Исломда бошқа диндаги аёлларга уйланиш


Инсониятни йўқдан халқ қилиб, унга ижтимоий ҳаётида қандай яшаш кераклигини таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
Уммати учун ҳар лаҳзада мушфиқ ва меҳрибон бўлган, уларга ҳаётнинг барча жабҳасида, хусусан шахсий ҳаётларида ҳам ўрнак ва муқтадо бўлган зоти шариф Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг раҳмати, фаришталар ва мўминларнинг мағфират сўраб дуо қилган илтижоларининг ижобати бўлсин!
Ислом динида оила, деб аталмиш тушунчага жуда катта аҳамият қаратилган. Ислом шариъатида бахтли оилани мустаҳкам қўрғон каби қад кўтариши таълимотини Муҳаммад алайҳиссалом намуналари сифатида мусулмонларга кўрсатиб берилган.
Аллоҳ таоло инсониятни жуфт қилиб яратган, уларни жуфт бўлиб яшашга тарғиб қилган ва бундай ҳаёт кечириш йўл йўриқларини эса Ўз каломи ва ҳабиби Муҳаммад алайҳиссалом ҳадислари орқали етказган.
Аллоҳ таолонинг наздида инсониятнинг барчаси халқ қилиб яратилишда   бир хил бўлсаларда, лекин Яратганнинг амри фармонини амалга ошириш борасида турли – туманлиги билан бир бирларидан фарқланади.
Аллоҳ таоло инсониятни якка Ўзига ибодат қилишга буюриш билан бирга, уларни ҳоли ҳаётда ҳам тинч тотув ҳаёт кечиришга буюрган. Инсониятнинг ҳаёти турли даврларга бўлиниши ҳаммага маълум.
Инсоният бу ҳоли ҳаётда турмуш ўртоғини қандай танлаши ўз ихтиёрига боғлиқ. Лекин ислом дини бу борада ҳам инсониятга   етарли тавсиялар берган. Бу ҳақда охир замон пайғамбари саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадиси шарифларида; “Аёлга тўрт нарсаси; чиройи, обрў -  эътибори, насаби ва дини - диёнати учун никоҳланади, диндорини тутгин, (барака топасан)!”, деган маънодаги сўзни айтганлар.
Демак, оила қурмоқчи бўлган киши турмуш ўртоғининг чиройи, обрў -  эътибори ва  насл - насабига кўпроқ аҳамият берибгина қолмасдан, балки авволо унинг диёнатли бўлишига аҳамият қаратиши керак бўлар экан. Чунки кишининг чиройи, обрў -  эътибори ва  насл – насаби , унинг дини – диёнатли бўлишидан устун бўла олмас экан. Кишининг жуфти қанчалик чиройли, обрў -  эътиборли ва  насл – насабли бўлмасин, иймонли ва исломли бўлмаса ундай аёлга уйланиш ва бу каби эркак билан турмуш қуриш ислом динида тавсия қилинмаган.
Аллоҳ таоло оила қурмоқчи бўлган кишилар бир - бирларига тенг бўлишлари ҳақида келтирган оятлардан бирида қуйидагича марҳамат қилган.

وَلاَ تَنكِحُواْ الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ وَلاَ تُنكِحُواْ الْمُشِرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُواْ وَلَعَبْدٌ مُّؤْمِنٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ 

