Сафарда суннат намозини ўқиш масаласи


Сафарда суннат намоз ўқиш ҳақидаги масала бизда маҳаллий мақомдаги ихтилоф шаклида намоён бўлди. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, бу ихтилофнинг юзага чиқишида чет элнинг аралашуви бўлмади. 

Бир йили ҳаждан келган имомларимиздан бирларининг зиёратига борган эдик, ҳажда одамлар ичида ихтилофга сабаб бўлган ушбу масала ҳақида сўз очиб қолдилар. У кишининг айтишича, ҳажда иштирок қилаётган имомлардан баъзилари «Сафарда суннат намозини ўқиб бўлмайди», деган гап чиқаришибди. Бу гапга бошқалар салбий муносабат билдиришибди. Охири мажлис қилиб, ҳаммага ҳаж давомида суннат намозларни ўқимаслик ҳақида буйруқ берилибди. Суннат намоз ўқимоқчи бўлганларни этагидан тортиб, ўтирғизиб қўйиш бошланибди. Суҳбатдош имом домланинг айтишларича, ҳожиларга суннат намоз ўқиш ман қилинганидан кейин, водийлик имомлардан бирлари фарз намозда одамларга имом бўлиб, сўнг суннат намоз ўқиган экан, қавм у кишига қарши «Нимага суннат ўқийсан?» деб жанжал кўтарибди.

Мен юқоридаги гапларни айтиб бўлиб, маъюсланиб қолган имом домладан:

«Сафарда суннат намоз ўқиб бўлмайди», деб айтаётган ўша домлалар гапларига ҳужжат-далил келтиришяптими, нима далиллари бор экан?» деб сўрадим.

«Далиллари йўқ. «Фалончи қори аканинг ўқимаганини кўрганман»га ўхшаш гаплар, холос», дедилар домла.

Шундан сўнг «Наврўз» радиоси учун бир мақола тайёрлаб, бу масаланинг ҳукмини баён қилиб бердим.

Бир муддатдан кейин айни ушбу масала яна қайта кўтарилди. Уни яна ўша дастлаб кўтарганлар қўзғашди. Шунда қуйидаги савол-жавобдан иборат мақолани тайёрладик. 

 

Cавол: Маълумки, деярли барча диний маросимлар, ибодатлар ва рукнларни бажаришда диний адабиётларга таянамиз. Улар: энг биринчи ўринда муқаддас Китоб Қуръони Карим, кейин ҳадис, ундан сўнг эса ишончли олимларнинг китоблари. Ва яна шуни эслаш керакки, ҳар бир диний аҳком бўйича мазҳаблар чиқарган хулосалар бироз фарқланади. 

Хўш, бизнинг ҳанафий мазҳабида сафарда суннат намозини ўқиш кераклигига ҳужжат борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолонинг ёрдами билан, бизга билдирганича ҳужжат-далилни айтишга ўтадиган бўлсак, имом Сарахсийнинг «Ал-Мабсут» китоби ҳанафий мазҳабидаги китобларнинг энг машҳурларидан бири бўлади. Китобларни баҳолайдиган уламоларимиз «Ал-Мабсут»ни имом Абу Ҳанифанинг бош шогирдларидан бири имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг «Зоҳирур-ривоя» китобларининг шарҳи деб ҳисоблашади. Яъни бу китобдаги гаплар бевосита имом Абу Ҳанифага бориб тақалади. 

Ана шу китобда сафарда суннат намозларини ўқиш тўғрисида қуйидагилар ёзилган:

«Сафар сабабли cуннат ва нафл намозлари қаср қилинмайди. Сафарда фарз намози қаср қилиб ўқилади, лекин суннат ва нафл намозлар қаср қилинмайди. Улар ўзи аслида неча ракъат бўлса, шунча ўқилади. Чунки «сафарда намозни қаср қилиб ўқиш фикр билан эмас, Аллоҳ таолонинг амри билан собит бўлган ва фарз намозига хос қилинган». 

