Ислом фиқҳида дараксиз одамнинг ҳукми


Ислом фиқҳида дараксиз одамнинг ҳукми
Тўрт фиқҳий мазҳаб асосида

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Муҳаммад Мустафога дуруду салавотлар бўлсин!
Ислом шариати қиёматгача барча замон ва барча маконлар учун илоҳий йўриқ бўлгани боис унда инсон ҳаётида учраши мумкин бўлган барча ҳолатлар учун ечим берилган. Жумладан, дараксиз йўқолган инсонга доир ҳукмлар ҳам Ислом фиқҳида қадимдан ўрганиб келинган.

Фуқаҳоларимизнинг бу мавзудаги турлича қарашлари шариати исломиянинг яроқлилиги ва қулайлигига хизмат қилиб келган. Бу борадаги шаръий ҳукмларни ўрганиш замонавий қонунчилик учун ҳам катта аҳамиятга эга. Энг муҳими – шариатга мувофиқ йўл тутиш Аллоҳнинг розилигига, барча учун яхшилик ва икки дунё саодатига сабаб бўлиши ҳаётий ҳақиқатдир.
Инсонларнинг табиий офат, уруш ва бошқа фалокатлар оқибатида дом-дараксиз йўқолиши барча замонларда инсоний жамиятни ташвишга солган ва турли муаммолар келтириб чиқарган. Бугунги кунда хабарлашув воситалари қанчалар ривожланмасин, турлари кўпаймасин, ном-нишонсиз йўқолиб қолиш ҳолатлари ҳануз учрамоқда. Ишлагани деб чиқиб кетиб, дом-дараксиз кетаётганлар қанча. Бундан уларнинг оилалари ва бошқалар азият чекмоқда.
Йўқолган одамнинг мол-мулки дахлсизлиги ва ижтимоий-шаръий ҳуқуқларининг ҳимояси шариатда ҳалол-ҳаром масаласи сифатида ниҳоятда катта эътибор билан ўрганилади. Модомики, у ҳаёт деб эътибор қилинар экан, унинг зиммасидаги ҳуқуқ ва бурчлар ўз кучида тураверади. Аммо бу ҳол ижтимоий ва иқтисодий муаммолар келтириб чиқариши табиий. Бу муаммоларнинг тугал ечими эса йўқолган одамни ўлган деб ҳукм қилингачгина топилиши мумкин. Биз ушбу мақолада йўқолган одамни фиқҳий мазҳабларда қачондан бошлаб йўқолган ёки ўлган деб ҳукм қилиниши ҳақидаги қарашлар билан қисқача танишмоқчимиз. Зеро, мана шу асосларни билишнинг ўзиёқ бизга бу борада керакли хулосаларни тақдим этади.
Шуни таъкидлаш лозимки, бу мавзуда тўртала фиқҳий мазҳаб уламоларининг фикрларини ўрганишнинг ўзига хос аҳамияти бор. Чунки бу борадаги ҳукмларнинг аксарияти ижтиҳодий бўлиб, диний ва ҳаётий манфаатларни рўёбга чиқаришга қаратилган. Ушбу бирламчи мақсадга етишиш учун эса баъзан ҳар бир замон ва маконга алоҳида ёндашиш лозим бўлади. Ҳаётнинг турли талотумларида мужтаҳид имомларимизнинг фикрларини чуқур ўрганиш ва улар асосида динимиздаги кенгликдан фойдаланиш инсоний жамиятнинг талабларидан ва илоҳий шариатнинг мақсадларидан ҳисобланади. Шунингдек, бу мавзудаги кўп қарашлар ижтиҳодий бўлгани учун ҳам шарт-шароитга кўра ўзгариб туради. Мисол учун олдинда олис юртларда, шунингдек, дорул-ҳарб – мусулмонлар билан уруш ҳолатидаги мамлакатларда дараксиз йўқолган кишилар хусусида ўзига хос ҳукм чиқарилган бўлса, бугунги дунёда ҳар қандай олисдаги ўлка билан бемалол боғланиш мумкин ва деярли барча мамлакатлар ўзаро тинчлик битимига эга. Шунингдек, замонавий жамиятда аёл киши учун фитналар зўрайиб, ахлоқий таназзул чуқурлашгани боис, эри йўқолган аёллар олдингидек сабр қила олмаслиги, иффати хавф остида қолиши, одамларда диёнат суст бўлгани учун аёл турли тажовузларга, ғаразли нигоҳларга нишон бўлиши хатари кучайгани эътиборидан бугунги жамиятларга муносиб фатволарни қўллаш давр ва шариат талабидир.
