Бедарак бўлиб кетган мусофирнинг аёли


Бир аёлнинг эри сафарга кетиб, бедарак бўлиб, на ўлгани, на тириклиги маълум бўлмаса, Ҳанафий мазҳабига биноан, бир ривоятда эрининг тенгдошлари вафот этиб кетгунигача, баъзи ривоятларда тўқсон, баъзиларнинг наздида эса етмиш йилгача кутишига фатво берилган.
Аммо аёлнинг ёлғиз ҳолатда иффатини сақлаши, зинога юриб кетмаслигининг тадбирини қилиб, нону нафақасини топишда қийналишини эътиборга олиб, никоҳни бекор қилишга ҳаққи бор. Лекин бунинг учун бир неча шартлар мавжуд:
1. Аёл киши муфтий ёки қозининг олдида бир неча вақтдан буён эрининг дараги йўқлиги ҳақида арз қилади. Бу даъвосига иккита гувоҳни келтиради;
2. Қози аёлнинг ҳолатини инобатга олиб, унинг эри тўғрисида суриштирув ишларини олиб боради. Агар ҳеч қандай хабар бўлмаса, аёлнинг яна тўрт йил сабр қилиб, кутиши ҳақида ҳукм чиқаради. Агар шу муддат ўтганидан кейин ҳам эридан хабар бўлмаса, қози никоҳни бекор қилиб, у аёлни ражъий талоқ иддасида ўтиришга ҳукм чиқаради. Идда муддати ўтганидан сўнг бу аёл бошқа одамга никоҳланиши мумкин бўлади.
Албатта, бу кутиш аёлга эрининг уйидагилари томонидан бирор нафақа ёки ёрдам бўлиб турган ҳолатлардагина бўлади. Аммо эр ёки қариндош-уруғлари томонидан таъминотнинг иложи бўлмаса ёки эрининг йўқлигида аёлнинг соғлиғига хатар бўлса ёки аёлнинг зинога қўл уриши хавфи кучли бўлса, қози муддатни бир йилга қисқартириши мумкин (ал-Ҳийлатун ножиза).
Бир киши ўзининг ватанидан кўчиб кетса ва қаерда юргани аниқ бўлса ва у ватанига келмаса, хотинини ҳам олиб кетмаса, нафақасини ҳам адо қилмаса, шу туфайли аёли танг аҳволга тушиб қолса, бутун имомларнинг иттифоқига биноан, эрни хулуъ қилишга чақирилади. Агар эр ҳулуъ қилишга рози бўлмаса, у аёл сабр қилиб, иффатини сақлаб ҳаёт кечиришга қодир бўлса, шундай яшагани афзал. Мабодо қодир бўлмаса, қаттиқ мажбурлиги туфайли Моликий мазҳабига мувофиқ, никоҳини бекор қилдиришига ихтиёр берилади. Бунинг сурати шундай:
Бу аёл қозининг олдига шикоят арзи билан келади. Аввало у аёл ўша кишининг никоҳида эканини исбот қилади. Сўнгра эрлик ҳаққини, яъни таоми ва нафақасини адо қилмаётганлигига гувоҳлар келтириб, қасам ичади. Шунда қози ўша кишига хат орқали келиб, эрлик ҳақларини адо этишини ёки ўша ерда туриб, талоқ беришини талаб қилади, агар буларга рози бўлмаса, қозият (қозилар маҳкамаси) томонидан никоҳлари бекор қилинишини эълон қилади. Шунда ҳам эр ушбу шартларни қабул қилмаса, хотиннинг яна бир ой кутиши ҳақида ҳукм чиқарилади. Агар бир ойдан кейин ҳам эрдан бирор жавоб бўлмаса, қозият томонидан улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинади. Бунда хотин томонидан никоҳни бекор қилиш даъвоси бўлиши шарт.
Агар мутлақо бедарак бўлиб кетган шахс никоҳ бекор қилинганидан кейин хотинининг олдига қайтиб келса, агар хотин иддада ўтирган бўлса, никоҳига қайтариб олиши мумкин. Агар иддаси тугаганидан кейин келса, бу ҳолатнинг бир оз тафсилоти бор.
Агар эр аёлнинг даъвоси нотўғри эканини исбот қилса, яъни унга олдиндан катта миқдорда нафақа ташлаб кетганлигини ёки у ердан жўнатиб турганлигини исбот қилса, хотин ўзининг никоҳида қолади, агар у аёл бошқа эрга тегиб, ундан фарзанд кўрган бўлса ҳам. Аввалги эрнинг никоҳи боқий саналиб, у аёлнинг иккинчи никоҳи бекор, деб ҳукм қилинади. Бу ҳолатда аввалги эр никоҳини янгидан ўқитиши, маҳр белгиланиши зарур эмас. Албатта, аёл иккинчи эри билан хилвати саҳиҳа (аҳди никоҳдан кейин эр-хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеликлар бўлмаслиги кўзда тутилади) қилган бўлса, иддада ўтириши вожиб бўлади.
Агар эр хотиннинг даъвоси бекорлигини исбот қила олмаса, у аёлнинг қози буюруғига кўра аввалги эридан идда ўтиргандан кейин иккинчи эрга қилинган никоҳи дуруст бўлади.


8 йил аввал 9887 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бир одам икки жойда яшаса
Бири ватани аслий бўлиб, яна бири ижарага олинган бўлса ёки иккаласи ҳам ижарага олинган бўлса ва орасидаги масофа шаръий масофани ташкил қилса, гоҳ у жойда, гоҳ бошқасида турса, гарчи ижарага олинган жойларида аёли давоми...
1 ўн йил аввал 5323 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимо сафар қилувчининг ҳукми
Умрининг кўп вақтини сафарда ўтказадиган, яъни сайёҳлар ҳукми уч хил кўринишда бўлади:1. Шаръий масофани қасд қилиб чиқиб, бирор жойда ўн беш кун туришни ният қилмаса, ҳамма вақт мусофир бўлади.2. Шаръий давоми...
1 ўн йил аввал 5044 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шаръий мусофирга айланиш учун уч шарти
Кишининг шаръий мусофирга айланиши учун уч нарса топилиши шарт:1) Боришни қасд қилган манзили энг ками сафар масофасича бўлсин;2)Сафарга чиқишида энг ками шу масофани қасд қилиши. Агар шу давоми...
8 йил аввал 6765 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сафар масофаси
  خَرَجَ مِنْ عِمَارَةِ مَوْضِعِ إقَامَتِهِ قَاصِدًا مَسِيرَةَ ثَلاثَةِ أيَّامٍ وَلَيَالِيهَا «Бир киши шаръий мусофир бўлиши учун пиёда ўртача юришда уч давоми...
8 йил аввал 7369 fiqh.uz