Абу Убайда Ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг фазилатлари


 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ لِكُلِّ أُمَّةٍ أَمِينًا، وَإِنَّ أَمِينَنَا أَيَّتُهَا الْأُمَّةُ أَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бордир. Албатта, бизнинг амийнимиз, эй уммат, Абу Убайда ибн Жарроҳдир», дедилар».
Шарҳ: «Амийн» сўзи «ўта ишончли», «омонатли одам» деган маънони англатади. Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ҳам амийн шахслар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг амийнларнинг амийни эканликларини билдирмоқдалар. У зот алайҳиссалом ҳар бир саҳобийга ўзига хос сифатни берар эдилар. Ўша сифатлар бошқа саҳобаларда ҳам бўлар эди. Лекин маълум саҳобийга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан берилган сифат ўша кишида бошқалардан кўра ажралиб турадиган даражада бўларди.
Аллоҳ таолонинг охирги ва энг мукаммал дини бўлган Исломга тобеъ умматнинг амийни бўлиш шарафига муяссар бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан танишиб чиқишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраймиз.

Насаб ва илк ҳаёт

Қаҳрамонимиз Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Омир ибн Абдуллоҳ ибн Жарроҳ ибн Ҳилол ибн Уҳайб ибн Зобба ибн ал-Ҳарис ибн Феҳр ибн Моликдир.
У кишининг насаблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Феҳрда жам бўлади.
Кўриниб турибдики, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Омир бўлса ҳам, кунялари билан машҳур бўлганлар. Оталарининг исми Абдуллоҳ бўлса ҳам, боболари Жарроҳнинг исми билан машҳур бўлганлар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Умму Ғанам бинти Жобир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аъло ибн Омир ибн Умайра ибн ал-Вадийъа ибн ал-Ҳарис ибн Феҳр бўлган. Оналари мусулмонликни қабул қилганлар. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оталари мусулмон бўлмаган.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу дастлабки мусулмонлардан ҳисобланадилар. 
Баъзи қавлларга қараганда, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг тарғиботлари ила Исломга кирган биринчи гуруҳда бўлганлар.
У киши Арқам ибн Аби ал-Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис, Саъийд ибн Зайд, Хаббоб ибн Арт, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор ибн Ясир, Суҳайб Румийлар Исломга келишларидан олдин мусулмон бўлган эдилар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу дину диёнат йўлида Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Аммо у киши Ҳабашистонда оз муддат турганлар.
Кейин эса Мадинаи Мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб, Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидолик қилдилар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши билан Муҳаммад ибн Маслама Ансорий розияллоҳу анҳуни биродар қилиб қўйдилар.

Бадрда

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу энг шижоатли чавандозлардан эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида иймон ва ихлос билан иштирок этганлар.
Бадр урушида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар. Кўпчилик тарихчилар ўша урушда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг мушрик оталарини ўлдирганларини айтадилар. 

Уҳудда 

Уҳуд урушида эса Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша куннинг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар.
Уҳуд урушининг иштирокчиларидан Абу Бакр Сиддиқ бундай ҳикоя қиладилар:
«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб, ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб, у зот томон юрдим. Қарасам, бир одам у зотнинг олдиларида ҳимоя қилиб, уруш қилмоқда: «Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб борсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан. 
Расули акрам алайҳиссолату вассалом: 
«Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар. 
Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда: 
«Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва ўша кирган нарсани оғзи билан чиқара бошлади. 
Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна: 
«Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди».
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўшанда тушган икки тишлари умр бўйи у кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга садоқатлари нишони бўлиб қолди. 
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни таърифлаган ҳар бир киши «У узун бўйли, озғин, юзи очиқ, соқоли сийрак ва икки олд тиши тушган одам эди», деб айтган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қуйидагича таърифлайдилар:
«Қурайшдан уч киши одамлар ичида энг очиқ юзли, энг гўзал хулқли, энг собит ҳаёлидир. Улар сен билан гаплашсалар, ёлғон гапирмайдилар. Сен уларга гапирсанг, сени ёлғончи қилмайдилар. Улар – Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳ».

