Таълиқ ҳақида фасл


شَرْطُ صِحَّةِ التَّعْلِيقِ الْمِلْكُ، أَوِ الْإِضَافَةُ إِلَيْهِ وَأَلْفَاظُهُ: إِنْ، وَإِذَا، وَإِذَا مَا، وَمَتَى، وَمَتَى مَا، وَكُلُّ، وَكُلَّمَا. وَزَوَالُ الْمِلْكِ لَا يُبْطِلُهُ، وَفِي غَيْرِ «كُلَّمَا» إِنْ وُجِدَ الشَّرْطُ مَرَّةً فِي الْمِلْكِ يَنْحَلُّ إِلَى جَزَاءٍ، وَإِنْ وُجِدَ فِي غَيْرِ الْمِلْكِ لَا إِلَى جَزَاءٍ
وَفِي «كُلَّمَا» يَنْحَلُّ بَعْدَ الثَّلَاثِ، فَلَا يَقَعُ إِنْ نَكَحَهَا بَعْدَ زَوْجٍ آخَرَ، إِلَّا إِذَا دَخَلَتْ فِي التَّزَوُّجِ
وَإِنِ اخْتَلَفَا فِي وُجُودِ الشَّرْطِ، فَالْقَوْلُ لَهُ، إِلَّا مَعَ حُجَّتِهَا. وَفِي شَرْطٍ لَا يُعْلَمُ إِلَّا مِنْهَا نَحْوُ: إِنْ حِضْتِ فَأَنْتِ طَالِقٌ وَفُلَانَةٌ صُدِّقَتْ فِي حَقِّهَا فَقَطْ، فَيُحْكَمُ بَعْدَ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ بِالطَّلَاقِ فِي أَوَّلِهَا
وَفِي: إِنْ حِضْتِ حَيْضَةً يَقَعُ إِذَا طَهُرَتْ. وَفِي إِنْ صُمْتِ يَوْمًا إِذَا غَرَبَتِ الشَّمْسُ، بِخِلَافِ إِنْ صُمْتِ. وَإِنْ عَلَّقَ طَلْقَةً بِوِلَادَةِ ذَكَرٍ وَطَلْقَتَيْنِ بِأُنْثَى، فَوَلَدَتْهُمَا وَلَمْ يَدْرِ الْأَوَّلَ، طُلِّقَتْ وَاحِدَةً قَضَاءً وَثِنْتَيْنِ تَنَزُّهًا، وَانْقَضَتِ الْعِدَّةُ بِالثَّانِي. وَإِنْ عَلَّقَ بِشَيْئَيْنِ يَقَعُ الطَّلَاقَ إِنْ وُجِدَ الثَّانِي فِي الْمِلْكِ
وَالتَّنْجِيزُ يُبْطِلُ التَّعْلِيقَ، فَلَوْ عَلَّقَ، ثُمَّ نَجَّزَ الثَّلَاثَ، ثُمَّ عَادَتْ إِلَيْهِ بَعْدَ التَّحْلِيلِ، ثُمَّ وُجِدَ الشَّرْطُ لَا يَقَعُ. وَإِنْ وَصَلَ: إِنْ شَاءَ اللهُ بِكَلَامِهِ بَطَلَ

Таълиқнинг тўғри бўлиш шарти – у мулкка ёки унга нисбат берилган нарсага қилинган бўлиши керак. Унинг лафзлари «агар», «қачон», «қачондир», «вақтики», «вақтидирки», «ҳар бир», «ҳар доимки»дир. Мулкнинг зоил бўлиши таълиқни ботил қилмайди. «Ҳар доимки»дан бошқада шарт мулкда бир марта вужудга келса, таълиқ ечилиб, жазо лозим бўлади. Агар таълиқ мулкдан ташқарида вужудга келса, у ечилади ва жазо лозим бўлмайди.
«Ҳар доимки»да уч талоқдан сўнг таълиқ ечилади ва бошқа эрдан ажрагандан кейин никоҳлаб олса, ўша талоқ тушмайди. Илло, мазкур лафз «уйланиш» сўзига қўшилган бўлса, бундан мустасно.
