Савол: Ассалому Алайкум Шайх Ҳазратлари! Мен яқинда намоз ўқишни бошладим, шу сабабли ибодатда бир саволим бор эди. Яқинда мен Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадисларини ўқиб бир нарсага эътиборим тушди. У ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай намоз ўқиганлари ва намозга оид кўпгина бандларда аёл намозхон ёки эркак намозхон деб эмас балки "намозхон" дейилгани ўйлантириб қўйди. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен каби намоз ўқинглар деган жумлаларига ҳам кўзим тушди. Шу сабабли сиздан сўрашни энг афзали деб билдим. Биламизки ҳозирда аёллар ва эркаклар намозида бир неча фарқлар бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари фақат эркаклар учунми ёки замонлар ўтиши билан аёлларникини фарқлай бошладиларми? Илтимос шу масалада менга ёрдам берсангиз ва бу мен учун жуда муҳим савол эди.
Жавоб: - Ушбу саволни берганингиз учун ташаккур. Мен сизнинг кимлигингизни билмайман. Бу саволда айтган гапларингизни текшириш имконим ҳам йўқ. Аммо сиз ўзи бемазҳаб ва мазҳабни тутганларга турли йўллар билан таъналар қиладиган, четдаги бемазҳабларга мадикор бўлиб, мусулмонлар орасида ихтилоф чиқарадиганларнинг яқиндагина қўзғаган навбатдаги фитнасига мувофиқ саволни йўллагансиз. Мазкур шахслар одатда ўзлари юзага чиқмайдилар. Яшириниб олиб, баъзи одамларини савол беришга, одамлар билан масала талашишга ундаб турадилар. Ўшаларнинг гапини ва ихтилофга сабаб бўладиган сафсаталарини ташиб туришга етарли одамлари ҳам бор. Сиз ўшаларданмисиз ёки йўқлигини билмаймиз. Аммо саволингизга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Яқинда баъзи аёллар қўлида бир – икки варақ қоғоз билан муслима аёлларга учраб ўша қоғозда ёзилган, аёллар ҳам эркакларга ўхшаб намоз ўқишлари кераклиги ҳақида ташвиқот олиб боришди. Бу гап эркаклар орасида ҳам тарқалди. Баъзи эркаклар аёллари мазкур гапни топганини масжид имомларига ва илмли одамларга ташвиш билан айта бошладилар. Уларга керакли тушинтиришлар йўлга қўйилди. Баъзи масжидларнинг имом домлалари бу масалани ўз маърузаларидан ҳам муолажа қилдилар. Ҳар қалай бемазҳабларнинг навбатдаги хуружи бир нави босилди. Кунлардан бирида хонадонимизга яна шу масала аёллар номидан савол бўлиб, кириб келди. Савол Албонийнинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобининг русча таржимаси билан бирга келган эди. Бошқача қилиб айтганда, савол эгаси мазкур китобни қўлга олиб, уни ўқиган аёллар номидан савол сўрагани келган эди. Саволнинг маъноси эса, худди сизнинг саволингизга жуда ҳам ўхшар эди. Унда ҳам Имом Бухорийнинг саҳиҳлари, Набий алайҳиссаломнинг намозлари, У зотнинг, мен каби намоз ўқинглар, деганлари, аёл намозхон ёки эркак намозхон дейилмагани ва бошқалар бор эди. Мен “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобнинг муаллифи ҳозирги бемазҳабларнинг эналаридан бири экани, доимо шу каби ихтилофлар чиқаргани билан машҳурлигини айтдим. Шунингдек, Совет иттифоқи қулаб, шарқшунослар ишсиз қолгани, бундан фойдаланган бемазҳаблар мазкур шарқшуносларга пул бериб ўз китобларини кўплаб рус тилига таржима қилдирганлари ва ўша китоблар ҳамма тарафда тарқагани, ҳамда МДҲ давлатларидаги мусулмонларнинг орасида ихтилофлар чиқараётганлари ҳақида тўхталиб ўтдим. Ҳозир мазкур ҳудудлардаги муфтийлар, имомлар, уламолар ва оддий мусулмонлар ҳамда бунга алоқаси бор кишиларнинг илтимосига биноан ўз китобларимизни рус тилига таржима қилишни бошлаганимиз, бу борада тез кунларда, Аллоҳ хоҳласа, бу каби саволларга жавоблар ҳам бўлишини айтдим. Сўнгра, мазкур китобда қўзғатилган масаланинг ечимини айтиб ҳам бердим. Китоб кўтариб савол билан келган воситачи ташаккур айтиб қайтди. Ўша аснода Маккаи Мукаррамадан, “Робитатул Оламил Исломий” халқаро ташкилотдан келган таклифга жавобан “Фатво ва унинг тартиблари” номли илмий анжуманда иштирок этиш учун муқаддас тупроқларга бориш бахтига муяссар бўлдим. Ҳамшаҳарлар ташкил қилган йиғинда катта уламоларизнинг бирлари билан гаплашиб ўтирган эдим. У киши ҳажга борган ватандошларимиздан бирини кўрсатиб, анаву ҳамшаҳар бемазҳаблардан экан. Менга Албонийнинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобини ўқиганини айтиб ҳар хил гапларни айтди. Мен унга “Бунга ўхшаш гапларни айтманг. