Баъзан бир шаҳар ёки қишлоқ катта йўлнинг ёки анҳорнинг бир бетида, бошқа шаҳар ёки қишлоқ эса нириги бетида жойлашган бўлади.
Қайси бир киши сафарга чиқмоқчи бўлса, ўзининг шаҳар ёки қишлоғидан ташқарига чиқса, гарчи йўлнинг нариги бетидаги шаҳар ёки қишлоқ тугамаган бўлса ҳам, мусофирга айланади.
يُعْتَبَرُ مِنَ الْجَانِبِ الَّذِى خَرَجَ مِنْه وَلايُعْتَبَرُ مُجَاوَزَةُ مَحَلَّةٍ بِحِذَاءِهِ مِنَ الْجَانِبِ الآخَرِ
«Мусофир чиққан томондан сафар эътиборга олинади. Сафар қилгувчининг қишлоғи ёки шаҳари муқобилида жойлашган қишлоқ ёки шаҳардан чиқиб кетиши эътиборга олинмайди» (Раддул ал-Мухтор)
Баъзи кишилар қайсидир бир шаҳарнинг атрофларида жойлашган қишлоқларда яшайдилар. Одатда улардан «Қаерликсиз?» деб сўралса, ўзларига энг яқин бўлган шаҳарнинг номини айтадилар. Мисол учун, Қўқон шаҳрининг бирорта қишлоғида истиқомат қилувчи киши «Қўқонликман», деб, Марғилон шаҳрининг бирорта қишлоғида яшовчи одам «Марғилонликман», деб, Тошкент шаҳрининг атрофидаги қишлоқларда истиқомат қиладиганлар эса «Тошкентликман», деб жавоб берадилар. Агар бундай одам бирор жойга сафар қилса ва сафардан қайтса, кетишда масофани ўша шаҳардан эмас, балки ўз қишлоғидан, қайтишда ҳам шаҳаргача эмас, ўз қишлоғигача ҳисоблайди. Агар ўз қишл.оғига кириб келмасдан аввал ўша шаҳарлардан бирига етиб келиб, намоз ўқимоқчи бўлса, қаср қилиб ўқийди.