Аввало «йўқолган одам» деб кимга айтилишини билиб олишмиз керак. Уни фуқаҳоларимиз турлича таъриф қилган бўлиб, бу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади.
Ҳанафийлардан Камолиддин ибн Ҳумом: «У тириклиги ҳам ўлгани ҳам маълум бўлмаган ғоиб одам», деб айтади. Аллома Ибн Обидин эса: «У жойи ҳам тириклиги ҳам ўлгани ҳам маълум бўлмаган ғойиб одам», дея таъриф беради.
Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидагича таъриф айтади: «Йўқолган одам – ҳаётининг аввалига кўра тирик, лекин оқибати эътиборидан худди ўлик каби асари номаълум бўлган, аҳли уни қидириб, макони номаълум бўлганидан топа олмаётган, ўртада хабар узилган, нишоналари яширин бўлган, қаттиқ суриштириш билан мурод ҳосил бўлиши ҳам учрашув қиёматга қолиши ҳам мумкин бўлган шахсдир».
Ушбу таърифлардан маълум бўладики, айрим уламоларимиз бировнинг йўқолган деб эътироф этилиши учун унинг ҳолидан ташқари макони ҳам номаълум бўлишини шарт қилишган. Баъзи фуқаҳоларга кўра, йўқолган кишининг маконини билиш унинг ҳолини очиқлаш учун бир восита, асл иш эса унинг тирик ё ўлик эканини аниқлашдир.
Моликийлар йўқолган одамни шундай таърифлайдилар: «У дараксиз, аммо ҳоли очиқланиши мумкин бўлган шахсдир». Яъни унинг тирик ёки ўлганлиги вақт-соати келиб маълум бўлиши мумкин.
Имом Молик «Мудаввана»да шундай дейди: «Йўқолган одам – султон етиша олмайдиган ва унинг мактуби етмайдиган, аҳли ва раҳбари йўқотиб қўйиб, қаердалигини билолмаётган, роса суриштириб, қидирганда ҳам топилмаган кишидир».
Шофиъий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари йўқолган одамнинг таърифида «йўқолмоқ» сўзининг луғавий маъносига таянадилар. Имом Шофиъий ўзининг «Ал-Умм» китобида: «У дараги йўқ одамдир», дейди.
Имом Нававий «Равзат ут-толибин»да шофиъий фуқаҳоларнинг ушбу таърифини келтиради: «У дараксиз, сафарда ё ҳазарда, урушда ё кема фалокатида ёки бошқа бир шароитда ҳоли номаълум бўлиб қолган кишидир. Дараксиз кетган асир ҳам шу маънодадир».
Ҳанбалийлардан Мансур ибн Юнус «Ар-Равзул-мураббаъ»да шундай таъриф келтиради: «У дараксиз бўлгани учун тириклиги ҳам ўлгани ҳам номаълум бўлган кишидир». Яна бир таърифга кўра, «у сафар ёки асирлик сабаб дараксиз кетган кишидир».
Йўқолган киши ҳақида энг мукаммал таърифни Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Ҳанафий ўзининг машҳур китоби «Ихтиёр»да беради. Унга кўра, бировни йўқолган деб ҳукм қилиш учун учта шарт топилиши керак:
1.    Қаердалиги номаълум бўлиши.
2.    Ўлик ё тириклиги номаълумлиги.
3.    Ушбу ноаниқликка маълум муддат ўтган бўлиши.