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари кўп. Улардан баъзиларини олиб, гап шу, бундан бошқаси бўлиши мумкин эмас қабилида иш тутиш катта хато бўлади. Суриялик бир олим “Ҳанафий мазҳаби бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” номли китоб қилган. У ҳам ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирган”, дедим” – дедилар. Иттифақо, “Фатво ва унинг тартиблари” номли илмий анжуманда “шозз” фатволар мавзуси ҳам бор эди. Ушбу мавзуда сўзлаган уламолар, “Шозз” дегани мусулмон умматининг барча уламоларининг гапига тескари гап эканини таъкидладилар. “Шозз” фатволар мавзусида сўзлаган уламолар ичида давримизнинг кўзга кўринган алломаси Шайх Юсуф Абдуллоҳ Қарзовий ҳазратлари ҳам бор эди. У киши замонамиздаги “шозз” фатвога Албонийнинг фатволари мисол эканини таъкидлаб айтди. Ҳамда унинг савдо молларидан закот берилмаслиги, тилло суви юритилган идишларни ишлатиш ҳаромлиги тўғрисидаги фатволарини намуна тарзи қаттиқ танқид қилди. Айтмоқчиманки, сиз кўтарган саволни юзага чиқарган одам ўзининг мусулмон умматининг барча уламоларининг гапига тескари гаплари билан танилган одамдир. Кейинроқ, худди шу масалага ўхшаш, бемазҳабларнинг эрмаги бўлган ва мусулмонлар ичида ихтилоф чирқариш учун вақти вақтида кўтариб турадиган масалаларидан яна бир-иккитаси кўтарилди. Яна бир-икки қоғозга битилган матнларни кўтарган бемазҳабларнинг гумашталари у ёқ–бу ёққа йўрғалашди. Яна бундан хабардор одамлар ичида ножамлик юзага келди. Яна уламолар, имомлар ва толиби илмлар билан муҳокама, муноқашалар бўлиб ўтди. Яна одамларимизга бу масалани ҳам тўғрисини баён қилиб беришга келишилди. Мен бунга ўхшаб бемазҳаблар кўтарадиган шубҳаларга бир-бир жавоб беришнинг ўрнига, аслида уларнинг диний матнлардан ҳукм чиқариш услублари нотўғри экани тўғрисида бир китоб кераклигини айтдим. Бу ишни имкон бўлганда амалга оширишга қарор ҳам қилдим. Бир кун ўтиб ўғлим Исмоилжон:
“Ҳазрат, кечаги масала оддий эмасга ўхшаб қолди”, деди.
“Нима учун?” дедим.
“Кеча Америкадан телефон қилишиб, у ерда ҳам худди ўша масалада уларнинг бошини гаранг қилиш бошланганини айтишди. У ерда ҳам, варақдаги гаплар. У ерда ҳам бизда нима бўлса, ўшандай. Қолаверса, бу биринчиси эмас. Авваллари ҳам шундай бўлган”, деди. Хаёлимга бошқа тарафларда, қўшни давлатлардан, Россиядан ва бошқа ерлардан турли воситалар билан йўлланган саволлар ва ташвишлар ўтди. Аввал эслаб ўтилган асарни битиш нияти яна ҳам жиддийлашди. Аллоҳ таоло имкон берса, у иш ҳам амалга ошиб қолар. Мана, энди сиздан ушбу савол келиб турибди. Хамир учидан патир дегандек, сизнинг саволингиз орқали сизга ҳам, бошқаларга ҳам Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимда билганимча жавоб беришни лозим топдим.
- Аввало, яқинда намоз ўқишни ўрганган одам сиз берган саволни бера олмаслигини айтиб ўтмоқчиман. Чунки, ундай одам намозни яхшилаб ўқиш ташвиши билан банд бўлади. Ўн тўрт асрдан бери мусулмонлар сўрамай келган саволни ўз-ўзидан хаёлига келтира олмайди.
- Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” номли китобларининг таржимасини ўқиган бўлсангиз керак. Ўша китобнинг ўзини ўқиса ҳам, таржимасини ўқиса ҳам шариат ҳақида фақат мазкур китоб асосида хулоса чиқаришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ҳадис китоблари жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммасини ўқиб чиққанлар ҳам мазкур ишни қила олмайдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг даврида, асл араблар ва олимларнинг юртида у кишидан “қанча ҳадисни ёддан билган одам фатво айтиши мумкин” деган саволга у киши “Тўрт юз минг ҳадисни” деб жавоб берганлар.
- Шариат ҳукмлари, Фақат “Саҳиҳул Бухорий” китобидан эмас, балки қуйидаги манбаълардан олинади:
1. Қуръон.
2. Суннат.
3. Ижмоъ.
4. Қиёс.
5. Амали саҳобий.
6. Масолиҳул мурсала.
7. Истиҳсон.
8. Шарҳу ман қаблана.
9. Урф.
10. Истисҳоб.
Бизда бу манбаъларнинг номини тўлиқ биладиганлар ҳам оз бўлса керак. Аммо сизга ўхшаб, мужтаҳидликни даъво қиладиганлар ҳар қадамда учраб турадилар.
- Сизни “аёл намозхон ёки эркак намозхон деб эмас балки "намозхон " дейилгани ўйлантириб қўйибди. Нима учун? Ҳар бир нарсани эркакка ёки аёлга деб аташ керакми? Ҳамма халқларда, ерларда, динларда, қонунларда, одатларда сиз айтган ажратиш йўқ. Ҳамма нарса одамларга бир хил айтилади. Агар аёлларга хос нарса бўлса, алоҳида айтилади. Агар сиз айтган гапга ўтиладиган бўлса, “аёл ҳожи, эркак ҳожи, аёл рўзадор, эркак рўзадор, аёл закот берувчи, эркак закот берувчи” деб чиқиш керак бўлади. Бу эса, табиати бузилмаган одам кўтара олмайдиган ҳолатдир.
