Рўзани бузадиган ва бузмайдиган амаллар


САВОЛ:  Рўза қандай далил билан собит бўлган?

ЖАВОБ: Рўза фарзи айн бўлиб, диннинг улкан бир рукни ва фарзлиги қатъий равишда Қуръон ва суннат билан собит бўлган, фарзлигига ижмоъ қилинган амалдир.

Рўзанинг фарзлигига Қуръондан далил:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ (183) أَيَّامًا مَعْدُودَاتٍ...

“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз. Саноқли кунлар...” Бақара  сураси 183-оят.

Яна:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ (185)

"Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз."  Бақара  сураси 185-оят.

Бу оятларда рўза тутишга бўлган амр буйруқ сийғаси билан бўлиб, рўзани фарзлигини ифода қилади. Бу далиллар "мусулмон киши рўза тутмаса ҳам бўлаверади" деб рўзани инкор қилувчини кофир бўлишини ифода қилади.

Рўзанинг фарзлигига ҳадисдан далил:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا ، قَالَ : : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم بُنِيَ الإِسْلاَمُ عَلَى خَمْسٍ شَهَادَةِ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ ، وَإِقَامِ الصَّلاَةِ ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ وَالْحَجِّ ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ

Ибн Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ислом беш нарсага бино қилингадир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Росули эканлигига гувоҳлик бериш. Намозни тугал адо қилиш. Закот бериш ва ҳаж қилиш. Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар”. 

Яна:

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ ... فَقَالَ:"اعْبُدُوا رَبَّكُمْ، وَصَلُّوا خَمْسَكُمْ، وَصُومُوا شَهْرَكُمْ، وَأَدُّوا زَكَاةَ أَمْوَالِكُمْ طَيِّبَةٌ بِهَا أَنْفُسُكُمْ تَدْخُلُوا جَنَّةَ رَبِّكُمْ 

Абу Умома розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда:

“Роббиларингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозларингизни адо қилинглар, Рамазон ойида рўзаларингизни тутинглар ва кўнгилдан чиқариб  молларингиз закотини беринглар. Шунда Роббиларингиз жаннатига кирасизлар”, дедилар”. Бухорий. (Умдатул Фиқҳ)

САВОЛ: Рўза қачон фарз қилинган?

ЖАВОБ: Ҳижратнинг ўн саккизинчи ойи, Шаъбонни ўнинчи кунида, Мадинаи мунавварада фарз қилинган. Қибла Байтул Мақдисдан Каъба тарафига ўзгаргандан кейинги ойда.  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Улардан иккитасини ўттиз кундан, қолган еттитасини йигирма тўққиз кундан тутганлар. (Мавоҳибул-Ладунния.)

САВОЛ: Рўза сўзини нима маънони ифода қилади?

ЖАВОБ: Рўза сўзи араб тилида “Совм” лафзи билан келиб, киши ўзини бирор нарсадан, масалан: еб-ичиш, гапиришдан тийиб туришга айтилади. Шариат истелоҳида эса рўза тутишга аҳл бўлган одам ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш боткунгача рўзани ният қилиб еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришга айтилади. Умдатул-Фиқҳ

САВОЛ: Рўза неча қисмга бўлинади?

ЖАВОБ: 

1.    Муайян фарз;

2.    Муайян бўлмаган фарз;

3.    Муайян вожиб;

4.    Муайян бўлмаган вожиб;

5.    Суннат;

6.    Мустаҳаб (нафл);

7.    Макруҳи тахримий;

8.    Макруҳи танзиҳий;

1.    Муайян фарз рўза-ҳар йили Рамазон ойида тутишлиги таъйин қилинган фарз рўза. 

2.    Муайян бўлмаган фарз-қачон тутишлиги таъйин қилинмаган Рамазон рўзасининг қазоси.

3.    Муайян вожиб-махсус йил,  махсус ой, махсус кунларда рўза тутишни назр қилинган рўза. Рамазон ойининг ҳилоли (ойи)ни кўриб, шаҳодати қабул қилинмаган кишининг рўзаси.

4.    Муайян бўлмаган вожиб-

а) назр мутлақ ҳам дейилади. Кунини таъйин қилмасдан, бир кун рўза тутишни назр қилган кишининг рўзаси. Масалан: “Фалон ишим амалга ошса бир кун рўза тутишни назр қилдим”, дейилгани каби. 

б) муайян кунда рўза тутишни назр қилиб, тутолмай қолдирилган куннинг қазо рўзаси.

в) рўза тутишга қасам ичиб, зиммасига рўзани вожиб қилиб олган кишининг рўзаси.

г) нафл рўзани тутишни бошлаб, охирига етказмай очиб юборган кишининг ўша кун учун бўлган қазо рўзаси. 

д) каффорот рўзалари: зиҳор, қатл, Рамазоннинг рўзасини қасддан очиб юбориш ва қасамни бузганлигининг каффороти учун тутиладиган рўзалар. 

е) таматтуъ ва қирон учун эхромга кириб қурбонлик қилолмаган кишининг ўн кунлик рўзаси.

ж) эхромдалик чоғида соч олиш вақти киришидан олдин соч олдирган кишининг шу иш каффороти учун тутадиган уч кун рўзаси. 

з) харамда ов қилинганлигининг жазосига тутиладиган рўза. 

и) эътикоф билан бирга тутиладиган рўза. Масалан: эътикоф қилган киши эътикофини бузиб юборса, эътикофни қазо қилиш чоғида тутилган рўза.

5.    Суннат-бирорта ҳам суннати муаккада бўлган рўза йўқдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилиб, ўзлари кўпроқ амал қилган рўзалар суннат рўзалар ҳисобланади. Жами бир йилда 51 та суннат бўлган рўзалар мавжуд, улар:

–    Арафа куни (Зул-Ҳижжа ойининг тўққизинчиси); 

–    Зул-Ҳижжани тўққиз куни;

–    Ошуро куни (Муҳаррам ойининг ўнинчиси), ундан аввал ёки ундан кейинги бир кун билан;

–    Шаъбон ойининг 15-куни (Бароат кечасини ўтказибоқ саҳарлик қилинади);

–    Шаввол ойида олти кун рўза тутиш;

–    Ҳар ҳижрий ойнинг 13-14-15-кунлари (бир йилда 33 кун);

6.    Макруҳи тахримий-икки ҳайит ва қурбон ҳайитидан кейинги уч ташриқ кунларида, насороларга ўхшаб фақатгина якшанба, яҳудийлар каби фақатгина шанба кунини улуғлаб рўза тутиш. Омма халқнинг шак кунида рўза тутишликлари. Хослар бундан мустасно.

7.    Макруҳи танзиҳий-фақатгина Ошуро кунида, унга олдин ё кейин бирор кун қўшмай рўза тутиш, баъзи фуқаҳолар наздида ёлғиз жума куни рўза тутиш (кўпчилик фуқаҳолар наздида эса мустаҳабдир Бадойиъ), Рамазон рўзасини биринчи кунидан қолиб кетмай, деган мақсадда Рамазон ойидан бир-икки кун аввал бошлаш (агар одатда рўза тутиб келаётган кунларига тўғри келиб қолса зарари йўқ), икки кунлик рўзани саҳарлик ва ифторлик қилмай улаб тутиш, “ҳеч ким билан сўзлашмаслик” рўзасини тутиш (буни Марям розиаллоҳу анҳо рўзаси ҳам дейилади), аёл киши эрининг рухсатисиз нафл рўза тутишлиги (агар эр яқинликдан ожизлик даражасида бемор ёки рўзадор, ҳаж ва умранинг эҳромида бўлса макруҳ эмас), мусофир рўза туфайли ночор аҳволга тушиб қоладиган бўлса (лекин қудрати ета туриб рўза тутса афзалдир), ҳожи арафа куни рўза тутиши туфайли заифлашиб қолиши кутилса-да рўза тутиши.

8. Мустаҳаб-юқорида саналган кунлардан бошқа кунларда рўза тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп бор тутмаган ёки тарғиб қилиб, ўзлари тутмаган рўзалар ёки тарғиб ҳам қилмаган, қайтармаган рўзалар мустаҳаб рўзалар ҳисобланади. Умдатул-Фиқҳ

САВОЛ: Рўзанинг рукни қайси?

ЖАВОБ: Намоздаги қиём, қироат, рукуъ, сажда каби рўзадаги рукн ўзини еб-ичиш, яқинликдан сақлашдир. Умдатул-Фиқҳ

САВОЛ: Рўзанинг шартлари нечта?

ЖАВОБ: Икки қисмга бўлинади:

1.    Зиммага вожиб бўлиш шартлари. Улар тўрттадир:

–    Мусулмон бўлиш (кофирнинг зиммасига рўза фарз эмас);

–    Оқил бўлиш (мажнуннинг зиммасига рўза фарз эмас);

–    Балоғатга етган бўлиш (балоғатга етмаганларнинг зиммасига фарз эмас);

–    Рўзанинг фарзлигини билиш;

2.    Адо қилиш учун вожиб бўлган шартлар: улар иккитадир:

–    Саломат бўлиш; 

–    Муқим бўлиш;

Баъзилар ҳайз ва нифосдан пок бўлишни ҳам қўшганлар. Шунга биноан учта бўлади. Умдатул-Фиқҳ

САВОЛ: Зиммага вожиб бўлиш шарти билан адо қилиш учун вожиб бўлган шартларни ўртасида нима фарқ бор?

ЖАВОБ: Зимда зиммага вожиб бўлиш шартларидан бирортаси топилмаса, унга ўша вақтда рўза тутиш ҳам, кейинчалик қазоси ҳам вожиб бўлмайди. Мисол учун балоғатга етмаганга ўша вақтда рўза тутиши ҳам балоғатга етгач эса қазосини тутиб бериш ҳам вожиб бўлмайди. Жинни инсонни мажнун ҳолатида рўза тутиши ҳам соғайгач эса мажнунлик ҳолатидаги рўзаларни қазосини тутиб бериши ҳам вожиб бўлмайди.