Сарияларга амирлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни бир неча сарийяларга амир қилиб юборганликлари турли ривоятларда келади. Бу ҳол ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишининг амийнликларига ишонганларидан, амирлик талабларига жавоб берадиган қобилиятлари борлигидан бўлган.
«Уюунул асар» китобида зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни қирқ кишилик сарийяга бошлиқ қилиб, Зул Қисса номли жойга юборганлар. Ўшанда Бану Меҳроб ва Саълаба қабилалари бирлашиб, мадиналикларнинг Ҳайфаада боқилаётган чорва молларига ғарот қилишган эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар томон Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошлиқ қирқ кишилик сарийяни юбордилар. Улар Зул Қиссага етиб бориб, мазкур қавмнинг адабини бериб, қайтдилар.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَعَثَنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثَلَاثَ مِائَةِ رَاكِبٍ وَأَمِيرُنَا أَبُو عُبَيْدَةَ نَرْصُدُ عِيرًا لِقُرَيْشٍ، فَأَصَابَنَا جُوعٌ شَدِيدٌ حَتَّى أَكَلْنَا الْخَبَطَ، فَسُمِّيَ جَيْشَ الْخَبَطِ، فَأَلْقَى لَنَا الْبَحْرُ حُوتاً يُقَالُ لَهُ الْعَنْبَرُ، فَأَكَلْنَا مِنْهُ نِصْفَ شَهْرٍ وَادَّهَنَّا بِوَدَكِهِ حَتَّى صَلَحَتْ أَجْسَامُنَا، قَالَ: فَأَخَذََ أَبُو عُبَيْدَةَ ضِلَعًا مِنْ أَضْلَاعِهِ فَنَصَبَهُ فَمَرَّ الرَّاكِبُ تَحْتَهُ، وَكَانَ فِيْنَا رَجُلٌ لَمَّا اشْتَدَّ الْجُوعُ نَحَرَ ثَلَاثَ جَزَائِرَ ثُمَّ ثَلَاثَ جَزَائِرَ ثُمَّ نَهَاهُ أَبُو عُبَيْدَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни – уч юз отлиқни Абу Убайданинг амирлигида Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. Бас, бизга шиддатли очлик етди. Ҳатто дарахт баргларини едик. Гуруҳимиз «барг лашкари» деб номланди. Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди. Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб, тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди. Очлик шиддатлашганда ичимиздан бир киши учта-учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни бу ишдан қайтарди». 
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Ушбу маъно турли кишилар томонидан, турли шакл ва лафзлар ила энг мўътабар ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. 
Ушбу уч юз отлиқнинг юриши кўпроқ «Сайфул баҳр жанги» («Денгиз қиличи») номи ила машҳур.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Аллоҳнинг йўлида хизматга чиққан бу саҳобийлар гуруҳи катта қийинчиликларга дуч келганлар. 
Бошқа ривоятларда айтилишича, таомлар озлигидан Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳамманинг таомини тўплаб, оз-оздан тановул қилишни йўлга қўйганлар. У ҳам тамом бўлганидан кейин, ушбу ривоятда зикр қилинганидек, дарахтларнинг баргини ейишга мажбур бўлганлар.
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни амир қилиб, бизларни Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. У зот бизни бир идиш хурмо билан таъминладилар. Бошқа нарса топа олмадилар. Абу Убайда бизларга бир дона-бир донадан хурмо берар эди.
«Уни нима қилар эдинглар?» деб сўрадим.
«Гўдак сўрганга ўхшаб, сўрар эдик. Сўнгра устидан сув ичар эдик. Баъзиларимиз таёқларимиз билан барг қоқиб келар эдик. Кейин уни ҳўллаб туриб, ер эдик», деди.
Бу қийинчиликларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дини йўлида бўлгани улар учун шарафдир.
«Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди».
Дарҳақиқат, уч юз жангчига ярим ой муддат давомида таом бўлган «анбар» жуда ҳам улкан денгиз жонивори бўлган.
Бошқа ривоятларда «Уни еб, семириб кетдик», дейилганини эътиборга олсак, уни тергаб-тежаб эмас, бемалол еганлари келиб чиқади.
Албатта, мазкур гўштни сақлаш, айниб қолмаслиги чораларини кўриш бўйича ўша вақтнинг услублари қўлланган бўлади.
Қаранг, очликдан дарахт баргларини ейишга мажбур бўлиб турган кишиларга Аллоҳ таоло Ўзи ғойибдан ризқ ато қилиб, турар жойларидагидан ҳам яхши ҳолатни вужудга келтириб берган!
Ривоятнинг давомида мазкур денгиз ҳайвонининг катталигини баён қилиш учун баъзи миқёслар келтирилади.
«Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб, тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди».
Мазкур «анбар» ана шу даражада улкан экан. Албатта, у пайтларда метрлаб ўлчаш таомилда бўлмаган ва кишилар ўз услублари билан қиёслаганлар.
«Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учта-учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни бу ишдан қайтарди».
Агар ҳар куни ёки икки кунда бир туя сўйилиб турарди, деб фараз қилсак ҳам мазкур «анбар» тахминан 25-45та туянинг ўрнини босган бўлади. Чунки у қирғоққа чиқиб, саҳобаларга таом бўлганидан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўз қассобларини туя сўйишдан тўхтатган эканлар.
Бунинг устига, бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг гуруҳи Мадинаи Мунавварага қайтиб келиши билан бўлиб ўтган нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло сизларга уни таом қилиб, чиқариб берибди, гўштидан қолган бўлса, бизга ҳам беринглар», деган маънода гап айтганлар.
Ушбу сарийя давомида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг сабр-бардошлари, Аллоҳ таоло йўлида ҳар қандай машаққатларга чидашлари, тадбиркор раҳбар ва уста амир эканликлари намоён бўлди.
Энди зикр қилинадиган сарийяда эса у кишининг яна бошқа бир қанча нодир сифатлари намоён бўлади.
Имом Байҳақий ва Ибн Асокир қилган ривоятда Урва ибн Зурайр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Оссни Шомга кираверишдаги Зотис Салосилга, Балий ва Абдуллоҳга ва уларнинг яқинидаги қузоаъликларга юбордилар. Бану Балий қабиласи Осс ибн Воилга тоға бўлади. У ўша томонга боргандан кейин душманининг кўплигидан қўрқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мадад сўраб, одам юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи муҳожирларни урушга чорладилар. Абу Бакр ва Умар каби муҳожирларнинг саралари кўнгилли бўлиб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни амир қилдилар. Улар Амрнинг олдига борганларида у:
«Мен сизларнинг амирингизман, сизларни мададга юбориши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юборган менман», деди.
«Йўқ. Сен ўз шерикларингнинг амирисан, Абу Убайда муҳожирларнинг амири», дедилар муҳожирлар.
«Сизлар мен сўраган мададсиз, холос!» деди Амр.
Буни кўрган Абу Убайда:
«Биласанми, эй Амр?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга охирги айтган гаплари: «Қачон соҳибинг олдига борсанг, икковингиз келишиб оласизлар», дейишлари бўлган. Агар сен менга исён қиладиган бўлсанг, мен албатта, сенга итоат қиламан», деди. Бас, Абу Убайда амирликни Амрга топширди».
Зотус Салосил сарийяси кўп кишилик бўлгани учун жанг деб ҳам аталади. Бу ҳодиса 8-ҳижрий сананинг Жумадул улаа ойида бўлиб ўтган.
Бу ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг яққол кўринган фазллардан бири Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога амир бўлишларидир. Бу жуда катта фазл. Умуман, ўша сарийяда мазкур икки улуғ зотдан ташқари, кўпгина катта муҳожир саҳобалар ҳам бўлган. Бу эса Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида тутган ўринлари қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг иккинчи фазллари ҳусни хулқли бўлганликларидир.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг учинчи фазллари юмшоқ табиатли бўлганликлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг тўртинчи фазллари ихтилофни хуш кўрмаганликлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бешинчи фазллари ўз зарарларига ва кўпчилик фойдасига келишувчан бўлганликлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни яна бошқа сарийяларга ҳам амир қилганлари ҳақида ривоятлар бор.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда розияллоҳу анҳуни махсус топшириқлар билан ҳам турли тарафларга юбориб турар эдилар.

