ТАВАККУЛ


«Таваккул» луғатда «вакола» (вакил қилиш) сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни ўша ишда ўзи ожиз қолиб, бошқага эътимод қилиш таваккулдир.
Аллоҳ таолога таваккул қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир», деб астойдил ишониш ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир.

Таваккулни Ибн Ражаб «Жомеъул улум вал ҳикам» китобида қуйидагича таърифлайди:
«Таваккул дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича Аллоҳ азза ва жаллага сидқидилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини Унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзгаси бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига бўлган иймонни рўёбга чиқаришдир» (409-бет).
Журжоний «Таърифот»да:
«Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир», деган (74-бет).
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солиш таваккулдир. Бунга: оч қолганда таом тановул қилиш, совқотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади.
Банда бу ишларни фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса, Аллоҳ таолога таваккул қилмаган бўлади.
Таваккул ҳақидаги оятлардан намуналар:
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: 

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ۝

«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Улар учун мағфират сўра ва улар билан ишда машварат қил. Қачонки азму қарор қилсанг, Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Ҳар бир ишни амалга оширишда Аллоҳ таолога таваккул қилиш лозим. Бу қоидага Набийимиз алайҳиссолату вассалом Уҳуд ғазотида айнан риоя этдилар. Аввало, ўз фикрларига зид бўлса ҳам, шўродаги кўпчиликнинг маслаҳатига кўндилар. Шунга азму қарор қилганларидан сўнг, кўпчилик ўз фикридан қайтса ҳам Набий алайҳиссалом қайт­мадилар. Аллоҳга таваккул қилдилар.
Ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги маълум эди, аммо у зот шўронинг қарорига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги тўғрисида дарс бериш учун шундай қилдилар.
«Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир».
Аллоҳга таваккул қилиш улуғ сифат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни «таваккул» деб тушунувчилар кўп.
Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олиб кўрайлик. Мушрикларнинг аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, ҳужраи саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар.
Эътибор беринг-а! Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад алайҳиссолату вассалом урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга қаттиқ тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, йўл бошловчиликни унга топширдилар.
Етиб боргандан кейин ҳам душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнгра ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир тайинладилар.
Орқанинг ҳимоясига Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги камончиларни қўйдилар. Хуллас, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратдан ёқа ушлашмоқда.
Аллоҳга таваккул бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ип, барчасини ҳаракатга келтирган бир кучдир, ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккул деб бўлмайди.
Афсуски, кўпчилик таваккулни дангасаликка, чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўз-ўзидан бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган.
Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай деб марҳамат қилади: 

قُل لَّن يُصِيبَنَا إِلاَّ مَا كَتَبَ اللّهُ لَنَا هُوَ مَوْلاَنَا وَعَلَى اللّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ۝

«Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деб айт» (51-оят).
Яъни бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз. Аммо оқибатимиз яхши бўлиши, Аллоҳ таоло бизга ғалабани ёзиб қўйгани ойдек равшан. Ўша ғалабага эришиш йўлида дуч келинадиган қи­йинчилик ва машаққатлар бир воситалардир, холос. Аллоҳ таоло бизни шу тарзда синаб кўради.
«У бизнинг Хожамиздир».
У бизга доимо ёрдам беради. У бизни доимо Ўзи сақлайди.
«Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар».
Ҳа, улар фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзигагина суянсинлар. Аллоҳ азза ва жалланинг қазою қадарига ишониш ва Унга таваккул қилиш тайёргарлик ва ҳаракатга зид эмас. Балки Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтиришдир. Аллоҳ таолонинг амрини бажармаган ва ҳаракат қилмаганлар ҳеч қачон таваккул қилмаган (суянмаган) бўладилар.
 Аллоҳ таоло Тағобун сурасида марҳамат қилади: 

وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ فَإِن تَوَلَّيْتُمْ فَإِنَّمَا عَلَى رَسُولِنَا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ۝ اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ۝

«Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, бас, Расулимизнинг зиммасида очиқ-ойдин етказиш, холос. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (12-13-оятлар).
Яъни тирилтирувчи, ризқ берувчи, фойда улашувчи, сўнг ўлдирувчи ва яна қайта тирилтирувчи Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Инсон ушбу ҳақиқатни англаб етса, турли хурофотлардан ва ўзгаларга қул бўлишдан озод бўлади. Бу даражага етган инсон Аллоҳнинг Ўзигагина таваккул қилади, суянади. Аллоҳга таваккул қилган киши эса хотиржам бўлади, ҳеч нарсадан қўрқмайди.
Таваккул ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي سَبْعُونَ أَلْفًا بِغَيْرِ حِسَابٍ، هُمِ الَّذِينَ لَا يَسْتَرْقُونَ، وَلَا يَتَطَيَّرُونَ، وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар ва Роббларига таваккул қиладиганлар», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун учта сифатга эга бўлиш керак экан:
а) «дам солишни талаб қилмайдиган»,
б) «шумланмайдиган»,
в) «Роббларига таваккул қиладиган» – ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.
Мана шу уч сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан.

