардик" ("Муснаду Баззор", 1/2666).
● Шабир Аҳмад Усмоний ўзининг "Фатҳ ал-мулҳим" номли асарида яна бир фикрни илгари сурган. Оловда пишган гўштлардан таҳорат олиш борасида худди Қуръони карим услубига ўхшаб ҳукмлар тадрижий бўлиб, аввал ҳукм қатъий бўлган, кейин у енгиллатилган (Қаранг: Шабир Аҳмад ал-Усмоний. Мавсуату Фаиҳ ал-мулҳим би-шарҳ саҳиҳи Имом Муслим. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-илмий, 2006. – Б. 165).
Аввало кечаси туриб ибодат қилиш, таҳажжуд ўқиш фарз бўлган, кейин вожибга, сўнг суннатга ва ниҳоят мустаҳаб ишга айланган. Ушбу тадрижий ҳукм Қуръони каримда ўз аксини топган. Жумладан, "Муззаммил сураси"нинг илк оятлари, "Исро сурасининг 79-ояти ва унинг тафсирларида баён этилган (Қаранг: Мулла Жеван ал-Ҳиндий. Тафсироти Аҳмадиййа. – Қозон, 1910. – Б. 351-352; 505-506; Муҳаммад Али ас-Собуний. Равойеъ ул-баён. 2-жилд. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 1990. – Б. 582-583). 
Ҳадислардаги итларни ўлдириш ҳақидаги ҳукмлар ҳам шу тариқа бўлган. Аввал жами итларни кўринган жойда ўлдириш буюрилган, сўнг қоп-қора ёввойи итни ўлдиришгина амр қилинган.  
Бу ерда ҳам аввал жами оловда пишган нарсалардан таҳорат олиш буюрилган. Кейин уларнинг ҳукми бекор бўлган. Охирида фақат туянинг гўштини еганда, таҳорат олиш мумкинлиги ҳақидаги ҳукм қолган. Кейин туянинг гўштидан таҳорат олиш мустаҳабликка тушди, сўнг унинг "вузуъ" сўзини луғавий таҳорат деб олиниши кераклиги ўртага чиқди. Бу ҳолатда фақат оғиз, бурунни чайиб, қўлни ювиб қўявериши келиб чиқади.
● Агар туя гўштини егандан сўнг олинадиган таҳоратдан ҳақиқий маънодаги таҳорат назарда тутилган бўлса, у ҳолда буйруқ амалнинг мустаҳаблигини билдириш учун қилинган бўлади. Бу ерда амри истиҳбобий бўлади, амри ийжобий эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пишган гўштларни еб, таҳорат олмаганлари саҳиҳ ривоятлар билан етиб келган. Бу нарса таҳорат олишга берилган буйруқнинг мустаҳаблигини билдиради. 
1) Биз ўрганаётган ҳадиси шарифда туянинг гўштини еганлик сабабли таҳорат олиш буюрилгани рост. Уни вожиб деб оламизми ёки мустаҳаб деб оламизми, гап у ҳақида эмас, балки энди таҳорат олиш нима сабабдан буюрилганига қараймиз. Бунга Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий жавоб берган. Туянинг гўшти Бани Исроилга ҳаром қилинган эди. Бани Исроил пайғамбарларининг барчаси туя гўштининг ҳаромлигига иттифоқ қилган эканлар. Оламларга раҳмат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида эса мусулмон умматига туя гўшти ҳалол қилинди. Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавийнинг фикрига кўра, мазкур неъматнинг шукронасига таҳорат олиш машруъ ва мустаҳаб бўлган (Қаранг: Валийуллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳ ал-болиға. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-Жийл, 2005. – Б. 300). 
2) Туя гўшти ва унинг сутида ёғлик даражаси бошқа ҳайвонларга нисбатан юқори бўлади. Боз устига, уларда қандайдир бадбўй ҳид ҳам бўлади. Ҳозир ҳам туя сути – қимрон ёки шуботни кўпчилик ича олмайди. Шунинг учун, унинг кароҳиятини кетказиш мақсадида таҳорат олиб олиш буюрилган, мустаҳаб қилинган. Зотан, инсоннинг ўзига ва бошқаларга озор етказадиган бадбўйликни кетказиш мақсади ислом шариатида бошқа масалаларда ҳам кўриб чиқилган. Бундан пиёз ёки саримсоқ пиёз ейиш масаласини кўзда тутаётганимизни тез англаш мумкин:
نهى رسول الله صلى الله عليه و سلم عن أكل البصل والكراث فغلبتنا الحاجة فأكلنا منها فقال من أكل من هذه الشجرة المنتنة فلا يقربن مسجدنا فإن الملائكة تأذى مما يتأذى منه الإنس
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пиёз ва кўкпиёз ейишдан қайтардилар. Унга эҳтиёжимиз кучайиб кетгани боис, ундан ея бошладик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Кикми бу бадбўй ўсимликдан еса, масжидимизга яқинлашмай турсин. Чунки, фаришталар инсоният озор чекадиган нарсадан озор топадилар" (Муслим, 1/563; Аҳмад, 3/15056). 
