Ато суратидаги ман этиш


رُبَّما أَعْطَاكَ فَمَنَعَكَ، وَرُبَّما مَنَعَكَ فَأَعْطَاكَ.

Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У Зот сендан ман қилганида бергандир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳикматидаги «бериш» ва «ман қилиш»дан мурод дунёнинг ишлари ва сабабларидир. Бу ерда дин ва унга боғлиқ нарсаларга оид бериш ва ман қилиш кўзда тутилмаган.

Ушбу ҳикматдан кўзда тутилган бош мақсад икки ҳақиқатни баён қилишдир.

Биринчи ҳақиқат: банда ўзининг тамаси ва хавфини Аллоҳ таоло томонга буриши вожибдир. У тўла ишонч билан билиши лозимки, ҳаётидаги фаровонлик, бахт-саодати ва сурури Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. Шунингдек, банданинг ҳаётидаги нохушликлар, торлик ва бахтсизликларнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолодандир.

Иккинчи ҳақиқат: банда тўла ишонч билан билиши лозимки, Аллоҳ таоло бандани саодатманд қилиши учун бериш ва ман қилиш воситасига муҳтож эмасдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандани бахтсиз қилиши учун ҳам бериш ва ман қилиш воситасига муҳтож эмасдир.

Қачон банда ушбу собит ишончга эга бўлса, атога эришганида ховлиқиб кетмайди, ман қилинганида ноумид бўлмайди. Чунки у Аллоҳ таоло бандасини атосиз ҳам бахтли қилишига ва ҳузурлантиришига ишонади. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандасини ман этмасдан ҳам бахтсиз қилишига ва азоблашига ишонади. Шунинг учун ҳам мазкур банда икки ҳолатда ҳам фақат Аллоҳ таолодангина умидвор бўлади ва Аллоҳ таолодангина хавфда бўлади.

«Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У Зот сендан ман қилганида бергандир».

Бир бандага Аллоҳ таоло банданинг ўзи кутганидан ҳам кўп молу дунёни бериши мумкин. Аммо Аллоҳ таолонинг Ўзи мазкур мол-дунёни ўша банданинг бошига кулфат ёғилишига сабаб қилиб қўйиши ҳам мумкин. 

Шунингдек, Аллоҳ таоло бандадан молу дунёни ман қилиб қўйиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, ўша ман қилиш банданинг кўпгина кўнгилсизликлардан сақланиб қолишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз ва атрофимизда кечаётган жараёнларга зеҳн билан назар соладиган бўлсак, юқорида зикр қилинган ҳақиқатни ҳар қадамда кўришимиз мумкин.

Бир танишимиз айтиб берган қиссада худди шу ҳикматни кўрдик. У киши ўзи иштирок этиши керак бўлган йиғинга кетаётиб, автоҳалокатга учрабди ва касалхонага тушибди. Бўлиб ўтган ҳодисадан афсус чекибди, дод-вой қилибди. Касалхонадан чиққанидан кейин мазкур йиғинда кўнгилсиз ҳодиса бўлиб, ўша ердагилар қамоққа тушганлари аён бўлибди. Ҳикоя соҳибининг айтишича, касалхонага тушгани аввал ўзига мусибат бўлиб кўринган бўлса ҳам, кейин яхшилик бўлиб кўринибди.

Аллоҳ таоло "Фажр" сурасида марҳамат қилади:

 فَأَمَّا الْإِنسَانُ إِذَا مَا ابْتَلَاهُ رَبُّهُ فَأَكْرَمَهُ وَنَعَّمَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَكْرَمَنِ۝وَأَمَّا إِذَا مَا ابْتَلَاهُ فَقَدَرَ عَلَيْهِ رِزْقَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَهَانَنِ۝  

«Бас, қачон инсонни Робби синаш учун икром қилса ва неъматлантирса, «Мени Роббим икром қилди», дейдир. Қачон Робби уни синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, у: «Роббим мени хорлади », дейдир» (15-16-оятлар).