- Яна Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “мен каби намоз ўқинглар” деган жумлаларига ҳам кўзингиз тушибди. Бу билан аёллар ҳам У зотга ўхшаб намоз ўқишлари керак. Мазҳабни ушлаганлар айтаётганидек, бироз қимтиниб ўқимасликлари керак, демоқчисиз. Агар сиз демоқчи бўлмаган бўлсангиз, Албоний “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобида айтган. Ундай бўладиган бўлса, ҳаж, рўза, закот ва бошқа ибодатларда ҳам шундай бўлиши керак бўлади. Ҳажда аёллар ҳам эркакларга ўхшаб бош яланг бўлиб, кийимларини ечиб ташлаб, эҳром боғлаб юришлари керак бўлади ва ҳоказолар.
- Албоний ўша китобида имом Бухорий аёлларнинг эркакларга ўхшаб намоз ўқиши ҳақида Умму Дардодан ривоят келтирганини айтган. Аммо у одам шу ерда жуда ҳам усталик қилган. Мазкур гапни шарҳ қилмаган. Одамлар бу гап машҳур саҳобия Умму Дардо розияллоҳу анҳодан экан деб ўйлаши учун шундай қилган. Бошқача қилиб айтганда, ўзининг гапни қувватлаш учун Умму Дардо розияллоҳу анҳо ва имом Бухорийнинг номларини сотишдан устамонлик билан фойдаланган. Аммо мазҳабни ушлаган уламолар бу ерда бор ҳақиқатни айтадилар. Мазкур ривоят кичик Умму Дардодан бўлиб, унинг исми Ҳажийма бинти Ҳуяй Авсобия бўлиб саҳобия эмасдир. Саҳобий бўлмаган шахснинг гапи ва амали ҳужжат бўла олмаслиги шарҳий илмлардан озгина хабари бор одамга ҳам маълум ҳақиқатдир. Муҳаддислар имом Бухорийнинг бу каби ривоятларини ҳадис эмас “таълийқ” дейдилар. “Таълийқ” ҳам ҳужжат бўла олмайди.
- Ҳозирда аёллар ва эркаклар намозида бир неча фарқлар борлиги, сиз гумон қилганингиздек, замонлар ўтиши билан ҳосил бўлган ҳолат эмас. Бу аввалдан бўлган нарса. Барча мазҳабларнинг китобларида собит ҳақиқатлардан бири. Ҳеч бир мазҳабда бунинг тескариси, яъни, аёллар ҳам эркакларга ўхшаб намоз ўқиши керак, дейилмаган. Шунингдек, бу гапни ҳеч бир ҳадисда, ҳатто ўта заиф ҳадислардан бирортасида ҳам айтилмаган.
- Шариатнинг тўртинчи манбаъси бўлмиш қиёсга биноан аёллар қимтиниб, фиқҳ китобларида айтилганидек намоз ўқишлари собитдир. Чунки, муслималар доимо эркакларга ўхшамай аёлликларини эътибори бўлиб туриши динимизнинг барча кўрсатмаларида қайта-қайта такрорланган. Озгина фаҳми бор кишилар учун шунинг ўзи етарли. Бошқа гапни қўзишга ўрин қолмайди.
- Аммо, шу билан бирга, бир неча ҳадисларда бу масала баён ҳам қилинган.
1. Язийд ибн Абу Ҳабибдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллаҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёлнинг олдидан ўтдилар ва: “Қачон сажда қилсангиз, гўштнинг баъзисини ерга текказинг. Албатта, аёл киши бунда эркакка ўхшамас”, - дедилар”.
Абу Довуд ривоят қилган.
2. Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилинади: “У кишидан Набий соллаллаҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёллар қандай намоз ўқишлари ҳақида сўралди. “Оёқларини чалиштириб ўтирар эдилар. Кейин текисланиб-қимтиниб ўтиришга амр қилиндилар”, деди.
Абу Ҳанифа ривоят қилган. (Жомеъул Масонийд, 1-жуз).
3. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон аёл киши сажда қилса, қимтиниб ўтирсин, икки сонини йиғиштирсин”, деди”.
Имом Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоят қилган.
4. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон аёл киши намозда ўтирса, бир сонини иккинчи сони устига қўяди. Қачон сажда қилса, қорнини сонига имкони борича қимтиниб теккизади. Чунки, Аллоҳ таоло унга назар солиб туради ва “Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират қилдим”, дейди”, - дедилар”.
Ибн Адий “Комил”да ва Байҳақий “Сунан”да ривоят қилган.
Албатта, ўзини билган ҳар бир киши учун ушбу ривоятларнинг бир-бирини қувватлаб келиши, Албонийнинг даъвосидан кўра маъқулдир. Яна қайтариб айтамиз, умматнинг минг тўрт юз йилдан бери амал қилиб келаётганини ва қиёсни ҳисобга олмаганимизда ҳам. Шу ўринда барчангизни ихтилофлардан йироқда бўлишга чақирамиз. Билмаган нарсаларни сўраб ўрганишга ўтиш керак. Чет элдан келган факс ёки "email"ни кўтариб олиб, ҳозиргача қилинаётган фалон нарса нотўғри экан деб югуришнинг ҳожати йўқ.
عن علي رضي الله عنه قال: إذا سجدت المرأة فلتحتفز ولتلتصق فخذيها ببطنها
Аёл билан эркак намозининг орасида фарқ борлиги ҳақида саҳобалардан ҳам асарлар ривоят қилинган. Саҳобаларнинг асарлари жумҳур уламолар хусусан тўртта имом Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳимлар наздида ҳужжат саналади. Уларнинг асарларига эътимод кучли ва эътиборга лойиқдир. Имоми Аъзам ўзларининг мазҳабини баён қилиб: "Мен биринчи ўринда Қуръонни сўнгра ҳадисни оламан. Агар уларда бирор далил бўлмаса, саҳобалар сўзларини оламан. Булардан ташқарига чиқмайман", дедилар. Шунинг учун шу ўринда саҳобаларнинг асарларини зикр қилиб ўтамиз.
1. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Аёл киши сажда қилганда қимтинсин ва икки сонини қорнига ёпиштирсин!".
Сунани Байҳақий, Абдурраззоқ, Ибн Абу Шайба ривояти.
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний бу ривоятнинг ровийлари ҳақида баҳс юритиб: "Бу ҳадис ҳасандир", деганлар.
عن عبد ربه بن سليمان قال: رأيت أم الدَّردَاء رضي الله عنه كانت ترفع يديها إلى منكبيها
2. Абдуроббиҳ ибн Сулаймон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Мен Умму Дардони кўрганман. У (намозда) икки қўлини икки елкаси баробаригача кўтарар эди".
Имоми Бухорий, Ибн Абу Шайбалар ривояти.
Бундан маълум бўладики аёллар елкалари баробаригача қўл кўтарадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини елкаларигача кўтаришларини кафтларини елкаларигача кўтарганлар, бармоқларининг учлари қулоқларининг баробарида бўлганликка ҳамл қилинган. (Баҳрур роиқ).
Бунга ҳамл қилинганлигини Абу Довуднинг Воил ибн Ҳужрдан қилган ривояти ҳам қувватлайди:
"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга турганларини кўрдим. У зот икки қўлларини елкаларигача кўтардилар ва бошмалдоқларини қулоқларининг баробарида қилдилар. Сўнг такбир айтдилар". (Абу Довуд ривояти).
عن علي قال: لا تؤم المرأة
3. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Аёл киши имом бўлмайди".
Ибн Абу Шайба ривояти.
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний бу ривоятнинг барча ровийлари сиқа (ишончли) деган. Бу ривоятдан ҳам аёл билан эркакнинг намозда фарқи борлиги маълум бўлади.
عن عطاء عن عائشة: أنها كانت تؤم النساء تقوم معهن في الصف
4. Ато роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:
"Оиша розияллоҳу анҳо аёлларга имом бўлиб, улар билан бирга сафни ўртасида турар эди".
Абдурроззақ ривояти.
Бу ҳадисни Имоми Муҳаммад ва Абу Юсуфлар Абу Ҳанифадан, у Ҳаммод ибн Иброҳимдан ривоят қилган ва бу воқеа рамазонда содир бўлган. Бу асардан агар аёл киши имом бўлса, уларнинг ўртасида туриши маълум бўлмоқда. Эркакларда эса, иқтидо қилувчилар икки ёки ундан ортиқ бўлса, имомдан орқада туришлари айтилган. Агар иқтидо қилувчилар икки киши бўлса имомнинг ёнида туриши макруҳи танзиҳий, агар ундан кўп бўлсалар макруҳи таҳримий, дейилган.
5. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз уч киши бўлсак, биримиз (имом бўлиши учун) олдинга чиқишимизга буюрганлар".
Сунани Термизий.
Бу ерда Оиша розияллоҳу анҳонинг амалидан ёки шу каби бир неча саҳобалардан аёлларнинг имомгарчиликка ўтганидан шубҳа бўлмаслиги керак. Чунки Оиша розияллоҳу анҳодан аёлларнинг жамоат бўлишлари макруҳлиги ривоят қилинган. Али розияллоҳу анҳудан ҳам бу борада ривоят ўтди. Агар таълим ёки бирор зарурат туфайли аёл киши имом бўлса, сафнинг ичида, олдинга чиқиб олмасдан туради.
عن نافع عن ابن عمر رضي اللهُ قال: ليس على النساء أذان ولا إقامة
6. Нофеъ Ибн Умардан ривоят қилади:
"Аёлларга азон ҳамда такбир (иқома) айтишлик йўқдир".
Абдурроззақ ривояти.
عن معتمر بن سليمان عن أبيه: كنا نسأل أنسا رضي الله عنه: هل على النساء أذان وإقامة؟ قال: لا، وإن فعلن فهو ذكر.
7. Сулаймон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Биз Анас ибн Моликдан: "Аёллар ҳам азон ва иқома айтишадими?" деб сўрадик. У: "Йўқ! Мабодо улар азон ва иқома айтишса, у зикр бўлади", деди".
Саҳобаларнинг юқоридаги сўзларидан аёлларга азон ва иқома айтиш йўқлиги тушунилади. Эркакларга эса азон ва иқома айтиш суннатдир.