Кимдаки зиммага вожиб шартлар топилиб, адо қилиш учун вожиб бўлган шартлардан бирортаси топилмаса, ўша вақтда рўза тутиш вожиб бўлмасада, кейинчалик қазони тутиб бериш вожиб бўлади. Мисол: мусулмон, оқил, балоғатга етган беморга зиммасига рўза тутиш вожиб, лекин беморлик кунларида рўзани адо қилиш вожиб эмас. Соғайгач қазоси вожиб бўлади. Умдатул-Фиқҳ

САВОЛ: Рўзани ният қилиш қандай амал ҳисобланади?

ЖАВОБ: Ният рўзани рўза бўлиши учун шартдир. Агар еб-ичишдан, яқинликдан ўзини тўхтатса-ю, ният қилмаса рўза рўза бўлмайди. 

Баъзилар ҳайз ва нифосдан пок бўлишни адо қилиш учун вожиб бўлган шартлар қаторига қўшмай, рўзани дуруст бўлиши учун шарт қилганлар.  Умдатул-Фиқҳ

САВОЛ:  Рўзада дил билан ният қилиш кифоями?

ЖАВОБ: Ният сўз луғатда қасд қилиш, шариатда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога ибодат қилишни ва Унга яқин бўлишини  қасд қилишдир. Рўза дуруст бўлиши учун дилда ният қилиш шарт, тилда талаффуз қилиш эса шарт эмас.  Фиқҳий китобларда “тилда талаффуз қилиш суннат”, дейилганидан мурод машойихларнинг таълим мақсадида йўлга қўйган суннатларидир. Зеро  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тил билан ният қилиш собит бўлган эмас.  

Умдатул-Фиқҳ

حقيقة النية قصده عازما بقلبه صوم غد ولا يخلو مسلم عن هذا في ليالي شهر رمضان إلا ما ندر وليس النطق باللسان شرطا

Ниятнинг ҳақиқати эртанги рўзани қалби билан азму-қарор қилган ҳолда қасд қилмоқлик. Рамазон ойининг кечалари мусулмон киши бундай ниятдан ҳоли бўлмайди. Баъзиларгина бундан мустаснодир. Тил билан ният қилиш шарт эмас. Мароқил Фалоҳ.

САВОЛ: Қайси вақтда ният қилиш афзал?

ЖАВОБ: Ният қилишнинг энг афзал вақти ифтор қилиш чоғида эртанги куннинг рўзасини ният қилишликдур. Инша Аллоҳ эртага рўза тутаман, дейишлик билан ҳам рўзаси рўза бўлаверади. Зеро рўзада бу калималар Аллоҳ таолодан тавфиқ, мадад умидини ифода қилади.  

Гарчи талоқда “инша Аллоҳ” ни қўшиши билан талоқ воқеъ бўлмасада. Рамазон ойида рўза кунлари эканлигини билса-да, рўза тутишни ҳам тутмасликни ҳам ният қилмасдан тонг оттирса, рўзадор бўлиб қолмайди. Зеро рўза кунлари эканини билишнинг ўзи билан рўзадор бўлиб қолмайди. Умдатул-Фиқҳ

قَالَ نَوَيْت أَنْ أَصُومَ غَدًا إنْ شَاءَ اللَّهُ تَعَالَى صَحَّتْ نِيَّتُهُ لِأَنَّ النِّيَّةَ عَمَلُ الْقَلْبِ دُونَ اللِّسَانِ فَلَا يَعْمَلُ فِيهِ الِاسْتِثْنَاءُ

Бир киши “Инша Аллоҳ эртага рўза тутаман”, деб ният қилса, нияти дуруст бўлади. Чунки ният тилнинг эмас қалбнинг ишидир. Бунда “истисно” қоидаси ишламайди.

САВОЛ: Рўзанинг ҳар куни учун янги ният зарурми?

ЖАВОБ: Бизнинг учала имомларимиз наздида ҳар кунги рўза учун хоҳ кечасидан бўлсин, хоҳ кун яримлашидан аввал бўлсин янги ният қилиш зарурдир.   Аммо Имом Зуфар, ва бошқа мазҳаб соҳиблари бир ой учун битта ният қилиш кифоя қилади дейдилар. Умдатул-Фиқҳ.

وَقْتُ النِّيَّةِ كُلُّ يَوْمٍ بَعْدَ غُرُوبِ الشَّمْسِ ، وَلَا يَجُوزُ قَبْلَهُ

Ниятнинг вақти ҳар куни қуёш ботгандан сўнгдир. Ундан олдин жоиз бўлмайди. Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: Саҳарлик қилиш ният ўрнига ўтадими?

ЖАВОБ: Бир киши ҳар куни  рўза тутадиган бўлиб саҳарлик қилса, тили билан ҳам дили билан ҳам рўзани ният қилмаса саҳарлик қилишлиги ният ўрнига ўтади. Лекин саҳарлик қилаётган вақтда рўза тутмасликни ният қилса ёки одати ҳар куни ўша вақтда таомланишлик бўлса ёки ҳаммадек саҳарликка туриб рўза тутмайдиган киши бўлса, унинг саҳарлик қилиши ният ўрнига ўтмайди. Саҳарлик ниятнинг ўрнига ўтишлиги Рамазоннинг рўзаси, таъйин қилинган назрда ва нафл рўзалардадир. Бундан бошқаларда эса саҳарлик билан биргаликда қайси рўзани тутаётганлигини дил билан ният қилиши зарурдир.  Кечанинг аввалида “саҳарликка тураман” деб ният қилиниши рўзани ниятининг ўрнига ўтмайди. Умдатул-Фиқҳ

فَالسُّحُورُ فِي شَهْرِ رَمَضَانَ نِيَّةٌ

Рамазон ойида саҳарликка туришнинг ўзи ният ҳисобланади. Жавҳаротун-Наййироҳ.

САВОЛ: Рўзадорлик ниятини бекор қилиш дуруст бўладими?

ЖАВОБ: Бир киши рўза тутишни кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирмасдан ниятидан қайтса, рўзадор бўлмайди. Рамазон кунларида шундай иш содир бўлса, зиммасига ўша куннинг қазоси лозим бўлади, каффороти эмас. 

Агар кечасидан ният қилиб, субҳи содиқ кирганидан кейин ниятини бекор қилса, нияти бекор бўлмайди, рўзадор бўлади. Мободо еб-ичиб юборса, ўша кунги рўзанинг қазоси ва каффороти лозим бўлади. 

Бир киши кечасида саҳарликка тура олмаслигини ўйлаб рўзани ният қилса, сўнг саҳарликка туриб қолса, саҳарлик қилаверади ва ниятини янгилаб олади. 

Рўзадор рўзасини бузишни ният қилсаю, бирор нарса еб-ичмаса рўзаси бузилмайди.  Умдатул-Фиқҳ

لَوْ نَوَى مِنْ اللَّيْلِ ثُمَّ رَجَعَ عَنْ نِيَّتِهِ قَبْلَ طُلُوعِ الْفَجْرِ صَحَّ رُجُوعُهُ فِي الصِّيَامَاتِ كُلِّهَا 

Рўзаларнинг барчасида кечаси ният қилиб сўнг ниятидан субҳи киришидан олдин қайтиб олса, қайтиши дуруст бўлади, яъни рўза тутиш нияти бекор бўлган бўлади. Фатавои Ҳиндия.  

САВОЛ: Рўза қачондан ният қилинади?

ЖАВОБ: Қуёш ботиши билан эртанги куннинг рўзасини ният қилса ният дуруст бўлади. Яъни бир киши шундай ният қилиб беҳуш бўлиб қолса, беҳушлиги эртаси куннинг қуёши ботгунича давом этса-да, ўша кунда рўзадор бўлган ҳисобланади. Қуёш ботишдан аввал ёки ботаётганда эртанги куннинг рўзасини ният қилишлик кифоя қилмайди, балки қуёш ботгандан сўнг қайта ният қилиши зарур.  Умдатул-Фиқҳ.

فلا تصح قبل الغروب فلو نوى قبل أن تغيب الشمس أن يكون صائما غدا ثم نام أو أغمي عليه أو غفل حتى زالت الشمس من الغد لم يجز وإن نوى بعد غروب الشمس جاز

Рўзанинг нияти қуёш ботишидан аввал қилинса дуруст бўлмайди. Агар қуёш ботишидан аввал эртага рўза тутишни ният қилса-ю, сўнг ухлаб қолса, беҳуш бўлиб қолса ёки ғафлатда қолиб эртаси кунги қуёш тиккадан оғгунча ният қила олмай қолса, нияти жоиз бўлмайди. Агар ниятни қуёш ботгандан сўнг қилса нияти дуруст бўлади. Роддул Муҳтор.

САВОЛ: Ният қилишнинг охирги вақти қачон?

ЖАВОБ: Бу борада уламолар турли хил фикрлар айтганлар. Ҳанафий уламолар наздида рўза икки қисмга бўлинади. Биринчисига кечасидан ният қилиш шарт эмас. Ният қилиб олса афзал. Рамазон рўзаси, таъйин қилинган назрларни, нафл рўзаларни адо қилиш каби. Иккинчисига кечасидан ният қилиш шарт. Юқоридаги рўзаларнинг қазоси ва бошқа барча рўзалар каби. Шунинг учун Рамазон рўзасини тутаётган киши куннинг ярми бўлишидан аввал (шаръий нисфун-наҳоргача)ният қилиб олса, бу орада еб-ичиб қўймаган бўлса, рўзаси рўза бўлаверади. 