Агар шартнинг вужудга келиши ҳақида ихтилоф қилиб қолсалар, эрнинг гапи ўтади. Аммо аёлнинг ҳужжати бўлса, унинг гапи ўтади. «Агар ҳайз кўрсанг, сен ҳам, фалончи ҳам талоқ», деганга ўхшаш фақат хотиндан бошқадан билиб бўлмайдиган шартда аёлнинг гапи фақат ўзи ҳақида қабул қилинади. Бас, уч кундан кейин ўша(уч кун)нинг аввалида талоқ тушгани ҳақида ҳукм қилинади.
«Агар битта ҳайз кўрсанг»да пок бўлган пайтда талоқ тушади.
«Агар бир кун рўза тутсанг»да «агар рўза тутсанг»дагига хилоф ўлароқ, қуёш ботганда тушади. Агар эр ўғил бола туғилишига бир талоқни, қиз бола туғилишига икки талоқни таълиқ қилган бўлса, аёл иккисини туғса ва қай бири олдин туғилгани билинмай қолса, қозилик ҳукми бўйича бир, эҳтиёт учун икки талоқ бўлади. Идда иккинчи фарзанд туғилиши билан тугайди. Агар икки нарсага таълиқ қилса ва уларнинг иккинчиси хотин унинг ихтиёрида турганда воқе бўлса, талоқ тушади.
Танжийз таълиқни ботил қилади. Агар таълиқ қилиб туриб, ундан кейин танжийз – бевосита уч талоқ қилса ва аёл бошқа эрга текканидан кейин яна унга қайтиб келса ҳамда (аввалги таълиқдаги) шарт воқеликда содир бўлса, талоқ тушмайди. Агар каломига «иншааллоҳ»ни қўшса, у ботил бўлади.
Таълиқда талоқ келажакда бирор ишнинг содир бўлишига боғланган бўлади. Мазкур боғлаш «агар», «қачонки», «вақтики» каби шартни ифода қилувчи лафзлар билан бўлади.
Талоқ боғланган иш ихтиёрий иш бўлиб, у эрга нисбат берилган бўлиши мумкин. Мисол учун, «Агар фалон ишни қилсам, хотиним талоқ бўлсин» каби.
Ихтиёрий иш хотинга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, «Агар фалон ишни қилсанг, талоқсан» каби.
Ёки ихтиёрий иш учинчи шахсга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, «Агар отанг фалон гапни айтса, талоқсан» каби.
Талоқ боғланган иш ғайриихтиёрий бўлиши ҳам мумкин. Қуёш чиқиши, бировнинг ўлиши, ойнинг бошланиши каби.
Мазкур ҳолатларнинг барчасида боғланган иш содир бўлиши билан талоқ тушади.
Талоқни мазкур сифатда бирор нарсага боғлиқ қилиб қўйишга таълиқ дейилади.
Таълиқнинг тўғри бўлиш шарти – у мулкка ёки унга нисбат берилган нарсага қилинган бўлиши керак.
Яъни талоқни таълиқ қилиш учун никоҳ мулкига эга бўлиш шарт. Ўз никоҳида бўлмаган аёлни талоқ қила олмаганидек, унинг талоғини таълиқ ҳам қила олмайди. Шунингдек, таълиқ тўғри бўлиши учун у мулкка нисбат берилган нарса бўлиши лозим. Мисол учун, «Сени никоҳимга олсам, талоқсан» каби. Шунда ҳалиги аёлни никоҳига олса, талоқ тушади.
Унинг лафзлари «агар», «қачон», «қачондир», «вақтики», «вақтидирки», «ҳар бир», «ҳар доимки»дир.
Талоқни таълиқ қилишда ушбу лафзларнинг арабчаси кўпроқ ишлатилгани учун фуқаҳолар кўпроқ улар ҳақида баҳс юритадилар.
Мулкнинг зоил бўлиши таълиқни ботил қилмайди.