Йўқолган одамнинг жойи ва ҳолининг номаълумлиги ҳақида ҳукм чиқариш учун уни аниқлашнинг барча чоралари кўрилган бўлиши ва уни «дараксиз» деб қарор қилиш учун йўқолгандан сўнг маълум муддат ўтган бўлиши шартдир.
Йўқолган кишини йўқолгандан кейин қанча муддат ўтгач, ўлган деб ҳукм қилиниши ҳақида фуқаҳолар турлича фикр билдирганлар. Мақолада ёритиладиган асосий нуқта ҳам мана шу.
Ҳанафий мазҳаби уламоларининг кўпчилиги мазкур муддатни йўқолган кишининг ёши билан белгилашга ҳаракат қилган ва энг кам айтганлари 60 ёш, энг кўпи 120 ёшни берган. Бир гуруҳ фақиҳлар йўқолган одамнинг барча тенгдошлари ўлиб битишини шарт қилишган. Буларнинг барчасида ҳар бир юрт ва минтақа учун алоҳида ёндашиш лозимлигини таъкидлайдилар. Хулоса қилиб айтганда, ҳанафий мазҳабида йўқолган одамни ўлган деб ҳукм қилиш учун унинг ҳаёт экани эҳтимоли қолмаслиги керак. Ана шундагина қози уни ўлган деб ҳукм чиқаради ва унинг зиммасидаги қарзлар масаласи кўтарилади, мол-мулки мерос қилиб тақсимланади, хотини идда ўтириб, бошқа турмушга чиқиши мумкин бўлади.
Ҳанафий мазҳаби уламолари ўзларининг мазкур қарорларига бир қатор шаръий қоидаларни асос қиладилар. Улар: «Йўқолган одамнинг ҳаётлиги яқин – аниқ маълумот, ўлими эса шак-шубҳали, яқин шак билан бекор қилинмайди», дейдилар. Улар яна: «Йўқолган одам бошқаларга кўра ўлик бўлса-да, ўзига нисбатан тирикдир», дейдилар.
Шофиъий мазҳабига кўра, йўқолган одамни ўлган деб ҳукм қилиш хусусида икки хил қавл бор:
1.    Унинг ҳоли аниқланмагунча, ўлгани ҳақида далил топилмагунча уни ўлган деб ҳукм қилинмайди.
2.    Йўқолгандан сўнг ҳоким ёки қозининг тахминида унинг тирикмаслиги эҳтимоли ғолиб ёки аниқ бўлгандан сўнг унинг ўлгани ҳақида ҳукм қилинади. Кўпчилик шофиъий олимлар шу фикрни илгари сурганлар. Бу фикр олдингисидан кўра кишилар учун енгилроқ, чунки бунда йўқолган одамнинг ўлгани ҳақида қатъий далил шарт эмас, ғолиб гумонга кўра ўлган деб қаралса, кифоя.
Моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари эса йўқолган одамни ўлган деб ҳукм қилиш ҳақида анча енгил йўл тутадилар. Улар дараксиз кетган одам ҳақида ҳолатга кўра турлича ҳукм чиқарадилар.
Моликийлар мусулмонлар юртида йўқолган одам билан мусулмонларга қарши уруш ҳолатида бўлган юртда йўқолган одамни фарқлайдилар. Ислом ўлкаларида йўқолган одамни тўрт йил қидирилади, агар дарак бўлмаса, қози унинг никоҳини фасх – ажрим қилади, аммо мол-мулки унинг ўлгани аниқ деб билингачгина мерос қилинади. Мусулмонлар яшамайдиган юртда йўқолиб, дараксиз кетган кишини етмишга кирганидан сўнг ўлган деб ҳукм қилинади. Урушда, вабо касали тарқалган жойда ғойиб бўлган одам хусусида ҳам айрича ҳукм қилинади. Бундай кишилар ҳукумат тарафидан бир йил қидирилади ва кутилади. Бир йилдан сўнг ўлган деб ҳукм қилинади. Муддат иш ҳукуматга кўтарилган кундан бошланади.