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَوَكَّلُونَ عَلَى اللهِ حَقَّ تَوَكُّلِهِ لَرُزِقْتُمْ كَمَا يُرْزَقُ الطَّيْرُ تَغْدُو خِمَاصًا وَتَرُوحُ بِطَانًا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда, оч кетиб, тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар – суянсалар, уларга худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда керакли ризқ берилгани каби ризқ берилиши ҳақида сўз кетмоқда.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, эрталаб уйғонган қуш қорни ичига қапишган ҳолда бўлади. Шу билан бирга, унинг ҳеч қандай жамғармаси ҳам, кўзга олиб қўйган ризқ манбаи ҳам бўлмайди. Аммо у ризқ топиш мақсадида уясидан чиқади. Маълум вақт ўтгандан кейин қарасангиз, қорни қаппайиб қайтиб келаётган бўлади.
Агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар, уларга ҳам Унинг Ўзи ғайбдан ризқ бериши турган гап. Фақат қуш уясидан чиқиб, ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек, бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилишлари керак. Ҳатто қушлар ва қурт-қумурсқалар ҳам ўзлари ҳаракат қилмасалар, Аллоҳ таоло уларнинг ризқларини ётган жойларига олиб келиб бермайди.

عَنْ أَنَسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَعْقِلُهَا وَأَتَوَكَّلُ أَوْ أُطْلِقُهَا وَأَتَوَكَّلُ؟ قَالَ: «اعْقِلْهَا وَتَوَكَّلْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ فِي آخِرِ كِتَابِهِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккул қилайми ёки қўйвориб таваккул қилайми?» деди. Бас, у зот:
«Уни тушовлаб туриб, кейин таваккул қил», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан таваккул қилиш билан бирга, сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккул қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ أَهْلُ الْيَمَنِ يَحُجُّونَ وَلَا يَتَزَوَّدُونَ وَيَقُولُونَ: نَحْنُ الْمُتَوَكِّلُونَ، فَإِذَا قَدِمُوا مَكَّةَ سَأَلُوا النَّاسَ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى:  وَتَزَوَّدُواْ فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, «Биз таваккул қилувчилармиз», дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир»ни нозил қилди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда айтилишича, яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Бу ҳол ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Шу билан бирга, бу иш ҳаж амалини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда. Шу билан бирга, ҳақиқий озуқа маънавий озуқа бўлиб, бу тақво эканини яна бир бор эслатиб қўймоқда.
Таваккулнинг фойдаларидан:
1. Таваккул иймоннинг камолидандир.
2. Таваккул Исломнинг гўзаллигидир.
3. Таваккул шайтондан муҳофаза қилувчидир.
4. Таваккул ёмон одамлардан муҳофаза қилувчидир.
5. Таваккул шариат чегарасида туришдир.
6. Таваккул ҳаромга юрмасликдир.
7. Таваккул одамлар билан талашишни тарк қилишдир.
8. Таваккул одамлар қўлидаги нарсага тама қилишдан сақлайди.
9. Таваккул хотиржамликдир.
10. Таваккул барқарорликдир.
11. Таваккул Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишни рўёбга чиқаради.
12. Таваккул Аллоҳ таолонинг ризосини юзага чиқаради.
13. Таваккул банданинг қийинчиликлардан чиқишига ёрдам беради.
14. Таваккул ёмонликларга каффоротдир.
15. Таваккул ўз эгасини жаннатда набийлар билан бирга бўлишга тайёрлайди.
16. Таваккул ризқ кенгчилиги сабабларидан биридир.
Алоҳида таваккул қилинадиган мақомлар.
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал қилиш мақомлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Уларни Ферузободий ўзининг «Басоиру зави тамйиз фий латоифил китабил азиз» номли китобида келтирган:
1. Агар нусрат ва кушойиш истасангиз, У Зотга таваккул қилинг.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилиб айтадики:

   إِن يَنصُرْكُمُ اللّهُ فَلاَ غَالِبَ لَكُمْ وَإِن يَخْذُلْكُمْ فَمَن ذَا الَّذِي يَنصُرُكُم مِّن بَعْدِهِ وَعَلَى اللّهِ فَلْيَتَوَكِّلِ الْمُؤْمِنُونَ۝

«Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ёрдамсиз ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам сизга ёрдам берар эди?! Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (160-оят).
2. Қачон душманларингдан юз ўгирсанг, рафиқинг таваккул бўлсин.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: 

فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ وَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ وَكَفَى بِاللّهِ وَكِيلاً۝

«Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (Нисо сураси, 81-оят).
3. Қачон халойиқ сендан юз ўгирса, таваккулга суян.
Тавба сурасида айталганидек: 

فَإِن تَوَلَّوْاْ فَقُلْ حَسْبِيَ اللّهُ لا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَهُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ۝

«Бас, агар юз ўгирсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга илоҳ йўқ, Унгагина таваккул қилдим, У буюк Аршнинг Роббидир», дегин» (129-оят).
4. Қачон сенга Қуръон тиловат қилинса ёки уни ўзинг тиловат қилсанг, таваккулга суян.
Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида шундай деб марҳамат қилади: 

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ۝

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир» (Анфол сураси, 2-оят).
5. Қачон бир қавм ўртасида сулҳ ва ислоҳни талаб қилсанг, унга таваккул ила васила излагин.
Зеро, Аллоҳ таоло тинчлик истовчи ва таваккул қилувчиларни билади:

  وَإِن جَنَحُواْ لِلسَّلْمِ فَاجْنَحْ لَهَا وَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ۝ 

«Агар улар тинчликка ён боссалар, сен ҳам шунга ён бос. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У Ўзи ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (Анфол сураси, 61-оят).
6. Қазои қадар карвони етиб келса, уни таваккул билан кутиб ол. Чунки Аллоҳ таоло мўмин бандаларини шунга буюрган: 

قُل لَّن يُصِيبَنَا إِلاَّ مَا كَتَبَ اللّهُ لَنَا هُوَ مَوْلاَنَا وَعَلَى اللّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ۝

«Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деб айт» (Тавба сураси, 51-оят).
7. Қачон душманлар макр тузоғини қўйса, сен у ерга таваккул ила кир.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

  وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ نُوحٍ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ يَا قَوْمِ إِن كَانَ كَبُرَ عَلَيْكُم مَّقَامِي وَتَذْكِيرِي بِآيَاتِ اللّهِ فَعَلَى اللّهِ تَوَكَّلْتُ فَأَجْمِعُواْ أَمْرَكُمْ وَشُرَكَاءكُمْ ثُمَّ لاَ يَكُنْ أَمْرُكُمْ عَلَيْكُمْ غُمَّةً ثُمَّ اقْضُواْ إِلَيَّ وَلاَ تُنظِرُونِ۝ فَإِن تَوَلَّيْتُمْ فَمَا سَأَلْتُكُم مِّنْ أَجْرٍ إِنْ أَجْرِيَ إِلاَّ عَلَى اللّهِ وَأُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ۝

«Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Ўшанда у ўз қавмига деди: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳгагина таваккул қилдим. Сиз эса «шериклар»ингиз билан биргаликда ўз ишингизни бошлайверинглар. Яна ишингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар. Бас, агар юз ўгирсангиз, сизлардан ҳеч қандай ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман» (Юнус сураси, 71-72-оятлар).
8. Қачон барчанинг қайтар жойи Аллоҳга эканини ва ҳамманинг тақдири Аллоҳда эканини билсанг, таваккул тўшагидан ўзинг учун жой ол.
Чунки Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: 

وَلِلّهِ غَيْبُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَإِلَيْهِ يُرْجَعُ الأَمْرُ كُلُّهُ فَاعْبُدْهُ وَتَوَكَّلْ عَلَيْهِ وَمَا رَبُّكَ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ۝

«Осмонлару ернинг ғайб(илм)и Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккул қил. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир» (Ҳуд сураси, 123-оят).
9. Аллоҳ таоло ҳақиқий Ягона Зот эканини тушуниб етган бўлсанг, Ундан ўзгага суянма.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилиб айтадики: 

قُلْ هُوَ رَبِّي لا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ مَتَابِ۝

«Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Унгагина таваккул қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт» (30-оят).
10. Ҳидоят Аллоҳ таолодан бўлганидан кейин уни шукр ва таваккул ила кутиб ол.
Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида айтганидек, мўминларнинг асосий қуроли сабр ва таваккулдир: 

وَمَا لَنَا أَلاَّ نَتَوَكَّلَ عَلَى اللّهِ وَقَدْ هَدَانَا سُبُلَنَا وَلَنَصْبِرَنَّ عَلَى مَا آذَيْتُمُونَا وَعَلَى اللّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُتَوَكِّلُونَ۝

«Бизга нима бўптики, Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Ва сиз берган озорларга албатта сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деган (12-оят).
11. Агар Аллоҳ таолонинг душманларидан ва шайтоннинг ёмонлигидан қўрқсанг, таваккулга юзлан.
Чунки иймон келтирган ва Аллоҳ таолога таваккул қилганлар Унинг паноҳида бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: 

فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ۝ إِنَّهُ لَيْسَ لَهُ سُلْطَانٌ عَلَى الَّذِينَ آمَنُواْ وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ۝

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин. Албатта, иймон келтирганларга ва Роббларига таваккул қилганларга у(шайтон)нинг ҳукмронлиги йўқ» (Наҳл сураси, 98-99-оятлар).
12. Агар ҳар вақт Аллоҳ таоло сенинг вакилинг бўлишини истасанг, ҳар вақт таваккулни маҳкам тут.
Аллоҳ таоло шундай деб буюради: 

وَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ وَكَفَى بِاللّهِ وَكِيلاً۝

«Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» (Нисо сураси, 81-оят).
13. Агар Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишни истасанг, таваккул мақомида бўл.
Чунки Аллоҳ таоло фақат Ўзига таваккул қилувчиларни севади. Ва буни алоҳида таъкидлаб айтадики: 

فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ۝

«Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

ОЛИЙМАҚОМ ТАВАККУЛЧИ

Ҳижрий ўттиз иккинчи сана.
Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри.
Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шаҳар кўчалари бўйлаб юриб кетмоқдалар.
У киши кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бетоб бўлиб қолганларини эшитиб, ташвишга тушганлар.

عَنْ أَبِي ظَبْيةَ: أَنَّ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانٍ دَخَلَ عَلَى ابْنِ مَسْعُودٍ فِي مَرَضِهِ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ، فَقَالَ لَهُ عُثْمَانُ: مَا تَشْتَكِي؟ قَالَ: ذُنُوبِي، قَالَ: فَمَا تَشْتَهِي؟ قَالَ: رَحْمَةَ رَبِّي، قَالَ: أَلَا أَدْعُو لَكَ الطَّبِيبَ؟ قَالَ: الطَّبِيبُ أَمْرَضَنِي، قَالَ: أَلَا نَأْمُرُ لَكَ بِعَطَائِكَ؟ قَالَ: حَبَسْتُهُ عَنِّي فِي حَيَاتِي، فَلَا حَاجَةَ لِي بِهِ عِنْدَ مَوْتِي، قَالَ لَهُ عُثْمَانُ: لَكِنْ يَكُونُ لِبَنَاتِكَ، قَالَ: أَتَخْشَى عَلَى بَنَاتِي الْفَاقَةَ؟ إِنِّي لَأَرْجُو أَنْ لَا تُصِيبَهُمْ فَاقَةٌ أَبَدًا، إِنِّي قَدْ أَمَرْتُ بَنَاتِي بِقِرَاءَةِ الْوَاقِعَةِ كَلَّ لَيْلَةٍ، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: مَنْ قَرَأَ سُورَةَ الْوَاقِعَةِ كُلَّ لَيْلَةٍ، لَمْ تُصِبْهُ فَاقَةٌ أَبَدًا

Абу Зобядан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд ўлим тўшагида ётганида Усмон ибн Аффон кўргани келди ва унга:
«Нимадан шикоятинг бор?» деди.
«Гуноҳларимдан», деди.
«Нимани хоҳлайсан?» деди.
«Роббимнинг раҳматини», деди.
«Сенга табиб юборайми?» деди.
«Табиб (Аллоҳ) Ўзи касал қилди», деди.
«Атоингни беришни буюрайин», деди.
«Тириклигимда ўзимни тийдим. Ўлимим олдидан унга ҳожатим йўқ!» деди.
«Қизларингга керак бўлар», деди Усмон.
«Менинг қизларимнинг камбағал бўлишларидан қўрқяпсанми?! Мен уларга ҳеч камбағаллик етмаслигидан умидворман. Қизларимга ҳар кеча Воқиъа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Ким Воқиъа сурасини ҳар кеча ўқиса, камбағаллик кўрмайди», деганларини эшитганман», деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида ҳам ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога суяниш қандай бўлиши борасида дарс ўтдилар. (“Руҳий тарбия” китобидан).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳимаҳуллоҳ).


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васваса
Ёмон хаёлларнинг келиши қалбда иймон борлигининг аломатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан васваса ҳақида сўралди.عن давоми...
3 йил аввал 78668 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ато суратидаги ман этиш
رُبَّما أَعْطَاكَ فَمَنَعَكَ، وَرُبَّما مَنَعَكَ فَأَعْطَاكَ.Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У давоми...
3 йил аввал 30927 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Риёнинг ҳукми ва муолажаси
Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири риёдир.«Риё» сўзи кўз билан кўриш, назар солиш ва «одамлар кўрсин» маъноларини англатади. Риё учун охирги маъно давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Банданинг «Афувв» сифатидан насибаси
«Афувв» сифати «афв» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «тарк қилиш», «ўчириш» ва «йўқ қилиш» деган маъноларни ифода этади.Уламолар афвни қуйидагича таърифлайдилар: давоми...