“Шаръий нисфун-наҳор”ни билиш учун субҳи содиқдан қуёш боткунга қадар бўлган вақтларни иккига бўлинади. Агар куннинг тенг ярмидан кўпроғида ният топилса, рўза рўза бўлади. Тенг ярмида ёки тенг ярмидан озроғида ният топилса рўза дуруст бўлмайди.  Умдатул-Фиқҳ 

إنَّمَا تَجُوزُ النِّيَّةُ قَبْلَ الزَّوَالِ إذَا لَمْ يُوجَدْ مِنْهُ بَعْدَ الْفَجْرِ مَا يُضَادُّ الصَّوْمَ

Ниятни шаръий нисфун-наҳордан олдин қилиб олса, модомики бу орада рўзани бузадиган амалларни қилмаса рўза рўза бўлади.  Жавҳаротун-Наййироҳ.

САВОЛ: Рамазон рўзасининг нияти қандай қилинади?

ЖАВОБ: Рамазон рўзасини адо қилиш учун умумий равишда “рўза тутишни ният қилдим”, деса кифоя. 

Мусофир ва беморлардан бошқалар қайси турдаги рўза тутишни ният қилмасинлар (назрни ният қиладими, нафлни ният қиладими барибир), барчаси Рамазон рўзасидан ҳисоб қилинаверади. Умдатул-Фиқҳ.

صَحَّ صَوْمُ رَمَضَانَ وما معه بِمُطْلَقِ النِّيَّةِ وَبِنِيَّةِ النَّفْلِ

Рамазон рўзаси ва унинг ҳукмидагилар мутлоқ ният қилиш ҳамда нафлни ният қилиш билан дуруст бўлаверади. Баҳрур Роиқ

САВОЛ: шак кунида рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ: баъзи жойларда Рамазоннинг биринчи куни, бошқа жойларда эса шаъбоннинг охирги куни, дейилган шак кунда нафл ниятида рўза тутса жоиздир. 

“Бугун Рамазон бўлса рўзадорман, Рамазон бўлмаса рўзадор эмасман” деган ният билан рўза тутган бўлмайди.  

САВОЛ: бошқа юртда, масалан, Саудия Арабистонида рўза тутишни тугатган киши ўз юртига келса одамлар рўзадор бўлишса, нима қилади?

ЖАВОБ: ўз юртида рўза давом этаётган бўлса, унга ҳам рўза тутиши фарз бўлади. 

Бунинг акси, яъни ўз юртида рўзадор бўлиб Саудия Арабистонига борсаю, у ерда ҳайит куни бўлса, улар билан бирга ҳайит қилади. Кейин бир кун қазо тутиб беради.

لَوْ صَامَ رَائِي هِلَالِ رَمَضَانَ وَأَكْمَلَ الْعِدَّةَ لَمْ يُفْطِرْ إلَّا مَعَ الْإِمَامِ لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ {صَوْمُكُمْ يَوْمَ تَصُومُونَ وَفِطْرُكُمْ يَوْمَ تُفْطِرُونَ} رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Рамазон ҳилолини кўриб рўза тутган киши рўзасини тугатсаю, имом (ҳукми жорий бўлган кишилар) рўза тутаётган бўлса биргаликда рўза тутади. Улар билан биргаликда рўзани тугатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

“(ҳамма биргаликда) Рўза тутаётган кунларингиз рўза, тутмаётган кунларингиз рўза эмас”, деган сўзларининг далили билан.  (Роддул Муҳтор).

 

 Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам очишни мубоҳ қилувчи амаллар 

 

САВОЛ: Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам очишни мубоҳ қилувчи амаллар қайсилар?

ЖАВОБ: Улар тўққизтадир:

1.    Беморлик (ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талофат етиши, янги касаллик пайдо бўлиши, мавжуд беморлиги зиёдалашиши хавфи бўлса. Юқоридагилар ҳолатларни узр бўлишини шарти-мусулмон, ўз касбини моҳир устаси, адолатли шифокор томонидан тавсия бўлишидир. Ғайри дин, соҳасини устаси бўлмаган, ибодатларга бепарво шифокорларнинг тавсиялари қабул қилинмайди).

المريض إذا خاف على نفسه التلف، أو ذهاب عضو منه يفطر بالإجماع

Касал ўз жонига ёки бирор аъзосига талофат етишидан хавф қилса бил ижмоъ рўзасини очаверади; Фатавои Ҳиндия

2.    Сафар қилиш (мусофир киши рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрликдир. Имкони бўлса тутгани афзалдир. Рўза тутмаслиги мумкинлигига шариат томонидан рухсат берилган. Рўза тутганидан сўнг сафарга чиқса, рўзасини очишга рухсат берилмайди. Очиб юборса қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Рўза тутганидан сўнг сафарни ният қилсаю, ўз шаҳридан чиқиб кетишидан аввал еб-ичиб юборса каффорот лозим бўлади.);

3.    Мажбурланиш (мажбурлаш икки қисм бўлади: 1) ҳалок қилиш ёки бирор аъзосига талофат еткизиш, қаттиқ уриш; 2) бу даражага етиб бормаган мажбурлаш. Агар саломат ва муқим бир кишини ўлимтик, қон, тўнғиз гўштини ейишга мажбур қилинса, мажбурлаш тури биринчи қисмга оид, яъни ўлдириб юбориш, бирор аъзосига талофат етказиш ёки қаттиқ уриш каби бўлса, унга юқоридаги нарсаларни истеъмоли ҳалол бўлади. Сабр қилиб емасдан ўлиб кетса гуноҳкор бўлади. Биринчи қисмга оид  мажбурлаш билан куфр сўзини айтишга, ибодатларни бажармасликка зўрланса, қалби иймонга ҳотиржам бўлиб, куфр сўзнини тилга олса, ибодатларни бажармаса кофир, гуноҳкор бўлмайди, лекин тилга олмаса, ибодатларни бажарса ва натижада вафот этса савобга эга бўлади. 

Касал, мусофирлар биринчи қисмга оид мажбурлаш билан рўза тутишга мажбурлансалар рўзаларини очадилар, балки вожиб ҳам бўлади. Ҳаттоки, рўзасини очишдан бош тортиб ўлиб кетсалар гуноҳкор бўладилар);

أَنَّهُ لَوْ أُكْرِهَ عَلَى أَكْلِ مَيْتَةٍ أَوْ دَمٍ أَوْ لَحْمِ خِنْزِيرٍ أَوْ شُرْبِ خَمْرٍ بِغَيْرِ مُلْجِئٍ كَحَبْسٍ أَوْ ضَرْبٍ أَوْ قَيْدٍ لَمْ يَحِلَّ ، وَإِنْ بِمُلْجِئٍ كَقَتْلٍ أَوْ قَطْعِ عُضْوٍ أَوْ ضَرْبٍ مُبَرِّحٍ حَلَّ فَإِنْ صَبَرَ فَقُتِلَ أَثِمَ وَإِنْ أُكْرِهَ عَلَى الْكُفْرِ بِمُلْجِئٍ رَخَّصَ لَهُ إظْهَارَهُ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالْإِيمَانِ وَيُؤْجَرُ لَوْ صَبَرَ وَمِثْلُهُ سَائِرُ حُقُوقِهِ تَعَالَى كَإِفْسَادِ صَوْمٍ وَصَلَاةٍ  

Агар ўлакса, қон, тўнғиз гўштини ейишга ёки хамр ичишга ортиқча қийнамай зўрласа: қамаб, уриб, кишанлаш каби уларни ейиш ва ичиш ҳалол бўлмайди. Агар қаттиқ зўрласа: ўлдириш, бирор аъзосига талофат етказиш, қаттиқ уриш каби ҳалол бўлади. сабр қиламан, емайман, десаю, ўлиб кетса гуноҳкор бўлади. Шунингдек куфрга шу каби қаттиқ зўрланса қалби иймонга ҳотиржам бўлса куфр лафзини айтишлигига рухсат берилади. Айтмаса, сабр қилса, савоб олади. Рўза, намоз каби Аллоҳнинг ҳақларини бузиш ҳам шунингдекдир.  (Роддул Муҳтор) 

4.    Ҳомиладорлик;

5.    Сут эмизиш (ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзининг ёки боласининг жонига нуқсон ёки ҳалокат етиш хавфи бўлса, рўза тутмасликка, тутган бўлса очиб юборишга рухсат берилади. Бу нарсаларни тажриба ёки гумони ғолиб бўлиши ёки мусулмон, ўз ишиши устаси бўлган шифокор тавсияси билан билинади)

الْحَامِلُ وَالْمُرْضِعُ إذَا خَافَتَا عَلَى أَنْفُسِهِمَا أَوْ ، وَلَدِهِمَا أَفْطَرَتَا وَقَضَتَا ، وَلَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِمَا كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ

Ҳомиладор ё эмизикли аёл ўз жонларига ёки болаларига хавф сезсалар рўзани қазо қиладилар. Уларга каффорот вожиб бўлмайди. Хулосада ҳам шундай келтирилган; Фатавои Ҳиндия

6. Очлик;

7. Чанқоқлик (бу ҳолатлар ҳалокат ёки беморликка олиб борса, рўзани очишлик узр саналади);

8. Қарилик (эркагу аёл ёши улғайиб, рўза тутишга қудрати етмаса, бу ҳолат умрининг охирига давом этса, рўза тутмасдан бадалига фидя тўлашлари лозим бўлади. 

قال في التنوير و للشيخ الفاني العاجز عن الصوم الفطر و يفدي

Танвирда “Рўзадан ожиз қолган ёши улуғ кишига рўза тутмаслиги жоиз бўлади ва фидя тўлайди”, дейилган. Фатавои Ҳиндия.

Шунингдек сурункали касалликка дучор бўлганлар ҳам.

الْمَرِيضُ إذَا تَحَقَّقَ الْيَأْسُ مِنْ الصِّحَّةِ فَعَلَيْهِ الْفِدْيَةُ لِكُلِّ يَوْمٍ مِنْ الْمَرَضِ 

Саломат бўлишдан умидини узган сурункали касалликка дучор бўлган беморга касаллиги туфайли ҳар кунлик рўзасини эвазига фидя тўлаши вожиб бўлади. Роддул Муҳтор.