«Инсонлардан сафарда суннатни тарк қилиш тўғрисида гап айтганлари ҳам бор» ва ўша кишилар, яъни сафарда суннатни тарк қилиш тўғрисида гапирган инсонлар баъзи саҳобалардан ривоят қилиб айтадиларки, ўша саҳобий: «Агар мен суннатни ўқийдиган бўлганимда, фарзни тўлиқ қилиб ўқир эдим», деган эканлар. Бу гапнинг, яъни «суннатни ўқийдиган бўлсам, фарзни тўлиқ ўқир эдим», деган гапнинг таъвили шуки, ҳанафийлар наздида сафарда суннатни ўқимаслик хавф вақтида бўлади, душман хавф-хатар солиб турган вақтда суннатни тарк қилса майли. Бир жойда туриш имкони йўқ шахс суннатни ўқимаса бўлади, аммо бошқа вақтларда ўқиш керак. 

Яна бошқа китобларни варақлаймиз. Ҳанафий мазҳабининг энг катта ва машҳур китобларидан бири – имом Косонийнинг «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» деган китобларини қўлга оламиз. У киши биз баҳс этаётган масалада қуйидагиларни ёзадилар:

«Шунингдек, «суннат ва нафл намозларида қаср – қисқартириб ўқиш йўқ». Чунки «намозни қаср ўқиш тавқиф билан – Аллоҳ таолонинг амри билан бўлган». Бу ерда, яъни суннат ва нафлларни қаср қилиб ўқишда ундай амр йўқ. 

«Инсонлардан сафарда суннатни тарк қилиш тўғрисида гап айтганлари ҳам бор». Баъзи саҳобалардан ривоят қилинишича, у киши: «Агар сафарда суннатни ўқийдиган бўлсам, фарзни тўлиқ қилиб ўқир эдим», деганлар. «Бу бизнинг наздимизда хавф ҳолатига ҳамл қилинади, суннатни адо қилиш учун туриш имкони бўлмаган ҳолга ҳамл қилинади», дейдилар. 

Демак, имом Сарахсий «Ал-Мабсут» китобларида айтган гаплари билан имом Косонийнинг «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» китобларида айтган гаплари бир-бирига жуда яқин ҳисобланади. 

Масалани яна давом эттириш учун мазҳабимиздаги машҳур китоблардан бири «Ал Баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ» деган китобни қўлимизга оламиз, унда қуйидагилар ёзилган:

«Сафарда суннатни тарк этиш тўғрисида ихтилоф қилдилар», «Баъзилар рухсат учун тарк қилиш афзал, деган бўлса, баъзилар қурбат учун суннатларни ўқимоқ афзал», дейишган. Ҳиндовий бўлса «Тушиб, ўрнашиб олганда суннатни ўқиган афзал, юриб кетаётганда тарк қилса бўлади», деган. 

Яна бир гапга кўра: «Бомдод намозининг суннати хоссатан ўқилади», дейилган. «Шом намозининг суннати ҳам ўқилади», деб айтилган. 

«Тажнийс» ва «Ал-Мухтор» номли китобларда шундай дейилади: «Агар эминлик ва барқарорлик ҳолати бўлса, сафарда суннат намозларини ўқийди, чунки суннат намозлари фарзга мукаммил, яъни тўлдирувчи, мукаммал қилувчи этиб шариатга киритилган. Мусофир эса бу нарсага ниҳоятда муҳтождир. Агар мусофир хавф-хатар ҳолатида бўлса, сафарида суннат намозини ўқимаса, майли. Чунки у бу нарсани узр юзасидан тарк қилмоқда». 

Мана, мўътабар китобларимизда шундай маълумотлар берилган экан. 

Савол: Аҳли сунна вал жамоада ҳанафий, яъни Имоми Аъзам мазҳабларидан бошқа яна учта мазҳаб бор. Булар: моликий, ҳанбалий ва шофеъий мазҳабларидир. Хўш, сафарда суннат намозини ўқиш ёки ўқимаслик ҳақида бу мазҳабларда нималар дейилган ва қандай кўрсатмалар берилган? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Энди «Сафарда суннат намозини ўқиса, гуноҳ бўлади, суннатни ўқимаслик ўзи суннат», деяётган кишилар, эҳтимол, бу гапни бошқа мазҳабларнинг китобларидан фойдаланиб айтаётган бўлсалар керак, деган тахминга бориб, бошқа мазҳабларнинг китобларини ҳам варақлаб кўрамиз. 