Имом Бухорий Амр ибн Авф Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни Баҳрайнга у ернинг жизясини олиб келишга юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Баҳрайн аҳли билан сулҳ тузган ва уларга Аъло ал-Ҳазрамийни амир қилган эдилар. Бас, Абу Убайда Баҳрайндан мол билан келди. Ансорийлар Абу Убайданинг келганини эшитиб, Бомдод намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқидилар. У зот уларга Бомдодни ўқиб берганларидан кейин қайтдилар. Улар у зотнинг йўлларидан чиқдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўрганларида табассум қилиб:
«Абу Убайданинг бир нарса олиб келганини эшитганмисиз, дейман?» дедилар.
«Шундоқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.
«Суюнчи. Сизни масрур қиладиган нарсадан умидвор бўлаверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман. Лекин сизларга сиздан олдингиларга дунё кўпайгандек кўпайиб, уларни уни талашганидек талашиб кетишингиздан ва уларни ҳалок қилганидек сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман», дедилар у зот». 

Устоз

9-ҳижрий санада бошқа қабилалар ва тоифалар элчилари қатори, Нажрон насоролари элчилари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар.
Ҳайъатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурмат билан кутиб олдилар. Ривоятларда келишича, «Оли Имрон» сурасининг аввалидан то саксондан ортиқ оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насороларининг элчилари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида ва бошқа масалалар хусусида тортишган вақтда нозил бўлган. Улар билан бўлган тортишув бир мақомга етиб, Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, «Ўзимники тўғри», деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди. 
Пайғамбар алайҳиссалом мазкур насороларни мубоҳалага чақирганларида, улар кўнмадилар. Лекин мансабларини, обрўларини, мол-дунёларини йўқотишдан қўрқиб, Исломни ҳам қабул қилмадилар.
Улар қайтиб кетдилар. Аммо бир оз фурсатдан кейин улардан Саййид ва Оқиб деганлари қайтиб келдилар ва мусулмон бўлдилар. Ана ўшалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир амийн кишини ўзлари билан бирга юборишни илтимос қилдилар.

عَنْ حُذَيْفَةَ بْنِ الْيَمَانِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ أَهْلُ نَجْرَانَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، ابْعَثْ إِلَيْنَا رَجُلًا أَمِينًا، فَقَالَ: لَأَبْعَثَنَّ إِلَيْكُمْ رَجُلًا أَمِينًا حَقَّ أَمِينٍ، قَالَ: فَاسْتَشْرَفَ لَهَا النَّاسُ، فَبَعَثَ أَبَا عُبَيْدَةَ بْنَ الْجَرَّاحِ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Нажрон аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳннг Расули, бизга бир амийн кишини юборинг», дедилар. Бас, у зот:
«Албатта, мен сизларга амийн кишини, амийн бўлганда ҳам, ҳақиқий амийнни юборурман», дедилар.
Одамлар ўша шарафга интилдилар. У зот Абу Убайда ибн Жарроҳни юбордилар».
Иккисини икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар. 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ أَهْلَ الْيَمَنِ قَدِمُوا عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، ابْعَثْ مَعَنَا رَجُلًا يُعَلِّمْنَا السُّنَّةَ وَالْإِسْلَامَ، قَالَ: فَأَخَذَ بِيَدِ أَبِي عُبَيْدَةَ فَقَالَ: هَذَا أَمِينُ هَذِهِ الْأُمَّةِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яман аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Биз билан бизга суннатни ва Исломни ўргатадиган кишини юборинг», дедилар.
Бас, у зот Абу Убайданинг қўлидан ушлаб туриб:
«Мана бу ушбу умматнинг амийнидир», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятдаги гаплар ўша яманлик мусулмон бўлган Саййид ва Оқиб билан бўлиб ўтган гаплардир. Чунки Нажрон Ямандаги бир диёрдир.
Ушбу икки ривоятдан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ҳақиқий амийнликларини Набий алайҳиссаломнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганликларини билиб оламиз. Айни ана шу сифатларни эътиборга олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини бошқа юртдаги янги мусулмон бўлганларга Исломдан дарс бериш учун устоз қилиб юбормоқдалар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуда устозлик қобилиятлари олий даражада эканлигини бошқа бир ривоятдан ҳам билиб оламиз.
Ибн Асокир келтирган ривоятда Абу Саълаба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени яхши таълим берадиган одамга юборинг» дедим.
Бас, у зот мени Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга юбордилар ва:
«Мен сени таълимингни ва одобингни яхши қиладиган кишига юбордим», дедилар».
Имом Тобароний ҳам Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни қуйидаги зиёдаси билан келтирган:
«Борсам, у билан Башир ибн Саъд Абу Нўъмон гаплашиб ўтирган экан. Икковлари мени кўриб, сукут сақлашди. Мен:
«Эй Абу Убайда, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундай демаган эдилар», дедим.
«Сен аввал ўтир, кейин сенга гапирайлик», деди у ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизларда ҳозир нубувват бор. Кейин нубувват йўлидаги хилофат бўлади. Сўнгра подшоҳлик ва жабрлик бўлади», дедилар», деди».
Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг кишиларга таълим ва одоб ўргатишда зўр қобилиятли устоз эканликларини таъкидламоқдалар. Бу катта фазлдир.