Аёл ва эркак намозидаги фарқ борасида бошқа имомларнинг тутган йўллари
Биз бу баҳсимизда Ҳанафий мазҳабида аёл ва эркак намозидаги фарқни баён қилмоқдамиз. Шу ўринда бошқа мазҳаб уламоларини ҳам бу борадаги сўзларини айтиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди, деб ўйлаймиз. Шофеъий мазҳабининг машҳур ва таниқли фақиҳ муҳаддиси аллома Нававий (роҳматуллоҳи алайҳ) ўзларининг "ал-Минҳож" номли китобларида эркак кишининг намоз ўқиши йўлини баён қилганидан кейин аёл ва хунаса ҳақида сўзлаб, "унда икковлари рукуъ ва саждаларида аъзоларини бирини бошқасига ёпиштиради, яъни қоринларини икки сонларига ёпиштиради" деганлар. Имом Нававий ўзларининг “Равзатут толибийн” номли китобларида рукуъни кайфиятини баён қилиб, "эркак икки тирсагини икки биқинидан ажратади. Аёл ва хунаса эса ажратмайди". Сажданинг кайфиятини баён қилиб, "эркак икки чиғаноғини икки биқинидан, қорнини икки сонидан юқори қилади. Аёл эса барчасини ёпиштириб, ўзига жамлайди" дедилар. Шунингдек Шофеъий мазҳабининг машҳур олими имом Ғаззолий “Эҳёи улумиддин”, “Бидаятул ҳидая” китобларида эркак ва аёл намозидаги фарқни баён қилиб, "аёл рукуъда тирсакларини биқинига ёпиштиради, эркак эса ажратади. Аёл саждада эркак каби тирсакларини биқинидан, оёқларини орасини очиқ қилмайди. Балки барчасини жамлайди" деганлар. Моликий мазҳабининг намоёндаларидан Абулҳасан Моликий “Кифаятут толиби раббоний” рисоласининг шарҳида келтиришича, аёл намоз ҳолатида эркак кабидир. Лекин у намозини қимтиниб, ўз сонлари, биқини ва билакларини алоҳида-алоҳида қилмайди. Жалса, сажда ва бошқа ҳолатларда ҳам ўзини йиғиштирган ҳолда намоз ўқийди - дейилган. Имом Қурофий “ас-Самаруд доний шарҳи рисолатил Қайравоний” китобида, аёл киши қўлини қаергача кўтарилиши ҳақида сўралганида, у эркакдан пастроқ кўтаради, деганлар ва бунга ижмоъни нақл қилганлар. Ҳанбалий мазҳабининг намояндаларидан имом Мансур ал-Баҳутий ал-Ҳанбалий, ҳанбалийларнинг китоби "ал-Муқаннаъ" китобининг шарҳи ар-Равзул муроббаъ”да аёл юқорида ўтган ишларнинг барчасида аёл кабидир. Ҳатто қўл кўтаришда ҳам. Лекин рукуъ, сажда ва бошқаларида йиғиштирилади. Қаъдага ўтирганда икки оёғини бир тарафдан чиқаради. Ва буниси афзалдир. Ёки чордона қуриб ўтиради. Агар бирор бегона унга қулоқ тутиб турган бўлса вожиб тарзда махфий ҳолда қироат қилади. Ҳанбалий мазҳабининг имомларидан ибн Жавзий "Аҳкомун нисо" китобида: “Аёл биз зикр қилган нарсаларнинг барчасида эркак кабидир. Лекин рукуъ ва саждада ўзини йиғиштиради. Қаъдада икки оёғини ўнг томонга чиқаради. Ёки чордона қилиб ўтиради”. Ҳанбалий мазҳабидаги эътимодли бўлган “ал-Мубдаъ” китобида: “Бегона киши эшитмай турганида аёл киши қироатини бир ривоятга кўра эркак каби жаҳрий қилади. Яна бир ривоятда жаҳрий қироат қилиши ҳаром саналади, дейилган. Имом Аҳмад (роҳматуллоҳи алайҳ) аёл баланд овозда қироат қилмайди, дедилар, дейилган. Имом ал-Қозий баланд овозда қироат қилмаслиги мутлақдир, дедилар. Ва яна "ал-Мубдаъ" китобида аёл кишининг намоз ўқиши баён қилиниб, аёл киши юқорида зикр қилинган амалларнинг барчасида эркак кабидир. Лекин рукуъ ва саждада ўзини йиғиштириб олади. Ва чордана қилиб ўтиради ёки оёғини ўнг томонга чиқариб, орқасини ерга қўйиб ўтиради - дейилган. Биз юқорида тўртта мазҳаб имомларининг наздиларида аёл ва эркакнинг намозида фарқ бор эканлигини айтиб ўтдик.
Аёл ва эркак намозидаги фарқ борасида тобеинларнинг қавллари :
Саҳобалардан кейин Исломдаги эътибор тобеинларга қаратилган. Бу борада улар хос мақомга эгадирлар. Улар Қуръон ва ҳадис илмини саҳобалардан ўрганганлар. Динни тушунишда ўзларидан кейингиларга нисбатан уларнинг улкан фазилатлари бордир. Тафсир борасида ҳам фиқҳ борасида ҳам уламолар саҳобалардан кейин уларнинг сўзларини ихтиёр қилганлар. Шунинг учун аёллар намозларидаги фарқ борасида ҳам уларнинг сўзларини келтириб ўтмоқчимиз.
عن ليث عن مجاهد أنه كان يكره أن يضع الرجل بطنه على فخذيه إذا سجد كما تضع المرأة.
رواه ابن أبو شيبة
Хазрати Лайс айтади:
"Мужоҳид киши сажда қилганда аёл каби қорнини икки сонига қўйишини кариҳ кўрар эди".
Ибн Абу Шайба ривояти.
Мужоҳид машҳур тобеинлардан бўлиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг хос шогирдларидандир. Лайс роҳматуллоҳи алайҳ Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳнинг эркак аёл каби сажда қилишини кариҳ кўрганини айтмоқда. Бундан ошкора маълум бўладики, уларнинг наздида эркак билан аёлнинг саждасида фарқ бор.
عن الحسن وقتادة قالا: إذا سَجَدَتِ الْمَرْأَةُ فَإنَّهَا تَنْضَمُّ مَا استَطَاعَت، وَلاَ تَتَجَافَى لِكَي لا ترفع عجيزتها.
مصنف عبد الرزاق.
Ҳасани Басрий ва Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Аёл сажда қилганда имкон қадар қимтиниб, аъзоларини алоҳида алоҳида қилмасдан сажда қилади ва орқаси кўтарилмаслиги учун сочилиб сажда қилмайди.
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَكْرٍ، عَنِ ابْنِ جُرَيْجٍ، قَالَ: قُلْتُ لِعَطَاءٍ : تُشِيرُ الْمَرْأَةُ بِيَدَيْهَا بِالتَّكْبِيرِ كَالرَّجُلِ؟ قَالَ: لاَ تَرْفَعُ بِذَلِكَ يَدَيْهَا كَالرَّجُلِ، وَأَشَارَ فَخَفَضَ يَدَيْهِ جِدًّا، وَجَمَعَهُمَا إلَيْهِ جِدًّا، وَقَالَ: إنَّ لِلْمَرْأَةِ هَيْئَةً لَيْسَتْ لِلرَّجُلِ، وَإِنْ تَرَكَتْ ذَلِكَ فَلاَ حَرَجَ.