Ҳанбалий мазҳаби уламолари йўқолган одамнинг ҳолатини иккига тақсимлайдилар:
1.    Зоҳири саломатлик бўлган йўқолиш. Масалан, тирикчилик, саёҳат ё илм талабида чиқиб, дараксиз кетиш каби. Бунда унинг етмиш ёшга тўлиши кутилади. Али розияллоҳу анҳу, Ибн Абу Лайлолар ҳам шу фикрни айтишган.
2.    Зоҳири ўлим бўлган йўқолиш. Мисол учун, ўз ўйидан тўсатдан ғойиб бўлиш, урушда ёки табиий офатларда, шунингдек, улов фалокатга учраши оқибатида йўқолиш каби. Бунда уни тўрт йил қидирилади ва кутилади. Шунда ҳам ҳеч қандай аниқ хабар бўлмаса, уни ўлган деб ҳукм қилинади.
Имом Молик ва Имом Аҳмад ва уларнинг мазҳабини тутганлар эри йўқолган аёлнинг тўрт йил кутиши ҳақидаги фикрларига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан нақл қилинган фатвога асосланадилар. Уни Абдурраззоқ ва Абу Шайба ўзларининг «Мусаннаф»ларида, Байҳақий «Сунан»ида келтиради:
«Убайд ибн Умар айтади: «Умар ибн Хаттобнинг даврида бир киши йўқолиб қолди. Унинг аёли Умарнинг олдига келиб, буни айтди. У: «Бор, тўрт йил кут», деди. У шундай қилди-да, келди. У (Умар): «Тўрт ойу ўн кун идда ўтир», деди. У шундай қилди-да, сўнг келди. У (Умар): «Анави кишининг валийси қаерда?» деди. (У етиб келди.) Унга: «Аёлнинг талоғини бер», деди. У шундай қилди. Умар аёлга: «Бор, хоҳлаган кишингга турмушга чиқавер», деди. У турмушга чиқди. Кейин унинг биринчи эри келиб қолди. Умар: «Қаерда эдинг?» деди. У: «Эй мўминлар амири! Мени шайтон чалди, Аллоҳга қасамки, қаерда бўлганимни билмайман. Мени қул қилиб олган кишилар олдида бўлдим. Ниҳоят, бир мусулмон қавм уларнинг устига ғазот қилди ва мен уларга ўлжа тушдим. Улар менга: «Сен инсонлардан экансан, манавилар эса жинлардан, сен билан буларнинг нима алоқанглар бор?» дейишди. Мен уларга нима бўлганимни айтдим. Улар: «Тонгда Аллоҳнинг қайси ерида бўлишни истайсан?» дейишди. Мен: «Мадинада, мен ўша ерданман», дедим. Тонгда қарасам, Ҳаррани (Мадина шаҳрининг четроғи) кўриб турибман», деди. Умар унга хоҳласа хотинини танлаш, хоҳласа, берган маҳрини қайтариб олиш ихтиёрини берди. У маҳрни танлади ва: «У ҳомиладор бўлибди, энди унга эҳтиёжим йўқ», деди».
«Ҳадис ва Ҳаёт» китобида «Эр йўқолиши ҳукми» номли бобда ушбу ривоят келтирилган:

عَنْ عُمَرَ  قَالَ: أَيُّمَا امْرَأَةٍ فَقَدَتْ زَوْجَهَا فَلَمْ تَدْرِ أَيْنَ هُوَ فَإِنَّهَا تَنْتَظِرُ أَرْبَعَ سِنِينَ ثُمَّ تَعْتَدُّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا ثُمَّ تَحِلُّ رَوَاهُ مَالِك وَقَالَ: وَإِنْ تَزَوَّجَتْ بَعْدَ انْقِضَاءِ عِدَّتِهَا فَدَخَلَ بِهَا زَوْجُهَا أَوْ لَمْ يَدْخُلْ بِهَا فَلاَ سَبِيلَ لِزَوْجِهَا اْلأَوَّلِ إِلَيْهَا.


