Ширкнинг таърифи ва унинг ҳақиқати


Ширкнинг ҳақиқати – инсоннинг Аллоҳ Ўзининг олий зотига хос қилган ҳамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун бажаришидир. 

Мисол учун, ўша махлуққа сажда қилиши, унга атаб жонлиқ сўйиши, назр қилиши, бошига мушкул иш тушганда ундан ёрдам сўраши ва уни ҳар жойда ҳозиру нозир, деб эътиқод қилиши ҳамда унда тасарруф қилиш қудрати бор, деб ўйлашидир. Буларнинг ҳаммаси ширкдир. («Ал-Ақийдатул Исломия ас-Суннийя» 85-бет. Аллома Абул Ҳасан Али  Надавий). 

Имом Валиюллоҳ Деҳлавий наздида ширкнинг моҳияти шуки, инсон томонидан баъзи шаъни улуғланган одамлардан содир бўлган ғаройиб ишлар улар башар жинсида учрамайдиган, улуғ Аллоҳгагина хос бўлган камолот сифатларидан бирига эга бўлгани учунгина содир бўлди, деб ишонишдир. Инсоннинг «Бу хусусият Аллоҳ таолодан бошқада йўқ, У фақат улуҳият либосини Ўзидан бошқага ечиб берсагина ёки ўша бошқа кимса гўё Аллоҳнинг зотида бирлашиб, Аллоҳнинг зоти қолсагина, бу нарса амалга ошади», деб ишониши ёки шунга ўхшаш турли хурофотларга эътиқод қилиши ширкнинг ҳақиқатидир. 

Имом Деҳлавийнинг «ал-фавзул кабир»ида ширкнинг таърифи 

Ширк – Аллоҳ таолога хос бўлган сифатларни Ундан ўзгага нисбат беришдир. Масалан, бирорта инсон ҳақида оламда «Бўл!» дейиш билан бўладиган ирода ила тасарруф қилади деб; ёки ҳис қилиш аъзолари, ақл, ваҳий, илҳом ва шунга ўхшашлар билан касб қилинмайдиган зотий илмга эга деб; ёки беморга шифо беради деб; бировни лаънатласа ёки ундан норози бўлса, бемор, фақир, бадбахт бўлиб қолади, раҳматини кўрсатса, ўша раҳмат туфайли бой, соғ, бахтиёр бўлиб қолади деб эътиқод қилишдир. 

Жоҳилият мушриклари жисмларни яратишда ва буюк ишларни қилишда Аллоҳга ўзгани шерик қилишмас эди. («Ал-Фавзул Кабир», 4-бет). 

Ширкнинг шаръий тушунчаси  

Билингки, ширкнинг юқоридаги уч таърифи, аслини олганда, унинг шаръий таърифи ва баёни эмас. Балки улар ширкка келтирилган мисоллардир. Чунки ширк фақат Аллоҳ таолога хос бўлган сифат ва ишлардагина бўлмайди. Балки гоҳида Аллоҳ таолонинг зотида, гоҳида сифатларида, гоҳида исмларида, гоҳида ишларида, гоҳида ҳукмларида бўлади. Бунга тавҳиднинг таърифида ишора қилган эдик. 

Ширкнинг шаръий тушунчаси – беш ишдан бирида махлуқни Роббил оламийнга тенглаштиришдир. Яъни Аллоҳ таолонинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва ҳукмларида шериги бор, деб эътиқод қилишдир. 

Аллоҳ таборака ва таоло Шуаро сурасида мушрикларнинг қиёмат куни қиладиган эътирофлари ҳақида ҳикоя қилиб дейди: 

 تَاللَّهِ إِن كُنَّا لَفِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ۝  إِذْ نُسَوِّيكُم بِرَبِّ الْعَالَمِينَ۝

«Аллоҳга қасамки, албатта, биз очиқ-ойдин адашувда эканмиз. Чунки сизларни оламлар Роббига тенглаштирар эдик» (Шуаро сураси, 97-98-оятлар). 

Демак, мазкур беш ишдан қай бирида бўлса ҳам, бошқани Роббил оламийнга тенглаштириш ширкдир. (Муфтий Аъзамнинг «Маоруфил Қуръон» китобидан). 

Нассдан келган ширкнинг турлари 

1. Ибодатда ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло: 

 فَمَن كَانَ يَرْجُو لِقَاء رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا۝

«Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин», деган (Каҳф сураси, 110-оят). 

Оятнинг мазмуни ширк келтириш барча солиҳ амалларда, жумладан, сажда, тавоф, назр, рўза, ҳаж, нафақа, садақа ва бошқа жисмоний, молиявий ва қавлий ибодатларда бўлишига далолат қилади. 

Ибодатда ширк келтиришдан қайтариш жамики анбиё алайҳиссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир. 

Чунки келган ҳар бир набий ва ҳар бир расул албатта ўз қавмига: 

 يَا قَوْمِ اعْبُدُواْ اللَّهَ مَا لَكُم مِّنْ إِلَهٍ غَيْرُهُ

«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қи­линг­лар. Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ», дегандир (Аъроф сураси, 59-оят). 

2. Дуода ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло:

 قُلْ إِنَّمَا أَدْعُو رَبِّي وَلَا أُشْرِكُ بِهِ أَحَدًا۝

«Сен: «Албатта, мен фақат ўз Роббимга илтижо қилурман ва Унга ҳеч кимни ширк келтирмасман», деб айт», деган (Жин сураси, 20-оят).

Ва яна У Зот:

 وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا۝

«Ва албатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг», деган (Жин сураси, 18-оят).

Ва яна:

 فَقَالُوا رَبُّنَا رَبُّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَن نَّدْعُوَ مِن دُونِهِ إِلَهًا لَقَدْ قُلْنَا إِذًا شَطَطًا۝

«Бас: «Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмасмиз. Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз», деган (Каҳф сураси, 14-оят).

Ва яна шундай дейди:

 بَلْ إِيَّاهُ تَدْعُونَ فَيَكْشِفُ مَا تَدْعُونَ إِلَيْهِ إِنْ شَاء

«Йўқ! Фақат Унгагина илтижо қилурсиз. У эса хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берур» (Анъом сураси, 41-оят).

Имом Валиюллоҳ Деҳлавий: «Дуодан мурод тафсирчилар айтганларидек ибодат эмас, балки ёрдам сўрашдир. Чунки Аллоҳ: « Йўқ! Фақат Унгагина илтижо қилурсиз. У эса хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берур», демоқда», деганлар. («Ҳужжатуллоҳул Болиға», 1-жилд, 129-бет). 

Бандаларнинг тоқатларидан ташқари ва оддий сабаблардан устун нарсаларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқадан нусрат ва ёрдам сўраб дуо қилиши ширк бўлиб, бу иш инсонни тавҳид майдонидан чиқариб, куфр доирасига киритади. 

3. Рубубиятда ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло:

 وَلَن نُّشْرِكَ بِرَبِّنَا أَحَدًا۝

«Ва ўз Роббимизга ҳеч кимни ширк келтирмасмиз», деган (Жин сураси, 2-оят). 

Аллоҳ таолога хотин ёки болани нисбат берганлар  – Роббларига бошқани ширк келтирганлардир. 

