Савол: Мен бир дўстимга қарз берган эдим, яқинда маълум бўлиб қолдики, дўстим ўша маблағни нопок ишларга сарфлаётган экан. Унинг гуноҳларига мен ҳам шерик бўлиб қолмадимми? Умуман, қарз бераётганда унинг нимага ишлатилишини сўраш керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Албатта бу ҳолат жуда ачинарли. Бир иймон-эътиқодли киши шариатда кўрсатилган ишга амал қилай деб, беғараз ҳолда дўстига қарз берса, у пулни нопок ишларга сарфласа!
Ваҳоланки, қарз олган одамнинг қарздор бўлиш даражасига тушиб қолгани унинг кўзини очиши ва Аллоҳдан қўрқиши ҳамда Аллоҳдан ҳаётига барака киришини сўраши лозим эди. Лекин бу одам бир тақводор одамнинг пулини олиб, яна гуноҳ ишга сарфлашининг ўзи катта бир мусийбат. Бу иши омонатга катта хиёнат ҳисобланади.
Қарз берган одам қарз олувчининг берилган маб¬лағни нимага ишлатишини билмасдан берган бўлса, албатта, қарз бергани учун гуноҳкор бўлмайди. Бас, шундай экан, қарз бераётганда қарзни нимага ишлатишини сўраб, «Агар шундай гуноҳ ишларга ишлатадиган бўлсангиз, мен бера олмайман», деб айтиш мумкин бўлади. Модомики, қарз олувчилар хиёнат қилар эканми, қарз берувчи ҳам ўзининг пули Аллоҳ таолога исён, осийлик бўладиган ишларга сарфланишининг олдини олса, яхши бўлади. Валлоҳу аълам.