Набий алайҳиссалом эҳтироми

Имом Тобароний келтирган ривоятда Абу Амома розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳум ва бир гуруҳ саҳобалар билан ўтирган эдилар. Бир қадаҳда ичимлик келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абу Убайдага тутдилар. Шунда Абу Убайда:
«Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Набийси!» деди.
«Сен ол!» дедилар у зот.
Абу Убайда қадаҳни олди ва уни ичишидан олдин яна:
«Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Набийси!» деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ич, албатта, барака улуғларимиздадир. Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизни улуғламаса, биздан эмас», дедилар». 

Халифалар даврида 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рафиқи Аълога интиқолларидан кейин халифа сайлаш ҳақида ўтказилган йиғилишда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ихтилофнинг олдини олишда катта хизмат қилдилар. У киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнларида турдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз сўзларида ўша ерда тўпланганларга «Ёки Умарга ёки Абу Убайдага байъат қилинглар», дедилар. Бу ҳол ҳам ўша пайтда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг обрўлари қанчалик юқори бўлганлигини кўрсатади.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида асосан шуро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарият ишлари билан машғул бўлдилар. Баъзи вақтларда янги қарорлар чиқишига ташаббускорлик қилганлар ичида ҳам бўлар эдилар. Мисол учун, халифага ойлик маош тайин қилиш ҳақидаги ишда у киши биринчилардан бўлганлар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша вақтда асосан халифаликнинг девонбегиси бўлганлар. Кейинроқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишини бир лашкарга амир қилиб, Ҳимсга юборганлар. 

Ҳазрати Умар даврида 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга 13-ҳижрий сана Жумадул охир ойидан саккиз кун қолганда, сешанба куни байъат қилинди.
У кишининг халифа сифатида қилган биринчи ишлари Шомда Ислом лашкарларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабар ила Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг лашкарбошиликдан бўшатилиб, ўрнига Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бош лашкарбоши этиб тайинланганлиги ҳақида хабар юбориш бўлди.
Хабарда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни ёзган эдилар:
«Ўзи Боқий қолувчи, Ундан ўзга эса фоний бўлувчи, бизни залолатдан ҳидоят қилган ва зулматлардан нурга чиқарган Аллоҳга тақво қилишингни тавсия қиламан. Батаҳқиқ, сени Холид ибн Валиднинг аскарига омил қилдим. Уларнинг ишини ҳақ ила бошқар. Ўлжани умид қилиб, мусулмонларни ҳалокатга йўлиқтирма. Уларни ўзинг яхши билмаган, кириш-чиқишидан хабаринг йўқ ерга туширма. Сарийяларни фақат кўпчилик билан юбор. Мусулмонларни ҳалокатга тушириб қўйишдан сақлан. Батаҳқиқ, Аллоҳ мени сен билан, сени мен билан синайдиган бўлди. Кўзингни дунёдан юм, кўнглингни ундан четда қил. Зинҳор дунё сендан олдингиларни ҳалок қилганидек, сени ҳам ҳалок қилмасин. Сен уларнинг қулаган жойларини кўргансан».
Бу хабар етиб борганда мусулмон фотиҳлар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қўмондонлиги остида Ярмукда румликлар билан катта жангга кириш арафасида турган эдилар. Шунинг учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам одамларга хабарни жангдан кейин айтишга қарор қилдилар. Фақат жанг мусулмонларнинг зафари билан тамом бўлганидан кейингина хабарни уларга айтдилар.
Музаффар лашкарбоши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга:
«Аллоҳ раҳмингни есин, эй Абу Убайда! Хабар келиши билан айтсанг бўлмасмиди!?» деди.
«Мен сенинг жангингнинг шаштини қайтаришни истамадим. Биз дунёнинг султонини хоҳламаймиз. Биз дунё учун амал ҳам қилмаймиз. Ҳаммамиз Аллоҳнинг йўлидаги биродарлармиз», деди камтарлик билан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу.
Камтарликни қаранг! Мутавозеъликни қаранг! Синиқликни қаранг! Бу гапларни қўлидан иш келмай, уйида ўтириб қолган одам айтаётгани йўқ! Бу гапни кеча дунёнинг энг кучли аскарини, Рум империясининг барча лашкарларини дунё тарихидаги энг катта жанглардан бирида чилпарчин қилган музаффар Ислом лашкарининг бош қўмондонлигига тайин қилинган аскарбоши айтмоқда!
Ана шундай қилиб, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ислом тарихида биринчи бўлиб, амирул умаро – амирларнинг амири бўлдилар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу яқин дўстлари Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу билан бирга янги халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қуйидаги мактубни юбордилар:
«Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Муоз ибн Жабалдан Умар ибн Хаттобга. Ассалому алайка. Аммо баъду:
Биз сени ўз ишинг ўзингга муҳим одам деб биламиз. Энди сен ушбу умматнинг – қизилию қорасининг ишига волий бўлдинг. Энди ҳузурингда шарафлию пасткаш ҳам, дўсту душман ҳам ўтиради. Уларнинг ҳар бирининг адолатдан ўз ҳиссаси бор. Эй Умар, ана шунда қандай бўлишингга назар сол! Биз сени юзлар хор бўладиган, қалблар қуриб, қақшайдиган, ҳужжатлар Ўз жабарути ила уларни қаҳр қилган Подшоҳнинг ҳужжати олдида кесиладиган Кундан огоҳлантирамиз. Бутун халойиқ Унга бўйсунурлар, Унинг раҳматини умид қилурлар ва иқобидан қўрқурлар.
Биз ушбу умматнинг иши унинг охири замонига борганда сиртдан дўсту ичдан душман бўлишларига қайтиши ҳақида гаплашар эдик. Биз ўзимизнинг сенга ёзган ушбу мактубимиз бизнинг қалбимиздаги манзилдан бошқа манзилга тушишидан Аллоҳнинг паноҳини сўраймиз. Биз буни сенга насиҳат учун ёздик, холос. Вассалому алайка!».