«Мушрикаларни иймонга келмагунларича никоҳлаб олманг. Албатта, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизга ёқса ҳам, яхшидир. Мушрикларга иймонга келмагунларича никоҳламанг. Мўмин қул мушрикдан, гарчи у сизга ёқса ҳам, яхшидир», деган (Бақара, 221).
Шарҳ: Шунга биноан, бошқа диндаги аёлларга уйланиб бўлмайди. Фақат у аёллар иймонга келиб, мусулмон бўлсаларгина уларга уйланиш мумкин. Фақат аҳли китоб, масиҳий ва яҳудий аёлларга  уйланиш  мумкин.  Бунга  Аллоҳ  таоло Қуръони Каримда изн берган:
«Сизлардан олдин китоб берилганлардан бўлган афифа аёллар... (ҳалолдир)», деган.
Муслималар эса, умуман, бошқа диндаги эркаклар билан турмуш қуришлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркаклар масиҳий ва яҳудий динида бўлсалар ҳам мумкин эмас. Бу улкан гуноҳ бўлади. Агар ўша эркак мусулмон бўлсагина у билан турмуш қуриш мумкин, холос.
Шунингдек, Абдурраҳмон Наждийнинг “Ҳошиятур - равз” асарининг 11/273 – бетида; “Мусулмон киши агар қул бўлса ҳам самовий динга эътиқод қилмайдиган аёлга уйлана олмайди”, дейилган. Бунга Бақара сурасининг 221 – ояти: “иймон келтирмагунча мушрика аёлларга уйланманг”, далилдир.
Ушбу оят тафсири ҳақида Имом Вазир шундай дейди; барча уламолар мусулмон киши мажусия, буддавия ва бошқа ҳар қандай ҳур ва чўри бўлган самовий китоби йўқ мушрика аёлларга уйланиши жоиз эмаслигига иттифоқ қилишган. Бу ҳақда Имом Ибн Рушд ҳам мусулмонлар иттифоқини ривоят қилган.
Юқорида ўтган оятнинг мазмунига кўра, буддавийлик динига мансуб мушрика аёлларга токи иймонга келмагунларича уйланилмайди, мўмина чўри аёл, қайдаражада чиройли бўлсада мушрика аёлдан афзал эканлиги билдирилмоқда.
Никоҳи вақтинчалик ҳаром қилинган аёллар:
Бу ҳолда эр киши учун маълум бир аёлга уйланиш маълум бир сабабга биноан, вақтинчалик ҳаром бўлади. Агар ўша сабаб йўқ бўлса, у аёлга уйланса бўлаверади.

Самовий динга эътиқод қилмайдиган аёл

Бу мусулмон киши учун муслима, масиҳия ва яҳудия аёлдан бошқа аёлга уйланиб бўлмаслигини билдиради. Самовий дин деганда, Ислом, масиҳий ва яҳудий динлари тушунилади. Булардан бошқа ҳар қандай динга эътиқод қилувчи ёки умуман, динсиз, эътиқодсиз хотинга уйланиб бўлмайди.
Шунингдек, Исломдан юз ўгирган, муртад аёлга ҳам уйланиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мусулмонларга мушрика аёлларга то улар иймонга келмагунларича уйланмасликга қаттиқ тайинлаган.
Албатта, бу ҳукм ҳам беҳикмат эмас. Мушрика аёл мусулмон кишига хотин бўлиши жуда ҳам қийин. Чунки ақидадаги ихтилоф катта ихтилофдир. Хотин киши доимо эрига таъсир ўтказиб туради. Бу эса мусулмон киши учун ўта хавфлидир. Самовий китоби йўқ, турли бидъат - хурофотларга эътиқод қиладиган, Аллоҳ ва Пайғамбар, қиёмат, савоб ёки гуноҳ каби тушунчалардан йироқ аёл билан бир ёстиққа бош қўйиш турли - туман муаммоларни келтириб чиқаради. Болалар масаласида ҳам мушкулотлар келиб чиқади. Бундай никоҳ туфайли эру - хотин орасида бирдамлик, хотиржамлик ва ўзаро ёрдам юзага чиқиши қийин. Эътиқоддаги йироқлик доимо ўзини кўрсатиб туради. Икки томон доимо бир - биридан чўчиб, ўзи ёқтирмаган ҳолни кутиб туради. Аллоҳга, Пайғамбарга, қиёматга, ҳисоб - китобга ва шу каби нарсаларга иймони йўқ ёки нотўғри эътиқоддаги аёлдан яхшилик кутиб бўлмайди. У ҳар лаҳзада хиёнат қилиши мумкин.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мушриклар билан никоҳ алоқаси ўрнатмаслик ҳақидаги амрини билдирган оятдан кейинги оятда «Ана ўшалар дўзахга чақирурлар», деган.
Демак, мушрикага никоҳланиш билан мусулмон эркак дўзахга бўлган даъватга яқинлашган бўлади. Шунинг учун мусулмонман, деган одам бу ишни хаёлига ҳам келтирмаслиги керак.
Аллоҳ таоло мусулмонларга ғайридин аёллардан фақат масиҳий ва яҳудий динига эътиқод қиладиганларига уйланишга рухсат берган, холос.
Аллоҳ таоло: «Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Мўминаларнинг афифалари ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афифалар ҳам», деган.
Шу ҳукмга биноан, баъзи саҳобаи киромлар ҳам аҳли китоб – масиҳий ва яҳудий аёлларга уйланганлар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Ноила бинти Фироза ал - Калбия исмли масиҳий аёлга уйланганлар. У аёл кейин Ҳазрати Усмон билан яшаб туриб мусулмон бўлган. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳам мадоинлик яҳудий аёлга уйланганлар.
Чунки масиҳий ва яҳудий динидаги аёллар ҳам Аллоҳга, илоҳий китобга, Пайғамбарларга, қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга, ҳисоб - китобга ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга иймони бор бўлади. Бу маънолар уни бошқалардан кўра Исломга яқинлаштиради. Шунинг учун мусулмон эри билан яхшиликда яшаши мумкинлиги умид қилинади.
Шу билан бирга, барча мазҳаблар бўйича ҳам бундоқ никоҳ макруҳ ҳисобланади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўз даврларида аҳли китоб аёлларга уйланган кишиларга уларни талоқ қилишни амр қилганлар. Кишилар нима, уларга уйланиш ҳаромми, деб сўрашганида «Йўқ, лекин мен улардан бузуқларига кўнгил бериб кетишингиздан қўрқдим», деганлар.