Яъни талоқни бир нарсага боғлаганидан кейин никоҳ мулки бир муддат эрнинг қўлидан чиқиши билан таълиқнинг кучи кетиб қолмайди. Мисол учун, бир киши ўз хотинига «Фалончиникига кирсанг, талоқсан», деди. Сўнгра хотин ўша ерга кирмасдан туриб, уни бир талоқ қилди. Шу билан ундан никоҳ мулки зоил бўлди. Аммо дарҳол ражъат қилиб, хотинини ўзига қайтариб олди. У яна икки талоқ ҳаққи ила никоҳ мулкига эга бўлди. Шундан кейин хотин ҳалиги жойга кирса, талоқ тушади.
«Ҳар доимки»дан бошқада шарт мулкда бир марта вужудга келса, таълиқ ечилиб, жазо лозим бўлади.
Яъни «ҳар доимки» деган таълиқ лафзидан бошқа лафзлар ила шарт қўйилса ва хотин эрнинг никоҳ мулкида турганида ўша шарт воқе бўлса, таълиқ тугайди ва унга белгиланган жазо лозим бўлади.
Мисол учун, бир киши ўз хотинига: «Агар фалончиникига кирсанг, талоқсан», деса ва хотини ўша ерга кирса, талоқ тушади ва таълиқ ечилади.
Агар таълиқ мулкдан ташқарида вужудга келса, у ечилади ва жазо лозим бўлмайди.
Эр ўз хотинига «Агар фалончиникига кирсанг, талоқсан», деса ва хотини у ерга кирмай туриб, уни талоқ қилса, хотинининг иддаси чиқиб, эрнинг никоҳ мулкидан ташқарида туриб ўша ерга кирса, таълиқ ечилади. Кейин эр уни қайта никоҳлаб олса, таълиқнинг кучи қолмаган бўлади ва хотин мазкур ерга кираверса бўлади.
Эр хотинига «Агар фалончиникига кирсанг, уч талоқсан», деди. Бу мушкулдан қутулишнинг йўли қуйидагича: эр хотинини бир талоқ қўяди. Иддаси чиққанидан кейин хотин ҳалиги жойга киради. Шу билан таълиқ ечилади. Кейин эр хотинни қайта никоҳлаб олади ва икки талоқ ҳаққи билан хотин қилиб олиб юраверади.
«Ҳар доимки»да уч талоқдан сўнг таълиқ ечилади ва бошқа эрдан ажрагандан кейин никоҳлаб олса, ўша талоқ тушмайди. Илло, мазкур лафз «уйланиш» сўзига қўшилган бўлса, бундан мустасно.
Эр хотинига «Ҳар доимки сен фалончиникига кирсанг, талоқсан», деб айтди. Бу ҳолатда хотинга уч талоқ тушгунча таълиқнинг кучи тураверади. Хотин ўша жойга уч марта кирса, унга биттадан учта талоқ тушади. Фақат шундан сўнггина таълиқ ечилади. Агар аёл бошқа эрга тегиб, ундан ўлим ёки талоқ орқали ажрашиб, иддаси чиққанидан кейин аввалги эрга қайта тегса ва мазкур ерга кирса, бунда талоқ тушмайди.
Илло, эркак бир аёлга «Ҳар доимки сенга уйлансам, талоқсан», деган бўлса, унга уйланиши билан талоқ тушаверади.
Агар шартнинг вужудга келиши ҳақида ихтилоф қилиб қолсалар, эрнинг гапи ўтади. Аммо аёлнинг ҳужжати бўлса, унинг гапи ўтади.
Талоқ таълиқ қилинган шарт вужудга келгани ёки келмагани ҳақида эр ва хотин ихтилоф қилиб қолдилар. Хотин «Ўша шарт вужудга келди», демоқда, эр инкор қилмоқда. Шу пайт эр қасам ичса, қози унинг гапини қабул қилади. Чунки бундай ҳолатларда инкор қилувчининг гапи қасам ила қабул қилинади. Аммо аёл ўз гапининг ҳақ эканига ҳужжат-далил келтирса, унинг гапи қабул бўлади.
