Такбири таҳримада бош бармоқларни қулоқларнинг юмшоғига теккизиш


«Такбирда қўлларни қулоқ юмшоғига теккизиш.

Бу ҳақда ҳам биз бирор ҳадис топа олмадик. Ҳатто ҳанафий уламоларининг фиҳқий китобларида ҳам қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш кераклиги ҳақида сўз кетмаган. Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин ҳам айтадилар: «Аллоҳу акбар», деб такбир айтасан. Такбир айтаётган ҳолда қўлингни елканг ёки икки қулоғинг юмшоғи қаршисигача кўтарасан».

Шайх Албоний ўзларининг «Пайғамбаримиз намозларининг кайфияти» номли китобларидаги «Қўл қўтариш» бобида айтадилар:

«Қўлларини баъзан такбир билан, баъзан такбирдан кейин, баъзан такбирдан олдин кўтарардилар. Қўлларини кўтарганларида бармоқлари ёзилган (яъни кафтлари очиқ) бўларди, бармоқлари эса (кенг) очилган ҳам бўлмаган, бир-бирига ёпишган ҳам бўлмаган. Қўлларини елкаларининг қаршисигача кўтарардилар, баъзан эса қулоқлари(учи)гача кўтарардилар…» (Иқтибос тугади.)

Намозни ўрганган вақтларимизда устозларимиз: «Такбир айтишда қўлларни қулоқнинг юмшоғига теккизилади», деб таълим беришган. Лекин ҳозир кўрамизки, ҳатто илмли масжид имомларимиз ҳам такбир айтиш чоғида қулоқларининг юмшоғига теккизмай такбир айтишади. Бизлар қайси бирига амал қилишимиз керак? Мақоладаги фикрларни батафсил тушунтириб берсангиз.

 ЖАВОБ: Бу масалада бир қанча ҳадислар келган бўлиб, аввал улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.

Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари билан бир сафга келтирганлари айтилган.

Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Дорақутний ва Таҳовийлар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларининг бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган.

Имом Ҳоким ва Дорақутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган.

Бош бармоқларни қулоқларнинг юмшоғига теккизишни айтган уламолар: «Қўлни қулоққа кўтаришдан мақсад уни қулоққа теккизишдир. Чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши унинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир», деганлар.

Мисол учун, «Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ» китобида қуйидагилар айтилади:

وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ، كَمَا ذَكَرَهُ فِي النِّقَايَةِ.

 «Тенглаштиришдан мурод икки бош бармоқларни икки қулоқнинг юмшоқ жойига теккизишдир. «Ниқоя»да зикр қилинганидек, икки қўлнинг икки қулоққа тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун».

Бу ҳақда «Дуррул Мухтор»да қуйидагилар айтилади:

مَاسًا بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، هُوَ الْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، لِأَنَّهَا لَا تُتَيَقَّنُ إِلَّا بِذَلِكَ.

 «Икки бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқ жойига теккизган ҳолида. Зотан, тенглаштиришдан мурод шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди».

Бу гап ҳанафийларнинг китобларида йўқ, деган гап мутлақо тўғри эмас. Қўлнинг бош бармоқларини қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизиш масаласи «Раддул Муҳтор», «Ал-Лубоб фий шарҳил китоб», «Фатавои Қозихон», Али Қорийнинг «Шарҳул Виқоя», «Мажмаъул анҳур» ва яна баъзи китобларда баён қилинган.

Шундай экан, «Ҳатто ҳанафий уламоларнинг фиҳқий китобларида ҳам қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш кераклиги ҳақида сўз кетмаган» деган гап қаердан олинган ва нима учун айтилган? Бу ҳақдаги гап бемазҳаблар томонидан ҳаводан олинган. Ҳанафий мазҳабидаги китобларни биламиз, дейиш учун олинган. Аммо ҳанафий мазҳабида нима гап бор-у, нима гап йўқлигини биладиган улардан бошқа кишилар ҳам борлигини хаёлларига келтирмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисни амал қилишга ва аниқликка мойил қилиб тушунган уламоларнинг гапи хато бўладими? Ундан кейин, такбири таҳримада бош бармоқларини қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизганларнинг намози қабул бўлмай қоладими? Агар шундай бўлса, шу вақтгача шу тарзда намоз ўқиб келганларнинг ҳоли нима бўлади? Бу ихтилофни юзага келтирган бемазҳабларнинг асосий «мазҳаби» юқоридаги каби саволлар қўзғаб, намозхонлар орасида ихтилоф ва жанжаллар чиқаришдир.

Энг муҳими, ушбуни намозга оид хато деб жар солишдан кимга фойда бор? Қандай фойда бор?


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
3 йил аввал 19913 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан бошқасининг ўртасидаги давоми...
3 йил аввал 4999 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
3 йил аввал 11293 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
3 йил аввал 3154 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
3 йил аввал 5213 fiqh.uz