Муслима аёл ғайридин билан турмуш қуриши мумкин эмас!

Муслима аёл фақат мусулмон эркак билангина турмуш қуриши мумкин. Ғайридин эркакка эрга тегиш муслима аёлга қаттиқ ман қилинган. Бу борада эркак аҳли китоб бўлса ҳам бўлмайди. Мусулмон эркак масиҳия ёки яҳудия аёлга уйланса бўлади. Аммо муслима аёл масиҳий ёки яҳудий эркакка турмушга чиқиши мумкин эмас. Нима учун, деган савол пайдо бўлиши турган гап. Жавоб қуйидагича:
Ислом ўзидан олдинги динларни тан олади. Жумладан, масиҳий ва яҳудий динларини ҳам тан олади. Масиҳий ва яҳудий динлари эса, Ислом динини тан олмайдилар.
Шу асосда масиҳий ёки яҳудий аёлга уйланган мусулмон эркак ўз хотинининг динини тан олади ва ҳурмат қилади. Шунингдек, унинг илоҳий китоби – Инжил ёки Тавротни, Пайғамбари Ийсо алайҳиссалом ёки Мусо алайҳиссаломни ҳам тан олади ва ҳурмат қилади.
Масиҳий ёки яҳудий эркак эса, Ислом динини ҳам, Қуръони Каримни ҳам тан олмайди, ҳурмат ҳам қилмайди, балки ҳақорат қилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам тан олмайди, ҳурмат қилмайди. Аксинча, ҳақорат қилади. Бундай ҳолда муслима аёл у билан қандоқ қилиб турмуш қила олади?
Қолаверса, Ислом масиҳий ва яҳудий аёлга мусулмон эркак билан яшаш давомида унинг барча ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, дини, эрки, моли ва бошқа нарсаларнинг дахлсизлигини таминловчи очиқ - ойдин қонун - қоидаларни жорий қилиб қўйган.
Масиҳий ва яҳудий динларида эса, бу нарсалар ҳақида умуман бир оғиз ҳам сўз йўқ. Бундай ҳолда муслима аёлни қандоқ қилиб масиҳий ёки яҳудий эркак қўлига топшириб бўлади?
Ушбу масалага қўшимча равишда айтилиши керак бўлган гаплар ҳам бор:
– Агар ғайридин аёлнинг ота - онасидан бири аҳли китобдан, иккинчиси аҳли ширк ёки динсизлардан бўлса ҳам у аёлга уйланиб бўлмайди.
-    Шунингдек,  фақат қизнинг ўзи самовий динга эътиқод қилиб, унинг ота онаси ёки улардан бири аҳли китоб бўлмаса, ундай қизга уйланиш мумкин эмас.
Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг юқоридаги оятидаги уйланишга рухсат берилган, мушрикалар қаторига кирмайдиган, китоб аҳлидан бўлган афифа аёлларга хоссатан Таврот ва Инжилга ишонувчи яҳудия, насрония, сомирия ва шулар жумласига кирувчи франсуз ҳамда арманларга ўхшаш барча китобий аёллар киради. Аммо булардан ташқари олдин ўтган пайғамбарлар мисол учун Иброҳим, а.с,  Шис а.с саҳифалари ва Довуд а.с. забурига ишонувчи аёллар  ҳам аҳли китоб сирасига кирмайди. Буларга уйланиш ва улар сўйган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин эмас. Мажусийлар, Дурузлар, Нусайрийлар ҳам шулар жумласидандир.