«Умар розияллоҳу анҳу: «Қай бир хотин эрини йўқотиб қўйса-ю, унинг қаерда эканлигини била олмаса, тўрт йил кутади. Сўнгра тўрт ойу ўн кун идда ўтиради. Кейин (бошқага) ҳалол бўлади», деди».
Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу ижтиҳодларини яна бошқа саҳобалар ҳам қабул қилган. Ушбу саҳиҳ нақл ва бошқа далиллар асосида хат-хабарсиз кетган одамни тўрт йил қидириб, кутиш, агар ҳеч қандай дарак топилмаса, уни ўлган деб ҳукм қилиш ҳақидаги фатволар берилган. Бироқ, бизнинг ҳанафий мазҳаби олимлари бу сўзни олмаганлар, балки йўқолган одамнинг ўлгани ҳақида аниқ ишонч бўлгачгина уни ўлган деб ҳукм қилинади, дейишган. Бироқ, ҳозирда замонавий имкониятлар ва муаммолардан келиб чиқиб, айрим ҳанафийлар зарурат бўлганда моликийларнинг фатволарига амал қилса бўлади, дейдилар. Бу каби тасарруфлар қозилик ёки расмий фатво ҳайъатларининг ваколатларидаги иш эканини унутмаслик керак.
Ҳанафий фиқҳига доир асарларда қози агар моликий маҳзабига кўра фатво бериб, аёл бошқа турмушга чиқса-ю, кейин биринчи эр қайтиб келиб қолса, қандай йўл тутиш ҳақида ҳам сўз боради. Бундан қозиларга берилган мазкур ҳуқуқ қадимда ҳам бўлганини тушуниш мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, қайси мазҳаб асосида бўлмасин, йўқолган одамни ўлган деб ҳукм қилиш ва бу борадаги барча тасарруфлар шахсий тарзда амалга ошириладиган иш эмас, балки маҳкама ҳал қиладиган қарорлардан ҳисобланади. Шу боис, дараксиз одам ҳақида ҳар ким ўзича ҳукм қилиши дуруст эмас. Бировнинг ўлган ёки йўқолгани ҳақида фақатгина ҳукумат тарафидан қидирув ва суриштирувлар олиб бориб, керакли чоралар кўрган шаръий ёки қонуний маҳкама қарор қилади. Шундан сўнггина ушбу жараёнга доир ҳукмларни ижро қилиш жоиз бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, дараксиз одамни даб-дурустдан йўқолган ёки ўлган деб ҳукм чиқариш дуруст эмас. Балки бунда юқорида зикр қилинган шаръий қоида ва ҳукмларни ишга солиб, керакли изланишлару ҳаракатларни амалга ошириш даркор. Йўқолган одамнинг мол-мулкини тасарруф қилиш масаласи ҳам алоҳида ўрганиладиган мавзу. Хусусан, унинг ҳуқуқ ва бурчалари, айниқса, никоҳи ҳақида ҳам жуда эҳтиёт бўлиш керак. Қанчадан-қанча опа-сингилларимиз ана шундай ноқулай ҳолатга тушиб, азият чекмоқда. Буни давримизнинг долзарб мавзулари қаторида қабул қилиб, бу борадаги шаръий ҳукмларни ўрганиш ва баён қилиш бугунги аҳли илмларимиз зиммасидаги фарз амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ насиб қилса, ушбу мавзудаги изланишларимиз натижасида бу борадаги шаръий қоидалар ва бошқа маълумотларни ҳам баҳам кўрамиз.
Барча ҳолимиз учун оламлар Парвардигоридан мадад сўраймиз! Зотан, Ундан ўзгада на қувват ва на қудрат бор...

Тошкент Ислом институти талабаси Оминахон Муҳаммад Содиқ


4 ой аввал 599 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фатво китоблари ва фатвога масъуллар
Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади. Биринчи фатво давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
3 йил аввал 1087 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ихтилофчи бемазҳаблар
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши давоми...