Кишиларда Аллоҳ таоло тарафидан бўладиган ато ва ман қилиш ҳақида нотўғри тушунча бор. У ҳам бўлса, атони Аллоҳ тарафидан иззат-икром, Аллоҳ розилигининг аломати деб биладилар, мени яхши кўргани учун мол-дунё берди, деб эътиқод қиладилар. Аксинча, ман қилишни эса Аллоҳ тарафидан хўрлаш, хуш кўрмаганлигининг аломати деб тушунадилар. 

Аслида эса ундай эмас. Аллоҳ таоло молу дунё, бойлик ва бошқа атоларни яхши кўрган бандасига ҳам, ёмон кўрган бандасига ҳам бераверади, шунингдек, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ризқини тор қилиб қўйиши мумкин. Ато Аллоҳ таоло тарафидан бўлган иззат-икром эмас, балки имтиҳон – синовдир, шунингдек, ман қилиш ҳам. Синовдан мақсад эса Аллоҳ таолога итоат: банда атода бўлса, шукр қилиб, атони Аллоҳ таоло кўрсатган йўлга сарфлайдими, йўқми? Ёки ман этса, сабр қиладими, йўқми?

Кўпчилик одамлар сабабларнинг ташқи кўринишига боғланиб қоладилар. Мазкур сабабларни бахтлари ёки бахтсизликлари манбаси деб биладилар. Улар неъматлар билан синалсалар, хурсанд бўладилар ва бу неъматларни саодатлари манбаси деб ўйлайдилар. Улар ман қилиш ила синалсалар, хафа бўладилар ва буни бахтсизликларининг манбаси деб биладилар. Аслида эса банданинг бахти ёки бебахтлигининг асосий сабабчиси Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидир.

Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин банда Аллоҳ таолога умид ва хавф назари ила туриши лозим. Хавфу ражо мақомига эришиш учун банда ўзига кўриниб турган сабабларни Аллоҳ таоло жорий қилганига, аслида ўзида мазкур сабаблардан ҳеч нарса йўқлигига, ҳамма нарса фақат Аллоҳдан эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак бўлади.

Шунингдек, мўмин банда унинг кўзига ёмон бўлиб кўринаётган нарсада Аллоҳ таоло яхшиликни яшириб қўйган бўлиши мумкинлигини ва унинг кўзига яхши бўлиб кўринаётган нарсада ёмонликни яшириб қўйган бўлиши мумкинлигини англаб етиши керак бўлади.

Шу билан бирга, мўмин банда Аллоҳ таоло бу дунёда жорий қилиб қўйган сабабият қонунини эсдан чиқармайди ва унга амал қилиб яшайди. Доимо Аллоҳ таолонинг фазлидан умидвор бўлади ва қаҳридан хавфда туради. 

Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида марҳамат қилади:

 قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ

«Сен: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт» (58-оят).

Аллоҳ таолонинг сиртдан бандани ман қилиши аслида ато бўлишига энг ёрқин мисоллардан бири – бандага жасадида, молида, омонлигида етадиган мусибатлар уларнинг гуноҳларига каффорат бўлишидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم  قَالَ: «مَا يُصِيبُ الْمُسْلِمَ مِنْ نَصَبٍ، وَلَا وَصَبٍ، وَلَا هَمٍّ، وَلَا حُزْنٍ، وَلَا أَذًى، وَلَا غَمٍّ، حَتَّى الشَّوْكَةِ يُشَاكُهَا إِلَّا كَفَّرَ اللهُ بِهَا مِنْ خَطَايَاهُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими, етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида инсонга етадиган бир неча мусибатлар ичида беморликни ҳам тилга олиб туриб, ана ўша мусибатларга сабр қилган мусулмоннинг хатоларини Аллоҳ таоло кечиб юборишини таъкидламоқдалар.