Бу борада «Ал мажмуъ шарҳул муҳаззаб», «Туҳфатул муҳтажи фийшарҳил минҳаж», «Ва муғнил муҳтаж» номли китобларда, яъни ҳанафий мазҳабидагина эмас, қолган учта бошқа сунний, фиқҳий мазҳабларнинг китобларида ҳам бир хил фикр келган экан. Уларни сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

Уларда шундай дейилади: «Ротиба суннат намозлар, яъни фарзларга қўшиб ўқиладиган суннат намозларини сафарда ўқиш суннатдир». Тарк қилиш эмас, ўқиш, адо қилиш суннатдир, дейишяпти бу китобларнинг муаллифлари. 

«Намознинг фарзини қаср қилиб ўқияптими ёки тугал ўқияптими, барибир», «лекин фарзларга қўшиб ўқиладиган ротиба суннатларини сафарда бўлмай, ҳазарда, уйда турганда ўқиш яна ҳам таъкидлироқдир», дейишмоқда. 

Шаҳодат бобида айтилади: «Ким фарзга қўшиб ўқиладиган ротиба суннат намозларини тарк қилишда бардавом бўлса, шаҳодати (гувоҳлиги) қайтарилади, қабул қилинмайди, ишончсиз одамга айланади». 

Демак, ўзимизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги китобларда ҳам, бошқа мазҳабларнинг китобларида ҳам сафарда суннат намозларини ўқиш тўғрисида фатволар бор экан.

Энди «Сафарда суннат намозини ўқиса, гуноҳ бўлади», деб айтаётган кишиларимиз бу гапларини қаердан олишди экан, деган саволни яна қайтариб айтамиз. Эҳтимол, янги чиққан китоблардан ёки қандайдир бошқа бир ҳолатлардан олгандирлар, деган тахмин билан янги чиққан китобларнинг энг машҳурларидан бири Қувайт Вақф вазирлиги томонидан чиқарилиб, ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган «Фиқҳ» энциклопедиясини қўлга оламиз ва уни таржима қилишга киришамиз.

Сафарда ротиба суннат намозлари ҳақида: 

«Ҳанафийлар ва шофеъийлар сафарда нафл намозларини адо қилиш мустаҳаб эканини айтганлар». (Яъни бу ерда суннат намозлари тўғрисида гап кетяпти.) «Чунки бу суннат намозлар фарзларни тўлдирувчи ҳисобланади». «Тўлдирувчи» дейилганига сабаб шуки, фарзда баъзи бир нуқсон бўлиб қолса, ушбу фарзга қўшиб ўқиладиган суннат намози ана шу нуқсонни тўлдиришга хизмат қилади. Шунинг учун уларни сафарда ҳам ўқиш керак, дейилади. 

«Сафарда суннат намозларини ўқишнинг иккинчи бир ҳужжати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозларни барча ҳолатларида ва сафарларида ўқиганлар. Ҳатто баъзан уловнинг устида бўлса ҳам ўқиганлар». 

«Маккани фатҳ қилиш куни зуҳо намозини ўқиганлари, кечаси ухлаб қолинган кундаги Бомдод намозининг суннатини қазо қилиб бўлса ҳам ўқиганлари» ва жуда кўп ҳадисларда оммавий равишда бу суннат намозларини ўқишга тарғиб қилганлари ушбу намозларнинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. Энциклопедиянинг соҳиблари айтяптики: «Мана, борини айтиб қўйдик, энди иш ана шу намозхоннинг ўзига ҳавола қилинади. Унинг ҳимматига ва парҳезкорлигига боғлиқ. Ким динга ҳимматли бўлса ва парҳезкор бўлса, намозни ўқийди. Бу икки сифатдан холи бўлса, суннатини ўқимай қўйса, ўзи билади». Валлоҳу аълам.

Cавол: Албатта, диндаги ҳар бир ҳолат бўйича, у ҳатто ихтилофли масала бўлса ҳам, кўплаб диний адабиётлар мавжуд. Уларнинг айримлари ушбу мавзуга бағишлаб махсус ёзилган бўлса, айримлари эса бу мавзу атрофидаги маълумотларни беришда ихтилофли масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтади. Маълумотларга қараганда, имом Бурҳонуддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» китобида ҳам шу хусусда далиллар келтирилган экан. Ҳозир шу ҳақда сўзланса, яхши бўлар эди.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Имом Бурҳонуддин Марғинонийнинг машҳур «Ҳидоя» китоби жуда кўп кишилар томонидан шарҳ қилинган. Ана шу шарҳларнинг биттаси «Ал-Иноя шарҳул Ҳидоя» деб аталади. Яъни «Ҳидоя»нинг «Иноя» деган бир шарҳи. Мазкур китобда мусанниф қуйидагиларни айтади: 

