Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Устоз, бизнинг ўлкаларда намозда дўппи кийиш кузатилади. Шу нарса суннатда борми? (Саҳиҳ ҳадисларда келганми?), мен тўғрисини айтсам, бирор-бир далил-ҳужжат топа олмадим ва сиздан сўрашга журъат қилдим.
Иккинчи масала шунга ўхшаш. Бу «салла» ҳақида. Бизнинг масжидда фитна чиқишига сал қолди. Имом бир-икки марта салла киймагани учун одамлар таажжубланиб, ғала-ғовур кўтариб ташлашди, лекин «салла кийиб намоз ўқиш керак» деган даъволарига ҳеч бўлмаганда заиф ҳадис келтиришмади. Шу боис, сиздан сўрамоқчиманки, салла кийиб намоз ўқиш суннатда борми ёки бу урф-одатми? Жазакаллоҳу хайрон.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Набий алайҳиссалом, саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган барча улуғлар бош кийим билан намоз ўқиганлар. Бундан бошқа яна қандай ҳужжат керак?! Ҳужжат уни топишни биладиганларга ва ихлос қилганларга топилади. Бош кийимсиз намоз ўқиш, бош кийими киймайдиганларга аралашилгандан кейин, яқинда пайдо бўлди.
Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда турганларини кўрдим. Бошларида қора салла, унинг пешини кифтлари орасига тушириб олган эдилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам салла ўраб, унинг бир учини орқаларига ташлаб юришлари баён қилинмоқда.
Салланинг қора рангда бўлиши эса шарт эмас. Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳу кўрганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иттифоқо шундоқ рангда салла ўраган эканлар. Бошқа ранглар ҳам бўлади. Оқ ранг афзал эканлиги ҳақида ривоятлар бор.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон салла ўрасалар, пешини кифтлари орасидан тушириб олар эдилар. Нофеъ айтадики:
«Ибн Умар ҳам салласининг пешини кифтлари орасига тушириб юрар эди».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадис ҳам олдингисини тасдиқлайди ҳамда умматнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ишда ҳам иқтидо қилиши кераклигини таъкидлайди.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Салла билан ўқилган икки ракъат намоз салласиз ўқилган етмиш ракъат намоздан яхшидир», – дедилар».
Дайламий ривоят қилган.
Сиз топа олмаган заиф ҳадис ушбудир. Валлоҳу аълам.