Ибн Журайж роҳматуллоҳи алайҳ айтади:
"Мен Ато роҳматуллоҳи алайҳга: "Аёл такбирда эркак каби кўтарадими?" дедим. У: "Аёл такбир айтишда икки қўлини эркак каби кўтармайди", деди ва қўл кўтариш йўлини кўрсатиб, ишора қилди. У қўлларини паст кўтариб, ўзига йиғиштирди ва "Аёл учун эркак учун бўлмаган хос ҳолат бордир", деди.
Мусаннафи Абдурраззоқ.
بد الرزاق عن بن جريج عن عطاء قال تجتمع المراة إذا ركعت ترفع يديها إلى بطنها وتجتمع ما استطاعت فإذا سجدت فلتضم يديها إليها وتضم بطنها وصدرها إلى فخذيها وتجتمع ما استطاعت
Ибн Журайж роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
Ато роҳматуллоҳи алайҳ: "Аёл рукуъ қилганда қўлини қорнигача кўтаради ва имкон қадар йиғинади. Сажда қилганда эса, икки қўлини йиғиштиради. Қорни ва кўксини сонига ёпиштиради ва йиғинчоқ ҳолда сажда қилади", деди. (Мусаннафи Абдурраззоқ).
Иброҳим Нахаъий роҳматуллоҳи алайҳ айтади:
"Аёл сажда қилганда билак ва қорнини икки сони устига қўйишга ва орқа (думба)си кўтарилиб қолмаслиги учун эркак каби аъзоларини бир биридан алоҳида қилмасликка буюрилар эди", деди. (Мусаннафи Абдурраззоқ).
عَنْ إبْرَاهِيمَ ، قَالَ : إذَا سَجَدَتِ الْمَرْأَةُ فَلْتَلْزَقْ بَطْنَهَا بِفَخِذَيْهَا ، وَلاَ تَرْفَعْ عَجِيزَتَهَا ، وَلاَ تُجَافِي كَمَا يُجَافِي الرَّجُلُ
Иброҳим Нахаъий яна: "Аёл саждада орқасини кўтармасдан қорнини сонига ёпиштирсин ва эркак каби аъзоларини алоҳида алоҳида қилмасин!" деди. Иброҳим Нахаъий машҳур тобеинлардан бўлиб, ўз замонасининг етук муҳаддиси ва фақиҳи эди. Унинг сўзларидан ҳам аёлнинг намози эркакнинг намози каби эмаслиги маълум бўлмоқда.
Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳ:
"Аёл киши иқома айтмайди", деди. (Мусаннафи Абдурраззоқ.)
Зуҳрий роҳматуллоҳи алайҳ:
"Аёл кишига иқома айтиш йўқдир", деди. (Мусаннафи Абдурраззоқ.)
Ҳасан Басрий ва Саъид ибн Мусаййиб роҳматуллоҳи алайҳимлар:
"Аёл кишига азон ва иқома айтиш йўқдир", дедилар. (Ибн Абу Шайба).
Юқорида ўтган ҳадис ва осорлардан шу нарса маълум бўладики, аёл киши қиём, рукуъ ва саждада имкон қадар йиғинчоқлик билан бўлиши керак. Юқорида Бухорий ва Муслимнинг далили билан зарурат туғилганда аёл қарсак (кафтини қўлининг орқасига) уриши ҳақида ижозат берилгани айтилиб, "Субҳоналлоҳ", дейишларидан қайтарилди. Балки "Субҳоналлоҳ "дейиш эркакка хослиги айтилди. Чунки аёл овозини баланд кўтариши сатр ва пардаланишига хилофдир.
Ибн Ҳажар Асқалоний Бухорийнинг шарҳида:
"Аёлларни тасбиҳдан қайтарилди, Чунки улар фитналаниш хавфи борлиги учун намозда овозларини мутлақ паст қилишларига буюрилганлар, дедилар. (Фатҳул Борий).
Аллома Айний Бухорийнинг шарҳида айтади:
"Аёлга "Субҳоналлоҳ", дейиш макруҳдир. Чунки унинг овози фитнага сабабдир. Шунинг учун ҳам аёл азон ва иқома айтишдан, имомгарчилик қилишидан, намозда жаҳрий қироат қилишидан қайтарилган. (Умдатул қорий).
Ибн Абдулбар Моликий айтади:
"Аксар аёлларнинг овозлари мулойим бўлгани ва эркаклар билан бирга намоз ўқиётганларида уларни чалғитиб қўйишларини эътиборга олиниб, аёлларга тасбеҳни макруҳ қилиниб, тасфиққа (кафтини қўлининг орқасига уриши) рухсат берилди.
Юқорида бешинчи ривоятда аёлларнинг уйларида намоз ўқишлари афзаллиги айтиб ўтилди. Унинг сабабини машҳур муҳаддис Халил Аҳмад Саҳаранфурий Абу Довуднинг шарҳида баён қилиб:
"Аёлларнинг намози сатрга бино қилингандир. Уйларида намоз ўқишларида бу нарса мукаммал даражада бўлади", деганлар.