Шунингдек, Аллоҳдан бошқани ўзларига бандалар қудратида бўлмаган нарсани беради, деб эътиқод қилганлар ҳам Роббларига ширк келтирганлардир. 

Рубубиятда ширк келтириш ибодатда ва улуҳиятда ҳам ширк келтиришга олиб боради. Чунки аввал ҳам айтилганидек, рубубиятдаги тавҳид улуҳиятдаги тавҳидга далилдир. 

4. Ҳукмда ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло: 

 مَا لَهُم مِّن دُونِهِ مِن وَلِيٍّ وَلَا يُشْرِكُ فِي حُكْمِهِ أَحَدًا۝

«Уларга Ундан ўзга валий йўқдир. Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас», деб марҳамат қилган  (Каҳф сураси, 26-оят).

Яъни оятда ҳақларида сўз юритилаётган каҳф (ғор) аҳли учун ҳам, улардан бошқалар учун ҳам Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ва улар ҳақида хоҳлаган ҳукмини қиладиган валий – дўст йўқ. Чунки Аллоҳ таоло уларга ишларида рушду ҳидоятни муҳайё қилиб қўйди. Уларга Ўз ҳузуридан раҳматни берди ва қулоқларини бир неча йилгача эшитмайдиган қилиб қўйди. 

Ўша Аллоҳ уларнинг қалбини мустаҳкамлади, уларга янада зиёда ҳидоят берди, Ўз раҳматини таратди ва ишларида осонлик яратди. Уларга уйқуларида ҳам манфаат оладиган нарсани тайёрлаб қўйди. Аллоҳ таоло уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турар эди. Уларга қуёшни беминнат хизматкор қилиб қўйди. Қуёш ғорларининг ўнг ва чап томонидан мойил бўлиб ўтар эди. Сўнгра Аллоҳ уларни уйқуларидан уйғотди. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соати келишида шубҳа йўқлигини билдириш учун, одамларни уларнинг ҳолидан хабардор қилди.

Аллоҳ таоло улар ҳақидаги Ўз ҳукмларига ва уларга берган ёрдамига Ўз махлуқларидан бирортасини шерик қилмаганидек, Ўзининг тузиш ва қонунлаштириш ҳукмларида ҳам ҳеч кимни шерик қилмайди. 

 إِنِ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلّهِ أَمَرَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ

«Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди» (Юсуф сураси, 40-оят). 

Демак, тўғри дин – ҳукмдорлик ҳам, ибодат ҳам холис Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғидир. Ҳукмни У Зот қилиб, бошқага ибодат қилинишида эмас. 

5. Мулк  ва султонликдаги ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло:

 وَقُلِ الْحَمْدُ لِلّهِ الَّذِي لَمْ يَتَّخِذْ وَلَدًا وَلَم يَكُن لَّهُ شَرِيكٌ فِي الْمُلْكِ

«Сен: «Фарзанд тутмаган, мулкда шериги бўлмаган ва хорликдан қутқаргувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дегин», деган (Исро сураси, 111-оят). 

Бу оятда Аллоҳ таборака ва таоло Ўз Расулини бола тутишда маҳлуқотларга ўхшамаган, борлиқда салтанати ва мулкида ҳеч бир шериги бўлмаган Аллоҳга ҳамд айтишга амр қилмоқда. Чунки мулк Унинг қўлидадир. У Зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳамма нарсаларнинг эгалиги Унинг қўлидадир. Осмонлару ернинг мулки ҳам Унга хосдир. 

قُلِ ادْعُوا الَّذِينَ زَعَمْتُم مِّن دُونِ اللَّهِ لَا يَمْلِكُونَ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَلَا فِي الْأَرْضِ وَمَا لَهُمْ فِيهِمَا مِن شِرْكٍ وَمَا لَهُ مِنْهُم مِّن ظَهِيرٍ۝

«Сен: «Аллоҳдан ўзга гумон қилганларингизга дуо қилаверинглар!» деб айт. Улар осмонлару ерда зарра вазнидаги нарсага ҳам молик эмаслар. Уларга бу(икки)ларида шериклик ҳам йўқ. Ва У Зотга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ», дегин» (Сабаъ сураси, 22-оят). 

Яъни сиз валийлар – дўсту ёрдамчилар деб гумон қилиб, Аллоҳга шерик қилаётган, хожатингиз тушганда илтижо қилаётган «худо»ларингизнинг зарра миқдорича ҳам мустақил эгалиги йўқдир. Улар бу нарсаларда шерик ҳам эмаслар. Аллоҳга бирор нарсада ёрдам ҳам бера олмайдилар. Нима учун уларга илтижо қиласизлар ва уларга ибодат қиласизлар?! 

 ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِن قِطْمِيرٍ۝

«Ана ўша Роббингиз Аллоҳдир. Подшоҳлик Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз эса данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар» (Фотир сураси, 13-оят). 

(«Қитмир» – хурмо данагини ўраб турувчи юпқа парда). 

Ушбу оятдан олдин Аллоҳ таоло кечаю кундузнинг низоми, қуёш ва ойнинг низоми ҳамда уларнинг жараёни Ўз қўлида эканини исбот қилди. Кейин: «Ана ўша Роббингиз Аллоҳдир. Подшоҳлик Уникидир», деди. Агар мулк – подшоҳлик Унинг махлуқларидан бирортасида бўлганида, кечаю кундузнинг низоми ҳозирги ҳолидан бошқача бўлар эди. Қуёш ва ойнинг ҳаракати ҳам, уларнинг чиқиши ва ботиши ҳам ҳозирги маълум ва машҳур тариқасидан бошқача бўлар эди. 

Қуръоннинг услуби шу қадар гўзалки, баёни шу қадар мўъжизакорки, Аллоҳ таоло Бану Исроил (Исро) сурасида аввал мулкда шерикликнинг йўқлигини зикр этиб, сўнг ҳукмда ширк келтиришни инкор қилди, суранинг охирида эса ибодатда шерикликнинг йўқлигини зикр этди. Чунки ибодат ва бўйин эгиш ҳукмдан кейин бўлади. Ҳукм эса ҳоким мулкка ва ҳукмга эга бўлганидан кейингина ижро этилади. Бунга тасарруфдаги ширк ҳам киради. Чунки тасарруф мулкнинг ажралмас қисмидандир. 

6. Халқ – яратишдаги ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло:

قُلْ أَرَأَيْتُمْ شُرَكَاءكُمُ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ أَرُونِي مَاذَا خَلَقُوا مِنَ الْأَرْضِ أَمْ لَهُمْ شِرْكٌ فِي السَّمَاوَاتِ

«Сен: «Менга Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринг-чи?! Менга кўрсатинглар-чи, улар ерда нимани яратдилар?! Ёки уларнинг осмон­ларда иштироклари борми?!» деб айт», деган (Фотир сураси, 40-оят). 

Ва яна шундай дейди:

قُلْ أَرَأَيْتُم مَّا تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ أَرُونِي مَاذَا خَلَقُوا مِنَ الْأَرْضِ أَمْ لَهُمْ شِرْكٌ فِي السَّمَاوَاتِ

«Сен: «Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини беринг-чи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар? Ёки осмонларда иштироклари борми?!...» деб айт» (Аҳқоф сураси, 4-оят). 