Агар юқоридаги кишилар ёзнинг узун кунларида тутолмай, қишнинг қисқа кунларида тутшга қудратлари етса, рўза тутишлари фарз бўлиб, фидя кифоя қилмайди;

9.    Сафарбарлик; 

Баъзилар ҳайз, нифос, беҳушлик ва жиннилик, нафл рўзаларда зиёфатни ҳам рўза тутмаслик учун узрлар сафига қўшганлар.

САВОЛ: Рўза тутмасликка узрли кишилар узрлари тугаса нима қиладилар. 

ЖАВОБ: Узрлари сабабли неча кун рўза тута олмаган бўлсалар, ўша кунларнинг қазосини тутишлари вожиб бўлади.

САВОЛ: Иш туфайли рўзани тарк қилса бўладими?

ЖАВОБ: Иш туфайли рўзани тарк қилишга рухсат йўқ. Аммо рўзадорга иш чоғида рўзани очишга шаръий узр пайдо бўлса рўзасини очади. Унинг зиммасига қазо лозим бўлади, каффорот эмас.

الْمُحْتَرِفُ الْمُحْتَاجُ إلَى نَفَقَتِهِ عَلِمَ أَنَّهُ لَوْ اشْتَغَلَ بِحِرْفَتِهِ يَلْحَقُهُ ضَرَرٌ مُبِيحٌ لِلْفِطْرِ يَحْرُمُ عَلَيْهِ الْفِطْرُ قَبْلَ أَنْ يَمْرَضَ كَذَا فِي الْقُنْيَةِ 

Нафақага муҳтож бўлган касб эгаси иш билан шуғулланса рўзани тутмасликни мубоҳ қилувчи зарар етишини билса ҳам бемор бўлмасидан аввал рўза очиши ҳаром саналади. Фатавои Ҳиндия

Лекин бошлиқларга Рамазонда қўл остидагиларга ишни енгиллатишга буйруқ берилган.

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيَّ، قَالَ: خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي آخِرِ يَوْمٍ مِنْ شَعْبَانَ فَقَالَ: ...مَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ غَفَرَ اللهُ لَهُ وَأَعْتَقَهُ مِنَ النَّارِ 

Салмон Форсий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг охирги куни бизларга хутба қилдилар. Айтдилар... Ким Рамазон ойида қўл остидагиларга енгиллик яратиб берса, Аллоҳ уни мағфират қилиб, дўзахдан озод қилади”

Байҳақий ривояти.

САВОЛ:  Қайталаниб қолиш хавфи бўлса рўза тутмаса бўладими?

ЖАВОБ: Мусулмон, моҳир табиб маслаҳат берса рўзасини кечиктириб, қазосини тутишлиги лозим бўлади.

إِنْ خَافَ زِيَادَةَ الْعِلَّةِ وَامْتِدَادَهَا فَكَذَلِكَ عِنْدَنَا ، وَعَلَيْهِ الْقَضَاءُ إذَا أَفْطَرَ 

Агар касали зиёда бўлиши ё чўзилиб кетиши хавфи бўлса, бизнинг наздимизда ҳам шунингдекдир (яъни рўзани очса бўлади). Шунда, зиммасига қазо вожиб бўлади. Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: Рўза тутмасликка бўлган рухсат барча турдаги касалликка доирми?

ЖАВОБ: Бу ҳукм барча турдаги касалликка эмас, балки фақатгина рўза тутишлик зарар қиладиган касалликларга оиддир.

المرض الذي لا يضر معه الصوم لا يبيح الافطار 

Рўза тутиш зарар қилмайдиган беморлик рўза тутмасликни мубоҳ қилмайди. Шарҳи Мухтасар Таҳовий.

 

Рўзани очмайдиган амаллар

Рўзани очмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар

САВОЛ: Рўзани очмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар қайсилар?

ЖАВОБ: 

1. Сурма қўйиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида сурма қўяр эдилар;

2. Мўйлаб, соқолларига ёғ суртиш;

3. Бадан, бошларга ёғ суртиш;

4. Рўзадор таҳоратдан ташқари оғиз-бурунларини чайиш, салқинлаш мақсадида ғусл қилиш, бошидан сув қуйиши, сувнинг ичига тушиб олиши, нам латтани баданига ёпиб олиши. Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ наздларида макруҳ эмас, фатво ҳам шунгадир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида чанқоқ босгани ва иссиқлик туфайли бошларидан сув қуяр эдилар. Ибн Умар розиаллоҳу анҳумо рўзадор ҳолатида латтани намлаб баданига ўраб олар эдилар. Бу амалларни ибодатга кўмак бўлсин учун, фитрий бетоқатликни кетказишлик учун қилишликда зарар йўқ. 

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ бу ишларни макруҳ санаганлар. Лекин макруҳлиги рўзани бузишга олиб борувчилиги эътиборидан эмас, балки ибодатни адо қилишда сабрсизликни изҳор қилганлиги эътиборидандир. 

Бир киши салқинлаш мақсадида сувга шўнғиса рўза очилмаслигига учала имом ҳам иттифоқ қилганлар;

5.    Рўза ҳолатида, заволдан аввал бўлсин ёки кейин мисвак ишлатиш макруҳ эмас. Имом Аҳмад, Имом Молик, Имом Шофеъий наздларида заволдан кейин мисвак ишлатиш макруҳдир;

6.    Рўзадор мушк, атир ҳушбўйликларни ҳидлаши макруҳ эмас (исириқ, тутунларни ичига ютиш билан рўза очилади);

7.    Заифлаштирмаса қон олдириш;

8.   Қасддан ейилмайдиган ва ундан сақланиш қийин бўлган нарсаларни  ҳалқумдан ўтиши билан. Масалан: ҳавода учиб юрадиган майда ҳашоротлар, тутун, чанг:  

9.   Эркаклар сийдикни тўхтатиш, даволаниш мақсадида жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олсалар (аёллар шу каби ишни қилсалар рўзалари очилади);

10.  Саҳарликдан сўнг тишнинг ораларида қолган нарса нўхат миқдоридан кичикроқ бўлиб, уни ютиб юборса зарари йўқ. Лекин оғиздан ташқарига чиқариб сўнг оғизга қайта солиб ютса рўза очилади. Нўхат миқдорича ё каттароқ бўлса рўза очилади. 

Эсдан чиқариб одатий ёки ғайри одатий ишларни бажаришлик. Масалан: еб-ичиш, яқинлик қилиш ёҳуд клизма қилдириш, қулоғига дори томизиш. (Эсига тушиши билан бу амаллардан тўҳталиш зарур).

Қари, заифҳол рўзадор киши эсидан чиқиб овқатланаётган бўлса, уни огоҳлантирилмайди. Агар ёш, қувватга эга бўлса, огоҳлантирилади. У эса огоҳлантирувни эшитгач оғзидаги нарсаларни ютмаслиги, дархол ташқарига чиқариб юбориши лозим бўлади. Ютиб юборса рўзаси очилади.  Қазоси вожиб, каффороти хусусида эса уламолар бир неча қавллар айтганлар. 

11.   Эркагу аёл тушида булғаниши;

12.   Жунуб ҳолда субҳи содиқни қарши олиш;

Рўзани очмайдиган, лекин макруҳ бўлган амаллар

САВОЛ: Рўзани очмайдиган, лекин макруҳ бўлган амаллар қайсилар?

ЖАВОБ:  

1.    Рўзадор тупугини оғзида тўплаб сўнг ютиб юбориши;

2.    Гапираётган, зикр қилаётган, ўқиётган чоғда лаблари ҳўл бўлса сўнг ўша ҳўлликни ютса;

3.    Оғзидан оқаётган сўлакни қайтадан ютиб юборса;

4.    Оғизни чайгандан сўнг қолган намликни тупуги билан бирга ютиб юборса;

5.    Шамоллаш туфайли оққан балғам оғиз ё бурундан ташқарига чиқса, сўнг уни нафас олиб ичкарига тортса. (Лекин ичкарига ютгандан ташқарига чиқариб юборган афзал);

6.    Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш (ютиб юборса рўзаси очилади);

7.    Узрсиз чайнаш (ютиб юборса рўзаси очилади);

8.    Оғиз буруни чайишда ва истинжо қилишда муболаға қилиш;

9.    Рўзадор сувни ичида турган ҳолда ел чиқариши;

10.    Маний тўкилиб кетиш хавфи бўлса қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шахватни қўзғатадиган ишлар;

11.    Кийимсиз ҳолда баданларни бир-бирига текказиш;

12.    Лабдан тишлаш, сўриш, ўпиш;

13.    Заифлашишга олиб борадиган қон олдириш;

14.    Ғийбат ва шу каби ишларни қилиш;

15.    Аёлга қараб, ҳаёл суриб маний тўкилса рўза очилмайди, лекин макруҳ; 

САВОЛ: рўзадор ўзининг аёлини қучоқлаб ўпса ва жинсий аъзосидан бирор нарса чиқса рўзаси бузиладими?

ЖАВОБ: бу каби ҳолатларда жинсий аъзодан чиққан сув мазий дейилади ва бу билан рўза очилмайди.  Агар шаҳват билан маний отилиб чиқса рўза очилади. 

كُرِهَ (قُبْلَةٌ) وَمَسٌّ وَمُعَانَقَةٌ وَمُبَاشَرَةٌ فَاحِشَةٌ (إنْ لَمْ يَأْمَنْ) الْمُفْسِدَ وَإِنْ أَمِنَ لَا بَأْسَ 

Рўза очилиб кетишидан қўрқиб туриб ўпиш, ушлаш, қучоқлаш, кийимсиз ҳолда бир-бирларига баданларини теккизиш макруҳдир. Агар қўрқмаса макруҳ эмас. Роддул Муҳтор. 