«Агар ҳайз кўрсанг, сен ҳам, фалончи ҳам талоқ», деганга ўхшаш фақат хотиндан бошқадан билиб бўлмайдиган шартда аёлнинг гапи фақат ўзи ҳақида қабул қилинади. Бас, уч кундан кейин ўша(уч кун)нинг аввалида талоқ тушгани ҳақида ҳукм қилинади.
Яъни аёл «Ҳайз кўрдим», деган хабарни айтса, ўзига талоқ тушади. Аммо фалончига тушмайди.
«Агар тўлиқ бир ҳайз кўрсанг», деганда покланганидан кейин талоқ тушади. Чунки ҳайз кўрган аёл ундан пок бўлмагунича ҳайзи тўлиқ бўлмайди.
«Агар битта ҳайз кўрсанг»да пок бўлган пайтда талоқ тушади.
«Агар бир кун рўза тутсанг»да «агар рўза тутсанг»дагига хилоф ўлароқ, қуёш ботганда тушади.
«Агар рўза тутсанг, талоқсан», деганда эса рўза тутишни бошлаши билан талоқ тушади.
Агар эр ўғил бола туғилишига бир талоқни, қиз бола туғилишига икки талоқни таълиқ қилган бўлса, аёл иккисини туғса ва қай бири олдин туғилгани билинмай қолса, қозилик ҳукми бўйича бир, эҳтиёт учун икки талоқ бўлади. Идда иккинчи фарзанд туғилиши билан тугайди.
Яъни қози «бир талоқ» деб ҳукм чиқараверади. Аммо ўзлари гуноҳкор бўлиб қолмаслик учун эҳтиёт сифатида икки талоқ деб ҳисоблайдилар.
Агар икки нарсага таълиқ қилса ва уларнинг иккинчиси хотин унинг ихтиёрида турганда воқе бўлса, талоқ тушади.
Эр хотинига «Аҳмадга ва Тошматга гапирсанг, талоқсан», деб қўйган бўлса ва аёл иккисига гапирмаса, юраверадилар. Агар эр уни талоқ қилса ва иддаси чиққанидан кейин аёл Аҳмадга ёки Тошматга гапирса, талоқ тушмайди. Эр хотинни ўзига қайта никоҳлаб олганидан кейин аёл Тошматга ёки Аҳмадга гапирса, талоқ тушади. Чунки у эрнинг ихтиёрида туриб гапирди.
Танжийз таълиқни ботил қилади. Агар таълиқ қилиб туриб, ундан кейин танжийз – бевосита уч талоқ қилса ва аёл бошқа эрга текканидан кейин яна унга қайтиб келса ҳамда (аввалги таълиқдаги) шарт воқеликда содир бўлса, талоқ тушмайди.
Бир эр хотинига «Фалон ишни қилсанг, уч талоқсан», деди. Кейин хотин ўша ишни қилмасидан аввал уни уч талоқ қилди. Хотин бошқа эрга тегди. Ундан ажрашиб, яна аввалги эрига тегди. Кейин мазкур ишни қилди. Талоқ тушмайди. Чунки аввалги бевосита қилинган талоқ таълиқни ботил қилган бўлади.
Агар каломига «иншааллоҳ»ни қўшса, у ботил бўлади.
Яъни «фалон ишни қилсанг, иншааллоҳ, талоқсан», деса, гапи ботил бўлади ва аёл ўша ишни қилса, талоқ тушмайди. Лекин бунда «талоқсан» ва «иншааллоҳ» сўзлари бир гапнинг ичида бўлиши керак. «Талоқсан»ни айтиб қўйиб, алоҳида тарзда «иншааллоҳ» сўзини айтса, талоқ тушади.