قَالَ عَبْدُ اللهِ رضي الله عنه: دَخَلْتُ عَلَى النَّبِيِّ  صلي الله عليه و سلم وَهُوَ يُوعَكُ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّكَ تُوعَكُ وَعْكًا شَدِيدًا. قَالَ: «أَجَلْ، إِنِّي أُوعَكُ كَمَا يُوعَكُ رَجُلَانِ مِنْكُمْ». قُلْتُ: ذَلِكَ بِأَنَّ لَكَ أَجْرَيْنِ؟ قَالَ: «أَجَلْ، ذَلِكَ كَذَلِكَ، مَا مِنْ مُسْلِمٍ يُصِيبُهُ أَذًى شَوْكَةٌ فَمَا فَوْقَهَا إِلَّا كَفَّرَ اللهُ بِهَا سَيِّئَاتِهِ كَمَا تَحُطُّ الشَّجَرَةُ وَرَقَهَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасиз-ку?!» дедим.

«Шундай. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналаман», дедилар.

«Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да?» дедим.

«Шундай. Худди шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, ҳатто бирор тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади», дедилар у зот».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ أَنَسٍ  صلي الله عليه و سلم قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ رضي الله عنه يَقُولُ: «إِنَّ اللهَ قَالَ: إِذَا ابْتَلَيْتُ عَبْدِي بِحَبِيبَتَيْهِ فَصَبَرَ عَوَّضْتُهُ مِنْهُمَا الْجَنَّةَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ таоло: «Қачонки бандамни икки суюклиси ила синаганимда сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман», дейди», деганларини эшитдим».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 

Бу ҳадиси шарифдаги «икки суюклиси»дан мурод икки кўзидир. Албатта, икки кўздан ажраш ёки умуман икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибат. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот – жаннат ваъда қилинмоқда.

عَنْ أَنَسٍ  رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم قَالَ: «مَا مِنَ النَّاسِ مِنْ مُسْلِمٍ يُتَوَفَّى لَهُ ثَلَاثٌ لَمْ يَبْلُغُوا الْحِنْثَ إِلَّا أَدْخَلَهُ اللهُ الْجَنَّةَ بِفَضْلِ رَحْمَتِهِ إِيَّاهُمْ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

وَفِي رِوَايَةٍ لِلنَّسَائِيِّ: «مَا مِنْ مُسْلِمَيْنِ يَمُوتُ بَيْنَهُمَا ثَلَاثَةُ أَوْلَادٍ لَمْ يَبْلُغُوا الْحِنْثَ إِلَّا أَدْخَلَهُمَا اللهُ بِفَضْلِ رَحْمَتِهِ إِيَّاهُمُ الْجَنَّةَ»، قَالَ: «يُقَالُ لَهُمُ: ادْخُلُوا الْجَنَّةَ، فَيَقُولُونَ: حَتَّى يَدْخُلَ آبَاؤُنَا، فَيُقَالُ: ادْخُلُوا الْجَنَّةَ أَنْتُمْ وَآبَاؤُكُمْ».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одамлардан бир мусулмоннинг уч (ёш) бегуноҳ фарзанди вафот этган бўлса, албатта, Аллоҳ уни уларга бўлган раҳмати туфайли жаннатга киритади», дедилар».

Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.

Насоийнинг бир ривоятида: 

«Икки мусулмоннинг ораларидан бўлган бегуноҳ уч фарзанди ўлса, албатта, Аллоҳ икковларини уларга бўлган раҳмати туфайли жаннатга киритади. У(бола)ларга: 

«Жаннатга киринглар!» дейилади. Улар: 

«Ота-онамиз кирмагунича кирмаймиз», дейишади.

«Сиз ҳам, ота-онангиз ҳам киринглар», дейилади».

Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳларимизни ҳеч қандай синов ва балоларсиз Ўзининг фазли ила мағфират қилсин!

МАН ҚИЛИШ АТОНИНГ АЙНИ ЎЗИ БЎЛИШИ

مَتَى فَتَحَ لَكَ بَابَ الْفَهْمِ فِي الْمَنْعِ عَادَ الْمَنْعُ عَيْنَ الْعَطاءِ.