Бу икки оятда мушрикларга қўрқитиш ва дўқ уриш йўли билан айтилмоқда: «Аллоҳдан бошқа дуо ила илтижо қилаётган худоларингизда яратувчилик сифати топиладими? Ёки уларнинг Аллоҳ билан бирга осмонларни яратишда – Аллоҳ асрасин! – шериклик қилганлари борми? Яъни ўзлари мустақил равишда ёки Аллоҳ билан шерикликда бирор нарса яратганларми?»

Йўқ, мутлақо ундай эмас, чунки Аллоҳ таоло: 

إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ لَن يَخْلُقُوا ذُبَابًا وَلَوِ اجْتَمَعُوا لَهُ

«Албатта, Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар», деган (Ҳаж сураси, 73-оят).

Ва У Зот:

 أَمْ جَعَلُواْ لِلّهِ شُرَكَاء خَلَقُواْ كَخَلْقِهِ فَتَشَابَهَ الْخَلْقُ عَلَيْهِمْ قُلِ اللّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ وَهُوَ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ۝

«Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махлуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилар-у, уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? «Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У ягонадир, барчани қабзасида тутиб, ҳукмини юритиб турувчидир», дегин», деган (Раъд сураси, 16-оят). 

7. Итоатда ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло:

 وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ۝

«Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар», деган (Анъом сураси, 121-оят). 

Бас, Аллоҳ таолонинг итоатига муқобил равишда Аллоҳдан ўзгага итоат қилиш ширкдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

لَا طَاعَةَ لِمَخْلُوقٍ فِي مَعْصِيَةِ الْخَالِقِ رَوَاهُ  أَحْمَدُ، وَابْنُ جَرِيرٍ، وَابْنُ خُزَيْمَةَ، وَالطَّبَرَانِيُّ، وَابْنُ قَانِعٍ، وَالْحَاكِمُ عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ وَالْحَكَمِ بْنِ عَمْرٍو الْغِفَارِيِّ مَعًا عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ 

«Холиққа маъсиятда махлуққа итоат қилиш йўқ», деганлар. (Аҳмад, Ибн Жарир, Ибн Хузайма, Табароний Ибн Қонеъ ва Ҳоким Имрон ибн Ҳусойн ҳамда Ҳакам ибн Амр ибн Ғифорийдан ривоят қилишган). 

8. Шариатни жорий қилишдаги ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло: 

 أَمْ لَهُمْ شُرَكَاء شَرَعُوا لَهُم مِّنَ الدِّينِ مَا لَمْ يَأْذَن بِهِ اللَّهُ۝

«Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шериклари борми?!» деган (Шуро сураси, 21-оят). 

Демак, савоб умидида ёки гуноҳ қўрқинчида, адо этиш ёки тарк этиш учун ҳар бир янги чиқарилган, ихтиро қилинган иш, унга Қуръон ва Суннатдан далил бўлмаса,  шариат бобида ширк келтириш бўлади.

Имом Деҳлавий наздида ширкнинг кўринишлари ва қисмлари

Имом Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳил Болиға»нинг ­1-жилд, 128-бетида айтади: 

«Биз сени Аллоҳ таоло шариати Муҳаммадияда – соҳибига салавот ва саломлар бўлсин – ширк ҳисоблаб, улардан қайтарган ишлардан огоҳлантирамиз: 

1. Саждада ширк келтириш. 

Жоҳилиятда мушриклар санамларга ва юлдузларга сажда қилишарди. Улар Аллоҳдан ўзгага сажда қилишдан қайтарилдилар. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

لَا تَسْجُدُوا لِلشَّمْسِ وَلَا لِلْقَمَرِ وَاسْجُدُوا لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَهُنَّ۝

«Бас, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманг. Уларни яратган Аллоҳга сажда қилинг» (Фуссилат сураси, 37-оят). 

2. Ёрдам сўрашда ширк келтириш. 

Шунингдек, улар беморга шифо бериш, камбағални бойитиш каби ҳожатталаб ишларда Аллоҳдан ўзгадан ёрдам сўрар эдилар. (Назр қилишдаги ширк келтириш ҳам шулар жумласига киради. Чунки Аллоҳдан ўзгага назр қилувчи келган ёрдамга шукр қилиш мақсадида ёки бўлажак ёрдамдан умид қилиб назр атайди). Мушриклар ҳам санамларига назр атар ва ўша назр туфайли улардан мақсадларига эриштиришларини кутар эдилар. Баракот умидида уларнинг исмларини тиловат қилардилар. 

Аллоҳ таоло мусулмонларга намозларида «Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн – Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 4-оят), деб айтишни вожиб қилди. Бу сажда ва ибодатда ширк келтиришдан, шунингдек, ёрдам сўрашда ширк келтиришдан қайтариш эди. 

Аллоҳ таоло марҳмат қилади: 

 فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا۝

«Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!» (Жин сураси, 18-оят).

(Чунки дуо ёрдам сўраш учун бўлади. Шунинг учун ҳам ҳожатларда, мусибат ва аламларда Аллоҳдан бошқага дуо қилиш ман қилинган). 

3. Улуҳиятда ширк келтириш. 

Мушриклар ўзларининг баъзи шерик худоларини Аллоҳнинг қизлари, ўғиллари деб аташарди (ва буни – Аллоҳ асрасин – бут-санамлар (ўз эътиқодларига кўра) илоҳнинг жузъи бўлганлари учун улуҳият ҳаққини бериш учун қилар эдилар). Батаҳқиқ, бу ишдан жуда ҳам қатъий равишда қайтарилдилар: 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 إِنَّ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ لَيُسَمُّونَ الْمَلَائِكَةَ تَسْمِيَةَ الْأُنثَى۝  وَمَا لَهُم بِهِ مِنْ عِلْمٍ إِن يَتَّبِعُونَ إِلَّا الظَّنَّ وَإِنَّ الظَّنَّ لَا يُغْنِي مِنَ الْحَقِّ شَيْئًا۝

«Албатта, охиратга иймон келтирмаганлар фаришталарни аёл номи билан номларлар. Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Улар гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас» (Нажм сураси, 27-28-оятлар). 

 وَقَالَتِ الْيَهُودُ عُزَيْرٌ ابْنُ اللّهِ وَقَالَتْ النَّصَارَى الْمَسِيحُ ابْنُ اللّهِ ذَلِكَ قَوْلُهُم بِأَفْوَاهِهِمْ يُضَاهِؤُونَ قَوْلَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن قَبْلُ قَاتَلَهُمُ اللّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ۝

«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатурлар. Аллоҳ уларни лаънатласин. Қаёққа ўгирилиб кетмоқдалар?!» (Тавба сураси, 30-оят). 

4. Шариат жорий қилишда ширк келтириш. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

   أَمْ لَهُمْ شُرَكَاء شَرَعُوا لَهُم مِّنَ الدِّينِ مَا لَمْ يَأْذَن بِهِ اللَّهُ

«Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шериклари борми?!» (Шуро сураси, 21-оят). 