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу катта мансабга эга бўлганларидан кейин ҳам заррача ўзгармадилар. Ўз қўл остиларида ўша вақтдаги дунёнинг энг кучли аскари турганига қарамай, оддий аскардек юравердилар. Шомдаги одамлар Исломдан олдин дабдабаларга ўрганиб қолган эдилар. Мусулмонларнинг амирул умаросининг ҳоли бирпасда ҳамма ёққа гап бўлиб, тарқалиб кетди.

Бу гапдан хабардор бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўз шахслари ҳақида турли афсоналар тўқиган одамларга хутба қилиб:

«Эй одамлар! Мен қурайшлик бир мусулмонман, холос. Сизлардан қизилингизми, қорангизми, бирортангиз мендан тақвода афзал бўлсангиз, ўшанинг ихтиёрида бўлишга тайёрман», дедилар.

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Нимрон ибн Мухмардан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу аскар ичида юриб:

«Огоҳ бўлинглар! Кўпгина кийимини оқ қилувчилар динини қора қилувчилардир. Огоҳ бўлинглар! Кўпгина ўз нафсини икром қиламан, деганлар уни хор қилурлар. Эски ёмонликларни янги яхшиликлар билан кетказинглар. Агар бирортангиз ўзи билан осмон орасича ёмонлик қилса-ю кейин яхшилик қилса, ўша яхшилиги ёмонлигининг устига чиқиб, уни енгади», дер эди».

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бир неча йиллар амирул умаро бўлиб ишлаганларидан кейин ҳам бу ҳолат ўзгармади. У кишининг зоҳидликларига дунё билан иши йўқликда шуҳрат қозонган ҳазрати Умар ҳам қойил қолдилар.

Имом Аҳмад, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абу Нуъайм ва Урва розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятлардан бу ҳақда қуйидаги ҳолни англай оламиз:

«Умар Шомга келган куни одамлар ва ерлик катталар кутиб олдилар. Шунда Умар:

«Оғайним қани?» деди.

«Ким у?» дейишди.

«Абу Убайда», деди.

«Ҳозир келади», дейишди.

У каноп юганли туяни миниб келди.

Умар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу келганда қучоқлашиб сўрашди. Кейин унинг уйига кирди. У унинг уйида қилич, қалқон, эгар-жабдуқдан бошқани кўрмади ва:

«Бошқа шерикларингга ўхшаб, сен ҳам у-бу қилмадингми?» деди.

«Эй мўминларнинг амири, ётиб-тургани шу ҳам етади», деди Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу.

Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Сендан бошқа ҳаммамизни дунё ўзгартириб юборди, эй Абу Убайда», дедилар.

Мана шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни жуда ҳам яхши кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. У киши ҳамма амирлари, омиллари ва волийлари Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга ўхшаш бўлишини орзу қилар эдилар.

Имом Бухорий «Тарихи сағир»да Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан, у киши Убай розияллоҳу анҳу қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Умар ибн Хаттоб ўз соҳибларига:

«Орзу қилинглар!» деди.

«Мен бир уй тўла дирҳамларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бири.

«Орзу қилинглар!» деди у яна.

«Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бошқаси.

«Орзу қилинглар!» деди у яна.

«Мен мана шу уй тўла жавҳарларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди яна бири.

«Орзу қилинглар!» деди у яна.

«Бундан бошқа орзуимиз йўқ», дейишди улар.

Шунда Умар:

«Аммо мен мана шу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳум каби одамлар бўлишини ва уларни Аллоҳнинг тоати учун омил қилишни орзу қилар эдим», деди.

Сўнгра у Ҳузайфага мол юборди ва:

«Назар солинглар, нима қилар экан?» деди.

У молни тақсимлаб юборди.

Сўнгра у Муоз ибн Жабалга мол юборди ва:

«Назар солинглар, нима қилар экан?» деди.

У молни тақсимлаб юборди.

Сўнгра у Абу Убайдага мол юборди ва:

«Назар солинглар, нима қилар экан?» деди.

У молни тақсимлаб юборди.

«Ана, сизларга айтмабмидим?!» деди Умар».

Ўша молни тақсимлашнинг тафсилоти имом Тобаронийнинг Молик ад-Дорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида келади:

«Умр ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тўрт юз динор олиб, бир хамёнга солди ва ғуломга:

«Мана буни Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга олиб бориб бер. Кейин бир баҳона қилиб, ўша ерда бир оз туриб, нима қилишига назар сол!» деди.

Ғулом уни олиб бориб:

«Мўминларнинг амири мана буни «Баъзи ҳожатларингга ишлат», деб бериб юборди», деди.