من أكل ثوما أو بصلا فليعتزلنا وليعتزل مسجدنا وليقعد في بيته
"Кимки саримсоқ ёки пиёз еса, биздан узоқ бўлсин, масжидимиздан ҳам узоқ бўлсин ва уйида ўтирсин" (Насоий, 4/6679).
من أكل من هذه الشجرة فلا يقربن مسجدنا فإن الملائكة تتأذى مما يتأذى منه الإنسان
"Кимки ушбу ўсимликдан еса, масжидларимизга яқинлашмасин. Чунки, фаришталар инсон озор чекадиган нарсадан озор топадилар" (Ибн Хузайма, 3/1668).
"Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг шарҳи "ал-Кавокиб ад-дарорий"да: "Ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўшти – майтани еганда таҳорат синмаганидан кейин, албатта туянинг гўштини ейиш билан таҳорат синмаслиги керак. Таҳорат олишга қилинган тарғиб мустаҳаблик ва покликни ифодалаши шубҳасиздир" дейилган (ал-Кавокиб ад-дарорий шарҳ Кирмоний. III-жилд. – Байрут: Эҳё турос ал-илмий ал-арабий, 1981. – Б. 58). 
● Туянинг гўштини еганда таҳорат олинишининг бир сабаби сифатида олимлар унинг жин-шайтондан яратилганини ҳам сабаб қилиб кўрсатганлар. Бу борада саҳиҳ ҳадисларни Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Муғаффал, Юнус ибн Убайд разийаллоҳу анҳумо каби саҳобалар ривоят қилганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
صلوا في مرابض الغنم ولا تصلوا في أعطان الإبل فإنها خلقت من الشياطين 
"Қўй қўраларида  намоз ўқинглар, туя қўтонларида намоз ўқиманглар! Чунки, туя шайтонлардан яралмишдир" (Термизий, 2/348; Байҳақий, 2/4531; Аҳмад, 2/10619; 4/16845, 17389; 5/20590).
على ظهر كل بعير شيطان، فإذا ركبتموها فسموا الله
"Ҳар бир туянинг устида шайтон бўлади, унга минсангизлар, Аллоҳнинг исмини айтинглар!" (Насоий, 6/10338; Ҳоким, 1/1626; Табароний, 3/2994; Доримий, 2/2723; Ибн Хузайма, 4/2546; Аҳмад, 3/16082; Ибн Абу Шайба,  6/29722).
Шайтоннинг васвасасидан сақланиш мақсадида таҳорат олиниши кераклиги бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланган. Жумладан, инсоннинг ғазаби келганда, таҳорат олиш керак бўлади:
إِنَّ الغَضَبَ مِنَ الشَّيْطانِ، وَإِنَّ الشَّيْطانَ خُلق من النار ، وإنما تطفأ النار بالماء ، فإذا غضب أحدكم فليتوضأ
"Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчирилади. Демак, агар сизлардан бирингиз ғазаб қилса, таҳорат олсин!" (Абу Довуд, 2/4784; Табароний, 17/443; Аҳмад, 4/18014; Бухорий, "Таърих ал-кабир" 7/33; Нававий, "ал-Азкор" 1/19; Байҳақий, "Шуаб ал-имон" 6/8292).
● Айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тўйга борганларида дастурхонга пиширилган туя гўшти тортилибди. Дастурхон атрофида ўтирганларнинг биридан ҳид чиқибди. Буни сезиб, унинг ўзига айтишдан истиҳола қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким туя гўштидан еган бўлса, таҳорат олсин" дебдилар. Биринчи бўлиб ўзлари ва бошқа ҳамма янгидан таҳорат олибди. Таниқли уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу воқеани чет эл исломий ўқув даргоҳида устозларидан эшитганини биламиз (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Муқаддима. – Тошкент: Шарқ, 2003. – Б. 42-44). 