Бир нарсага аҳд қилганда ёки онт ичганда «иншааллоҳ», дейиш ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

وَلَا تَقُولَنَّ لِشَيْءٍ إِنِّي فَاعِلٌ ذَلِكَ غَدًا۝ إِلَّا أَن يَشَاء اللَّهُ وَاذْكُر رَّبَّكَ إِذَا نَسِيتَ وَقُلْ عَسَى أَن يَهْدِيَنِ رَبِّي لِأَقْرَبَ مِنْ هَذَا رَشَدًا۝

«Зинҳор бир нарсани: «Буни эртага албатта қилувчиман», дема. Фақат: «Аллоҳ хоҳласа» дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни зикр қил ва: «Шоядки, Роббим мени бундан яқинроқ яхшиликка ҳидоят қилса», дегин». (Каҳф сураси, 23-24-оятлар).
Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, бир киши «Фалон ишни албатта қиламан», деса-ю, қилмаса, гуноҳкор бўлади. Аммо «Иншааллоҳ, қиламан», деса-ю, қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ، فَقَالَ: إِنْ شَاءَ اللهُ، فَقَدِ اسْتَثْنَى. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ. وَلِلنَّسَائِيِّ وَأَبِي دَاوُدَ: مَنْ حَلَفَ فَاسْتَثْنَى، فَإِنْ شَاءَ مَضَى، وَإِنْ شَاءَ تَرَكَ غَيْرَ حَنِثٍ 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир нарсага қасам ичса-ю, сўнгида «Иншааллоҳ», деса, батаҳқиқ, истисно қилган бўлади», дедилар».
Насоий ва Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким қасам ичса-ю, сўнг истисно қилса, агар хоҳласа, қилади, хоҳласа, тарк этади. У қасамхўр бўлмайди», дейилган.
Бу ердаги «истисно»дан мурод «иншааллоҳ»ни қўшиб гапиришдир. Биров қасам ичса-ю, «Иншааллоҳ», демаса, қасамига амал қилиши лозим бўлади. Агар ўша одам қасамидан кейин «Иншааллоҳ», деб қўйса, қасамига амал қилиш унинг учун ихтиёрий бўлиб қолади. У хоҳласа, қасамига амал қилади, хоҳласа, қилмайди. Талоқни таълиқ қилиш ҳам шунга ўхшайди.

رَوَى ابْنُ عَدِيٍّ فِي الْكَامِلِ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَالَ لِامْرَأَتِهِ: أَنْتِ طَالِقٌ إِنْ شَاءَ اللهُ، أَوْ لِغُلَامِهِ: أَنْتَ حُرٌّ إِنْ شَاءَ اللهُ، أَوْ عَلَيَّ الْمَشْيُ إِلَى بَيْتِ اللهِ إِنْ شَاءَ اللهُ، فَلَا شَيْءَ عَلَيْهِ 

Ибн Адий «Комил»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўз аёлига «Сен, иншааллоҳ, талоқсан», деса, ғуломига «Сен, иншааллоҳ, озодсан», деса ва «Байтуллоҳга иншааллоҳ, пиёда боришни назр қилдим», деса, унинг зиммасида ҳеч нарса бўлмайди», дедилар». 
«Иншааллоҳ» лафзи «талоқ» лафзидан олдин ёки кейин келишида фарқ йўқ.

ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТЛАР

Талоқ бобида кўпчилик билиши лозим бўлган баъзи тушунчалар «Мухтасари Виқоя»да келмагани аён бўлганидан кейин уларни ушбу қўшимчада келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдик.
Аллоҳ таоло фойдали қилсин!
Талоқ икки қисмга бўлинади:
Ражъий талоқ ва боин талоқ.
1. Ражъий талоқ.
Ҳақиқий духул – жинсий яқинликдан кейин, очиқ-ойдин лафз билан қилинган, турли сифатларни қўшмасдан, киноя лафзи билан қилинган ва ҳокимнинг ҳукми ила нафақа бермаслик ва ийло сабабидан қилинган бир ёки икки талоқ ражъий талоқ бўлади.