Яҳудийлар ўз аҳбор(диний олим)лари ва роҳибларини Аллоҳдан ўзга робблар қилиб олар эдилар. Яъни ўшалар ҳалол деган нарсани қилса бўлаверадиган ҳалол нарса, улар ҳаром қилган нарсани эса гуноҳ бўладиган ҳаром нарса деб эътиқод қилар эдилар. 

Аллоҳ таолонинг «Аллоҳдан бошқа ўз­ла­рининг ҳибр ва роҳибларини Робб тутдилар» (Тавба сураси, 31-оят) ояти нозил бўлганида Адий ибн Хотим Расулуллоҳ алайҳиссаломдан у ҳақда сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

كَانُوا يُحِلُّونَ لَهُمْ أَشْيَاءَ فَيَسْتَحِلُّونَهَا، وَيُحَرِّمُونَ عَلَيْهِمْ أَشْيَاءَ فَيُحَرِّمُونَهَا

«Улар аларга бир нарсаларни ҳалол қилишса, ҳалол деб қабул қилишар, ҳаром қилишса, ҳаром деб қабул қилишарди», дедилар. 

Бир нарсани ҳаром қилишнинг маъноси – фалон нарса учун жазо чораси кўрилади, дейишдир. Ҳалол қилиш эса – фалон нарса учун жазо чораси кўрилмайди, дейишдир. Бас, жазо чорасини кўриш ва кўрмаслик Аллоҳнинг сифатларидандир. 

Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳалол ва ҳаром қилиш нисбатини бериш эса у кишининг гаплари Аллоҳнинг ҳалол ёки ҳаром қилганига қатъий белги бўлганидандир. Аллоҳ таоло у зот ҳақида дейди: 

 وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَآئِثَ

«Уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қилади» (Аъроф сураси, 157-оят). 

Ушбу икки нарсани у зотнинг умматидан бўлган мужтаҳидларга нисбат бериш эса уларнинг шариатда Аллоҳ таолодан келган нассни ривоят қилишлари ёки Унинг каломидан ушбу маънони чиқариб олишлари маъносидадир. 

5. Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйиш ила ширк келтириш. 

Мушриклар санамларга ва юлдузларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида уларга атаб жонлиқ сўяр эдилар. Бунда ўша нарсаларнинг номини баралла айтиб сўйишар ёки махсус бутларига олиб бориб сўйишарди. Бас, Аллоҳнинг қуйидаги сўзлари ила бундан қайтарилдилар: 

 وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ

«...Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган...» (Моида сураси, 3-оят). 

 وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ

«Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» (Анъом сураси,  121-оят). 

Баъзи ҳайвонларни шерик худоларга атаб, улардан фойдаланмасдан, қўйиб юборишлари ҳам шу турдаги ширк қаторига киради. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

 مَا جَعَلَ اللّهُ مِن بَحِيرَةٍ وَلاَ سَآئِبَةٍ

«Аллоҳ на баҳийра, на соиба... қилгани йўқ» (Моида сураси, 103-оят). 

6. Аллоҳдан ўзганинг номи билан қасам ичиш ила ширк келтириш. 

Улар баъзи кишиларнинг исмларини муборак, улуғ деб эътиқод қилишар, уларнинг исми билан ёлғондан қасам ичганнинг молу дунёсига ва аҳлига нуқсон етади, деб ўйлар эдилар. Шунинг учун бу ишни қилишмас ва талашиб қолган одамлардан ўшаларнинг исмлари ила қасам ичишни талаб қилишарди. Бас, бу ишдан ман қилиндилар.

قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  : مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللهِ فَقَدْ أَشْرَكَ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», дедилар».

(Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган). 

Бундан мурод таҳдид қилиш эмас, балки биз юқорида зикр қилган эътиқодга кўра, Аллоҳнинг номидан бошқа ном ила айтилган ўтимли ёки ёлғон қасамдан қайтаришдир. 

7. Аллоҳдан ўзгага ҳаж ёки зиёрат қилиш ила ширк келтириш. 

Яъни ўша Аллоҳга шерик деб эътиқод қилинаётганларга хос табаррук жойларга уларга қурбат ҳосил қилиш учун бориш. 

Шариат бу ишлардан қайтарган. 

قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا تُشَدُّ الرِّحَالُ إِلَّا إِلَى ثَلَاثَةِ مَسَاجِدَ.... رَوَاهُ الْخَمْسَةُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади...» дедилар».

(Бешовлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

8. Ном қўйишдаги ширк келтириш. 

Мушриклар ўз болаларига Абдул Уззо, Абдушшамс каби номларни қўяр эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширкка ишора қилувчи кўплаб исмларни ўзгартирдилар. «Исмларнинг энг афзали Абдуллоҳ ва Абдурраҳмон», деган мазмундаги гапни айтдилар. 

Ушбу нарсалар ширкка олиб борувчи нарсалар бўлиб, шариатда улардан қайтарилгандир. Аллоҳ ўта билувчидир.

«Ҳужжатуллоҳи Болиға»дан мухтасар ҳолда, тафсилотлари билан олинди, сарлавҳалар қўйилиб, баъзи оятлар қўшимча қилинди.

 

Имом деҳлавийнинг «Ат-Тафҳиймот»идаги ширкнинг баъзи навларининг таърифи 

1. Ибодатда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ширк келтириш, яъни Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ёки охиратда нажот топиш мақсадида Аллоҳдан бошқани улуғлаш. 

2. Ёрдам сўрашда Аллоҳга ширк келтириш, яъни менга нажот беришга қудрати етади, деган эътиқодда бирортадан ёрдам сўраш. Дардга шифо бериш, тирилтириш, ўлдириш, ризқ бериш, фарзанд бериш ва шунга ўхшаш Аллоҳнинг исмларини ифодалайдиган, У Зотнинг иродасига боғлиқ нарсаларни бошқадан сўраш. 

3. Зикрда Аллоҳга ширк келтириш, яъни Аллоҳдан ўзгани охиратда ёки Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда фойда беради деб ўйлаб, суннатда жорий қилинган саноқлар ила эртаю кеч Аллоҳни зикр қилганидек зикр қилмоқ. Баъзиларнинг тонг отганда шайхларини зикр қилишига ўхшаш.

Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом: «Зикрнинг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳ», дедилар. «Муҳаммадур-Расулуллоҳ» иймоннинг бир бўлаги бўлса ҳам, зикрда уни зиёда қилмадилар. Чунки иймон бошқа нарса, зикр бошқа нарса. Худди шунингдек, фаришталарга иймон келтириш лозим, лекин уларни зикр қилиш ибодат эмас. 

4. Сўйишда Аллоҳга ширк келтириш, яъни бир ҳайвонни, ушбу ҳайвонни сўймасам, ҳожатим кушойиш бўлмайди, деб Аллоҳдан бошқага атаб сўйиш ёки олиҳаларга атаб ўз ҳолига қўйиб юбориш. 

5. Назрларда ва қасамларда Аллоҳга ширк келтириш, яъни Аллоҳдан бошқанинг исми шарафига ёки уни илоҳийлаштириб, ўзига бир ишни қилмоқни вазифа қилиб олиш. (Бу ўша Аллоҳдан ўзганинг исмидаги шараф учун, ўша исм эгасида қандайдир илоҳийлик бор, деб эътиқод қилгани учун бўлади). Ёки аввал айтилганидек, Аллоҳдан бошқанинг исми ила қасам ичиш. («Ат-Тафҳиймотул Илоҳийя» 2-жилд, 23-24-бетлар). 