Шунга ўхшаш ҳадис ривоятини Ибн Асокир ўзининг "Тарихи Димашқ" асарида Восил ибн Абу Жамил Абу Бакр ас-Саломоний зикрида (7952-тартиб рақам) келтирган:  
قال وحدثنا الأوزاعي حدثني واصل بن أبي جميل أبو بكر عن مجاهد قال وجد النبي ( صلى الله عليه وسلم ) ريحا فقال ليقم صاحب الريح فليتوضأ فاستحيى الرجل أن يقوم فقال رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) ليقم صاحب هذا الريح فليتوضأ فاستحيى الرجل أن يقوم فقال رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) ليقم صاحب هذا الريح فليتوضأ فإن الله لا يستحي من الحق فقال العباس يا رسول الله أفلا نقوم كلنا نتوضأ فقال قوموا كلكم فتوضؤوا  
"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳид сездилар. "Ҳид чиқарган кимса туриб, таҳорат олсин!" дедилар. Ўша кимса туришдан уялди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бу гапларини такрорладилар. Яна ўша кимса туришдан уялиб, ўтираверди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Бу ҳидни чиқарган кимса туриб таҳорат олсин. Чунки, Аллоҳ таоло ҳақдан уялмайди" дедилар. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу: "Эй, Расулуллоҳ! Ҳаммамиз туриб, таҳорат олмайликми?" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳа, ҳаммангиз туриб таҳорат олинглар!" деб марҳамат қилдилар.   
Бунга ўхшаш ҳолат Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган:
أن عمر رضي الله عنه صلى بالناس فخرج من إنسان شيء فقال : عزمت على صاحب هذه إلا توضأ وأعاد صلاته فقال جرير أو تعزم على كل من سمعها أن يتوضأ وان يعيد الصلاة ؟ قال : نعما قلت : جزاك الله خيرا فأمرهم بذلك
"Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу одамлар билан ўтирганларида, бир кишидан бир нарса чиқди. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: "Бу кимса туриб таҳорат олиши ва намозини қайта ўқишини таклиф қиламан" деди. Жарир разийаллоҳу анҳу эса: "Уни эшитган ҳар бир кимса таҳорат олиб, намозини ўқишини таклиф қилмайсизми?" деди. Шунда Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: "Қандай яхши таклиф, Аллоҳ сени мукофотласин" деди ва ҳаммани шунга буюрди" (Табароний, 2/2213). 
● Умумий фиқҳий қоида мавжуд. Таҳоратни бадандан чиққан нарсалар синдиради, рўзани эса кирган нарсалар бузади.  
Имом Таҳовий қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилган:
الوضوء ممّا يخرج و ليس ممّا يدخل
"Таҳорат чиққан нарсадан бўлур, кирган нарсадан таҳорат бўлмас" (Таҳовий, 1/420; Ибн Абу Шайба, 1/538).
إنما الوضوء مما خرج وليس مما دخل والصوم مما دخل وليس مما خرج
" Таҳорат чиққан нарсага бўлур, кирган нарсага таҳорат бўлмас. Рўза эса кирган нарсадан бузилур, чиққан нарсадан эмас" (Бухорий, 3/1937; Табароний, 9/9237; Байҳақий, 1/566).
Ушбу қоидадан келиб чиқсак, туя гўштини егандан сўнг таҳорат синмаслиги керак бўлади. Фақат савоб учун янги таҳорат олиш мумкин ёки оғиз-бурунни чайиб, қўл ювиб қўйиш мумкин.
● Фиқҳий манба ва фатволарни қабул қилиб олишда ажойиб бир қоида бор. Бу қоида шуки, мазҳаблардаги фатволарга бирданига амал қилиш мумкин бўлса, уларнинг ҳаммасини бажариш авло ҳисобланади. Жумладан, Сўфи Аллоҳёр ўзининг фиқҳга бағишланган "Маслак ул-муттақин" асарида бунга иккита мисол келтирган: масалан, ҳанафий мазҳабида "бисмиллоҳ" айтмасдан таҳорат олса, таҳорати таҳорат бўлади. Бироқ, шофиъий мазҳабида таҳоратда "бисмиллоҳ" айтиш фарз бўлгани боис "бисмиллоҳ"сиз қилинган таҳорати таҳорат ҳисобланмайди. Лекин, таҳорат устига таҳорат олиш нур устига нур бўлгани боис ҳанафийликда ҳам шу ҳолатда янги таҳорат олиш афзал бўлади. Мана шуни Сўфи Аллоҳёр мазҳаблар орасини жамлаш, деб изоҳлаган. Иккинчи мисол ҳам таҳорат мавзусига оид: таҳоратда аъзоларни ишқалаб ювиш (далк) ҳанафий мазҳабида фарз эмас, бироқ, моликий мазҳабида бу амал фарз ҳисобланади. Ишқалаб ювмасдан, аъзоларга сув қуйиб қўявериш билан қилинган таҳорат моликий мазҳабида таҳорат ҳисобланмайди. Шунга кўра ҳанафий мазҳабига амал қилувчи ҳам ишқалаб ювмай таҳорат олган бўлса, сўнг билиб қайтадан аъзоларини яхшилаб ювиб, янги таҳорат олса, савоби ортади. Сўфи Аллоҳёр мана шундай иш тутиш инсонларнинг энг тақводорларига хос услуб, сен ҳам уни қўлдан бой берма, деган эди (Қаранг: Сўфи Аллоҳёр. Маслак ул-муттақин. – Тошкент, 1915. – Б. 36).
