Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:
لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآْخِرِ أَنْ تَحُدَّ عَلَى مَيِّتٍ فَوْقَ ثَلاَثٍ ، إِلاَّ عَلَى زَوْجٍ : أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا أخرجه البخاري
“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун маййитга уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол бўлмайди. Лекин эрга тўрт ой ўн кун”.
Бухорий ривоят қилган.
Уч кундан ортиғи макруҳ саналади. Аммо мусибат етганлардан кимдир ёки таъзия билдирувчи ўша кунлари бўлмасдан, кейин етиб келса, унга уч кундан кейин таъзия билдириш макруҳ эмас.
Эри вафот этган аёлнинг аза муддати эса Қуръони каримда тўрт ой ўн кун деб белгиланган.
وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا فَإِذَا بَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ فِيمَا فَعَلْنَ فِي أَنفُسِهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар. Муддатлари етганда, ўзлари ҳақида маъруф ила қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир»(Бақара сураси, 234-оят).
Бу вақт ичида аёл ясанмайди, хушбўй нарсалардан фойдаланмайди, пардоз қилмайди,«идда»си ичида бошқага турмушга чиқмайди ва бунга ҳаракат ҳам қилмайди. Унинг кийимининг ранги қандай бўлишининг аҳамияти йўқ, фақат оддий, камтарона бўлиши тавсия этилади.