 

Рўзани бузадиган амаллар

 

САВОЛ: Йўғон ичаги ташқарига чиқиб, қайта жойига солган кишининг рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: Йўғон ичагини ювиб, қуритмасдан жойигша солса, рўзаси бузилади. Ювгандан сўнг қуритиб бўлгач жойига солса, очилмайди. Шунингдек бачадони чиқиб қоладиган аёллар ҳам.

خَرَجَ سُرْمُهُ فَغَسَلَهُ فَإِنْ قَامَ قَبْلَ أَنْ يُنَشِّفَهُ فَسَدَ صَوْمُهُ وَإِلَّا فَلَا 

Йўғон ичаги ташқарига чиқиб қолган киши, уни ювади. Уни қуритишидан аввал жойига киргизса, рўзаси очилади. Қуритиб бўлиб солса очилмайди. Роддул Муҳтор. 

САВОЛ: Қусиш рўзани очадими?

ЖАВОБ: Қасдан қай қилмаса оғиз тўлдирадими ёки йўқми рўза очилмайди. Агар қасддан, ўз ихтиёри билан қай қилсаю, оғиз тўла бўлса рўза очилади, оғиз тўла бўлмаса очилмайди. Қусиб қусуғини қасддан ичкарига ютиб юборса, оз бўладими, кўп бўладими рўзаси очилади. Таом оғзига келиб, сўнг беихтиёр қайтиб кетса рўза очилмайди.

إذَا قَاءَ أَوْ اسْتِقَاءَ مِلْءَ الْفَمِ أَوْ دُونَهُ عَادَ بِنَفْسِهِ أَوْ أَعَادَ أَوْ خَرَجَ فَلَا فِطْرَ عَلَى الْأَصَحِّ إلَّا فِي الْإِعَادَةِ وَالِاسْتِقَاءِ بِشَرْطِ مِلْءِ الْفَمِ 

Агар беихтиёр қусса ёки қасддан оғиз тўла ёки озроқ қусса, қусуқ ўзи ичкарига қайтиб кетса ё қайтарса, ё ташқарига чиқса, саҳиҳ қавлга биноан қусуқ кўп бўлсин ё оз ичкарига қайтариб ютиб юборса, оғзини тўлдириб қасддан қусса рўза очилади. (Бошқа суратларда рўза очилмайди) Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: Бурунга дори томизса рўза очиладими?

ЖАВОБ: Бурунга томизилган дори билан рўза очилади. 

مَا وَصَلَ إلَى الْجَوْفِ أَوْ إلَى الدِّمَاغِ عَنْ الْمَخَارِقِ الْأَصْلِيَّةِ كَالْأَنْفِ وَالْأُذُنِ وَالدُّبُرِ بِأَنْ اسْتَعَطَ أَوْ احْتَقَنَ أَوْ أَقْطَرَ فِي أُذُنِهِ فَوَصَلَ إلَى الْجَوْفِ أَوْ إلَى الدِّمَاغِ فَسَدَ صَوْمُهُ 

Бурун, қулоқ(ҳозирги кунда қулоққа томизса очилмаслигига фатво берилди), орқа каби аслий йўллардан томизиш, клизма туфайли ичкарига ёки мияга бирор нарса етиб борса рўза очилади. Бадойиъус Санойиъ.

САВОЛ: Нафас қисиш оқибатида томоғига аэрозол сепса рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: Томоғдан ичкарига ўтган ҳар бир нарса рўзани очади. Аэрозол сепилганда ҳам дориси ичкарига ўтади. Шу сабабли рўза очилади. Апка масаил ўвр унка ҳал

Шунинг учун бундай касалликка дучор бўлганлар қишнинг қисқа кунларида аэрозолни ишлатмасдан рўза тутишга қодир бўлсалар, қазосини тутиб берадилар. Агар қишнинг кунида ҳам аэрозолни ишлатмасдан тура олмасалар, рўза тутиб, эҳтиётан ҳар кунига фитр миқдорича, яъни икки килограмм буғдойни ёки қийматини фидя қилиб бериб турганлари афзалдир. 

САВОЛ: Милки қонаб, қони ичкарига кетиб қолган кишининг рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: Агар қон томоғидан ўтиб, ичкарига етса рўза очилади.

خَرَجَ الدَّمُ مِنْ بَيْنِ أَسْنَانِهِ وَدَخَلَ حَلْقَهُ  يَعْنِي وَلَمْ يَصِلْ إلَى جَوْفِهِ أَمَّا إذَا وَصَلَ فَإِنْ غَلَبَ الدَّمُ أَوْ تَسَاوَيَا فَسَدَ وَإِلَّا لَا ، إلَّا إذَا وَجَدَ طَعْمَهُ  

Тишлари орасидан қон чиқиб, халқумига кирса, яъни халқумдан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Агар халқумдан ичкарига кетса, қони тупукдан кўпроқ ёки баробар бўлса ёки таъмини сезса, рўза очилади. Тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди.  Роддул Муҳтор.

САВОЛ: Ғусл вожиб бўлган киши бурнига сув олганда сув ичкарига кетиб қолса рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: Ғуслда буруннинг юмшоғигача сув етказиш фарз, қатиқ жойига сув етказиш эса суннат саналади.  Рўзадор рўзадорлигини била туриб оғзига ёки бурнига сув олсаю, ичкарига кетиб қолса рўзаси очилади.

إِنْ تَمَضْمَضَ أَوْ اسْتَنْشَقَ فَدَخَلَ الْمَاءُ جَوْفَهُ إنْ كَانَ ذَاكِرًا لِصَوْمِهِ فَسَدَ صَوْمُهُ وَعَلَيْهِ الْقَضَاءُ ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ ذَاكِرًا لَا يَفْسُدُ صَوْمُهُ كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ وَعَلَيْهِ الِاعْتِمَادُ  

Агар бир киши оғзига ёки бурнига сув олсаю, сув ичкарига кириб кетса, рўзадорлиги эсида бўлса, рўзаси очилади ва қазо лозим бўлади. Агар рўзадорлиги эсида бўлмаса,  рўзаси очилмайди. “Хулоса”да ҳам шундай келтирилган. Шунга амал қилинади. Фатавои ҳиндия.

САВОЛ: Қулоқ ёки киндикка сув киргизилса рўза очиладими?

ЖАВОБ: Кинидикка сув киргизиш билан рўза очилмайди. Қулоққа ғусл чоғида сув кириб кетса очилмайди. Қасддан киргизилса ва мия тарафга етиб борса рўза очилиш ва очилмаслигида ихтилоф қилинган.

وَالْحَاصِلُ الِاتِّفَاقُ عَلَى الْفِطْرِ بِصَبِّ الدُّهْنِ وَعَلَى عَدَمِهِ بِدُخُولِ الْمَاءِ وَاخْتَلَفَ التَّصْحِيحُ فِي إدْخَالِه 

Хулоса шуки, қулоққа дори томизилса рўза  очилишига, сув кирса очилмаслигига иттифоқ қилинди. Қулоқнинг ичига қасддан сув киргизилса очилиш-очилмаслигига ихтилоф қилинди. Ҳидоя соҳиблари очилмаслигини айтганлар.

و لو اقطر في اذنه الماء لا يفسد صومه كذا في الهداية و هو الصحيح 

Агар рўзадор қулоғига сув томизса рўзаси очилмайди. Ҳидояда шундай келтирилган. Бу саҳиҳ қавлдир. Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: Сигарет, нос чекиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: Очилади.

يفطر بتناول الدخان المعروف ونحوه كالتمباك والنشوق 

Сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш воситаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади. Алфиқҳул Исламий ва Адиллатуҳ.

САВОЛ: рўзадор тиш пастаси билан тишини тозаласа бўладими?

ЖАВОБ: рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳдир. Агар томоғидан бирор нарса ўтиб кетмаса рўза очилмайди.

ذَاقَ شَيْئًا بِفَمِهِ  وَإِنْ كُرِهَ  لَمْ يُفْطِرْ 

Оғзи билан бирор нарсани татиб кўрса макруҳ бўлсада, рўза очилмайди. (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юбормасдан, оғзидан чиқариб юбориши даркор, акс ҳолда рўза очилади) Роддул Муҳтор

САВОЛ: укол олиш билан рўза бузиладими?

ЖАВОБ: мушаклар орасига, ёнбошга укол олиш билан рўза бузилмаслигига уламолар якдил фикр билдирганлар. Бунга далил қилиб.

وَمَا يَدْخُلُ مِنْ مَسَامِّ الْبَدَنِ مِنْ الدُّهْنِ لَا يُفْطِرُ هَكَذَا فِي شَرْحِ الْمَجْمَعِ 

Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. “Шарҳул Мажмаъ”да ҳам шундай келтирилган. Фатавои Ҳиндия.

Одатий йўллардан бошқа жойлардан терининг орасига нарса кириши, масалан,  илон чақиб олиши (гарчи томирдан чақсада), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши, рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ бўлганлар. 

САВОЛ: тиш олдирса рўза очиладими?

ЖАВОБ: рўзани очилиш-очилмаслиги томоғидан нарсани ўтиш-ўтмаслигига боғлиқ. Тиш олдириш чоғида томоғидан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.

خَرَجَ الدَّمُ مِنْ بَيْنِ أَسْنَانِهِ وَدَخَلَ حَلْقَهُ  يَعْنِي وَلَمْ يَصِلْ إلَى جَوْفِهِ أَمَّا إذَا وَصَلَ فَإِنْ غَلَبَ الدَّمُ أَوْ تَسَاوَيَا فَسَدَ وَإِلَّا لَا ، إلَّا إذَا وَجَدَ طَعْمَهُ  

Тишлари орасидан қон чиқиб, халқумига кирса, яъни халқумдан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Агар халқумдан ичкарига кетса, қони тупукдан кўпроқ ёки баробар бўлса ёки таъмини сезса, рўза очилади. Тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди.  Роддул Муҳтор.