Ширк оқибатининг оғирлиги 

 Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслаб ўтишнинг ўзи кифоя: 

 إِنَّ اللّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء

Аллоҳ таоло:

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир», деган (Нисо сураси, 48-оят). 

 إِنَّهُ مَن يُشْرِكْ بِاللّهِ فَقَدْ حَرَّمَ اللّهُ عَلَيهِ الْجَنَّةَ وَمَأْوَاهُ النَّارُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنصَارٍ۝

Ва яна:

«Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг жойи оловдир. Ва золимларга ҳеч қандай нусрат берувчилар йўқдир», деган (Моида сураси, 72-оят). 

Ширк улкан зулмдир.

Аллоҳ солиҳ банда Луқмон тилидан деган: 

 يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ۝

«Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир» (Луқмон сураси, 13-оят). 

Мушрик дунёдаги энг разил одамдир.

إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ فَلاَ يَقْرَبُواْ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَذَا

Аллоҳ таоло:

«Албатта, мушриклар нажасдирлар, бас, ушбу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар», деган (Тавба сураси, 28-оят). 

Ширк ҳеч кимдан кечирилмайди.

 لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ۝

Аллоҳ таоло:

«Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлурсан», деган (Зумар сураси, 65-оят). 

Куфр ва ширк ўртасидаги фарқ 

Биринчидан: Кофирлик динда билиш зарур бўлган  нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш билан бўлади. 

Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин, лекин шу билан бирга, у Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида ёки Унинг ҳукмлари, исмлари ёки ишларида ширк келтириши мумкин. 

Иккинчидан: Куфр ўзининг барча турлари билан иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса гоҳида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ширк ҳам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисолдир. 

رَوَاهُ أَحْمَدُ فِي مُسْنَدِهِ بِإِسْنَادٍ جَيَّدٍ (5-428) عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَخْوَفَ مَا أَخَافُ عَلَيْكُمْ الشِّرْكُ الْأَصْغَرُ، قَالُوا: وَمَا الشِّرْكُ الْأَصْغَرُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: الرِّيَاءُ 

Имом Аҳмад ўзининг «Муснад» китобида (5-жилд, 428-бет) яхши санад билан (Маҳмуд ибн Лабиддан) қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизлар учун энг хавфсираган нарсам кичик ширкдир», дедилар. Одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?» дейишди. У зот:

«Риёдир», дедилар». 

وَقَوْلُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِمَنْ قَالَ لَهُ: مَا شَاءَ اللهُ وَشِئْتَ: أَجَعَلْتَنِي للهِ نِدًّا؟ قُلْ مَا شَاءَ اللهُ وَحْدَهُ رَوَاهُ أَحْمَدُ 

Шунингдек, бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», деганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?! «Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи хоҳласа», дегин», деганлар».

Имом Аҳмад, 1-жилд, 124-бет. 

وقَوْلُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ   مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللهِ فَقَدْ أَشْرَكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا

Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.

وقَوْلُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  : يَا أَيُّهَا النَّاسُ، اتَّقُوا هَذَا الشِّرْكَ فَإِنَّهُ أَخْفَى مِنْ دَبِيبِ النَّمْلِ، فَقِيلَ لَهُ: وَكَيْفَ نَتَّقِيهِ وَهُوَ أَخْفَى مِنْ دَبِيبِ النَّمْلِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: قُولُوا اللَّهُمَّ إِنَّا نَعُوذُ بِكَ مِنْ أَنْ نُشْرِكَ بِكَ شَيْئًا نَعْلَمُهُ، وَنَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لَا نَعْلَمُهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ 

Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, мана бу ширкдан сақланинглар, чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир», деганларида, у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?» дейишди. 

Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, билган нарсамизни Сенга шерик қилишимиздан Сенинг Ўзингдан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз», дедилар».

Имом Аҳмад, 4-жилд, 403-бет. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу амалларни қилганларни муртад ёки кофир деб ҳукм қилмадилар, уларга шаҳодат калимасини қайта айтиш ёки иймонини янгилашни буюрмадилар. 

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина саҳобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри ҳақида ҳукм қилмаганлар. Балки ширк ва жоҳилият гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар. Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари катта гуноҳ бўлса ҳам, куфр эмаслигига далилдир. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлар ҳақида оғир гапларни айтганлари эса ширк ва жоҳилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавҳиднинг рамзларини жонлантириш учун бўлган (Жазоирий, «Ақийдатул Муъмин», 105-106-бетларнинг хулосаси). 

وَلَا شَيْءَ مِثْلُهُ

2. Унга ўхшаш нарса йўқдир. 

Шарҳ: Яъни Аллоҳга Унинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам ҳеч бир ўхшаш нарса йўқ. 

Махлуқотлардан ҳеч бири Робб таолога хос хусусиятлар билан сифатланмайди, махлуқотларнинг бирор нарсаси У Зотга, Унинг сифатларининг бирортасига ўхшатилмайди. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ البَصِيرُ۝

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шуро сураси, 11-оят).

 وَلَهُ الْمَثَلُ الْأَعْلَى فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ۝

«Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Рум сураси, 27-оят)

وَلَا شَيْءَ يُعْجِزُهُ

3. Ҳеч бир нарса Уни ожиз қила олмас. 

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг қудрати баркамоллигидан, ҳеч бир нарса Унинг қиладиган иши ёки ҳукмини ман қила олмас. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُعْجِزَهُ مِن شَيْءٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَلَا فِي الْأَرْضِ إِنَّهُ كَانَ عَلِيمًا قَدِيرًا۝

«На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У Зот ўта билувчидир, ўта қодирдир» (Фотир сураси, 44-оят).

 وَأَنَّا ظَنَنَّا أَن لَّن نُّعجِزَ اللَّهَ فِي الْأَرْضِ وَلَن نُّعْجِزَهُ هَرَبًا۝

«Ва албатта, биз Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга ва Ундан қочиб қутула олмаслигимизга ишондик» (Жин сураси, 12-оят). 

 إِنَّ اللَّه عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ۝

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (Бақара сураси, 20-оят). 

 وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُّقْتَدِرًا۝

«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотдир» (Каҳф сураси, 45-оят). 

 وَلاَ يَؤُودُهُ حِفْظُهُمَا

«...Икковининг муҳофазаси Унга оғир келмас...» (Бақара сураси, 255-оят). 

Яъни осмонлару ернинг муҳофазаси Аллоҳни ожиз қолдирмас, Унга оғир келмас.

وَلَا إِلَهَ غَيْرُهُ

4. Ундан бошқа илоҳ (ибодатга сазовор зот) йўқдир. 

Шарҳ: Ушбу калима – тавҳид калимаси бўлиб, барча пайғамбарлар шунга даъват қилгандирлар. Ушбу калима ила одам ширк зулматидан чиқиб, иймон нурига киради. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 وَإِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ لاَّ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ۝  

«Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир» (Бақара сураси, 163-оят). 

 فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ

«Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» (Муҳаммад сураси, 19-оят). 