Юқоридаги қоидага биноан ҳанафий олими Анваршоҳ Кашмирий хос одамларга туя гўштини егандан сўнг таҳорат олишлари мустаҳаб деган (Анваршоҳ Кашмирий. Ал-Арф аш-шазий шарҳ сунан ат-Термизий. I-жилд. – Байрут: Эҳё турос ал-илмий ал-арабий, 2004. – Б. 115).   
● Хулоса шуки, туя гўшти егандан сўнг таҳорат синмаслиги ижмоъи уммат билан собит бўлган ҳақиқатдир. Фақат айрим уламо ва муҳаддислардан баъзиларигина саҳиҳ ҳадисларнинг зоҳирига қараб туя гўшти таҳоратни синдиради деган фикрга келганлар. Ҳадисларда айтилган бу ҳукмнинг мансух – бекор қилинганини уммати исломнинг энг катта қисми таъкидлаб келганлар.
Туя гўштини егандан сўнг таҳорат олиниши кераклиги ҳақидаги ҳадиси шарифлар мустаҳабликни тақозо қилади, яъни таҳорат олиш мустаҳаб ҳисобланади. "Таҳорат олиш" деганда айрим саҳоба, тобеъин ва кейинги давр фақиҳлари луғавий маънодаги қўлни ювиб, оғиз-бурунни чайиб қўйиш деб ҳам тушунганлар.
Нур устига нур бўлиши мақсадида таҳорат устига таҳорат олишнинг ёмон жойи йўқ. Бинобарин, туя гўшти егандан сўнг ҳадисларга ва фақиҳларнинг тавсияларига кўра янгидан таҳорат олинса, савобдан холи бўлмайди.
Муаллиф: Ҳамидуллоҳ Беруний
Муҳаррир: Масъудхон эшон
Савол: Таҳорат қилгандан сўнг тик туриб сув ичишнинг мустаҳабми?
Жавоб: Ҳанафийлик мазҳабида таҳорат қилгандан сўнг тик турган ҳолда, таҳорат олинган сувни қолганидан ичиш мустаҳаб ҳисобланади. Бу тик туриб сув ичиш мумкин бўлган ўринлардан иккинчисидир. Биринчиси, замзам сувини тик турган ва қиблага юзланган ҳолда ичиш мустаҳабдир. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замзам сувини тик турган ҳолда ичар эдилар. Бу ҳақида бизга Имом Бухорий ва Имом Муслим хабар етказганлар. (Бухорий, 3/1637, 5617; Муслим 3/1602). Агар шундай қилинса, кўпгина касалликларга шифо бўлиши ҳам айтиб ўтилган. Замзам сувининг шифобахш экани кўпчиликка маълум. Машҳур ҳадиси шарифда замзам нима мақсадда ичилса, у амалга ошиши ҳақида сўз юритилган:
ماء زمزم لما شرب له فإن شربته تستشفى به شفاك الله و إن شربته مستعيذا به شفاك الله و إن شربته مستعيذا عاذك الله و إن شربته ليقطع ظمأك قطعه 
"Замзам суви нима учун ичилса, шу бўлур. Уни шифо ниятда ичадиган бўлсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Агар уни дарддан қутилиш учун ичсанг, Аллоҳ унга ҳам шифо беради. Агар уни паноҳ сўраган ҳолда ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни ичадиган бўлсанг, сенинг чанқоғинг қондирилади" (Ибн Можжа, 2/3062; Ҳоким, 1/1739; Табароний, "ал-Авсат", 1/849; 4/3815; 9/9027; Байҳақий, 5/9442, 9767; Дорақутний, 3/2771; Аҳмад, 3/14892, 15038; Ибн Абу Шайба, 3/14340).
Таҳорат суви ҳам замзам суви каби шифобахшлиги учун уни ҳам тик турган ҳолда ичилишини таниқли ҳанафий олими Ибн Обидийн айтиб ўтган. (Ибн Обидийн. Радд ул-муҳтор. I-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 255).
Одамлар орасида "Таҳорат сувидан ичишлик етмиш дардга шифо бўлади, улардан энг кичиги нафас қи


7 йил аввал 13279 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
7 йил аввал 13601 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
7 йил аввал 15893 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
7 йил аввал 11074 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
7 йил аввал 9145 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
7 йил аввал 16312 fiqh.uz