Аёлларнинг сафларининг охиргиси улар учун афзалли ҳам шу нарсага биноандир. Шунда улар эркакларни кўриш ва улар тарафига мойилликдан йироқда бўладилар. Имоми Шофеъий ўзларининг "Ал ум" деган китобларида аёллар намози ҳақда:
"Аллоҳ таоло аёлларга парда ичида, сатрлик ҳолда бўлишларига таълим берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга буни таълим бериб, аёл саждада аъзоларини жамлаб, қорнини икки сонига ёпиштиришини, имкон қадар сатрли бўлиб, сажда қилишини таълим бердилар. Шунингдек улар рукуъ, қаъдада ва бутун намозда қодир бўлганича мастур бўлишларини яхши кўрдилар. Яна кийимлари юпқа бўлса, рукуъ, саждада бадани кўриниб қолмасин учун устиларига чодраларини ташлаб олишларини яхши кўрдилар". (Китобу ал-ум, Шофиъий). Шуни унутмаслик керакки, уламолар юқорида зикр қилинган фарқларни ўз райлари ва қиёс билан белгилаган эмаслар. Балки намоз бир амалий нарсадир. Буни саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олганлар. Улардан эса тобеъинлар, улардан табаъа тобеинлар таълим олишган ва фиқҳий китобларга ёзишган. Буларнинг амалий жиҳатдан мутавотир тарзда бизга етиб келишининг ўзи ҳам ҳадисларнинг саҳиҳлигига далилдир. Бу нарса таомул ва таворус тарзида бизга етиб келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида эркак билан аёлнинг намози ўртасидаги фарқ...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадисларидан аёл киши билан эркак кишининг намоз ўқиш тартиблари ва баъзи аҳкомларида фарқ борлиги собит бўлган.
عن يزيد بن أبي حبيب أن رسول الله صلى الله عليه وسلم مر على امرأتين تصليان فقال إذا سجدتما فضما بعض اللحم إلى الأرض فإن المرأة ليست في ذلك كالرجل
لبيهقي في سننه الكبرى
Язид ибн Абу Ҳубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёл ёнларидан ўтиб қолдилар ва: "Сажда қилганларингизда жисмингизнинг баъзи ҳиссасини ерга текказинг. Чунки аёл киши бу нарса (сажда қилиш)да эркак каби эмасдир", дедилар".
1. Абу Довуднинг Мурсал ҳадисларида Язид ибн Абу Ҳубайб машҳур ва таниқли тобинлардан, дейилган. Бу ҳадисдан маълум бўладики, аёл киши қимтиниброқ сажда қилади. Эркак киши эса, барча аъзолари бир биридан алоҳида ҳолда сажда қилади. Маълум бўлдики, аёл билан эркакнинг сажда қилишида фарқ бор экан. Бу ривоятда саҳобийнинг исми зикр қилинмаганлиги туфайли мурсал ҳадис саналади. Мурсал ҳадис эса жумҳур уламолар наздида мақбулдир. Албатта, имоми Шофиъий ҳамма мурсалларни ҳам мақбул деявермайди, лекин мурсал ҳадис мавсул (санади узулуксиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борган) ёки яна бошқа мурсал ҳадис билан қувватланса гарчи қувватловчи ҳадис заиф бўлса ҳам ҳужжатликка қабул қилганлар. Биз баҳс қилаётган ҳадисни имоми Байҳақий икки санад билан мавсул ҳолда ривоят қилган. Иккала санад ровийлари тарк қилинган бўлганликлари сабаб заиф бўлсада, мурсални қувватлашга кифоя қилади. Ҳамма имомлар наздида ҳужжат ва мақбулдир.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ -صلى الله عليه وسلم- :«إِذَا جَلَسْتِ الْمَرْأَةُ فِى الصَّلاَةِ وَضَعَتْ فَخِذَهَا عَلَى فَخِذِهَا الأُخْرَى ، وَإِذَا سَجَدْتْ أَلْصَقَتْ بَطْنَهَا فِى فَخِذَيْهَا كَأَسْتَرِ مَا يَكُونُ لَهَا، وَإِنَّ اللهَ تَعَالَى يَنْظُرُ إِلَيْهَا وَيَقُولُ: يَا مَلاَئِكَتِى أُشْهِدُكُمْ أَنِّى قَدْ غَفَرْتُ لَهَا»
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Аёл киши қаъдага ўтирганида бир сонини бошқа сони устига қўяди. Сажда қилганида эса, сатрлироқ бўлгани каби қорнини сонига ёпиштиради. Чунки Аллоҳ таоло унга назар қилади ва "Эй фаришталарим, гувоҳ бўлинглар! Мен у (аёл)ни мағфират қилдим", дейди", дедилар".
Бу ҳадисда аёл кишининг қаъдада ўтириши ва сажда қилиши баён қилиниб, у қорнини сонига ёпиштириши айтилмоқда. Бу ҳадисни юқоридаги ҳадис ҳам қувватлаб, аёл ерга ёпишиб намоз ўқиши таъкидланмоқда. Қаъдада сонни сонга ёпиштиришга амр қилинмоқда. Бу эса эркакларнинг қаъдада ўтиришларидан фарқ қилади. Яна бу ҳадисдан маълум бўладики, аёл киши намозининг рукн ва амалларида имкон қадар сатрли бўлишга эътибор бериши керак экан. Эркак киши билан аёл кишининг намози ўртасидаги эътибор берилиши керак бўлган муҳими ҳам шу сатрли бўлишидир. Бу ривоят гарчи заиф бўлсада, юқоридаги каби унинг қувватловчи ривоятлар мавжуд. Келгусида ҳам уни қувватловчи далиллар бор. Муҳаддис уламоларнинг усулларига биноан баъзи заиф ҳадислар унинг қувватловчи ривоятлар туфайли гоҳида ҳасан, гоҳида саҳиҳ даражасига етади. Шунинг учун бу ҳадис заифликдан чиқади.
عن ابن عمر رضي الله عنه: أنه سُئِلَ كَيفَ كَانَ يُصَلِّينَ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟ قَالَ: كُنَّ يَتَرَبَّعْنَ، ثُمَّ أُمِرْنَ أنْ يَحْتَفِزْنَ. (جَامع الْمَسَانِيد)
3. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида аёллар қандай намоз ўқиганликлари ҳақида сўралди.