 شَهِدَ اللّهُ أَنَّهُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ وَالْمَلاَئِكَةُ وَأُوْلُواْ الْعِلْمِ قَآئِمَاً بِالْقِسْطِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ۝

«Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Оли Имрон сураси, 18-оят). 

 أَنَّمَا إِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ

«...албатта, илоҳингиз битта Илоҳдир...» (Анбиё сураси, 108-оят). 

 إِنَّمَا هُوَ إِلَهٌ وَاحِدٌ

«...Албатта, Угина ягона Илоҳдир...» (Анъом сураси, 19-оят).

قَدِيمٌ بِلَا ابْتِدَاءٍ، دَائِمٌ بِلَا انْتِهَاءٍ

5. У ибтидосиз қадимдир, интиҳосиз доимдир. 

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг мавжудлигининг бошланиши йўқдир ва Унинг ниҳояси ҳам йўқдир. Чунки ҳар бир нарсанинг вужудга келишининг бошланиши ва ниҳояси бор бўлиб, янги пайдо бўлган ва яратилган бўлади. Мана шу Аллоҳнинг Аввал ва Охир исмларига шарҳдир. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бунга далилдир: 

 هُوَ الْأَوَّلُ وَالْآخِرُ

«У Аввалдир, Охирдир» (Ҳадид сураси, 3-оят). 

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ الْأَوَّلُ فَلَيْسَ قَبْلَكَ شَيْءٌ، وَأَنْتَ الْآخِرُ فَلَيْسَ بَعْدَكَ شَيْءٌ 

Имом Муслим ва Имом Абу Довуд (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим, Сен Аввалсан, сендан олдин ҳеч нарса йўқ ва Сен Охирсан, сендан кейин ҳеч нарса йўқ», дедилар. 

Яъни вужуд Сендан бошланган ва Сенда тугайди, деганларидир.

لَا يَفْنَى وَلَا يَبِيدُ

6. У фоний ҳам бўлмас, йўқ ҳам қилинмас. 

Шарҳ: Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бақоси бардавом эканининг иқроридир. Аслида эса бу бешинчи рақамдаги ақийдани таъкидлашдир. Фано ва йўқ қилишнинг маъноси бир-бирига яқиндир. Икковини жамлаб келтириш таъкид учундир. Чунки «фано» сўзи ўз‑ўзидан йўқ бўлиб кетишни англатади, йўқ қилиш эса бировнинг ҳалок қилишини англатади. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ ۝ وَيَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ۝

«(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Улуғлик ва икром эгаси Роббингнинг Ўзигина боқийдир» (Раҳмон сураси, 26-27-оятлар). 

 كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ

«Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир» (Қасас сураси, 88-оят).

وَلَا يَكُونُ إِلَّا مَا يُريِدُ

7. У Зот ирода қилган нарсадан бошқаси бўлмас. 

Шарҳ: Яъни борлиқдаги ҳар бир нарса фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билангина юз беради. Бунда қадария (қадарни инкор қилганлар) ва мўътазилийларга раддия бордир. Чунки улар: «Аллоҳ таоло ҳамма одамлардан иймонни ирода этган-у, аммо кофир куфрни ирода қилган», дейишади. Уларнинг ушбу гаплари фосид ва мардуддир. Чунки бу Қуръонга, Суннатга, соғлом ақлга зиддир. 

Бу ҳақда гап келгусида келади. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

 فَعَّالٌ لِّمَا يُرِيدُ۝

«Истаганини қилувчидир» (Буруж сураси, 16-оят).

  إِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يَشَاء۝

«Албатта, Аллоҳ хоҳлаганини қиладир» (Ҳаж сураси, 18-оят). 

 وَلَكِنَّ اللّهَ يَفْعَلُ مَا يُرِيدُ۝

«Лекин Аллоҳ ирода қилганини қиладир» (Бақара сураси, 253-оят). 

Ироданинг турлари: 

Муҳаққақ, Аҳли сунна вал жамоа уламолари «Аллоҳнинг Китобида ирода икки хилдир», дейдилар: 

Шаръий ирода. 

Кавний ирода. 

Шаръий ирода муҳаббат ва розиликни ўз ичига олган иродадир. 

Кавний ирода барча мавжудотларни қамраб олувчи хоҳишдир. Ушбу ирода ҳар иккисини ҳам ўз ичига олади.

   لَا تَبْلُغُهُ الْأَوْهَامُ، وَلَا تُدْرِكُهُ الْأَفْهَامُ

8. Фикр-хаёллар Унга ета олмас ва фаҳмлар Уни идрок эта олмас. 

Шарҳ: Яъни У Зотга фикр-хаёл билан етиб бўлмайди. У Зотни фаҳм ила иҳота қилиб бўлмайди. Бирор нарсани тасаввур қилдим, дегани уни тахмин қилдим, деганидир. Бирор нарсани фаҳмладим, дегани уни билдим, деганидир. Биз Аллоҳ таоло зотининг ҳақиқатини идрок эта олмаймиз. У Зот субҳанаҳу таолони сифатларидан таниймиз.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا۝

«Улар эса Уни илм ила иҳота қила олмаслар» (Тоҳо сураси, 110-оят). 

 وَلاَ يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِّنْ عِلْمِهِ

«Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар» (Бақара сураси, 255-оят).

Қандай қилиб ҳам иҳота қилишсин? 

لاَّ تُدْرِكُهُ الأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الأَبْصَارَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ۝

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У ҳар бир нарсани дақиқ ва нозик жойларигача билувчидир, ўта хабардордир» (Анъом сураси, 103-оят). 

وَلَا يُشْبِهُ الْأَنَامُ

9. Махлуқотлар Унга ўхшамас. 

Шарҳ: Яъни махлуқотлар ичида зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам Аллоҳга ўхшаши йўқдир. 

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ «ал-Фиқҳул Акбар»да: 

«У Ўз махлуқотларидан бирортасига ўхшамайди. Унинг махлуқотларидан бирортаси Унга ўхшамайдики, то Унга қиёс қилинса ёки Унга ўхшатилса-ю, қиёс ёки ўхшатиш ила таниб олинса», деганлар. Бу эса Холиқни махлуққа ўхшатувчи мушаббиҳа мазҳабидагиларга раддиядир. Яъни бу «Аллоҳ билан Унинг махлуқотлари орасида ўхшатишга асос бўладиган муштарак сифат йўқки, У Зот ўша билан махлуқотларга ўхшатилса», деганидир. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ البَصِيرُ۝

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шуро сураси, 11-оят). 

 وَلَمْ يَكُن لَّهُ كُفُوًا أَحَدٌ۝

«Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган» (Ихлос сураси, 4-оят).

حَيٌّ لَا يَمُوتُ، قَيُّومٌ لَا يَنَامُ

10. У тирикдир, ўлмас, доимо қоимдир, ухламас. 

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмайди. (Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалийдир, олдиндан йўқ бўлган эмас. Аллоҳ борлиқнинг тадбирини доимо қилиб турувчидир, уйқу ва мудраш Уни ғофил қилмайди.) Оламнинг туриши Унинг қўлида. Аллоҳнинг қоимлиги ўз-ўзидан бўлади, ўзидан бошқа барча нарсани қоим қилувчидир. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 اللّهُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لاَ تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلاَ نَوْمٌ

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас» (Бақара сураси, 255-оят). 