САВОЛ: ғарғара қилиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: ғарғара қилиш макруҳ саналади. Ичкарига сув кетиб қолса рўза очилади. 

САВОЛ: эсдан чиқариб еб-ичган одам эсига тушгач таомланиб қўйса рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: 

1.    эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.

2.    эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин рўзам очилди, деб ўйлаб таомланиб қўйса қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. 

3.    эсдан чиқариб еб-ичгач, рўза очилмаслигини била туриб сўнг таомланиб қўйса қазо ҳам каффорот ҳам вожиб бўлади. Қусишнинг ҳукми ҳам шу кабидир. 

لَوْ ذَرَعَهُ الْقَيْءُ فَظَنَّ أَنَّهُ يُفَطِّرُهُ فَأَفْطَرَ لَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِ ، وَإِنْ عَلِمَ أَنَّ ذَلِكَ لَا يُفَطِّرُ فَعَلَيْهِ الْكَفَّارَةُ 

Агар қусса ва бу рўзани очади, деб ўйлаб таомланиб юборса, қазо лозим бўлади, каффорот эмас. Агар бу рўзани очмаслигини билиб туриб таомланиб юборса, каффорот ҳам вожиб бўлади. Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: ғийбат қилса, ёлғон гапирса рўза очилади, деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса каффорот лозим бўладими?

ЖАВОБ: қазо ҳам каффорот ҳам лозим бўлади.

وَلَوْ اغْتَابَ إنْسَانًا فَظَنَّ أَنَّ ذَلِكَ يُفْطِرُهُ ثُمَّ أَكَلَ بَعْدَ ذَلِكَ مُتَعَمِّدًا فَعَلَيْهِ الْكَفَّارَةُ 

Рўзадор бошқа бировни ғийбат қилиб, бу иши рўзани очади, деб гумон қилиб қасддан еб-ичиб юборса, зиммасига қазо ҳам каффорот ҳам вожиб бўлади. Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: қўли билан шаҳватини қондирса рўза очиладими?

ЖАВОБ: бу иш ҳар ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.

لو استمنى بكفه أفطر لوجود الجماع معنى ، ولا كفارة لعدم الصورة

Қўли билан шаҳватини қондирса маънан яқинлик ҳолати топилиб суратан топилмагани учун рўза очилади ва қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Ихтиёр.

САВОЛ: рўзадор кундузида ухлаб тушида булғаниб қолса, рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: тушида булғаниш туфайли рўза очилмайди.

أَوْ احْتَلَمَ أَوْ أَنْزَلَ بِنَظَرٍ لَا يُفْطِرُ

Тушида булғанса ёки қараш билан маний тўкилса, рўза очилмайди. (қўли билан ушлаши натижасида ёки бирор нарсага ишқаланиш оқибатида маний тўкилса қазо лозим бўлади) Баҳрур Роиқ.

САВОЛ: саҳарликдан сўнг қорни тўйиб кетгани боис таом оғзига келиб яна қайтиб кетса рўза очиладими?

ЖАВОБ: қусуқ беихтиёр келиб яна қайтиб кетса рўза очилмайди, агар қасддан қайтариб юборилса рўза очилади. 

القيء الذي عاد بنفسه  

Ўзи қайтиб кетган қусуқ рўзани очмайди. Роддул Муҳтор.

САВОЛ: рўзадор исириқ, пар ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳидлаши билан рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: қасддан, рўзадорлиги эсида туриб, тутун ютса, исириқ ҳидини ичига ютса, доривор ўтларни буғини оғиз-бурни билан ичига ютса, рўзаси очилади.   

لَوْ تَبَخَّرَ بِبَخُورٍ وَآوَاهُ إلَى نَفَسِهِ وَاشْتَمَّهُ ذَاكِرًا لِصَوْمِهِ أَفْطَرَ

Рўзадорлиги эсида бўла туриб тутатқини тутатиб нафаси билан ичига ютса, рўзаси очилади.  Роддул Муҳтор.

САВОЛ: мазь ва шу каби воситаларни баданга суртиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: рўза очилмайди. 

وَمَا يَدْخُلُ مِنْ مَسَامِّ الْبَدَنِ مِنْ الدُّهْنِ لَا يُفْطِرُ هَكَذَا فِي شَرْحِ الْمَجْمَعِ 

Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. “Шарҳул Мажмаъ”да ҳам шундай келтирилган. Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: рўзадор шўр сувда оғзини чайса бўладими?

ЖАВОБ: сув чучук бўлсин ёки шўр, рўзадор у билан таҳорат олса ҳам, оғзини чайса ҳам бўлади. 

САВОЛ: касал ва мусофир Рамазон ойида рўза тутолмасада ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши керакми?

ЖАВОБ: Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар ошкора эмас, балки одамлардан алоҳида, ҳолироқ жойда таомланишлари мумкин бўлади.  

لا يجب الإمساك على المريض والمسافر ... لكن لا يأكلون جهرا بل سرا 

Бемор ва мусофирга еб-ичишдан тийилмоқлари вожиб эмас. Лекин (таомланмоқчи бўлсалар) ошкора эмас, балки одамлардан яшириниб таомланишлари керак бўлади. Мароқил Фалоҳ.

САВОЛ: рўзадор сув билан муболағали тарзда истинжо қилса, бавосил (гемарой) касалига дучор бўлганлар ўша жойларига дори қўйсалар рўзалари очиладими?

ЖАВОБ: истинжо чоғида сув, бавосили касаллигида дорилар орқа аъзонинг клизма қилинадиган жойигача етиб борса рўза очилади. Етиб бормай ташқарида қолса, очилмайди.

لَوْ بَالَغَ فِي الِاسْتِنْجَاءِ حَتَّى بَلَغَ مَوْضِعَ الْحُقْنَةِ فَسَدَ وَهَذَا قَلَّمَا يَكُونُ 

Агар истинжони муболаға тарзида қилсаю, клизма қилиш ўрнигача етиб борса, рўзаси очилади. Бу нарса жуда камдан-кам бўлади. Роддул Муҳтор. 

وَالْحَدُّ الَّذِي يَتَعَلَّقُ بِالْوُصُولِ إلَيْهِ الْفَسَادُ قَدْرُ الْمِحْقَنَةِ

Рўзани бузадиган даражада нарсанинг ичкарига киришидаги чегара клизмада сув ичкарига кетадиган жойидир. Роддул Мухтор.   

САВОЛ: қасддан қусса рўза очиладими?

ЖАВОБ: қасддан қусса ва оғиз тўлдирадиган миқдорда бўлса рўза очилади ва қазо вожиб бўлади. Ундан кам миқдорда бўлса рўза очилмайди. 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم-  مَنْ ذَرَعَهُ قَىْءٌ وَهُوَ صَائِمٌ فَلَيْسَ عَلَيْهِ قَضَاءٌ وَإِنِ اسْتَقَاءَ فَلْيَقْضِ 

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким рўзадор бўла туриб қусса, унга қазо лозим бўлмайди. Агар қасддан қусса рўзасини қазосини тутсин”, дедилар. 

وإن استقاء  أي طلب القيء  عامدا  أي متذكرا لصومه إن كان ملء الفم فسد بالإجماع 

Агар рўзадорлиги эсида бўлиб, қасддан, оғиз тўлалигича қусса рўза очилишига уламолар иттифоқ қилишган. Дуррул Мухтор.

Агар беихтиёр қусиб юборса оғиз тўла бўлса ҳам рўза очилмайди. 

САВОЛ: истима кириб укол қабул қилиш натижасида рўза очиладими?

ЖАВОБ: таблетка қабул қилиш билан рўза очилади. Ёнбошга ёки мушакка укол қилиш билан эса очилмайди.

وَالْمُفْطِرُ إنَّمَا هُوَ الدَّاخِلُ مِنْ الْمَنَافِذِ لِلِاتِّفَاقِ عَلَى أَنَّ مَنْ اغْتَسَلَ فِي مَاءٍ فَوَجَدَ بَرْدَهُ فِي بَاطِنِهِ أَنَّهُ لَا يُفْطِرُ 

Рўзани очувчи нарса одатий йўллардан кирувчи нарсалардир (одатий йўллар: оғиз, бурун, қулоқ, олд-орқа жинсий аъзолар. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди). Далил: “Бир киши сувда ғусл қилса ва сув билан ичи салқинласа, рўзаси очилмайди”.  Роддул Муҳтор.  

САВОЛ: сурма қўйиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолатларида сурма қўйганлар. Сурмани кўп қўйиш натижасида ҳалқумида сурманинг таъмини сезса ҳам рўза очилмайди. 

أَوْ اكْتَحَلَ أَوْ احْتَجَمَ ... وَإِنْ وَجَدَ طَعْمَهُ فِي حَلْقِهِ أَيْ طَعْمَ الْكُحْلِ أَوْ الدُّهْنِ قَالَ فِي النَّهْرِ لِأَنَّ الْمَوْجُودَ فِي حَلْقِهِ أَثَرٌ دَاخِلٌ مِنْ الْمَسَامِّ الَّذِي هُوَ خَلَلُ الْبَدَنِ  وَالْمُفْطِرُ إنَّمَا هُوَ الدَّاخِلُ مِنْ الْمَنَافِذِ 

Сурма қўйса ёки қон олдирса рўзаси очилмайди. Гарчи ҳалқумида сурма, ёғнинг таъми келса ҳам. 

“Наҳр” да келтирилади: Чунки ҳалқумида топилган нарса баданнинг бўшлиқлари бўлган тешикчаларидан кирган нарсалардир. Рўзани очувчи нарса одатий йўллардан кирувчи нарсалардир (одатий йўллар: оғиз, бурун, қулоқ, олд-орқа жинсий аъзолар. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди). Роддул Муҳтор. 