Бундай талоқдан кейин эр талоқ қилинган хотинни ўз никоҳига иддаси ичида, агар хотин рози бўлмаса ҳам, қайтариб олиш ҳаққига эга. Бунинг учун эр «Хотинимни ўзимга қайтариб олдим» ёки «Хотинимни никоҳимда ушлаб қолдим», деса ёхуд қўлини ушлаши, ўпиши ва ҳоказолар кифоя қилади. Янгитдан маҳр бериш, ақди никоҳ қилишнинг ҳожати йўқ.
Энг муҳим шарт шуки, қайтиш хотиннинг иддаси чиқмай туриб бўлиши керак. Шунингдек, эр талоқнинг боин бўлишига сабаб бўладиган «уни қайтиб никоҳимга олмайман»га ўхшаш гапларни гапирмаган бўлиши ҳам керак. Агар идда чиққунча, яъни уч ҳайз ёки ҳомилани қўйиш муддати ичида қайтмаса, талоқ боинга айланиб қолади. Унда янгитдан ақди никоҳ қилиш зарур бўлади.
2. Боин талоқ.
Бу хилдаги талоқ иккига бўлинади:
А) Кичик боин.
Б) Катта боин.
Кичик боин талоқ ақди никоҳдан кейин жинсий яқинлик қилмай туриб, киноя лафзларига «шиддат», «қаттиқ», «катта» каби васфларни (сифатларни) қўшиб қилинган, хотин томонидан берилган мол эвазига қилинган, қози томонидан ийло ва эрдаги нафақа бермасликдан бошқа айб, келишмовчилик каби сабабларга кўра қилинган бир ёки икки талоқдир. Шунингдек, ражъий талоқ ҳам идда чиққанидан кейин боин талоққа айланиб қолади.
Боин талоқдан кейин эр-хотин ажрашган ҳисобланади. Шунинг учун боин талоқ қилган эр ўша хотин билан бирга турмаслиги, бегона каби муомала қилиши керак бўлади. Бу талоқ бир ёки икки дона бўлса, эрнинг уч талоқ ҳаққи худди ражъий талоқ каби бир ёки икки ададга қисқаради. Кичик боин талоқдан кейин эр ёки хотин вафот этса, бир-биридан мерос ола билмайдилар. Чунки ораларидаги никоҳ узилган бўлади.
Катта боин талоқ уч талоқдир. Бу талоқдан кейин никоҳ мулки тугайди, хотин эрга муваққат ҳаром бўлади. Уларнинг орасида иддадан бошқа ҳеч нарса қолмайди.
Хотин яна биринчи эрига ҳалол бўлиши учун иддаси чиққанидан кейин бошқа эрга саҳиҳ никоҳ ила тегиши, улар тўлақонли эр-хотин бўлиб яшашлари, иккинчи эр вафот этиб ёки талоқ қилиб, аёлнинг иддаси чиқиши лозим. Шундан кейингина аввалги эри билан хоҳласа, янгидан никоҳланишлари мумкин. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَجَاوَزَ اللهُ لِأُمَّتِي مَا حَدَّثَتْ بِهِ أَنْفُسَهَا، مَا لَمْ تَكَلَّمْ بِهِ، أَوْ تَعْمَلْ بِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ менинг умматимдан ўзига ўзи, ичида гапирганини, модомики талаффуз қилиб айтмаса ёки амалга оширмаса, кечиб юборди», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, биров ичида «Хотинимни талоқ қилдим», деса, талоқ тушмайди. Аммо овоз чиқариб айтса, талоқ бўлади. Бир киши ўз хотинига «Сен талоқсан», деса, талоқ тушади. Ундан «Нима учун, нима ниятда бу гапни айтдинг?» деб сўраб ўтирилмайди.
Шунингдек, гапира олмайдиган одам ишора билан талоқ қилса ҳам, талоғи тушади.
Хат ёзиш йўли билан талоқ қилса ҳам, тушади.
Бировни хабарчи қилиб юбориб, ўша орқали талоқ хабарини етказса ҳам, талоқ тушади.