Бас, Ундан мудроқ ва уйқуни инкор қилиш Унинг доимо қоимлигининг баркамоллигига далолат қилади. Ушбу ақийда Аллоҳнинг махлуқотларга ўхшамаслигининг далилидир. Чунки улар тирикдирлар, лекин ўлурлар ва ухларлар. Аммо Аллоҳ тирикдир, ўлмайди (ва ухламайди). 

الم۝ اللّهُ لا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ۝

«Алиф лам мим. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир» (Оли Имрон сураси, 1-2-оятлар). 

 وَعَنَتِ الْوُجُوهُ لِلْحَيِّ الْقَيُّومِ

«Барча юзлар Ҳаййга, Қойюмга бош эгмишлар» (Тоҳо сураси, 111-оят). 

 وَتَوَكَّلْ عَلَى الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ

«Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккул қил» (Фурқон сураси, 58-оят). 

 فَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ

«У Зот тирикдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ» (Ғофир сураси, 65-оят). 

وَقَوْلُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ لَا يَنَامُ، وَلَا يَنْبَغِي لَهُ أَنْ يَنَامَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَابْنُ مَاجَهْ عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ 

Ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 

«Албатта, Аллоҳ ухламас ва У Зот ухлаши мумкин ҳам эмас», деган ҳадислари.

Муслим ва Ибн Можа Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. 

خَالِقٌ بِلَا حَاجَةٍ، رَازِقٌ بِلَا مُؤْنَةٍ

11. У Зот эҳтиёжсиз Ҳолиқдир, таъминотсиз Розиқдир. 

Шарҳ: Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларидан бирортасига, худди сўри ясовчининг ўзи ясаган сўрида ўтиришга, унда дам олишга мухтож бўлганидек, муҳтож бўлмайди, балки Унинг Ўзи уларнинг яратувчиси ва йўқдан бор қилувчисидир. Шунингдек, Аллоҳ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз ва қийинчиликсиз ёки эваз талаб қилмасдан ризқ берувчидир. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 الْحَمْدُ لِلّهِ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ وَجَعَلَ الظُّلُمَاتِ وَالنُّورَ

«Ҳамд осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳгадир» (Анъом сураси, 1-оят). 

 هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاء فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган, сўнгра осмонга юзланиб, уларни етти осмон қилиб тўғрилаган Зотдир» (Бақара сураси, 29-оят). 

 اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ

«Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир» (Зумар сураси, 62-оят).

 مَا أُرِيدُ مِنْهُم مِّن رِّزْقٍ وَمَا أُرِيدُ أَن يُطْعِمُونِ۝ إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ۝

«Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир» (Зориёт сураси, 57-58-оятлар). 

يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَنتُمُ الْفُقَرَاء إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَمِيدُ۝

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир» (Фотир сураси, 15-оят).

  وَاللَّهُ الْغَنِيُّ وَأَنتُمُ الْفُقَرَاء

«Ва, ҳолбуки, Аллоҳ беҳожат, сизлар муҳтожсизлар» (Муҳаммад сураси, 38-оят). 

وَقَوُلُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الْحَدِيثِ الْقُدْسِيِّ الَّذِي رَوَاهُ أَبُو ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ، وَآخِرَكُمْ، وَإِنْسَكُمْ، وَجِنَّكُمْ كَانُوا عَلَى أَتْقَى قَلْبِ رَجُلٍ وَاحِدٍ مِنْكُمْ مَا زَادَ ذَلِكَ فِي مُلْكِي شَيْئًا، يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ، وَآخِرَكُمْ، وَإِنْسَكُمْ، وَجِنَّكُمْ كَانُوا عَلَى أَفْجَرِ قَلْبِ رَجُلٍ وَاحِدٍ مِنْكُمْ مَا نَقَصَ ذَلِكَ مِنْ مُلْكِي شَيْئًا، يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ، وَآخِرَكُمْ، وَإِنْسَكُمْ، وَجِنَّكُمْ قَامُوا فِي صَعِيدٍ وَاحِدٍ، فَسَأَلُونِي، فَأَعْطَيْتُ كُلَّ إِنْسَانٍ مَسْأَلَتَهُ، مَا نَقَصَ ذَلِكَ مِمَّا عِنْدِي إِلَّا كَمَا يَنْقُصُ الْمِخْيَطُ إِذَا أُدْخِلَ الْبَحْرَ رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси қудсийдаги ушбу гапларидир: 

«Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам сизлардан энг тақводор одамнинг қалбига эга бўлсалар ҳам, ўша нарса Менинг мулкимга бирор нарсани зиёда қилмайди.

Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам сизлардан энг фожир одамнинг қалбига эга бўлсалар ҳам, ўша нарса Менинг мулкимдан бирор нарсани кам қилмайди.

Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам бир жойда туриб, Мендан сўрасалар, ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берсам ҳам, ўша нарса Менинг ҳузуримдаги нарсани кам қила олмайди. Магар бир игна денгизга санчилганда камайтирганича камайтиради...» (Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

مُمِيتٌ بِلَا مَخَافَةٍ، بَاعِثٌ بِلَا مَشَقَّةٍ

12. У Зот қўрқувсиз ўлдирувчи ва машаққатсиз қайта тирилтирувчидир. 

Шарҳ: Яъни Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларидан тирикларни ўлдиради ва ҳеч нарсадан ва уларнинг ҳеч кимидан қўрқмайди. Сўнгра уларни ҳеч қандай чарчоқ, қийинчилик ва машаққатсиз иккинчи марта тирилтиради. Балки уларни иккинчи марта тирилтириши биринчиси каби осондир. Билингки, ўлим вужудий (борлиқдаги, воқеликдаги) ишдир. Яратиш тақдир маъносидадир. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзида ўлимга яратишни боғлаш мумкин. 

 الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ

«У ўлим ва ҳаётни яратди» (Мулк сураси, 2-оят). 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

 وَلَا يَخَافُ عُقْبَاهَا۝

«Ва У Зот бунинг оқибатидан қўрқ­мас» (Шамс сураси, 15-оят). 

 ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يُحْيِيكُمْ

«Сўнгра сизни ўлдирадир ва яна тирилтирадир» (Бақара сураси, 28-оят). 

 إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ۝

«Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл!» демоғи, холос. Бас, у нарса бўлур» (Ёсин сураси, 82-оят).

 أَوَلَيْسَ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِقَادِرٍ عَلَى أَنْ يَخْلُقَ مِثْلَهُم بَلَى وَهُوَ الْخَلَّاقُ الْعَلِيمُ۝

«Осмонлару ерни яратган Зот уларга ўхшашни яратишга қодир эмасми?! Йўқ! У кўплаб халқ қилувчидир, ўта билувчидир» (Ёсин сураси, 81-оят). 

 وَهُوَ أَهْوَنُ عَلَيْهِ

«...бу эса Унга жуда осондир...» (Рум сураси, ­27-оят).

