Насия савдосида ҳам савдо тугал бўлади ва харидор зиммасига баҳо қарз бўлади. Шунинг учун сотувчи харидордан қарзни кафолатлашини сўраши ёки муайян вақтда қарзни адо қилишига бирор кафил бўладиган одамни ёки кафолат талаб қилиши жоиздир. Қарзни адо қилишга талаб қилинадиган кафолат икки хил бўлади:
1. Бирор нарсани гаровга қўйиш;
2. Учинчи шахсни кафил бўлиши.
Биринчи сувратда харидор мулкидаги бирор нарсани сотувчига гаров сифатида қўяди. Сотувчи эса, уни кафолат тарзида ўзида сақлайди. Лекин сотувчига гаровга олган нарсасидан фойдаланиши умуман дуруст эмас. Чунки, гаровга қўйилган нарсадан фойдаланиш ҳам судхўрликнинг бир суврати ҳисобланади. Бирор нарсани гаров сифатида қўйишдан мақсад, қарздор белгиланган муддатгача қарзини адо қилишга масъулият билан ёндошиши ва ҳаракат қилишидир. Агар белгиланган муддатгача қарздор қарзини адо қила олмаса, сотувчи гаровга қўйилган нарсани сотиб, харидорнинг қарзини сотилган гаровнинг пулидан чиқариб олади. Лекин, насия савдо вақтида келишилган маблағдан ортиғини сотилган гаров пулидан олиш мумкин эмас. Шунинг учун сотилган гаров пули билан қарз ёпилиб, ундан ортиб қолган маблағ қарздорга қайтарилади.
Харидор ўз мулкидаги нарсаларни гаровга қўйиши жоиз бўлгани каби, кўчмас мулк ёки қиммат баҳо нарсаларнинг ҳужжатларини ҳам кафолатга қўйиши дурустдир.
Давоми бор....