Ибн Умар: "Аёллар чордона қуриб ўтиришар эдилар. Сўнгра қимтиниб намоз ўқишларига буюрилди", деди.
Бу ҳадисдан аёл киши намозда эркак киши каби оёғини тўшаб устига ўтириши эмас, балки думбаларини ерга қўйиб ўтиришлари лозимлиги тушунилмоқда. Шу билан бирга бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан бери эканлиги ҳам маълум бўлмоқда. Чунки саҳобанинг аёллар шунга буюрилганлар, дейиши марфуъ ҳадиснинг ўрнидадир. Яъни бу буйруқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари эди. Ҳадиснинг санадига келсак буни имоми Абу Ҳанифа Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилган. Шу ергача ровийларнинг барчалари шак шубҳасиз саҳиҳ ва аъло даражада. Имоми Аъзамдан кейинги ровийлар эса, Зар ибн Абу Нужайҳдан бошқа барчаси мўътамад кишилардир. Аллома Зафар Аҳмад Усмоний Зар ибн Абу Нужайҳ ҳақида: "Унинг ҳолати менга маълум эмас", деб ёзган. Бу дегани у мақбулмас дегани эмас. Балки, ҳолатини аниқ билмайман, деганидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг муснадлари ҳужжатликка лойиқдир. Бу ҳадисни қувватловчи бошқа бир мавқуф ривоят ҳам бор. Иккиси биргаликда ҳужжатликка лойиқдир.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- أَنَّهُ قَالَ :« لاَ تُقْبَلُ صَلاَةُ حَائِضٍ إِلاَّ بِخِمَارٍ
4. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аёл кишининг намозини Аллоҳ таоло ёпинчиқ (рўмол)сиз қабул қилмайди", дедилар".
Ибн Ҳажар Асқалоний "Булуғул маром"да бу ҳадисни саҳиҳ, деганлар. Имоми Термизий бу ҳадисни ҳасандир, деганлар.
Бу ҳадисда аёллар юз ва кафтларидан бошқа ҳамма жойларини беркитиб намоз ўқишлари айтилмоқда. Эркакларга эса бундай дейилмаган. Бундан ҳам аёл билан эркакнинг намозида фарқ бор эканлиги зоҳир бўлади.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :«صَلاَةُ الْمَرْأَةِ فِى بَيْتِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى حُجْرَتِهَا ، وَصَلاَتُهَا فِى مَخْدَعِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى بَيْتِهَا
5. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Аёл кишининг уйининг ичида ўқиган намози уйининг айвонида ўқиган намозидан афзалроқдир. Ўзига махсус тўсиб қўйилган макон ичида ўқиган намози эса уйининг ичида ўқиган намозидан афзалроқдир"дедилар".
Бу ҳадисда аёл киши масжидда эмас балки уйида, уйининг ҳам энг ичкари ва мастур бўлган ҳиссасида намоз ўқиши афзал эканлиги баён қилинмоқда. Бунинг акси ўлароқ эркакларга ҳамма фарз намозларини масжидда ўқишлари афзал балки суннати муаккада, баъзилар наздида вожиб ҳам дейилган. Чунончи Абдуллоҳ ибн Масъуд : "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга “сунани ҳуда” (таъкидланган суннат)ларни таълим бердилар. Шубҳасиз улардан бири азон айтилган масжидда намоз ўқишликдир", дедилар. Бундан ҳам маълум бўладики, аёллар намози билан эркаклар намози ўртасида фарқ бор.
عَنْ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ، قَالَتْ : سَمِعْتُ رَسُولَ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم يَقُولُ: خَيْرُ صُفُوفِ الرِّجَالِ أَوَّلُهَا، وَشَرُّهَا آخِرُهَا، وَخَيْرُ صُفُوفِ النِّسَاءِ آخِرُهَا وَشَرُّهَا أَوَّلُهَا
6. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эркакларнинг сафларининг яхшиси аввалгисидир ва ёмони охиргисидир. Аёлларнинг сафларининг яхшиси охиргиси ва ёмони аввалгисидир", дедилар".
Абу Довуд ва Муслим ривояти.
Бундан маълум бўладики, агар аёллар жамоатда эркаклар билан бирга ўқишса, аёлларнинг сафларининг охиргиси афзал экан. Эркакларнинг сафларини эса аввалгиси афзалдир. Бундан аёллар билан эркакларнинг намози орасида фарқ борлиги ошкора кўриниб турибди.
وَعَنْ جَابِرٍ - رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ - قَالَ : قال رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم : التَّسبِيحُ لِلرِّجالِ ، والتَّصفِيقُ لِلنِّساءِ
7. Абу Ҳурайра ва Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тасбиҳ эркаклар учун, тасфиқ (қўлини орқасини кафтига уриш) аёллар учундир", дедилар".
Имоми Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Абдурроззақ ривояти.
Бу ҳадисдан агар имом хато қилса ёки эсдан чиқариб эслатишга зарурат туғилса ёки кимдир дарвоза олдида туриб чақираверса, намозга машғул эканлигини билдириш учун эркаклар “субҳоналлоҳ” дейиши, аёллар эса, қарсак чалиши суннат эканлиги маълум бўлмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари эркак ва аёлнинг намозида фарқ борлигини айтсалар-у, кимлардир бундан кўз юмса.........!!!.
عَنْ عَائِشَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "لاَ خَيْرَ فِى جَمَاعَةِ النِّسَاءِ إِلاَّ فِى مَسْجِدٍ أَوْ جِنَازَةٍ قَتِيل
8. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Масжид ёки жаноза (намози)дан ташқарида аёлларнинг жамоат бўлишларида яхшилик йўқдир", дедилар".