«Аллоҳ унинг хайрини берсин, унга раҳм қилсин! Эй жория, бу ёққа кел! Мана бу еттитани фалончига олиб бориб бер! Мана бу бештани фистончига олиб бориб бер! Мана бу бештани фисмадончига!» деб ҳаммасини битирди.

Ғулом қайтиб бориб, бўлган воқеани Умарга айтди. У яна ўшанга ўхшаш хамённи Муоз ибн Жабал учун тайёрлаб қўйган экан. У:

«Мана буни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга олиб бориб бер. Кейин бир баҳона қилиб, ўша ерда бир оз туриб, нима қилишига назар сол!» деди.

Ғулом уни олиб бориб:

«Мўминлар амири мана буни «Баъзи ҳожатларингга ишлат», деб бериб юборди», деди.

«Аллоҳ унинг хайрини берсин, унга раҳм қилсин! Эй жория, бу ёққа кел! Мана буни фалончининг уйига олиб бориб бер! Мана буни фистончининг уйига олиб бориб бер!» деди.

Шунда Муознинг хотини чиқиб:

«Аллоҳга қасамки, биз ҳам мискинмиз! Бизга ҳам бер!» деди.

Латтанинг ичида икки диноргина қолган экан, ўшаларни унга ирғитди.

Ғулом қайтиб бориб, бўлган воқеани Умарга айтди. Шунда у:

«Улар бир-бирлари билан оғайнилар!» деди».

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг улуғликлари ҳам шунда. Агар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўзларига ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу томонларидан юборилган тўрт юз олтин танганинг бир донасини олиб қолганларида ҳам муҳташам улуғликларига бир чизиқ хиралик тушиб қолар эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна бир бор Шомга келганларида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан охирги марта учрашдилар. Аммо икковлари ҳам бу охирги учрашувлари эканлигини билмас эдилар.

Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар Шом томон сафарга чиқди. Токи у Сарғга етганда унга Ажноднинг аҳли – Абу Убайда Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганининг хабарини бердилар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббосга:

«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди.

Уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди. Улар эса ихтилоф қилишди. Баъзилари:

«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дедилар. Бошқалари эса:

«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», дедилар.

«Жўнанглар олдимдан! – деди-да, сўнгра: – Менга Ансорийларни чақириб юбор», деди.

Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар. Уларга ҳам:

«Жўнанглар олдимдан! – деди-да, сўнгра: – Менга ҳов анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди.

Уларни чақириб келдим. Уларнинг иккиси ҳам ихтилоф қилмади. Улар:

«Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дедилар.

Умар одамлар орасида жар чақиртириб:

«Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман», деди.

Шунда Абу Убайда:

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.

Умар унга:

«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? (Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.) Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгинчи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар иккига бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» деди.

Шу пайт Абдурроҳман ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди.

«Бу ҳақда менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз», деганларини эшитганман», деди. 

Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».

Бу ривоятдан кўплаб маълумотлар олиш мумкин. Шунинг учун уни шошилмасдан, бирма-бир таҳлил қилиб чиқсак, яхши бўлади.

«Умар Шом томон сафарга чиқди».

Ҳазрати Умарнинг бу сафари 17-сана охири, 18 ҳижрий сана аввалида бўлган. У киши Шомдаги мусулмонларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида бир қанча саҳобаларни ўзлари билан олиб, йўлга чиққанлар. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Шомга қараб йўлга чиққанлари ҳақидаги хабар ҳамма томонга тарқалган. Жумладан, бу хабарни ўша даврдаги Шомнинг волийси Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам эшитиб, ўз одамлари билан халифани кутиб олиш учун йўлларига чиққанлар.

«Токи, у Сарғга етганда унга Ажноднинг аҳли – Абу Убайда Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганининг хабарини бердилар».

Сарғ – Ҳижоздан келаётганда биринчи учрайдиган Шомнинг қишлоқларидан бирининг номи.

Ажнод – Шомнинг ўша пайтдаги беш машҳур шаҳари шундай ном билан аталган. Улар – Фаластин, Урдун, Димашқ, Ҳимс ва Қиннисрийнлардир.

Ўшанда мазкур беш шаҳарнинг амирлари Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан бирга ҳазрати Умарни кутиб олгани чиққан эканлар.

Одатда жамият бошлиғини кутиб олгани чиққанлар ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг энг муҳим ва долзарб масаладан сўз очадилар. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ва у кишининг шериклари ҳам ҳазрати Умарга ўз юртларидаги энг долзарб масала – вабо тарқалганлиги ҳақидаги хабарни айтдилар.

«Шунда Умар Ибн Аббосга:

«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди.

Мен уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди».

Ҳазрати Умарнинг вабо ҳақида кишиларга маслаҳат қилишларидан у кишининг бу ҳақдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бехабар бўлганликлари келиб чиқади. Агар ҳазрати Умар ҳадисни билганларида, ҳеч кимга маслаҳат солмай, унга амал қилишга ўтар эдилар. Аксига олиб, маслаҳатга чақирилганлар ҳам ҳадисдан бехабар эканлар.

«Улар эса ихтилоф қилишди». 

Ўшанда ҳазрати Умар билан бирга Шом сафарига чиққан биринчи муҳожирлар ичида мазкур масала бўйича иккига бўлиниш пайдо бўлди.

«Баъзилари:

«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дедилар».

Яъни «Эй Умар, сен Шомдаги мусулмонлар ҳолидан хабар олгани чиқдинг. Бу хабарни ҳамма эшитди. Дўсту душман қараб турибди. Вабо ҳақидаги хабарни эшитиб, шу ердан ортга қайтиб кетсанг, яхши бўлмайди. Бундан дўстлар хафа, душманлар шод бўладилар».