Қачон У Зот сенга ман қилиш ҳақида фаҳмлаш эшигини очса, ман қилиш атонинг айни ўзи бўладир.

Эй банда! Агар Аллоҳ таолонинг раҳмати, меҳри, карами, қудрати чексизлигини, илми барча нарсани иҳота қилишини тушуниб етсанг, билки, қачон У Зотдан бир нарсани сўраганингда, бир нарса қилмоқчи бўлганингда ўшани сендан ман қилса, сенга бахиллиги, ожизлиги, жоҳиллиги ёки ғофиллиги учун эмас, балки раҳмат ва яхшилик қилароқ ман қилган бўлади. Албатта, ўша иш сенга яхши назар ва неъматини тугал қилиб бериш юзасидан қилинган бўлади. 

Гоҳида банда бир ишнинг тадбирини қилганида ўз фойдамга деб ўйлайди. Аслида эса бу иш унинг зарарига бўлади. Гоҳида бандага фойда бўлиб кўринган нарсалардан зарарлар, зарар бўлиб кўринган нарсалардан фойдалар келиши бор. Гоҳида миннатлар ичига меҳнатлар ёки меҳнатлар ичига миннатлар кўмилган бўлади. Баъзида душманлардан фойда етиб, дўстлардан озор етиши ҳам бор. 

Бас шундай экан, бандага ўзига ман қилинган нарса ҳақида фаҳмлаш эшиги очилса ва бу борадаги яхши ва ёмонни билса, ман қилиш унинг учун айни ато бўлганини тушуниб етади. Буни боланинг олдида заҳар солинган ҳолва турганига қиёслаш мумкин. Ҳолвага заҳар солинганини отаси билади, бола эса билмайди. Бола тинмай ҳолвага қўл узатади, отаси бўлса уни ҳолвадан ман қилади. Бола гап нимадалигини билмагани учун йиғлайди, отаси эса гап нимадалигини билгани учун боласини ҳолвадан борган сари қаттиқроқ ман қилади. Агар бола ҳолвада заҳар борлигини билганида, унга қўл чўзмаган бўларди, отасининг унга меҳр кўрсатаётганини англаб етар эди. Банданинг ҳоли ҳам шунга ўхшайди. У дунёга, мансабга ва шунга ўхшаш ўзига зарарли бўлган нарсаларга қўл узатади. Ҳақ таоло эса унга раҳм-шафқат қилиб, ёмонликни раво кўрмай, мазкур нарсаларни ман қилади. Бас, банда Аллоҳ таолодан содир бўлган бу ишларнинг сирларини билса, У Зотга таслим бўлади, қазои қадаридан рози бўлади. Агар билмаса, ҳасрат-надомат қилади ва гоҳида ғазабланиши ҳам мумкин. Барибир, охир-оқибат мазкур ман қилишнинг сири очилганда ундан ўзига қандай яхшилик бўлганини англаб етади. Аммо у пайтда сабр даражасига етиш фурсати ўтган бўлади.

عَنْ أَنَسٍ  رضي الله عنه قَالَ: مَرَّ النَّبِيُّ  صلي الله عليه و سلم بِامْرَأَةٍ تَبْكِي عِنْدَ قَبْرٍ، فَقَالَ: «اتَّقِي اللهَ وَاصْبِرِي»، فَقَالَتْ: إِلَيْكَ عَنِّي، فَإِنَّكَ لَمْ تُصَبْ بِمُصِيبَتِي. وَلَمْ تَعْرِفْهُ، فَقِيلَ لَهَا: إِنَّهُ النَّبِيُّ  صلي الله عليه و سلم. فَأَتَتْ بَابَهُ فَلَمْ تَجِدْ عِنْدَهُ بَوَّابِينَ، فَقَالَتْ: لَمْ أَعْرِفْكَ، فَقَالَ: «إِنَّمَا الصَّبْرُ عِنْدَ الصَّدْمَةِ الْأُولَى». رَوَاهُ الْبْخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтаётиб, унга: 

«Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил», дедилар. У аёл: 

«Нари тур! Менга етган мусибат сенга етгани йўқ!» деди.