САВОЛ: ошқозон касаллиги билан касал бўлган рўзадор бемор зонт ютса бўладими?

ЖАВОБ: зонт қуруқ ҳолатда ютилса ва қайтариб чиқариб олинса, рўза очилмайди.

لَوْ شَدَّ الطَّعَامَ بِخَيْطٍ وَأَرْسَلَهُ فِي حَلْقِهِ وَطَرَفُ الْخَيْطِ فِي يَدِهِ لَا يُفْسِدُ الصَّوْمَ إلَّا إذَا انْفَصَلَ 

Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса, яъни ютса, ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, яъни қайтариб чиқариб оладиган бўлса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади. Баҳрур Роиқ. 

وَهَذَا يَدُلُّ عَلَى أَنَّ اسْتِقْرَارَ الدَّاخِلِ فِي الْجَوْفِ شَرْطُ فَسَادِ الصَّوْمِ 

Ичкарига киргизилган нарсанинг ўша ерда қолиб кетиши рўза фасод бўлишининг шартидир. Бадойиъус Санойиъ.

САВОЛ: жароҳатларга дори қўйиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: икки турдаги жароҳатга дори қўйиш билан рўза очилишига фуқаҳолар иттифоқ қилганлар. 

Бошдаги миягача етиб борадиган, чуқур жароҳат;

Ошқозонга етиб борадиган жароҳат;

Гўёки бу икки жароҳат мия билан ошқозонга бевосита нарса етиб боришига олиб борувчи жароҳатдир.

وَلَوْ دَاوَى جَائِفَةً أَوْ آمَّةً بِدَوَاءٍ فَوَصَلَ إلَى جَوْفِهِ أَوْ دِمَاغِهِ أَفْطَرَ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ رَحِمَهُ اللَّهُ

Ошқозон ва мияга етиб борган чуқур жароҳатга даво қўйса у жойларга етиб борса Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ наздида рўза очилади. Ҳидоя

Булардан бошқа жароҳатлар қандай ҳолатда бўлмасин рўзани очмайди. Чунки бу жароҳатларга қўйилган дорилар ошқозон ва мияга тўғридан-тўғри етиб бормайди.

لو اوصل الدواء الي داخل الساق او غرز فيه سكينا او غيرها فوصلت مخه لم يفطر بلا خلاف لانه لا يعد عضوا مجوفا 

Агар болдир ичига даво етса ёки пичоқ ё шу каби нарсани санчиб олса, илигигача етиб борса, шак-шубҳасиз рўза очилмайди. Чунки у ичкари аъзо ҳисобланмайди. Шарҳи Муҳаззаб.

САВОЛ: рўзадор кўзига дори қуйса рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: рўза очилмайди. Лекин бошқа мазҳаб соҳиблари “рўза очилади”, дейишади. Шунингдек тиббиёт соҳасининг мутаҳассислари ҳам кўз орқали бурун, оғиз каби ҳалқумга йўл борлигини таъкидлашади. Шунинг учун рўзадор ҳолатда кўзига дори томизадиганлар саҳарликдан олдинга ва ифторликдан кейинга кечиктирганлари афзал.

وَلَوْ أَقْطَرَ شَيْئًا مِنْ الدَّوَاءِ فِي عَيْنِهِ لَا يُفْطِرُ صَوْمَهُ عِنْدَنَا 

Агар даво мақсадида кўзига нарса томизса, бизнинг наздимизда рўза очилмайди. Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: эркак кишининг олд жинсий аъзосидан анализ олса, дори юборса рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: очилмайди. 

إِذَا أَقْطَرَ فِي إحْلِيلِهِ لَا يُفْسِدُ صَوْمَهُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ وَمُحَمَّدٍ - رَحِمَهُمَا اللَّهُ تَعَالَى - كَذَا فِي الْمُحِيطِ 

Эркак кишининг олд жинсий аъзосига нарса томизилса Абу Ҳанифа ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳумолар наздида рўзаси очилмайди. “Муҳийт” да ҳам шундай келтирилган. Фатавои Ҳиндия. 

САВОЛ: сунъий кисларод билан нафас олдиришда рўза очиладими?

ЖАВОБ: соф кислароднинг ўзи бўлиб, бошқа бирор дори қўшилмаса, рўза очилмайди. 

Чунки бу нарса оддий ҳаводан бошқа нарса эмас. Ҳаво билан эса рўза очилмайди.  Жадид Фиқҳий Масоил (Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний)

САВОЛ: ҳайвонларга яқинлик қилиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: бу иш аёллардан содир бўлса рўзаси очилади. Эркаклардан маний тўкилса қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.

وَإِذَا جَامَعَ بَهِيمَةً أَوْ مَيِّتَةً أَوْ جَامَعَ فِيمَا دُونَ الْفَرْجِ ، وَلَمْ يُنْزِلْ لَا يَفْسُدُ صَوْمُهُ ، وَإِنْ أَنْزَلَ فِي هَذِهِ الْوُجُوهِ كَانَ عَلَيْهِ الْقَضَاءُ دُونَ الْكَفَّارَةِ 

Агар ҳайвон, ўликка ҳамда фарждан бошқа жойга яқинлик қилса, маний тўкилмаса рўза очилмайди. Бу суратларнинг барчасида маний тўкилса қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Фатавои Ҳиндия. 

САВОЛ: рўзадорнинг бурни иссиқ кунда қонаб кетса ва қонни тўхтатаман, деб бошини тепага кўтариши натижасида қон ичкарига кетиб қолса рўзаси бузиладими?

ЖАВОБ: рўза очилади. Қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Шунинг учун рўзадор бурнидан қон келиб қолса, қонни тўхтатишда рўзаси очилмаслигининг эҳтиётини қилсин. Томоғига қон кетишидан сақлансин.  (Аҳсанул Фатаво Рашид Аҳмад)

САВОЛ: рўзадорлиги эсида йўқ қулоғига дори томизса рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: рўзадорлиги эсида бўла туриб дори томизса очилади, эсида йўқ бўла туриб томизса очилмайди. 

САВОЛ: рўзадор ҳолатда сақич чайнаш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: рўзани халқумдан ичкарига ўтган нарса очишлиги тўғрисида кўп бор тўхталдик. Сақични ҳам чайнаганда ундан бирор нарса ажраб чиқиб ичкарига кетса, рўза очилади. Ичкарига кетмаса рўза очилмайди. Лекин сақич чайнаш макруҳ ҳисобланади. 

( وَ ) كُرِهَ (مَضْغُ عِلْكٍ) أَبْيَضَ مَمْضُوغٍ مُلْتَئِمٍ ، وَإِلَّا فَيُفْطِرُ قَيَّدَهُ بِذَلِكَ ؛ لِأَنَّ الْأَسْوَدَ وَغَيْرَ الْمَمْضُوغِ وَغَيْرَ الْمُلْتَئِمِ ، يَصِلُ مِنْهُ شَيْءٌ إلَى الْجَوْفِ فَإِنْ كَانَ مِمَّا يَصِلُ عَادَةً حُكِمَ بِالْفَسَادِ ؛ لِأَنَّهُ كَالْمُتَيَقِّنِ 

Оқ, аввал чайналиб ажрайдиган нарсаси ажраб бўлган, титилиб кетмайдиган сақични чайнаш макруҳдир. Лекин рўза очилмайди. Бунинг акси бўлса, рўза очилади. Юқоридагидек қайдлашнинг сабаби шуки, қора сақич, аввал чайналмагани, чайнаса титиладиганидан одатда ичкарига бирор нарса кетиб қолади. 

Қайсики нарса одатда ичкарига кетиб қоладиган нарсалар жумласидан бўлса,  рўзани очилганлигига ҳукм қилинади. Одатда ичкарига етадиган нарса аниқ етган нарса кабидир. (Роддул Муҳтор)   

САВОЛ: ёш болани эркалаб ўпиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: йўқ. Ўпиб эркалаш билан рўза очилмайди. 

وَلَا بَأْسَ بِالْقُبْلَةِ

Ўпишда ҳеч қандай зарар йўқдир. (Фатавои Ҳиндия) 

САВОЛ: рўзадор тутқаноқ ё шунга ўхшаш бирор сабаб туфайли ҳушидан кетиши билан рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: йўқ рўзаси очилмайди.

وَأَمَّا الْبُلُوغُ وَالْإِفَاقَةُ فَلَيْسَا مِنْ شَرْطِ الصِّحَّةِ لِصِحَّةِ صَوْمِ الصَّبِيِّ وَمَنْ جُنَّ أَوْ أُغْمِيَ عَلَيْهِ بَعْدَ النِّيَّةِ 

Балоғатга етиш ва ҳушида бўлиш рўзанинг шартларидан эмас. Ният қилгандан кейин гўдак балоғатга етса, бирор киши мажнун бўлиб қолса ёки ҳушидан кетиб қолса рўза дуруст бўлгани учун. (Роддул Муҳтор).   

 

 Рамазон ойида аёлларга тегишли ҳукмлар 

 

САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади.

وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ الْحَيْضِ ، وَالنِّفَاسِ فَإِنَّهَا شَرْطُ صِحَّةِ الْأَدَاءِ بِإِجْمَاعِ الصَّحَابَةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ

Рўзанинг адоси тўғри бўлишининг шартларидан: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро улардан пок бўлиш саҳобий киромларнинг ижмоси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир. Бадойиъус Санойиъ

وتقضي الحائض والنفساء الصوم دون الصلاة لحديث عائشة رضي الله عنها " كان يصيبنا ذلك فنؤمر بقضاء الصوم ولا نؤمر بقضاء الصلاة " وعليه الإجماع 

Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиснинг далили билан ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутиб, намознинг қазосини ўқимайдилар. 

“Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик”. Мароқил Фалоҳ

САВОЛ: аёл киши рўза тутаётганда одат қони келиб қолса нима қилади?

ЖАВОБ: Ўз-ўзидан рўзаси очилиб кетади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.