«Бошқалари эса:

«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», дедилар». 

Булар ҳам ўзларининг фикрларига келган далилни рўкач қилишди. Соғ-саломат ва мўътабар одамларни хатарли жойларга олиб боришни раво кўрмадилар. Уларнинг бундай ихтилоф қилишлари халифага ёқмади.

«Умар:

«Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра:

«Менга Ансорийларни чақириб юбор», деди».

Демак, аввал муҳожирлар, кейин ансорийлар – Мадина аҳллари турар эканлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз ривоятларини давом эттирадилар.

«Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар».

Кўриниб турибдики, ансорийларнинг ҳазрати Умар ила Шом сафарига чиққанлари ичида ҳам вабо ҳақидаги ҳадиси шарифни эшитган одам йўқ экан. Шунинг учун улар ҳам бу масалада ихтилоф қилдилар.

«Уларга ҳам:

«Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра:

«Менга ҳов анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди».

Булар Қурайш қабиласининг мўътабар шайхлари бўлиб, Маккаи Мукаррама фатҳ бўлган кунигина мусулмон бўлган эдилар. Шунинг учун ҳам уларга муҳожир ва ансорийлардан кейинги, учинчи ўринда маслаҳат солинди.

«Уларни чақириб келдим. Улардан иккиси ҳам ихтилоф қилмади. Улар:

«Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дедилар».

Улар ҳам ҳадиси шарифдан бехабар эканлар. Лекин аввалги ихтилоф қилганларнинг ҳолидан ўрнак олишганми, халифани олдида ҳеч ихтилоф қилмай, бир хил фикр айтдилар. Вабо тарқалган диёрга кирмай, ортга қайтиш ҳақида маслаҳат бердилар. Бу маслаҳат ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга маъқул келди. Қайтишга қарор қилдилар.

«Умар одамлар орасида жар чақиртириб:

«Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман», деди». 

Яъни бу «Мадинага қайтиб кетурман», деганлари эди. Албатта, бу қарор ҳаммага ёқса ҳам, азиз меҳмонларни орзиқиб кутган шомликларга ёқмади.

«Шунда Абу Убайда:

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?!» деди». 

Шомнинг волийси бўлган улуғ саҳобий Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бундай оғир гап айтишларидан у кишининг аччиқлари чиққани билиниб турибди. У киши ҳазрати Умарга шундай гапиришга ҳадди сиғадиган улуғ зот эдилар. 

«Умар унга:

«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!?» 

Яъни «Ҳозир сен менга айтган гапни сендан бошқа одам айтганда яхши бўларди», дедилар. 

Ҳазрати Умарнинг нима учун бундай деганларини тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу орага ўз гапларини қўшиб, баён бермоқдалар:

(Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.) 

Ҳазрати Умар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ҳурматларини қилиб, у кишига хилоф бўладиган гапларни айтишдан ўзларини тийиб юрар эдилар. Энди эса кўпчиликнинг олдида у киши билан тортишишга мажбур бўлмоқдалар. У киши Абу Убайда розияллоҳу анҳуга жавоблари давомида яна шуларни айтдилар:

«Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз».

Яъни «Сен менга «Аллоҳнинг қадаридан қочибми?!» деб таъна қилмоқдасан. Лекин бу ерда Аллоҳнинг қадаридан қочиш йўқ. Қочиш бўлса ҳам биридан иккинчисига қочиш бор». 

«Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар иккига бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» деди». 

«Ёки бир томонда боқиш Аллоҳнинг қадари ила бошқасида боқиш Аллоҳнинг қадаридан ташқарида бўладиган бўлса, шуни айт. Ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг қадари. Бизнинг ҳозир қилаётган ишимиз ҳам шунга ўхшаш. Бунинг учун сен хафа бўлма».

«Шу пайт Абдурроҳман ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди». 

Шунинг учун бу масала бўйича бўлиб ўтган воқеалардан бехабар эди. Келганидан сўнг гапнинг ҳақиқатини англагач, дарҳол 

«У:

«Бу ҳақида менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз», деганларини эшитганман», деди».

Тамом, иш ҳал бўлди. Ортиқча масалаҳатга ҳам, тортишувга ҳам ўрин қолмади. 

«Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».

Ушбу қисса жуда ҳам машҳур. У турли китобларда турли муносабатлар ила келтирилади. Бунда шуро – маслаҳат, ақийда – қадар масаласи, жамият бошлиғи ва волий ҳамда амирларнинг муомаласи ва шунга ўхшаш кўпгина масалалар бор.

Мана, Шомга сафар қилганларида бу масалалардан бирига дуч келинди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ҳадиси шарифларини ҳаётга татбиқ қилиш шу ердан бошланди. Ислом жамиятиниг қайси жойида юқумли хасталик чиқадиган бўлса, ўша ерга ташқаридан ҳеч ким кирмайдиган, у ердан ташқарига ҳеч ким чиқмайдиган бўлди.

Аммо ўша вақтдаги вабо қаттиқ бўлди. Жуда ҳам кўп одамлар, жумладан, саҳобаи киромлар шу дард билан ўлиб кетдилар.

Шомда вабо тарқалаётгани ҳамма ёқда шов-шув бўлганда Абу Убайда розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қуйидаги амрни олдилар:

«Менинг сенга бир ҳожатим чиқиб қолди. Сендан бошқа мен учун уни ҳал қила олмайди. Агар ушбу мактубим сенга кечаси етиб борса, тонг отмасдан, мен томонга йўл олишингни талаб қиламан. Агар ушбу мактубим сенга кундузи етиб борса, кеч бўлмасдан, мен томонга йўл олишингни талаб қиламан».