«Энг аввало, яхши, марғуб иш шуки, фарзларга қўшиб ўқиладиган суннат намозларни барча ҳолатларда ҳам тарк қилмаслик керак». Яъни «намозни жамоат билан ўқиса ҳам суннатни ўқисин, ёлғиз ўқиса ҳам суннатни ўқисин, муқим ҳолида уйида турганда ҳам ўқисин, сафарда бўлганида ҳам ўқисин». 

Худди шу ишни хулафои рошидин – машҳур тўрт рошид халифа қилишган, катта саҳобалар, тобеъинлар қилишган. «Ёлғиз намоз ўқиган инсон савобини кўпайтириш учун ўша суннат намозларни ўқишга ҳожатманддир». 

Энди ҳозирги кундаги энг машҳур китоблардан бири «Эълоус-сунан» китобини олиб кўрайлик. Бу китобнинг соҳиби Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий мазҳаби устидан танқидлар кўпайганда, «Бу мазҳабнинг гаплари далилсиз, ҳадисга суянмаган, фикрга суянган нарса кабидир», деган бўҳтон-туҳматларга раддия қилиш учун катта бир илмий жасорат кўрсатиб, фиқҳ бобларининг ҳаммасида ҳанафий мазҳабининг барча ҳукмларига оят ва ҳадислардан далилларни тўплаб келтирган буюк олим ҳисобланадилар. Мана шу китоб тарқалганидан кейин ҳанафий мазҳабига осиладиган кишилар жим бўлиб қолганлари ҳаммага маълум. 

Ана шу улуғ китобнинг 7-жузи, 288-бетида «Сафарда татоввуъ, яъни фарз бўлмаган намозларни – нафл, суннат намозларини ўқиш тўғрисидаги боб»ни келтирганлар. 

Ўша бобда биринчи бўлиб имом Термизий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис келтирилади.

عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: صَحِبْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثَمَانِيَةَ عَشَرَ سَفَرًا، فَمَا رَأَيْتُهُ تَرَكَ الرَّكْعَتَيْنِ إِذَا زَاغَتِ الشَّمْسُ قَبْلَ الظُّهْرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ 

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳдан ривоят қилинади: 

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн саккиз марта сафар қилдим. Ана шу сафарим давомида у зотнинг қуёш қиёмдан оққандан кейин, пешиннинг фарзини ўқишдан олдин икки ракъат суннат ўқишни бирор марта тарк қилганларини кўрмадим». 

Термизий ривоят қилган.

Имом Термизий келтирган бу ҳадисни имом Бухорий «жуда яхши» деганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўн саккиз марта сафар қилган саҳобий ушбу ривоятни қилиб турса, энди ким яна «Сафарда суннат намоз ўқиш гуноҳ бўлади, сафарда суннатни тарк қилмаслик гуноҳ бўлади, сафарда суннатни тарк қилиш суннатдир», дейиши мумкин? 

Юқорида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг «Агар сафарда суннатни ўқийдиган бўлсам, фарзни тўлиқ қилиб ўқир эдим», деганларини айтиб ўтган эдик. Энди худди ўша зот – Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан имом Термизий яна ривоят келтирадилар. 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: صَلَّيْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الْحَضَرِ وَالسَّفَرِ، فَصَلَّيْتُ مَعَهُ فِي الْحَضَرِ الظُّهْرَ أَرْبَعًا، وَبَعْدَهَا رَكْعَتَيْنِ، وَصَلَّيْتُ مَعَهُ فِي السَّفَرِ الظُّهْرَ رَكْعَتَيْنِ، وَبَعْدَهَا رَكْعَتَيْنِ، وَالْعَصْرَ رَكْعَتَيْنِ، وَلَمْ يُصَلِّ بَعْدَهَا شَيْئًا، وَالْمَغْرِبَ فِي الْحَضَرِ وَالسَّفَرِ سَوَاءً ثَلَاثَ رَكَعَاتٍ لَا تَنْقُصُ فِي الْحَضَرِ وَلَا فِي السَّفَرِ، هِيَ وِتْرُ النَّهَارِ، وَبَعْدَهَا رَكْعَتَيْنِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳазарда (яъни муқимликда) ва сафарда намоз ўқидим, бас, у зот билан мен ҳазарда пешинни тўрт ракъат ўқиб, кетидан икки ракъат суннат ўқидик», «сафарда эса пешиннинг фарзини икки ракъат ўқиб, орқасидан икки ракъат суннат ўқидик, асрнинг икки ракъат фарзини ўқидик, ундан кейин у зот бирор нарса ўқимадилар, мағрибнинг ҳазарда ҳам, сафарда ҳам уч ракъатдан (фарзини) ўқидик. Бу сафарда ҳам, ҳазарда ҳам қисқармайди, мағриб – шом намози кундузнинг витри ҳисобланади ва ўша шом намозидан кейин яна икки ракъат (суннат) ўқидик». 