الحيض و النفاس يفسدان الصوم فيوجب القضاء دون الكفارة

Ҳайз ва нифос рўзани фосид  қилади. Рўзанинг қазосини вожиб қилади, каффоротни эмас. Фатавои Ҳиндия 

САВОЛ: рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктирса бўладими?

ЖАВОБ:  одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши жоиз. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтарув йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас. 

САВОЛ: эмизикли, рўзадор аёл рўзаси туфайли сути камайса ёки тўхтаб қолса, рўзани тарк қилса бўладими?

ЖАВОБ: агар бола сут ўрнини босадиган нарсаларни истеъмол қилаверса ёки бошқа аёл сутини эмаверса онанинг рўзани тарк қилиши жоиз эмас. Агар бундай шароит топилмаса, рўза тутишни кейинроққа қолдирса бўлади.

الْحَامِلُ وَالْمُرْضِعُ إذَا خَافَتَا عَلَى أَنْفُسِهِمَا أَوْ ، وَلَدِهِمَا أَفْطَرَتَا وَقَضَتَا ، وَلَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِمَا كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ

Ҳомиладор ё эмизикли аёл ўз жонларига ёки болаларига хавф сезсалар, рўзани қазо қиладилар. Уларга каффорот вожиб бўлмайди. “Хулоса”да ҳам шундай келтирилган. Фатавои Ҳиндия

САВОЛ: аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиб бериши зарурийми?

ЖАВОБ: узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз, имкон қадар тезроқ тутиши лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас.

تتابع القضاء: اتفق أكثر الفقهاء  على أنه يستحب موالاة القضاء أو تتابعه، لكن لا يشترط التتابع 

Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб эканлигига иттифоқ қилганлар. Лекин бу нарса шарт қилинмайди. 

САВОЛ: аёл кишининг қазо рўзалари жуда ҳам кўпайиб кетса тавба қилиб, истиғфор айтиши кифоя қиладими?

ЖАВОБ: бепарво ва дангасалиги туфайли қолдирган рўзалари зиммасида вожиб бўлиб тураверади. Уларни адо қилиш фарздир. Тавба, истиғфор билан кечиктирганлик гуноҳи кечирилади. Лекин зиммасидаги барча қазо рўзаларини тутиб бериши зарурдир. Қолдирган рўзаларига умрлари етарли бўлмаса қодир бўлганча қазо рўзаларини тутиб, қолганига фидя тўлашни васият қилишлари лозимдир. 

قَضَوْا  لُزُومًا  مَا قَدَّرُوا بِلَا فِدْيَةٍ وَ  بِلَا  وَلَاءٍ 

Қодир бўлганларича қолдирган рўзаларининг қазоларини тутиш фарз бўлади. фидя тўламайдилар, қазони кетма-кет бўлиши зарурий эмас. Роддул Муҳтор 

وَلَوْ مَاتُوا بَعْدَ زَوَالِ الْعُذْرِ وَجَبَتْ الْوَصِيَّةُ بِقَدْرِ إدْرَاكِهِمْ عِدَّةً مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ 

(Касал, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби узрли кишилар) узрлари кетгандан кейин вафот этсалар, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлсалар ўшанча кун рўзасининг фидясини васият қилишлари зиммаларига лозим бўлади. 

САВОЛ: каффорот рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима қилади?

ЖАВОБ:  қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоротини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоротни қайтадан бошлаши шарт эмас. Узрлари кетгач давом эттириб кетаверадилар.

فَلَوْ أَفْطَرَ وَلَوْ لِعُذْرٍ اسْتَأْنَفَ إلَّا لِعُذْرِ الْحَيْضِ 

Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб  юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир. Нифос эса мустасно эмас.  Роддул муҳтор

САВОЛ: рўзадор аёл лабига бўёқ суртса бўладими?

ЖАВОБ: рўза ҳолатида лаб ташқи аъзо ҳисобланади. Шундай экан унга лаб бўёқ суртиш билан рўза очилмайди.  Китабул Фатава (Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний)

САВОЛ: Рамазон ойида ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши вожибми?

ЖАВОБ: Рамазон кунларида субҳи содиқдан кейин хайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳаб саналади. 

يجيب علي الصحيح و قيل يستحب الامساك ... و علي حائض و نفساء طهرتا بعد طلوع الفجر  

Субҳи содиқ кирганидан кейин ҳайз ва нифосдан пок бўлган аёлга саҳиҳ қавлда (куннинг қолганида) еб-ичишдан тўхтаб туришлиги вожиб саналади. Бир қавлда мустаҳаб саналади, дейилган. Мароқил Фалоҳ.

САВОЛ: ҳайз, нифос кўрган аёл рўза тутушилиги жоиз бўладими?

ЖАВОБ: бу ҳолатда рўза тутиш, ёлғизлигида рўзадор каби еб-ичишдан ўзини тўхтатиб туриш харом саналади. Одамлар орасида эса ўзини еб-ичишдан тийиб, рўзадорга ўхшатиб туриши Рамазоннинг эхтироми ва ҳаё саналади.  

وأما في حالة تحقق الحيض والنفاس فيحرم الإمساك لأن الصوم منهما حرام والتشبه بالحرام حرام 

Ҳайз ва нифос ҳолатида ўзини еб-ичишдан тийиб туриш ҳаром ҳисобланади. Чунки бу ҳолатда рўза тутишлик харомдир ва ҳаромга ўхшатиш ҳам ҳаром саналади. Мароқил Фалоҳ.

САВОЛ: аёл киши рўзадор ҳолатида гениколог текширувидан ўтса бўладими?

ЖАВОБ: аёл кишининг жинсий аъзосига намланган ҳолдаги бирор нарсани кириши билан рўзаси очилади.

أَدْخَلَ أُصْبُعَهُ الْيَابِسَةَ فِيهِ  أَيْ دُبُرِهِ أَوْ فَرْجِهَا وَلَوْ مُبْتَلَّةً فَسَدَ ، وَلَوْ أَدْخَلَتْ قُطْنَةً إنْ غَابَتْ فَسَدَ وَإِنْ بَقِيَ طَرَفُهَا فِي فَرْجِهَا الْخَارِجِ لَا

Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек қуруқ бармоғини ҳаммасини ёки баъзи қисмини киргизиб, ташқарига чиқариб сўнг яна қайта киргизиши билан ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади.  (Роддул Муҳтор) 

САВОЛ: аёл киши қомати баробарича сувни кечиб ўтиши натижасида рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: одатий йўллардан ичкарига сув киргани аниқ бўлмаса рўзаси очилмайди. 

САВОЛ: субҳи содиқдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб рўзани ният қилса бўладими?

ЖАВОБ: йўқ мумкин бўлмайди. Аёл кишининг рўзаси рўза бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан пок бўлган бўлиши лозимдир. 

وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ الْحَيْضِ ، وَالنِّفَاسِ فَإِنَّهَا شَرْطُ صِحَّةِ الْأَدَاءِ بِإِجْمَاعِ الصَّحَابَةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ 

Рўзанинг адо бўлишининг шартларидан: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро улардан пок бўлиш саҳобий киромларнинг ижмоси билан рўзани адоси тўғри бўлиши учун шартдир. Бадойиъус Санойиъ

САВОЛ: субҳи содиқдан аввал ҳайз қони тўхтаган аёл ғусл қилмасдан ҳам рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ: Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса бўладиган миқдор вақтда тўхтаса, гарчи ғусл қилмасада рўза тутиши лозим бўлади.  Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган миқдор вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди.

فَلَوْ انْقَطَعَ قَبْلَ الصُّبْحِ فِي رَمَضَانَ بِقَدْرِ مَا يَسَعُ الْغُسْلَ فَقَطْ لَزِمَهَا صَوْمُ ذَلِكَ الْيَوْمِ 

Рамазон ойида субҳи содиқача ғуслгина қилиб олса бўладиган вақтда аёлнинг  ҳайз қони тўхтаса ўша куннинг рўзасини тутиши лозим бўлади. Роддул Муҳтор.

САВОЛ: аёл киши рўзадорлигида касаллиги туфайли жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олиши билан рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: ичкарига нарса кирганлиги боис рўзаси очилади. Агар субҳи содиқдан аввал ёки ифторликдан кейин жинсий аъзосига даволаниш мақсадида бирор нарса қўйса ва бу билан рўзадор ҳолатида ҳам юрса рўзаси очилмайди. Орқа жинсий аъзосига киргизилган давонинг ҳам ҳукми шундай.  (Имдодул Фатаво)


11 ой аввал 3648 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Куни ёки туни узун ёки қисқа бўлган юртлардаги рўза
Бундай юртларда, масалан, Тундрага ўхшаш жойларда кун йигирма икки-йигирма уч соатгача давом этади. Ўша ерда яшовчилар ёки ўша ердаги мусофирлар қуёш ботганидан кейингина рўзаларини очишлари мумкин. Мусофирлар давоми...
1 йил аввал 1854 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мажбурлаб рўзани очдирса
Агар рўза тутган одамга рўзасини очмаса, жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишини айтиб, таҳдид қилинса, рўзасини очиши жоиздир. Лекин агар жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишидан бошқа сабабларни рўкач давоми...
1 йил аввал 1935 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳоизаларнинг рўзаларига оид савол-жавоблар
САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади. وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ давоми...
1 йил аввал 3660 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рамазоннинг ҳилол(ой)ини кўриш ва рўзанинг фазилати
Авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам янги ойни кўриш масъаласи уламолар орасида ихтилофли масалалар жумласидандир. Кўпчилик уламоларнинг қараши бундай: бир маконда Рамазон ҳилолини шаръий йўл билан давоми...
1 йил аввал 2559 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рўза ва эътикоф
ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш боткунгача рўзани ният қилиб еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришга айтилади. давоми...
1 йил аввал 2196 fiqh.uz