Аёл у зотни танимаган эди. Унга «Ҳалиги одам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар», дейилди. Бас, у зотнинг эшикларига келди. У ерда эшик оғаларини кўрмади ва у зотга: 

«Сизни танимабман», деди. Шунда у зот: 

«Албатта, сабр биринчи зарбададир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ман қилиш юзаки қараганда бандага зарар етиши бўлиб кўринган ишларнинг ортида ҳикмат бўлиши борасида мусулмон адабиётида ва халқ оғзаки ижодида ҳам кўпгина ҳикоя ва қиссалар келган.

«Бир подшоҳ бўлган экан. Унинг доно вазири ҳам бор экан. Бир куни подшоҳнинг ўнг қўлининг бош бармоғи кесилиб кетибди. Буни кўрган доно вазир подшоҳга тасалли бериш ниятида: «Иншааллоҳ, яхшиликка», дебди. Подшоҳ бу гапдан қаттиқ ғазабланибди ва вазирни зиндонга солишга амр қилибди.

Сўнг подшоҳ овга чиқибди. Ўрмонда ов қилиб юриб, бир-икки одами билан бирга адашиб қолибди. Бир вақт ўрмонда яшайдиган ёввойи қабила одамлари ҳужум қилиб, подшоҳ ва унинг шерикларини ушлаб олишибди. Ёввойи қабиланинг бошлиғи қўлга тушган асирларни қурбонлик қилиб, оловга ташлашга амр қилибди. Уларнинг қоидаси бўйича қурбонлик қилинадиган одам бус-бутун бўлиши керак экан. Подшоҳнинг бармоғи кесилган бўлгани учун, қурбонликка ярамайди, деб қўйиб юборишибди.

Подшоҳ юртига қайтиб келибди. Тахтига ўтириб, доно вазирни зиндондан чиқариб, ҳузурига олиб келишни амр қилибди. Вазир келтирилганидан кейин эса унга ташаккур айтибди...». 

Бунга ўхшаш ҳодисалар ҳаётимизда тез-тез учраб туради. Фақат биз ўша ҳодисаларга ибрат кўзи билан қарамаймиз, холос.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундан аввалги ҳикматда қуйидагиларни айтган эди:

«Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У Зот сендан ман қилганида бергандир».

Ҳозир биз ўрганаётган ушбу ҳикматда эса мазкур маънога мисол келтирмоқда.

«Қачон У Зот сенга ман қилиш ҳақида фаҳмлаш эшигини очса, ман қилиш атонинг айни ўзи бўладир».

Гоҳида ман қилиш атонинг айни ўзи бўлишига мисол: баъзида инсон ўзи истаган нарсага етиша олмайди. Мазкур нарса ундан ман қилинади, яъни банда ундан маҳрум бўлади. Шунда Аллоҳ таоло бандага ўзи кўзлаган яхшилик айни ушбу ман қилиш ва маҳрумликда эканини фаҳмлаш эшигини очиб қўяди. Ана шунда банда рози бўлади, таскин топади ва хотиржам бўлади. Банданинг ушбу рози бўлиши, таскин топиши ва хотиржам бўлишининг ўзи айни атодир.

Зотан, қазои қадарга, ҳар бир нарсага рози ва таслим бўлишга иймони бор ҳар бир банда ўзига ман қилиш бўлиб кўринган нарсада ўзини тўғри тутиши лозим. Бу эса унинг ўзига фойда келтиради. 

Бандага Аллоҳ таоло томонидан ман қилиш ва маҳрум бўлиш етганда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақидаги дарсни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганамиз.