Термизий ривоят қилган.

Эътибор қилинг-а, саҳобий Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарда ҳам суннат ўқиганларини номма-ном айтиб беряптилар. Яна бошқа жойда: «Агар сафарда суннатни ўқийдиган бўлсам, фарзни тугал ўқиган бўлар эдим», деяптилар. Бу гапни уламоларимиз таъвил қилган бўлиб, бу таъвил «Эълоус-Сунан» китобида ҳам ёзиб қўйилган. Унда: «сафарда суннатни ўқимаслик тўғрисидаги гап шошиб турган, юриб турган кишига нисбатан жорий қилинади». «Ушбу бобда келаётган Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари эса ўрнашиб олгандаги, хотиржам бўлгандаги ҳолга таъвил қилинади», дейилади. 

Ўша Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари давомида имом Таҳовий: «Хуфтоннинг фарзини икки ракъат ўқиб, ундан кейин икки ракъат суннат ўқидилар», деган гапни ҳам келтирган эканлар. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ؛ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَدَعُوا رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ، وَإِنْ طَرَدَتْكُمُ الْخَيْلُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бомдоднинг икки ракъат суннатини агар устингизга отлиқлар бостириб келаётган бўлса ҳам қолдирманглар», дедилар».

Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб турсалар, ким энди журъат қилиб: «Сафарда суннатни ўқиса, гуноҳ бўлади», дейиши мумкин ва ким журъат қилиб: «Сафарда суннатни тарк қилиш суннатдир», дея олади? 

Амр ибн Розия розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ва имом Муслим қуйидаги ҳадисни ривоят қилган эканлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «сафарда минган маркабларининг устида суннат намозини ўқиб кетаётганларини» кўрган эканлар.

Ҳозирги замонда чиққан китоблардан яна бирини қўлга оламиз. У бугунги куннинг энг машҳур китобларидан бири, доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «Ал фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» деган китобидир. Ана шу китобда алоҳида бир сарлавҳа остида «Сафарда суннат намозларини ўқиш тўғрисида» фикр юритилган. 

Бу бобда жумладан шундай дейилади: «Нававий айтадиларки, «Фақиҳ олимлар сафарда нафл намозларини мутлақ ўқиш мустаҳабдир», деб иттифоқ қилишган. «Суннат намозларининг, яъни фарзларга қўшиб ўқиладиган ротиба суннат намозларининг мустаҳаб эканлигида» ихтилоф қилдилар. Ибн Умар ва бошқалар уни тарк қилганлар ва ўша суннат намозларини ўқишни Шофеъий, у кишининг асҳоблари ва жумҳур уламолар «мустаҳаб» дейишган. 

Уларнинг далили биринчидан, қуйидагилардан иборат экан: «Суннат намозларнинг, фарзга қўшиб ўқиладиган ротиба суннат намозларнинг тарғиби жуда кўп ҳадисларда келган». 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилган кунлари зуҳо намозини ўқиганлари тўғрисидаги ҳадис ҳам бир далил, бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқиганлари ҳам бир далил». 

Иккинчидан, «мутлақ навофилларни ўқишга рухсат бор». Ана шу нофила намозларини ўқишга рухсат бўлганидан кейин, нима учун энди «ротиб», яъни лозим бўлган намозларни ўқишга рухсат бўлмас экан, деган хулоса келиб чиқади. 