Шунинг учун бу нарсада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ثَلَاثٌ جِدُّهُنَّ جِدٌّ، وَهَزْلُهُنَّ جِدٌّ: النِّكَاحُ، وَالطَّلَاقُ، وَالرَّجْعَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг», дедилар».
Абу Довуд,Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Ораларида никоҳ тўғри бўладиган шахслар ҳазиллашиб ақди никоҳ қилсалар, никоҳ собит бўлади. Худди шунингдек, ҳазиллашиб қилинган талоқ ҳам тушади. Хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қилиб юрган одам идда ичида «Сени ўзимга қайтариб олдим», деса, ражъат – қайтиш ҳам собит бўлади. Чунки бу ҳолларда ўзи билиб туриб, қасд қилиб айтган бўлади.
Ислом ҳаётга, хусусан, оилавий ҳаётга ўта жиддият билан қарайди. Эр-хотин орасидаги никоҳ алоқасини муқаддас алоқа сифатида кўради. Муқаддас нарсаларни ҳазил-ҳузулга айлантириш эса мутлақо мумкин эмас. Ҳазил қиладиган бўлса, келиб-келиб энг муқаддас алоқалардан бири билан ҳазиллашадими? Бир аёлнинг бегона бир эркакка ҳалол бўлиши осон нарса эканми?
Аллоҳ таоло Бақара сурасида талоқ ҳукмини баён қилувчи оятлардан бирида: «Аллоҳнинг оятларини эрмак қилманг», деган (Бақара сураси, 231-оят).
Бундан никоҳ, талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг ояти эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ислом динида Аллоҳ таолонинг оятлари ҳазил, ўйин-кулги ҳолига тушиб қолишига ҳеч йўл қўйилмайди.
Мусулмон киши ҳаётга жиддий қарасин. Ўзининг оиласини ўзи ўйинчоқ қилиб қўймасин. Ўз хотини билан бўлган шаръий муносабатларини, икки бир-бирига ҳаром шахсни ҳалол қилган никоҳ алоқасини ўйинчоқ қилган одам ҳар қандай жазога лойиқ. Унинг ҳазиллашиб айтган сўзи ила талоқ тушиши ҳам жоиздир. Лекин ҳазил қилмай, хато қилиб, бошқа сўзни айтмоқчи бўлиб туриб, тилига бехосдан «талоқ» сўзи келиб қолса, талоқ тушмайди.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Никоҳ ва талоққа оид савол-жавоблар
Савол: Хотин: «Талоғимни  беринг», деса, эр: «Биттасан», деса, нечта ва қандай талоқ тушади?Жавоб: Битта ражъий талоқ тушади («Фатавои ҳиндия»). Савол: Хотин эрига: давоми...
2 йил аввал 11566 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Хотин: «Жавобимни беринг!» деди
Савол: Эр-хотин жанжаллашиб, хотин: «Жавобимни беринг!» деди. Эр: «Йўқол! Отангникига жўна! Жавобингни  бердим», деса, неча талоқ талоқ тушади? Жавоб: Бу ўринда учта жумла бор. давоми...
2 йил аввал 2813 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Талоқ ҳақида
Талоқ сўзи луғатда "Моддий ва маънавий тугинни ечиш" маъносини билдиради. Шаърий маъноси эса, махсус лафз билан никоҳни кетказиш ёки ҳалолни нуксонга учратишга талоқ дейилади. Махсус лафздан мурод талоқ ёки давоми...
2 йил аввал 29543 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
"Зиҳор"
"Зиҳор" сузи “зоҳир” сўзидан олинган бўлиб, инсоннинг орка бел томонига айтилади. Шариатда эса эрнинг ўз хотинига “сен мен учун онамнинг орқа бел томони кабисан” дейишига айтилади.Бу онам хотиним бўлсин, давоми...
2 йил аввал 4476 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ийло ва хотинни ихтиёрини ўзига бериш
“Ийло” луғатда “қасам ичиш” маъносини англатади. Шариатда эса, эрнинг хотинига тўрт ой ёки ундан кўп муддат жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишига айтилади. Бу ҳукм ҳам ислом хотинлар устидан давоми...