عَنْ أَنَسٍ  رضي الله عنه قَالَ: دَخَلْنَا مَعَ النَّبِيِّ  صلي الله عليه و سلم عَلَى أَبِي سَيْفٍ الْقَيْنِ، وَكَانَ ظِئْرًا لِإِبْرَاهِيمَ  صلي الله عليه و سلم، فَأَخَذَ النَّبِيُّ  صلي الله عليه و سلم إِبْرَاهِيمَ فَقَبَّلَهُ وَشَمَّهُ، ثُمَّ دَخَلْنَا عَلَيْهِ بَعْدَ ذَلِكَ وَإِبْرَاهِيمُ يَجُودُ بِنَفْسِهِ، فَجَعَلَتْ عَيْنَا رَسُولِ اللهِ  صلي الله عليه و سلم تَذْرِفَانِ، فَقَالَ لَهُ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ: وَأَنْتَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَقَالَ: «يَا ابْنَ عَوْفٍ إِنَّهَا رَحْمَةٌ»، ثُمَّ أَتْبَعَهَا بِأُخْرَى، فَقَالَ  صلي الله عليه و سلم: «إِنَّ الْعَيْنَ تَدْمَعُ، وَالْقَلْبَ يَحْزَنُ، وَلَا نَقُولُ إِلَّا مَا يَرْضَى رَبُّنَا، وَإِنَّا بِفِرَاقِكَ يَا إِبْرَاهِيمُ لَمَحْزُونُونَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг сут отаси эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб, ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра Иброҳим жон бераётганда яна унинг олдига кирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у зотга: 

«Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди. У зот: 

«Эй Ибн Авф, бу раҳматдир, – дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим Абу Сайф ал-Қайн розияллоҳу анҳунинг уйларида жон берганида, у зотнинг овоз чиқармай, кўзларидан ёш тўкиб йиғлаганларидан банда ман қилинган ҳолатларда бандалик сифатларидан ажрамаслиги лозимлигини билиб олиш мумкин. Яъни ушбу ҳадиси шарифдан яқин кишиси вафот этган одам кўзидан ёш тўкиб, қалбидан маҳзун бўлиши мумкинлиги, бу Аллоҳ таолонинг қазосига норозилик аломати эмаслиги, шу билан бирга, ман қилиш ҳолатига учраган одам фақат Аллоҳни рози қиладиган гапларни айтиши кераклиги ҳам билиб олинади.

Бундай ҳолатларда мўмин банда Аллоҳ таолонинг унга бу борада йўллаган таълимотларини эсга олиши лозим.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:

 كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِتَالُ وَهُوَ كُرْهٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

«Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз» (216-оят).

Аллоҳ таоло бандаларининг ҳамма ҳолатларини яхши билади. Уларнинг нимани ёқтирмасликларини ҳам билади. Инсоннинг табиати шундай: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Аллоҳ таоло одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда бўладиган, икки дунёда бахт-саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади.

Аллоҳ таоло раво кўрган нарсани банда тўғри англамаслигининг бош сабаби – банданинг ҳодисаларга юзаки қараши, уларнинг ҳақиқий сирини англаб етмаслигидир.

Аллоҳ таоло барчамизга доимо ман қилиш ҳақида фаҳмлаш эшигини очсин ва ман қилиш атонинг айни ўзи бўлишини насиб этсин!(“Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобидан).


2 йил аввал 21003 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васваса
Ёмон хаёлларнинг келиши қалбда иймон борлигининг аломатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан васваса ҳақида сўралди.عن давоми...
2 йил аввал 70973 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Риёнинг ҳукми ва муолажаси
Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири риёдир.«Риё» сўзи кўз билан кўриш, назар солиш ва «одамлар кўрсин» маъноларини англатади. Риё учун охирги маъно давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
ТАВАККУЛ
«Таваккул» луғатда «вакола» (вакил қилиш) сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни ўша ишда ўзи ожиз қолиб, бошқага эътимод қилиш таваккулдир.Аллоҳ таолога таваккул қилиш «Аллоҳ менинг давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Банданинг «Афувв» сифатидан насибаси
«Афувв» сифати «афв» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «тарк қилиш», «ўчириш» ва «йўқ қилиш» деган маъноларни ифода этади.Уламолар афвни қуйидагича таърифлайдилар: давоми...