Юқорида зикр этилган китобларда айтиб ўтилган гапларни, келтирилган далилларни умумлаштириб, хулоса ясайдиган бўлсак, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг деярли барча имомлари – ҳанафийси ҳам, шофеъийси ҳам, ҳанбалийси ёки моликийси ҳам сафарда ротиба суннат намозларини ўқиш афзаллигини алоҳида таъкидлаганлар. Бу иш шунчаки жоиз нарса эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари – таъкидланган суннатлари эканини ҳужжат-далиллар ёрдамида исботлаб берганлар. Бас, ушбу масалада ихтилоф чиқариш ўз Расулини севувчи, ул зоти бобаракотнинг шафоатларидан умид қилувчи бирон-бир мусулмон учун жоиз эмас.

Энди ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини истамаса, ихтиёр ўзида.

Аммо китобларимизда шунча маълумотлар бўла туриб, бошқа бир гапни чиқариш нима учун керак бўлганини тушуна олмай ҳайрон бўламиз. Эҳтимол, ўша гапларни айтаётган зотлар баъзи бир хужжатларга, далилларга, китобларга суяниб, ҳанафий мазҳабининг ёки қадимги фуқаҳоларнинг адашганини, ҳозиргилари ҳам нотўғри йўлда эканини исбот қилган бўлишлари мумкин. Ундай бўлса, ана шу тушунчаларини, баҳслари натижасини, илмий изланишлари хулосасини халққа очиқ-ойдин айтишлари керак. 

«Мана, «Иноя шарҳи Ҳидоя»да бундай гап айтилибди, лекин бу нотўғри, чунки фалон нарсага тўғри келмайди», десинлар. «Ислом фиқҳи энциклопедиясидаги гаплар нотўғри эканини мана бундай қилиб исботлаб берамиз», десинлар. 

Бошқа мазҳабларнинг китоблари бўлмиш «Мажмуъ шарҳул муҳаззаб», «Туҳфатул муҳтаж фий шарҳил минҳож», «Муънил муҳтаж» каби китобларда «Сафарда суннат намозни ўқиса бўлади», дейилибди, уларнинг хатоси бундай», десинлар. 

«Имом Сарахсий «Мабсут»да: «Сафарда суннатни ўқиш яхши, афзал», дебдилар, у кишининг хатоси мана бу ерда», деб уни кўрсатиб берсинлар. 

Ёки «Имом Косоний «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»да: «Суннатни сафарда ўқиса бўлади», дебдилар, у кишининг хатолари фалон ерда», деб уни ҳам кўрсатиб берсинлар. 

Ёки «Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ» китобида мана шу нарсаларни айтиб, баён қилиб берибди, «Суннатни ўқиса бўлади», дебди, бу ҳам хато, бу ҳам гуноҳ, бунинг далили мана бу», деб уни айтиб берсинлар. 

Ёки ҳозирги кунда яшаб турган уламоларимиздан Ваҳба Зуҳайлий жанобларининг ҳузурларига бориб, «Нимага «Ал фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» деган китобингизда «Сафарда суннат намозларини ўқиш мустаҳабдир», деб келтирдингиз, бу хато-ку», деб тушунтирсинлар ёки «Эълоус-сунан» китобида келган далиллар, ҳадислар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари ҳам нотўғри эканини тушунтириб берсинлар. 

Агар уларнинг гапи хақ бўлса, далиллари, ҳужжатлари кучли бўлса, ҳаммамиз гапларига кўнамиз. Бу китобларнинг хатосини тушунтириб беришса, ҳақ бўлсалар, қабул қиламиз, орадаги ихтилоф кўтарилади, бўлган-бўлмаган гапни гапириб юришни йиғиштирган бўламиз, ихтилофларга чек қўйган бўламиз. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Ўзи ҳидоятга бошласин, ихтилофдан, тортишувдан, асоссиз, далилсиз, ҳужжатсиз гаплардан сақласин, ҳаммаларимизнинг ҳам аҳил-иноқ бўлиб, ибодатларимизни тўғри адо этиб боришимизни насиб қилган бўлсин. Валлоҳу аълам.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига далил-ҳужжатлар давоми...
1 йил аввал 10857 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан бошқасининг ўртасидаги давоми...
1 йил аввал 2506 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
1 йил аввал 4527 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
1 йил аввал 1238 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
1 йил аввал 2300 fiqh.uz