Араб яҳудийлари ва насронийларидан бўлган Бани Тағлуб ва шулар сирасига кирувчи аҳли китобга мансуб қабила аёллари ҳалол, дейилган бўлсада, фуруъ ва бошқа китобларда уларга уйланмаслик ва зарурат бўлмаганда уларнинг сўйганларини емаслик авло эканлиги  зикр қилинган. Қозий ва Шайхулислом бу каби ишларни макруҳ дейишган. Аксар олимларнинг  наздида озод мусулмон аёллар бўла туриб ва мусулмон қассоблар етарли бўлган бир даврда аҳли китоб аёлларга уйланиш ҳамда аҳли китоб қассобларни ишлатиш ҳаром бўлмаса ҳам макруҳ, дейишган.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мусулмон эр ёки аёл турмуш қурмоқчи бўлишса, фақат мусулима аёл ёки мусулмон эр билан оила қуришлари лозим. Аҳли китоб – масиҳий ёки яҳудий эркаклар ўзининг динидаги аёлларга уйланишлари, масиҳий ёки яҳудий аёллар эса, мусулмон эркакларга ҳам турмушга чиқишлари мумкин. Мусулмон аёллар ҳаргиз масиҳий, яҳудий ва бошқа дин вакилларига турмушга чиқишлари мумкин эмас. Агар ўша бошқа дин вакиллари муслима аёлларни алдаб, ислом динини фақат оғзаки бир ришта сифатида қабул қилиб, никоҳ қилингандан кейин яна ўзларининг олдинги динларига ёки ақидаларига қайтадиган бўлсалар, улар орасида қилинган никоҳ бузилади ва улар ажрашишлари шаръан  шарт бўлиб қолади.
Бугунги кунда аксарият халқи мусулмон бўлган айрим юртларда истиқомат қилаётган, ўзларининг ислом динини тўла билмайдиган аёллар мусулмон бўлмаган бошқа юртларга иш баҳонасида бориб, у ердаги бошқа дин вакилларидан бўлган эркакларга дунё илинжида турмушга чиқиб кетаётганлари аянчли бир ҳолдир. Шунингдек, мусулмончиликни даъво қилаётган айрим эр кишиларда аҳли китоб ҳам бўлмаган бошқа миллат вакилаларига уйланиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу каби аянчли ҳолатлар нафақат динини балки, келажак авлод тарбиясини ўйлайдиган ҳар бир кишини ташвишга солиши турган гап.


8 йил аввал 25600 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қиз овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган ишорани қилса
Савол: Одатда бизнинг диёрларда никоҳни имом домлалар ўқишади. Агар домла келин бўлмишга: «Бағишладингизми?» деса, қиз эса: «Бағишладим», дейиш ўрнига  овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган давоми...
8 йил аввал 9707 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Никоҳ фазилати, унинг рукн ва шартлари
Никоҳ луғатда “Қўшилиш”, “Яқинлик” маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ, “Эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир”. Ушбу таърифдаги “Никоҳида давоми...
8 йил аввал 85053 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-xотиндан бирининг муртад бўлиши
 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَجُلًا جَاءَ مُسْلِمًا عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ давоми...
8 йил аввал 11381 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Вақтинчалик никоҳ ҳақида