مَا زَالَ بِصِفَاتِهِ قَدِيمًا قَبْلَ خَلْقِهِ، لَمْ يَزْدَدْ بِكَوْنِهِمْ شَيْئًا لَمْ يَكُنْ قَبْلَهُمْ مِنْ صِفَاتِهِ. وكَمَا كَانَ بِصِفَاتِهِ أَزَلِيًّا، كَذَلِكَ لَا يَزَالُ عَلَيْهَا أَبَدِيًّا

13. У Зот махлуқотлардан олдин ҳам қадимдан Ўз сифатларига эга эди. Махлуқотлар бўлиши билан Унинг сифатларига улардан олдин бўлмаган бирор нарса зиёда бўлмади. У Зотнинг сифатлари азалий бўлганидек, абадий қолажак ҳам.

Шарҳ: Яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло доимо баркамол сифатлар ила сифатлангандир. Хоҳ зотий сифатлар бўлсин, хоҳ феълий сифатлар бўлсин, барибир. Бас, Аллоҳ субҳанаҳу Ўзининг зотий ва феълий сифатлари ила қадимийдир. Унинг феълий сифатлари ўша сифатларнинг тааллуқи пайдо бўлгани туфайли пайдо бўлиши лозим эмас. Чунки сифат бошқа нарса, унинг тааллуқи бошқа нарса. Уларнинг бири пайдо бўлиши туфайли иккинчиси ҳам пайдо бўлиши лозим эмас. Борлиқни яратганидан кейин, яъни уни йўқдан бор қилгач, Аллоҳ таолода махлуқотларни яратишдан олдин бўлмаган сифат зиёда бўлиб қолгани йўқ. Ўша сифатлар азалдан бор бўлганидек, абадий қолажак ҳам. Аллоҳ субҳанаҳу ўша сифатлар билан абадий сифатланади. 

Аллоҳ таоло махлуқотларни яратганидан кейин, уларни яратишдан олдин бўлмаган сифат билан сифатланади, деб эътиқод қилиб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг сифатлари баркамол сифатлардир. Уларнинг йўқ бўлиши нуқсондир. Аввал баркамолликка зид сифат билан сифатланиб, сўнгра баркамоллик ҳосил бўлиши Аллоҳга тўғри келмайди. Балки Аллоҳ азалий ва абадийдир, барча нуқсонлардан покдир. Шунингдек, У Зот баркамоллик сифатлари билан сифатлангандир. 

Аммо «Сифатлар сифатланган нарсанинг айни ўзими ёки бошқами?», «Исм мусаммонинг (яъни шу исм қўйилган нарсанинг) айни ўзими ёки бошқами?» деган баҳслар соф ақийдани фалсафий ва каломий таъвиллар билан аралаштириш бўлиб, бизнинг китобимизга тўғри келмайди. Шунингдек, бунга ўхшаш дақиқ фалсафий нарсалар салафи солиҳларимизнинг ақийдаларининг бир бўлаги эмас. Шунинг учун бу нарсалар билан машғул бўлмаймиз. 

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир: 

 وَكَانَ اللّهُ عَلِيماً حَكِيماً۝

«...ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир» (Нисо сураси, 17-оят).

  وَكَانَ اللّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا۝

«...ва Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Нисо сураси, 96-оят). 

 وَكَانَ اللّهُ عَزِيزًا حَكِيمًا۝

«...ва Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Нисо сураси, 158-оят). 

Ушбу оятлардаги ва шуларга ўхшаш бошқа оятлардаги «кана» сўзи бардавомликни ифода қилади. 

 وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ۝

«...ва Унинг Ўзи ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир» (Таҳрим сураси, 2-оят). 

 وَهُوَ السَّمِيعُ البَصِيرُ۝

«...ва У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шуро сураси, 11-оят). 

 وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ۝

«...ва У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Юнус сураси, 107-оят). 

Ушбу оятлар ва шунга ўхшаш бошқа оятлардаги исмий жумлалар бардавомликка далолат қилади. Чунки уларни маълум бир вақтга боғловчи нарса йўқ. 

«У Зотнинг сифатлари азалий бўлганидек, абадий қолажак ҳам», деган жумлада мўътазила ва жаҳмия мазҳабларига ва шийъаларнинг улар билан ҳамфикр бўлган айрим тоифаларига раддия бордир. Чунки улар: «Аллоҳ таоло ишга ва гапга қодир бўлмаганидан кейин, қодир бўлиб қолди. Иш ва гап (уларнинг фикрига кўра) олдин мумкин бўлмаганидан кейин, мумкин бўладиган бўлди», дейдилар. Бу даъвонинг ботиллиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

لَيْسَ مُنْذُ خَلْقِ الْخَلْقِ اسْتَفَادَ اسْمَ الْخَالِقِ، وَلَا بِإِحْدَاثِهِ الْبَرِيَّةَ اسْتَفَادَ اسْمَ الْبَارِئِ

14. У махлуқотларни яратганидан бошлаб Холиқ исмини олгани йўқ. Халойиқни пайдо қилганидан бошлаб Бориъ исмини олгани йўқ. 

Шарҳ: Бу жумла ўтган маънога мисол тариқасида келтирилди. Чунки агар азалдан Аллоҳнинг «Холиқлик» ва «Бориълик» сифати бўлмаганида, бу икки сифат махлуқотларни вужудга келтирганидан кейин пайдо бўлиши лозим бўларди. Уларни вужудга келтиришдан олдин Аллоҳ бу икки сифатнинг зидди билан сифатланган бўлиши керак бўлар эди. Бу эса нуқсон бўлиб, Аллоҳни ундан поклаш лозим.

Аллоҳ таоло ушбу икки сифат ила махлуқотларни яратганидан кейин сифатланаётгани каби у иккиси ила махлуқотларни яратишдан олдин ҳам сифатланган эди. Бу ерда фарқ фақат тааллуқнинг бор ёки йўқлигидадир. Борлиқни вужудга келтириш ва халойиқни яратишдан олдин, бу икки васф ҳеч бир нарсага тааллуқли эмас эди. Вужудга келтириш ва пайдо қилишдан кейин эса у иккиси («Холиқлик» ва «Бориълик» сифати) Аллоҳга тааллуқли бўлди. 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Балоғатга етган ўғил отасига тобеъдир
Балоғатга етган ўғил отасига итоат қилиб, хизматини қилиб юрган бўлса, сафарда ва ҳазарда отанинг нияти эътиборга олинади.  التَّابِعُ كَالْمَرْأَةِ مَعَ давоми...
6 йил аввал 4456 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
«Бадойеъ ас-санойеъ»дан «Китоб ал-истеҳсон»
Бу китоб баъзан “Китоб ал-Ҳазар ва-л-ибоҳат” ва баъзан “Китоб ал-Кароҳат” деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап боради: а) Китоб исми маъносининг давоми...
6 йил аввал 3988 Ҳусайнхон Яҳё
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бароат кечаси
 Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله تَبارَكَ وَ تَعَالَى давоми...
6 йил аввал 20803 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васила ва дуо
Муҳим тортишувли масалалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва дин пешволари ҳамда солиҳ амалларни васила қилиш борасидаги масаладир.Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга давоми...
5 йил аввал 14405 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тааввузни айтиш
Тааввуз – деб, луғатда “Паноҳ сўраш”га айтилади. Истилоҳда эса “Аъзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейишга айтилади. Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 98-оятида марҳамат қилади давоми...
4 йил аввал 5406 fiqh.uz