Абу Убайда розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб:

«Мўминлар амирининг менга тушган ҳожатини билдим. У киши боқий эмас кимсани боқий қилмоқчи», дедилар.

Сўнгра қуйидаги мактубни ёздилар:

«Эй мўминларнинг амири, менга тушган ҳожатингни билдим. Мен мусулмонлар лашкари ичидаман. Уларга етган нарсадан ўзимни четга олмоқчи эмасман. Аллоҳ менинг ва уларнинг ҳақида Ўз ҳукмини қилмагунча улардан ажрамоқчи эмасман. Қачон ушбу мактубим сенга етиб борса, мени талабингдан ҳалол қил. Менга қолишга изн бер».

Ҳазрати Умар мактубни ўқиб, қаттиқ йиғладилар. У кишининг атрофида турганлар:

«Нима, Абу Убайда ўлибдими, эй мўминларнинг амири?» дедилар.

«Йўқ. Лекин унга ўлим яқинлашибди», дедилар у киши.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу одамлар орасида юриб, уларни сабрга чақирар эдилар. Охири дард у кишининг ўзларига ҳам хуруж қилди. Синчалоқларига кичкина бир нарса чиқди.

Одамлар у кишига тасалли бермоқчи бўлиб, «Ҳеч нарса эмас», дедилар.

У киши бўлса «Аллоҳдан умидим бор, шунга ҳам барака берса ажаб эмас», дедилар.

Охири у киши хаста бўлиб, ётиб қолдилар.

Ибн Асокир Саъийд ибн Абу Саъийддан ривоят қилади:

«Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урдунда вабога чалинганида (у зотнинг қабри ҳам ўша ерда) ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонларни чақириб:

«Мен сизларга бир васият қиламан. Агар уни қабул қилсангиз, яхшиликда бардавом бўлурсизлар. Намозни ўқинглар, закотни беринглар, Рамазон ойи рўзасини тутинглар, садақа қилинглар, ҳаж қилинглар, умра қилинглар. Бир-бирингизга насиҳат қилинглар. Амирларингизга насиҳат қилинглар, уларни алдаманглар. Дунё сизни ҳалок қилмасин. Агар бир одам минг йил яшаса ҳам, албатта, менинг сиз кўриб турган ҳолимга тушиши бор. Аллоҳ таоло бани одамга ўлимини ёзгандир. Улар ўларлар. Уларнинг энг фаросатлиси ўз Роббига итоаткорроқ бўлгани ва қайтар куни учун кўпроқ амал қилганидир. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи! Эй Муоз, одамларга намоз ўқиб бер».

Ана шундан кейин Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу вафот этдилар. 

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу жанозани ўқишдан олдин қуйидаги хутбани қилдилар:

«Эй одамлар, гуноҳларингиздан Аллоҳга тавба қилинг! Қайси бир банда Аллоҳга ўз гуноҳидан тавба қилган ҳолида рўпара бўлса, уни мағфират қилиш Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Кимнинг қарзи бўлса, уни адо қилсин. Чунки банда қарзига гаровдир. Ким ўз биродари билан аразда бўлса, учрашиб, сулҳ қилсин. Мусулмон учун ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиш мумкин эмас.

Эй мусулмонлар! Сизлар бир кишида фожиага учрадингиз. Мен «Ундан кўра қалби яхшироқ, ёмонликдан узоқроқ, кўпчиликка хайрни яхши кўрадиганроқ ва уларга насиҳатгўйроқ одамни кўрганман», дея олмайман. Унга раҳмат сўранглар ва жанозасини ўқигани туринглар».

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг жанозаларини ўқидилар.

У кишининг қабрлари Урдунда жойлашган. Ушбу сатрлар котиби фақир банда ҳам зиёрат қилганлардандир.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етганда қаттиқ йиғладилар ва узоқ дуо қилдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига қилинган суиқасддан сўнг ўлим тўшагида ётганларида, одамлар ўзларидан кейинги халифа ким бўлишини сўраганларида:

«Агар Абу Убайда ибн Жарроҳ тирик бўлганида, ўшани халифа қилар эдим. Агар Роббим мендан у ҳақида сўраса, «Аллоҳнинг амийнини ва Унинг Расулининг амийнини халифа қилиб қўйдим», дер эдим», дедилар.

Аллоҳ таоло икковларидан ҳам рози бўлсин!

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Балоғатга етган ўғил отасига тобеъдир
Балоғатга етган ўғил отасига итоат қилиб, хизматини қилиб юрган бўлса, сафарда ва ҳазарда отанинг нияти эътиборга олинади.  التَّابِعُ كَالْمَرْأَةِ مَعَ давоми...
9 йил аввал 7266 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
«Бадойеъ ас-санойеъ»дан «Китоб ал-истеҳсон»
Бу китоб баъзан “Китоб ал-Ҳазар ва-л-ибоҳат” ва баъзан “Китоб ал-Кароҳат” деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап боради: а) Китоб исми маъносининг давоми...
9 йил аввал 6757 Ҳусайнхон Яҳё
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бароат кечаси
 Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله давоми...
9 йил аввал 45515 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васила ва дуо
Муҳим тортишувли масалалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва дин пешволари ҳамда солиҳ амалларни васила қилиш борасидаги масаладир.Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга давоми...
8 йил аввал 27040 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тааввузни айтиш
Тааввуз – деб, луғатда “Паноҳ сўраш”га айтилади. Истилоҳда эса “Аъзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейишга айтилади. Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 98-оятида марҳамат қилади давоми...
8 йил аввал 8813 fiqh.uz